Print this page

ЎТТИЗ ОЛТИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЎТТИЗ ОЛТИНЧИ ҲАДИС
Эзгулик мажмуаси

36 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَاللهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ. وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ. وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ، يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ، إِلا نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلائِكَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ. وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ". (رواه بهذا اللفظ مسلم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олади. Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Амали секинлаштирган кимсани насл-насаби тезлаштира олмайди”. (Муслим ривоятлари)

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Мусулмонлар бир тана аъзоларидир.
Иймон ва Ислом жамиятининг фуқаролари битта тананинг аъзоларига ўхшайдилар. Ўзаро бир тан-бир жон бўлиб кетган бу инсонлар ҳамиша бир-бирларининг ғам-ташвишларига ҳам, қувончларига ҳам шерикдирлар. Улар биродарларининг шодлигидан ўзларида йўқ севинсалар, мусибатларидан қайғуга тушадилар. Мўминларнинг шодиёналари ҳам, ғам-ташвишлари ҳам ўртада бўлади. “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Мўминлар ҳамиша биродарлари бошидан ғам-ташвиш булутини аритишга алоҳида эътибор берганлар. Бу йўлда бор имкониятларини ишга солганлар.

2. Дунё ғам-ташвишлари сон-саноқсиз ва уларни аритиш йўллари ҳам хилма-хилдир.
Ҳаёт ғам-ташвишлар билан тўла. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари лозим.
а) Мусулмонни зулмдан халос қилиш.
Мўмин ҳеч қачон биродарига зулм қилмайди. Бироқ Аллоҳ розилигига эришиш учун бунинг ўзи кифоя эмас. Мусулмон киши биродарини ўзгалар зулмидан халос этишга ҳам ҳаракат қилиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У биродарига зулм ҳам қилмайди, уни (золим қўлига) ташлаб ҳам қўймайди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер!
- Ё Расулуллоҳ! - деди бир саҳобий - Биродарим мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Аммо у золим бўлса, қандай ёрдам қиламан?
- Уни зулм қилишдан тийгин. Мана шу унга берган ёрдаминг бўлади». (Муттафақун алайҳ).
Хусусан, бир мўмин дини-иймони учун кофир ва фосиқ кимсалардан жабр кўраётган бўлса, унга ёрдам бермоқ лозим. "Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир". (Анфол сураси, 144-оят).
Мусулмоннинг моли, жони ёки обрў-эътиборига моддий ёхуд маънавий зулмнинг қай бири етишидан қатъиназар, унга ёрдам бермоқ вожибдир.
Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қаршисида мўмин киши хорланаётганида қодир бўла туриб, унга ёрдам қўлини чўзмаган бандани Аллоҳ таоло бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади». (Аҳмад ривоятлари)
б) Мусулмонни асирликдан қутқармоқ.
Бир мусулмон душман чангалига тушиб қолса, биродарлари уни қутқармоқ учун ҳаракат қилмоқлари шарт. Зеро, мусулмон киши биродарини кофир чангалига - фитна ўчоғига ташлаб қўймайди.
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Оч қолганга таом беринглар, касал ётганни бориб кўринглар ва тутқунни озод қилинглар!» (Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).

в) Муҳтож мусулмонга қарз бермоқ.
Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим. Ўз фойдаси йўлида бировлар қонини ичувчи судхўр жамиятнинг аҳволи покиза Ислом муҳитида кўринмаслиги керак. Чунки жоҳиллар қийналиб қолган кишини кўрсалар, ундан ўз фойдалари йўлида унумли фойдаланишга, унинг бор-будини шилиб олишга ҳаракат қиладилар. "Намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва (бечора-мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар". (Муззаммил сураси, 20-оят).
Ушбу сифати билан мусулмон комил исломий муҳитга асос солади ва Парвардигори ҳузурида ажр-мукофотга ноил бўлади.
«Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган ким борки, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтарур». (Бақара сураси, 245-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким бир мусулмонга икки марта бир дирҳам қарз берса, уларнинг бирини садақа қилиб юборгандек ажр олади». (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Айрим ҳолларда қарз ажр-савобда садақадан юқори бўлиши мумкин. Бу эса олувчи ва берувчининг ҳолатига боғлиқдир.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Исро кечасида жаннат эшигига «Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар ажр бўлур», деб ёзилганини кўриб, сўрадим:
- Эй Жибрийл, нима сабабли қарз садақадан афзал бўлди?
Жибрийл жавоб бердилар:
- Чунки сўровчи баъзида нарсаси бўла туриб ҳам сўрайверади. Қарз олувчи эса фақат муҳтож бўлгани учун сўрайди». (Ибн Можа ривоятлари).

3. Қиёмат кунининг ғами ва ундан халос бўлмоқ.
Қиёмат кунининг ғам-ташвишлари қанчалар кўп ва қанчалар улкан. Ўша кунда ғам-ташвишларини бироз бўлса-да енгиллатиш учун мўмин киши солиҳ амалларга нақадар муҳтож. Қиёмат куни қаршисида нажот эшиклари очилиши ва жаннат йўли ёритилишини истаган банда ўзи учун бу дунёда хайрли амаллар захирасини тўлдириб олиши даркор.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
”Аллоҳ таоло аввалгиларнию охиргиларни бир тепаликка жамлайди. Нидо қилувчини уларга эшиттиради, кўз уларни кўради. Қуёш яқин келади. Одамлар тоқатлари ва бардошлари етмайдиган кулфат ва ғам-ташвишга рўбарў бўладилар. Улар бир-бирларига қараб, шундай дейдилар:
- Бошларингизга тушган ишни кўраяпсизларми?! Парвардигорингиз ҳузурида сизларни шафоат қиладиган бирон зотни қараб кўрмайсизларми?!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат кунида одамлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолларида тўпланадилар», деган сўзларини эшитиб, сўрадим:
- Ё Расулуллоҳ! Аёлу эркак ҳаммаси-я? Ахир улар бир- бирларига қарайдилар-ку?!
- Эй Оиша, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам - Иш (яъни Қиёмат даҳшати) уларнинг буни ўйлашларидан қаттиқроқдир». (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "У Кунда барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик турадилар" ояти ҳақида шундай дедилар:
“Кимдир икки қулоғининг ярмигача терга ботиб туради”. (Муттафақун алайҳ).
Ана шу даҳшатлар гирдобида мўмин кишига Аллоҳ таолонинг адолати етиб келади. У дунёдаги амалига яраша жазо-мукофот олади. Ҳаёти дунёда биродарлари ғам-ташвишини кетказиб юрган мўмин ўша куни ўзининг тоғ-тоғ ғам-ташвишларидан Аллоҳ таоло марҳамати билан фориғ бўлади:
"Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади".

4. Қийин аҳволда қолган кишига ёрдам бермоқ.
Қарзга ботиб, узишга кучи етмаётган ёки қарамоғидагиларни едириб-ичиришдан ожиз қолган ночор кишига ёрдам қўлини чўзмоқ шарт. Қийналиб қолган мўминга қуйидаги ёрдамларни бериш мумкин:
а) Қарз берган киши то биродари қарзини тўлашга қодир бўлгунга қадар сабр қилади. Ночор-қарздор биродарига бундай енгиллик бермоқ вожибдир:
"Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг". (Бақара сураси, 280-оят).
б) Қарз берган киши қарзининг бир қисмини ёки ҳаммасини кечиб юборади. Ёки қарзни тўлаш муддати келганда қийин аҳволга тушиб қолган ночор мусулмонга бошқа биров қарз бериб ёки қарзини ўтаб бериб, уни бу мушкул аҳволдан қутқаради. Бу енгиллик шариатда мандуб саналиб, Аллоҳ ҳузурида улкан фазлга сабаб бўлади.
"Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир". (Бақара сураси, 280-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким қийналиб қолган кишига муҳлат берса ёки қарзини кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни ўз соясига олади". (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Кимда-ким Қиёмат кунидаги ташвишлардан Аллоҳ унга нажот беришини истаса, ночорга ёрдам берсин ёки унинг қарзини ўтаб берсин". (Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло бундай саховатли бандасига шу дунёда ҳам мукофотлар беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Дуоси ижобат бўлишини ва ғам-ташвиши аришини истаган банда қийналиб қолган кишига ёрдам берсин". (Аҳмад ривоятлари).

