ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС
Исломда танглик йўқ

39 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ تَجَاوَزَ لِي عَنْ أُمَّتِي: الْخَطَأَ، وَالنِّسْيَانَ، وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ". (حديث حسن رواه ابن ماجه والبيهقي وغيرهما).

39. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло мен учун умматимнинг билмасдан, унутиб ва мажбурланиб қилган ишларини кечди".
(Ибн Можа, Байҳақий ва бошқалар ривояти).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Имом Нававий “Арбаийн” шарҳида ёзадилар:
“Ушбу ҳадис шу қадар улкан маънолар ва муҳим нарсаларни ўзида мужассам этганки, агар улар саналадиган бўлса, бу китобга сиғмай қолади”.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар:
“Фиқҳ бобларида шу учала нарсанинг (яъни билмай қолиш, унутиш ва мажбурланиш) мавжудлиги боис, мазкур ҳадис жуда фойдалидир. Уни шариатнинг ярми деб аташ мумкин. Чунки инсон амали-ҳаракати маълум мақсад ва хоҳиш билан амалга оширилади ёки аксинча, билмасдан ва ихтиёрсиз суратда содир этилади. Иккинчи қисмга янглишиш, унутиш ва мажбурланиш киради. Ҳадис лафзидан ушбу иккинчи қисмга оид ишлар Аллоҳ томонидан кечирилгани тушунилса, ҳадиснинг мазмунидан «банда қасддан амалга оширган ишлари учун жавоб беради» деган маъно чиқади. Демак, мазкур ҳадис очиқ лафзи билан шариатнинг ярмини ифодаласа, мафҳуми билан, яъни, очиқ лафздан чиқариладиган мантиқий хулосаси билан тўлиқ шариат ҳисобланади”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳадиснинг умумий маъноси.
Шариат ман этган ишни билмасдан, унутиб ёки мажбурланиш туфайли қилиб қўйган ёки шу сабабдан Аллоҳ буйруқларидан бирини нотўғри бажарган мўмин дунёда қораланмайди, Охиратда ҳам жавобгарликка тортилмайди. Бу Аллоҳ таолонинг банда учун берган улкан фазл ва марҳаматидир.

2. Аллоҳ азза ва жалланинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига фазл кўрсатиб бу уммат устидан ҳараж-тангликни кўтариши.
Аллоҳ таоло ўзга умматларга бермаган енгилликни бизларга инъом этди. Бани Исроил Аллоҳнинг бирон буйруғини унутсалар ёки қайтарилган ишни билмасдан қилиб қўйсалар ҳам Аллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлганлар. Пок Парвардигор бизга қуйидаги дуони Ўзи ўргатди ва уни ижобат этди: “Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама!” (Бақара сураси 286-оят).
“Билмасдан қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз қасд қилган нарсадагина гуноҳкор бўлурсизлар. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир”. (Аҳзоб сураси 5-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига енгиллик бериб, одатда инсон қурби етмайдиган ёки унга оғир келадиган, машаққат ва танглик келтириб чиқарадиган амалларни ҳам улар зиммасидан соқит қилди. Чунки асҳоблар Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиллари орқали айтилган буйруғига бўйсуниб, шундай дедилар: “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни авф қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз”. (Бақара сураси 285-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги оят нозил бўлди: “Осмонлару ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир”.
Бу оят саҳобаларга оғир келиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида чўккалаб туриб дейишди:
- Ё Расулуллоҳ, биз намоз, рўза, жиҳод ва закот-садақа каби тоқатимиз етадиган амалларга буюрилган эдик. Энди сизга юқоридаги оят нозил этилди. Уни бажаришга бизнинг қурбимиз етмайди.
- Нима, сизлардан илгари ўтган аҳли китоблар айтгани каби “Эшитдик ва осий бўлдик”, демоқчимисизлар?! Аксинча, сизлар “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз” деб айтинглар.

