ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС
Яхшилик эшиклари ва ҳидоят йўллари


29 - عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ يُدْخِلُنِي الْجَنَّةَ وَيُبَاعِدُنِي عَنِ النَّارِ، قَالَ: "لَقَدْ سَأَلْتَ عَنْ عَظِيمٍ، وَإِنَّهُ لَيَسِيرٌ عَلَى مَنْ يَسَّرَهُ اللهُ تَعَالَى عَلَيْهِ: تَعْبُدُ اللهَ لا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ، وَتَصُومُ رَمَضَانَ، وَتَحُجُّ الْبَيْتَ".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أَدُلُّكَ عَلَى أَبْوَابِ الْخَيْرِ: الصَّوْمُ جُنَّةٌ، وَالصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمَاءُ النَّارَ، وَصَلاةُ الرَّجُلِ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ، ثُمَّ تَلا: (تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ – حَتَّى بَلَغَ – يَعْلَمُونَ)".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أُخْبِرُكَ بِرَأْسِ الأَمْرِ وَعَمُودِهِ وَذِرْوَةِ سَنَامِهِ". قُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: رَأْسُ الأَمْرِ الإسْلامُ، وَعَمُودُهُ الصَّلاةُ، وَذِرْوَةُ سَنَامِهِ الْجِهَادُ".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أخْبِرُكَ بِمِلاكِ ذَلِكَ كُلِّهِ". فَقُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَخَذَ بِلِسَانِهِ وَقَالَ: "كُفَّ عَلَيْكَ هَذَا". قُلْتُ: يَا نَبِيَّ اللهِ، وَإِنَّا لَمُؤَاخَذُونَ بِمَا نَتَكَلَّمُ بِهِ؟ فَقَالَ: "ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ فِي النَّارِ عَلَى وُجُوهِهِمْ – أَوْ قَالَ: عَلَى مَنَاخِرِهِمْ – إِلا حَصَائِدُ أَلْسِنَتِهِمْ". (رواه الترمذي وقال: حديث حسن صحيح).

29- Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
- Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин, - дедим.
- Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам - Бироқ у Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга бирон-бир нарсани шерик этмасдан ибодат қил. Намозни тўкис адо эт, закот бер, Рамазон рўзасини тут ва Байтуллоҳга ҳаж қил!
Сўнг дедилар:
- Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайинми?! Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик эшикларидандир).
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: ”Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон била олмас”.
Сўнг дедилар:
- Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?!
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дедим мен.
- Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси жиҳоддир!
Сўнгра дедилар:
- Сенга мана шуларнинг ҳаммасининг ўзаги ҳақида хабар берайми?!
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - деб жавоб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб, дедилар:
- Мана бунингни тийгин!
- Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?!
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан (ёки “бурунлари билан” дедилар) дўзахга қулатадиган нарса тилларининг мевалари эмасми?! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Термизий ривоятлари. Ҳасан саҳиҳ ҳадис).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ушбу ҳадисда инсонни жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирувчи солиҳ амаллар баён этилаяпти. Бандаларнинг жаннатга киришлари, дўзахдан нажот топишлари учун пайғамбарлар юборилган, китоблар нозил қилинган. Шу боис, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга:
“Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг”, дедилар.
Шу саволни берган яна бир саҳобийга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдилар:
“Гарчи саволинг қисқа бўлса-да, жуда улкан ва узун нарса хусусида сўрадинг!”

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Муоз розияллоҳу анҳу солиҳ амалларга қаттиқ эътибор берганлар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг юқоридаги саволлари бир томондан уларнинг солиҳ амалларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганишга бўлган баланд иштиёқлари ва уларга нисбатан тиришқоқ эканликларини кўрсатса, иккинчи томондан улуғ саҳобийнинг фасоҳатли тилига далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муознинг қисқа ва маъноли саволларини эшитиб, Уларни мақтадилар: “Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг!”
Чунки жаннатга етишмоқ ва дўзах ўтидан омон қолмоқ жуда улкан ишдир. Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини сўзсиз адо этмоқ ва жами мункар ишдан ўзни покиза сақламоқ ушбу олий мақсадга олиб боради. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу худди шу ҳақда сўраган эдилар.