5. Аллоҳ таоло бандаларига енгиллик берур.
Мол-давлат ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган Кунда банда ҳеч шубҳасиз Аллоҳ азза ва жаллага юзланади.
"У Кунда ҳаққоний подшоҳлик Раҳмон учундир. У кун кофирларга кўп қийин кун бўлур". (Фурқон сураси, 26-оят); "Чунки қачон бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир. Кофирларга осон бўлмаган кундир". (Муддассир сураси, 8-10-оятлар).
Аллоҳга куфрони немат қилиб ибодат нима, шукр нима билмаган, атрофдаги одамларга яхшилик ва эҳсон кўзи билан боқмаган золим кимсалар учун У кун ҳақиқатан жуда оғирдир. Аллоҳ ибодати ва шукрида қоим бўлган, Парвардигори фазли-марҳаматини эътироф этиб, ночор бандаларга ёрдам берган чин мўминлар Қиёмат кунида қилган яхши амалларига муносиб тарзда мукофотланадилар. Аллоҳ таоло уларнинг хато-камчиликларини кечиб юбориб, бу оғир кунни енгил қилади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Бир киши одамларга қарз берар ва хизматкорига «Агар қийналган одам бўлса, қарзини кечиб юбор. Шояд, Аллоҳ бизни кечирса», дер эди. Ҳалиги банда Аллоҳга рўбарў бўлганида, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб юборди". (Бухорий ривоятлари).
Абу Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши ҳисоб-китоб қилинганида, унда ҳеч қандай яхшилик топилмади. Фақат у бой-бадавлат бўлиб, одамлар билан аралашиб юрар ва хизматкорларига: "Қийналган одамдан пулни кечиб юборинглар", дер эди. Аллоҳ азза ва жалла деди: "Бу ишга Биз ҳақлироқмиз. Унинг гуноҳларидан ўтинглар". (Муслим ривоятлари).

6. Аллоҳ таоло соясида.
Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга, қарзини узолмаётган ночор қарздорга ёки мукотабга ёрдам берса, Аллоҳ соясидан ўзга соя бўлмаган куни Парвардигори олам уни сояси остига олади". (Аҳмад ривоятлари).

7. Аллоҳ ва Расулига итоат қилишнинг нодир намуналари.
Тоат-ибодат, хайр-саховат ва шукрони неъмат борасида саҳобаи киромларга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди.
"Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи "Эшитдик ва бўйсундик", демоқликдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (Нур сураси, 51-оят).
Пайғамбар хулқи билан хулқланган, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлган асҳоби киромлар хайр-саховати биз учун жуда ибратлидир.
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу масжидда Ибн Абу Худраддан қарзини талаб қилиб, бироз тортишиб қолдилар. Уларнинг баланд овозларини ҳужраларида туриб эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужра пардасини кўтариб, чақирдилар:
- Эй Каъб!
- Лаббай, Ё Расулуллоҳ!
- Қарзингнинг бунчасини кечиб юбор! - (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярмини деб ишора қилдилар).
- Ё Расулуллоҳ, бўпти, шундай қилдим.
- Тур, қарзингни тўла! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Абу Худрадга. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишининг баланд овозда гаплашаётганини эшитдилар. Уларнинг бири биродаридан бўйнидаги қарзини бироз камайтиришни ва озгина енгиллик беришини сўрарди. Иккинчиси эса "Аллоҳга қасамки, бундай қилмайман", - деб туриб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ёнига чиқдилар:
- Ким у, яхшилик қилмайман, деб Аллоҳ номига қаттиқ қасам ичаётган?!
- Мен, Ё Расулуллоҳ. Бўлди, унинг айтгани бўлади, - дедилар ҳалиги саҳобий”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Асҳоби киромларга яхшилик-хайр йўлида биргина ишоранинг ўзи кифоя эди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

8. Мусулмоннинг айбини беркитмоқ
Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини одамлар ўртасида шарманда қилиш учун камчиликларини қидириб, гапириб юрмайди. Аксинча, дин йўлидаги биродарларида нуқсон кўрса, уни бошқалар кўзидан беркитади. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин:
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким мусулмон биродарининг айбини беркитса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади. Ким биродари айбини очиб юрса, Аллоҳ унинг айбини очиб, уйида турган ҳолида шарманда қилади". (Ибн Можа ривоятлари).
Салафлардан бири айтадилар:
"Мен айбсиз одамларни кўрдим. Бироқ улар бошқалар айбини гапирдилар ва бошқалар ҳам уларни айблаб гапиришди. Айб-нуқсонли одамларни ҳам кўрдим. Улар бошқалар айбини гапирмадилар, бас, унутилдилар: уларнинг ҳам айблари кўринмади".
Мусулмонларнинг айб-камчилигини қидириб юрмоқ мунофиқлик саналади. Бировларни кўпчилик ўртасида изза қилиш учун фақат нуқсонларини излаб юрувчи кимсалар қалбига иймон неъмати мустаҳкам ўрнашмаган бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда нидо қилдилар: "Эй, тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади". (Термизий ривоятлари).
Абу Довуд ва Аҳмад ривоятларида: "Мусулмонларни ғийбат қилманглар!" - ҳам дейилган.

9. Мусулмоннинг камчилигини кўриб қолган киши нима қилади?
Бировнинг айбидан воқиф бўлган мусулмон киши индамасдан буни яшириб кетсинми ёки чиқиб жар солсинми? Одамлар бу борада икки хил ҳолатда бўладилар:
а) Ҳолати яширин, яъни одамлар орасида маъсият қилувчи сифатида ном чиқармаган киши. Бундай одам томонидан бирон маъсият, тойилиш содир этилса, уни бошқаларга гапириб, тарқатиб юрмасдан, яширмоқ лозим. Чунки мусулмонлар орасида яхши ном қозонган бир мўминнинг камчилигини ёймоқ ғийбат ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас. "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз". (Нур сураси, 19-оят).
Олимлар айтадилар: "Бу ерда мўмин билмасдан қилиб қўйган бир хато ёхуд мутлақо содир бўлмаган нарса билан уни айблаб гап тарқатиш назарда тутилаяпти".
Гуноҳлар билан номи чиқмаган, нопок ишларни ошкора қилиб юрмаган мўминлар айбини беркитмоқ лозим. Мусулмоннинг айбини беркитиш деганда ана шундай кишилар назарда тутилади.
Бир олим айтган эдилар:
"Гуноҳкор мусулмонлар айбини беркитинг. Чунки уларнинг маъсиятларини ёймоқ Ислом аҳлининг айбини кўрсатмоқдир. Ишларнинг энг афзали биродарлар айбини беркитмоқдир".
Албатта, биродарининг айбини бошқалар кўзидан яширган киши фақат шу билан кифояланиб қолмайди. У биродарига панд-насиҳат қилиб, уни ёмон ишлардан йироқ юришга ва шариат аҳкомларига тўла риоя этишга даъват қилади. Зеро, панд-насиҳат қилмоқ мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари сирасига киради.

б) Маъсиятларни ошкора қилувчи, ёмонлик билан танилган фожир кимсалар айби беркитилмайди. Қилган гуноҳига афсус-надомат чекмайдиган фосиқ кимсаларнинг асл башарасини маълум қилмоқ, ҳатто вожиб ҳамдир. Чунки бунда бошқа мусулмонлар ҳақиқатдан хабардор бўлиб, фосиқлар ёмонлигидан ўзларини эҳтиёт қиладилар. Ошкора бузғунчилик қилувчи кимсанинг кирдикори зўрайиб, ўзи одамлардан тап тортмайдиган бўлиб кетса, унинг ишини ҳокимга кўтариш вожиб бўлади. Ислом раҳбари гуноҳкорга қилмишига яраша шаръий жазо белгилайди.
Гуноҳдан тийилмайдиган фожирлар айбини беркитмоқ уларни бадтар руҳлантириб юборади. Натижада жамият орасида фасод авж олади. Шу боис Ислом диёрини фитна-бузғунчиликдан покиза сақлаш йўлида бундай ярамас кимсаларга, ҳатто қидириб топиб жазо берилади. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдан олинади:
Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳукм сўраб келди. Бирининг ўғли иккинчисининг аёли билан зино қилганди. "Эй Унайс, ўша аёлнинг олдига бор. Агар иқрор бўлса, уни тошбўрон қил", - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

10. Хато-маъсиятни ҳокимга маълум қилмоқ.
Мусулмон киши қилиб қўйган хатосини ичига яширгани ва Парвардигорига тавбалар қилгани мандубдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, Мен Мадина четида бир аёлга тегиниб қўйдим. Фақат жимо қилганим йўқ. Мана, мен қаршингизда турибман. Хоҳлаган ҳукмингизни чиқаринг.
- Аллоҳ гуноҳингни беркитган экан. Уни сен ҳам ичингга яширсанг бўларди, - дедилар Умар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мусулмон киши гуноҳини тан олиб ҳокимнинг олдига борса-ю, қилиб қўйган гуноҳини батафсил баён қилмаса, ҳоким ҳам ундан тафсилотларни суриштирмагани яхши. Қилинган гуноҳни яширин қолдириб, имкон қадар уни иқрор бўлишдан қайтаради.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эканимда бир киши келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, мен ҳад-шаръий жазога лойиқ иш қилдим. Мега жазо беринг.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ҳеч нарсани суриштирмадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини тугатгач, яна гапирди:
- Ё Расулуллоҳ, мен жазога лойиқ иш қилдим. Аллоҳнинг китобини устимда жорий этинг.
- Сен биз билан бирга намоз ўқимадингми? - сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Ҳа!
- Аллоҳ сенинг гуноҳингни (ёки жазойингни дедилар) кечирди. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эканликларида ҳузурларига бир киши келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, мен зино қилдим!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олдилар. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юз ўгирган томонга ўтди. Гуноҳини эътироф этиб тўрт марта гувоҳлик бергач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб, дедилар:
- Ақлдан озадиган касалинг борми?
- Йўқ, Ё Расулуллоҳ!
- Уйланганмисан?
- Ҳа, ё Расулуллоҳ!
- Буни олиб бориб, тошбўрон қилинглар, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Бухорий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Моиз ибн Молик гуноҳини эътироф этиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Эҳтимол ўпгандирсан, баданини ушлагандирсан ёки қарагандирсан?
Юқоридаги ҳукмлар гуноҳкор ва унинг эътирофига тааллуқли эди. Агар ҳоли яширин кишининг бир гуноҳ қилиб қўйганини кўрсак, унинг айбини яширмоқ афзал, ҳатто буни бошқаларга етказиш макруҳ ёки ҳаром саналади. Бу жамиятнинг тинч-осуда яшаши учун зарурдир.