- “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз” - такрорлашди саҳобалар.
Саҳобалар юқоридаги сўзни такрорлаб, тиллари унга келишгандан сўнг Аллоҳ таоло унинг изидан қуйидаги оятни нозил этди:
“Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Барчалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва Пайғамбарларига иймон келтириб, “Унинг Пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз” (деб айтишди). Ва “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз”, дедилар”.
Саҳобалар шундай қилишгач, Аллоҳ таоло юқоридаги оятни мансух этиб, Пайғамбарга қуйидагича ваҳий қилди:
“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Ҳар кимнинг қилган яхши амали ўзи учундир ва ёмон амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор этма!”
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло.
- “Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкингни юклама!”
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло.
- “Бизларни авф эт, бизни мағфират қил, бизга раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига ўзинг бизни ғолиб қил!” (Бақара сураси, 286-оят).
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло”. (Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос ривоятида эса “Ҳа” сўзининг ўрнида “(Шундай) қилдим!” сўзи нақл қилинган.

3. Адашган, унутган ёки мажбурланган банда барча ҳукмлардан эмас, фақат гуноҳдан фориғ этилган.
Мукаллаф банда шариатга хилоф хатти-ҳаракати учун қуйидаги ҳукмларнинг бирига тушади: қилган ишига жавоб бериб жазо олади; гуноҳкор бўлади; ёки ўтказиб юборган амалини адо этади, талофат етказган бўлса, кафолатини тўлайди ва ҳоказо.
Ҳадис лафзи мукаллаф устига тушадиган барча ҳукмларнинг кўтарилганига, яъни унинг жавоб бермаслигига умумий далилдир.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар:
“Демак, у фақат ҳукмдан ёки фақат гуноҳкорликдан ёки ҳар иккаласидан озод қилинади. Ҳақиқатга яқинроқ фикр ҳам шу. Чунки ҳадисни фақат биттасига (гуноҳкорлик ёки ҳукмга) тегишли деб кўрсатувчи бирон асос йўқ. Хуллас, ҳадис ҳар иккисини ҳам назарда тутган. Фақат иккинчисига хослаш учун эса далил керак”.
Бироқ билмасдан, унутиб ёки мажбур бўлиб шариатга номувофиқ иш қилган бандадан айни гуноҳига тааллуқли барча ҳукмлар олиб ташланмаслигига шаръий далиллар бор. Бинобарин, у фақат гуноҳкорлик юки ва Охират азобидан халос этилган, холос, дея оламиз. Албатта ҳар битта ҳукм ҳақида алоҳида гапирилиши керак. Қуйида шу хусусда батафсилроқ сўз юритамиз.
Алий Қори “Арбаийн” шарҳида ёзадилар:
“Маълумки, йўл қўйилган хатонинг ҳукми унинг гуноҳи ва ўрнини тўлдириш учун лозим бўлган нарсалардан умумийроқ. Чунончи, хато учун гуноҳкор бўлмаслик ҳақида юқоридаги ҳадисда баён этилган бўлса, айни хато ўрнини тўлдириш, ўнглаш эса қуйидаги оятдан олингандир:
“Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар улар кечиб юбормасалар, – хун тўлаши вожибдир”. (Нисо сураси 92-оят).
Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан фақат жиноятга қасддан қўл урган, шариатга хилоф юришни ихтиёрий равишда билиб туриб танлаган осий кимсаларни жазолашга қарор қилди.
Ибн Ҳажар ёзадилар: “Билмасдан, унутиб ёки мажбурланиб гуноҳга қўл урган кимсанинг афв этилиши ҳикмат ва ақл тақозосидир. Албатта Аллоҳ таоло уни азобласа ҳам адолат қилган бўларди. Бандаларга буйруқ ва қайтариқларни юклашдан мурод итоаткор билан осийни ажратиб олишдир. Токи, нажот топган ҳам, ҳалок бўлган ҳам ўзи учун аниқ ҳужжат ҳозирласин. Ҳар бир яхшилик ёки ёмонликка савоб-жазо бермоқ учун айни хатти-ҳаракат аниқ мақсад асосида қилинган бўлиши шарт. Юқоридаги уч ҳолатда эса мақсад деган нарса мутлақо йўқ. Билмасдан ёки унутиб бир ишга қўл урган кишида қилиш мақсади йўқлиги аниқ. Мажбурланган киши эса иш қуроли вазифасини ўтаган холос. Шу боис, аксарият усул олимлари улар қилган ишларига жавоб беришга мукаллаф эмаслар, дейишган”.

