Арбаъин

Арбаъин (41)

Имом Нававийнинг "Арбаъин" Қирқ ҳадисларига

доктор Мустафо ал-Буғо ва шайх Муҳиддин Мистулар томонидан ёзилган шарҳи.

ЙИГИРМА ОЛТИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:50

ЙИГИРМА ОЛТИНЧИ ҲАДИС
Ислоҳ ва адолат

26 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "كُلُّ سُلامَى مِنَ النَّاسِ عَلَيْهِ صَدَقَةٌ كُلَّ يَوْمٍ تَطْلُعُ فِيهِ الشَّمْسُ: تَعْدِلُ بَيْنَ اثْنَيْنِ صَدَقَةٌ وَتُعِينُ الرَّجُلَ فِي دَابَّتِهِ فَتَحْمِلُهُ عَلَيْهَا أَوْ تَرْفَعُ لَهُ مَتَاعَهُ صَدَقَةٌ، وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ، وَبِكُلِّ خَطْوَةٍ تَمْشِيهَا إِلَى الصَّلاةِ صَدَقَةٌ، وَتُمِيطُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ". (رواه البخاري ومسلم).

26. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Инсонлардаги жами аъзолар учун қуёш чиқадиган ҳар бир кунда садақа мавжуд: Икки киши ўртасида адолат қилишинг - садақа. Бировнинг уловга минишига ёрдам бериб, уни чиқариб қўйишинг ёки нарсасини олиб беришинг - садақа. Яхши сўз - садақа. Йўлдан азиятли нарсани олиб ташлашинг ҳам садақадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Мусулмонлар қалбини бир қилиш, улар ўртасида Ҳақ калимасини ўрнатиш, Ислом шон-шавкатини тиклаш ва мўминларни Аллоҳ душманлари устидан ғолиб қилиш ҳақ диннинг олий мақсадларидан саналади. Ушбу буюк мақсадлар фақат ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик билангина амалга ошиши мумкин. Юқоридаги ҳадиси шариф ҳам ўзининг ажойиб чақириғи билан айни мақсадлар сари чорлайди ва Аллоҳ таолонинг мана бу ояти билан уйғун жаранглайди: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва тажовузкорлик йўлида ҳамкорлик қилмангиз!”. (Моида сураси, 2-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ҳам шу маънога ҳамоҳангдир: ”Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрликда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танадаги бир аъзо оғриб қолса, қолган аъзолар бедорлик ва иситма билан унга жўр бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон уч юз олтмиш бўғиндан иборат қилиб яралган. Ҳар бир бўғинда садақа мавжуд”. (Муслим ривоятлари).

 Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Инсон суяклари ва бўғинларининг тузилишида улкан илоҳий қудрат намоёндир
Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал шакл-шамойилда яратди. Унинг аъзолари ва бўғинларини бағоят уйғун ва чиройли суратда бино этди.
Пок Парвардигор бандаларини ўз қалбларининг қоронғу бурчакларига назар солишга, суяклари, бўғинлари, қон айланиши ва ҳужайралари хусусида фикр юритишга буюрди. Токи улар ҳар нарсага қодир, Ҳакийм Яратгувчининг санъатини эътироф этсинлар. “Токи уларга Қуръоннинг ҳақ эканлиги аниқ маълум бўлгунга қадар албатта Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз”. (Фуссилат сураси, 53-оят). “Ўз вужудларингиздаги (оят-аломатларга) назар солмайсизларми?!” (Зориёт сураси, 21-оят).
Инсон жисмидаги бўғинлар батартиб ва кўркам суратда яратилгани, уларнинг турли вазифаларни бажара олиши бугун ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танадаги аъзо-бўғинларни алоҳида тилга олдилар. Аллоҳ таоло кофир кимсаларга уларни бўғинларидан айириб қўйишини айтиб таҳдид қилди: “Йўқ, Биз унинг бармоқларини баробар қилиб қўйишга қодирмиз”. (Қиёмат сураси, 4-оят).
Протез ясайдиган корхонада ишловчи бир ғарблик муҳандис кунларнинг бирида жажжи қизчаси кафтига тикилиб, ўйланиб қолди. У қаршисида турган илоҳий санъат намунаси билан энг замонавий услубда ясалган протезларни бир-бирига солиштириб кўрди. Албатта, ўртадаги фарқ жуда улкан эди ва айни ҳақиқат унинг иймонга келиб, ҳақ йўлни ихтиёр этишига сабаб бўлди . Аллоҳу акбар!

2. Соғлиқ-саломатлик учун шукр қилмоқ лозим
Суяклар, бўғинлар ва асаб толаларининг соғломлиги жуда катта неъматдир. Биз бунинг учун яратган Эгамизга беҳад шукроналар айтмоғимиз керак. “У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни ҳам) рост қилиб қўйган Зот-ку! У сени Ўзи қай суратни хоҳлаган бўлса, ўшандай таркиб топтирди”. (Инфитор сураси, 7-8-оятлар).
“Сўнгра ўша Кунда албатта неъматлар хусусида сўралурсизлар”. (Такосур сураси, 8-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Неъматлар” бу тана ҳамда қулоқ ва кўз саломатлигидир. Аллоҳ таоло бандалардан бу неъматларни нималарга ишлатганларини сўрайди. Бу нарса Аллоҳнинг: “Албатта қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур” - деган оятида айтилгандир”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оятдаги “неъматлар”ни омонлик ва сиҳат-саломатлик деб шарҳлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат кунида бандадан энг биринчи сўраладиган ва Аллоҳ таоло унга айтадиган сўз мана будир: “Биз сенинг жисмингни соғлом қилиб қўймадикми?! Сени совуқ сув билан қондирмадикми?!” (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо сиҳат-саломатликни инсон танасининг ўсиши деб таърифлаганлар.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: “Довуд аҳли-оиласи ҳикматида шундай сўзлар ёзиб қўйилган: Офият-саломатлик кўзга кўринмас мулкдир. Яъни, Қиёматда банда сўроққа тутиладиган неъматдир”.
Бу айтилганларга қарамасдан, кўпчилигимиз Аллоҳнинг бу улуғ неъматидан ғофилмиз. Сиҳат-саломатликнинг қадрига етмаймиз ва оқибат Парвардигорга шукроналар айтишда ҳам қосирлик қиламиз.

3. Шукрнинг турлари.
Аллоҳ таоло неъматларига шукр қилиш неъматларнинг ортиб бориши ва доимий бўлишига сабабчи бўлади.
“Эсланг, Парвардигорингиз эълон қилган эди: «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман”. (Иброҳим сураси, 8-оят).
Инсон нафақат тили билан, балки ўз амали билан ҳам Аллоҳга шукр қилмоғи лозим. Бандадан адо этиш талаб этилган шукр вожиб ва мустаҳаб турларига бўлинади.
• Вожиб (фарз) шукр.
Жами вожибларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан батамом ўзни тийиш вожиб-фарз саналади. Бу эса сиҳат-саломатлик ва бошқа неъматларга шукр қилиш ўрнига ҳам ўтади.
Абу Асвад Дайлийдан ривоят қилинади:
Биз Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу ҳузурларида эдик. У зот бундай дедилар: “Ҳар битта бўғин-аъзоингиз учун зиммангизда ҳар куни садақа мавжуд. Ҳар битта намозингиз - садақа, рўзангиз - садақа, қилган ҳажингиз - садақа, тасбеҳингиз - садақа, такбирингиз - садақа...” (Абу Довуд ривоятлари).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар буларни қилмаса, ёмонликдан тийилсин. Мана шу унинг учун садақа бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, ёмон амаллардан ўзни покиза сақлаш банданинг шукр қилувчилардан дея тан олинишга кифоя қилар экан. Албатта инсон бунинг учун фарзларни тўлиқ адо этиши ва ҳаромдан йироқ юриши шарт. Зеро, фарзларни бажармаслик энг катта ёмонликдир.
Салафлар айтадилар: “Шукр бу гуноҳларни тарк этишдир. Аллоҳнинг ҳеч бир неъматидан маъсият йўлида фойдаланмаслик шукр ҳисобланади”.

• Мустаҳаб шукр.
Аллоҳнинг фарзларини адо этган, ҳаром ишлардан ўзини покиза сақлаган мўмин нафл ибодатларни ҳам қилса, мустаҳаб шукрни адо этган бўлади. Бу Аллоҳга шукр қилишда солиҳ пешқадамлар етган даража бўлиб, жуда кўп ҳадисларда унга тарғиб этилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозларда жуда узоқ турганларидан оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалар бу ҳолни кўриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар:
- Нега бундай қиласиз? Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!
- Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?! - деб жавоб берардилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.

4. Ҳадисда зикр этилган садақа турлари ва уларнинг ҳукмлари.
Аллоҳ таолонинг вожиб ва мустаҳаб шукрни садақа деб аташи У Зотнинг бандаларига қилган зиёда фазлу карамидир. Пок Парвардигор бандаларнинг ушбу шукрларини уларнинг ўзи учун садақа қилиб берди:
- Аъзоларинг билан биродарларингга ёрдам бериб, аъзоларингдаги неъматим шукрини адо эт! Сен улар воситасида биродарларингга садақа инъом қилгин!
Садақа фақат мол-давлат доирасида чекланмайди. Талашиб-тортишиб қолганлар ўртасини ислоҳ қилмоқ, биродарига уловга чиқишида ёрдамлашмоқ каби садақалар нафи ўзгаларга ҳам тегади. Айримлари эса фақат кишининг ўзига тегишли бўлади. Масалан, намоз сари юрмоқ...
Ҳадиси шарифда қуйидаги садақалар санаб ўтилди:
• Бир-бири билан хусуматлашиб, ажрашиб кетган икки киши ўртасини ислоҳ қилмоқ
Ҳар иккала тараф ўртасини жоиз сулҳ (яъни ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилмасдан келиштириш) ва адолатли ҳукм билан ислоҳ этмоқ энг афзал ибодатлардан саналади. “Мўминлар ҳеч шубҳасиз оға-инидирлар. Бас, икки оға-инингиз ўртасини ўнглаб қўйинглар!” (Ҳужурот сураси, 10-оят); “Агар садақа беришга, бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан ҳеч қандай хайр-фойда йўқдир”. (Нисо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Сизларга намоз, рўза ва садақа даражасидан афзал бўлган нарса хабарини берайинми?”
- Ҳа! - дейишди асҳоблар.
- Ўртани ислоҳ қилиш! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Ўзаро келишмай қолган икки мўмин ўртасини ўнглаб қўймоқ уларнинг ҳар иккисига садақа қилмоқ кабидир. Чунки ҳар икки томон ислоҳ туфайли одатда келишмовчилик ортидан келиб чиқувчи турли бемаъни гап-сўз ва тубан амаллардан омон қолади. Шу боис, мусулмонлар ўртасини ўнглаш фарзи кифоя қилинди. Икки мўмин орасида дўстлик ришталарини улаш йўлида хатто ёлғон ишлатишга рухсат берилди.

• Бировга уловига чиқишда ёрдамлашмоқ.
Бир биродарингизни уловига чиқариб қўйишингиз, чиқишига ёрдамлашишингиз ёки унинг юкларини ортиб беришингиз сиз учун шукр ва садақадир. Бу ўзаро ёрдам-мурувват саналади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Биродарини (оёқ кийимининг) боғичи устига чиқариб қўйган киши бамисоли Аллоҳ йўлида уни уловига чиқариб қўйган кабидир”.

• Яхши сўз.
Акса уриб “алҳамду лиллаҳ” деган кишига “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк” деб жавоб айтиш, салом бериш, алик олиш ва зикрлар яхши сўз таркибига киради.
“Яхши сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Аллоҳ Ўз даргоҳига кўтарур”. (Фотир сураси, 10-оят).
Садақа қилишга имконингиз бўлмаса, сизга қўл чўзиб турган кишига илиқ жавоб қайтаринг. Бу ҳам яхши сўзлар сирасидандир.
“Яхши сўз ва кечириш кетидан озор келадиган садақадан яхшироқ”. (Бақара сураси, 263-оят). Одамлар билан чиройли муомала қилиш киши қалбига қувонч бағишлайди ва унинг ажри улуғдир.
Тавҳид калимаси ҳам албатта яхши сўз доирасига киради. “Аллоҳ яхши сўзга (яъни иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: У сўз худди бир асл дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан ҳар вақт мева берур”. (Иброҳим сураси, 24-оят).
Шунингдек, дуо-зикр, мусулмон кишини ўринли суратда мақтамоқ, ҳоким ҳузурида уни оқлаш, панд-насиҳат ва кишини хурсанд қилувчи, қалбларни бир-бирига ошно қилувчи барча хайрли воситалар яхши сўз ичига киради.

• Намоз сари қадам ташламоқ.
Масжидларни эътикоф, тавоф, дарс, мавъиза каби тоат-ибодатлар ва намоз билан мунаввар этмоқ учун жамоат намозида ҳозир бўлиш юқоридаги ҳадисда алоҳида таъкидланган ва унга тарғиб ҳам қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Масжидга эрталаб ёхуд кечқурун йўл олган киши ҳар гал эрта ёки кеч масжидга келганида Аллоҳ таоло унга бир мукофот ҳозирлаб қўяди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зулматли кечаларда масжидлар сари юрувчи кишиларга Қиёмат кунидаги мунаввар-комил нур хушхабарини беринг”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
• Юришга халал берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш
Йўлдан тош, тикан, чўп ва нажосат каби йўловчиларга халақит берадиган озорларни олиб ташлаш ажр-савобда ҳадис аввалида зикр этилган садақалардан (яхши сўз, масжидга юриш кабилар) қуйироқ турувчи садақадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Иймон етмиш учдан ортиқ шохобчадан иборатдир. Уларнинг олийси “Ла илаҳа иллаллоҳ!”, қуйи даражаси йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир”.
Баъзилар юришга халақит қилувчи нарсаларни йўлдан олиб ташлаётганда тавҳид калимаси (Ла илаҳа иллаллоҳ)ни айтмоқ суннатдир, дейишади. Яъни ўшанда сиз иймоннинг олий даражаси билан қуйи шохобчасини жамлаган бўласиз.
Агар ҳар биримиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига мувофиқ ҳаракат қилганимизда, дунёда Ислом диёрларидан-да покизароқ ва чиройлироқ юрт бўлмас эди. Кўчалар турли-туман ташландиқ нарсаларга тўлиб кетмасди.

5. Чошгоҳ намози аъзолар саломатлиги шукронасидир.
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ҳар бир аъзоингиз устида садақа бор: ҳар бир тасбеҳ - садақа, ҳар бир таҳмид - садақа, ҳар бир таҳлил - садақа, ҳар бир такбир - садақа, яхшиликка буюриш - садақа, ёмонликдан қайтариш - садақа. Чошгоҳ намозининг икки ракъати юқоридагилар ўрнига ўтади”. (Муслим ривоятлари).
Чошгоҳ намозининг энг ками икки ракъатдир. Ҳар икки ракъатдан сўнг салом бериш, яъни уни икки ракъат-икки ракъатдан ўқиш суннат ҳисобланади. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан тиккага етишига озгина етмай қолгунгачадир. Чошгоҳ намозига катта фазилат берилган. Чунки у бошқа бир нуқсонли амални тўлдириш учун эмас, Аллоҳ неъматлари шукронасини адо этиш учун хизмат қилади. Суннат намозлари эса фарзларда йўл қўйилган камчиликлар ўрнини тўлдиришга хизмат қилади. Инсон ҳар куни тонг отганидан кун ботгунга қадар шукр қилмоғи керак. Бандани кун аввалидан бошлаб сергак ва шукр қилувчига айлантирадиган ибодатларнинг энг афзали чошгоҳ намози бўлади. Ҳофиз Ироқий чошгоҳ намозидаги бундай мумтозликни Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган бир хусусият ва сир туфайли деб шарҳлаганлар.

6. Неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиш ҳам шукрдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимда-ким тонг пайти: “Парвардигоро! Менга ёки бошқа бирон махлуқингга насиб неъмат ёлғиз Сендандир. Сен шериксизсан. Сенга ҳамду шукроналар бўлсин!” деб айтса, ўша куннинг шукрини адо этган ҳисобланади. Кимда-ким кун ботгач, шу зикрни айтса, ўша тун шукрини адо этган бўлади”. (Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло бир неъматни бандасига инъом қилганида банда “алҳамду лиллаҳ” деб айтса, унинг берган нарсаси олганидан афзалроқ бўлади”. (Ибн Можа ривоятлари).
Айрим олимлар ушбу ҳадисга асосланиб ҳамдни неъматлардан устун қўйишган. Чунки неъматлардан мурод соғлик, ризқ-рўз каби дунёвий неъматлардир. Ҳамд эса диний неъматлар таркибига киради. Тўғри, ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таолонинг инояти. Лекин Аллоҳ таоло бир бандасини берилган неъматларга ҳамд айтиш орқали шукр қилишга йўлласа, бу бандага берилган дунёвий неъматлардан афзалдир. Аслида инсон неъматларга шукр қилмай қўйса, улар бало-мусибатга айланади. Агар Аллоҳ таоло бандасини илоҳий неъматлар учун ҳамд айтиш ва бошқа хайрли воситалар билан шукр қилишга муваффақ этса, шукр неъмати комилроқ ва тўкисроқ бўлади.

7. Барча садақалар холис Аллоҳ учун қилинмоғи шарт .
Барча яхши амаллар ва садақалар ажр-савобга лойиқ бўлиши учун аввало ният холис бўлмоғи, яъни ҳар бир хайрли иш фақат Аллоҳ таоло йўлида қилинмоғи шарт. “Агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ розилигини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз”. (Нисо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа қилиш, яхшиликка чақириш, бечораларга ёрдам бериш, озор-маъсиятлардан йироқ юриш каби хислатларни гапира туриб дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, кимда-ким Аллоҳ ҳузуридаги нарса - ажр-савоб умидида ушбу хислатларнинг қай бирига амал қилса, ўша хислат Қиёмат кунида ҳалиги банда жаннатга киргунга қадар унинг қўлидан тутиб туради. (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Ҳасан Басрий ва Ибн Сийрийнлардан ривоят қилинишича, киши яхши амали учун гарчи нияти бўлмаса ҳам, ажр олаверади.
Ҳасан Басрийдан сўрашди:
- Бир кишидан ёмон кўрадиган одами ҳожатини раво қилишни илтимос қилди. Ҳалиги киши уялганидан унга сўраган нарсасини берди. Киши мана шу амали учун ажр оладими?
- Бу эзгу ишлар таркибига киради. Эзгуликда эса албатта ажр бўлади! - деб жавоб бердилар улуғ тобеин. (Ҳамид ибн Занжавайҳ ривоятлари).
Ибн Сийрийндан сўрашди:
- Бир киши жаноза ортидан Аллоҳ ҳузуридаги ажру мукофотни ўйлаб эмас, балки марҳумнинг яқинларидан уялиб эргашади. Киши шу иши учун ажр оладими?
- У бир эмас, икки ажрга эга бўлади, - деб жавоб бердилар Ибн Сийрийн. - Биродарининг жаноза намозида қатнашгани учун биринчи, маҳалла-қавм билан алоқасини узмагани учун иккинчи ажрга эга бўлади. (Абу Нуайм ривоятлари).

8. Ҳадисдан садақа турларини санаб чиқиш кўзда тутилмаган. Чунки барча садақа турларини санаб чиқиб бўлмайди.
Бироқ, мана шу айтиб ўтилганларининг ўзи қолган садақа турларига ишора қилиш учун кифоя қилади. Қуйидаги ҳадис ҳамма садақа турларини умумлаштиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бутун махлуқот Аллоҳ таоло қарамоғида. Аллоҳ учун энг суюкли банда Унинг қарамоғидагиларга мунисроқ-меҳрибонроқ бўлган кишидир”.

9. Аллоҳ таоло инсоннинг аъзоларини соғлом ва комил этиб, унга ҳидоят кўрсатди.
Шу боис, банда ҳар куни ҳар бир аъзоси учун Парвардигорига шукроналар айтмоғи лозим. Яхшилик қилмоқ, эҳсон-садақа тарқатмоқ, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзмоқ, чиройли муомала, меҳр-мурувват, озор-азиятни даф этмоқ, инсониятга ва умуман бутун мавжудотга яхшиликни раво кўриш каби барчага фойдали садақалар шукр таркибига киради.
Фақат кишининг ўзига манфаати тегадиган садақалар қуйидагилардир: Зикр, тасбеҳ, такбир, таҳлил (“Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш), ҳамд, истиғфор, Пайғамбарга салавот айтиш, Қуръон тиловати, масжидга қатнаш, у ерда намозни кутиб ёки мавъиза тинглаб ўтириш, кийиниш ва юриш-туришда камтаринлик, ҳалол ризқ талабида ҳаракат қилиш, мусибатларга сабрли бўлиш, умидсизликка тушмаслик, ўтган қилмишларни ҳисоб-китоб қилиш, гуноҳлар учун тавба-тазаррулар, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаш, осмонлару ер хусусида, Охират ишлари: жаннат, дўзах, башорат ва таҳдид тўғрисида тафаккур юритиш...

 Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЙИГИРМА БЕШИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:48

ЙИГИРМА БЕШИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ таоло фазлу марҳамати


25 - عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ نَاسًا مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالُوا لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالأُجُورِ، يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ بِفُضُولِ أَمْوَالِهِمْ. قَالَ: "أَوَلَيْسَ اللهُ قَدْ جَعَلَ لَكُمْ مَا تَصَدَّقُونَ؟ إِنَّ لَكُمْ بِكُلِّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةٌ، وَأَمْرٍ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٍ عَنْ مُنْكَرٍ صَدَقَةٌ، وَفِي بُضْعِ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ". قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيَأْتِي أَحَدُنَا شَهْوَتَهُ وَيَكُونُ لَهُ فِيهَا أَجْرٌ؟ قَالَ: "أَرَأَيْتُمْ لَوْ وَضَعَهَا فِي حَرَامٍ، أَكَانَ عَلَيْهِ وِزْرٌ؟ فَكَذَلِكَ إِذَا وَضَعَهَا فِي الْحَلالِ كَانَ لَهُ أَجْرٌ". (رواه مسلم).

25. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан баъзи бировлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетишди-ку: улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, рўза тутганимиздек рўза тутишади ва ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади.
- Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми? - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. - Ҳар бир тасбеҳингиз - садақа, ҳар бир такбирингиз - садақа, ҳар бир таҳлилингиз - садақа, яхшиликка буюриш - садақа, ёмонликдан қайтариш - садақа ва жуфтингиз билан қовушишингиз ҳам садақа!
- Ё Расулуллоҳ! Агар биримиз шаҳватини қондирса, шунинг учун ҳам ажр оладими?!
- Ахир у шаҳватини ҳаромга тўкканида гуноҳкор бўлармиди?! Демак, шаҳватини ҳалолга тўккани унинг учун ажр бўлади. (Муслим ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. “Бас, баслашувчи кишилар мана шу йўлда баслашсинлар!” (Мутаффифийн сураси, 26-оят).
Зиёда яхшиликлар ва солиҳ амаллар устида ўзаро баҳслашмоқ, мусобақалашмоқ шариатда тарғиб қилинган ишлар сирасига киради. Мусулмон фарзанди айни масалада ҳам бетиним ҳаракат қилмоғи лозим.
Улуғ саҳобий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўзлари гувоҳи бўлган ажиб воқеани ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масалага ҳикмат билан ёндошганларини бизга ҳикоя қилиб бераяптилар. Юқоридаги ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрибонликлари намоён бўлади ва динда яхшилик эшикларининг кенг очиб қўйилгани яққол кўзга ташланади. Аллоҳ таоло Қуръонни одамларга баён қилиб бериш учун унга ўз сўзини нозил этган банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам баёнларига қулоқ тутинг.
Воқеа бундай бўлганди. Муҳожир ва ансорларнинг камбағаллари, хусусан муҳожирлар, хайрли амалларини зиёда этиш ва садақа-эҳсонларини орттиришга қўллари калталик қилаётганини ҳис этдилар. Чунки уларнинг қўлида иймонларининг чин ва Исломларининг чиройли эканлигига далил бўлиши учун хизмат қиладиган эҳсонга аталган ортиқча мол-давлат йўқ эди. Саҳобаи киромлар “Садақа (иймон дурустлигига) ҳужжатдир”, ҳадисидан бохабар бўлганлар. Улар инфоқ-эҳсон қилувчи зотлар мақталган, саховатли инсонларга кенглиги осмонлару ер баробарида бўлган жаннатлар берилиши ҳақида сўз юритилган ва ниҳоят инфоқ-эҳсон қилишга ундалган оят-ҳадисларни кўп эшитган-ўқиган эдилар. Фақир-камбағал саҳобалар бой-бадавлат биродарлари Аллоҳ йўлида саховат кўрсатишга ошиқаётганларини кўриб турардилар.
Бадавлат мўминларнинг бири Аллоҳ йўлида бутун мол-давлатини кўтариб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам пойларига ташласа, иккинчиси ярим давлатини нисор қилиб юборарди. Бир саҳобий минглаган бойлигини эҳсон қилса, бошқа бири улкан миқдордаги мол-давлатини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари остига тўкарди. Оқибат, саҳобийнинг хайрли саховатидан рози бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига дуо қилардилар. Аллоҳдан унинг учун мағфират ва розилик сўрардилар.
Бундай Охират савдосини кўрган фақир асҳобларнинг қалблари жунбушга келди. Улар бадавлат биродарларининг молига кўз тикиб ёхуд ҳасад қилиб эмас, балки саховатлари орқасидан эришаётган олий ютуқларига ҳавас қилиб, суюкли Пайғамбарлари қошига келишди. Зеро, бу яхшилик ва Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш йўлидаги самимий мусобақа эди.
Хуллас, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, эҳсон қилишга мол-давлатлари йўқлигидан кўзлари ёшга тўлиб, ҳол-аҳволларини баён этдилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетдилар...
...Бой-бадавлат одамлар бутун ажр-савобни олиб кетишди ва натижада Охират савдосида биздан ўзиб кетдилар. Чунки улар...
- Биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқийдилар, рўза тутганимиздек рўза тутадилар...
Намозу рўзада барчамиз баробармиз. Биз улардан ортиқча намоз ўқиётганимиз ёки кўп рўза тутаётганимиз йўк. Бироқ уларнинг биздан ортиқча жиҳатлари бор:
- Улар эҳтиёжларидан ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади...
Биз эса йўқчилик боис ҳеч нарса садақа қилолмаймиз. Аммо кўнглимиз Аллоҳ ҳузурида улар етган мартабага етмоқни истайди. Айтинг, нима қилайлик?

2. Улуғ ҳикмат. Яхшилик эшиклари кенг очиқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камбағал-бечора асҳоблар қалбларидаги иштиёқни англадилар ва Аллоҳ таоло ато этган ҳикмат билан уларни хотиржам қилдилар.
Мол-дунёси йўқ саҳобаларга Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги, айрим амалларга берилажак ажр-мукофот садақа-эҳсон ажридан кам эмаслигини тушунтирдилар. Ўша амалларни адо қилувчи киши садақа-эҳсон улашувчи банда мартабасига яқинлашади. Ҳатто ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Зеро, ҳар ким қўлидан келган ишни қилади.
“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ортиқ нарсага таклиф қилмайди”. (Бақара сураси, 286-оят); “Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган ризқдан бошқа нарсага таклиф қилмас”. (Талоқ сураси, 7-оят).
- Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми?!
Сизлар ҳам жуда кўп садақа ишларини қилишга қодирсиз. Аҳли-оилага инфоқ-эҳсон кўрсатиш ва бошқа шундай амаллар борки, уларнинг ҳеч бири ажр-савобда Аллоҳ йўлида қилинган инфоқ-эҳсондан кам эмас!

3. Аллоҳ азза ва жалла зикрини қилиш кишининг ўзига энг яхши садақадир.
Агар саховат кўрсатгани ортиқча молу дунёингиз бўлмаса, Пок Парвардигор шаънига тасбеҳ, такбир, таҳлил ва ҳамдлар айтинг. Ўшанда сиз ҳар битта сўзингиз учун садақа-эҳсон ажрини оласиз. Ахир қанақасига бошқача бўлсин?! Аллоҳ таоло зикри “боқий яхшиликлар” дея таърифланиши энди сизга сир эмас-ку!
“Парвардигорингиз наздида боқий яхши амаллар савоблироқ ва орзу қилишга арзигулироқдир”. (Каҳф сураси, 46-оят); “Албатта Аллоҳ зикри улуғроқдир”. (Анкабут сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бирор кун, тун ёки соат йўқки, унда Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган бандасига марҳамат этадиган садақа-эҳсони бўлмаса. Аллоҳ таоло бандасига Парвардигор зикрини қилишга илҳом беришдек марҳамат кўрсатмаган”.
(Ибн Можа ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
- Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида энг фазилатли бандалар кимлар?
- Аллоҳни кўп зикр қилувчилар, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

4. Яхшиликка чақириш жамиятга қилинган эҳсондир.
Амри маъруф, наҳий мункар эшиги ҳамма мусулмонлар учун кенг очиқ. Ушбу фарзи кифояни адо этувчи банданинг ажру мукофоти эҳсон қилувчи саховатпешалар ажридан асло кам эмас. Билъакс, айрим ҳолларда улардан бир неча баробар юқори ҳам бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ҳар бир яхши иш садақадир”. (Муслим ривоятлари).
Қанақасига шундай бўлмасин?! Ахир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати айнан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш хусусияти билан инсонлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлди-ку!
“Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз. Ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. (Оли Имрон сураси, 110-оят).

5. Аллоҳ азза ва жалланинг фазли кенгдир.
Инсонлар модомики, ниятлари тўғри экан, ҳар кеча-кундузда улкан ажр-савобларга эга бўлишади. Чунки ҳамма ҳам аҳли-оиласини, қўли остидагиларни едириб-ичириш учун ҳаракатда бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кишининг аҳли оиласига, жуфти ҳалолига ва қўл остидагиларига қилган нафақаси садақадир”.
(Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таоло юзини истаб қилган ҳар бир нафақангизга ажр оласиз. Ҳатто аёлингиз оғзига тутган бир луқма учун ҳам ажрга эга бўласиз”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳар бир мусулмон эр вазифасини тўлиқ адо этиш, жуфти ҳалолини ҳам, ўзини ҳам ҳаромдан пок асраш ва оқибати аламли азоб бўлган гуноҳ ишга қўл уриб қўймаслик учун аёли билан яқинлик қилади. Мўмин киши тоза ниятлар билан аёлига яқинлик қилгани учун ажр-савоб олади.

6. Амаллар ниятларга қараб бўлади.
Аллоҳ таоло бандаларига яна бир фазлу марҳамат кўрсатди: Банданинг одатий амали ҳам ажр ёзиладиган ибодатга айланади. Унинг бир ишни бажариши ёки тарк қилиши Парвардигори сари яқинлаштириш вазифасини бажара бошлайди. Агар банда жисмини соғлом сақлаш ва Аллоҳнинг тоатига куч тўплаш ниятида еб-ичса, савоб олади. Ваҳоланки, овқатланиш аслида ибодат эмас, банданинг одат ва эҳтиёжларидан ҳисобланади. Хусусан, таомнинг аввали ва охирида Парвардигор зикрини унутмаса, ҳар кунлик одати ибодат мақомига чиқади. Суннатда кўрсатилганидек, овқатга қўл уришдан олдин Аллоҳ исмини айтмоқ ва таом сўнггида Парвардигорга ҳамд ва шукроналар билдирмоқ лозим.
Ўзини ва жуфти ҳалолини зинодан пок сақлаш, оила муносабатида аёли ҳаққини адо этиш ёхуд Аллоҳ таолога содиқ қул бўлувчи солиҳ фарзандга етишиш ниятида ҳалоли билан қовушган мусулмон аёли билан яқинлик қилгани учун ҳам ажрга эга бўлади. Аллоҳнинг савобидан умидвор мўмин аёли билан қовушганида унга мана шу неъматни ато этган Парвардигори фазли-марҳаматини унутиб қўймаслиги ва тўшакда ҳам суннатга тўлиқ амал қилмоғи керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қай бирингиз аёли билан яқинлик қилаётганида “Бисмиллаҳ, Парвардигоро, бизни шайтондан йироқ қилгин! Бизга ризқ қилиб берадиган зурриётимиздан ҳам шайтонни йироқ этгин”, деб айтса, улардан дунёга келажак фарзандга шайтон зарар бермайди”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларига бўйсуниб, ажр-савоб умидида Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳ-маъсиятлардан ўзини тийган банда ҳам Парвардигори томонидан мукофотланади.
“Улар Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтда уларга кар ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар)”. (Фурқон сураси, 73-оят). “Мўминлар - Аллоҳ номи зикр қилинганда қалблари қўрқувда бўладиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир”. (Анфол сураси, 3-оят).

7. Эзгулик эшиклари бисёрдир.
Эҳсон ва яхшиликлар юқорида санаб ўтилган ишлар билан чекланиб қолмаган. Қанчадан-қанча амаллар борки, улар туфайли беҳад кўп ажр-савобларга эга бўлиш мумкин.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Одам фарзанди учун қуёш чиққан ҳар кунда садақа бордир!
- Ё Расулуллоҳ! Биз қаердан олиб ҳар куни садақа қила оламиз? - сўрашди саҳобалар.
- Яхшилик эшиклари бисёрдир, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам - Тасбеҳ, ҳамд, такбир, таҳлил, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш, кар одамга (керакли гапни) эшиттириш, кўр кишини етаклаб юриш, йўл-йўриқ сўровчига йўл-йўриқ кўрсатиш, ёрдамга муҳтож, бечораҳол одам билан оёқларинг кучига таяниб ҳаракат қилишинг (яъни унга ёрдам бераман деб елиб-югуришинг), заиф кишининг (оғирини) билакларинг қуввати билан кўтаришинг, мана шуларнинг барчаси сенинг ўзинг учун қилган садақангдир!
(Ибн Ҳиббон ривоятлари).
- Одамлардан ўз ёмонлигингни тийсанг, бу садақадир.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
- Биродаринг юзига қараб қилган табассуминг садақадир... Челагингдаги сувни биродаринг челагига бўшатиб беришинг ҳам садақадир.
(Термизий ривоятлари).

8. Ҳадис яна қуйидагиларга ундайди:
• Одамларга таскин берилаётганда, қалбларга хушхабар етказилаётган ва хотирлар жам қилинаётганда ҳикмат билан иш юритмоқ лозим.
• Ҳадисда ишора этилган зикрлар ажр-савоби садақа мукофотига баробардир. Мол-давлати йўқ фақирлар, хусусан, фарз намозларидан сўнг юқоридаги зикрларни тилга олсалар, эҳсон қилган киши ажрига эга бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Сизларга шундай бир нарсани айтайинки, агар уни ўзингизга лозим тутсангизлар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар, ортингиздагиларнинг ҳеч бири сизга етолмайди ва атрофингиздагиларнинг энг яхшилари бўласизлар. Фақат айни нарсага амал қилганларгина сизлар билан баробар бўла оладилар: Ҳар намоздан сўнг ўттиз уч маротабадан тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтингиз!”
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
• Ўзи ва аҳли оиласидан ортган мол-давлатни фақирларга эҳсон-садақа қилмоқ мустаҳабдир. Бой-бадавлат мусулмонлар кўп хайр-саховат кўрсатсалар ҳам, суннатда ворид бўлган зикр-дуоларни ёддан чиқармасинлар. Зеро, Аллоҳ таоло зикри уларнинг савобини янада зиёда қилади.
• Кишининг ўзи ёки аҳли оиласи учун зарур бўлган нарсани садақа қилиб юбориши макруҳдир. Бордию садақа қўл остидагилар ҳаққининг поймол бўлишига олиб борса, бундай саховат ҳаром саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Садақанинг яхшиси бойликдан бўлганидир”.
(Бухорий ривоятлари).
• Ўзига тўқ, бой-бадавлат одамлар учун садақа зикрдан афзалдир. Чунки унинг фойдаси кўпчиликка тегади. Зикрнинг фойдаси эса ўз эгаси учун, холос. Агар бой-бадавлат мўминлар ҳам садақа қилиб, ҳам Аллоҳ зикрини мудом лозим тутсалар, Пок Парвардигор ҳузурида улуғ ажр-савобларга эга бўлишади.
Муслим ривоят қилган юқоридаги ҳадисда шундай қўшимчалар бор:
Камбағал муҳожирлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб дедилар:
- Бой биродарларимиз биз қилган зикр-дуоларни эшитиб, улар ҳам шундай қилишга тушдилар?!
- Бу Аллоҳнинг фазли. Уни ўзи хоҳлаган бандасига беради, - деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.
• Шукр қиладиган саховатли бой ҳамда сабр қиладиган тақволи фақир фазилатли бандалардир.
• Амри маъруф ва наҳий мункар динда муҳим ўрин тутади. Ушбу фарзи кифоя билан бир гуруҳ мусулмонлар машғул бўлсалар, бу масъулият қолганлар зиммасидан соқит бўлади. Бордию ҳеч ким бу фарзга эътибор қилмаса, ҳамма гуноҳкор бўлади. Амри маъруф ва наҳий мункар ҳеч қандай фирқа ёки гуруҳнинг хос вазифаси эмас.
• Эр аёли қаршисидаги ўз масъулиятини ҳис қилиб, жуфти ҳалоли учун тўла-тўкис хотиржамликни таъмин этмоғи ва ўз навбатида аёл ҳам эрининг фазлу эҳсонини эътироф этиб, унга гўзал муомалада бўлмоғи лозим.
• Мусулмон фарзанди ўзи учун фойдали бўлган, мартабасини кўтарадиган масалаларни сўраб, билиб олсин.
• Фатво сўровчи киши, модомики, саволи оғир ботмаслигини билса, фатво берувчидан айни ҳукмнинг далил-исботи ҳақида одобсизлик қилмаган ҳолда сўраб олиши мумкин.
• Олимлар савол сўраган биродарларига жавоб берар эканлар, айни жавобларининг шаръий далилини ҳам баён этиб берсинлар. Зеро, бу кишининг амал қилиши учун кучли туртки бўлади.
• Бир ишни унга ўхшаш бошқа бир масалага қиёс қилиб, унга ҳукм бино қилиш шариатда собитдир.

Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:47

ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ зулмни ҳаром қилди

24 - عَنْ أَبِي ذَرٍّ الْغِفَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِيهِ عَنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ أَنَّهُ قَالَ: "يَا عِبَادِي إِنِّي حَرَّمْتُ الظُّلْمَ عَلَى نَفْسِي وَجَعَلْتُهُ بَيْنَكُمْ مُحَرَّمًا فَلا تَظَالَمُوا.
يَا عِبَادِي كُلُّكُمْ ضَالٌّ إِلا مَنْ هَدَيْتُهُ، فَاسْتَهْدُونِي أَهْدِكُمْ.
يَا عِبَادِي كُلُّكُمْ جَائِعٌ إِلا مَنْ أَطْعَمْتُهُ، فَاسْتَطْعِمُونِي أُطْعِمْكُمْ.
يَا عِبَادِي كُلُّكُمْ عَارٍ إِلا مَنْ كَسَوْتُهُ، فَاسْتَكْسُونِي أَكْسُكُمْ.
يَا عِبَادِي إِنَّكُمْ تُخْطِئونَ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ، وَأَنَا أَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا، فَاسْتَغْفِرُونِي أَغْفِرْ لَكُمْ.
يَا عِبَادِي إِنَّكُمْ لَنْ تَبْلُغُوا ضَرِّي فَتَضُرُّونِي، وَلَنْ تَبْلُغُوا نَفْعِي فَتَنْفَعُونِي.
يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وَإِنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ كَانُوا عَلَى أَتْقَى قَلْبِ رَجُلٍ وَاحِدٍ مِنْكُمْ مَا زَادَ ذَلِكَ فِي مُلْكِي شَيْئًا.
يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وَإِنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ كَانُوا عَلَى أَفْجَرِ قَلْبِ وَاحِدٍ مِنْكُمْ مَا نَقَصَ ذَلِكَ مِنْ مُلْكِي شَيْئًا.
يَا عِبَادِي لَوْ أَنَّ أَوَّلَكُمْ وَآخِرَكُمْ وَإِنْسَكُمْ وَجِنَّكُمْ قَامُوا فِي صَعِيدٍ وَاحِدٍ، فَسَأَلُونِي، فَأَعْطَيْتُ كُلَّ وَاحِدٍ مَسْأَلَتَهُ مَا نَقَصَ ذَلِكَ مِمَّا عِنْدِي إِلا مَا يَنْقُصُ الْمِخْيَطُ إِذَا أُدْخِلَ الْبَحْرَ.
يََا عِبَادِي إِنَّمَا هِيَ أَعْمَالُكُمْ أُحْصِيهَا لَكُمْ ثُمَّ أُوفِيكُمْ إِيَّاهَا، فَمَنْ وَجَدَ خَيْرًا فَلْيَحْمَدِ اللهَ، وَمَنْ وَجَدَ غَيْرَ ذَلِكَ فَلا يَلُومَنَّ إِلا نَفْسَهُ". (رواه مسلم).

24. Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилиб дедилар: “Аллоҳ таоло деди:
- Эй бандаларим, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилмангиз.
- Эй бандаларим, барчаларингиз залолатдасизлар. Фақат Мен ҳидоят этганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан ҳидоят тиланг, сизларни ҳидоятга йўллайман.
- Эй бандаларим, барчаларингиз очсизлар. Фақат Мен таом берганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан таом сўрангиз, сизларга таом бераман.
- Эй бандаларим, барчаларингиз яланғочсизлар. Фақат Мен кийинтирган кишигина яланғоч эмас. Бас, Мендан кийим сўранглар, сизларни кийинтираман.
- Эй бандаларим, сизлар кечаю кундуз хато қиласизлар. Мен барча гуноҳларни мағфират этаман. Бас, Мендан мағфират тилангиз, сизларни мағфират қиламан.
- Эй бандаларим, сизлар Менга зарар етказиш даражасига ҳеч қачон етолмайсизларки, Менга зарар етказсангизлар! Менга фойда етказиш даражасига ҳам ҳеч қачон етолмайсизларки, Менга фойда етказсангизлар!
- Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлсангиз ҳам, бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди.
- Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг фожир кимсанинг қалбидек бўлсангизлар ҳам, бу Менинг мулкимдан ҳеч нарсани камайтириб қуймайди.
- Эй бандаларим, агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб Мендан (ҳожатларини) сўрасалар ва Мен уларнинг ҳар бирига сўраган нарсасини берганимда ҳам, бу Менинг ҳузуримдаги нарсаларни камайтирмайди, магарам, игна денгизга ботирилганда ундан қанча сувни камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради, холос.
- Эй бандаларим, булар сизларнинг амалларингиз, холос: Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо-мукофот берурман. Ким яхшиликни топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким бошқа нарсани топса, фақат ўзини маломат қилсин!” (Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Мазкур ҳадиси қудсий Исломнинг улкан асослари, фарълари ва одобларига тааллуқли муҳим қоидаларни ўз ичига олган улуғ ривоятлардан саналади.
Нававий “Азкор” номли асарларида қуйидагиларни ёзадилар:
“Ушбу ҳадиси қудсийни Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган шахс - Абу Идрис Хавалоний мазкур ҳадисни айтар чоғида унинг улуғлигини таъкидлаш учун тиз чўкиб олар эдилар”.
Ҳадиси қудсийни ривоят қилган кишилар - дамашқлик ровийлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар:

"Шом аҳли учун бундан-да шарафлироқ ҳадис йўқдир”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳадиси қудсий таърифи.
Ҳадиси қудсий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолодан қилган ривоятларидир. Ҳадиси қудсий баъзан Жаброил алайҳиссалом орқали, баъзан эса ваҳий, илоҳий илҳом ёки туш воситасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз сўзлари билан асҳобларига сўзлаб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Парвардигордан ривоят қилишлари, яъни ҳадиснинг ўзига хос санади уни бошқа ҳадислардан фарқлаб туради. Шу боис, аксарият ҳолларда ҳадиси қудсий Аллоҳ таолога нисбат берилади.
Қуръони карим билан ҳадиси қудсий қуйидаги жиҳатлар билан бир-биридан фарқланади:
• Қуръони каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам мўъжиза. Аммо ҳадиси қудсий ожиз қолдириш хусусиятига эга эмас.
• Қуръон оятлари намозда ўқилади. Ҳадиси қудсий эса ўқилмайди.
• Қуръонни инкор қилган кимса кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилувчи эса фосиқ бўлади.
• Қуръони каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳдан. Ҳадиси қудсийнинг лафзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан ташкил топган, маъноси эса Аллоҳ тарафидан ваҳий қилинган.
• Қуръони каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Ҳадиси қудсий маъносини ривоят қилиш мумкин.
• Қуръони каримни нопок ҳолда ўқиш мумкин эмас. Ҳадиси қудсийни ўқиш ёки ушлаш учун таҳорат шарт қилинмайди.
• Жунуб одам Қуръонни ўқиши ёки кўтариб юриши мумкин эмас. Ҳадиси қудсийни жунуб одам ҳам кўтариб ёки ўқиб юраверади.
• Қуръони каримдан бир ҳарф ўқиган кимсага ўн ҳасанот ёзилади. Ҳадиси қудсий ўқишга бундай ажр-мукофот белгиланмаган.
• Қуръони каримни сотиш дуруст эмас (Имом Аҳмад ривоятларига биноан) ёки макруҳ (Шофеийлар сўзига биноан). Ҳадиси қудсийни сотиш ман этилмаган ва макруҳ ҳам эмас.
Ҳадиси қудсийни илоҳий ҳадислар деб ҳам аташади. Уларнинг сони юзтадан кўпроқ.

2. Аллоҳ зулмни Ўзига ҳаром қилди.
Аллоҳ таолонинг зулмни ўзига ҳаром қилганига мазкур ҳадис очиқ далилдир: “Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим”.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:
“Мен бандаларга зулм қилувчи эмасман”. (Қоф сураси, 29-оят); “Албатта Аллоҳ инсонларга асло зулм қилмайди”. (Юнус сураси, 44-оят); “Албатта Аллоҳ зарра миқдоричалик зулм қилмас”. (Нисо сураси, 40-оят).

3. Зулм бандалар учун ҳам ҳаромдир.
Аллоҳ таоло бандаларни бир-бирларига зулм қилишдан қайтарди. Зеро, зулмнинг ҳар қандай кўриниши ҳаромдир.
Зулм икки хил бўлади:
1. Ўзига зулм қилиш.
Мазкур зулмнинг энг даҳшатлиси Аллоҳ таолога ширк келтирмоқдир. “Албатта ширк энг катта зулмдир”. (Луқмон сураси, 13-оят).
Чунки мушрик ҳар қандай шерикдан пок Аллоҳга бир махлуқни тенглаштириб, уни холиқ даражасига кўтарди.
Катта-кичик гуноҳлар ширкдан кейин турадиган зулм саналади. Банда гуноҳ-маъсиятга қўл уриши билан ўзини дунёю Охират бадбахтлигига гирифтор қилади ва бу нафсга нисбатан очиқ зулмдир.
2. Инсоннинг бошқа бировга зулм ўтказиши.
Ушбу зулмнинг ҳаромлиги ҳақида бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Зулм Қиёмат кунида зулматларга айланади”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари);
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таоло золимни маълум вақт қўйиб қўяди. Охири (бир куни) уни (азоб билан) ушлаганида, асло қутулиб кета олмайди”.
Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни ўқидилар:
“Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир”. (Ҳуд сураси, 102-оят;
Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Одамлар орасида адолат ўрнатиш ва зулм-зўравонликларга бутунлай барҳам бериш, шак-шубҳасиз, Исломнинг энг олий мақсадларидандир. Чунки адолат ҳар қандай бошқарув тизими ёки цивилизация учун тамал тоши вазифасини ўтайди. Бинобарин, жавр-зулм халқларнинг тинкасини қуритиш, жамиятни остин-устин қилиш, ҳаёти дунёни заҳар-заққумга айлантириб, Охиратда Аллоҳ таоло ғазабини олиб келишнинг асосий сабабчиларидан ҳисобланади.