11. Маъсият қилишга одатланиб қолган кимса...
Бировнинг айбини беркитмоқ деганда гуноҳга қўл урган у шу гуноҳи ниҳоясига етган, ўзи эса Аллоҳдан қўрқадиган банда назарда тутилган. Бироқ ошкора гуноҳ-маъсият қилувчи фосиқлар қаршисида жим туриш ярамайди. Уларни маъсиятдан қайтармоқ, агар қайтмасалар, пайсалламай ҳокимга хабар бермоқ лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мункарни кўрсангизлар, ўзгартиринглар", деганлар.

12. Гуноҳкорнинг ёнини олмоқ.
Одамлар орасида ёмон ном чиқармаган дин-диёнатли киши камчиликка йўл қўйсаю, шу номаъқул иши бировнинг ҳақига тааллуқли бўлса, ўша одамдан унинг айбидан ўтишни сўраб ўртага тушиш мустаҳабдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дин-диёнатли кишиларнинг хатоларини кечиринг, магар ҳадларни жорий этинг». (Абу Довуд ривоятлари).
Маъсиятдан ҳаё қилмайдиган фосиқ кимсанинг айби яширилмаганидек, унинг ўртасига ҳам ҳеч ким тушмайди. Бошқаларга ибрат бўлиши учун бундай кимсалар шаръий жазога тортилади. Имом Молик айтадилар:
"Фасод ва ёмонлик билан танилган кимсани ҳеч ким оқламасин, ёнини олмасин. Унинг устидан ҳад қоим қилиниши керак".

13. Ҳокимнинг олдида шафоат қилиш йўқдир!
Иш ҳокимга етиб боргунга қадар бировнинг ёнини олиш, ўртага тушиш мумкин. Иш ҳокимга кўтарилгач, ўртага тушиб воситачилик қилиш гуноҳ саналади.
Имом Молик айтадилар:
"Одамларга озор-азият етказмайдиган киши томонидан бир хато содир этилса, иш ҳокимга кўтарилмасдан туриб, унинг ёнини олиш мумкин".
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Ўғрилик қилган Бани Махзумлик бир аёлнинг иши Қурайшни анча ўйга толдирди. Улар мана шу аёлнинг ишини ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб бераркин, дейишди.
- Бунга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюклиси Усома ибн Зайднинг журъати етиши мумкин, деб айтишди. Усома разияллоҳу анҳу ўғри аёлнинг гуноҳини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилдилар.
- Сен Аллоҳ белгилаган ҳад-шаръий жазо хусусида ўртага тушяпсанми?! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, хутба қилдилар: “Сизлардан аввалгилар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғрилик қилса, индамай, заиф киши ўғрилик қилса, жазога тортганликлари боис ҳалок бўлишди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесган бўлардим”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳунинг ридоси ўғирланганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кесишга буюрдилар.
- Ё Расулуллоҳ, мен бундай бўлишини истамагандим. Майли, ўша ридо унга садақа, - деди Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳу.
- Уни ҳузуримга олиб келмасдан шундай қилсанг бўлмасмиди? - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Насоий, Ибн Можа ва Молик ривоятлари).
Имом Молик "Муватто"да қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳу ўғрини ушлаб ҳокимнинг олдига олиб бораётган кишини учратиб қолдилар ва ўғрини шафоат қилмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳалиги одам:
Йўқ, олдин уни султонга олиб борай чи, деди.
- Уни ҳокимнинг олдига олиб борганингдан кейин шафоат қилувчи ҳам, шафоатланган ҳам лаънатланади, - дедилар Зубайр разияллоҳу анҳу”.
Агар ҳокимнинг олдида ҳам айбдорнинг гуноҳи сўраб олинаверса, Ислом раҳбарининг ҳайбати йўқолади. Ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлиб, жамиятда фасод-бузғунчилик кенг ёйилади. Жиноятчилар жазодан қутилиб қолишга кўз тикишади, ислоҳ қилувчилар умиди пучга чиқади. Натижада, уммат жар ёқасига келиб қолади. Шу боис Ислом раҳбарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиб, ўз қарорларида қатъий турмоқлари лозим. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига хилоф юришдан ҳазир бўлсинлар.
"Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!" (Нур сураси, 63-оят).

14. Ўзига хос таъриф.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий биродарнинг айбини беркитишни қуйидагича таърифлаганлар:
“...Ёки беркитишдан мурод кишининг дини сақланишига ёрдам бериб, ҳиссий ёки маънавий камчилигини яширишдир. Мисол учун, аҳли оилага муҳтож кишини уйлантириш ёки иш излаган кишига тижорат қилиши учун мол топиб бериш ва ҳоказо”.
Имом Ҳайтамийнинг гапларини мусулмонлар тўлиқ тушунганларида, жамият жуда кўп бало-офатлардан қутиларди. Турли-туман фасод ҳам шу билан барҳам топган бўларди. Хусусан, оила қуришга имконияти етмаган йигит-қизларнинг беҳуда санғишлари ва уйланиш масаласидаги бир қанча қийинчиликлар ўз-ўзидан йўқоларди. Мусулмонлар ҳали-ҳануз беғам, бепарво, адашиб-улоқиб юрибдилар. Улар Исломга мутлақо ёт бўлган бемаъни одатлар, кераксиз тақлидлар қулига айланишган. Бундай мусулмонлар учун энг муҳими маҳалла-кўй ўртасида ўзини кўз-кўз қилиш, сохта мақтанчоқлик, обрў-эътибор. Айни бидъатларнинг асосий қурбонлари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васият қилиб кетган умматининг покиза ёшлари бўлмоқда.
Мусулмонлар фарзандлари учун моддий ва маънавий тинч муҳитни яратмоқлари лозим. Токи дин саломатлиги, жамият тинчлиги ва Охират ҳаловати таъмин этилсин.
15. Мусулмонларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, Аллоҳ азза ва жалланинг мадади.
Модомики, шахслар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва дўст-биродарлик бўлмас экан, улар яшаётган жамият ҳеч қачон кучли, мустаҳкам бўла олмайди. Ҳар бир мусулмон киши биродарининг иши учун моли, жони, обрў-эътиборини ўртага қўйиб ҳаракат қилсагина, жипс жамоа вужудга келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган ва Қуръонда буюрилган мўминларнинг бир тан, бир жон бўлишлари воқеликда кўринади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Мўмин мўминга бир-бирини суяб, тутиб турувчи бино кабидир". (Муттафақун алайҳ).
"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз". (Моида сураси, 2-оят).
Ўзаро ҳамкорлик жамиятларнинг таркиб топишида, уммат ва шахслар ҳаётида кучли таъсирга эга бўлганлиги боис, ушбу хислат Аллоҳ таоло наздидаги энг афзал амаллардан саналди. Ҳамкорлик ибодатга айланди ва унинг ажр-мукофоти намоз, рўза, садақа каби амаллар ажрига тенг ёки ортиқ қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Бир кишига от-уловига чиқишда ёрдам беришинг ёки нарсасини кўтариб олиб беришинг ҳам садақадир". (Муттафақун алайҳ).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутмаганлар дадил туриб ишга киришишди. (Бир ривоятда чодирлар тикишди, от-уловларни суғоришди, дейилган). Рўза тутганлар эса чарчаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ажрни рўза тутмаганлар олиб кетди, - дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, рўза тутмаганлар худди рўза тутганлардек ёки кўпроқ ажрга эга бўлишди. Чунки улар ўз амаллари билан биродарларининг рўза тутишларига ҳам ёрдам бердилар.
Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир гуруҳ саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир ҳамсафарларини мақтаб келишди:
- Биз фалончидек одамни ҳеч қачон кўрмаганмиз. У ҳар доим тиловатда бўлди. Қаерга қўнсак, намоз ўқирди.
- Унинг кундалик юмушларини ким бажарди?.. Ким туясига ем берди? - деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Биз! - дейишди саҳобалар.
- Сизларнинг ҳаммангиз ундан яхшисизлар, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Абу Довуд ривоятлари).
Яъни, сизлар ҳам худди Қуръон тиловат қилган ва намоз ўқигандек ёки кўпроқ ажр оласизлар.
Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амалларнинг энг афзали мўминни хурсанд қилмоқдир: Уни кийинтирасан, қорнини тўйғазасан ёки ҳожатини чиқарасан". (Табароний ривоятлари).
Мусулмон киши биродарига ёрдам бериб улкан натижага, яъни Аллоҳ таборака ва таолонинг мададига мушарраф бўлади.
"Модомики, банда биродарининг ёрдамида турар экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади".

