ЎТТИЗ БЕШИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЎТТИЗ БЕШИНЧИ ҲАДИС
Исломий биродарлик ва мусулмоннинг ҳақлари

35 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا تَحَاسَدُوا ، وَلا تَنَاجَشُوا، وَلا تَبَاغَضُوا، وَلا تَدَابَرُوا، وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا، الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ: لايَظْلِمُهُ، وَلا يَكْذِبُهُ، وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَهُنَا – وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرّاتٍ – بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ: دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ". (رواه مسلم).

35. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. - Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломий биродарлик фақат баландпарвоз сўзларда қолиб кетишини истамаганлар. Бинобарин, юқоридагидек кўрсатмалари билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳаётий ҳақиқатга айлантирдилар. Ислом илгари сурган ушбу улуғ ғоянинг ҳаётийлиги ва ҳимояси учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ йўлланмалар бердилар. Токи Исломий биродарлик воқеликда ўзининг ажойиб таъсирлари билан намоён бўлсин! Токи у хаёлий бир орзу бўлиб қолмасин! Шу боис ҳам имом Нававий мазкур ҳадисни жуда фойдали ва сермазмун деб мақтаган эдилар.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар:
“Ушбу ҳадис беҳад фойдали ҳамда буюк асос ва мақсадларга ишора қилувчи ривоятдир. У ўзининг мазмун-моҳияти билан барча Ислом аҳкомлари ва одоб-ахлоқини қай бир кўринишда ифода этиб турибди”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳасад қилманглар.
а) Ҳасаднинг луғавий ва шаръий таърифи:
Бир кишида бор бўлган неъмат ундан кетиб, ўзига ёки бошқа бировга ўтишини орзу қилмоқ ҳасаддир.
Бу ярамас хулқ инсон табиатида бор нарса. Чунки инсон ўзидек бир кишининг фазилатда ундан ўтиб кетишини истамайди.
б) Ҳасаднинг ҳукми
Олимлар ҳасадни ҳаром дейишади. Унинг ҳаромлигига Китобу Суннатдан бир қанча далиллар келтириш мумкин:
“Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни иймонли бўлганингиздан кейин, уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан сўнг ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди”. (Бақара сураси, 109-оят).
“Ёки одамларга Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага ҳасад қиляптиларми?!” (Нисо, 54-оят).
Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан илгариги умматлар касали – ҳасад ва ўзаро нафрат-адоват орангизга суқилиб кирди. Нафрат-адоват қирувчидир. У сочни эмас, динни қиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, то бир-бирларингизни яхши кўрмас экансизлар, мўмин бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангизлар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар: Саломни ўртангизда кенг ёйингиз!” (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ёғочни - ёки ўт-ўланни, дедилар - ямлаганидек яхши амалларни ейди”. (Абу Довуд ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Ўтган умматлар касали ҳали менинг умматимга ҳам тегади.
- Ё Расулуллоҳ, уларнинг касали нима эди? - сўрашди саҳобалар.
- Кибр-ҳаво, ношукрлик, мол-дунё тўплаш мусобақаси, ўзаро адоват-ҳасад... Кейин зулм-бузғунчилик бўлади, сўнг алғов-далғов. (Ҳоким ва бошқалар ривояти).
в) Ҳасад нима сабабдан ҳаром қилинган?
Ҳасад - Аллоҳ таолога эътироз ва Унга қайсарлик қилишдир. Ҳасадгўй Аллоҳнинг ишини барбод этишга, фазлу марҳаматини йўққа чиқаришга уринади.
Абу Таййиб бундай деган:
Ер юзида энг золим ҳасадгўй бўлур,
Неъматга кўмилганни кўролмай ўлур.
Ҳасадгўйнинг золимлиги шунда кўринадики, аслида у ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам соғиниши керак эди. Аниқки у ўзига берилган неъмат йўқ бўлишини хоҳламайди. Аммо у биродаридаги неъмат йўқ бўлишини орзу қилиб, унинг ҳаққини поймол этди.
Ҳасадгўй учун байрам йўқ. У беҳуда нарса учун хафа бўлади, ҳаром йўл билан ўзини азоблайди. Бировни кўролмаслик пасткаш кимсаларга хос хулқдир.
г) Ҳасадгўйлар уч қисмга бўлинади:
Биринчи қисм: Улар бировга тиллари ёки қўллари билан зулм қилиб, унга берилган неъматни йўқотиш пайида юрадилар. Айримлари бировнинг молига ҳасад қилиб, уни ўзиники қилиб олишга уринади. Энг ярамас, энг жирканч тоифаси эса бировнинг молини ўзиники қилиб олишга уринмайди. Унинг бутун ҳаракати бировга берилган неъматнинг заволига қаратилади.