4. Китобу Суннатдан мисоллар.
Хато қилган ёки унутган банда гуноҳкор саналмаса-да, у айни хато амалга тааллуқли бошқа ҳукмлардан озод этилмайди. Биз бу ўринда Китобу Суннатдан мисоллар келтиришимиз мумкин.
а) Билмасдан бировни ўлдириб қўймоқ.
Овда ёки урушда билмасдан бир мусулмонни ёки омонлик берилган ғайридинни ўлдириб қўйган киши гуноҳкор бўлмайди. Бироқ у хун ва каффорат тўлашдан озод қилинмайди. “Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар кечиб юбормасалар – хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир”. (Нисо сураси, 92-оят).
б) Намозни вақтидан кечиктирмоқ. Ухлаб қолиб ёки унутиб намозни кечиктирган киши узрли бўлгани учун гуноҳкор саналмайди. Аммо уйғонган ёки эслаган пайтида намозини ўқиб олиши шарт.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким бир намозни унутиб қўйса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Унинг каффорати фақат шудир. “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо эт”. (Тоҳо сураси, 14-оят. Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Муслим ривоятларида “Ким намоздан ухлаб қолса ёки унутиб қўйса...” дейилган.
в) Мажбуран куфр калимасини айтмоқ.
Куфр калимасини айтишга мажбурланган киши имкон қадар очиқ куфр сўзини айтмасдан, мужмалроқ ибораларни ишлатсин. Агар айнан очиқ куфр лафзини айтишга мажбурланса, фақат тилидагина айтиб қўйсин. Бу сўзи қалбидаги иймон-эътиқодига заррача аралашмасин.
“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир”. (Наҳл сураси, 106-оят).
Агар куфр калимасини айтишга мажбур этилаётган мўмин Аллоҳ ҳузуридаги мукофотни умид қилиб, барча озорларга сабр қила олса, бу унинг учун энг афзал ва мукаррам йўлдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Чопилсангиз ҳам, куйдирилсангиз ҳам Аллоҳга ширк келтирмангиз!” (Ибн Можа ривоятлари).

5. Янглишмоқ ва унутмоқ ҳукмининг тафсилоти.
Мукаллафнинг билмасдан ёки унутиб айтган сўзи ёки қилган иши турлича бўлгани боис ҳукмлар ҳам бир-биридан фарқланади. Буни тўрт қисмга ажратиш мумкин.
Биринчи: Агар мукаллаф билмасдан ёки унутиб шариат буйруғини тарк қилса, мазкур буйруқ унинг зиммасидан соқит бўлмайди. Мукаллаф ўтказиб юборилган вожибнинг ўрнини тўлдириши шарт. Масалан, сиз бировни камбағал ҳисоблаб, унга закот бердингиз. Кейин унинг бой эканлигини билиб қолдингиз. Сизнинг берган закотингиз ўтмайди. Закот фақир, камбағал кишига берилиши шарт. Бойга берган пулингизни қайтариб олиш-олмаслик сизнинг ишингиз.
Энди унутишга мисол келтирамиз. Биров сафар анжомлари орасида суви борлигини унутиб, таяммум қилиб намоз ўқиди. Сўнг суви борлиги ёдига тушди. У таҳорат олиб, намозини қайтадан ўқийди.
Иккинчи: Зарар-талофат етказиш таркибига кирмайдиган бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши жавобгар бўлмайди. Масалан, ароқни сув деб ўйлаб ичиб қўйган кишига ҳад урилмайди ёки таъзирга тортилмайди. Эҳромга кирган киши унутиб хушбўй нарса сепса ёки тикилган либос кийса ҳам, ҳеч нима қилмайди. Яъни, унга каффорат ёки жазо-таъзир белгиланмайди.
Учинчи: Зарар-талофат таркибига кирувчи бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши каффоратини тўлашга мажбур. Ноҳақ тортиб олинган таомни унутиб ёки билмасдан еб қўйган киши унинг каффоратидан озод эмас. Шунингдек, эҳромдалигини унутиб ёки эҳромга тааллуқли аҳкомларни билмагани сабабли бирон ҳайвонни ўлдирган киши фидя бериши шарт. «Менинг хотиним эмас», деб ўйлаб бир аёлга талоқ сўзини айтса ва ҳалиги аёл ўзининг хотини бўлиб чиқса, аёли талоқ бўлади. Уйлангани ёдидан чиқиб «Хотиним талоқ», деб юборган кишининг ҳам аёли талоқ бўлади.
Тўртинчи: Жазо-уқубати белгиланган бир қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши учун унинг хатоси ёки унутганлиги жазони соқит қилувчи шубҳа деб ҳисоб қилинади. Дорулҳарбда (уруш ҳолатидаги жойда) кофир деб ўйлаб, бир мусулмонни ўлдириб қўйган киши хун тўламайди, ундан қасос ҳам олинмайди. Шунингдек, ўлдирилган одамнинг эгаси (отаси, ўғли, акаси...) қотилдан жазони талаб қилиш вазифасига ўз номидан бировни вакил қилиб тайинлаган бўлса ва қотилнинг қонидан кечса-ю, вакил унинг кечирилганини унутиб, ўлдириб қўйса, вакилдан қасос олинмайди, бироқ у хун тўлайди.