Тўғрида, ахир куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ таолодандир. Борлиқни ҳаракатга келтирувчи, берувчи ёки ман этувчи ёлғиз Пок Парвардигордир. Соғлигу касаллик, қуввату заифлик, бойлигу фақирлик барча-барчаси Унинг измидадир. У Зот бандалари қалбини Ўзи хоҳлаганидек буриб, айлантириб туради. Биродари ташвиши йўлида елиб-югураётган бир бандасига бошқаларни меҳрибон қилиб қўяди. Одамлар ўз-ўзидан унинг ғамини ейдиган, хизматини қиладиган бўлиб қоладилар. Фазл Аллоҳдандир ва яна Аллоҳга қайтади. Аллоҳ таоло бандаларига жазо-мукофот бериш учун амални уларга нисбат берди. Инсонларни бир-бирига муҳтож этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг карамидир. "Сизларга берилган барча ноз-неъматлар Ёлғиз Аллоҳдандир". (Наҳл сураси, 53-оят).

16. Гўзал намуна ва салафи солиҳлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини бир нарсага чақирсалар, аввало ўзлари ибрат бўлардилар. Саҳобаларига, хусусан муҳтожларига ёрдам беришда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беназир эдилар.
Хаббоб ибн Арат разияллоҳу анҳунинг қизлари ҳикоя қиладилар:
"Хаббоб ҳарбий гуруҳ билан чиқиб кетганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳолимиздан хабар олиб турардилар. Ҳатто эчкимизни соғиб берардилар. Идишимиз сутга тўлиб-тошиб кетарди. Хаббоб қайтиб келиб, соғгач, эчкининг сути аввалги ҳолига қайтарди." (Аҳмад ривоятлари)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг ҳақиқий шогирдлари, чин издошлари бўлдилар. Улар ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашардилар. Саҳобаларга чиройли суратда эргашган зотлар – тобеинлар ҳам бу йўлдан оғишмадилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлсинлар.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу эрлари йўқ уйларнинг қўйларини соғиб берардилар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифа бўлгач, бир жория «Абу Бакр энди қўйларимизни соғиб бермайди», деди. Бу гап халифага етиб борди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу бунга қуйидагича жавоб бердилар: "Нега энди?! Умид қиламанки, мен киришган иш (яъни халифалик) аввал қилиб юрган амалларимнинг биронтасини ўзгартирмайди".
Умар разияллоҳу анҳу ҳамиша бевалар ҳолидан хабар олиб, кечаси уларга сув ташиб берардилар. Бир кеча Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳунинг бир аёлникига кириб кетаётганларини кўрадилар. Ҳалига аёл қартайиб, ўтириб қолган кўр кампир экан.
- Кечаги киши сизникида нима қилади? - сўради Талҳа.
- У фалон вақтдан буён ҳолимдан хабар олиб туради, керакли нарсаларни олиб келиб беради. Ахлатларни чиқариб ташлайди, - деб жавоб берди у аёл.
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Талҳа, - дедилар Талҳа разияллоҳу анҳу - Сен ҳали Умарнинг камчиликларини қидириб юрибсанми?
Абу Воил разияллоҳу анҳу ҳар куни эрлари йўқ ва кекса аёллар ҳолидан хабар олар, уларга керакли нарсаларни сотиб олиб келиб берардилар.
Мужоҳид айтадилар: "Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг хизматини қилай, деб бирга сафарга чиқдим. Қайтага Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу менинг хизматимни қилдилар".
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир кишининг ҳожатини чиқариш учун асҳобларини жўнатиб, дедилар: "Сизлар Собит Бунонийникига ўтиб, уни ҳам бирга олиб кетинглар. Асҳоблар Собитнинг олдига келишди.
- Мен эътикофдаман, - дедилар Собит. Улар Ҳасан Басрийнинг олдига қайтиб бориб, воқеани баён қилдилар.
- Унга бориб айтинглар, - дедилар Ҳасан Басрий - Эй Аъмаш, билмайсанми, ахир биродарингнинг ишини деб юришинг сен учун ҳаждан кейинги ҳаждан ҳам яхшироқдир!
Асҳоблар Собитнинг олдига қайтишди. У эътикофини тарк қилиб, биродарларига қўшилди".

17. Ўртага тушинглар, ажр оласизлар!
Ўзаро ҳамкорлик нафақат моддий ёрдамни, балки маънавий кўмакни ҳам ўз ичига олади. Мисол учун, кимдир биродарининг ҳожатини чиқариш учун ўз обрў-эътиборини ўртага қўйиб, ҳоким ёки масъул шахслар олдида ҳаракат қилади.
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир сўровчи келса ёки у зотга бировнинг иши тушадиган бўлса,
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига дердилар:
"Ўртага тушинглар, ажр оласизлар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг тили орқали Ўзи хоҳлаганидек ҳукм қилур". (Бухорий ривоятлари).
Яъни муҳтож киши менга ўз эҳтиёжини баён қилганида, унинг ёнини олиб, ўртага тушинглар. Ўшанда сўзларингизнинг қабул бўлиш-бўлмаслигидан қатъиназар, сизлар ажр оласизлар. Зеро, Аллоҳ Пайғамбари тили орқали сўровчига нисбатан салбий ёки ижобий ҳукм чиқарур. Бу Аллоҳнинг қазои қадаридир.
Ибн Ҳажар "Фатҳул Борий"да ёзадилар:
"Мазкур ҳадис яхшилик қилишга, хайрли ишларга сабабчи бўлишга ва катталар ҳузурида заиф-ночорлар ёнини олишга чақиради. Чунки ҳар ким ҳам ҳокимнинг ёнига кириб, унга бор ғамини батафсил тушунтириб беришга қодир эмас. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматдан алоҳида бўлиб ажралиб олмаганлар".
Албатта, бу ерда Аллоҳ ҳадларидан бошқа ишларда шафоат қилиниши назарда тутилаяпти.

18. Жаннат йўли.
Банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида нажот топиши учун Ислом шарт. Ислом эса фақат илм билан юзага келади. Зеро, Аллоҳ таолони таниш ва Унга етишиш учун илмдан ўзга йўл йўқ. Хайрли илм Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога олиб борадиган энг яқин йўлни кўрсатади. Кимда-ким мана шу йўлдан оғишмай олға юрса, кўзлаган мақсадига эришади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам талаби илмни жаннат йўли деб шарҳладилар. Хайрли илм талабида йўл босмоқ кишини жаннат сари бошлайди. "Илм талабида йўл босган инсонга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиб қўяди".
Айтаётган сўзимизга энг кучли далил бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган ваҳийнинг илмга ва илмнинг воситаларига буюриш билан бошланганидир. Илоҳий ваҳий Аллоҳ таолонинг улуғлиги ҳамда борлиқ сирларини идрок этишда илм неъматининг аҳамияти ва шарафига эътибор тортиш ҳамда собит илмий ҳақиқатларга ишора қилиш билан бошланди.
Мана, у оятлар: "Яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган Зотдир. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз ўта карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган зотдир. У инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди". (Алақ сураси, 1-5-оятлар).

 19. Исломда илмнинг ўрни.
Жаннат йўли саналмиш хайрли илм Исломда жуда қадрланади. Аллоҳ ҳузуридаги манзил-мартабада уламолар анбиёлар мартабасига яқинлаштирилган.
"Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни даража-мартабаларга кўтарур". (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳнинг Пайғамбарлари на дирҳам ва на динор қолдирдилар. Улардан илм мерос бўлиб қолди. Ким уни олса, дарҳақиқат, тўкис насибага эга бўлибди". (Термизий ва бошқалар ривояти).

20. Исломда талаби илмнинг ҳукми.
Илм ўрганмоқ фарздир. У икки хил даражада бўлади:
а) Фарзи айн: Ҳар бир мўмин-мусулмон билиши шарт бўлган илмлар. Улар кишининг ақидаси соғлом, ибодати дуруст ва бутун ҳаёти Аллоҳ шариатига мувофиқ бўлиши учун зарур саналган илмлардир. "Билингки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир". (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмонга фарздир". (Ибн Можа ривоятлари).
б) Фарзи кифоя: Умуман, мусулмонлар жамоаси билиши шарт бўлган илмлар. Бу соҳада маълум шахсларнинг машғул бўлиши бошқалар устидан масъулиятни соқит қилади. Агар ҳеч ким улар билан шуғулланмай қўйса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Масалан, шариат илмларини чуқур, батафсил ўрганмоқ, ёд олмоқ, мусулмон жамоа учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ва ер юзида ҳақ ва адолат давлатининг мустаҳкам туришига сабаб қилиб қўйилган илмларнинг эгалланиши ана шу фарзи кифоя таркибига киради. Агар Ислом давлати ҳар соҳада тўкис ва мукаммал бўлса, воқеликда ўзига хос ҳайбат касб этади. Ана шунда чор-атрофдаги душманлар, фосиқу фожир кимсалар унга қарши юришга журъат қила олишмайди. "Барча мўминлар жангга чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!" (Тавба сураси, 122-оят).
Уммат эҳтиёжи учун зарур бўлган илмлар ҳам диний илмларга қиёс қилинади.
Шариат илмларини чуқур ўрганмоқ, мусулмон учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ҳам мусулмон учун мандубдир. "Айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин". (Тоҳо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло кимга бир хайр-яхшиликни истаса, уни динни англайдиган қилиб қўяди". (Муттафақун алайҳ).

