ҚИРҚИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ҚИРҚИНЧИ ҲАДИС
Фурсатни ғанимат билинг

40 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَخَذَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمَنْكِبَيَّ فَقَالَ: "كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ، أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ".
وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا يَقُولُ: إِذَا أَمْسَيْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الْمَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ، وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوْتِكَ. (رواه البخاري).

40. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки елкамдан тутиб дедилар: “Дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин”.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтардилар: “Кун ботса, тонгни кутма. Тонг кирса, кеч бўлишини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил”.

(Бухорий ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ушбу ҳадиси шариф ўзида улкан хайр ва етук мавъизаларни жамлаган қадри улуғ, фойдаси мўл ҳадисдир. Дунёга берилмаслик бобида уни асос қилиб олмоқ лозим. Мўмин киши ҳеч қачон бу фоний дунёни ўзига боқий ватан деб билиб, Охират ҳаракатидан тўхтаб қолмайди. У дунёда бир ғариб мусофирдек яшайди. Ҳамма нарсасини бот-бот кўздан кечириб, ваъда қилинган Кун сафарига ҳозирланади. Зеро, Қиёматда кишига на моли ва на фарзандлари фойда бера олади. У кун фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келганларгина нажот топади.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Мураббий пайғамбар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари учун беназир муаллим ва мураббий эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим-тарбияларида мураббий ва муаллимлар учун қўлланма вазифасини ўтайдиган мисоллар талайгина. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим тарбия бериш фурсатини қўлдан чиқармас эдилар. Асҳобларига айтмоқчи бўлган сўзларини чиройли ва содда баён қилардилар. Маъноларни мисоллар орқали улар кўз ўнгида яққол гавдалантирардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вақти-вақти билан асҳобларига мавъизалар қилиб турардилар. Уларга ўзлари энг муҳтож бўлган нарсалари ҳақида ва ақл-идрокларига муносиб тарзда гапирардилар. Уларнинг тўғри амалларини кўрсалар тасдиқлаб, хатоларини сезсалар тўғрилар эдилар. Ушбу дарсларнинг барчаси сабр, такрор ва гўзал намуна орқали уқтириларди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмоқчи бўлган сўзларининг муҳимлигини таъкидлаб ва айни ҳикматнинг суҳбатдошлари қалбига кириб ўрнашишини истаётганликларини унга ҳис қилдириб, қуйидагича иш кўрдилар: Абдуллоҳ ибн Умарнинг елкаларидан тутиб сўз бошладилар.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур набавий таълимга алоҳида эътибор қаратдилар:
“Бу ерда муаллим ёки воиз таълим чоғида тингловчисининг айрим аъзоларидан ушлаб гапиришининг жоизлигига далил бордир. Бунга Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ривоятини ҳам мисол келтириш мумкин.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кафтимни кафтлари орасига олиб, менга ташаҳҳудни ўргатдилар”.
Муаллимнинг бундай йўл тутиши шогирднинг кўнгилга илиқлик олиб кириш, диққатини тортиш ва таълимни эсида қолдириш учун хизмат қилади. Зеро бундай тарзда берилган таълим одатда ёддан чиқиб кетмайди. Албатта, айни хатти-ҳаракат ваъз қилувчининг муҳаббатини ҳам ифодалайди. Демак, юқоридаги ривоятлардан хулоса чиқариб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъудни яхши кўрганлар”. (“Фатҳул мубийн ли шарҳил арбаийн” китобидан, 276-бет).