4. Аллоҳ азза ва жаллага муҳтожлик
Бутун махлуқот дунёю Охиратда ўзларига фойда-манфаат касб этиш ва зарар-зиённи даф қилишлари учун Аллоҳ таолога муҳтождирлар. Улар ҳаёти дунёда Кариму Раҳмоннинг ҳидояти ва ризқ-насибасига қарам бўлсалар, Охиратда У Зотнинг раҳмату мағфиратига жуда-жуда муҳтождирлар.
Мусулмон ўзининг фақирлигию муҳтожлигини Парвардигорига арз этиш орқали Аллоҳ таолога яқинлашади.
Банданинг Аллоҳга бўлган ҳақиқий қуллиги қуйидаги уч суратнинг бирида акс этади:
• Сўрамоқ. Аллоҳ таоло бандаларнинг ўз муҳтожликларини изҳор этиб, Унга ёлворишларини хуш кўради. Емоқ, ичмоқ, киймоқ каби моддий эҳтиёжлар ҳам, ҳидоят, мағфират каби маънавий эҳтиёжлар ҳам Ёлғиз Аллоҳдан сўралади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ҳар бирингиз барча ҳожатини, хатто оёқ кийимининг боғичи узилиб кетса, уни ҳам Парвардигоридан сўрасин”.
• Ҳидоят талабида илтижо қилиш.
• Аллоҳ таолонинг буйруқларига тўлиқ бўйсуниш. Яъни шариат буюрган ишларни тўлиқ адо этиб, қайтарган-мункар амаллардан ўзини пок тутиш.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЙИГИРМА УЧИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:44

ЙИГИРМА УЧИНЧИ ҲАДИС
Ҳар бир яхшилик садақадир

23 - عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْحَارِثِ بْنِ عَاصِمٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيْمَانِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلأُ الْمِيزَانَ، وَسُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلآنِ – أَوْ تَمْلأُ – مَا بَيْنَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ، وَالصَّلاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَو عَلَيْكَ، كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو، فَبَائِعٌ نَفْسَهُ، فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا". (رواه مسلم).

23. Абу Молик Ҳорис ибн Осим Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Покизалик иймоннинг ярмидир. “Алҳамду лиллаҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамду лиллаҳ” осмонлару ер оралигини тўлдиришади (ёки тўлдиради). Намоз нурдир. Садақа (закот) далил-ҳужжатдир. Сабр зиёдир! Қуръон сенинг фойдангга ёхуд зарарингга ҳужжатдир. Ҳамма тонг саҳардан ҳаракат қилиб, ўзини (Аллоҳга ёки шайтонга) сотади. Пировардида нафсини халос қилади ёки уни ҳалок этади”.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Улуғ ҳикмат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзларда улкан маъноларни баён этганлар. Саҳобаи киромларга қилинган мухтасар насиҳатлар барча яхшиликларни қамраб олиши ва барча ёмонликлардан қайтариши билан бир қаторда, ҳеч қачон ғализ ёки чигал бўлмаган.
Юқоридаги саҳиҳ ҳадис ҳам биз учун фойдали бўлган улуғ ҳикматлар ва ажиб мавъизалар билан тўлиб-тошган. Унутманг, бу ҳикматлар фақат илоҳий ваҳийдан сўзловчи содиқ ва омонатдор зот томонидан айтилган. Қуйида ушбу ҳикматли насиҳатлар мағзини чақишга уриниб кўрамиз.

2. Таҳорат ва унинг ажри
Таҳорат намознинг дуруст бўлиши учун шартдир. Ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, мўминнинг бадани ва кийимини покиза тутиши унинг иймони таъсиридандир. Чунки банда таҳорат шартларига амал қилиши билан Парвардигори амрига қулоқ тутган бўлади.
“Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз – шоядки тақво эгалари бўлсангиз”. (Бақара сураси, 21-оят); “Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз!” (Моида сураси, 6-оят). “Либосларингизни пок тутинг!” (Муддассир сураси, 4-оят).
Ҳақиқий мўмин Парвардигори қаршисида покиза ва ораста бўлиб турмоғи учун шариат буюрган озодаликка риоя қилади. Аллоҳ таоло бандасини гўзал хилқатда яратди. Хилқати кўркам мўмин покиза бўлиб Парвардигор ибодатига бел боғлар экан, Аллоҳ таоло ҳам унга Ўз муҳаббатини туширади. “Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни яхши кўради”. (Бақара сураси, 222-оят).
а) Покизалик - иймоннинг ярми
Покизалик - Аллоҳ таоло ҳузурида олий мартабаларга кўтарилди ва унинг ажр-мукофоти иймоннинг ярим ажрига тенг қилинди. Маълумки, иймон ўтган барча катта-кичик гуноҳларни ўчириб юборади. Покизалик, хусусан таҳорат эса аввалда йўл қўйилган кичик гуноҳларни ўчириб юборади ва шунга биноан, у иймоннинг ярим даражасига тенглаштирилади.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимда-ким таҳорат олса ва таҳоратини чиройли-мукаммал этса, унинг хатолари танасидан чиқиб кетади. Ҳатто хатолари тирноқлари остларидан чиқиб кетади”.
Муслим ривоятлари).
Иймон киши қалбидаги ширк, мунофиқлик каби маънавий кирликларни ювиб ташлайди. Таҳорат эса инсон танасининг зоҳирий қисмини тоза тутади. Шу боис, таҳорат Қиёмат кунида мўминларнинг белгисига айланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қиёмат кунида умматим таҳорат таъсиридан бошлари, оёқлари ва қўлларидан нур таралган ҳолларида чақириладилар. Қай бирингиз ўз нурини узунроқ қилишга қодир бўлса, шундай қилсин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
б) Таҳорат - намознинг ярми
Баъзилар ҳадисдаги иймон лафзини намоз деб шарҳлаганлар. Улар қуйидаги ояти каримани ўз сўзларига далил қилиб келтиришади:
“Аллоҳ иймонларингизни (яъни намозларингизни) зое қилгувчи эмас”. (Бақара сураси, 143-оят).

Бинобарин, таҳорат иймоннинг, яъни намознинг ярми ҳисобланади. Чунки у намознинг дуруст бўлиши учун шартдир. Шарт эса ўша нарсанинг ярми каби қадрланади.

в) Таҳорат жаннат калитидир!
Мусулмонлар сафидан жой олмаганликлари сабабли кофирлар дўзахдан жой эгалладилар. “(Жаннат аҳли дўзах аҳлига): “Сизларни нима сақарга киритди?” деганларида, улар айтурлар: “Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик”. (Муддассир сураси, 42-43-оятлар).
Намоз инсонни дўзахдан қутқариб, жаннат сари бошловчи йўлдир. Намоз калити бўлган таҳорат билвосита жаннат калити ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимда-ким таҳорат олса ва таҳоратини маромига етказса, сўнг икки ракъат намоз ўқиб, намозига қалби ҳамда юзи билан юзланса, унга жаннат вожиб бўлади”. (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қай бирингиз таҳорат олса ва таҳоратини тўлиқ-комил адо этса, сўнг: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу” деб айтса, унинг учун жаннатнинг саккиз эшиги очиб қўйилади. Банда уларнинг хоҳлаганидан киради”. (Муслим ривоятлари).
г) Таҳорат иймон хислатларидан
Таҳорат иймоннинг кўзга кўринмас хислатларидан ҳисобланади. Уни муҳофаза қилиш фақат мўминда топилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Фақат мўмин кишигина таҳоратни муҳофаза этади”.
(Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари).
Чунки таҳорат махфий амал. Устига-устак нафсга оғирлиги ҳам бор. Шу боис, таҳоратни сақловчи мўмин жаннатга киришда илғор бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни эрталаб Билол розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чақирдилар:
- Эй Билол, нима туфайли жаннатга мендан илгари кирдинг? Кеча мен жаннатга кирганимда, олдинда сенинг қадам товушларингни эшитдим.
- Ё Расулуллоҳ! - деб жавоб бердилар Билол. - Мен ҳар доим азон айтганимда икки ракъат намоз ўқиб оламан. Таҳоратим бузилиши билан, дарҳол таҳорат оламан.
- Мана шу туфайли! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Ибн Хузайма ривоятлари).
д) Таҳорат омонатдир
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Беш вақт намозлар, жумъа келаси жумъагача ва омонатни адо этмоқ ўртадаги гуноҳларга каффорат бўлади.
- Омонатни адо этмоқ нима? - деб сўрашди.
- Жунубликдан ғусл қилиш. Зеро ҳар битта тук тагида жунублик бўлади! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Аллоҳ таоло одам боласини дин хусусида фақат шу нарсага (яъни таҳоратга) омонатдор қилди”.
Чунки банданинг таҳорат олган-олмагани фақат Аллоҳга ва ўзига аён. Ҳеч ким ёнидаги биродарининг таҳоратли ёки таҳоратсиз эканини билолмайди. Покланмоқ кишининг нияти ва ҳаракати билан амалга ошади. Аксарият ҳолларда амал ҳам худди мақсад каби бировлар кўзидан пинҳон қолади. Шу боис, таҳорат олиб нопокликдан халос бўлмоқ омонатни адо этиш таркибига киритилди.
е) Қалб поклиги
Инсон маънан ўзини покиза тутмас экан, унинг зоҳирий озодалигидан ҳеч қандай наф йўқ. Инчунун, мўминнинг бадани ҳам, қалби ҳам покиза бўлмоғи лозим. Ҳадисдаги “покизалик” лафзини Ғаззолий қалбни ҳасад, адоват, нафрат ва бошқа маънавий иллатлардан поклаш ҳамда гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш, деб шарҳлаганлар. Лут алайҳиссалом ва у зотнинг оиласи фосиқ қавмнинг бузуқ қилмишларидан ўзларини покиза тутганларида, ярамас кимсалар уларни қуйидагича таърифлаган эдилар:
“Улар ўта покиза кишилар экан”. (Аъроф сураси, 82-оят).

3. Аллоҳ таоло зикри ва шукронаси
Аллоҳ таоло неъматларига ҳадисларда ворид бўлган зикрлар билан шукроналар айтмоқ Қиёмат кунида тарозининг солиҳ амаллар палласини оғир қилади. Банда Аллоҳ таолога кўп шукр қилиб, ҳамду сано айтса, Парвардигорни улуғлаб, У Зотнинг ширку нуқсондан поклигини ҳам бот-бот таъкидласа, нажот топгувчи солиҳ инсонлар қаторидан жой олади.
“Алҳамду лиллаҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамду лиллаҳ” осмонлару ер оралиғини тўлдиришади (ёки тўлдиради). (Муслим ривоятлари).
“Тасбеҳ ва такбир осмону ерни тўлдиради”. (Муслим ривоятлари).
“Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси Аллоҳга етгунга қадар ўртада ҳеч қандай парда-тўсиқ бўлмайди. (Термизий ривоятлари).
Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

Аллоҳ таоло сўзлардан тўрттасини танлаб олди: “Субҳаналлоҳ, Алҳамду лиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу акбар”. Кимда-ким “Субҳаналлоҳ” деб айтса, унга йигирма яхшилик-ҳасана ёзилади ва йигирмата ёмон амали ўчирилади. “Аллоҳу акбар” деб айтганга ҳам, “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганга ҳам, “Алҳамду лиллаҳ” деб айтганга ҳам мана шундай (ажр-мукофот) бўлади. Чин дилдан “Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн” деб айтган кишига ўттиз ҳасана ёзилади ва ўттизта ёмонлиги ўчирилади”. (Аҳмад ривоятлари).

Ушбу келтирилган зикр-дуоларни қалбан ҳис қилган ва фикран идрок этган ҳолда айтган бандалар учун ваъда қилинган улуғ ажр-мукофотлар масофаларга қиёс қилинса ёки уларга ҳажм-миқдор сифати берилса, мазкур хайрли мукофотлар осмонлару ер оралиғини қоплаган бўларди. Аллоҳ таоло танлаган бундай зикрлар бандани олий даражалар сари кўтаргувчи пиллапоялардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтган банда модомики, гуноҳи кабира қилмаган бўлса, унинг учун осмон эшиклари очилади ва айтган калимаси Аршга қадар етиб боради”. (Термизий ривоятлари).
Арш - Фирдавсул-аълонинг шифти. У ерда банда олий мақом соҳибига айланади.
Уламолар мазкур тўрт каломни қуйидаги оятда айтилган “боқий яхшиликлар” деб шарҳлаганлар:
“Мол-мулк ва бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса боқий яхшиликлар савоблироқ ва орзу қилишга арзигулироқдир”. (Каҳф сураси, 46-оят).
Зеро, улар Парвардигор ҳузурида савоб бўлиб қоладиган ва ўсиб-катталашиб борадиган яхшиликлардир. Шу боис, улар мол-мулк ва бола-чақадан хайрлироқ дейилди.
а) Қалб хотиржамлиги
Дуо-зикрлар кишига таъсир қилиши учун албатта айтилаётган сўзлар қалбдан чиқиши ва айтувчи имкон қадар уларнинг маъноларини англаши лозим.
“Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, қалблар Аллоҳ зикри билан ором олур!” (Раъд сураси, 28-оят).
б) Зикрдан айрилмаслик
Албатта ҳар биримиз хотиржамлик ва қалб оромини истаймиз. Ўзимиздаги ушбу зарурий эҳтиёжни қондирмоқ учун ҳамиша Аллоҳ зикри билан бирга бўлмоғимиз шарт. Токи Парвардигор нусрати ва мададига ҳақли, У Зот мағфирати ҳамда марҳаматига лойиқ бандалар сафига қўшилайлик. Аллоҳ таолога эътимод қилиб, қалбини ёлғиз Унгагина боғлаган зотлар даргоҳи илоҳийда эсланади ва ҳидоят йўлига йўлланиб, фазлу марҳамат ёмғиридан баҳраманд бўладилар.
“Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эртаю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! У Зот сизларни зулматлардан Нурга чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам ҳақларингизга дуо қилурлар”.
(Аҳзоб сураси, 41-43-оятлар).

4. Намоз нурдир
Исломнинг асосий рукнларидан бўлмиш намоз ибодатли бандаларни хайрли йўлга бошловчи, уларни маъсиятлардан тўсиб, тўғриликка йўлловчи нурдир. “Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур”. (Анкабут сураси, 45-оят).
Зулматли тунда машъала кўтариб кетаётганлар тўғри йўлдан адашмайдилар. Намоз бандаларга ҳидоят ва ҳақ йўлини ёритиб турувчи маънавий нурдир. У ҳаёти дунёда мусулмон фарзандига ажиб чирой ва салобат бахш этади. Қиёматда эса бу нур уларнинг юзларида жилваланади.
“Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар”. (Таҳрим сураси, 8-оят).
Ҳар куни беш маҳал бутун дунёдан узилиб, Парвардигори олам қаршисида хушуъ ва хузуъ билан турувчи комил мусулмон ўзгалар билан ҳам чиройли муносабатда бўлади. Ўзининг хулқи ва тақвоси билан бошқалардан яққол ажралиб турувчи банданинг қалбидаги нур Аллоҳ таоло марҳамати билан унинг юзига балқиб чиқади. “Уларнинг юзида сажда изидан қолган белги-аломатлар бордир”. (Фатҳ сураси, 29-оят).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар банда намозни мудом ўз вақтида адо этса-муҳофаза қилса, таҳорат, рукуъ, сажда ва қироатларни комил суратда қоим қилса, намози унга қуйидагича дуо қилади: “Мени қандай асраган бўлсанг, Аллоҳ сени ҳам ўшандай асрасин!” Сўнг намоз нур сочиб турган ҳолида кўкка кўтарилиб Аллоҳ таоло даргоҳига қадар етади ва ўз соҳибини шафоат қилади”. (Табароний ривоятлари).

а) Жамоат ва масжид нури.
Барча намозларни жамоат билан адо этган мусулмон улуғ хайриятларга сазовор бўлади. Ҳамиша масжидда жамоат сафида намоз ўқийдиган мўмин улкан муваффақият қозониб, яхшилар қаторида биринчилардан бўлиб жаннатга қадам қўяди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Беш вақт намозни жамоат билан ўқиган киши пешқадамларнинг аввалги сафида туриб сиротдан ялт этувчи яшиндек ўтиб кетади. У Қиёмат куни ойдин кечадаги тўлин ойдек бўлиб келади”.
(Табароний ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Зулматли кечаларда масжидлар сари юрувчи инсонларга Қиёмат кунидаги комил нур хушхабарини бергин!” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
б) Кўзлар қувончи.
Банда намоз орқали Парвардигори билан боғланади, Унга муножотлар қилади. Шу боис, намоз ҳақиқий мўминларнинг кўз қувончига айланган. Мусулмонлар Аллоҳ ибодатида турар эканлар, ич-ичларидан омонлик ва ором ҳиссини туядилар. Бошларига ғам-ташвиш булути соя солганда ҳам севимли Пайғамбарлари кўрсатмасига амал қилиб, намоз ўқишга тутинадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”.
(Аҳмад ва Насоий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон нарса ғамга солиб қўйса, у зот шундай дер эдилар: “Эй Билол, намозга иқомат айтиб, бизга роҳат бағишланг!” (Абу Довуд ривоятлари).

5. Садақа ҳужжат-бурҳондир.
Араб тилида “бурҳон” сўзи қуёшнинг ёрқин шуъласи-нури маъносини беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам бунга мисол бўла олади:
“Мўминнинг руҳи танасини тарк этганда бамисоли қуёш нуридек мунаввар бўлади”.
(Ҳадисдаги “қуёшнинг нури” ибораси “бурҳон” калимаси билан ифодаланган). Шу боис, қатъий далил-ҳужжатга ҳам “бурҳон” лафзи ишлатилади. Чунки у қаратилган нарсага очиқ-ойдин далолат қилиб туради.
Закот иймон дурустлигининг ёрқин далилидир. Молининг закотини асло оғринмасдан бажонидил берадиган инсонлар иймон лаззатини тотган яхшилар тоифасига кирадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким қуйидаги уч нарсага амал қилса, иймон мазасини тотади: Ёлғиз Аллоҳга қуллик қилса, Ундан ўзга илоҳ йўқ деб билса ҳамда ҳар йили молининг закотини очиқкўнгиллик билан ва бажонидил адо этса!” (Абу Довуд ривоятлари).
Пул-мол ¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬- ширин нарса. Нафслар молга бахиллик қилиши тайин. Аллоҳ таоло йўлида кўнгилдан чиқариб молини сарфлай олган банда Парвардигор ваъдаси ва таҳдидига инонадиган иймони чин мўмин саналади.


Покизалик ва ростгўйлик.
Ўзини ҳамиша покиза тутувчи, Аллоҳ таоло зикри ва шукри билан ҳаёт кечирувчи, У Зот ҳаққини тўла-тўкис адо этувчи мўмин бахиллик, хасислик каби маънавий кирликлардан ҳам покиза юради. Мусулмон киши ҳар доим сахий ва мурувватли бўлади. Зеро, иймон билан бахиллик битта қалбда жамланмайди.
“Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топгувчилардир”. (Тағобун сураси, 16-оят).
Шу боис, Аллоҳ таоло йўлида закот бермоқ ёки фақиру бечораларга ёрдам, хайрли ишларга кўмак бўлсин учун инфоқ-эҳсонлар қилмоқ иймон дурустлигига қатъий далил саналади. Ана шундай мартабага мушарраф бўлганлар нажот топувчи саодатманд мўминлар сафидан жой оладилар.
“Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда-фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни бажарувчи кишилардир”. (Мўминлар сураси, 1-4 оятлар).

6. Сабр зиёдир.
Зиё оддий ёруғликдан фарқли ўлароқ, ҳарорати бор нурдир. Мисол учун ой ёруғлиги ҳароратсиз, қуёш зиёси эса иссиқлиги билан ундан анча фарқ қилади. “Сабр зиёдир!” дейилди. Чунки сабр нафсларга бироз оғир келади. Рўзадорлар ўзларини емоқ, ичмоқ ва шаҳват каби айрим кўнгилхушликлардан тўсадилар.
Сабр ғалаба сари етаклайди.
Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз.

Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг собир бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айландилар. Аллоҳ таоло сабрли бандаларига зиёда ажру савоблар инъом этажак. Улар Парвардигорнинг мақтовига ҳам лойиқ кўрилурлар: “Дарҳақиқат, Биз Айюбни сабр қилувчи ҳолида топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир”. (Сод сураси, 44-оят).
“Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз У Зотга қайтгувчидирмиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”.
(Бақара сураси, 155-157-оятлар).

7. Қуръон ҳужжатдир
Мўминнинг дастури ҳам, пешвоси ҳам Аллоҳнинг китобидир. У Қуръон кўрсатмасига бўйсунади, ундаги буйруқларни адо этиб, қайтариқларидан тийилади ҳамда Аллоҳ азза ва жалла китоби баён қилган хулқ билан хулқланади. Кимки Қуръон кўрсатмаларига биноан ҳаёт кечирса, Аллоҳнинг китоби бундай банданинг фойдасига ҳужжат бўлади. У соҳибини, яъни Қуръон тиловат қилувчи боамал мўминни ҳаёти дунёда нажот сари бошлайдиган далил, Қиёмат куни эса уни ҳимоя қиладиган бурҳон, яъни қатъий ҳужжат бўлади. Аммо Қуръон таълимотига бўйсунмаган, унинг ҳақ йўлидан озган кимсаларга нисбатан рўзи маҳшарда Аллоҳнинг китоби даъвогар мақомида туради. Бундай кимса Қуръон оятидан қанчалик кўп ўқиса, шунчалик гуноҳи ортади. Чунки у ўқиган нарсаларига амал қилмасдан, ўзига қарши ўзи далил-исбот тўплагандир.
“Албатта бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур”. (Исро сураси, 9-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Сизларга шундай бир нарсани қолдирдимки, агар уни маҳкам ушласангизлар, мендан кейин ҳаргиз залолатга юз тутмайсизлар: У Аллоҳнинг китобидир!” (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:”Қуръон ўқинглар! Қиёмат кунида у шафоат қилувчи бўлиб келади”.

а) Қуръон мўмин учун шифо, кофир ва мунофиқ учун озордир.
Мўмин Аллоҳ таоло китобидан ўзининг моддий ва маънавий оғриқларига шифо топади. У Қуръони каримни ўқиган сайин енгиллашиб, руҳан тетик бўлиб, томирларида ҳаёт қонлари қайнаб-тошаётганини ҳис қилиб боради. Кофиру мунофиқлар эса Қуръон тиловатини эшитсалар, сиқилиб, озорланишади. Уларнинг бўғинларига титроқ югуриб, бамисоли ҳалокат жарига қулаётгандек юзларини ғам босади.
“Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур”. (Исро сураси, 82-оят).
Салафлардан бири шундай дегандилар:
“Қуръон билан ҳамсуҳбат бўлиб, сўнг саломат ҳолида ўрнидан турган банда ё фойда ёки зиён топади”. Улуғ олим ушбу сўзларни айтгач, Исро сурасидаги 82-оятни тиловат қилдилар:
“Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур”.