21. Илм нур, уламолар эса йўл кўрсатувчи машъалалардир.
Аллоҳни танимоқ, унинг розилигини топмоқ ва Қиёмат кунида Унга яқин бўлиб, муваффақият қозонмоқ учун илм ягона чорадир. Аллоҳ таоло айнан мана шу нур билан Пайғамбарларни жўнатди, уларга китоблар нозил этди. Пок Парвардигор у орқали бандаларини жаҳолат зулматларидан, шак-шубҳа ва ваҳима чангалидан халос қилади. "Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур – очиқ китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг розилигига эришган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва ўз изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур". (Моида сураси, 15-16-оятлар).
"Бас, унга (Пайғамбарга) иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда у билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (Аъроф сураси, 157-оят).
Ихлосу ибодатда мустаҳкам олимлар Пайғамбарлар илмига меросхўр бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Пайғамбарлар на дирҳам ва на динор қолдирдилар. Улардан фақат илм мерос бўлиб қолди". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Уламолар уммат йўлини ёритувчи, ҳамиша уларни ортларидан эргаштириб, саодат манзилига олиб чиқувчи, раиятга ҳақиқий иззат ва мукаррамлик нималигини кўрсатиб берувчи ёрқин машъалалардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ердаги уламолар худди кўкдаги юлдузларга ўхшайди. Одамлар қуруқлигу денгиз зулматларида юлдузларга қараб йўл топадилар. Агар улар ўчса, йўлбошловчилар ҳам адашиб кетиши мумкин".
Уммат орасида илм бор экан, улар ҳидоят ва хайрдан, адолат ва тараққиётдан йироқлашиб кетмайдилар. Илмнинг йўқолиб кетмаслиги уни кўтарувчи олимлар ҳаётига боғлиқ. Яъни, олимлар йўқолиши билан илм ҳам уммат устидан кўтарилади. Натижада, жамиятда парокандалик бошланиб, разолат ва фасод томир отади. Тўғри йўлдан адашган уммат ўзини-ўзи ҳалокат сари бошлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло илмни бандалари орасидан шундай суғуриб олиб қўймайди. У зот олимларни олиб қўйиш билан илмни олиб қўяди. Ҳатто биронта олимни қолдирмагач, кишилар жоҳил кимсаларни раҳнамо тутадилар. Жоҳил раҳнамолардан сўрасалар, улар илмсизлик билан фатво берадилар. Оқибат ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар". (Муттафақун алайҳ).

22. "Ва айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин".
Мусулмон киши ҳеч қачон олдинга интилишдан тўхтамайди. У ҳамиша фазилатли мартабаларга эришиш йўлида ҳаракат қилади. Хусусан, фазилат белгиси бўлмиш фойдали илмга сира тўймайди. Ахир, қуйидаги оят-ҳадисларни ўқиб, яхшилик йўлида қандай сусткашлик қилади: "Айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин". (Тоҳо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Мени Аллоҳ азза ва жаллага янада яқинроқ қиладиган илмни зиёда этмаган куним қуёш чиқиши билан мен учун баракотли эмас".
Илм лаззати кишининг бу йўлдаги хатти-ҳаракатини кучайтиради. Ушбу ҳақиқатни Парвардигори илм берган, таълимни гўзал қилган ва одоб бериб, одобини ҳам комил этган ростгўй зот таъкидлаганлар. У зотга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Икки оч сира тўймайди: Илм толиби ва дунё талабгори". (Баззор ва бошқалар ривояти).
Зиёда илм фақат Аллоҳ тавфиқи билан муяссар бўлади. Толиби илм динини сақлаш, биродарларига ёрдам бериш учун фақат Аллоҳ таоло розилигини истаб, холис ниятда таҳсилга киришса, Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг йўлини очиб қўяди. Покиза ниятли толиб қайси бир мавзуга қўл урмасин, унинг қаршисида кенг уфқлар намоён бўлади.
"Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?" (Қамар сураси, 17-оят).

23. Илмига амал қилган киши кўп нарсаларни ўрганади.
Илм билан амал, гап билан иш битта бўлса, Аллоҳ тавфиқи ва инояти ҳам олий даражада зоҳир бўлади. "Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир". (Бақара сураси, 282-оят).
Мусулмон ҳар қачон ўрганиб, илмга амал қилса, у жаннат йўлидан шунча олға юрган, Аллоҳ таборака ва таолога янада кўпроқ қурбат ҳосил қилган бўлади. Банда Аллоҳга қанчалик яқин бўлса, талаби илмга бўлган тавфиқи ҳам шу қадар ортади. Боамал кишининг ҳар бир ўргангани унинг ҳидоят ва тақвосини зиёда қилади. Худди шу тарзда илмига амал қилувчи ҳақиқий уламолар фазилат ва илм чўққиларига кўтарилиб, комил ва тўкис ҳидоят эгаси бўладилар. Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам улар мартабаси ҳавас қилгуликдир. "Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир". (Марям сураси, 76-оят).
"Ҳидоят топган – тўғри йўлга юрган зотларга эса Аллоҳ яна ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур". (Муҳаммад сураси, 17-оят).

24. Илмга амал қилмасликнинг оқибати.
Олимларнинг йўл кўрсатувчи машъалалар эканини, уларсиз уммат адашиб-улоқиб кетишини юқорида айтиб ўтдик. Бироқ бундан-да ёмон офат бор. У уламоларнинг ҳақ йўлдан тойилиб, тоат-ибодатда эмас, гуноҳ-маъсиятда ўзгаларга ўрнак бўлиши, айтган гапларининг қилаётган ишларига тўғри келмаслигидир. Шариат ушбу тойилишнинг нечоғлик хунук оқибатларга олиб боришини баён этиб, ундан қаттиқ қайтарди. "Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Саф сураси, 2-3-оятлар).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман:
- Қиёмат кунида бир кимса олиб келиниб, дўзахга ташланади. Шунда қорнидан ичак-чавоғи чиқиб кетади. У дўзах ўтида худди тегирмонда айланаётган эшакдек чархпалак бўлади. Дўзахийлар унинг ёнига келиб сўрайдилар:
- Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?!
- Тўғри, - деб жавоб беради ҳалиги одам, - Бироқ мен яхшиликка буюрардим-у, ўзим уни қилмасдим. Ёмонликдан қайтарардим-у, ўзим уни қилардим». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Исро кечасида оловдан ясалган қайчилар билан лаблари қиймаланаётган одамлар олдидан ўтдим.
- Эй Жибрийл, улар кимлар? - деб сўрадим.
- Умматингизнинг ўзлари қилмайдиган ишларни гапирувчи хатиблари! - деди Жибрийл алайҳиссалом". (Мунзирий ривоятлари). Байҳақий ривоятларида «Аллоҳ китобини ўқиб, унга амал қилмайдиганлар», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Банда умрини қандай ўтказгани, илмига нималарда амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга ишлатгани ва танасини нимада қаритгани хусусида сўралгунга қадар унинг қадамлари жилмай туради". (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).

25. Илм тарқатиш.
Ислом илм ўрганишни ва уни бошқаларга ўргатишни тарғиб қилади. "Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар жангга чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!" (Тавба сураси, 122-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Биздан бир нарсани эшитиб, уни эшитганидек етказган кишининг юзини Аллоҳ яшнатсин. Шундай етказилганлар борки, улар эшитганларга қараганда яхшироқ англайдилар". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Банда учун энг хайрли ва ўлимидан сўнг ҳам ажр-савоби етиб турадиган амал бошқаларга илм ўргатмоқдир. Зеро, Аллоҳ таоло худди шу илм сабабли уни азиз-мукаррам қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Банда вафот этиши билан унинг амали узилади. Фақат уч нарса бундан мустасно: Садақаи жория, фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд". (Муслим ва бошқалар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Энг афзал садақа мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг уни мусулмон биродарига ўргатишидир". (Ибн Можа ривоятлари).