6. Унутувчи маъзур саналмайдиган ишлар.
Унутувчи унутган нарсасига ўзи сабабчи бўлса, масалан, тез-тез ёдига олиб турмаса ёки ёдига соладиган сабаблардан юз ўгирса, қилган ишига жавоб беради. Қуръонни ўқимай ташлаб қўйганлиги учун ёд олган оятларини унутган киши, кийимидаги нажосатни дарров ювиб ташламасдан охир-оқибат унутиб нажосат теккан кийим билан намоз ўқиган киши бунга мисол бўла олади. Улар қосирлик қилган ҳисобланиб, йўл қўйган хатоларини ўнглашлари шарт.

7. Унутиш хусусидаги фиқҳий фатволар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўяётганда Аллоҳ номини айтишни унутган киши ҳақида сўрашди. “Аллоҳ номи ҳар бир мусулмон оғзидадир, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Дориқутний ривоятлари).
Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаддан қилинган машҳур ривоятда “бисмиллаҳ”ни айтмоқ шарт, агар қасдан ташлаб кетилса, сўйилган ҳайвоннинг гўшти ейилмайди, дейилган. “Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир”. (Анъом сураси, 121-оят).
Сўювчи «Бисмиллаҳ»ни айтишни унутиб қўйган бўлса, барча мазҳаблар ҳукми бўйича сўйилган ҳайвонининг гўшти ейилади. Мавзумиз асоси бўлган ҳадиси шариф бунга далилдир.
Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеийлар наздида овланган ҳайвон ҳукми ҳам сўйилган жонлиқ ҳукми билан бир хил.
Имом Аҳмад айтадилар: “(Ит ёки лочин каби) овчи ҳайвонни ўлжага қўйиб юборишдан ёки ўқ узишдан олдин қасдан ёки билмасдан “Бисмиллаҳ”ни айтмаса, овни ейиш мумкин эмас”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Итингни қўйиб юбораётиб: “Бисмиллаҳ!” деган бўлсанг, овни еявер”. (Муттафақун алайҳ). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Камонинг билан овлаб, Аллоҳ номини зикр қилган овингни еявер”. (Муттафақун алайҳ).
Жонлиқ хусусида бу нарса вожиб эмас. Чунки жонлиқни доимо бўғзидан сўйилади. Шунинг учун бу ўринда “Бисмиллаҳ”ни айтмасликка узр топилиши мумкин. Аммо овни, одатда, бўғзидан сўйишнинг имкони бўлмайди. Шу боисдан овда “Бисмиллаҳ” борасида енгиллик берилмайди.
Ибн Қудома айтадилар: “Ов билан сўйиладиган жонлиқ ўртасида фарқ шуки, жонлиқни забҳ ўрнидан сўйилгани боис, “Бисмиллаҳ” масаласида қаттиқ турилмайди. Овда эса бундай эмас».
б) Намозда адашиб гапириб юбормоқ. Шофеий наздларида намозда адашиб гапириб юбориш ибодатни бузмайди. Уларнинг мазҳабларига кўра намозни бузадиган гап тақиқлангандир. Унутган одамнинг гапи бу тақиқ остига кирмайди.
Ҳанафийлар айтадилар: “Намоз ботил бўлади. Чунки гапириш қай суратда бўлмасин, намозни ботил қилгани учун, ундан қайтарилган. Ушбу ўринда адашиб гапириб юборган билан атайлаб гапирган киши ўртасида фарқ йўқ. Рўзадор эканини унутиб, овқат еб қўйган киши ҳақида аниқ далил келгани бўлгани боис, буни истисно қилинган.
Ҳанафийлар намозда гапиришдан қайтарилган ҳадислар илгариги ҳужжатларни насх қилади, деб ҳисоблайдилар.

