Administrator

12 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم لَمَّا بَعَثَ مُعَاذًا إِلَى الْيَمَنِ، قَالَ: «إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ، فَلْيَكُنْ أَوَّلَ مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَةُ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، فَإِذَا عَرَفُوا اللهَ، فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِي يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ، فَإِذَا فَعَلُوا، فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ زَكَاةً تُؤْخَذُ مِنْ أَغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ، فَإِذَا أَطَاعُوا بِهَا، فَخُذْ مِنْهُمْ، وَتَوَقَّ كَرَائِمَ أَمْوَالِهِمْ».

 

[خ 1395، م 19، ت 625، س 2435، د 1584، جه 1783].

 

  1. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юбораётиб, шундай дедилар: «Сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига боряпсан. Уларни даставвал даъват қиладиган нарсанг Аллоҳ азза ва жалланинг ибодати бўлсин. Улар Аллоҳни танигач, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш маҳал намозни фарз қилганини хабар қил. Буни адо этишса, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, фақирларга бериладиган закотни фарз қилганини хабар қил. Агар бунга итоат қилишса, улардан (закот) ол, бироқ энг яхши мол-мулки(ни олиш)дан сақлан».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

11 – عن أَبِي هُرَيْرَةَ: أَنَّ نَاسًا قَالُوا لِرَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم: يَا رَسُولَ اللهِ، هَلْ نَرَى رَبَّنَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «هَلْ تُضَارُّونَ فِي رُؤْيَةِ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ؟» قَالُوا: لَا، يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «هَلْ تُضَارُّونَ فِي الشَّمْسِ لَيْسَ دُونَهَا سَحَابٌ؟» قَالُوا: لَا يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «فَإِنَّكُمْ تَرَوْنَهُ كَذَلِكَ، يَجْمَعُ اللهُ النَّاسَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَيَقُولُ: مَنْ كَانَ يَعْبُدُ شَيْئًا فَلْيَتَّبِعْهُ، فَيَتَّبِعُ مَنْ كَانَ يَعْبُدُ الشَّمْسَ الشَّمْسَ، وَيَتَّبِعُ مَنْ كَانَ يَعْبُدُ الْقَمَرَ الْقَمَرَ، وَيَتَّبِعُ مَنْ كَانَ يَعْبُدُ الطَّوَاغِيتَ الطَّوَاغِيتَ، وَتَبْقَى هَذِهِ الْأُمَّةُ فِيهَا مُنَافِقُوهَا، فَيَأْتِيهِمُ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى فِي صُورَةٍ غَيْرِ صُورَتِهِ الَّتِي يَعْرِفُونَ، فَيَقُولُ: أَنَا رَبُّكُمْ، فَيَقُولُونَ: نَعُوذُ بِاللهِ مِنْكَ، هَذَا مَكَانُنَا حَتَّى يَأْتِيَنَا رَبُّنَا، فَإِذَا جَاءَ رَبُّنَا عَرَفْنَاهُ، فَيَأْتِيهِمُ اللهُ تَعَالَى فِي صُورَتِهِ الَّتِي يَعْرِفُونَ، فَيَقُولُ: أَنَا رَبُّكُمْ، فَيَقُولُونَ: أَنْتَ رَبُّنَا، فَيَتَّبِعُونَهُ، وَيُضْرَبُ الصِّرَاطُ بَيْنَ ظَهْرَيْ جَهَنَّمَ، فَأَكُونُ أَنَا وَأُمَّتِي أَوَّلَ مَنْ يُجِيزُ، وَلَا يَتَكَلَّمُ يَوْمَئِذٍ إِلَّا الرُّسُلُ، وَدَعْوَى الرُّسُلِ يَوْمَئِذٍ: اللَّهُمَّ سَلِّمْ، سَلِّمْ، وَفِي جَهَنَّمَ كَلَالِيبُ مِثْلُ شَوْكِ السَّعْدَانِ، هَلْ رَأَيْتُمُ السَّعْدَانَ؟» قَالُوا: نَعَمْ، يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «فَإِنَّهَا مِثْلُ شَوْكِ السَّعْدَانِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَعْلَمُ مَا قَدْرُ عِظَمِهَا إِلَّا اللهُ، تَخْطَفُ النَّاسَ بِأَعْمَالِهِمْ، فَمِنْهُمُ الْمُؤْمِنُ بَقِيَ بِعَمَلِهِ، وَمِنْهُمُ الْمُجَازَى حَتَّى يُنَجَّى، حَتَّى إِذَا فَرَغَ اللهُ مِنَ الْقَضَاءِ بَيْنَ الْعِبَادِ، وَأَرَادَ أَنْ يُخْرِجَ بِرَحْمَتِهِ مَنْ أَرَادَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ، أَمَرَ الْمَلَائِكَةَ أَنْ يُخْرِجُوا مِنَ النَّارِ مَنْ كَانَ لَا يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا، مِمَّنْ أَرَادَ اللهُ تَعَالَى أَنْ يَرْحَمَهُ، مِمَّنْ يَقُولُ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، فَيَعْرِفُونَهُمْ فِي النَّارِ، يَعْرِفُونَهُمْ بِأَثَرِ السُّجُودِ، تَأْكُلُ النَّارُ مِنِ ابْنِ آدَمَ إِلَّا أَثَرَ السُّجُودِ، حَرَّمَ اللهُ عَلَى النَّارِ أَنْ تَأْكُلَ أَثَرَ السُّجُودِ، فَيُخْرَجُونَ مِنَ النَّارِ وَقَدِ امْتَحَشُوا، فَيُصَبُّ عَلَيْهِمْ مَاءُ الْحَيَاةِ، فَيَنْبُتُونَ مِنْهُ كَمَا تَنْبُتُ الْحِبَّةُ فِي حَمِيلِ السَّيْلِ، ثُمَّ يَفْرُغُ اللهُ تَعَالَى مِنَ الْقَضَاءِ بَيْنَ الْعِبَادِ، وَيَبْقَى رَجُلٌ مُقْبِلٌ بِوَجْهِهِ عَلَى النَّارِ، وَهُوَ آخِرُ أَهْلِ الْجَنَّةِ دُخُولًا الْجَنَّةَ، فَيَقُولُ: أَيْ رَبِّ، اصْرِفْ وَجْهِي عَنِ النَّارِ، فَإِنَّهُ قَدْ قَشَبَنِي رِيحُهَا وَأَحْرَقَنِي ذَكَاؤُهَا، فَيَدْعُو اللهَ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَدْعُوَهُ، ثُمَّ يَقُولُ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: هَلْ عَسَيْتَ إِنْ فَعَلْتُ ذَلِكَ بِكَ أَنْ تَسْأَلَ غَيْرَهُ؟ فَيَقُولُ: لَا أَسْأَلُكَ غَيْرَهُ، وَيُعْطِي رَبَّهُ مِنْ عُهُودٍ وَمَوَاثِيقَ مَا شَاءَ اللهُ، فَيَصْرِفُ اللهُ وَجْهَهُ عَنِ النَّارِ.