Иккинчи қисм: Улар гарчи бировга ҳасад қилсалар-да, асло ҳасадларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмайдилар. На тил ва на қўл билан ҳасад қилаётган кишиларига зарар-зулм етказмайдилар. Ҳасан Басрийдан қилинган бир ривоятда бундай ҳасад учун киши гуноҳкор бўлмайди, дейилган. Бироқ у ривоят заиф йўллар билан етиб келган. Бу турдаги ҳасад икки хил бўлиши мумкин:
а) Агар киши ҳасадига мағлуб бўлиб, ундан сира қутула олмаса, бундай ҳаракатсиз ҳасади сабабли гуноҳкор бўлмайди.
б) Агар кимса биродарига берилган неъматнинг заволини кўриб, роҳатланса, у худди маъсиятга қаттиқ аҳд қилувчи кабидир. Ҳасаднинг бу тури учун азоб бўлиши ёки бўлмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Айни ҳасад кишини тил билан бировга озор беришга олиб бориши мумкин. Ана унда ҳасадгўй сўзсиз гуноҳга ботади. Баъзан киши ўзи ҳасад қилаётган биродарининг даражасига етишиш учун олға ташланади.
“Ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу давлат бўлса эди...” дедилар”. (Қасас сураси, 79-оят).
Ҳасад қилинаётган даража Охиратга тегишли бўлса, бу яхши ҳавасдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у кеча-кундуз молидан инфоқ-эҳсон қилса. Аллоҳ таоло бировга Қуръон ато этса ва ҳалиги киши кечаю кундуз Қуръон билан қоим бўлса!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Учинчи қисм: Улар қалбларида ҳасад пайдо бўлганини сезишлари билан уни йўқотишга киришадилар. Бундай киши биродарига қўлидан келганича яхшилик қилади, унинг ҳақига дуода бўлади ва фазилатини ёяди. Қалбида уйғонган ҳасадни кетказишга интилади, охири ундаги ҳасад ўрнини “шу мусулмон мендан яхшироқ ва афзалроқ экан”, деган маънодаги меҳр-муҳаббат эгаллаб олади. Албатта, бу иймоннинг олий даражалари намунасидир. Ўзи учун яхши кўрган неъматни биродарига ҳам астойдил соғинадиган комил иймонли зотларгина ана шундай йўл тутадилар.

2. Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги.
Бир киши мол сотиб олишга рағбати йўқ бўлса да бозорда овозни баланд қўйиб, мол баҳосини оширади. Масалан, ўзини харидор қилиб кўрсатади-да, мол баҳосини кўтариб савдолашади. Бу иш сотувчи билан келишиб олиб қилинса ҳам, сотувчи бехабар бўлса ҳам, барибир қатъий ҳаром ҳисобланади. Чунки айни услуб алдов ва ғирромликдан бошқа нарса эмас. Исломда ҳар иккиси қайтарилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировга зарар бермоқ ниятида мол нархини сунъий равишда оширишни ман қилганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Абу Авфо бундай иш қилувчини рибо молини еювчи хоин деб атаганлар.
Ибн Абдулбар айтадилар: “Агар киши шариат ҳукмини билиб туриб шу ишга қўл урса, билиттифоқ гуноҳкордир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ман этган бу қаллоблик “нажаш” деб аталади. Бу сўзни юқорида айтиб ўтилган савдо муомаласидан кенгроқ маънода шарҳлаш ҳам мумкин. Чунки “нажаш”нинг яна бир луғавий маъноси макр ҳийла ва авраш йўли билан бирон нарсани қўзғаш демакдир. Шу маъно эътиборга олинса, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича бўлади: бир бирингизга алдов, ўзаро муомалада ҳийла ишлатмангиз, айёрлик қилмангиз, озор етказмангиз.
Аллоҳ таоло бундай деган: “Ёмон макр-ҳийла фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур”. (Фотир сураси, 43-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Макр ва алдов дўзахдадир!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонга зарар етказишга уринган ёки унга нисбатан макр-ҳийла ишлатган кимса малъундир!” (Термизий ривоятлари).
Хуллас, алдов ва хиёнат аралашган барча муомалалар Исломда қайтарилган. Молнинг айбини беркитиш, яхши нарса билан ёмон нарсани аралаштириб сотиш ва ҳоказо ғирромликлар ман этилган.
Фақат душманга қарши жангда ҳийла қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уруш ҳийладир!”

3. Ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз.
Мусулмонлар ҳавои нафсларига бўйсуниб биродарларига нафрат ёки истеҳзо назари билан боқмасинлар. Фақат Аллоҳ учун бир кимсадан нафратланиш, уни ёмон кўриш мумкин. Мўминлар ҳеч вақт ўзларининг диндош биродарларидан нафратланмайдилар. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир!” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмас экансизлар, жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизгача, мўмин бўлмайсизлар”.
Адоват-нафрат икки тарафдан ёки бир тарафдан зоҳир этилади. Аллоҳ таоло учун кимдандир нафратланиш вожиб ёки мандуб амал. Аллоҳдан ўзгани деб бировни ёмон кўриш эса ҳаромдир. “Эй мўминлар, менинг душманим ва сизларнинг душманларингизни дўст тутмангиз!” (Мумтаҳана сураси, 1-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва бериши ҳам, бермаслиги ҳам Аллоҳ учун бўлса, иймонини комил қилибди”. (Абу Довуд ривоятлари).
Мўмин ҳамиша ўзини-ўзи тергаб турмоғи лозим. Унинг яхши ёки ёмон кўриши ҳавои нафси таъсирида бўлмаслиги керак. Чунки унда мўмин Аллоҳ учун эмас, бошқа нарса учун кимнидир ёмон кўради ва бу нафрат Исломда ҳаром саналади.
Одамлар ўртасига низо-адоват уруғини сочувчи ҳар қандай нарса ҳаромдир. Бинобарин, Аллоҳ таоло мўминларга ароқ ичишни ва қимор ўйнашини ҳаром қилди. “Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси, 91-оят).
Бировлар орасига низо-адоват солиш учун туҳмат-бўҳтон гапларни ташиб юриш ҳаром. Икки киши ўртасини ислоҳ қилиш учун ҳатто ёлғон сўзлашга шариат рухсат беради. Бинобарин, доимо ислоҳга ва бирдамликка тарғиб қилинади. “Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, - ҳеч қандай фойда йўқдир”. (Нисо сураси, 114-оят).
Аҳиллик, ўзаро тотувлик шарафли неъмат бўлгани боис Аллоҳ таоло мўминларга ҳақли равишда қуйидагича миннат қилди:
“Аллоҳнинг сизларга берган нематини эсланг: Бир-бирларингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз”. (Оли Имрон сураси, 103-оят); “У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз, лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди”. (Анфол сураси, 63-оят).

4. Бир-бирларингиздан юз ўгириб, ўртадаги алоқани узмангиз!
Дунёвий нарсалар сабабли биродардан юз ўгирмоқ ҳаромдир. Қуйидаги ҳадисда ҳам айнан ушбу маъно таъкидланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб, бир-бирига йўлиққанда униси у ёққа, буниси бу ёққа бурилиб кетиш мусулмонга ҳалол эмас. Уларнинг биринчи бўлиб салом бергани энг яхшисидир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари билан бир йил аразлашиб, алоқани узган кимса бамисоли унинг қонини тўккан кабидир”. (Абу Довуд ривоятлари).
Бироқ бирон диний масала туфайли Аллоҳ йўлида уч кундан ортиқ ҳам ҳажр қилмоқ мумкин. Имом Аҳмад юқоридаги фатвога Табук ғазотидан узрсиз қолиб кетган уч саҳобийнинг мусулмонлардан ажратиб қўйилганини далил қилиб келтирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу уч саҳобийга танбеҳ бериб ва мунофиқ бўлиб чиқишларидан хавфсираб эллик кун уларни бошқалардан ажратиб қўйдилар. Ҳеч ким улар билан гаплашмади, муомала қилмади. Залолат манбаларига чақирувчи ва улкан бидъатларни қилиб юрувчи кимсаларни ҳам бошқалардан ажратиб қўймоқ мумкин. Хаттобий одоб бериш мақсадида ота фарзанди билан, эр хотини билан маълум вақт алоқани узиб қўйишига рухсат берганлар. Бу масалада ҳатто уч кундан ортиқ ҳажр қилмоқ жоиз дейилган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини бир ой четлаб қўйганлар.

5. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин кишига биродари савдоси устидан савдо қилиш ҳалол эмас”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, энди бирон нарса сотиб олган кишига “Молини қайтиб бер! Сенга худди шу пулга бундан яхшироғини сотаман” ёки “Арзон бераман!”, деб ўртадаги савдони бузиш мумкин эмас. Сотувчига “Сотган молингни қайтиб ол! Мен қимматроққа сотиб оламан!” деб савдони аксинча бузиш ҳам билиттифоқ ҳаром...
Хуллас, сотувчи ёки харидорни йўлдан уриб, савдо устига савдо қилмоқ ҳаромдир.
Имом Нававий айтадилар: “Савдо-сотиқда бундай йўл тутмоқ гуноҳ ва қайтарилган ишдир”. Бироқ кимдир ана шу ножоиз ишга қўл уриб, сотса ёки олса, Шофеий, Абу Ҳанифа ва бошқа фақиҳлар наздида савдо битими кучга киради. Довуд Зоҳирий сўзига кўра савдо битими эътиборга олинмайди. Имом Моликдан бундай савдо ўтади ва ўтмайди, деган маънодаги икки хил ривоят келган.
Юқоридаги сўзлар савдо амалга ошгандан кейинги ҳолатга тегишли эди. Аммо икки киши ўзаро савдолашиб, гапни бир жойга қўйганларидан кейин ҳали олди берди қилмаган бўлсалар у, бошқа биров четдан келиб, сотувчига “Молингни мен қимматроққа сотиб оламан” деб ёки харидорга “Сенга бундан яхшироқ молни арзонроққа сотаман”, деб, уларни айнитиши ҳам ҳаромдир. Бу борада сотувчи ёки олувчининг мўмин ё кофир бўлишининг фарқи йўқ. Чунки бу аҳд ва зиммага вафо қилиш масаласидир.
Юқоридаги ҳолатларда бировларга зарар ва озор етказилгани боис ҳаром ҳукми берилган. Аммо ким ошди савдоси жоиздир. Чунки у ҳали ҳеч ким билан келишиб қўймаган ҳолда қимматроқ пул таклиф қилган кишига молни сотишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани сотмоқчи бўлиб: “Ким кўпроқ тўлайди?” деганлар.


6. “Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз!”
Яъни, оға-инилардек, ҳасад-адоват қилмасдан, бир-бирингизнинг савдонгизни бузмасдан, ўртадаги борди-келдини узмасдан ҳамиша очиқ юз ва тоза қалб билан яхши ишларда биродарингизга ёрдамчи бўлиб, ўзаро меҳр-муҳаббат ва дўстона лутф билан муомала қилингиз. Унутмангки, сизлар Аллоҳнинг қулларисиз! Хожасига содиқ қуллар Унинг амрини асло ерда қолдирмайдилар. Парвардигорингиз сизларни дин йўлида оға-инилардек ўзаро баҳамжиҳат бўлишга буюрди. Аллоҳ таолонинг ушбу амрини амалга оширмоқ учун қалблар бир-бирига ошно ва сафлар жипс бўлиши шарт.
“У сизни ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир!” (Анфол сураси, 63-оят).
Биродарига салом бермоқ, акса уриб “алҳамду лиллаҳ” деганида “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк” деб жавоб айтмоқ, касал бўлса, бориб кўрмоқ, чақирганида бормоқ, вафот этса жанозасида қатнашмоқ каби мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларига риоя этиш орқали ҳам мўминларнинг бирдамлиги янада мустаҳкамланади.
Бир-бирларига ҳадялар қилиб, қўл сиқишиб кўришадиган мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат кучаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизга ҳадялар беринглар. Чунки ҳадя қалбдаги кекни кетказади”. (Термизий ривоятлари).
“Бир-бирингизга ҳадялар қилиб туринглар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар”. Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: “Бир-бирингиз билан қўл бериб кўришинглар, чунки у нафрат-адоватни йўқотади. Ўзаро ҳадя алмашиб туринглар!»
Ҳасан Басрий айтадилар: “Қўл бериб кўришмоқ ўртадаги меҳр-муҳаббатни зиёда қилади”.