б) Жаннат йўлида.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ажойиб мавъизалари сўнггида одамларнинг турли тоифалари хусусида гапирдилар.
Албатта ҳар бир тирик жон тонг оттириб, кунни кеч қилади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳар хил ҳолатда бўлишади. Кимдир кеча ёки кундузини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тоатида ўтказади. У Парвардигори билан ҳам, одамлар билан ҳам содиқ-ростгўй инсон мартабасида туриб муомала қилади ва пировардида ўзини ҳалокатдан, нафсини аччиқ азобдан асраб қолади. Бу ҳур фикрли, иродали, оқил инсон ўзи учун фақат абадий жаннат ва боқий неъматнигина муносиб кўради.
Яна кимдир кеча ёки кундузини маъсият ичида ўтказади. Аллоҳ билан ҳам, бандалар билан ҳам шариат ҳукмига зид муомалада бўлади ва натижада ҳалокатга учрайди. Шаҳвати ва шайтонига қул бўлган бу кимса ўзини жуда арзонга сотади: Унинг баҳоси ҳаёти дунёда бадбахтлик, Охиратда эса дўзах ўтида мангу ёнмоқликдир.
“Ҳамма тонг-саҳардан ҳаракат қилиб ўзини (Аллоҳга ёки шайтонга) сотади. Пировардида нафсини халос қилади ёки уни ҳалок қилади”.
Яъни ҳар бир инсон ўзининг саодати ёки ҳалокати сари ҳаракатланади. Аллоҳ тоати йўлида вақтини ўтказиб, ўзини Парвардигорига бағишлаган бандалар жонларини қаттиқ азобдан асраб қолурлар. Аллоҳга осийлик билан кунни кеч қилган ёки тонг оттирган кимсалар эса ўзларини арзимас чақага сотадилар. Улар Аллоҳ таоло ғазабини келтирувчи кирдикорлари боис, даҳшатли азобга гирифтор бўлурлар.
“Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб қўйган Зотга қасамки, дарҳақиқат нафсини-жонини поклаган киши нажот топди. Ва уни кўмиб-хорлаган кимса ноумид бўлди”. (Шамс сураси, 7-10-оятлар).
Тоат-ибодат нафсни поклайди, уни олий мақомларга кўтаради. Гуноҳ-маъсиятлар эса уни тупроққа қориб, хорликка ташлайди. “Айтинг: “Албатта зиёнкорлар Қиёмат кунида ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилувчи кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шугина очиқ зиёнкорликдир”. (Зумар сураси, 15-оят).

в) Мақбул ва нажотбахш шаҳодат.
Мўмин ўзининг мустаҳкам иймони ва Парвардигор зикри билан Охиратда нажот топишга интилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимда-ким тонг ёки тун кириши пайтида “Парвардигоро, мен тонгга етдим, Сени, Аршингни кўтариб турувчи фаришталарни, малоикаларингни ва жами мавжудотингни гувоҳ қилиб айтаман: Сен Аллоҳдирсанки, Сендан ўзга илоҳ йўқ ва Сен Ёлғиз ҳамда шериксиздирсан. Албатта, Муҳаммад Сенинг банданг ва элчингдир!” деб айтса, Аллоҳ таоло унинг тўртдан бир қисмини дўзахдан халос қилади. Бу зикрни икки марта айтса, ярми, уч маротаба айтса, тўртдан уч қисмини дўзахдан халос қилади. Агарда уни тўрт марта айтса, Аллоҳ уни бутунлай дўзахдан халос қилади”.
(Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу шаҳодат мўмин қалбида Аллоҳ таолодан қўрқувни кучайтиради ва уни тоат-ибодатларга муҳаббатли ҳамда гуноҳ-маъсиятлардан қочувчи бандага айлантиради. Юқоридаги шаҳодат шу тариқа банданинг дўзахдан йироқлашиб, Аллоҳ розилигига яқинлашишига сабаб бўлади.

г) Ўзингизни фақат Аллоҳга бағишланг.
Мўмин азиз ва олийҳиммат инсондир. Аллоҳнинг ҳақиқий қули ўзини фақат Аллоҳгагина сотишга рози бўлади. Чунки Ундан ўзга ҳеч ким мўминга муносиб ҳақ тўлай олмайди. Аслида, Аллоҳ таоло билан мўмин ўртасидаги савдо азалдаёқ пишган эди: “Албатта Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарида сотиб олди”. (Тавба сураси, 111-оят).
Шу боис, чин мўминлар ҳамиша Аллоҳ розилиги томон ошиқадилар. Улар ўзларининг комил баҳоларини қўлга киритмоқ учун Аллоҳ ғазабини келтирадиган амаллардан юз ўгирадилар. Аллоҳ таолонинг ҳақиқий бандалари мол-дунё қаршисида алданиб қолмайдилар. Динсиз кимсаларнинг таҳдиди ёки ўлим билан юзма-юз келиш хавфи уларни дин йўлидаги фаолиятларидан тўхтатиб қўймайди.
“Одамлар орасида Аллоҳ розилиги йўлида ўз жонини берадиган зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига Ғамхўр, Меҳрибондир”. (Бақара сураси, 207-оят).
“Мўминлар орасида ўзларини Аллоҳга берган (шаҳидлик ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан айрим кишилар ўз аҳдига вафо қилди, улардан баъзилари кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (аҳд-паймонларини) ўзгартирганлари йўқ”. (Аҳзоб сураси, 23-оят).

8. Ҳадис яна қуйидагиларни таълим беради:

1. Амаллар Қиёматда тортилади.
Улар оғир ёки енгил келиши мумкин. Ушбу ҳақиқат Қуръон, ҳадис ва ижмо билан тасдиқланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Иккита калима борки, улар Раҳмон учун суюкли, мезонда оғир ва тилга осон калималардир: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил-азийм”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мезонга қўйиладиган энг оғир нарса ҳусни хулқдир”.

2. Намоз шартларини тўлиқ бажариб, сўнгра унинг вақтлари, рукнлари, вожиблари, суннатлари ва одобларига риоя этган ҳолда ибодат қилмоқ лозим.

3. Хайрли ишларга ёрдам бермоқ, камбағал-муҳтожларга инфоқ-эҳсон қилмоқ ва бева-бечоралар, етимлар ҳамда камтарин-камсуқум инсонлар ҳолидан хабар олмоқ қилинган садақа-эҳсоннинг холис Аллоҳ юзи учун бўлишини таъмин этади.

4. Мусибатларга, хусусан дин ва даъват йўлидаги машаққатларга сабр қилмоқ керак.
“Сизга етган мусибатларга сабр қилинг!” (Луқмон сураси, 17-оят). “Бас, сиз ҳам Пайғамбарлар орасидаги сабр-матонат эгалари сабр қилганларидек сабр қилинг”. (Аҳқоф сураси, 35-оят).

5. Қуръон мусулмоннинг дастуридир. Барчамиз унинг маъноларини англаб, буйруқларига амал қилишимиз шарт.

6. Мўмин бутун вақтини Аллоҳ таоло тоатида ўтказишга интилади. У фақат Парвардигори билан машғул бўлади. Ҳамиша дунёю Охиратда ўзи учун фойдали бўлган амалларни бажаради.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЙИГИРМА ИККИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:41

ЙИГИРМА ИККИНЧИ ҲАДИС
Жаннат йўли


22 - عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَجُلا سَأَلَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَرَأَيْتَ إِذَا صَلَّيْتُ الصَّلَوَاتِ الْمَكْتُوبَاتِ، وَصُمْتُ رَمَضَانَ، وَأَحْلَلْتُ الْحَلالَ، وَحَرَّمْتُ الْحَرَامَ، وَلَمْ أَزِدْ عَلَى ذَلِكَ شَيْئًا، أَ أَدْخُلُ الْجَنَّةَ؟ قَالَ: "نَعَمْ". (رواه مسلم).

22. Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
- Айтинг-чи, мен фарз намозларини ўқисам, Рамазон рўзасини тутсам, ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб билсам ва бошқа ҳеч бир амални зиёда қилмасам, жаннатга кираманми?
- Ҳа! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Журжоний ёзадилар: “Мазкур ҳадис дини Исломда улкан ўрин тутади. У диннинг барча қисмини ўзида жамлаган. Чунки амаллар қалбий ва баданий бўлади. Ҳар иккисининг ичида ҳам рухсат берилгани ва ман этилгани мавжуд. Модомики, банда ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилар экан, демак у барча вазифаларни адо этади ва шу тариқа жаннатга киради”.
Ҳадисдаги савол сўраган саҳобийнинг исмлари Нўъмон ибн Қавқал Хузоийдир. У киши Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашганлар ҳамда Уҳудда шаҳид бўлганлар. Уҳуд куни Нўъмон розияллоҳу анҳу:
- Эй иззат эгаси бўлган Раббим! - деган эдилар. - Мен Сенинг номингга қасам ичиб айтаманки, қуёш ботгунга қадар мана шу оқсоқ оёғим билан жаннат майсаларини босиб юраман.
Нўъмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Нўъмон Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлди. У Аллоҳни ўзининг хайрли ўйида топди. Мен Нўъмоннинг чўлоқ бўлмаган ҳолда жаннат майсаларини босиб юрганини кўрдим”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламларга раҳмат қилиб юборилганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам башариятни оқибати дўзах бўлган залолат зулматидан қутқариб, жаннатга боришнинг очиқ ва енгил йўлига бошламоқ учун бутун оламларга раҳмат этиб юборилганлар. Аллоҳ таоло жаннат йўлини маълум ҳад-ҳудудлар билан белгилаб қўйди ва айни чегараларга риоя этган ҳолда юришни буюрди. Ана шу тартибга бўйсунган бандалар ўз мақсадларига етишадилар. Қарши чиққанлар эса жаҳаннам қаърига қулайдилар. Албатта Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралар инсон тоқатидан ташқарида эмас. У Зот ҳамиша бандаларига енгиллик беришни истайди. Уларга оғирликни раво кўрмайди. Мазкур ҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ўрганган кишилар кўз ўнгида очиқ-ойдин намоён бўлади.

2. Жаннат талабида ҳаракат қилмоқ.
Жобир розияллоҳу анҳу жаннатга муҳаббатли бир мўмин ҳақида ҳикоя қилдилар. Улуғ саҳоба ўзининг суюкли Пайғамбарини кенглиги осмонлар ва ер қадар бўлган, тақводор зотлар учун ҳозирлаб қўйилган жаннат талабида саволга тутди. Жаннат боғларига бошловчи йўлни кўрсатишларини ўтинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг талабини бажо келтирдилар.
Саҳобаи киромлар турли муносабатларда ушбу саволни ҳар хил услублар билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бот-бот сўрашган:
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
- Мени жаннатга олиб кирадиган амал ҳақида сўзлаб беринг!
- Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қил, намозни тўкис адо эт, закот бер ва қариндош-уруғларинг билан алоқани узма! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Мени жаннатга яқинлаштириб, дўзахдан узоқлаштирадиган амал ҳақида хабар беринг, мен ўша амални қиламан”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят этган “Саҳиҳайн”даги ҳадис ҳам юқоридаги мазмунни такрорлаган. Фақат унда “Яқинларинг билан алоқа қил” лафзи ўрнига “Рамазон рўзасини тут!” дейилган.
Ибн Мунтафиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда турганларида ёнларига бордим ва:
- Ё Расулуллоҳ! Сиздан икки нарса ҳақида сўрайман: Мени дўзахдан нима асрайди ва нима жаннатга киргизади? - деб савол бердим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:
- Саволинг қисқа бўлса-да, сўраган нарсанг жуда улкан ва унга олиб борувчи йўл жуда узоқ! Энди, яхшилаб қулоқ сол: Аллоҳга ҳеч нарсани шерик этмасдан, холис ибодат қил, фарз намозларни комил адо эт, фарз бўлган закотни адо эт ва Рамазон рўзасини тут. Одамларнинг сенга қандай муомала қилишларини истасанг, ўзинг ҳам уларга шундай муомалада бўл. Сенга нисбатан қилишларини истамаган муомаладан бошқаларни ҳам халос эт.
(Аҳмад ривоятлари).

3. Фарзларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмоқ нажот гаровидир.
Нўъмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
- Агар мен фарз намозини ҳеч қолдирмасдан ўқиб борсам...
“Албатта намоз мўминларга вақти тайинланган фарз бўлди”. (Нисо сураси, 103-оят).
- Рамазон ойида барча қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда рўза тутсам...
“...Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва Фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”. (Бақара сураси, 185-оят).
- Сўнгра ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилиб ва ҳаромдан четланиб фақат ҳалол ишларгагина қўл урсам-у... бошқа мустаҳаб-нафл амалларни бажара олмасам, айрим макруҳ ишлардан ўзимни тўхтата олмасам... Жаннатга кираманми?... Бор-йўғи шугина амалим менинг Аллоҳ ҳузурида нажот топишимга ва энг катта орзу-умидим бўлган жаннатга киришимга кифоя қиладими? Ҳеч қандай азоб ёхуд жазога дучор бўлмасдан, Аллоҳга яқин солиҳ бандалар ва пешқадамлар қаторида тураманми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган жавоб содиқ саҳобийнинг қалбини қувончга тўлдирди. Нўъмон розияллоҳу анҳу дилларига ором бағишлайдиган, кўнгилларини тўқ қиладиган жавобни эшитдилар: “Ҳа!”
Яъни юқорида санаб ўтган амалларинг сенинг жаннатийлар қаторидан жой олишингга кифоя қилади. Қандай қилиб ҳам “Йўқ!” жавоби эшитилсин?! Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорлари номидан қуйидаги сўзларни айтганлар-ку:
“Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилувчилар Мен фарз этган амалларни адо этишдек нарса билан яқинлик ҳосил этмайдилар”. (Ҳадиси қудсий. Бухорий ривоятлари).
Эй, ўз лафзида содиқ бўлган мўмин! Аллоҳ таолонинг ушбу хушхабари билан шодланинг:
“(Мўминлар) Аллоҳнинг ҳудудларини муҳофаза қилувчилардир. Бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг!” (Тавба сураси, 112-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Беш вақт намозни ўқийдиган, Рамазон рўзасини тутадиган, закот чиқарадиган ва етти гуноҳи кабирадан сақланадиган ҳар бир банда учун жаннат эшиклари очилади. У хоҳлаган эшикдан жаннатга киради”.
Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар:
“Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил-жаннатга киргизурмиз!” (Нисо сураси, 31-оят. Мазкур ҳадисни Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар).

Бу ҳақда яна бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин.
Етти гуноҳи кабира қуйидагилардир:
1. Зинокорлик;
2. Ароқхўрлик;
3. Сеҳр қилиш;
4. Покизалик билан танилган инсонни зинокорликда айблаш;
5. Бир жонни қасдан ўлдириш;
6. Судхўрлик;
7. Ислом душманлари қаршисида жанг майдонини ташлаб қочмоқ.
Ҳадиси шарифларда бошқа гуноҳи кабиралар ҳам зикр этилган. Валлоҳу аълам.

4. Ислом енгиллик динидир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ердаги жавоблари, шунингдек, бошқа ҳадислар ҳам, Исломда ҳараж-танглик йўқ эканлигига очиқ далилдир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари машаққатни юкламайди.
“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара сураси, 185-оят).
“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмайди”. (Бақара сураси, 286-оят).
“(Аллоҳ) бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик пайдо қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
Шариатдаги барча буйруқлар инсон тоқати доирасида бўлиб, улар енгиллик асосига барпо қилинган. Чунки Ислом аҳкомлари Меҳрибон, Билгувчи ва Хакийм Зот бўлган Аллоҳ таоло томонидан жорий этилгандир. Шу боис, оқил инсонлар дунёю Охират саодатига эришмоқ йўлида шариат буйруқларига тўла-тўкис қулоқ тутадилар.

5. Мўминнинг ростгўйлиги ва самимийлиги
Нўъмон розияллоҳу анҳу тили ҳам, қалби ҳам очиқ бўлган содиқ мусулмоннинг ажойиб намунасидирлар. Улар ўзларини тақводор қилиб кўрсатишга уринмадилар, қилмайдиган ёхуд қила олмайдиган ишлари ҳақида лоф урмадилар. Нўъмон - нажот ва боқий муваффақият талабида юрган инсон. У зот мақсадларига олиб борувчи омилларни бажаришга ҳозиру нозирдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга “Ҳа” деб жавоб берганларидан сўнг улуғ саҳобийнинг ростгўйлиги ва очиқлиги янада равшанроқ намоён бўлди.
- Аллоҳга қасамки, - дедилар Нўъмон розияллоҳу анҳу, - мана шу амалларга зиёда ҳеч нарса қўшмайман!
Аллоҳ таоло розилигига У Зот фарз этган қулай амалларни бажариш билан эришилади. Бинобарин, шариат аҳкомлари содиқ мўминларга қулайдир. Аллоҳ таоло шариатни улар учун ўнғай қилиб қўйган. Парвардигор қалбларига муҳр босиб қўйган бадбахт кимсалар учун эса Ислом фақат оғир машаққатлардан иборат бўлиб туюлади.
“Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар! Албатта намоз ўқиш оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишлари ва шубҳасиз Унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга оғир эмасдир”. (Бақара сураси, 45-46-оятлар).
Қалблари иймон нури билан мунаввар бўлган, мунофиқлигу мақтанчоқликдан мутлақо пок ва шариат аҳкомларининг қадр-қимматини яхши биладиган чин мўминлар томонидан юқоридаги очиқ эътироф кўп бора такрорланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳамиша уларга бир хил жавоб берганлар.
Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир аъробий - Зимом ибн Саълаба розияллоҳу анҳу келиб, у зотдан намозлар хусусида сўради.
- Беш вақт намоз! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Булардан бошқа фарз намозлари ҳам борми? - сўради саҳройи араб.
- Йўқ. Фақат хоҳишинг бўлса, нафл намозлар ўқишинг мумкин.
Саҳобий бошқа фарзлар ҳақида сўраб-суриштирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга фарзларни баён қилиб бердилар.
- Менинг зиммамда бундан ташқари вожиботлар ҳам борми?
- Йўқ! Фақат хоҳишинг бўлса, нафл ибодатларни адо этишинг мумкин!
- Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга фарз этган нарсалардан ортиқча ҳеч нарсани ихтиёр этмайман ҳам, улардан ҳеч нарсани олиб ташламайман ҳам! - деди-да, Зимом ибн Саълаба розияллоҳу анҳу кетди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийнинг орқасидан:
- Агар у сўзида содиқ бўлса, нажот топди! - дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
“Саҳиҳи Муслим”да охирги сўз қуйидагича ворид бўлган: “Агар у ўзига буюрилган нарсаларни маҳкам тутса, жаннатга киради”.
“Саҳиҳайн”даги бир ривоятда эса бундай дейилган: “Кимда-ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўрмоқни истаса, унга қарасин!”

6. Закот ва ҳаж - Исломнинг икки фарзи
Закот Ислом арконларидан саналиб, динда унинг ўрни ва аҳамияти жуда улкандир. “Уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг”. (Тавба сураси, 103-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб бундай дедилар:
- Айтгинки, Аллоҳ уларга закотни фарз этди. У бойлардан олиниб, фақир-бечораларга қайтарилади! (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Байтуллоҳга ҳаж қилиш ҳам худди шу мақомда туради. “Йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш вазифаси бордир”. (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Эй инсонлар! Аллоҳ сизларга ҳаж қилишни фарз этди. Ҳаж қилинглар! (Муслим ривоятлари).
Ушбу икки рукнни адо этишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон уларга қаттиқ эътибор бермоғи лозим. Чунки мазкур фарзлар мукаллаф банданинг дўзахдан омонлик топиб, жаннатга киришида асосий шартлардан ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Мунтафиқнинг саволига жавоб бериб шундай дедилар (Ибн Мунтафиқ “Мени жаннатга нима олиб киради?” деб сўраган эдилар):
- Аллоҳдан қўрқ, Унга ҳеч нарсани шерик қилма, намозни тўкис адо эт, закот бер, Байтуллоҳни ҳаж қил ва Рамазон рўзасини тут! (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нўъмон розияллоҳу анҳуга закот ва ҳаж хусусида ҳеч нарса демадилар. Буни қуйидаги шарҳларнинг бири билан изоҳлаш мумкин:
а) У пайтда закот ва ҳаж фарз қилингани йўқ эди.
б) Нўъмон камбағал одам бўлганлари боис, закот ва ҳажга қодир эмасдилар. Бинобарин, уларга мукаллаф ҳам эмасдилар.
в) Саҳобийнинг “ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам”, деган сўзларининг умумий маъноси закот ва ҳажни ҳам қамраб олади. Чунки юқоридаги сўзни айтган киши барча фарз амалларни адо этиб, жами мункар ишларни тарк қилмоғи лозим эди. Закот ва ҳажни адо этмоқ ҳалол-фарз, уларни тарк қилмоқ эса ҳаром-мункар ишдир.

7. Намоз ва рўзанинг аҳамияти
• Намоз
Сўровчи саволини айнан намоздан бошлади. Бу нарса саҳобийларнинг намоз масаласини нечоғлик муҳим санашганини кўрсатади. Қандай қилиб унинг аҳамияти бўлмасин, ахир намоз диннинг асоси ва мусулмонликнинг аломати-ку?! Мўминлар бир кеча-кундузда беш вақт намозни барча одобу суннатлари билан тўлиқ адо этадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бу ишнинг боши Исломдир. Исломни қабул қилган киши саломат қолади. Унинг асоси эса намоздир. Чўққиси - Аллоҳ йўлидаги жиҳод!” (Табароний ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимда-ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган жонлиғимизни еса, у Аллоҳ ҳамда Пайғамбар ҳимоясидаги мусулмондир”. (Бухорий ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар масжидларга қатнашни канда қилмайдиган кишини кўрсангиз, унинг иймонли эканига гувоҳлик берингиз!” (Термизий ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Намози йўқ кимсанинг дини йўқ! Дини Исломда намознинг тутган ўрни бамисоли танадаги бошнинг ўрни кабидир”. (Табароний ривоятлари).
• Бенамоз кимсанинг ҳукми
Ҳадиси шарифларда намозни тарк қилмоқ куфр ёхуд куфрга олиб борувчи восита сифатида баҳоланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Киши билан куфр ўртасида намозни тарк этмоқ туради”. (Муслим ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биз билан улар ўртасидаги аҳд намоздир. Кимда-ким уни тарк қилса, куфр келтирган бўлади”.
(Аҳмад ва “Сунан” соҳиблари ривояти).
Абдуллоҳ ибн Шақиқ Уқайлий айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари амаллар ичида фақат намозни тарк этишни куфр деб билардилар”. (Термизий ва Ҳоким ривоятлари).
Юқорида келтирилган шаръий далилларга асосланиб, намозни тарк қилган кимсанинг ҳукмини билишимиз мумкин. Банданинг нима учун ва қайси эътиқод билан намоз ўқимаслигига қараб мазкур ҳукмлар турлича бўлади.
а) Намознинг фарзлигини ва асосий ибодатлардан бири эканини инкор этиб, намозни тарк этган кимса билиттифоқ кофир ва муртад ҳисобланади. У мусулмонлик даъвосини қилиб, Исломнинг бошқа амалларини адо этса ҳам, модомики юқоридаги эътиқодидан воз кечмаса, мўмин бўлмайди. Уни тавбага чақирилади, агар шунда ҳам бу гумроҳликдан қайтмаса, иш қаттиқлашади.
б) Бироқ намознинг фарзлигини тан олсаю дангасаликдан ёки енгил-елпи қараш сабабли намоз ўқимаса, мусулмонлар ижмосига биноан бундай банда фосиқ саналади. Мазҳаб имомлари бундай ярамас одатли кимсаларга қандай муомала қилиш хусусида турлича фатво берганлар.
Абу Ҳанифа ва у кишининг асҳоблари ижтиҳоди: “Дангасалик қилиб намоз ўқимайдиган кимса ҳибсга олиниб, дарра ва бошқа йўллар билан таъзир берилади. Агар намоз ўқишни бошламаса, умрбод ҳибсда сақланади. Чунки у одамларга ёмон ўрнак кўрсатиши ва Ислом ҳукмларига нисбатан бепарволикни вужудга келтириши мумкин”.