فَإِذَا أَقْبَلَ عَلَى الْجَنَّةِ وَرَآهَا سَكَتَ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَسْكُتَ، ثُمَّ يَقُولُ: أَيْ رَبِّ، قَدِّمْنِي إِلَى بَابِ الْجَنَّةِ، فَيَقُولُ اللهُ لَهُ: أَلَيْسَ قَدْ أَعْطَيْتَ عُهُودَكَ وَمَوَاثِيقَكَ لَا تَسْأَلُنِي غَيْرَ الَّذِي أَعْطَيْتُكَ، وَيْلَكَ يَا ابْنَ آدَمَ، مَا أَغْدَرَكَ! فَيَقُولُ: أَيْ رَبِّ، وَيَدْعُو اللهَ حَتَّى يَقُولَ لَهُ: فَهَلْ عَسَيْتَ إِنْ أَعْطَيْتُكَ ذَلِكَ أَنْ تَسْأَلَ غَيْرَهُ؟ فَيَقُولُ: لَا، وَعِزَّتِكَ! فَيُعْطِي رَبَّهُ مَا شَاءَ اللهُ مِنْ عُهُودٍ وَمَوَاثِيقَ، فَيُقَدِّمُهُ إِلَى بَابِ الْجَنَّةِ.

فَإِذَا قَامَ عَلَى بَابِ الْجَنَّةِ انْفَهَقَتْ لَهُ الْجَنَّةُ، فَرَأَى مَا فِيهَا مِنَ الْخَيْرِ وَالسُّرُورِ، فَيَسْكُتُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَسْكُتَ، ثُمَّ يَقُولُ: أَيْ رَبِّ، أَدْخِلْنِي الْجَنَّةَ، فَيَقُولُ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى لَهُ: أَلَيْسَ قَدْ أَعْطَيْتَ عُهُودَكَ وَمَوَاثِيقَكَ أَنْ لَا تَسْأَلَ غَيْرَ مَا أُعْطِيتَ، وَيْلَكَ يَا ابْنَ آدَمَ، مَا أَغْدَرَكَ! فَيَقُولُ: أَيْ رَبِّ، لَا أَكُونُ أَشْقَى خَلْقِكَ، فَلَا يَزَالُ يَدْعُو اللهَ حَتَّى يَضْحَكَ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى مِنْهُ، فَإِذَا ضَحِكَ اللهُ مِنْهُ، قَالَ: ادْخُلِ الْجَنَّةَ، فَإِذَا دَخَلَهَا، قَالَ اللهُ لَهُ: تَمَنَّهْ، فَيَسْأَلُ رَبَّهُ وَيَتَمَنَّى، حَتَّى إِنَّ اللهَ لَيُذَكِّرُهُ مِنْ كَذَا وَكَذَا، حَتَّى إِذَا انْقَطَعَتْ بِهِ الْأَمَانِيُّ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: ذَلِكَ لَكَ وَمِثْلُهُ مَعَهُ».