7. Мусулмонниг биродари қаршисидаги вазифалари.
Мусулмон киши Исломдаги биродарлари билан муомала қилганида, ҳамиша ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бермоғи лозим. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар”. (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Мўминлар бирдамлигига путур етказадиган ва ўрталарига совуқлик туширадиган хатти-ҳаракатлардан йироқ юрмоқ лозим. Хусусан, қуйидаги тўрт нарсадан ҳазир бўлмоқ керак. Зулм, ночор ташлаб қўйиш, алдаш ва алдоқчига чиқариш ҳамда менсимаслик. Ҳар биримиз ўзимизга яхши кўрган неъматни биродаримизга ҳам соғинмас эканмиз, иймони ва Исломи комил зотлар сафига қўшила олмаймиз. Биродарига зиён-заҳмат етмаслиги учун тиришмоқ ҳам комил иймонли инсон хислати сирасига киради. Мана шунда ҳамма нарса жой-жойига тушади.
Исломдаги гўзал ахлоқнинг нафи нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга тегади. Шу боис, шариат ҳеч кимга зулм-зўровонлик қилишга ёки бировни четга суриб қўйиб, уни пастга уришга рухсат бермайди. Кофирлар шахс эътибори билан эмас, куфрлари сабабли айрим жазо-тақиқларга дучор бўладилар.
а) Зулм ҳаромдир.
Шариат изнисиз бир инсоннинг моли, жони, дини ёки ор-номусига зарар етказмоқ мутлақо мумкин эмас. Чунки айни зулм сабабли Исломий биродарликка путур етади. Ўртадаги аҳиллик дарз кетади. “Аллоҳ таоло айтади:
“Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирингизга зулм етказмангиз”. (Ҳадиси қудсий).
б) Мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўймоқ ҳаромдир.
Ёрдамга муҳтож мусулмонни четга суриб қўймоқ, қодир бўла туриб унга ёрдам қўлини чўзмаслик Исломда қатъий ҳаромдир. “Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир”. (Анфол сураси, 72-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати топталаётган, ор-номуси тўкилаётган пайтда биродарига ёрдам бермаса, Аллоҳ таоло уни ёрдамга муҳтож пайтида ёрдамсиз қолдиради”. (Абу Довуд ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қаршисида бир мўминнинг хорланаётганини кўриб, унга ёрдам беришга қодир бўла туриб ёрдам қўлини чўзмаган кимсани, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади”. (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари йўқлигида унга ёрдам қилган кишига Аллоҳ таоло дунёю Охиратда ёрдам қилади”. (Баззор ривоятлари).
Биродарини ёрдамсиз қолдириш дунёвий ва диний кўринишда бўлиши мумкин. Мазлум биродарига ёрдам бермаслик ёки унга зулм ўтказаётган золимни тўхтатмаслик дунёвий ишларда биродарини ташлаб қўйиш ҳисобланади. Биродарига панд-насиҳат қилиб уни гуноҳ-маъсият йўлидан қайтармаслик эса диний ишларда ташлаб қўйиш дейилади.
в) Мусулмонни алдаш ёки уни алдоқчига чиқармоқ - ҳаром
Мусулмон киши биродарининг ҳаққини адо этиб унга рост сўзламоғи, биродари гапирганида тасдиқламоғи лозим. Мусулмон кишини алдамоқ Исломий омонатга халал етказади. Хусусан, қаршингизда турган кишини ростгўй деб тасдиқлаб турган бўлсангиз... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сенга ишониб турган биродарингга ёлғон сўзлашинг улкан хиёнатдир”. (Аҳмад ривоятлари).
Ўртадаги совуқликни кўтариш ёки мол-жонни сақлаш учун эмас, ҳеч қандай шаръий узрсиз ёлғон гапирмоқ алдов ва хиёнатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар банда бир оғиз ёлғон сўзласа, у қилган ишнинг бадбўйлигидан қочиб фаришта бир мил узоқлашади”. (Термизий ривоятлари).
г) Мусулмонга менсимай қараш - ҳаром
Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини пастга уриб, унга юқоридан туриб муомала қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло уни азиз-мукаррам қилиб яратган. Хитоб этиб шариат ҳукмига мукаллаф этган. Мусулмон қадр-қимматини тушириб, унга кибр билан муносабатда бўлмоқ Аллоҳ рубубияти чегарасига тажовуз саналади. Бу эса гуноҳи азимдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кишининг мусулмон биродарини пастга уриши унинг ёмонлигига кифоядир”.