26. Илм талабида ниятини холис қилиб, ҳатто мумкин нарсалардан ўзни тийиш.
Толиби илм ёки олим ҳамиша холис Аллоҳ учун илм ўрганиши ва ўргатиши лозим. Унинг мақсади мол-дунё, мансаб ёки обрў-эътибор қозониш эмас, Аллоҳ динини асраш, уни бошқаларга ўргатиш ва биродарларига шу тариқа наф етказиш бўлиши керак. «Фалончи бундай экан» деган мақтовни эшитиш, илми билан бошқалардан устун туриш ёхуд кимларнидир баҳс-мунозарада мағлуб этиб, мағрур юриш учун илм ўрганган кимса Аллоҳ таоло ғазабига дучор бўлади. Унинг илм йўлида чеккан барча ғам-ташвишлари ва қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ юзи мақсад қилинадиган бир илмни дунёвий ғаразни кўзлаб ўрганган кимса Қиёмат кунида жаннатнинг ҳидини топмайди". (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: "Олимлар билан тортишиш ёки нодонлар билан талашиш ва шу йўл билан одамларни ўзига қаратиш мақсадида илм ўрганган кимсани Аллоҳ таоло дўзахга киритади". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат кунида энг биринчи ҳисоб-китоб қилинадиганлар... (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мужоҳид ва эҳсон қилувчи ҳақида гапирганлар. Сўнг:) илм ўрганган, бошқаларга ҳам илм ўргатган ва Қуръон ўқиган банда келтирилади. Аллоҳ таоло унга берган неъматларини эслатади. Банда эътироф этади.
- Хўш, сен улардан фойдаланиб, қандай амал қилдинг? - сўрайди Аллоҳ таоло.
- Илм ўргандим ва уни ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим, - деб жавоб беради банда.
- Бекор айтибсан! Сен одамларнинг "Бу олим!" дейишлари учун илм ўргандинг ва "қори" дейишлари учун Қуръон ўқидинг. Шундай деб айтилди ҳам!
Сўнг Аллоҳ буйруғига биноан ҳалиги банда юзтубан ҳолда судралиб, дўзахга ташлаб юборилади".

27. Илмнинг ярми – "билмайман".
Чин ихлосли олимлар ҳеч қачон билмаган нарсаларини билмайман, деб айтишдан кибр қилмаганлар. Аксарият уламолар жуда кўп саволларга шундай жавоб қайтаришган. Фақат аниқ билган нарсаларинигина айтганлар. Ҳатто айтадиларки, илмнинг ярми билмайман, дейишдир. Бу кишининг ўз сўзига қанчалик эътиборли эканлигини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олий мартабаларида туриб “билмайман” дейишдан тортинмаганлар: "Бу масалада сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас".
Кишининг бир нарсани билмаслигини эътироф этиши асло уят саналмайди. Ахир Аллоҳ таолонинг қўйидаги каломини эшитмаганмисиз: "Сизларга жуда оз илм берилгандир". (Исро, 85-оят).

28. Толиби илм одобларидан.
Илм толиби ҳақиқий устозларни излаб топиши, улар этагини маҳкам тутиб, хизматларига ҳамиша шай туриб илм ва одоб ўрганмоғи лозим. "Мусо унга (Хизрга): "Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?" – деди". (Каҳф сураси, 66-оят).

29. Аллоҳ азза ва жалла зикри.
Аллоҳ таолони зикр қилмоқ энг улуғ ибодатлардандир.
"Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китобдан (оятлар) тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур". (Анкабут сураси, 45-оят).
Чунки Аллоҳ таоло зикри инсонни ҳар бир ишида шариатга мувофиқ юришга ундайди. Унга Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани кўриб турувчи Зот эканлигини таъкидлайди. Иймон кузатуви остида ҳаёт кечирувчи инсон Парвардигори билан ҳам тўғри ва чиройли муносабатда бўлади. Шу боис мусулмон ҳамиша Аллоҳ таоло зикри билан юришга буюрилган.
"Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтинглар!" (Нур сураси, 41-42-оятлар).
"Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!" (Нисо сураси, 103-оят).

30. Энг яхши зикр Аллоҳ таоло китобидир.
Аллоҳ таоло китобида шариат аҳкомлари, мусулмоннинг вазифалари ва унинг ҳаёт йўлини белгилаб берувчи, бахт-саодатга бошловчи ҳақ кўрсатмалари ҳамда бандалар эҳтиёт бўлишлари лозим бўлган ёмонликлар баён этилган. Бинобарин, Аллоҳ таолони зикр этмоқ учун Унинг каломидан-да хайрли восита йўқ.
"Сизга эса одамларга нозил қилган (аҳкомлар)ни баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани - Қуръонни нозил қилдик". (Наҳл сураси, 44-оят).
"У бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир". (Ёсин сураси, 69-оят).
"Бу бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат бор". (Сод сураси, 49-оят).
"Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?" (Қамар сураси, 17-оят).

31. Масжидлар ободлиги.
Аллоҳ азза ва жалла зикри, Қуръон тиловати ва илм ўрганиш учун энг хайрли маскан Аллоҳнинг уйлари – масжидлардир. Аллоҳ уйларини мўминлар обод қиладилар. Масжидларнинг ободонлиги намоз, эътикоф каби ибодатлар ёнига қўшилган илм ва зикр биландир.
"(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишга ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни ато этишдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган Кундан қўрқурлар. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга ўз фазлу карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур". (Нур сураси, 36-38-оятлар).

32. Ибодат ва шафоат.
Қуръон тиловати ибодатдир ва банда бунинг учун ажр-савоб олади. Қуръон тиловати банданинг Қиёмат кунида нажот топишига ва Парвардигори розилигига эришишига восита бўлади. Чунки Қуръон Аллоҳ ҳузурида ўз қорисини шафоат қилади.
"Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг китоби - Қуръонни тиловат қилинг!" (Каҳф сураси, 27-оят).
"Айтинг: "Мен фақат мана шу шаҳарнинг (яъни Макканинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилганман. У (бу шаҳарни) ҳаром қилган зотдир, Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга ва Қуръон тиловат қилишга буюрилганман". Бас, ким ҳақ йўлга юрса, фақат ўз фойдаси учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: "Мен фақат огоҳлантирувчиларданман". (Намл, 91-92-оятлар).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қуръонни ёд олган ҳолида уни ўқиётган киши улуғ-мукаррам фаришталар билан биргадир. Қуръонни ўқишга қийналса-да, уни мудом ўқиб юрадиган кишига иккита ажр бордир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасана ёзилади. Ҳасанага ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен "Алиф, лом, мим" битта ҳарф деб айтаётганим йўқ. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир". (Термизий ривоятлари).
Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: "Қуръон ўқинглар! Чунки у Қиёмат кунида ўқувчилар учун шафоатчи бўлиб келади". (Муслим ривоятлари).
Қуръон тиловатига қулоқ солмоқ фазилатда уни тиловат қилишдан кам эмас. Қуръонни жим туриб тингламоқ Аллоҳ таоло мағфирати ва раҳматига ноил бўлишга сабабчидир.
"Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз, шояд раҳматга сазовор бўлсангизлар". (Аъроф сураси, 204-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким Аллоҳ китобидан бир оятга қулоқ тутса, унга зиёда ҳасаналар ёзилади. Ким бир оят тиловат қилса, Қиёмат кунида унинг учун нур бўлади". (Аҳмад ривоятлари).
Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръон тиловатини эшитишни хуш кўрганлар.

Абдуллоҳ ибн Маъсуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар.
- Қуръон сизга нозил этилган бўлса-ю, мен сизга ўқиб берайми? - дедим.
- Мен уни бировдан эшитишни ёқтираман.
Мен Нисо сурасини ўқиб, қуйидаги оятгача етдим: "Биз ҳар бир умматдан гувоҳ келтирганмизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!" (Нисо сураси, 41-оят) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Бас" ёки "тўхта", - дедилар. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқаётган экан". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

33. Нур устига нур.
Қуръон тиловати ёки унга қулоқ солишга тушуниш, тадаббур ва Аллоҳ қўрқуви ҳам қўшилса, ажр-савоб зиёда бўлиб, нур устига нур бўлади. Бу банданинг ақлу заковати ва Аллоҳ ҳузуридаги даражасига бир ишорадир. "(Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак китобдир". (Сод сураси, 29-оят).
Биз ўрганаётган ҳадис ҳам мўминларни ушбу фазилатга ундайди. Мўминлар қай бир хонадонда, манзилу масканда йиғилиб, Қуръон тиловати билан Парвардигорларини зикр қилсалар, ҳадисда таъкидланган фазилатга ноил бўладилар. Хусусан, уйларида ўтириши хайрли бўлган муслималар учун ҳам бу фазилат тааллуқлидир. Албатта, эр кишилар масжидларда зикр ва тиловат қилишлари афзал. Чунки Аллоҳнинг уйларида кишини чалғитадиган, кўнглию баданини кирлатадиган моддий ва маънавий кирликлар бўлмайди. Боз устига, Аллоҳ зикри билан масжидлар ободдир.