2. Солиҳ амаллар инсоннинг жаннатга киришига сабабдир.
Муоз розияллоҳу анҳунинг “Мени жаннатга киритадиган амал ҳақида хабар беринг” деган саволлари ва мана бу ояти карима амалларнинг жаннатга кириш учун сабаб эканига очиқ далил ҳисобланади: «Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир!” (Аъроф сураси, 43-оят).
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳеч қайсиларингиз жаннатга амали билан кирмайди!” деган ҳадисларига келсак, унинг маъноси қуйидагича: Ҳеч ким фақат амали билан жаннатга ҳақли бўлмайди. Аввало амаллар мақбул бўлмоғи лозим. Бу эса ёлғиз Парвардигор фазли ва марҳамати билан амалга ошади. Ҳаёти дунёда кишининг солиҳ амалга муваффақ этилиши ҳам Аллоҳ таоло тавфиқи биландир. Аллоҳ ҳидоят этган бандалар ҳақ йўлдан оғишмасдан солиҳ амалларни адо этадилар. Аллоҳ ҳидоятига муяссар бўлмаган бадбахт кимсалар эса залолатга юз тутиб, беамал қоладилар.
“Ана энди ким (садақаларни) адо этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни ёлғон деса, бас, Биз уни оғир йўлга “муяссар” қилурмиз!” (Лайл сураси, 5-10-оятлар).

3. Ислом рукнларини адо этмоқ.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу саволига жавоб бердилар: Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз деб билиш ва намоз, закот, рўза ҳамда ҳаж каби Ислом фарзларини адо этиш солиҳ амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу марҳамати билан ушбу солиҳ амалларни жаннатга дохил бўлиш учун сабаб қилди.
Аввалги шарҳларда айтиб ўтилганидек, иймоннинг мазкур беш рукни диннинг пойдеворлари саналади.

4. Яхшилик эшиклари.
Ибн Можа ривоятларида “Жаннат эшиклари” дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга насиҳат қила туриб, фарз амалларни тўкис адо қилгач, Аллоҳ таоло муҳаббатини қозониш учун нафл-суннат ибодатларга эътиборли бўлишга чақирдилар. Ҳадиси қудсийда айтилади: “Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам нафл ибодатлар билан Менга яқинлик-қурбат ҳосил қилишда давом этаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан”.

Яхшилик эшиклари ва унга олиб борувчи сабаблар қуйидагилардир:
а) Рўза қалқондир!
Бу ерда нафл рўза хусусида гап кетаяпти. Чунки Рамазон рўзаси ҳақида ҳадиснинг аввалида айтиб ўтилди. Нафл рўза Охиратда ўз соҳибини дўзахдан тўсади. Мўмин Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, нафсини ейиш-ичиш каби хоҳишлардан тўсади ва бу инсонни шариат ҳудудларига риоя қилишга ўргатади. Аллоҳ буюрганларини адо этиб, қайтарган ишларидан қайтишга, яъни тақволи бўлишга олиб боради. Нафсининг шаҳват ва хоҳишларидан устун келган мўмин, энди унга асир бўлмайди ва нафл рўзалари сабабли тақводор, покиза, солиҳ инсонлар сафига қўшилади.
б) Садақа гуноҳларни ўчиради
Бу ўринда садақалардан мурод закотдан ташқари садақалардир. Чунки ҳадисда ундан олдинроқ закот ҳақида алоҳида гапирилди. Садақа-эҳсонлар Аллоҳ таоло ҳаққига тааллуқли кичик гуноҳлар асарини ўчириб юборади. Улкан гуноҳлар эса фақат ҳақиқий тавба билангина ўчирилиши мумкин. Бошқа бир инсон ҳаққига тааллуқли бўлган гуноҳлар ёлғиз ўша кишининг розилиги билан кечиб юборилади. Садақанинг нафи бошқаларга ҳам текканлиги боис, унга гуноҳларни ўчириш хусусияти берилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Садақа Парвардигор ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф этади”. (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Хато-гуноҳлар ўчирилиши билан умидлар уйғонади, қалблар ёришади, амаллар софлиги таъминланади. Садақа ўзининг ана шу хислатлари билан бошқа солиҳ амаллар учун эшик вазифасини ўтайди.