2. Дунё фоний, Охират эса боқийдир.
Инсон бу дунёда Аллоҳ таоло белгилаган муҳлат миқдорича яшаб, сўнг бир кун ўлим таъмини тотади.
“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир”. (Оли Имрон, 185-оят). “Шак-шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар”. (Зумар сураси, 30-оят).
Банда қачон ва қаерда жон беришини ҳам билмайди. “Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас”. (Луқмон сураси, 34-оят).
Биз қанчалик узоқ яшамайлик, барибир бир кун бу дунёни ташлаб кетамиз. Айни ҳақиқатни ҳар куни кўриб, ҳар соат ҳис қилиб турамиз. Сўнг боқий, ниҳоясиз, мангу ҳаётга – Охират ҳаётига кўчиб ўтамиз. Аввал Аллоҳ таоло бутун инсониятни тирилтириб, Уларни амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Инсонларни тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган, кенглиги осмонлару ер қадар бўлган боқий жаннат ёки кофирларга тайёрлаб қўйилган, ўтини одамлару тошлар бўлган жаҳаннам кутади. Кофирлар дўзах ўтидан қочиб қутила олмаслар.
Мана шу ҳаёти дунё билан алданган, бор-йўғини ўткинчи кунларга бағишлаб, Охиратни унутганлардан фарқли равишда оқил мўмин Охиратда ҳосилини йиғиб олиш учун ҳаёти давомида яхши амаллар уруғини сочади. У жаҳаннам чоҳи устига тортилган нажот йўлидан эсон-омон ўтиб олиш учун дунёни тўғри восита қилади.
Барча Пайғамбарлар ва уларнинг издошлари юқоридаги ҳақиқатни такрор-такрор васият қилганлар. Фиръавн қавми орасида иймонини яшириб юрган мўмин сўзига қулоқ беринг-а: “Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир матодир. Албатта Охиратгина қароргоҳ бўлган диёрдир”. (Ғофир сураси, 39-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мен билан дунё ўртасида нима бўлиши мумкин?! Мен билан дунёнинг мисоли дарахт соясида ухлаб олиб, сўнг уни тарк қилиб жўнаган отлиққа ўхшайди”. (Термизий ривоятлари).

3. Дунё Охират учун кўприкдир.
Дунёда ўзини бир мусофирдек тутган мўмин унинг ноз-неъматларига алданиб, арзимас матоларига боғланиб, йўлидан қолиб кетмайди. Бу нарсалар билан машғул бўлиб қолишни ўзига нолойиқ деб билади. Чунки, мўмин назарида дунё бир қўниб ўтиладиган қўналғадир.
“Бу ҳаёти дунё алдамчи матодир”. (Оли Имрон, 185-оят).
Мўмин ўзининг бу дунёга бегона эканлигини, бамисоли ватанидан, аҳли оиласидан йироқ бир ғариб мақомида туриши лозимлигини бирон лаҳза унутмайди. У ҳамиша ўзининг асл ватанига, аҳли оиласи, ёр-дўстлари қучоғига ошиқади. Бу фироқ қанчалик чўзилмасин, у бегона диёрга кўникиб кетолмайди. Шу боис, ҳаёти дунёда ҳовли-жой, кўрпа-тўшак ғамини емайди. Балки борига қаноат қилиб, имкон қадар ўзининг асл диёри учун арзирли ҳадялар ҳозирлайди. Чунки унинг ёр-дўстлари ҳам, мангу қарор топадиган суюкли манзили ҳам ўша ерда. Охират ҳовлисига қиёсланганда бир неча лаҳзалик қадр-қиймати қоладиган бу дунёдан чин мўмин шу тариқа кўнгил узади. “Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарсадир”. (Тавба сураси, 38-оят)
“Албатта Охират (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир”. (Ғофир сураси, 39-оят)
Ҳасан Басрий айтадилар:
“Мўмин бир мусофир кабидир. У дунёда хорликдан сиқилмайди ва дунё азизлигини талашмайди. Зеро, мўминнинг ғами бошқа, одамлар ғами бошқа”.
Ибн Ражаб айтадилар: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, уни жуфти билан жаннатда яшаттирди. Сўнг икковлари жаннатдан туширилдилар. Аммо уларнинг ўзларига ҳам, солиҳ зурриётларига ҳам яна жаннатга қайтарилажаклари тўғрисида ваъда берилди. Шу сабабдан мўмин ҳамиша ўзининг асл ватанини қўмсайди. Зеро, ватанни севмоқ иймондандир”.
Мўмин бу дунёда ғарибнинг ўзга юртдаги ҳаёт кечиришидан ҳам камроқ яшаб, камроқ қарор топади. Баъзан мусофир бегона юртни ёқтириб, ўша ерда уй-жой қилиб, қолиб кетиши мумкин. Бироқ мўминда дунёга нисбатан бу ҳол юз бермайди. У бир йўловчидек йўл бўйидаги лаш лушлар ёнидан вазмин ҳолда ўтиб боради. Қалби мудом асл ватани томон ошиқади. Қанчалик кўп йўл босса, шунчалик қувонади. Уни йўлдан озгина ушлаб қолган нарса ҳам оғринтиради. Мусофир сафарда уй-жой қилишга, ошна-оғайни орттиришга тиришмайди. Унинг учун манзилига етиб олишга кўмаклашадиган, йўл узоқлигини билинтирмайдиган чин дўстлар кифоя. Мўмин Охиратда Аллоҳ розилигига эришишдек улуғ орзусини рўёбга чиқаришга зарур бўладиган миқдордаги дунё матоларига эътибор беради.
“У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир”. (Мулк сураси, 2-оят).
Мўмин дўст танлашда ўзининг нажот соҳилига етиб олишига ёрдам берадиган, мудом тўғри йўлга бошлаб турадиган солиҳ инсонларни қидиради.
“У кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстлардир)”. (Зухруф сураси, 67-оят).
Саҳрода ёлғиз қолган йўловчи қароқчи ва йўлтўсарларлардан эҳтиёткор бўлганидек, мўмин ҳам Аллоҳ азза ва жалладан ва Унинг тоат-ибодатидан узоқлаштирувчи кимсалардан ўзини эҳтиёт қилади.
“У кунда бу золим қўлларини тишлаб дер: “Э, қанийди, мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди. Ўлим бўлсин менга, қанийди, мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга эслатма - Қуръон келганидан сўнг, ўша мени йўлдан оздирди”. Шайтон (ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир”. (Фурқон сураси, 27-29-оятлар).
Мўмин ҳам мусофир каби Охират учун йўл озиғини ғамлайди. “Озуқани ғамланг! Энг яхши озуқа тақводир. Мендан қўрқингиз, эй ақл эгалари!” (Бақара сураси, 197-оят).

4. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу насиҳатлари.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳатларини жон қулоқлари билан тинглаб, дилларига жо қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу оқил шогирдлари вақти келиб ҳидоят ва нур манбаига айландилар. Энди у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини одамларга етказар эканлар, уларни дунёга кўнгил бермасликка, камсуқум зоҳид бўлишга чақирдилар: Дунёга кўнгил бермаган чин мўмин сифатида ҳамиша ажални ҳозир кўринг. Кун ботса, тонггача яшашни, тонг отса, кечгача тирик бўлишни умид қилманг.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: Кексаликдан олдин ёшлигингни, касал бўлмасингдан аввал соғлигингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлимингдан аввал ҳаётингни!” (Ҳоким ривоятлари).

5. Мусулмон имкон қадар тоат-ибодат ва бошқа хайрли амалларни кўпроқ қилишга шошилади.
Ўзининг улуғ орзусига етмоқ учун сусткашлик ҳам, дангасалик ҳам қилмайди. Чунки у ажали қачон келишини билмайди.

6. Мўмин ҳар битта қулай фурсатни ғанимат билиб, Охирати ғамини емоғи лозим.

7. Ҳадисда зоҳид бўлишга тарғиб қилинди.
Бунинг маъноси дунё ишларини бутунлай ташлаб қўйиб, ҳаракатсиз, беамал ўтириш дегани эмас, албатта. Бу ерда дунёнинг ўзига боғланиб қолмасликка, унга берилган ҳолда Охиратни унутиб қўймасликка чақирилаяпти холос.

8. Мўминнинг вазифаси иложи борича хайрли амалларни кўпайтирмоқдир.
Доим Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, хавфсираб туриши эса уни янада кўпроқ амалга чорлайди. Унинг ҳақиқий мусофирга ўхшаши ҳам шундадир. Зеро, мусофир киши сафари давомида мудом сергак туради, кўзлаган манзилига етолмай йўл ярмида тўхтаб қолишдан ҳазир бўлади.

9. Ёмон ҳамроҳлардан узоқлашиш лозим.
Улар худди йўлдаги қароқчилар каби мўминни асл мақсади сари юришдан чалғитадилар. Натижада унинг кўзлаган манзилига етишига тўсқинлик қиладилар.

10. Нафсни тийиш, фойдали амалларни ҳосил қилиш учун дунёвий амал вожибдир.
Мўмин буларнинг барчасидан Аллоҳ таоло ҳузуридаги ажр-савобга эришиш йўлида фойдаланади.

11. Ушбу ҳадис бизни мўътадилликка чорлайди.
Дунё тупроғига ёпиша бошлаганимизда, Охират ғамидан узоқлашиб, ғафлатимиз ошиб кетаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари бизни ўзлигимизга чақиради, дунё ва Охират учун амал қилишда мўътадил ва мувозанатли бўлишга чорлайди.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

Ушбу бўлимдаги ҳадислар: « ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.