• Рўза
Рўза Исломда намоздан кейин иккинчи мартабада туради. Бироқ фарзлик борасида ҳар иккиси бир хилдир. Рўзанинг Ислом рукнларидан бири эканлиги уммат ижмоси билан ҳам таъкидланган. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Нўъмон розияллоҳу анҳу намоздан кейин рўзани тилга олишларининг боиси ҳам мана шунда.
Намоз ҳар куни беш маҳал ўқилса, рўза ҳар йили тўлиқ бир ой тутилади. Рўзадор Аллоҳ учун очлик ва ташналикка бардош беради, ўзини тута билишни ўрганади, шаҳватлар чангалидан халос бўла бошлайди, камбағал-бечоралар аҳволини тушуниб, уларга ёрдам бериш сингари фазилатли хулқларга одатланади. Натижада жамиятда адолат ва ўзаро ҳамжиҳатлик туйғулари ривож топади. Шу боис, рўза Аллоҳ таолонинг қуйидаги эътиборига муносиб топилди. Аллоҳ таоло айтади: “Одам боласининг барча амали ўзи учундир. Фақат рўзагина бундан мустасно. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Рўза қалқондир!” (Ҳадиси қудсий, Муслим ривоятлари).
Ҳа, рўза маъсиятлар ҳамда дўзах оташидан тўсувчи қалқон, гуноҳлар каффорати ва жаннатийлар сафидан жой олиш учун воситадир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки иймон билан ва савоб умид этган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг барча ўтган гуноҳлари кечирилади”. (Бухорий ва бошқалар ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, дедим:
- Менга шундай бир амални буюрингки, у мени жаннатга олиб кирсин.
- Рўза тут. Зеро унинг тенги йўқдир, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Сўнг иккинчи маротаба келдим.
- Рўза тутгин, - деб жавоб бердилар яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Аҳмад ва бошқалар ривояти).
• Рўза тутмаган кимсанинг ҳукми
Рўзанинг фарзлигини инкор этиб, Рамазон рўзасини тутмаган кимса билиттифоқ кофир-муртад ҳисобланади. Унга муртад каби муомала қилинади. Чунки Рамазон рўзасининг фарзлиги қатъий далиллар билан собит бўлган.
Аммо ҳеч қандай узр-сабабсиз, бепарволик қилиб Рамазон рўзасини тутмаган кимса мусулмонлар ижмосига биноан фосиқ саналади. Унинг Исломи шубҳали бўлиб, диндан чиқиб қолиши гумон қилинади. Бундай бепарволик бандани куфрга олиб боради.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Ислом ришталари ва дин устунлари учтадир. Ислом асослари улар устида барқарор бўлади. Кимда-ким шулардан бирини тарк этса, кофир бўлиб, қони ҳалол бўлади: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деб гувоҳлик бермоқ, фарз намози ва Рамазон рўзаси. (Абу Яъло ва Дайламий ривоятлари. Заҳабий саҳиҳ деганлар).
Ҳеч қандай узрсиз рўза тутмаган кимса ҳибсга олинади ва кундузи емоқ-ичмоқдан маҳрум қилинади. Яъни рўза тугагунга қадар ана шу тарзда рўзанинг ташқи кўриниши ҳосил қилинади.

8. Ибодат мартабалари. Мўмин ҳамиша комил даражага интилади
Иймон камолот асосидир! Банданинг жаннатга кириш-кирмаслиги унинг иймонига боғлиқ. Аллоҳга, Пайғамбарларга, илоҳий китобларга, фаришталарга, Охират кунига ва қазои қадарга иймон келтириб, ширкдан пок бўлган мўмин шубҳасиз жаннатга киради. Агар у фарзларни бажармасдан ва мункар ишлардан тийилмасдан ҳаёт кечирган бўлса, қилмишига яраша жазо олиб, сўнгра жаннатга киради. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб, сўнг ана шу калима устида вафот этган ҳар бир банда жаннатга киради”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ёлғиз ва шериксиздир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг қули ва элчисидир. Ийсо Аллоҳнинг қули, Пайғамбари, Марямга туширган калимаси ва руҳидир. Жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳақ!” деб гувоҳлик берган бандани қандай амали борлигига қарамасдан Аллоҳ жаннатга киритади”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
• Фарзларни бажариб, ҳаром ишлардан йироқ юрмоқ бандани дўзахдан сақлайди.
Аллоҳ таоло ибодатидаги асллик фарзларга риоя этиб, ҳаром ишларни тарк қилишдир. Ушбу қоидага тўла-тўкис амал қилган инсон ҳақиқий бахт ва муваффақият мазасини тотади.
Амр ибн Мурра розияллоҳ анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ! Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва сизнинг Пайғамбар эканлигингизга гувоҳлик бераман, беш вақт намоз ўқийман, молимнинг закотини бераман ва Рамазон рўзасини тутаман!
- Кимда-ким юқоридаги нарсаларга амал қилса, модомики ота-онасига оқ бўлмас экан, Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан Қиёмат кунида мана бундай бирга бўлади! - деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки бармоқларини кўрсатдилар. (Аҳмад ривоятлари).
Ота-онага Аллоҳ ва Расули буюрганидек муомала қилмаслик уларга оқ бўлиш дейилади.

• Нафл ибодатлар инсонни Аллоҳ таолога янада яқинроқ қилади
Шариатнинг фарз буйруқларига бўйсуниб, ҳаром ишлардан ўзини покиза сақловчи мусулмон нафл ибодатларни тарк этгани ёхуд макруҳ амалга қўл ургани учун жазога тортилмайди.
Бироқ нафл ибодатларни ташлаб қўйиш оммавий тус олса, шариат буни кечирмайди. Яъни улар суннатни оммавий тарзда тарк этганлари учун жавобгар бўладилар. Чунки бу ҳолат суннатга амал қилмайдиган маҳалла аҳлининг нафл ибодатлардан мутлақо юз ўгирганларига, уларнинг суннатга хоҳиш-рағбатлари йўқ эканига далолат қилади.
Энди якка бир шахснинг суннатларга риоя қилмаслиги масаласига ўтсак. Кимда-ким суннат амалларни арзимас санаб ёки фазилати ва шаръийлигига эътиқод қилмагани сабабли тарк этадиган бўлса, жазога мустаҳиқ бўлади.
Нафл ибодатларнинг шаръийлигига шубҳа билдирмаса-да, ялқовлиги боис мудом уларга амал қилмайдиган киши эса, фосиқликнинг бир турига қўл урган ҳисобланади. Динга ва унинг вазифаларига бепарво қараган бундай кимсаларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Боз устига, улар жуда улкан ажру савоблардан бебаҳра қолишади. Унутманг, нафл ибодатлар фарзларда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар ўрнини тўлдиради.
Аллоҳ таоло ҳузурида юксак даражаларга эришиш умидида юрган жаннат талабгори нафл ибодатларни ташлаб қўймайди. Ҳаром ва макруҳ амалларга яқин йўламайди. У ўзидан талаб этилган фарз, вожиб ва суннат ўртасини ажратмаганидек, ман этилган ҳаром билан макруҳни ҳам ажратмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ўзларига нима буюрилган бўлса, тўлиқ бўйсунганлар, шариат қайтарган амаллардан юз ўгирганлар. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини дастуруламал қилиб олган эдилар: “Пайғамбар сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар!” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Яъни ажр-савоб топиш ва раҳмату розиликка эришиш учун маъсиятлардан пок сақланиб, шариат ҳукмига бўйсунинг! Тобеинлар, улардан кейинги салафи солиҳлар ва улуғ уламолар худди шундай ҳаёт кечирганлар.
Шариат аҳкомларини вожиб, мандуб, мубоҳ ва макруҳ деган қисмларга ажратиш фақиҳларнинг изланишлари натижасида юзага келган. Чунки одамлар қайси амал дуруст ёки қай бири ботил ё фосид эканлигини ажратиб олишлари лозим эди. Акс ҳолда улар қайси амални қайтадан қилиш ёки қилмаслик каби фиқҳий ҳукмлардан бехабар қолишарди.
Саҳобий “Юқорида айтганларимга ҳеч нарса қўшмайман!” деганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътироз билдирмадилар. Унга нафл ибодатларнинг фазилатини уқтириб ўтирмадилар. Биз биламизки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги саҳобийга енгил ва ўнғай бўлиши учун ҳеч нарса қўшмадилар. Бу билан раҳбарлар ва ҳақ даъватчиларига ҳам ўгит бердилар. Токи улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, кечиримлилик ва бағрикенглик каби улуғ хулқларга интилсинлар, омма учун ҳамиша динни қулай кўрсатиб, уларни ҳам ҳаракатга чорласинлар! Ислом енгилликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги сукутлари айни ҳақиқатга ҳаётий исбот ва тасдиқ мақомида туради.
Аллоҳ таоло фарз этган амалларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан ўзини покиза сақлаган мўминнинг қалби мунаввар бўлади ва Аллоҳ таоло ибодатидан ажиб роҳат туяди. Ана шу ором, хотиржамлик ва қалб сокинлиги бандани ибодатга янада муҳаббатли қилиб қўяди. У энди фақат фарзлар билан кифояланмайди. Нафл амалларни ҳам алоҳида меҳр билан адо этиб, макруҳ ишлардан тийилади. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, қуйидаги ҳадиси қудсийни эшитган мусулмон қандай қилиб нафл ибодатларга бепарво бўлиши мумкин:
“Аллоҳ таоло айтади: “Бандам нафл ибодатлари билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Сўраса, бераман. Агар паноҳ тиласа, паноҳимга оламан. Дуо қилса, дуосини ижобат этаман!” (Бухорий ривоятлари).
Яъни Аллоҳ таоло суйган бандасига ҳамиша мададкор бўлади. Уни бало-офатлардан асрайди. Ҳар ҳаракати ва ишида унга ўзи кўмак беради.
Камолот пиллапояларидан ана шу тарзда дадил одимлаётган тақволи банда кундузлари қўрқмас баҳодирга, тунлари эса Аллоҳ қўрқувидан сел-сел кўзёши тўкадиган ҳақиқий обидга айланади.
“Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунлари кўп ибодат қиладилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар”. (Сажда сураси, 16-оят).

9. Бир нарсани ҳалол ёки ҳаром қилиш ҳақ-ҳуқуқи Аллоҳдан ўзга ҳеч кимда йўқ!
Мусулмон киши ўзининг яхши ёки ёмон амал қилишидан қатъиназар (зотан дунёда бегуноҳ кимса топилмайди), Аллоҳ ҳалол этган нарсани ҳалол, ҳаром қилганини ҳаром деб билмоғи шарт. Бу иймоннинг асоси саналади. Шариат ҳалол қилган нарсани ҳаром ёки ҳаром қилганни ҳалол этишга журъат этган кимса Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққига аралашмоқчи бўлган ҳисобланади. Чунки бир нарсани ҳалол ёки ҳаром деб белгилаш ожиз бандаларнинг иши эмас. Кимда-ким Аллоҳ ва Расули жорий этган қонунга хилоф юришни ўзига ҳалол деб билса ва ўзича шариатга зид қонунлар чиқарса, дини Исломдан ажралади. Ундан Аллоҳ ҳам, Расули ҳам покдир!
“Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва Аллоҳ белгилаган чегарадан тажовуз қилманглар! Албатта Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас!” (Моида сураси, 87-оят).
Ривоят қилишларича, ушбу оят зоҳидлик йўлини тутиб, айрим ҳалол нарсаларни ўзларига ҳаром қилмоқчи бўлган бир неча саҳобий хусусида нозил этилган экан. Ҳалол неъматлардан бутунлай юз ўгирмоқчи бўлган саҳобаларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича жавоб берганлар:
“Мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза тутаман, тутмасдан ҳам юраман ҳамда аёлларга уйланаман. Кимда-ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бу ҳадисда нафл намоз ва нафл рўза ҳақида сўз юритилган.

10. Қасамни бузиш ва унга вафо қилиш
Бирон-бир хайрли ишни қилишга қасам ичган инсон қасамига вафо қилгани афзал. “Қасамларингизни бузишдан сақланингиз!” (Моида сураси, 89-оят).
Бирон вожибни тарк этишга ёки бирон гуноҳ-маъсиятни қилишга қасам ичган киши қасамини бузиши шарт.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимда-ким бир маъсиятни қилишга қасам ичган бўлса, унинг қасами йўқ!” (Абу Довуд ривоятлари). Яъни, бундай нотўғри қасамга амал қилинмайди.
Бир хайрли ишни қилмасликка қасам ичиб қўйган киши гарчи ўша хайрли иш вожиб-фарз бўлмаса ҳам, қасамини бузгани афзал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қасам ичган киши ичган қасамидан хайрлироқ нарсани кўриб қолса, ўша хайрли нарсани қилсин. Қасамига эса каффоратини берсин”. (Муслим ривоятлари).

11. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:
• Мусулмон фарзанди ўзи билмайдиган фиқҳий фатволарни аҳли илмлардан сўраб ўргансин. Ўшанда у қилаётган амалининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб хотиржам бўлади.
• Устозлар сўровчиларга нисбатан бағрикенглик билан муомала қилмоқлари лозим. Улар кишиларга яхши хабарлардан сўзлаб, мулойимлик билан шариат аҳкомларига тарғиб қилсинлар.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЙИГИРМА БИРИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:40

ЙИГИРМА БИРИНЧИ ҲАДИС
Ҳақ устида собитқадамлик ва иймон


21 - عَنْ أَبِي عَمْرٍو، وَ قِيلَ: أَبِي عَمْرَةَ سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْ لِي فِي الإِسْلامِ قَوْلاً، لا أَسْأَلُ عَنْهُ أَحَدًا غَيْرَكَ. قَالَ: "قُلْ آمَنْتُ بِاللهِ ثُمَّ اسْتَقِمْ". (رواه مسلم).

21. Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Менга Исломда шундай бир сўз айтингки, у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Аллоҳга иймон келтирдим, деб айтгин-да, сўнгра тўғри йўлда юр! (Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Мазкур ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган жавомеул калим (қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалаш) мўъжизасининг ажойиб намунасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийнинг саволига икки оғиз сўз билан жавоб бердилар ва мана шу икки калимада Ислом асосларини баён этдилар: Иймон ва ҳақ устида собитқадам туриш. Маълумки, Ислом тавҳид ва итоатдан иборат. Тавҳид Аллоҳга иймон келтириш билан юзага келса, итоат тўғри йўлда юриш билан бўлади. Зеро, у шариат буйруқларига тўла бўйсуниб, қайтарилган амаллардан йироқ юрмоқдир. Иймон, Эҳсон ва Ислом каби қалб ҳамда бадан амали ушбу доира ичига киради. “Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!” (Фуссилат сураси, 6-оят).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Тўғри йўлда юриш нима дегани?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга иймон келтирдим, дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!” - дедилар.
Бошқа бир ривоятда: “Раббим - Аллоҳ!” дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!” дейилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари қуйидаги оятлардан олингандир:
“Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб сўнгра тўғри йўлда юрган зотларнинг олдиларига (ўлим пайти) фаришталар тушиб, дерлар: “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!” (Фуссилат сураси, 30-оят).
“Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деган, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотлар учун хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар”. (Аҳқоф сураси, 13-оят).
Абу Бакр розияллоҳу анҳу “Сўнгра тўғри йўлда устивор бўлганлар...” оятини қуйидагича шарҳлаганлар: “Улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмадилар. Аллоҳдан ўзга биронта илоҳга юзланмадилар. Аллоҳ таоло - Парвардигоримиз, деб собит турдилар”.
Умар розияллоҳу анҳу юқоридаги оятни минбарда туриб тиловат қилдилар-да, бундай дедилар: “Улар Аллоҳ таолонинг тоатида собит турдилар. Тулкига ўхшаб йўлда эгри-бугри юрмадилар”.
Юқоридаги сўзларда комил тавҳид устида устивор туриш таъкидланаяпти.
Қушайрий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик ишларни камолга етказувчи бир даражадир. У мавжуд бўлиши билан яхшиликлар юзага келади ва тартибга тушади. Ҳақ йўлда собит бўлмаган киши охир-оқибат муваффақиятсизликка учрайди”.
Тўғри йўлда устивор туришга фақат улуғ инсонларгина қодир бўладилар. Чунки у одат ва кўникмалардан ажралиб, Парвардигор қаршисида содиқ бўлиб турмоқдир.
Воситий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик шундай бир сифатки, у билан хайрли ишлар камолига етади”.
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик бу тўғри йўл-ҳақ дин устида ўнгу сўлга бурилмасдан, оғишмасдан собит қадам ташламоқдир. У барча зоҳирий ва ботиний тоат-ибодатларни ҳам, жамики қайтариқларни ҳам ўз ичига олади. Демак, Пайғамбаримизнинг ушбу васиятлари барча хайрли хислатларни ўзида мужассам этган”.

2. Инсон тўғри йўлда юриш борасида ҳам ноқис
Ҳақ йўлда собитлик ҳолату маърифат камолида улуғ даража, сўзу амалда қалбнинг поклиги ҳамда эътиқоднинг бидъат ва залолатлардан тозалиги дея таърифланган экан, инсон тўғри йўлда тўла-тўкис бўла олмайди, барибир унинг камчиликка йўл қўйиши турган гап.
“Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри тоат-ибодатда бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз”. (Фуссилат сураси, 6-оят).
Яъни нуқсон-камчиликларни йўқотиш учун мағфират тилаб, тўғриликка қайтингиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни тўғриликка, ҳақ устида собит туришга буюрдилар:
“Тўғриликда собит бўлаверингиз. Аммо ҳаргиз тўла-тўкис тўғриликда бўлолмайсизлар”.
(Муслим ва Аҳмад ривоятлари).
“Тўғри йўлга юринглар ва тўғриликка яқинлашаверинглар!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Юқоридаги ҳадислар инсоннинг тўғрилик борасида нуқсонли эканига очиқ далилдир. Ҳақ йўлда собит бўлиш сўз, амал ва мақсадларнинг барчасида нишонга аниқ отилган ўқдек тўғри бўлишни талаб қилади.

3. Қалбнинг тўғрилиги
Тўғри йўлда устивор туриш негизида тавҳид асосидаги қалб тўғрилиги ётади. Қачонки қалб Аллоҳни таниб, Ундан қўрқиб, Уни улуғлаб, севиб, истаб, Унга илтижо қилиб, таваккул этиб, фақат Ундан умидвор бўлиб ва ўзгалардан юз ўгириб, тўғрилик касб қилар экан, тананинг бошқа аъзолари ҳам Аллоҳнинг тоат-ибодатида устивор бўлади. Чунки қалб тана аъзолари қаршисида шоҳ саналса, аъзолар унинг оддий аскарларидир. Агар шоҳ ислоҳга юз тутса, қўшин ҳам, раият ҳам салоҳиятли бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Огоҳ бўлингизким, танада бир парча гўшт бор. Агар шу парча гўшт яхшиланса, бутун тана яхшиланади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Билингларки, у қалбдир!” (Бухорий ривоятлари).

4. Тилнинг тўғрилиги
Инсон аъзолари орасида қалбдан кейин тилнинг тўғрилиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Киши учун энг хавфли нарса хусусида савол беришганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб кўрсатганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Банданинг иймони то унинг қалби тўғриланмагунга қадар тўғриланмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди”. (Аҳмад ривоятлари).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Одам боласи уйғонганида, унинг аъзолари тилни ўраб олиб шундай дейдилар: “Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Чунки биз фақат сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз!” (Термизий ривоятлари).


5. Тўғрилик фойдаси
Тўғрилик ўз соҳибига тоат-ибодат билан ҳавою хоҳишлар ўртасида бўладиган жангу жадалда мустаҳкамлик бахш этади, уни мардлик ва муваффақият сари етаклайди. Шу боис, ҳақ йўлдан асло оғишмай ҳаёт кечирган солиҳ бандалар шу дунёдаёқ фаришталардан жаннат хушхабарини эшитишга ҳақли бўладилар. Аллоҳнинг малоикалари уларнинг хавф-хатар ва ташвишларини аритиб юборадилар.
“Албатта: “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотларнинг олдиларига фаришталар тушиб дерлар: “Қўрқманглар ва маҳзун бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун жаннатда кўнгилларингиз тусаган нарсалар бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайё”. (Фуссилат сураси, 30, 31-оятлар).

6. Тўғрилик аҳамияти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигор томонидан айнан шу нарсага буюрилдилар:
“Ўзингизга буюрилганидек тўғри йўлда бўлингиз”. (Ҳуд сураси, 112-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръоннинг жамики оятлари ичида мана шу оятдан қаттиқроқ ва оғирроқ оят нозил қилинмаган”.
Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Соч-соқолингизга нега бунча эрта оқ оралади?” деб сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Мени Ҳуд сураси ва унинг шериклари қаритди, - дедилар.
Ҳасан розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Мазкур оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиддий машғул бўлиб қолдилар ва кулиб юрганлари кўринмади”.
Қушайрий ривоят қиладилар: Бир киши тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотдан: “Ё Расулуллоҳ! “Мени Ҳуд ва унинг биродарлари қаритди”, дегансиз. Айнан қайси оят сизни қаритди?” - деб сўради.
- “Ўзингизга буюрилганидек тўғри йўлда бўлингиз!” ояти, - деб жавоб берибдилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.

7. Тавҳид ва Ёлғиз Аллоҳ ибодатига ихлос қўйиш билан ҳақ йўлда устивор бўлишга бир-биримизни чақирайлик

8. Саҳобаи киромлар ҳамиша динларини яхшироқ ўрганиш ва иймонларини саломат сақлашга ташна бўлишган.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЙИГИРМАНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:37

ЙИГИРМАНЧИ ҲАДИС
Ҳаё иймондандир

20 - عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلامِ النُّبُوَّةِ الأُولَى: إِذا لَمْ تَسْتَحْيِ فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ". (رواه البخاري).

Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Одамлар орасида аввалги Пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гап шуки: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!” (Бухорий ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Уятли ишларни қилишдан ўзни тийиш, атрофдан таъна-маломат олиб келадиган айбли ишларни тарк этиш ҳаёнинг қисқача мазмунини ифодалайди. Кишиларни ҳаёли бўлишга даъват этиш уларни барча маъсият ва ёмонликлардан қайтарувчи чақириқдир. Ҳаё инсонларга хуш келувчи хайрли хислат ҳамдир. Одамлар ҳаёдан маҳрум бўлишни нуқсон ва айб деб биладилар. Шунингдек, у иймоннинг комиллигини билдирувчи хусусият саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаё иймоннинг бир шохобчасидир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаё фақат яхшилик келтиради”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аслида Ислом дини ўзининг умум аҳкомлари ва кўрсатмалари билан эзгулик ва ҳақни қарор топтирувчи, маломатли ишларни тарк қилишга чақирувчи қизғин даъватдир. Шу боисдан имом Нававий мазкур ҳадисни “Арбаин” таркибига қўшганлар. У киши бундай деган эдилар: “Бу ҳадис Ислом асосларидан биридир. Яъни шариат буюрган вожиб ва мандуб амалларни бажармасликдан ҳаё қилинади. Шариат қайтарган ҳаром ва макруҳ ишларни эса бажаришдан ҳаё қилинади. Мубоҳ амалларга келсак, уларни бажаришдан ҳам, тарк қилишдан ҳам ҳаё қилиш мумкин. Шунга кўра, ушбу ҳадис бешала ҳукмни ўз ичига олгандир”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Пайғамбарлар меросидан.
Ҳаё ҳар қандай олий хулқнинг негизидир. У инсонни яхшиликка ундайди, ёмонликдан узоқ юришга чақиради. Шу боис, ҳаё ўтган Пайғамбарлар меросининг ўчирилмаган қисмига дохил этилди. Одамлар асрлар бўйи Пайғамбарлардан айни ҳаё ҳақидаги даъватни эшитиб келдилар, уни авлоддан авлодга мерос қилиб қолдирдилар. Шу тариқа у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларигача етиб келди. Модомики, биз Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ барча Пайғамбарлар меросхўри бўлган эканмиз, демак Аллоҳ берган ҳаё неъматини маҳкам тутмоғимиз, мазкур гўзал хислат ила безанмоғимиз лозим. Токи Пайғамбарларнинг покиза мероси орамизда яшаб қолсин. Аллоҳ таоло ер ва ундаги бор нарсани яна Ўзига қайтиб олгунига қадар кишилар ҳақ ва хайрият ила кун кечирсинлар

2. Ҳадис маънолари
Улуғ олимларимиз мазкур ҳадисни уч хил шарҳлаганлар. Қуйида биз ҳадисга берилган учала маънони келтириб ўтамиз.
Биринчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ феъли таҳдид-ваъидни ифодалайди. Унда ҳадис маъноси қуйидагича шарҳланади: Агар сенда ҳаё бўлмаса, хоҳлаган ишингни қилавер. Албатта Аллоҳ таоло сени қаттиқ жазолайди!
Амр-буйруқ феълининг таҳдид маъносида келиши қуйидаги ояти каримада ҳам кузатилади: “(Эй кофирлар), хоҳлаган ишингизни қилаверинглар. Албатта У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир”. (Фуссилат сураси, 40-оят).
Иккинчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ хабар маъносини ифодалайди. Яъни беҳаё кимсалар хаёлларига нима келса қилаверадилар. Чунки ҳаё инсонни қабиҳ-разил одатлардан тўсиб туради. Ҳаёсиз махлуқлар эса бузуқлик ва тубанлик балчиғига ботадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам буйруқ феъли хабар маъносини ифодалаб келган: “Кимда-ким менинг ишимда мен айтмаган гапни гапирса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин”. Яъни, у жойини жаҳаннамдан тайёрлабди.
Учинчи маъноси: Буйруқ мубоҳликни билдиради. Яъни, агар сен бир ишни қилишдан Аллоҳдан ҳам, одамлардан ҳам ҳаё этмасанг, модомики у шариатда қайтарилмаган бўлса, уни қилавер, рухсат. Зеро шариатда қайтарилмаган ҳар қандай амал мубоҳдир.
Юқоридаги шарҳлар орасида албатта биринчи келтирилгани кучлироқдир. Бироқ имом Нававий (Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин) учинчи маънони рожиҳ-кучли санаганлар. Абу Убайд Қосим ибн Салом, Ибн Қутайба ва Муҳаммад ибн Наср Марвазийлар иккинчи маънони ихтиёр этишган.