в) Кечаси туриб ўқиладиган намоз.
Кечаси туриб ўқиладиган намоз фазилати эркак-аёлга баробар. Ҳадисда мукаллаф бўлган ҳар бир банда кўзда тутилган. Таҳажжуд намозининг улкан фазилати ҳақида бир қанча оят-ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сажда сурасининг 16-17-оятларини келтириб ўтдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси туриб ўқиладиган намоз ва инфоқ-эҳсон фазилати хусусидаги муборак ҳадисларини Аллоҳ таолонинг оятлари таъкидлаб келади: “Албатта тақводор зотлар Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларини (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар. Зеро, улар бундан илгари чиройли амаллар қилувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар ва саҳарларда улар мағфират сўрар эдилар”. (Зориёт сураси, 15-18-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Фарз намозидан кейин энг афзал намоз кечаси туриб ўқиладиган намоздир”. (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таҳажжуд намозини лозим тутинглар. Албатта бу сизлардан илгари ўтган солиҳ зотлар одатидандир. Қиёми лайл (яъни кечалари туриб намоз ўқиш) Аллоҳ азза ва жаллага яқинлик, гуноҳдан тўсувчи, ёмон қилмишларни ювиб юборувчи ва танадан касалликни ҳайдовчидир”. (Термизий ривоятлари).
Таҳажжуд намози учун энг афзал вақт тун ўртаси ҳисобланади.

5. Ислом динининг боши, устуни ва унинг олий нуқтаси.
Инсониятнинг меҳрибон муаллими Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бамисоли саҳобийларининг кўзларида зиёда илмга бўлган муҳаббат чўғини кўрдилар-у, набавий маърифат инжуларидан яна бир қанчасини ҳадя қилдилар.
«Сенга айтиб берайми?» деб сўз бошладилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Албатта ушбу жумладан кейин эшитувчининг эътибори бир жойга жамланади ва айтилажак сўзларни жон қулоғи билан тинглайди. Ўрганувчининг эътиборини бир жойга тўплаш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай йўл тутардилар.
а) Ишнинг боши – Ислом.
Ушбу жумланинг шарҳи Имом Аҳмад Муоз розияллоҳу анҳудан келтирган бошқа бир ривоятдан англашилади. У ерда бундай дейилган:
“Бу ишнинг боши - “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У Ёлғиздир ва Муҳаммад Унинг қули ҳамда элчисидир”, деб гувоҳлик беришинг!”
Яъни диннинг боши юқорида айтиб ўтилган икки шаҳодатдир. Кимда-ким мана шу икки шаҳодатга ичи ва таши билан иқрор бўлмаса, унинг Исломга мутлақо алоқаси йўқ. Баъзилар айтадилар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ушбу диннинг боши ўзининг бешта рукни билан бирга бўлган Исломдир”.

б) Устуни – намоз.
Чодирни тутиб турувчи асос устун бўлганидек Исломни тутиб турувчи асос намоздир. Уйнинг устунлари уни кўтариб, яшашга яроқли қилиб туради. Худди шунингдек, намоз динни кўтариб, зоҳир қилиб туради. Намозни тўкис адо этувчи мўминлар Парвардигорга яқин бўлишдек олий даражага эришадилар. Айнан мана шу ибодат рукни ожиз ва муҳтож инсоннинг Меҳрибон, Ҳалийм ва Азийз Парвардигори билан бўлган алоқасини мустаҳкамлайди.
в) Чўққиси жиҳоддир!
Чунки айнан жиҳод орқали Аллоҳнинг калимаси олий бўлади, Ислом ўзга динлар устидан тантана қилади. Ўзга ибодатларда ушбу хусусият йўқлиги боис, жиҳод Исломнинг чўққиси дейилди.
Жиҳоднинг фарзлардан кейин энг афзал амал эканлигига далолат қилувчи бир қанча ҳадислар мавжуд.
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим:
- Ё Расулуллоҳ! Энг афзал амал қайси?
- Аллоҳга иймон келтирмоқ, кейингиси Аллоҳ йўлида жиҳод қилмоқ. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Арабларнинг энг яхши моли туя бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда туянинг ўркачини ташбеҳ қилиб келтирдилар. Улар бошлиқларини ҳам туяга ўхшатишарди.