34. Аллоҳ фазли ва ризоси.
Қуръон тиловати ва тадаббури билан машғул мўминларга Аллоҳ таоло тўрт мукаррамлик ато этади. Уларнинг ҳар бири Қуръон мухлисларининг олий мартабасига, Аллоҳ таоло розилиги ва мағфиратига далолат қилади.
Биринчи мукаррамлик: «Улар устига осудалик нозил қилинади».
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Бир киши Каҳф сурасини ўқирди. Шунда ҳовлидаги от безовталанди. Ҳалиги киши тўхтаб қараб, атрофини ўраб турган туман ёки булутни кўрди. У бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берди.
- Ўқийвер! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам - У Қуръон учун нозил бўлган осудаликдир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Ушбу осудалик билан қалблар хотиржам бўлади, кўнгиллар ором олади. Инсон ақли тиниқлашиб, қарор топади. "Улар иймон келтирган, қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур". (Раъд сураси, 28-оят).
Қалблари тош қотиб, Аллоҳ зикридан ғофил юрган, қимматли вақтларини бесамар кетказиб, нафрат ва ғазаб остида кун кечираётган бадбахт кимсалар ҳоли нақадар ёмон! Ахир Охиратда уларни абадий азоб-жаҳаннам кутиб турибди. "Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз". (Тоҳо сураси, 124-оят).
"Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай. Улар очиқ залолатдадирлар!". (Зумар сураси, 22-оят).
Иккинчи мукаррамлик: "Уларни раҳмат қоплайди".
"Салмон разияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло зикрини қилиб ўтирган бир давра орасида эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ёнидан ўтдилар. “Нималарни гапиряпсизлар? Мен устингиздан ёғилаётган раҳматни кўриб, унга шерик бўлишни хоҳладим! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам». (Ҳоким ривоятлари).
Аллоҳ таоло раҳмати банда учун энг улкан ва хайрли насибадир. "Айтинг: "Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва раҳмат-меҳрибонлиги билан – мана шу неъмат билан шод-хуррам бўлсинлар. Зеро, бу улар тўплайдиган мол-дунёлардан яхшироқдир". (Юнус сураси, 58-оят).
Аллоҳ китобини тиловат қилишлари ва ўзаро уни ўрганишлари уларнинг чиройли амал эгалари эканликларига далолат қилган, Аллоҳ раҳматига яқин бўлган зотларга нақадар яхши! «Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир». (Аъроф сураси, 56-оят)

Ушбу амаллари уларнинг чин иймонли, ростгўй, тақводор ва Аллоҳ азобидан омон қолгувчилардан эканликлари ҳақидаги хушхабар ҳамдир.
"Аллоҳ айтди: "Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен раҳматимни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман". (Аъроф сураси, 156-оят).
Учинчи мукаррамлик: "Уларни фаришталар ўраб олади.
Усайд ибн Хузайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Усайд разияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқирдилар. Отлари олдиларида боғлиқ эди. Бирдан от безовталаниб қолди. Усайд Қуръон ўқишдан тўхтаган эдилар, от ҳам тинчланди. Улар яна ўқишни бошладилар, от яна безовталанди. Ўқишдан тўхтаган эдилар, от тинчланди. Сўнг яна тиловат қилдилар, от яна безовталанди. Усайд от яқинида турган ўғиллари Яҳёдан хавотирланиб туриб кетдилар. Ўғилларини олаётганларида бошларини тепага кўтардилар ва бир нарсаларни кўрдилар. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гапириб бердилар.
- Ўқи, эй Ибн Хузайр! Ўқи, эй Ибн Хузайр! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Ё Расулуллоҳ, мен Яҳёни от босиб кетишидан қўрқдим. У отнинг ёнида эди. Бошимни кўтардим ва унинг олдига бордим. Бошимни осмонга кўтарсам, бир булутга ўхшаган нарса. Унда бамисоли чироқлар ёниб турибди. Улар чиқиб кетди, ниҳоят кўринмай қолди.
- Унинг нималигини биласанми? - сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Йўқ!
- Улар сенинг овозинг учун яқинлашган фаришталар эди. Агар ўқийверганингда, одамлар уларни кўриб қоларди. Фаришталар улардан яширина олишмасди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Қуръон тиловат қилувчилар кўпайгани сари фаришталар сони ҳам зиёдалашиб, уларни ҳар томондан ўраб олади.
Хўш, фаришталарнинг тушиши, Қуръон ўқувчиларни ўраб туришлари нимани англатади? Бу Қуръон мухлисларининг тинч-омонликда эканликларини, уларнинг турли ёқимсиз нарсалар ва озор-азиятлардан ҳимояланганликларини билдиради. "Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар". (Раъд сураси, 11-оят).
Балки фаришталар гувоҳлигининг энг яхши самараси бошқа нарсада кўринар: Маълумки, фаришталар Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасидаги элчилардир. Улар мўминларнинг Қуръонни ўқиб-ўрганаётганларини, Аллоҳ ғазабидан қўрқиб, Унинг раҳматидан, мағфиратидан умидвор турганликларини Парвардигорлари ҳузурига кўтариб борадилар. Оқибат, Қуръон мухлислари Аллоҳ мағфирати ва раҳматига ноил бўладилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таолонинг шундай фаришталари борки, улар зикр аҳлини қидириб айланиб юрурлар. Агар Аллоҳни зикр қилаётган кишиларни топсалар, «қидирган нарсаларингизга келинглар», - деб бир-бирларини чақирадилар. Фаришталар зикр аҳлини қанотлари билан ўраб, дунё осмонигача етадилар. Аллоҳ таоло ўзи яхши билиб турса-да, фаришталаридан сўрайди:
- Бандаларим нима дейишяпти?
- Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб Сени улуғлаяптилар.
- Улар Мени кўрганмилар?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, кўрмаганлар.
- Агар Мени кўрсалар нима қилишади?
- Унда Сенга янада кўпроқ ибодат қилиб, бундан-да кўп тасбеҳ айтиб, сени улуғлашади.
- Улар мендан нима сўраяптилар?
- Сендан жаннат сўраяптилар?
- Жаннатни кўришганми?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Парвардигор, жаннатни кўрмаганлар.
- Агар кўрганларида, нима бўларди?
- Агар жаннатни кўрсалар, унга янада қаттиқроқ интилиб, талабгор бўлиб, рағбатлари ошиб кетарди.
- Нимадан паноҳ тилаяптилар?
- Дўзахдан.
- Улар дўзахни кўрганмилар?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Парвардигор, уни кўрмаганлар.
- Агар кўрсалар, нима бўларди?
- Агар кўрсалар, дўзахдан яна ҳам кўпроқ, қаттиқроқ қўрққан бўлардилар.
- Сизлар гувоҳсизлар, Мен уларни мағфират қилдим.
Шунда фаришталардан бири дейди:
- Фалончи ораларида ўтиргани билан улардан эмас. У бир иш билан келган эди.
- Улар бирга ўтирибдилар. Уларнинг ёнида ўтирганлар ҳам бадбахт бўлмаслар!". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Тўртинчи мукаррамлик: "Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагиларга зикр қилади".
"Бас Мени эсласангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!". (Бақара сураси, 152-оят).
Банда Аллоҳ китобини тиловат қилиб ёки оятларига қулоқ тутиб Парвардигорини зикр этса, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унга шундай муносабатда бўлади. Пок Парвардигор бу бандасини Ўз ҳузуридагиларга зикр қилади. Аллоҳ зикри билан банда зикри ўртасида жуда катта фарқ бор. Парвардигорнинг бир бандани ўз ҳузурида эслаши унинг учун ҳам раҳмат, мағфират, қабул, розилик ва олий мартабадир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоада зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоада зикр қиламан. Бандам менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир билак яқинлашаман. Агар менга бир билак яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман!". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлган солиҳ бандага Пок Парвардигор раҳмати, розилиги ва ажру мукофоти шу қадар тез келади.
Хуллас, Аллоҳ китобини ўқиб-ўрганиб, унга тўла-тўкис амал қилган мўминлар "тижорати" уларга беҳисоб фойдалар келтиради.
"Албатта Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар, зеро Аллоҳ уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта у мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)". (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Қуръон тиловати ва татбиғига содиқ зотлар фахр қилсинларки, бу йўлда уларнинг ибратли раҳнамолари бутун инсониятнинг энг хайрли кишиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва фаришталар улуғи Жаброил алайҳиссаломдир. Улар Аллоҳ китобини бирга дарс қилар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан сахий инсон эдилар. Айниқса, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида саховатлари жуда ошиб кетарди. Жаброил алайҳиссалом Рамазонда ҳар кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб, Пайғамбаримизга Қуръондан таълим берардилар. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда тўхтовсиз эсувчи шамолдан-да саховатлироқ бўлиб кетардилар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло зикри учун йиғилган жамоат ана шундай улуғ фойдани қўлга киритиши мумкин.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ва Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни эшитганларини айтганлар:
"Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирган жамоатни фаришталар ўраб олишади, уларни раҳмат қоплайди, устларига сакинат-осудалик нозил бўлади ва Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагиларга зикр қилади!" (Муслим ривоятлари).
Тасаввур қилинг: Сизни Аллоҳ таоло фаришталар олдида зикр қилади. Ахир мўмин учун бундан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!