3. Ҳаё икки хил бўлади:
Биринчи: туғма ҳаё
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасига гўзал ҳаё ато этади. Бу табиий уятчанлик ҳисси кишини қабиҳ ва тубан амаллардан тўсиб туради. Шу боис, ҳаё эзгулик манбаи ва иймоннинг бир бутоғи дея эътироф этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирларида ўтирган бокиралардан ҳам ҳаёлироқ бўлганлар.
Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳаёли инсон ўзини бир четда тутади. Ўзини четга олган банда тақводор бўлади. Тақво қилганлар омон қоладилар”.
Иккинчи: ўзлаштирилган ҳаё.
Аллоҳ таоло бандаларига ҳаммадан яқин ва барча нарсадан огоҳ Зот. Кўзлар хиёнати ҳам, қалблар разолати ҳам Ундан махфий қолмас! Ушбу ҳақиқатни англаб етган мусулмон ҳар бир ҳолатда Аллоҳдан ҳаё қилишга интилади. Бундай гўзал сифатга эришиш йўлида ҳаракат қилаётган мўмин бир пайтнинг ўзида иймоннинг олий хислатларини ҳам қўлга киритади. Бундай ҳаё Аллоҳ таолонинг неъматларини ҳис этиш ва ўзининг ношукурлигини эътироф қилиш орқали ҳам ҳосил бўлади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳдан чинакам ҳаё қилиш бу бошни ва ундаги нарсаларни, қорин ва унинг ичидагиларни сақлашинг, ўлимни ва йўқ бўлишни ёд этишингдир! Охиратни танлаган банда дунё зийнатини тарк этади. Ким шундай йўл тутса, у Аллоҳдан чинакам ҳаё қилибди”. (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Бордию бандада ўзлаштирилган ҳаё ҳам, қалбида туғма уятчанлик ҳам бўлмаса, уни разолату маъсиятлардан тўсиб турувчи нарса қолмайди. Натижада у инсу жинлардан иборат иймонсиз шайтонлар сафига қўшилади.

4. Бемаъни ҳаё
Нафсни қабиҳ ва ярамас ишлардан тўсувчи ҳаё мақтовли хулқ саналади. У иймонни комил этиб, эгасига фақат яхшилик келтиради. Бироқ ҳар бир нарсанинг чегараси бор. Шу боис, кишини изтиробга солиб қўювчи ортиқча тортинчоқлик кераксиз ҳаёдир. Тортинишга ҳечам ҳожат бўлмаган ўринларда ийманиб ўтириш ёмон хулқ саналади. Чунки бу - беҳуда ҳаё! Бундай сифат кишини илм олиш ва кундалик ризқини топишдан тўсиб қўяди. Баъзилар ўз ўрнида бўлмаган кераксиз ҳаёга заифлик деб баҳо берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаё икки турли бўлади: бири иймондандир, иккинчиси эса ожизликдир”. (Ҳасан Басрийнинг мурсал ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий юқоридаги ривоятни Ҳасан Басрийнинг сўзи бўлса керак, деб тахмин қилганлар. Шунингдек, Бишр ибн Каъб Адавий ҳам Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳуга шундай деган эдилар:
“Биз китобларда ўқишимизча, ҳаёнинг Аллоҳ учун вазмин ва босиқ бўлиш каби хили ҳам, заифлик саналган хили ҳам мавжуд экан”. Шунда Имрон розияллоҳу анҳунинг ғазаблари келди: “Мен сенга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини айтсам, сен унга қарши гапирасанми?!”
Имрон розияллоҳу анҳу ҳақлар. Кишини гўзал амалларга ундовчи ва уни ярамас қилиқлардан тўсувчи ҳаё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида мақталган ҳаёдир. Аммо Аллоҳ таоло ёки бандалар ҳақ-ҳуқуқларини адо этишда инсоннинг йўлига тўғаноқ бўлувчи заифлик ҳаё дейилмайди. Бундай ортиқча тортинчоқлик инсоннинг ожизлигидан бошқа нарса эмас.

5. Муслима аёлнинг ҳаёси
Ҳаё безаги ила зийнатланган муслима ер юзини обод этиш ва ёш авлодга таълим-тарбия беришда соғлом аёллик фитрати билан иштирок этади. Қуръони каримдаги ушбу ажойиб мисолга бир эътибор беринг. Шуайб алайҳиссалом қизларидан бирини Мусо алайҳиссаломни чақириб келишга жўнатдилар: “Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга қўйларимизни суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда”, деди”. (Қасас сураси, 25-оят).
Қиз отасининг сўзларини етказмоқ учун покиза ва иффатли бўлиб, ҳаё-ибо билан қадам ташлаб келди. Ўзини у ёндан-бу ёнга ташлаб, солланиб, пардоз-андозга бурканиб, икки оёқли фитна бўлиб эмас, одмигина бокира қиз бўлиб, Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди. Соғлом табиатли, тоза қалбли бу қиз сўзлаганда ҳам нозланмасдан, атайлаб қилиқлар кўрсатмасдан, аниқ-тиниқ гапирди. Покиза қизлар соф табиатлари туфайли бегона эркаклар қаршисида гапиришга тортинадилар. Лекин ниятлари пок ва қалблари тоза бўлганлиги боис, улар бир гапни бузмасдан, узмасдан, бегонанинг кўнглига чўғ ташламасдан, содда ҳамда тушунарли қилиб баён этадилар. Тап тортмасдан заруратсиз бегона эркаклар билан аралашиб юрадиган, шаллақи, эркакшода аёллар Қуръон ва Ислом мактабида таълим олмаган заифалардир. Улар Аллоҳнинг тоати ва аёллик ибосини маъсият ва фисқу фужурга айирбошлаганлар. Шайтон ноғорасига ўйнаган бундай аёллар дунёю Охират бахтсизлигидан ўзга нарсага эришмаслар.

6. Ҳаё самараси
Ҳаёли инсонлар иффатли, покиза бўладилар. Улар барча ҳолатларда ўзларининг иффатларини сақлаб қоладилар. Ҳаёнинг самараларидан яна бири вафодир.
Аҳнаф ибн Қайс айтадилар: “Ҳеч қачон ёлғончилик билан мардоналик бир инсонда жамланмайди. Мардоналик самаралари ростгўйлик, вафодорлик, ҳаё ва иффатдир”.

7. Ҳаёнинг зидди
Безбетлик бандани тубан ҳолатларга туширади. Ҳаёдан бебаҳра кимсалар атрофдан ёғилаётган танқидларни писанд қилмай қўядилар. Бориб-бориб улар ножўя ишларни намойишкорона бажарадиган бўлиб кетадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Умматим орасида гуноҳни ошкора бажарувчилардан бошқалари саломат қолувчилардир”.
На Аллоҳдан ва на бандасидан ҳаё қиладиган бешарму беандиша кимсаларни фақат қаттиққўллик ва қатъий жазогина жоҳилона қилиқлардан тўхтатади. Чунки одамлар орасида шундайлари борки, улар ҳаё қилмайдилар, бироқ қўрқадилар. Бу ерда ажабланарли нарса йўқ. Зеро, ҳаёсизлик соғлом инсоний табиатдан ажралиш демакдир!

8. Ота-она ва мураббийлар вазифаси.
Бола тарбиясига масъул инсонлар ўсиб келаётган ёш авлодга ҳаё хулқини сингдиришлари лозим. Ота-оналар фарзандлари нималар билан машғул эканлигини кузатиб борсинлар. Болаларни ахлоқсиз доира таъсирига тушиб қолишдан асрамоғимиз керак. Уларда фойдали китобларга нисбатан меҳр уйғотинг. Бузуқ кинофилмлар, бемаъни томошалар ва беҳаё сўзлардан уларни имкон қадар йироқ тутинг.

9. Ҳаё фақат яхшилик келтиради
Кимнинг ҳаёси зиёда бўлса, яхшилиги ҳам зиёдалашади. Ҳаёси камайган банданинг хайрияти ҳам камаяди.

10. Дин аҳкомларини ўрганишда ва ҳақ талабида уялиб тортиниб турмаслик керак
“Аллоҳ ҳақни айтишдан тортинмайди”. (Аҳзоб сураси, 53-оят).


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:33

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимояси, мадади ва нусрати

19 - عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا، فَقَالَ: "يَا غُلامُ، إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ، احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ، إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ، وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ، وَاعْلَمْ أَنَّ الأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلا بِشَيْءِ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَإِنِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الأَقْلامُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ". (رواه الترمذي و قال: حديث حسن صحيح).
وَفِي رِواية غير الترمذي: "احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ أَمَامَكَ، تَعَرَّفْ إِلَى اللهِ فِي الرَّخَاءِ يَعْرِفْكَ فِي الشِّدَّةِ، وَ اعْلَمْ أَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَمَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَاعْلَمْ أَنَّ النَّصْرَ مَعَ الصَّبْرِ، وَأَنَّ الْفَرَجَ مَعَ الْكَرْبِ، وَأَنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا".

19. Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола!” - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин - У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган”.
(Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).
Яна бир ривоятда шундай дейилган:
“Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - оғир кунларингда У Зот сени танийди. Билгинки, нима сени четлаб ўтган бўлса, унинг сенга тегиши (тақдирда) йўқ эди. Сенга етган нарсанинг (тақдири азалда) сени четлаб ўтиши йўқ эди. Билгинки, албатта ғалаба сабр билан, ёруғлик-ечим машаққат билан қўлга киритилади, шубҳасиз, оғирлик билан бирга енгиллик ҳам келур”.

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ибн Ражаб Ҳанбалий ёзадилар: “Мазкур ҳадис Исломнинг энг муҳим умумий қоидаларини ва улуғ насиҳатларини ўзида жамлаган. Ҳатто уламолардан бири бундай деган эдилар: “Ушбу ҳадис устида фикр юритиб, хангу манг бўлиб қолдим. Ўзимни йўқотиб қўйишимга бир баҳя қолди. Эвоҳким, мазкур ҳадис маъноларини биз ҳали ҳам тўла-тўкис англаб етмаганмиз ёхуд ундан мутлақо ғофилмиз!”

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уммат тарбиясига қаттиқ эътибор берганлар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар қалбида, хусусан уларнинг ёшлари қалбида соғлом ақида ниҳолини ўтқазишга ташна бўлганлар. “Ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл топишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку”. (Тавба сураси, 128-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга юқоридагидек насиҳатлар қилдилар. Ушбу насиҳатлар таъсирида банда ўзини ўнглаб олади. Ҳамиша, ҳамма нарсада ёлғиз Парвардигорга суянадиган мағрур ва қўрқмас инсонга айланади. Бундай инсонни турли вазиятлар ҳар кўйга сола олмайди. У хавф-хатарлар қаршисида тиз чўкмайди. Энди у одамларнинг маломатидан қўрқмасдан ҳақни баралла айтади. Зеро, ер юзида бирон нарса Парвардигори изнисиз амалга ошмаслигини билган, Аллоҳ таоло ҳукмисиз ҳеч ким на зарар ва на фойда беролмаслигини ич-ичидан англаб етган чин мўминнинг бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

2. Қимматли ўгит беришнинг ҳикматли услуби
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу насиҳатни қай тарзда эшитганларини бизга ҳикоя қилаяптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу улуғ ҳикматни сўзлашдан олдин “Эй бола!” деб тингловчининг эътиборини ўзларига қаратдилар. Сўнг насиҳат унинг дилига ўрнашиб қолиши учун яна бир бор таъкидладилар: “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман!”
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатларини қисқа ва лўнда калималарда ифодаладилар. Бироқ айнан мана шу қисқа сўзлар замирида фикрни чархлайдиган, иймонни кучайтирадиган, улкан асосларга тегишли тоғ-тоғ маънолар ётарди.

3. Аллоҳни ёд этгин, Аллоҳ ҳам сени асрайди
Аллоҳ таоло буйруқларига тўла бўйсунинг, У Зот белгилаб қўйган ҳақ-ҳуқуқларга асло дахл қила кўрманг. Фарзларни адо этишда ҳеч қачон бепарволик қилманг. Аллоҳ қайтарган ҳаром ишлардан йироқ юринг. Ўзингиз билан мункар амаллар ўртасига парда тортинг. Ана шунда сиз Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига гувоҳ бўласиз. Пок Парвардигор дину эътиқодингизни бузилишдан, нафсингизни залолат ботқоғига тушиб қолишдан асрайди. Сизни инсу жиндан иборат шайтонлардан, ёвуз махлуқлардан ҳимоя этади. Озор-азиятлар нишонига айланмайсиз. На сизга ва на ортингиздан эргашган аҳли оилангиз, яқинларингизга ҳеч кимса дахл қила олмайди. “Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар”. (Раъд сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло тақводор бандаларининг зурриётларини ҳам балою офатлардан асрайди: “Уларнинг оталари солиҳ киши эди”. (Каҳф сураси, 82-оят).
Агар сиз дунёда Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ бўйсуниш билан У Зотни ёд этиб юрсангиз, Пок Парвардигор Охиратингизни хайрли этади, кенглиги осмонлару ер баробарида бўлган тақводорлар манзили - жаннатга киргизади. “Парвардигорингиз томонидан бўлган мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз”. (Оли Имрон сураси, 133-оят).
“Уларга: “Мана шу неъматлар сизларга - ҳар бир Аллоҳга қайтувчи, аҳдини сақлагувчи, шунингдек, Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавба этувчи қалб билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. Унга (яъни жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу кун мангу қоладиган Кундир”, - дейилур. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча инъомлар ҳам бордир”. (Қоф сураси, 32-35-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига Аллоҳ таолодан ҳифзу ҳимоят сўрашни ўргатар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳуга ухлаш олдидан қуйидагича дуо қилишни буюрдилар: “Парвардигоро! Агар жонимни олсанг, унга раҳм этгин! Агар қўйиб юборсанг, уни солиҳ бандаларингни асраганингдек асрагин!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ушбу дуони ўргатдилар: “Парвардигоро! Мени турган ҳолимда Ислом билан асрагин. Ўтирган ҳолимда Ислом билан асрагин. Уйқудалигимда Ислом билан асрагин. Ҳеч бир душман ва на ҳасадчини менга мусибат бериш билан қувонтирма!” (Ибн Ҳиббон ривоятлари).

4. Аллоҳ таоло нусрати ва мадади
Ким Аллоҳнинг ҳудудларига риоя қилса, Аллоҳ таоло у билан бирга бўлади, уни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади, ўнглайди ва яхшиликка муваффақ этади. Зулмат қанчалик қуюқлашмасин, аҳвол нечоғлик оғир ва мураккаб бўлмасин, Аллоҳнинг ҳақиқий тақводор бандалари ўзларининг Ҳомийлари, Қўриқчилари ва Мададкорлари билан биргадирлар. “Зотан Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).
Қатода айтадилар: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у билан бирга бўлади. Ким билан Аллоҳ бирга бўлса, демак у билан енгилмас гуруҳ, мудроқ босмас қўриқчи ва ҳеч адашмайдиган йўлбошчи бирга экан”.
Аллоҳ таолонинг нусрати Унинг буйруқларга бўйсуниш ва мункар ишлардан тийилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ким Аллоҳга итоат этса, Парвардигори уни ғолибу азиз қилади. Ким Яратганга осий бўлса, хорлик ботқоғига ботади. “Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур”. (Муҳаммад сураси, 7-оят).
“Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар!” (Оли Имрон сураси, 160-оят).

5. Ёшликни ғанимат бил!
Йиғитлик даврида Аллоҳ таоло ҳукмига тўла-тўкис бўйсуниб, У Зотнинг ҳудудларини сақлаган-риоя этган инсонни кексайиб, кучдан қолган пайтида Аллоҳ сақлайди. Унинг ақлини, кўзидан нурни, қулоғидан эшитишни олиб қўймайди. Қиёматда эса мукаррам манзилга дохил қилади. Ҳеч қандай соя йўқ пайтда Аршининг соясидан баҳраманд этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Етти тоифа кишини Аллоҳ таоло ўз соясидан ўзга соя бўлмайдиган кунда соясига олади: Одил раҳбар, Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида улғайган ўсмир...” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Эҳтимол, айнан мана шу хислат сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғилларига юқоридаги насиҳатни айтгандирлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўша кунлари ёш бола эдилар. Токи мана шу ёш ниҳол ўзининг жўшқинлик пайтини, ёшлик шижоатини ғанимат билсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари барча муборак каломлари каби айни ҳақиқатдир:
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни...” (Ҳоким ривоятлари).
Хусусан, ёшлар уммат келажаги, унинг орзу-умиди ҳисобланади. Ҳақ ва адолат уларнинг елкалари узра қоим бўлади. Умматнинг қайнаб турган кучларини йўлдан уриш ниятида ботил аҳли турли найранглар кўрсатади. Шу боис ҳам, ўсиб келаётган авлод доимий эътибор ва назоратга муҳтождир. Токи улар инсонлар ва жинлардан иборат шайтонлар қаршисида ўзларини йўқотиб қўймасинлар.

6. Аллоҳ таолонинг шокир бандалари У Зот марҳамати ва нусратига муносибдирлар
Аллоҳнинг фазлу марҳаматини ҳис этиб, Унга шукроналар айтадиган, ҳамиша шариат кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қиладиган ва Парвардигори ҳақларига риоя этадиган шокир бандалар Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига, У Зот нусратию мададига лойиқдирлар. Чин тақводор инсонлар нафс алдовларию шаҳват аврашларига бўйсунмайдилар. Улар Аллоҳ таоло неъматларини фақат У Зот розилиги йўлида тасарруф этиб, Парвардигордан ҳамиша ҳақ йўлда собит қилишини сўрайдилар. Зиёда шукрлари сабабли Аллоҳ фазлу марҳамати улардан тўхтамайди. Ҳақиқий мўмин ўзининг ҳар лаҳза Улуғ ва Беҳожат хожасига муҳтожлигини эътироф қилади. Фазлу барака фақат Аллоҳ таоло қўлида эканлигига ва У Зот хоҳлаган бандасига фазл кўрсатишига қатъий иймон келтиради. “Сизларга берилган барча неъматлар Аллоҳдандир”. (Наҳл сураси, 53-оят).
Парвардигорини ана шундай чиройли таниган банда Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилади ва У Зот муҳаббатини қозонади. Унинг дуолари ижобат бўлиб, сўраган нарсасига эришади. Ширин ҳаётини бузадиган, жонига таҳдид соладиган бало-офатлардан уни Меҳрибон Рабби омон сақлайди. “Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - У Зот сени оғир кунларда танийди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Оғир дамларда дуо-илтижосини Аллоҳ таоло ижобат этишини истаган банда ёруғ кунларда кўп дуо қилсин!” (Термизий ривоятлари).
Пок Парвардигор Ўзининг ана шундай солиҳ бандалари хусусида марҳамат қилади: “Агар у Мендан сўраса, албатта бераман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан”. (Ҳадиси қудсий).

7. Барча ҳожат Аллоҳ таолодан сўралади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ва шу орқали барча мўминларни ҳамиша ва фақат Аллоҳга юзланишга буюрдилар. Эҳтиёж ҳам, паноҳ ҳам, мадад ҳам ёлғиз Аллоҳдан сўралади. Биз дуою шукр билан ҳеч қачон Ундан ўзгага юкинмаймиз. Мағфират ҳам фақат Парвардигордан умид қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра! Агар кўмак истасанг, Аллоҳдан иста!” (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Дуо қилувчи борми, Мен унинг дуосини ижобат этаман! Сўровчи борми, Мен унинг сўраган нарсасини бераман. Истиғфор айтувчи борми, Мен уни мағфират қиламан””. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Дуони ижобат қилгувчи Зотга қилинади
Дуо фақат яккаю ёлғиз Аллоҳга қилинади. “Менга дуо қилингиз, қилган дуоларингизни мустажоб қилурман”. (Ғофир сураси, 60-оят).
Аллоҳ субҳонаҳу Ундан ҳожатини сўровчи дуогўй бандаларини мақтаб зикр этган: “Дарҳақиқат, улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар”. (Анбиё сураси, 90-оят).
Фақат Аллоҳ таологина бандалари дуо-илтижосини эшитади ва ижобат қилади. “Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар”. (Бақара сураси, 186-оят).

9. Ҳожатлар ҳеч вақт малолланмайдиган Сахий Зотдан сўралади
Чин иймон эгалари инсонлардан асло умидвор бўлмайдилар. Улар Аллоҳ таоло буюрганидек, барча ҳожатларини Карим ва Раҳмон Парвардигорларидан сўрайдилар. “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранглар!” (Нисо сураси, 32-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўрангиз. Зеро, Аллоҳ Ундан сўрашларини хуш кўради”. (Термизий ривоятлари).
Битмас-туганмас хазиналар Эгаси бўлмиш Ҳақ таоло ҳеч қачон бандалари сўрови ва илинжидан малолланмайди. “Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир”. (Наҳл сураси, 96-оят).
Аллоҳ таоло Унга дуо-илтижо қилмай қўйган бандасидан ғазабланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади. Ҳар бирингиз барча ҳожатини, ҳатто оёқ кийимининг узилиб кетган боғичини ҳам Парвардигоридан сўрасин!” (Термизий ривоятлари).
Наҳот шунча таъкиддан кейин ҳам бировларга нарса беришдан оғринадиган ва илтимосларни малол оладиган ожиз инсондан умидвор бўлсак?!
Ожиз бандалардан умидвор бўлманг,
Сўранг, саховати чекланмас Зотдан.
Аллоҳ ғазаб қилур, сўрамай қўйсак,
Инсонлар дарғазаб, илтимос қилсанг.

10. Аллоҳдан ўзгага юкиниш хорликдир
Одамлардан бирон нарса сўрасангиз, бериш-бермасликлари даргумон. Агар берсалар, миннат қилишади. Рад этсалар, сизга хўрлик ва хорлик қолдиришади. Чўзилган қўлнинг силтаб ташланиши нафсга нафрат олиб киради. Кўнгил ойнасини чил-чил қилади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи асҳобларидан байъат қабул қилаётганларида ҳеч қачон одамлардан сўрамаслик хусусида аҳд-паймон олганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу, Савбон ва Авф ибн Молик розияллоҳу анҳум ана шундай байъат берганлар сафида эдилар. Улар қамчилари ёхуд туяларининг жилови ерга тушиб кетса ҳам, ўзлари тушиб олардилар. Бировлардан илтимос қилмасдилар. (Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).