[خ 22، م 182، ت 2549، س 1140، د 4730، جه 178].

 

  1. 11. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ой тўлган кечада тўлин ойни кўришда бир‑бирингизга халал берасизми?» дедилар. «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. «Булут тўсмаган қуёш(ни кўриш)да бир‑бирингизга халал берасизми?» дедилар. «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот шундай дедилар: «У Зотни ана шундай кўрасизлар. Аллоҳ Қиёмат куни одамларни тўплаб, «Ким нимага ибодат қилиб юрган бўлса, ўшанга эргашсин!» дейди. Қуёшга сиғиниб юрганлар қуёшга эргашади, ойга сиғиниб юрганлар ойга эргашади, тоғутларга сиғиниб юрганлар тоғутларга эргашади. Бу уммат эса (ўз) ичидаги мунофиқлари билан қолади. Аллоҳ табарока ва таоло улар танийдигандан бошқа суратда келиб, «Мен Роббингизман!» дейди. Улар: «Аллоҳ бизга сендан паноҳ берсин! Роббимиз олдимизга келгунича шу жойда қоламиз. Роббимиз келса, Уни таниймиз», дейишади. Аллоҳ таоло уларнинг олдига улар танийдиган суратда келиб, «Мен Роббингизман», дейди. Улар: «Сен Роббимизсан!» деб, Унга эргашишади. Сўнг жаҳаннам узра Сирот тортилади. Мен ва умматим ўтадиганларнинг биринчиси бўламиз. У кунда расуллардан бошқаси гапира олмайди. Расулларнинг у кундаги дуолари «Аллоҳим, саломат сақла, саломат сақла!» бўлади. Жаҳаннамда саъдон* тиканларига ўхшаган илгаклар бор. Саъдонни кўрганмисиз?» «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. У зот шундай дедилар: «Улар саъдон тиканларига ўхшайди. Бироқ уларнинг қанчалик катталигини Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Улар одамларни амалларига қараб илиб қолади. Уларнинг орасида ўз амали сабабли қоладиган мўмини ҳам бўлади, жазосини олиб, охири нажот бериладигани ҳам бўлади. Ниҳоят, Аллоҳ бандаларининг орасида ҳукм чиқариб бўлиб, дўзах аҳлидан Ўзи хоҳлаганларни Ўз раҳмати ила чиқаришни ирода қилади. Шунда фаришталарга Аллоҳ таоло раҳм қилишни ирода қилганлардан, «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деганлар ичидан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаганларни дўзахдан чиқаришни буюради. Дўзахда уларни саждалар асаридан таниб олишади. Дўзах Одам боласидаги сажданинг асаринигина емайди. Зеро, Аллоҳ дўзахга сажданинг асарини ейишни ҳаром қилган. Хуллас, улар дўзахдан куйиб‑қорайиб кетган ҳолда чиқарилади. Сўнг уларнинг устидан «ҳаёт суви» қуйилади. Улар худди селда келган лойда униб чиққан уруғдек «униб» чиқишади. Шундан сўнг Аллоҳ таоло бандаларнинг орасида ҳукм чиқариб бўлади, аммо бир киши дўзахга юзланган кўйи қолиб кетади. У жаннат аҳлининг жаннатга энг охири кирадиганидир. У: «Эй Роббим, юзимни дўзахдан буриб қўй! Унинг ҳиди мени беҳузур қилиб, алангаси куйдириб ташлади!» деб, Аллоҳ истаганча Аллоҳга дуо қилади. Сўнг Аллоҳ табарока ва таоло: «Сенга шундай қилиб берсам, бошқа нарса ҳам сўрарсан?!» дейди. У: «Шундан бошқа нарса сўрамайман», дейди ва Роббига Аллоҳ истаганча аҳду паймонлар беради. Шунда Аллоҳ унинг юзини дўзахдан буриб қўяди. У жаннатга юзланиб, уни кўргач, Аллоҳ истаганча жим туради-да, кейин: «Эй Роббим, мени жаннат дарвозасининг олдига яқинлаштир!» дейди. Аллоҳ унга: «Берганимдан бошқа нарса сўрамасликка аҳду паймонлар бермаганмидинг? Ҳолингга вой бўлсин, эй Одам боласи, бунчалар субутсизсан!» дейди. У «Эй Роббим!» дейди ва Аллоҳга дуо қилаверади. Ниҳоят, У Зот унга: «Сенга ўшани берсам, ундан бошқа нарса ҳам сўрарсан?!» дейди. У: «Иззатингга қасамки, йўқ!» деб Роббига Аллоҳ истаганча аҳду паймонлар беради. У Зот уни жаннат дарвозасининг олдига келтириб қўяди. У жаннат дарвозасининг олдига келиши билан жаннат унга кенг бўлиб очилади ва у ердаги яхшилик ва хурсандчиликни кўради. Аллоҳ истаганча жим туради-да, кейин: «Эй Роббим, мени жаннатга киритгин!» дейди. Аллоҳ табарока ва таоло: «Сенга берилганидан бошқа нарса сўрамасликка аҳду паймонлар бермаганмидинг? Ҳолингга вой бўлсин, эй Одам боласи, бунчалар субутсизсан!» дейди. Шунда у: «Яратганларингнинг энг бахтиқароси бўлиб қолмайин, Роббим!» дейди. У Аллоҳга дуо қилаверади, ниҳоят, Аллоҳ табарока ва таоло унинг ҳолига кулади. Аллоҳ унга кулиб, «Жаннатга кир!» дейди. Унга киргач, Аллоҳ унга: «Тила», дейди. У Роббидан сўрайди ва тилайверади, ҳатто Аллоҳ таоло унга фалон‑фалон нарсаларни эслатади. Ниҳоят, тилаклар ҳам тугагач, Аллоҳ таоло: «Ана шулар сеники ва улар билан бирга яна ўшанча ҳам», дейди».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