35. Исломнинг инсонпарварлиги ва адолати (Тақво ва солиҳ амал инсонни Аллоҳ азза ва жалла томон бошлайди).
Ислом бутун инсониятни бир деб таъкидлайди. Инсонлар тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳаммалари бир жон – Одам алайҳиссаломдан тарқалганлар. Оқ билан қора, араб билан ажам ўртасида тафовут ва ортиқлик йўқдир. Асл яралиш эътибори билан бою камбағал, ҳокиму маҳкум баб-баробардир.
"Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!" (Нисо сураси, 1-оят).
Илоҳий адолат ҳукмига кўра инсонлар фақат солиҳ амаллари билан бир-бирларидан афзалдирлар. Киши ота-бобосининг олий мартабаси билан эмас, тақво даражасига кўра Аллоҳ таолога яқин бўлади. "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар учун сизларни халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир". (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло ҳузурида инсон насл-насабининг камтаринлиги учун зарар кўрмайди ва жавобгар бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло насл-насабга қараб эмас, амалларга қараб мукофот беради. "Ҳар ким учун қилган амалларидан даражалар бор". (Анъом сураси, 132-оят).
Инсон Парвардигори ҳузурида фақат солиҳ амали билангина олий даражага етишиши мумкин. Чунки Қиёмат кунида насл-насаб деган нарсанинг ўзи қолмайди. Бутун халойиқ бир ерга тўпланади. Ҳеч кимнинг бошқа биров билан иши бўлмай қолади.
"Бас, қачон сур чалинганида, ана ўша куни уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олмаслар". (Мўминун сураси, 101-оят).
Шу боис Қуръони Карим инсонларни насл-насабга ёпишиб олишдан қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг аввало яқинларини огоҳлантиришга, ҳақ йўлга чақиришга буюрилдилар: "Ва яқин қариндош-уруғларингизни огоҳлантиринг". (Шуаро сураси, 214-оят).
Меҳрибон, мушфиқ Пайғамбар ўзининг меҳр-муҳаббатию яхшилигига энг ҳақли бўлган яқинларига Аллоҳ таоло амрини дарҳол етказди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тоғи устига чиқиб нидо қилдилар: "Эй қурайш жамоаси! Ўзларингизни қутқаринг! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Бани Абдуманоф! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Пайғамбарнинг аммаси Сафийя! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Мол-давлатимдан хоҳлаганингни сўра! Бироқ Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сендан тўса олмайман!" (Муттафақун алайҳ).

36. Исломда қон-қардошлик ёки насл-насабга қараб эмас, иймон ва солиҳ амалга кўра дўст тутилади.
Одамлар жоҳилиятда уруғчилик ва миллатчилик асосида бир-бирларига ёрдам берганлар. Ислом барча жоҳилона алоқаларга чек қўйди. Энди инсонлар иймон асосида бир-бирларига дўст ва ёрдамчи бўладилар. Дин ва амалларига кўра дўст тутинадилар, ақида асосида бир бирларини қўллайдилар.
"Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир". (Тавба сураси, 71-оят).
Мўминлар ақида ва дин асосига кўра бир-бирларига меҳр-муҳаббатли бўлсалар, Аллоҳ таоло дўстлиги ва нусратига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстлиги ва шафоатига ноил бўлурлар. Кимнинг иймони комилроқ бўлса, Аллоҳ ва Расули дўстлигига ҳақлироқдир. Солиҳ амалларни кўп қилган банда бошқаларга қараганда Аллоҳ таолога яқинроқ ва шафоатдан насибадорроқдир.
"Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга дўст-ёр бўлур". (Аъроф, 196-оят); "Аллоҳ тақводор зотларнинг дўстидир". (Жосия, 19-оят); "Аллоҳ мўминларнинг дўстидир". (Оли Имрон, 78-оят); "Бунга (яъни, Аллоҳ мўминларга ёрдам беришига, кофирларни эса ҳалок қилишига) сабаб Аллоҳ иймон келтирган зотларнинг дўсти-ҳомийси эканлиги, кофирлар учун эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканлигидир". (Муҳаммад сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Убай хонадони менинг дўстларим эмас. Дўстим фақат Аллоҳ ва солиҳ мўминлардир". (Муттафақун алайҳ).

Қуйидаги ҳикматли сўзга қулоқ беринг:

Инсон инсон бўлур бор эса дини,
Ислом азиз қилди Салмон Форсийни.

Тақво қил, иттикол этма насабга,
Насаби не берди Абу Лаҳабга?!

37. Саодат ва нажот йўли.
Демак, ақл-заковатли мўмин изтироб ва талваса ичида яшовчи бир махлуқ эмас, мувозанатли, мулоҳазали тўкис инсондир. У ота-боболарининг шарафли ҳаётларига суяниб қолмасдан енг шимариб ишга киришади, солиҳ амалларига ошиқади. Чунки у Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига иймон келтирган: "Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур". (Нажм сураси, 39-оят).
Парвардигори шартларига тўла амал қилган банда унинг ваъдасига лойиқ бўлур.
"Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз". (Наҳл сураси, 97-оят).
Шу боис мўмин киши Аллоҳ, Расули ва мўмин биродарларидан ўзга бирон кимсани дўст тутмайди. Кофир ва фосиқ қавмдан ҳам, уларнинг амалларидан ҳам мутлақо йироқ юради. "Мўминлар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутмаслар". (Оли Имрон сураси, 28-оят).
Натижада у ер юзидаги ботил ва осий кучлардан ғолиб келади. "Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг Пайғамбари ва таъзим-тавозе қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир". (Моида, 55-56-оятлар).
"Балки Аллоҳ сизларнинг Хожангиздир. Ва у энг яхши ёрдамчидир". (Оли Имрон сураси, 150-оят).

38. Ҳадис яна қуйидаги маъноларни ифодалайди:
а) Банда қилган амалига муносиб мукофотланади. Яъни, бировнинг оғирини енгил қилган бўлса, унинг ҳам оғири енгил қилинади. Кимнингдир ғам-ташвишини аритган бўлса, унинг ҳам ғам-ташвиши аритилади. Бировнинг айбини беркитса, унинг ҳам айби беркитилади ва ҳакозо...
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қайси бир мўмин оч биродарига таом едирса, Аллоҳ таоло унга Қиёмат куни жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унга Раҳиқул махтумдан ичиради. Қайси бир мўмин яланғоч биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло уни жаннатнинг кўм-кўк либосларидан кийинтиради". (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло раҳмдил бандаларига раҳм қилур!". (Муттафақун алайҳ).
б) Инсонларга яхшилик қилиш орқали Аллоҳ азза ва жалла муҳаббатига эришилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Бутун яралмиш Аллоҳнинг қарамоғидагилардир. Уларнинг Аллоҳга энг суюклиси Унинг қарамоғидагиларга кўпроқ фойдаси тегадиганидир". (Табароний ва бошқалар ривояти).
Одатда, улуғлар қўл остидагиларга марҳамат кўрсатишни хуш кўришади. Бировларнинг ғам-ташвишини аритиб, уларнинг оғирини енгил қилмоқ ҳам Аллоҳнинг махлуқларига яхшилик қилмоқдир. Демак, у Пок Парвардигор муҳаббатига бошлайди.
в) Ҳамиша ўзгалар ғамини еб, уларга қўлидан келганича ёрдам бериб юрадиган саховатли зотлар оқибати хайрли бўлади. Улар иймон ва Исломда туриб омонатларини топширадилар. Қиёмат куни Аллоҳ таоло фақат мусулмон бандасини ўз раҳматига олади. Кофирлар учун У кунда ҳеч қандай енгиллик, ёрдам ёки ғам-ташвишнинг ариши йўқдир!
г) Исломга душманлиги бўлмаган кишиларнинг ҳам оғирини енгил қилиш мумкин. Яхшилик барча-барча учун матлубдир. Яъни, ҳар қандай жонзотга яхшилик қилиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло ҳар бир нарса устига яхшиликни ёзиб қўйди». (Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни, ҳар бир жонга қилинган яхшиликда) ажр бор". (Муттафақун алайҳ).
д) Толиби илмлар амалларига риё сизиб киришидан эҳтиёт бўлсинлар. Чунки риё бошқа амалларга қараганда талаби илмда кўпроқ кўзга ташланади. Бинобарин, илм йўлидаги шунча ранж-алам беҳуда кетмаслиги учун ҳамиша холис ниятли бўлмоқ лозим.
е) Ҳар бир ишда Аллоҳ таолодан мадад ва енгиллик сўрайлик. Зеро, ҳидоят ҳам, тоат-ибодат ҳам бандасига Унинг изни билан муяссар бўлур. Акс ҳолда инсонга ҳеч нарса фойда бермайди.

ж) Қуръон тиловатига меҳр-муҳаббатли бўлайлик. Уни ўрганишга, маъноларини чуқур англашга ва аҳкомларига бўйсунишга имкон қадар тиришайлик. Ахир Қуръон фақат мотам ёки маросимларда ўқиладиган китоб эмас-ку?!
з) Тавба, истиғфор ва солиҳ амал фурсати ўтиб кетмасин. "Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғувчи мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз! У тақволи зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади". (Оли Имрон сураси, 132-134-оятлар).


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

Administrator

Latest from Administrator

Related items