11. Қодир ва Енгилмас Зотдан мадад сўранг
Ёрдам аслида ҳар нарсага қодир Зотдан сўралади. Биз барча каттаю кичик муаммолар қаршисида кўмакка муҳтожмиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким на фойда ва на зарар келтира олади. Фақат Парвардигор мададигина ҳақиқий нусратдир. Аллоҳ мададидан мосуво бўлган кимса аниқ бадбахтдир! “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас”. (Оли Имрон сураси, 160-оят).
Қалблар Аллоҳ таоло измидадир. Пок Парвардигор уларни Ўзи хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Модомики, шундай экан, келинг, ҳақиқий Хожамиз, Берувчимиз, Сақлагувчимиз, фазлу марҳамати чексиз Аллоҳ таолога илтижо қилайлик. Ҳар бир мушкулот қаршисида фақат У Зотни зикр этиб, қуллик мақомида туриб таваккул этайлик. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир!” (Талоқ сураси, 3-оят). “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”. (Фотиҳа сураси, 5-оят).

12. Аллоҳдан ўзгадан мадад тилаш, ўзгалар ёрдамига кўз тикиш заифлик ва хорлик белгисидир.
Ёрдам сўраб қўл чўзган киши ўзининг ожизлигини, муҳтожлигини ҳолати билан эътироф этиб турган бўлади. Айни муҳтожлик инсонда фақат ва фақат Аллоҳ таолога нисбатан мавжуддир. Зеро, мадад тиламоқ ибодат моҳияти саналади. Аллоҳдан ўзгага кўз тикиш хорликдан бошқа нарса эмас. Аслида ёрдам сўралувчи фойда етказиш ва зарарни даф этишга ҳамда сўровчининг мақсадини рўёбга чиқаришга қодир бўлмоғи шарт. Мазкур сифат ҳам Ёлғиз Пок Парвардигор имконидадир. Кимда-ким ожиз бандани мана шундай деб ўйласа, умиди пучга чиқади. Ўзи ёрдамга муҳтож бўлган инсондан умидвор бўлмоқ оқиллар иши эмас. “Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир!” (Юнус сураси, 107-оят). “Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нени тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи кимса бўлмас”. (Фотир сураси, 2-оят).

13. Қазо ва қадарга иймон келтирмоқ қалбга сокинлик, хотиржамлик бағишлайди.
Барча нарса Аллоҳ таолонинг изну иродаси билан амалга ошишини ва У Зотнинг улуғ нусрати ҳамда ҳифзу ҳимоясини ҳис қила олган, унга тўла-тўкис иймон келтирган мўмин ожиз бандаларнинг қарши ҳатти-ҳарақатларига эътибор бермайди. Чунки у яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдирдан эканлигини ва ҳеч ким ўзича фойда ёхуд зарар келтира олмаслигини яхши билади. “Айтинг, барчаси Аллоҳ ҳузуридандир”. (Нисо сураси, 87-оят).
Бандалар эса ўз амаллари билан савоб ёки азобга ҳақли бўлувчи сабаблардир, холос.
“Билгинки, бутун уммат сенга бирон фойда бермоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ сен учун ёзиб қўйган фойдани етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарни етказа оладилар”. (Термизий ривоятлари).
“Агар Аллоҳ сизни бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир”. (Анъом сураси, 17-оят).
Агар Аллоҳ таоло тақдир этмаган бўлса, ҳеч ким сизга зиён-заҳмат етказа олмайди. Аллоҳнинг Ўзи барча бало-офатни даф этади. Шунингдек кимдир сизга бирон яхшилик-фойда етказишга жидду жаҳд қилса-ю, бироқ тақдирда ёзилмаган бўлса, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
“Хоҳ ерга, хоҳ ўзларингизга қандай мусибат етмасин, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда - Лавҳул Маҳфузда битилган бўлур...” (Ҳадид сураси, 22-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ҳар битта нарсанинг ҳақиқати-моҳияти бўлади. Банда токи нимаики унга етган бўлса, ўша нарсанинг (тақдири азалда) уни четлаб ўтиши йўқ эканлигига ва уни четлаб ўтган нарсанинг (тақдирда) унга етмоғи ёзилмаганига амин бўлмас экан, иймон ҳақиқатига етиша олмайди”. (Аҳмад ривоятлари).

14. Қазо ва қадарга иймон келтириш кишини жасоратли қилади.
Аллоҳ таоло тақдир этиб қўйган фойда ёхуд зиёндан ўзга ҳеч нарса содир бўлмаслиги ва киши бошига тушадиган ҳар бир иш аввалдан белгилаб қўйилгани ҳаммамиз учун аниқ ҳақиқат. Демак, мўмин бировларнинг маломатидан чўчиб ўтирмасдан - ҳатто ўз зиёнига бўлса ҳам - фақат ҳақни сўзламоғи ва Аллоҳ буюрган ишни амалга оширишга киришмоғи лозим. Мўмин инсон ўлимдан қўрқиб ёки узоқроқ яшашдан умидвор бўлиб, орқага чекиниши эмас, аксинча, шижоат ва баҳодирлик мақомида собит туриши керак. У ўзи тиловат қилаётган мана бу оятга чин дилдан иймон келтирганини исбот қилиши зарур:
“Айтинг: “Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг Хожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳга суянсинлар!” (Тавба сураси, 51-оят).
Чунки тақдирда ёзилган нарсадан барибир ҳеч ким қочиб қутула олмайди. “Айтинг, “Агар уйларингизнинг ичига (беркиниб олганингизда) ҳам ўлдирилиши ҳукм қилинган кишилар ҳалокат жойига келган бўлар эдилар”. (Оли Имрон сураси, 154-оят).

15. Иймон таслим бўлиш эмас, таваккул тирик товонлик эмас.
Баъзи бир ярамас кимсалар ўзларининг маъсият-ҳаром ишларига Аллоҳ тақдирини ҳужжат қилишади. Улар залолат ботқоғига ботганликларини, шаҳват ва ҳавои нафсга қул эканликларини ана шу йўл билан хаспўшлашга уринадилар. Аллоҳ таоло бандаларини тақдирга ишонишга буюрар экан, айни пайтда уларга ҳаракат-амални ҳам амр этган. “Айтинг: “Амал қилинглар. Бас, Аллоҳ амалларингизни кўриб турур”. (Тавба сураси, 105-оят).
Барча соҳада биз учун олий намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши амал, ҳаракат ва жидду жаҳд каби сабабларни амалга оширмоғи лозимлигини таъкидлаганлар. Тақдирни ҳужжат этиб, сабабларни тарк этган кимса Аллоҳ ва Расулига осийлик қилган, Ислом шариатига хилоф юрган бўлади. Чунки сабабларни қилмаслик боқибеғамлик ва ялқовликдан бошқа нарса эмас. Натижани ёлғиз Аллоҳдан кутиб, айни пайтда сабабларни муҳайё қилиб қўймоқлик ҳақиқий иймон ва тақводандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Амал қилинглар. Ҳар ким ўзи учун яралган нарсага эришади”. (Муслим ривоятлари).

16. Ғалаба сабр билан биргадир
Инсон ҳаёти курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман душманларга рўбарў келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ. Сабр бу турли-туман пинҳону ошкор душманларни ер билан яксон этувчи қудратли қуролдир. Аллоҳ таоло уни бандаларини синашнинг асосий жабҳаси қилди. Айнан сабр орқали содиқ мўмин каззоб мунофиқдан ажралади.
“Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги жиҳод қилувчи ва сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб-юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз”. (Муҳаммад сураси, 31-оят). “Албатта мол-мулкларингиз ва жонларингиз мусибати билан синалурсизлар ва албатта сизлардан илгари Китоб берилганлар ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитасизлар. Агар сабр-тоқат қилсаларингиз ва Аллоҳдан қўрқсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир”. (Оли Имрон сураси, 186-оят).
Аллоҳ таоло Ўз китобида тақводор бандаларини тавсифлайди: “Ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир”. (Бақара сураси, 177-оят).
Сабр - бу ақл ва шариат тақозо этадиган хайрли ишларга нафсни мажбур қилиш. Шунингдек, у шариат ва ақл ман этадиган амаллардан нафсни тийиш ҳамдир. Китобу Суннатда сабр калимаси бир қанча ўринларда зикр этилган. Бироқ уларнинг ҳаммаси битта маъно остида бирлашади ва битта ғоя томон бошлайди. Қуйида сабр ўринларининг айримлари хусусида тўхталиб ўтамиз:
а) Тоатларни бажариш ва маъсиятлардан четланишда сабр қилиш
Албатта Аллоҳнинг буйруқларига тўла-тўкис амал қилиб, мункар ишлардан ўзини покиза сақлаш анча мушкул вазифа. Нафсга унинг маълум оғирлиги тушиши ҳам шубҳасиз. Шариат буюрган амалларни бажариб, мункар ишлардан тийилиб юрмоқ учун инсон ўзининг ҳақиқий душмани билан курашиши лозим. Бу душман нафс, ҳавои-хоҳиш ва шайтон тимсолида гавдаланади.
“Албатта нафс барча ёмонликларга буюргувчидир”. (Юсуф сураси, 53-оят). “Бас, сиз ҳавои-хоҳишга эргашиб кетманг!” (Сод сураси, 26-оят).
Ана шу душманлар инсонни йўлдан уришга, унга шаҳватларни чиройли қилиб кўрсатишга ва уни тоат-ибодатлардан узоқлаштиришга уринадилар. Улар кўзлаган мақсадларига эришиш учун бетўхтов хуруж қилиб туришади. Шу боис, инсон нафсини жиловлаб олиш, ҳавои хоҳишини шариат измига юргизиш ва ҳақиқий душманни-шайтонни мағлуб этиш йўлида жидду жаҳд кўрсатмоғи лозим.
“Сизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага эргашинг ва то Аллоҳ Ўз ҳукмини туширгунича сабр қилинг. У Зот ҳукм қилгувчиларнинг энг яхшисидир”. (Юнус сураси, 109-оят).
“У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг хожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг!” (Марям сураси, 65-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ йўлида нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир!” (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Нафсини жиловлаб, фақат тоат-ибодатлар сари ошиқадиган ва маъсият-гуноҳ ишлардан йироқ юрадиган мўмин ўзининг махфий душмани устидан албатта ғалаба қозонади. Нафс, шайтон ва ҳавои-хоҳиш измига юрмайди. Аслида ҳеч қайси ғалаба мазкур ғолиблик каби улуғ саналмайди. Нафсини мағлуб этиб, ҳавои-хоҳиш асирлигию шайтон васвасаларидан озод бўлган инсон қалбида ҳақ нури порлайди. Энди у Аллоҳ азза ва жалла йўлидан оғишмай қадам ташлайди.
“Бизнинг йўлимизда жиҳод қилган-курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз”. (Анкабут сураси, 69-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сабр зиё демакдир”. (Муслим ривоятлари).
б) Мусибатларга сабр қилиш
Ҳаёт давомида инсоннинг жони, моли, аҳли-оиласи ва тинчлиги кўп хатарларга дуч келади. Албатта ҳар битта мусибат қаршисида сабот билан туриш осон иш эмас. Бундай ҳолатларда кишини умидсизлик чулғаб олади ва у қўрқув-саросима исканжасида қолади. “Қачон унга бирон ёмонлик етса, ноумид бўлур”. (Исро сураси, 83-оят).
“Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки унга ёмонлик етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир”. (Маориж сураси, 19-20-оятлар).
Мусибатлар қаршисида эсанкираб ўзини йўқотиб қўювчилар ҳаётда мағлуб бўладилар. Улар ғалаба сари йўл очишга уринмайдилар. Аллоҳ таоло мўминларни мусибат чоғида сабр-бардошли бўлишга ундаган. Чунки ҳаёт мусибат-кулфатсиз ўтмайди. Шу боис, нажот калити бўлмиш сабр билан қуролланиб музаффарият сари одимламоқ, заифлик ва умидсизлик чангалига тушиб қолмаслик мақсадга мувофиқ ишдир.
“Албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва экин-тикинга нуқсон етказиш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирон мусибат келганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”. (Бақара сураси, 155-157-оятлар).
Дарҳақиқат, ана ўшалар иззат ва шараф йўлини тутган инсонлардир. Айниқса мусибатнинг илк лаҳзасида ўзларини мардона тутувчи зотлар амали таҳсинга лойиқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “(Ҳақиқий) сабр мусибатнинг дастлабки зарбаси пайтида бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Собир бандалар оғир ҳолатлардан матонат билан чиқиб кетадилар. Улар бошларига тушган кулфатни ҳам дунёю Охиратлари учун хайрли натижага айлантиришга уринадилар. Шу боис, уларнинг кулфат ҳолати билан саодат онлари бир-биридан у қадар кескин фарқланмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминнинг иши қизиқ! Унинг ҳамма иши ўзи учун хайрли. Бу нарса фақат мўминда мавжуд. Агар мўминга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун хайрли. Агар унинг бошига ғам-кулфат тушса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун хайрли бўлади”. (Муслим ривоятлари).
Қуйидаги ажиб мисолга диққат қилинг.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари одам жўнатдилар:
- Ўғлим ўлим тўшагида ётибди. Бизникига етиб келинг!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларига салом айтиб, шундай деб юбордилар:
- Олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Ҳар бир нарсага Унинг ҳузурида маълум муҳлат белгилангандир. Бас, сабр қилиб Аллоҳдан ажр-савоб умид эт!” (Бухорий ривоятлари).
в) Бандалар озор-азиятига сабр қилмоқ
Сиз турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар экансиз, албатта улардан бир қанча озор-азиятлар кўрасиз. Агар ҳар бир озор-азият сизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз бутун ҳаётингиз азобга айланади. Шу боис, имкон қадар биродарингизнинг хато-камчиликлари, билиб-билмай қилиб қўядиган зулм-озорларини кўтаришга ва кечириб юборишга ҳаракат қилинг. Шунда меҳр-муҳаббатга тўлиқ, саодатли ҳаёт кечирасиз.
“Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни авф қилинг ва хатоларидан ўтинг”. (Бақара сураси, 109-оят).
“Ёмонликни энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! Шунда, баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур”. (Фуссилат сураси, 34-оят).
Албатта бировлар озорини кўтариш, уларни кечиб юбориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. “Албатта ким сабр қилса ва кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу пухта ишлардандир”. (Шўро сураси, 43-оят).
Бу фақат Аллоҳ таолодан мадад тиловчи чинакам мўминларгина қодир бўлган оғир вазифадир.
“Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз барчани кўриб турувчи бўлган Зотдир”. (Фурқон сураси, 20-оят).
Аллоҳнинг собир бандалари Парвардигорлари беражак ажру савоблар умидида сабр-тоқат қилурлар. “Улар Парвардигорларининг Юзини кўзлаб сабр қилдилар”. (Раъд сураси, 22-оят).
г) Даъват майдонида, амри маъруф ва наҳий мункар чоғида сабр қилмоқ
Аллоҳ таоло Пайғамбарларга сабрли бўлишни буюрди: “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам намоз ўқишда чидамли бўлинг!” (Тоҳо сураси, 132-оят). “Яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (озор-мусибатларга) сабр қил”. (Луқмон сураси, 17-оят). “Ва улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!” (Муззаммил сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло йўлига даъват қилувчи киши Аллоҳнинг душманлари устидан белгилаб қўйилган ғалабага етмоғи учун сабр-матонатли бўлмоғи лозим.
“Бас, сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар”. (Рум сураси, 60-оят).
Натижага шошилган кимса охир-оқибат ҳасрат-надомат чекиб қолади. Унинг бутун ҳаракати чиппакка чиқади. “Бас, сиз ҳам ўтган Пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганидек сабр қилинг ва уларга азобни шоширманг”. (Аҳқоф сураси, 35-оят).
д) Аллоҳ таоло жиҳод билан сабрни бир жойда келтирди: “...сўнг жиҳод қилиб, сабр қилган зотлар...” (Наҳл сураси, 110-оят).
Сабр душман устидан ғалаба қозонишнинг асосий шарти сифатида таъкидланди: “Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юз нафарни енгадилар!” (Анфол сураси, 65-оят). Сўнг мўминларга енгиллик туширилди: “Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта кофирни енгадилар”. (Анфол сураси, 66-оят).
Аллоҳ таоло сабр-тоқат билан жанг қилувчи бандаларига кўкдан фаришталар тушириб ёрдам беришини билдирди. Яъни самовий мадад ҳам сабрга боғлиқ қилинди:
“Агар сабр қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз ва кофирлар шу онда сизларга хужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур”. (Оли Имрон сураси, 125-оят).
Аллоҳнинг дўстлари-мўминлар душманлар қаршисида сабот билан турсалар, Пок Парвардигор кофирлар тузаётган ҳийлаю найрангларни йўққа чиқаради. Натижада Аллоҳнинг содиқ бандалари душманлар макридан омон қоладилар. “Агар сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчидир”. (Оли Имрон сураси, 120-оят).
Бироқ мўминлар сабр сифатидан маҳрум бўлсалар, аламли мағлубият ва кулфат гирдобида қоладилар. Аллоҳ таоло бесабр ва хусусан бошқа номаъқул одатлари бор қавмни паноҳига олмайди.
“Эй мўминлар, (кофир) жамоага рўбарў бўлганларингизда саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз. Шояд, нажот топсангизлар. Ва Аллоҳ ҳамда Унинг Пайғамбарига итоат қилингиз ва ўзаро талашиб тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб куч-қувватларингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз. Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”. (Анфол сураси, 45-46 оятлар). Қуръони каримда қуйидаги оятлар кўп бор такрорланган: “Аллоҳ сабр қилгувчиларни яхши кўради. Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”.
“Қанчадан-қанча Пайғамбарлар ўтганки, улар билан бирга кўпдан-кўп художўйлар жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик-заифлик қилмаганлар ва душманларига бўйин эгмаганлар. Аллоҳ сабр қилгувчиларни яхши кўради”. (Оли Имрон сураси, 146-оят).

17. Сабр самараси
Хотиржамлик, қониқиш-розилик, саодат ҳиссини туйиш, азизу мукаррамлик, Аллоҳ нусрати ҳамда муҳаббатига сазовор бўлмоқ сабрнинг самараларидир. Ҳаммасидан олийси – Охиратда қўлга киритиладиган беҳисоб ажру мукофотлар. “Шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларнинг ажр-мукофотлари тўла-тўкис ва ҳисобсиз қилиб берилур”. (Зумар сураси, 10-оят).
Фаришталар саломи ила янада кўркамроқ бўлиб турган жаннатлар:
“...(у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб дерлар: “Сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли энди (бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу Охират диёри нақадар яхши!” (Раъд сураси, 23-24 оятлар).
Аллоҳ таоло собир бандаларига мағфират ва розилик ила боқади: “Мен бугун уларни сабр-тоқат қилганлари сабабли мукофотладим - ҳақиқий ютуққа эришганлар ана ўшалардир”. (Мўминун сураси, 111-оят). “Бирор мусибат келганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилардирмиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир”. (Бақара сураси, 156-157-оятлар).
Ҳали бир кун келади. У кунда на молу давлат ва на фарзандлар фойда беради. Фақат Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган собир бандаларгина Аллоҳ таоло марҳаматига лойиқ кўрилурлар. Сабрнинг нечоғлик улуғ неъмат эканлигини балки энди аниқроқ ҳис қилармиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва улканроқ неъмат берилмаган”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

18. Рўшнолик қайғу-қийинчилик билан биргадир
Инсон баъзида кетма-кет ёғилаётган бало-мусибатлар тагида қолиб кетади. Кулфат ва қийинчиликлар зарбидан ғам чекади. Албатта буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг синови. Токи банда ана шу қийинчиликларни енгиб ўтиб, синовдан муваффақиятли ўтсин ва жаннат эгалари сафига қўшилсин. Мусибатларга сабр қилиб, умидсизликка тушмасдан ҳар битта иш тақдирдан эканлигини англаган ва шунга рози бўлиб, ўзини мардона тута олган банда Аллоҳ иноятига ноил бўлади. Барча ғам-ташвишлари барҳам топиб, дунёю Охират саодатини қўлга киритади. Ана шунда тақводор банда қуйидаги ҳақиқатни англаб етади: нур зулмат қаъридан, раҳмат қуёши ғам-ташвиш булутлари орасидан сизиб чиқади. Банданинг бошига тушган ҳар бир мусибат замирида хайрият ётади. Ҳаётдаги бало-кулфатлар содиқ мўмин махлуқларга суянмайдиган бўлиши учун хизмат қилади. Буларнинг бари унинг қалби ёлғиз Холиқи билан боғланишида фойда беради. Зеро, барча иш қодир Аллоҳнинг қўлидадир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бизга ана шу ҳақиқатни бот-бот уқтиради:
“Ёки сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингларми? Уларга бало ва мусибатлар келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?” дейишган эди. Шунда уларга бундай жавоб бўлган: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир”. (Бақара сураси, 214-оят). “У Зот бандалар умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва раҳмат-баракотни кенг ёядиган Зотдир”. (Шўро сураси, 28-оят).
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ва уларнинг икки биродари қиссасида ҳам собир бандаларнинг яхши намунаси мавжуд. Улар Табук ғазотидан ҳеч қандай сабабсиз қолиб кетган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини Каъб ва унинг икки биродари билан алоқа қилмасликка буюрдилар. Ғазотдан қолиб кетган уч содиқ саҳобий оғир кунларни бошдан кечирдилар. Ҳатто... “...уларга кенг ер торлик қилиб қолгунича ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг ғазабидан фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутилиш мумкин эканини билгунларига қадар тавбалари қолдирилган эди”. Ниҳоят ёруғ кунлар, саодатли онлар етиб келди: “Сўнгра Аллоҳ тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, Меҳрибондир”. (Тавба сураси, 118-оят).
Ўтган Пайғамбарлар ва солиҳ инсонлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот асҳоблари бошидан ўтган оғир кунлар, уларнинг ечимлари ҳақидаги қиссалар биз учун чин маънода ибратдир. Устма-уст ёғилаётган бало-кулфатлар оғирлигидан қадди букилган ҳар бир мўмин комил ишонч билан Аллоҳ таолодан саодатли кунлар келишини кутсин. Фақат ва фақат Парвардигорига умид кўзларини тиксин.

19. Қийинчилик ва енгиллик
Мазкур ҳадис маънолари ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлигига эътибор берган бўлсангиз керак. Дарвоқе, қийинчилик ташвиш келтиради, енгиллик эса ёруғликка элтадиган эшикдир. Ҳар иккиси учун сабр ва чидам шарт. Ана шунда унинг ортидан зафар-муваффақият бўй кўрсатади. Бу ҳам Парвардигорнинг фазли-марҳамати ҳисобланади. Қийинчилик ортидан ҳамиша енгиллик келади. “Аллоҳ танглик-қийинчиликдан кейин енгилликни ҳам пайдо қилади”. (Талоқ сураси, 7-оят). “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир”. (Шарҳ сураси, 5-6 оятлар).
Шу боис, Аллоҳ таоло бандаларига фақат хайрли-енгил ишларни буюрган. “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара сураси, 186-оят).
Бандалари учун оғир-машаққат бўлган нарсаларни улар устидан соқит қилади. “Бу динда Аллоҳ сизларга бирон ҳараж-танглик пайдо қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
“Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар бир қийинчилик-машаққат келиб, манави тешикка кирса, албатта бир енгиллик келиб, унинг ортидан киради ва уни чиқариб юборади”. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир”. (Баззор ривоятлари).
Яъни оғир-машаққатли соатлар ҳеч қачон давомий бўлмайди, хусусан Аллоҳ тақдирига рози бўлиб, шариат аҳкомларига тўлиқ амал қиладиган ва фақат Парвардигорларидан енгиллик-нажот истаб дуо-илтижо қиладиган солиҳ инсонлар албатта саодатли онларга етишадилар. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир”. (Талоқ сураси, 3-оят).

20. Ҳадисдан олинган фиқҳий фатво
Агар миниладиган ҳайвон кучли бўлиб, бемалол икки ёки уч кишини кўтара олса, улов эгаси ўз орқасидан бошқа бировни мингаштириб олиши мумкин. Бироқ миниладиган жонивор бир кишидан ортиғини кўтара олмайдиган бўлса, унга жабр қилмаслик лозим.