8. Қасамдаги хато ва унутиш
Савол: Агар киши бир нарсани қилмайман, деб қасам ичиб, сўнг унутиб ёки билмасдан (яъни, шу ишининг қасамига дахлдорлигини тушунмай) ўша ишга қўл урса, қасамини бузган ҳисобланадими?
Жавоб: Имом Шофеий наздида кишининг қасами, ҳатто талоқ ёки қул озод қилишга тегишли бўлса ҳам, бу билан бузилмайди, қасами ўз ўрнида туради. Чунки ундан содир бўлган хато-унутишнинг қасамига алоқаси йўқ. Акс ҳолда қасами бузилган бўлар эди. Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда ҳам шундай дейилган.
Имом Молик айтадилар: “Ҳар қандай ҳолатда ҳам қасами бузилади. Чунки хато ва унутишнинг фақат гуноҳи кўтарилган. Уларнинг ўзи ва тааллуқли ҳукмлари эса собитдир”.
Имом Аҳмаддан қилинган машҳур ривоятда талоқ ва қул озод қилиш билан бошқа масалалар ўртаси ажратилган: Агар унутган ёки хато қилган кишининг қасами талоқ ва қул озод қилиш хусусида бўлмаса, бузилмайди. Талоқ ва қул озод қилишда бузилади. У унутган ҳолида аёли билан яшаётган бўлса, гуноҳкор эмас. Бироқ эслаган заҳоти ундан ажралиши шарт. Имом Аҳмад қуйидаги асосга биноан талоқ билан қул озод қилишни бошқа масалалардан ажратганлар:
- Талоқ ҳам, қул озод қилиш ҳам шартга боғлиқ қилинган. Шарт топилиши билан мақсаднинг бор-йўқлигидан қатъиназар у амалга ошади. Масалан, биров хотинига қуёш чиқса талоқсан, деса, қуёш чиқиши билан талоқ бўлади.

9. Мажбурланган кишига тегишли ҳукмлар
Мажбурланган кишининг хатти-ҳаракатига тааллуқли бўлган ҳукмлар мажбурланиш даражаси ва ундан талаб қилинаётган иш табиатига қараб турлича бўлади.
а) Баъзан мажбурланган кишида ҳеч қандай имконият, ихтиёр бўлмайди. Масалан, “Мана шу ерга сира кирмайман” деб қасам ичган кишини ушлаб, қўл оёғини боғлаб ўша жойга олиб кирилса, албатта у гуноҳкор бўлмайди. Жумҳур олимлар наздида у қасамини бузган ҳам ҳисобланмайди.
б) Мажбурланаётган киши бош тортиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу ҳолатда унинг хатти-ҳаракатига жавобгарлик тааллуқли бўлади. Масалан, бировни уриб-тепиб бир ишга мажбурлашди. Агар унинг шу ишни қилмасликка имконияти бор бўла туриб, бош тортмаган бўлса, у ихтиёрли ҳисобланади. Лекин мақсад ишнинг ўзи эмас, балки зарарни даф қилиш ҳамдир. Демак, у бир эътибор билан ихтиёрли саналса, бошқа бир эътибор билан ихтиёрсиз. Шу боис унинг мукаллафлиги хусусида ихтилоф бор.