Бировларга менсимай юқоридан қараш кибрнинг мевасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаққа рози бўлмаслик ва бировларни назар-писанд қилмаслик кибрдир!” (Муслим ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳақни тан олмаслик ва одамларнинг устидан кулиш кибрдир”. (Аҳмад ривоятлари).
Мутакаббир ўзини доно ва бекаму кўст инсон деб ҳисоблайди. Унинг назарида атрофдагилар нўноқ, ношуд одамлар. Шу боис кибр-ҳаволи кимсалар бошқалар устидан кулиб, мазах қилиб гапирадилар.
Бу ёмон сифат бандани жаннатдан йироқлаштириб, дўзахга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган банда жаннатга кирмайди”. (Муслим ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларга жаннат аҳлининг хабарини берайинми?! Улар заиф, камсуқум инсонлардир. Агар Аллоҳ номига қасам ичсалар, Аллоҳ уни оқлайди. Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайинми?! Улар қўпол, баднафс ва гердайган кимсалардир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар
Шариат буйруқларига тўлиқ бўйсуниш, гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш билан Аллоҳнинг азобидан қочиш тақводандир. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина мукаррам бўлади. Шундай ночор, камсуқум инсонлар борки, улар зулмга асосланган ҳокимияти, сохта обрў-эътиборлари ёхуд ҳаром мол-дунёлари учун кўкларга кўтарилган тубан кимсалардан қадр-қимматда юқори турадилар. Жоҳиллар эътиборида ҳақир саналсалар-да, бундай зотлар ўз тақволари билан Аллоҳ таоло наздида азиз ва мукаррамдирлар. Зеро, инсонларнинг Пок Парвардигор ҳузуридаги мартабалари ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, мол-давлат ёки териларининг ранги билан эмас, тақво ва солиҳ амаллари билан бир-бирлариникидан фарқланади.
“Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”. (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
- Энг мукаррам инсон ким?
- Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! - деб жавоб бердилар у зот.
Тақво қалбда бўлади. “Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта бу дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (Ҳаж сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг жуссаларингизга ёки кўринишларингизга қарамайди. У қалбларингизга назар солади”. (Муслим ривоятлари).
Демак, бир банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳ қўрқуви билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақво билан лиммо-лим. Шунинг учун ҳам бировни камситмоқ улкан гуноҳ саналади. Чунки бу нотўғри мезонда чин тақво четда қолиб, “хас-хашаклар” тош босади.

9. Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати.
Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори дахлсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида, қурбонлик, арафа ва ташриқ кунларининг иккинчисида улкан жамоат олдида шу нарсани таъкидлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз сизларга худди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Булар осуда Ислом жамиятининг муҳташам биносига пойдевор бўлувчи умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлардир. Ушбу покиза муҳитда мусулмон мол-мулки ва обрў-эътиборидан бехавотир яшайди. Ҳеч ким унинг мулкига тажовуз ёки ўғрилик қилмайди. Ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб, уни пастга урмайди. Мўминларни тўкис ҳимоя этмоқ учун Аллоҳнинг шариатида тажовузкорларга қасос, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорни тошбўрон қилиш ёки дарралаш белгилаб қўйилган.
Ислом мукаррам инсонни ҳатто қўрқитиш, хавотирга солишни ҳам ман этади. Бир саҳобий биродарининг арқонини олиб қўйиб, қўрқитди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонни қўрқитмоқ мусулмон учун ҳалол эмас!” (Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз на ҳазиллашиб ва на жиддий равишда биродарининг битта чўпини олмасин”. (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки киши учинчисига эшиттирмасдан суҳбатлашмасин. Бу нарса уни хафа қилади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яна бир ривоятда “Бу нарса мўминга озор етказади. Аллоҳ мўминнинг озорланишини ёмон кўради”, - дейилган.

10. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди.
• Ислом нафақат ақида ва ибодат, балки у ахлоқ ва муомала ҳамдир.
• Ислом шариатида ярамас хулқлар ҳалок қилувчи гуноҳ саналади.
• Аллоҳ таоло бандаларини ният ва амал деган нозик мезон асосида тортиб кўради ва шунга кўра ҳукм чиқаради.
• Аллоҳдан қўрқув қалбда бўлади.


Имом Нававийнинг арбаъийн китобларидан.

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.