21. Ҳадис яна қуйидаги нарсаларни ифодалайди:
а) Муаллим бирон муҳим нарсани ўргатишидан аввал шогирдининг диққатини бир жойга жамламоғи керак. Яъни таълим унинг ёдида қолиши учун ўша нарсанинг муҳимлиги тушунтирилади;
б) Ким ҳақ устида турган бўлса ва унга чақирса ёхуд амри маъруф ва наҳий мункар қилса, Аллоҳ душманлари ва золимлар макри унга зарар бермайди;
в) Мусулмон киши ўз зиммасидаги тоат-ибодатларини адо этиб, мункар ишларни тарк қилиши, амри маъруф-наҳий мункар фарзини бажо этиши, иймони заиф одамларнинг хунук оқибатлардан қўрқитишларига қулоқ солмаслиги керак. Чунки унинг тақдирида ёзилган иш содир бўлмасдан иложи йўқ.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЎН САККИЗИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:31

ЎН САККИЗИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳусни хулқ


18 - عَنْ أَبِي ذَرٍّ جُنْدُبِ بْنِ جُنَادَةَ وَأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ". (رواه الترمذي وقال: حديث حسن. وفي بعض النسخ: حسن صحيح).

18. Абу Зарр Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳу ва Абу Абдурраҳмон Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил! Ёмонлик ортидан бир яхшилик қилгинки, уни ўчириб юборади. Одамлар билан чиройли хулқ ила муомалада бўлгин”.
(Имом Термизий ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳадис тарихи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий ва Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳумога насиҳат қилиб, юқоридаги сўзларни айтганлар. Мазкур воқеа бир қанча йўллар ва турлича муносабатлар билан зикр этилган.
1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб шундай деганлар:
- Эй Муоз! Аллоҳдан қўрққин! Одамларга гўзал хулқ билан муомалада бўлгин. Агар бирон ёмон иш қилиб қўйсанг, ортидан бирон яхшилик қилгин.
- Ё Расулуллоҳ! - деб сўрадим мен, - “Ла илаҳа иллаллоҳ” (дейиш) ҳам ҳасанотларданми?
- У энг улуғ ҳасанотлардан! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Ибн Абдулбар ривоятлари).
2. Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални ўргатингки, у мени жаннатга яқинлаштириб, жаҳаннамдан узоқлаштирсин.
- Агар бир ёмон иш қилиб қўйсанг, ортидан яхши амал қилиб қўйгин. Зеро, яхши амал ўн баробар мисли билан ёзилади.
- Ё Расулуллоҳ! “Ла илаҳа иллаллоҳ” ҳам ҳасанотларданми?
- У энг яхши ҳасанотлардандир! (Аҳмад ривоятлари).

2. Инсон ер юзида мукаррам халифадир
Аллоҳ таоло инсонни яратди ва унга беҳисоб неъматлари билан фазлу карам кўрсатди. Одамлар орасидан Пайғамбарлар чиқариб, уларга ваҳий туширди. Аллоҳ Расуллари инсонларга қуйидагиларни уқтирдилар:
• Ҳеч қачон Аллоҳ таолога ширк келтирмасдан, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилинг!
• Аллоҳ буюрган ишларни амалга оширингиз! У Зот қайтарган нарсаларга яқин йўламанг!
• Ҳамиша яхши амаллар қилишга интилингиз! Мункар ишлардан тийилинг!
• Ҳар бирингиз инсоният бахт-саодати йўлида ҳаракат қилинг!
• Ўзаро аҳил-иноқ яшанг! Бир-бирларингизга беминнат ёрдам қўлини чўзинг!
• Покиза табиат, ширин калом ва гўзал хулқ ила зийнатланинг!
Ана шунда шахс ҳам, жамият ҳам бахтли ҳаёт кечиради. Дунёю Охират яхшилигига эришади ва Одам алайҳиссаломнинг муқарраб (Аллоҳга яқин) фаришталардан хосланган хусусияти - инсоннинг ердаги халифалиги қарор топади. “Эсланг, Биз фаришталарга: Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар”. (Бақара сураси, 34-оят).

3. Боқий насиҳат
Икки улуғ саҳобийнинг бизга қилган туҳфаси нечоғлик гўзал ва қимматли! Улар ҳабиблари ва мураббийлари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан хос насиҳат эшитдилар. Дунёю Охират саодатига бошловчи ушбу хайрли насиҳат кейинчалик бутун Ислом уммати учун мангу мавъиза ва йўлланма бўлиб қолди. Мазкур насиҳат Ҳақ таоло ҳуқуқларини ўз ичига олиб, бандалар ҳақларини ҳам ҳимоя этиб туради.

4. Тақво нажот йўлидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан тақво қилишга чақирадилар. Чунки у яхшиликни ўзида жамловчи, ёмонликдан қайтарувчи хислатдир. Мўминлар айнан тақво сабабли Аллоҳ таоло нусрати ва мададига ҳақли бўладилар: “Албатта Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).
Пок Парвардигор тақво эгаларига чиройли ризқ ва бало-офатлардан омонлик ваъда этган: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун ташвишлардан чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантирур”. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Аллоҳ таоло Ўзининг тақволи бандаларини душманлар макр-ҳийлаларидан омон сақлайди: “Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди”. (Оли Имрон сураси, 120-оят).
Аллоҳ Ўзидан қўрқадиган бандага албатта раҳм қилади: “Аллоҳ деди: Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва оятларимизга иймон келтирувчи бўлган кишиларга ёзурман”. (Аъроф сураси, 156-оят).
Аллоҳ таолодан тақво қилмоқ чин бандаликдир. У Зот тақво сифати ила безанган қулларини мағфират этади: “У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни бандалари Ундан тақво қилишлари-қўрқишлари лозимдир) ва (У тақво қилувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир”. (Муддассир сураси, 56-оят).
Тақводор зотлар Охиратда олий мақомларга эришадилар: “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёларда қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар”. (Қамар сураси, 54-55-оятлар).
Тақвонинг фазли ва унинг улкан самаралари хусусида яна бир қанча оят-ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Инчунун, тақвонинг мўминлар йўли ва Набийлар хулқига айланиши одатий ҳолдир. “Ана ўша зотларгина Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг”. (Анъом сураси, 90-оят).
Аллоҳ таоло бандаларининг аввалгиларини ҳам, охиргиларини ҳам тақвога буюради. Зеро ким тақвони лозим тутса, зафар қучади. Ундан юз ўгирган кимсалар эса ҳалокатга маҳкумдирлар! “Биз сизлардан илгари китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар, бас, осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир! Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор бўлган Зотдир!” (Нисо сураси, 131-оят).

5. Тақво моҳияти
Тақво Ислом олиб келган ақида, ибодат, муомала ва хулқ каби асосларни ўзида мужассам этган ва шу билан бирга айрим нарсаларни ман этувчи калимадир. “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўра туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни берадиган киши, аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли инсонлардир, ана ўшалар асл тақводорлардир”. (Бақара сураси, 177-оят).
Демак, тақво дегани қуруқ даъво эмас экан. Уни Аллоҳ таоло йўлида мунтазам амал қилиш ва маъсиятларни қатъий суратда тарк этиш деб тушунмоғимиз лозим.
Салафи солиҳлар тақвони қуйидагича баён қилишган:
“Аллоҳга ҳамиша итоат этмоқ. Асло исён-маъсиятга яқинлашмаслик. Парвардигор зикри-ёди билан юрмоқ. Ҳаргиз уни унутмаслик. Мудом Аллоҳга шукр қилмоқ. Ҳеч вақт куфрони неъмат кўчасига кирмаслик”.
Солиҳ инсонлар тақвони чин маънода тушунганлар ва барча-барча ҳолатларида унга тўла-тўкис амал қилганлар. Зеро, улар Парвардигорнинг қуйидаги нидосига ҳар доим лаббай деб жавоб беришарди:
“Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар”. (Оли Имрон сураси, 102-оят).

6. Комил тақво
Шубҳали нарсалардан йироқ юриш киши тақвосининг комиллигини билдиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва номусини сақлабди!”
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳаромга аралашиб қолишдан қўрқиб, ҳатто мубоҳ-мумкин нарсаларни ҳам тарк этмоқ юқоридаги ҳадис мазмунидан тушунилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Банда зиёнли (ҳаром) нарсалардан қўрқиб, ҳеч бокиси йўқ (мубоҳ) нарсаларни ҳам тарк этмагунга қадар, тақводорлардан бўла олмайди”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Ҳасан Басрий айтадилар: “Тақво сифати тақводор зотларда давом этиб, ҳатто ҳалол нарсаларни ҳам тарк этишларига тўғри келган”.

7. Банда қандай қилиб тақводор бўлади?
Мусулмон фарзанди ҳақиқий тақводор зотлар сафига қўшилиши учун аввало динини яхши билмоғи лозим. Чунки у Исломни яхши билмай туриб, нималардан тақво қилиши кераклигини билолмайди. “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур!” (Фотир сураси, 28-оят).
Жоҳил-оми киши нима вожибу нима ҳаромлигини ажрата олмай қолади. Шу боис, илм олиш энг афзал ибодатлардан саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг энг қуйиларингизга нисбатан устунлигим кабидир”. (Термизий ривоятлари).
“Ким илм излаб йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”. (Муслим ривоятлари).
“Аллоҳ таоло кимга яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунадиган қилиб қўяди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Аллоҳга тавбалар этмоқ ва хайрли амаллар қилишга шошилмоқ тақводор мўминлар хулқидандир
Инсон баъзида унутиб ёки ғафлат босиб, гоҳо нафсининг сўзига юриб ёхуд шайтон васвасасига учиб, бирон гуноҳга қўл уриб қўяди. Бундай ҳолатда тақво эгалари гуноҳларини билган заҳоти Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилишга ва У Зотдан истиғфор сўрашга ошиқадилар. Пок Парвардигор ўзининг тақводор бандаларини Қуръони каримда қуйидагича тавсифлайди:
“Улар қачон бирон-бир фаҳш ишни қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган - ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур - билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир”. (Оли Имрон сураси, 135-оят).
“Тақво қилувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, ўшанда улар ҳақни кўра бошлайдилар”. (Аъроф сураси, 201-оят).
Аллоҳ таолога тавбалар қилган тақводор мўмин гуноҳини ювиш учун дарҳол хайрли амаллар қилишга киришади. У Аллоҳнинг қуйидаги ваъдасига аниқ ишонади:
“Албатта ҳасанотлар ёмонликларни кетказади”. (Ҳуд сураси, 114-оят).
У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ёмонлик-маъсият ортидан яхши-савобли амал қилгин: уни ўчириб юборади!” деган сўзларига ижобат этади.

9. Тоат-ибодат нури маъсият зулматларини йўқ қилади.
Намоз, рўза, закот, ҳаж ва жидду-жаҳд каби солиҳ амалларни мунтазам қилиб бориш кишидан содир бўлган гуноҳларни ювиб кетади. Бу ҳақда жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимки иймон билан ва Аллоҳдан савоб умид этган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади”.
(Бухорий, Муслим ривоятлари);
- Сизларга Аллоҳ таоло унинг сабабидан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсани айтиб берайми?
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дейишди саҳобалар.
- Қийин ҳолатларга қарамай, таҳоратни комил олмоқ, масжидларга кўп қадам қўймоқ ва намоздан сўнг кейинги намозни кутмоқ! (Муслим ривоятлари);
“Ким мана бу уйга ҳаж қилиб, бепарда сўзлардан ва гуноҳ амаллардан ўзини тийса, худди онадан янги туғилгандек гуноҳларидан фориғ бўлади”.
(Бухорий, Муслим ривоятлари).
Тоат-ибодатларнинг гуноҳларга каффорат бўлиши хусусида Қуръони каримда ҳам оятлар мавжуд.

10. Гуноҳи кабираларнинг каффорат этилиши учун тавба шартдир
Ҳасанотлар, яъни яхши амаллар кичкина гуноҳларга каффорат эканлиги уммат орасида билиттифоқ қарор топган ҳақиқат. Аммо қилувчисига Аллоҳ таоло аламли азоб ваъда этган гуноҳлар: ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш, судхўрлик, ароқ ичиш каби гуноҳи кабиралар ўчирилиши учун албатта тавба-тазарру шартдир.
“Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни албатта мағфират қилгувчидирман”. (Тоҳо сураси, 82-оят).
Бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли бўлмаган ўринларда шу нарсага умид қилинади. Бироқ бандалар ҳаққига тегишли саналган ўғрилик, талончилик ва бировни ўлдириш каби гуноҳларда гуноҳкор аввало мазлумлар ҳаққини адо этиши ёхуд уларнинг кечиб юборишларига эришиши шарт. Ана шундан кейингина тавбанинг қабул бўлишига умид қилиш, ҳаттоки ёмонликларнинг яхшиликларга айлантириб берилишига умид боғлаш мумкин. “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ таоло ана ўшаларнинг гуноҳларини савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир”. (Фурқон сураси, 70-оят).
Киши мазлумнинг ҳаққини адо этмаса ёки унинг кечиб юборилишига эриша олмай қолса, Қиёмат кунида қилмишига яраша жавоб олади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги кўприкка қамаладилар. Улар шу ерда дунёда ўтказган зулмлари учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиб оладилар. Сўнгра покланиб - ораста бўлган мўминларга жаннатга киришга изн берилади”. (Бухорий ривоятлари).
Аллоҳ таоло бандаларига фазлу марҳамат этди. Агар инсоннинг кичкина гуноҳлари бўлмаса, унинг солиҳ амаллари гуноҳи кабиралардан кичкина гуноҳлар миқдоридаги қисмини енгиллатади. На катта ва на кичкина гуноҳга қўл урмаган банда эса Аллоҳ таолодан зиёда ажру савоблар олади.

11. Ахлоқ-одоб инсоний тараққиёт асосидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шахс ҳаётини ҳам, жамият ҳаётини ҳам бирдек ўнглайдиган омилларни бир-бир кўрсатиб ўтдилар. Яъни сиз одамлар билан чиройли муомалада бўлинг. Бировларнинг сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, ўзингиз ҳам ўзгаларга шундай муомала қилинг. Ана шунда сиз - мусулмон фарзанди яхшиларнинг дўстига айланасиз. Сиз одамларни яхши кўрасиз, улар ҳам сизни яхши кўрадилар. Сиз одамларни иззат-икром қиласиз, улар ҳам сизга ҳурмату эътибор кўрсатадилар. Сиз одамларга яхшилик қиласиз, улар ҳам сизга яхшилик билан жавоб берадилар. Ана шунда жамиятдаги ҳар бир шахс ўз вазифасини қониқиш ва камоли садоқат билан адо этади. Ҳаёт ўз изига тушади, инсоний қадриятлар сақланиб қолади, ҳақиқий маданият бўй кўрсатади.
Ислом ахлоқ-одобнинг инсон ҳаётида нечоғлик муҳим ўрин эгаллашини тўғри эътироф этгани боис, унга кўп эътибор беради. Қуйида фикримиз далили сифатида ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни келтириб ўтамиз:
“Кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”. (Аъроф сураси, 199-оят);
“Ёмонликни энг гўзал сўз билан даф қилинг! Шунда баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-қалин дўст каби бўлиб қолур”. (Фуссилат сураси, 34-оят);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Сизларнинг Аллоҳга энг суюклиларингиз ва Қиёмат кунида менга энг яқин бўладиганларингиз ҳақида хабар берайми?
- Ҳа! - деб жавоб беришди саҳобалар.
- Гўзал хулқлиларингиз! (Ибн Ҳиббон ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Энг иймони комил мўмин хулқи гўзал бўлган мўминдир!” (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз гўзал хулқлиларингиздир”. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари).
Гўзал хулқ хусусида яна бир қанча оят ва ҳадисларни санаб ўтиш мумкин. Биз келтирган далилларимизга қуйидаги саҳиҳ ривоятни хулоса сифатида эслаб ўтмоқчимиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учунгина юборилдим!”.
(Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари. Бухорий бу ҳадисни “Ал-адаб ал-муфрад”да ривоят қилганлар).

12. Ҳусни хулққа қандай эришилади?
Киши гўзал хулқларни аста-секин ўзлаштириб бориши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамларга нисбатан хуш хулқли бўлгин!”.
Бошқа бир лафзда эса: “Имкон қадар хулқингни гўзал қилгин!” дейилган.
Хўш, ҳусни хулққа қандай эришилади?
Аввало Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқларидан ўрнак олиш орқали ҳусни хулқ юзага чиқади. “Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир”. (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юксак хулқ эгаси бўлганлар. Аллоҳ таоло айтганидек: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Разил ва тубан кимсалардан йироқ юриб, ҳамиша тақводор, фозил ва гўзал хулқли яхши одамлар суҳбатида бўлиш ҳам киши хулқига ижобий таъсир кўрсатади.
“Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини-розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан кўзларингиз четлаб ўтмасин! Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28-оят).

13. Гўзал хулқлар
Қариндош-уруғлар билан яхши муомалада бўлиш, силаи раҳм, кечиримлилик, бағрикенглик ва қўли очиқлик каби хислатлар мақтовли хулқлар таркибига киради.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Эй Уқба! Сенга дунёю Охират аҳлининг энг афзал ахлоқи хусусида хабар берайми? Сендан алоқасини узган одам билан алоқангни тикла. Сени маҳрум этган кимсага сен инъом эт. Сенга зулм ўтказганни афв эт”. (Ҳоким ривоятлари).
Имом Аҳмад ривоятларида: “Сени ҳақорат қилган кимсани кечириб юбор”, - дейилган.
Бировларга азият етказмаслик, одамлар ҳақида ёмон гумон қилмаслик, ҳалимлик, камтарлик, меҳрибонлик ва очиқ юзлилик ҳам ҳусни хулқ доирасидандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биронта хайрли ишни ҳақир-арзимас санаманг. Ҳатто биродарингизга очиқ юз билан йўлиқишни ҳам!” (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Банда ёмонликдан тийилсин. Зеро, мана шу нарса унинг учун садақадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Одамлар билан чиройли муносабатда бўлиш ва гўзал хулқ-атвор комил иймонли, тақводор зотлар сифатидир.
Ёмонлар даврасига - модомики, улар яхшиликка бўйсунмас ва ёмонликдан қайтмас эканлар - асло яқин йўламанг. Чин тақво эгалари маъсият аҳлини ҳеч вақт дўст тутмаганлар.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

ЎН ЕТТИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:30

ЎН ЕТТИНЧИ ҲАДИС
Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим


17 - عَنْ أَبِي يَعْلَى شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ، فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأَحْسِنُوا الْقِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذِّبْحَةَ، وَلْيُحِدَّ أَحَدُكُمْ شَفْرَتَهُ وَلْيُرِحْ ذَبِيحَتَهُ". (رواه مسلم).

17. Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, яхши бир тарзда қатл этинг. Агар жонлиқ сўйсангиз, яхши бир тарзда сўйинг. Пичоғингизни ўткирлаб олинг ва жониворга роҳат беринг”.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Диннинг муҳим асосларидан саналмиш мазкур ҳадис Исломдаги барча вазифаларни пухта ва чиройли суратда адо этишни ўргатади. Зеро, ҳар бир нарса шариат ҳукмига мувофиқ тушмоғи билан гўзалдир. Инсоннинг ҳаётий ишлари: кундалик турмуш тарзи, аҳли оиласию атрофдагилар билан муомаласи ҳамда ухровий амаллари: қалб амали бўлмиш иймон ва аъзолар амали мукаммал, пухта адо этилса, дунё ва Охират саодатига эришмоқ мумкин бўлади.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Барча машруъ яъни шариат рухсат берган амалларни мукаммал ва чиройли адо этмоқ вожибдир
“Албатта Аллоҳ адолатли ва чиройли амаллар қилишга буюрур”. (Наҳл сураси, 90-оят).
“Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”. (Бақара сураси, 195-оят).
Буюрилган амалларни бажаришда ҳам, қайтарилган ишларни тарк этишда ҳам, ўзаро муомала-муносабатларда ҳам мукаммалликка интилмоқ лозим. Ана шунда банданинг амали қабул бўлиб, олажак ажру савоби ортади.

2. Қатлни пухта ижро этиш
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусла қилишдан қайтарганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Мусла - ўлик ёки тирик инсоннинг тана аъзоларини кесиш.
“Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг”. (Бақара сураси, 194-оят).

3. Оловда ёқиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтда ёқишга аввал рухсат бериб, сўнг бундан қайтарганлар”.
(Имом Бухорий ривоятлари).
Аввал изн берилиб, сўнг ман этилиши мазкур ҳукмни янада таъкидлироқ қилиб кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла азоби билан азобламангиз!” (Бухорий ривоятлари).
Ҳеч бир жонзот ўтда куйдирилмаслиги лозим. Исломдаги бу ҳукм ҳайвонлару ҳашаротларни ҳам ўз ичига олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кетаётиб, ёндириб юборилган чумоли ини олдидан ўтиб қолдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дарғазаб бўлиб, шундай дедилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг азоби билан азоблашга одамзоднинг ҳаққи йўқ!”.
(Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Шу боис, аксар уламолар, ҳатто ҳашоратларни ҳам ўтда ёқишни кариҳ санаганлар. Иброҳим Нахаий айтадилар: “Чаённи ўтда куйдириш мусла ҳисобланади”.
Умму Дардо бургани ўтда куйдиришдан қайтарганлар.
Имом Аҳмад айтадилар: “Тирик балиқ ўтда қовурилмайди. Чигиртканинг ҳукми енгилроқ. Чунки унда қон йўқ”.

4. Ҳайвонларни боғлаб қўйиб, сўнг уларни ўқ ёки бошқа нарса отиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чорва ҳайвонларни бундай усулда ўлдиришдан қайтарганлар”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир тўп кишилар олдидан ўтдилар. Улар товуқни боғлаб қўйиб, ўққа тутаётган эдилар. “Ким бундай қилди? - деб сўрадилар Ибн Умар розияллоҳу анҳу. - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу ишни қилганларни лаънатлаганлар!”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

5. Жонли нарсадан нишон сифатида фойдаланиш мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отишдан - ҳайвонни отиб, сўнг ейишдан қайтардилар. Ҳайвон сўйилади. Ундан кейин агар хоҳласалар, отаверишсин”. (Имом Аҳмад ривоятлари).

6. Ҳайвонларни шариатга мувофиқ чиройли тарзда сўймоқ лозим.
Исломда жонлиқ сўйишнинг ўз одоблари мавжуд бўлиб, улар мулойимлик ва мукаммалликнинг ажойиб мажмуидир.
Қассоб ҳайвонни қийнаб қўймаслик учун аввал пичоғини обдон ўткирлаб олмоғи керак.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пичоқни ўткирлашни ва уни ҳайвондан яширишни буюрдилар:
“Агар қай бирингиз жонлиқ сўйса, тайёргарлик кўриб олсин!” - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
Сўйиладиган ҳайвонга юмшоқ муомалада бўлиш ҳам мазкур одоблар сирасига киради. Жонивор сўйиладиган жойга аста етаклаб келинади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши қўйнинг қулоғидан ушлаб тортарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтиб қолдилар: “Қўйнинг қулоғини қўйиб юбориб, бўйнидан ушла!” - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Ибн Можа ривоятлари).
Имом Аҳмад айтадилар: “Сўйилишга олиб кетилаётган ҳайвон аста етакланади. Ҳайвонга пичоқ фақат сўйилаётган пайтда кўрсатилади. Унгача пичоқ яшириб турилади”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни сўйганда терисини кесиб, бўйин томирини узмай қўйишдан ҳам қайтарганлар”. (Ибн Можа ривоятлари).
Шунингдек, ҳайвонни бошқа жониворлар олдида сўймаслик, сўяётганда қиблага қаратиб, Аллоҳ номини тилга олиб, Унинг неъмати-марҳаматини эътироф этиш, сўнг то жони чиқиб кетгунга қадар тегинмай туриш мустаҳабдир. Ҳеч вақт ҳайвон устига ортиқча юк юкланмаслиги лозим. Миниладиган ҳайвонни фақат эҳтиёж бўлганда мининг. Жониворнинг сути соғиб олинаётганда боласига зарар етказмайдиган миқдорга риоя этмоқ керак.

7. Юқоридаги ҳадис Исломнинг улкан асослари қаторига қўшилади. Зеро, у ҳар бир ишни шариат буюрганидек чиройли ва мукаммал адо этишга чақиради.

Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.