10. Мажбурланишга оид фиқҳий масалалар

а) Бировни ноҳақ ўлдиришга ёки зино қилишга мажбурланиш.
Бир жонни ноҳақ ўлдириш ва зино қилиш барча Пайғамбарлар шариатида ҳаром қилинган гуноҳи кабирадир. Шу боис, ҳатто мажбурланган ҳолатда ҳам бу гуноҳларга рухсат берилмайди. Яъни, киши бир жонни ноҳақ ўлдиришдан ёки зино қилишдан бош тортгани учун ўлдирилса, ажр-савоб олади. Шу икки ишдан бирини мажбурлангани боис қилган кишининг ҳукмлари мажбурланиш даражасига қараб турлича бўлади.
• Зинога мажбурланиш.
Жумҳур олимлар фатвосига биноан зинога мажбурланган аёл шаръий жазога тортилмайди. Агар зўрловчи қаршисида мутлақо ожиз бўлган бўлса, гуноҳкор ҳам дейилмайди. Бош тортиш имконияти мавжуд бўлса, гуноҳкордир. Уламолар бу сўзга биз ўрганаётган ҳадисни ва яна бошқа ривоятларни далил сифатида келтиришган.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бир аёл зўрланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зўрланган аёлга ҳад-жазо белгиламадилар”. (Асрам ривоятлари).
“Умар разияллоҳу анҳу чўри аёлни зўрлаган қулларни дарраладилар. Чўриларга эса жазо бермадилар”.
Чунки мажбурлаш шубҳа саналади. Шубҳа эса шаръий жазони зиммадан соқит қилади.
Аксарият аҳли илм наздида зинога мажбурланган эркакнинг ҳукми зўрланган аёл ҳукми билан бир хил. Тўғри сўз ҳам шудир.
Ҳанбалийларнинг кўпчилиги ва ҳанафийлардан Муҳаммад ибн Ҳасан зинога мажбурланган эркакка ҳад жорий қилинади, дейишган. Уларнинг сўзи қуйидагича:
“Киши ўзини қўйиб юборсагина, аёл билан қовушади ва бу мажбурланишга тўғри келмайди. Яъни, ўзини қўйиб юбориш бор жойда мажбурланиш бўлмайди. Демак, ҳад белгиланиши лозим”.
Абу Ҳанифа айтадилар: “Агар зинога ҳоким мажбурласа, мажбурланган кишига ҳад белгиланмайди. Бошқа биров томонидан мажбур қилинса, ҳад тайин этилади”.

• Бировни ноҳақ ўлдиришга мажбурланиш.
Мўътабар олимлар билиттифоқ айтадилар: “Бир маъсум жонни ўлдирмоқ сира мумкин эмас. Агар мажбурланган киши ўзини қутқариш учун бировни ноҳақ ўлдирса, гуноҳкор бўлади. У омон қолиш учун ўз ихтиёри билан бир жонни ноҳақ ўлдирган ҳисобланади”.
Бировни ўлим билан қўрқитиш ёки ўлим хавфи бор даражада мажбурлаш ва бошқа шартлар билан боғлиқ масалалар фиқҳ китобларида батафсил ёзилган.
Хўш, мажбурланган ҳолатда бировни ўлдирса, ундан қасос олинадими?
Молик, Аҳмад ва Шофеийнинг сўзларига биноан мажбурловчидан ҳам, мажбурланувчидан ҳам қатлда иштирок этганлари учун қасос олинади. Мажбурловчи восита орқали, мажбурланувчи бевосита қотилликда шерикдирлар. Абу Ҳанифа наздларида қасос иш қуроли вазифасини ўтаган мажбурланувчидан эмас, фақат мажбурловчидан олинади. Шофеийларда ҳам шундай қавл бор.
Айрим Шофеийлар ва ҳанафийлардан Зуфар сўзларига кўра қотилликни бевосита амалга оширгани учун қасосни фақат мажбурланувчидан олинади. Чунки у иш қуроли эмас ва у билиттифоқ гуноҳ ишни қилди.

б) Зино ва қотилликдан бошқа ҳаром ишларга мажбурланиш.
Масалан, ароқ ичишга, ўғрилик қилишга....
Аксарият фақиҳлар бундай гуноҳларга мажбурланган киши ўша ишни қилиши жоиз бўлади, дейдилар. Аммо бу бировнинг молига талофат етказадиган иш бўлса, уни тўлаб бериш мажбурланувчининг зиммасига тушади ва у айни тўловни ўзини шу ишга мажбурлаган кишидан талаб қилади. Бу каби масалаларда мажбурланувчи гуноҳкор бўлмайди ва жазога ҳам тортилмайди.
Айрим моликийлар ва Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда бунга рухсат берилмаган. Яъни, мажбурланувчи ўғрилик, ароқ ичиш каби жазо белгиланган ишларни қилса, унга ҳад урилади. Агар бировнинг молига зарар етказган бўлса, зарарни тўлаш мажбурловчи ва мажбурланган кишининг зиммасига тушади.