6. Юқоридагиларнинг барчасига асос тилни тийишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қилган насиҳатлари сўнгида мазкур олий амалларнинг асоси бўлган ҳамда уларни маромига ва меъёрига етказадиган бир амални баён этдилар:
“Тилингни тийгин!”
Тилни ёмон сўзлардан, гуноҳ-маъсиятлардан тийишнинг нақадар муҳимлиги аввалги шарҳларимизда ҳам кўп бор айтилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган банда (фақат) яхши гапни гапирсин, йўқса сукут сақласин”.
“Бир саҳобий дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални кўрсатингки, у мени жаннатга олиб кирсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига ишора қилиб дедилар:
- Манавини тийгин!
Ҳалиги киши саволини яна такрорлади.
- Сени йўқлаб онанг йиғласин! Ахир одамларни бурунлари билан дўзахга итқитаётган нарса тилларининг ҳосиллари эмасми?! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Баззор ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Тилларининг ҳосиллари”дан мурод ҳаром сўзга берилажак жазо-уқубатдир. Зеро, инсон ўзининг сўзи ва амали билан яхшилик ёки ёмонлик уруғларини сочади. Сўнг Қиёмат кунида эккан нарсасининг ҳосилини ўради. Сўзи ва амали билан эзгулик уруғини сочган инсон хайрли ҳосил кўтаради. Сўз ва амали ёмонликдан иборат бўлган кимса надоматли ҳосил кўтаради”.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳадисидан тушунамизки, инсоннинг дўзах оташида ёнишига кўпинча унинг тили сабабчи бўлар экан. Инсон Аллоҳ наздида энг улкан гуноҳ саналмиш ширкни ҳам ана шу тили билан қилади. Ширкнинг шериги - Аллоҳ таоло хусусида билмасдан гапириш, ширкка тенг кўрилган гуноҳ - ёлғон гувоҳлик бериш, сеҳр-жоду, туҳмат каби гуноҳи кабиралар ва ёлғон, ғийбат, бўҳтон каби гуноҳлар ҳам тилнинг мевалари таркибига киради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Инсонни энг кўп дўзахга киритадиган нарса икки ғовак: оғиз ва фарждир”. (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Молик Зайд ибн Асламдан, отасидан ривоят қиладилар: “Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурларига кирсалар, тилларини қўллари билан тортиб турган эканлар.
- Ҳой, Аллоҳ мағфират қилгур, секинроқ! - дедилар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.
- Мени балоларга гирифтор этган мана шу бўлади! - деб жавоб бердилар Абу Бакр розияллоҳу анҳу”.
Ибн Бурайдадан ривоят қилинади:
“Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг тилларини ушлаб шундай деяётганларининг гувоҳи бўлдим: “Шўринг қурғур! Фақат яхши сўзларни сўзла: ўлжа оласан ёки ёмон гап-сўздан сукут қил: саломат қоласан. Акс ҳолда, билгинки, пушаймон бўласан!”
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўрашди:
- Эй Абу Аббос! Нега ундай деяпсиз!
- Айтишларича, Қиёмат кунида инсоннинг энг ёмон кўрган ва ғазабини сочган аъзоси ўзининг тили бўлар экан. Фақат яхши нарсаларни ёздирган бандагина бу ҳолга тушмайди”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Яккаю Ёлғиз илоҳ бўлмиш Аллоҳ номига қасам ичиб айтардиларки, ер юзида узоқ вақт ҳибс этилишга тилдан-да лойиқроқ нарса йўқ!
Ҳасан Басрий айтадилар: “Тил тананинг амиридир. Агар у аъзолар устидан жиноят қилса, аъзолар ҳам жиноятга қўл уради. Агар у яхши бўлса, аъзолар ҳам яхши бўлади”.

7. Фарзлардан кейинги энг афзал амал.
Абу Ҳанифа ва Молик фарзлардан кейин энг яхши амал илм ўрганиш, сўнгра жиҳод дейишган.
Шофеий амалларнинг энг афзали фарз ва нафл намоздир деганлар.
Имом Аҳмад наздида энг афзал амал Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш саналган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал амал ҳақида кўп бор сўрашган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг ҳолатига қараб ҳар гал бошқача жавоб айтганлар: Энг афзал амал аввалги вақтида ўқилган намоз, жиҳод, ота-онага яхшилик қилиш...

8. Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрсатмалар бериб, ваъз қилиб туришларини сўрашган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мавъизалар қилардилар. Бу ҳадисда инсон биринчи бўлиб амалга ошириши лозим бўлган беш фарз унинг жаннатга киришига ва дўзахдан узоқ бўлишига сабабчи экани баён этилади.

9. Исломни ҳимоя қилиш ва Аллоҳнинг калимасини олий этишнинг фазилати каттадир.

10. Тилдан келадиган хатар. Зеро инсон оғзидан чиққан сўзига жавоб беради.
Тил ўзининг пушаймон келтирувчи ҳосиллари билан эгасини жаҳаннамга қулатиши ҳам мумкин.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.