в) Ҳаром сўзни гапиришга мажбурланиш.
Аксар уламолар – Молик, Шофеий ва Аҳмад бу ҳолатда барча сўзларга рухсат беришган. Чинакам мажбурланган киши золим талаб қилаётган ҳаром сўзни айтиб, ўзини қутқарса, гуноҳкор дейилмайди. Унинг оғзидан чиққан сўз оддий лағв – бекорчи бир гап ҳисобланиб, ҳеч қандай шаръий жазога тортилмайди.
Чунки Аллоҳ таоло мажбурлангани учун куфр калимасини айтган бандадан гуноҳни соқит қилди. “Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унда гуноҳ йўқдир)”. (Наҳл сураси 106-оят).
Куфрга тааллуқли бир талай ҳукмлар бўлиб, уларнинг энг каттаси гуноҳ эди. Модомики, гуноҳ соқит қилинар экан, унга боғлиқ бошқа ҳукмлар ҳам соқит қилинади. Чунки энг катта ҳукм кетгач, кичкина ҳукмлар ўз-ўзидан кетиши керак. Мажбурланган киши ўзи хоҳламасдан куфр калимасини айтаяпти. У бу сўзига Охиратда жавоб бермаганидек, дунёда ҳам жавобгарликка тортилмайди.
Ушбу масалада куфрдан бошқа сўзлар ўртасида ҳам ҳеч қандай фарқ йўқ. Яъни, айни ҳукм савдо-сотиқ, никоҳ каби аҳдларда ҳам, талоқ, қайтариб олиш каби ажримларда ҳам, қасаму назрларда ҳам жорийдир. Барчасига биз ўрганаётган ўттиз тўққизинчи ҳадис билан бирга қуйидаги ҳадисни далил келтирилган:
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажбурланган ҳолатда талоқ ҳам, қул озод қилиш ҳам йўқ». (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳанифа ўртадаги битимни бузиш мумкин бўлган ва томонларга ихтиёр бериладиган ишларга мажбурланиш билан бошқа масалаларга мажбурланиш ўртасида фарқлаш лозим деганлар. Яъни, савдо-сотиқ каби ишларда мажбурлаш эътиборга олинади ва мажбурланган киши айтган сўзига жавоб бермайди. Никоҳ, талоқ, қасам ва назр каби қайтиб олиш-бузишни қабул қилмайдиган масалаларда эса мажбурлаш эътиборга олинмайди. Мажбурланган кишининг айтган сўзи амалга ошади.

11. Мажбурланувчининг мажбурланиб қилаётган ишига розилиги
Агар мажбурланувчининг ўзида айни ишга розилик ва шу ишни қилишга рағбат аломатлари сезилса, у тарафдан имзоланган аҳд-шартнома ва бошқа хат-ҳужжатлар дуруст саналади. Бунда унинг мажбурланганлиги инобатга олинмайди. Чунки у қилган ноъмақул ишини ичида ўзи ҳам хоҳлаб турганди.

12. Ҳаққа мажбурлаш
Агар мукаллаф айтиши ёки қилиши унинг бурчи бўлган сўз ёки амалга мажбурланса, мажбурланган сўз ва амалда туришга уни мажбур қилинади ва у шунга тааллуқли ҳукмларга бўйсуниши шарт:
- Агар бир душман аскари Исломга мажбурланса ва тили билан динни қабул қилса, унинг Исломи дуруст дейилади.
- Аёлига яқинлашмасликка қасам ичган киши тўрт ой ўтса ҳам сўзидан қайтмаса ва талоқ қилишдан бош тортса, қози уни талоқ айтишга мажбурлайди. Ушбу талоқ ҳукми ўтади.
- «Қарзимни тўламайман» деб қасам ичган кимсани ҳоким қарзини тўлашга мажбур қилса, албатта қасамини бузиб, қарзини тўлайди. Аммо қасамини бузгани учун каффорат тўлайди.
- Агар ҳоким қарз берган кишини қарзларини узиш учун мол-давлатининг бир қисмини сотишга мажбурласа, ўртадаги савдо дуруст бўлади.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.