* Саъдон – тиканли ўсимлик бўлиб, туянинг севимли емиши ҳисобланади.

Изоҳ: Аллоҳ таолога нисбатан «кулиш» феълининг ишлатилиши ақийдага оид масаладир. Саҳиҳ хабарларда келтирилган бундай маълумотларга қандай бўлса, шундайлигича иймон келтириш, уларнинг тугал маъносини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. «Аллоҳнинг қабзаси», «кулиши», «юзи», «қўли», «кўзи», «болдири», «қадами» ва шу каби васфлар Аллоҳ таолонинг Ўзига хос сифатлари бўлиб, махлуқотларнинг сифатларидан мутлақо бошқадир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, бу сифатларга уларнинг қандайлигини тасаввур қилмаган, суриштирмаган ҳолда иймон келтириш вожибдир. Бу борада Аллоҳ таолонинг «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» деган сўзи асосий қоида бўлади.

10- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ تَجَاوَزَ لِأُمَّتِي عَمَّا حَدَّثَتْ بِهِ أَنْفُسَهَا مَا لَمْ تَعْمَلْ أَوْ تَكَلَّمْ بِهِ».

 

[خ 2528، م 127، ت 1183، س 3433، د 2209، جه 2040].

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики умматим кўнглига келган гапларни тилига чиқармас ёки уни амалга оширмас экан, Аллоҳ таоло уларни кечиб юборади», дедилар».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Аллоҳ таоло томонидан ўз умматларига қилинган катта фазлу карам ҳақида сўз юритмоқдалар. Бу мусулмон одамнинг гуноҳ иш қилиш ҳақида ичида ўз-ўзига сўзлаб туриб, ташида гапирмай, ўша ишни амалга оширмай қўйса, Аллоҳ таоло кечиб юборишидир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, юқоридаги нарса учун ҳам жазолаши мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига марҳамат кўрсатиб, улардан бу нарсани кечиб юборди. Бу ҳам Ислом динининг афзалликларидандир.

Ислом дини ёмонликнинг умуман юзага чиқмаслиги тарафдори эканини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳадиси шариф ҳар бир кишига улкан руҳий-маънавий таъсир ўтказиши турган гап. Инсончилик–гоҳида баъзи бир ёмон ишларни қилишни одам ичидан ўтказиши ёки ўзича гапириши мумкин. Кейин эса, уни ташида ҳам айтиши мумкин. Ташида айтиши эса, ёмонлик томон қўйилган қадамдир. Ундан кейин яна бир қадам босилса, ёмонлик амалга ошади. Шунинг учун ёмонликни умуман юзага чиқармай туриб, йўқ қилиш керак. Гарчи банда ёмонлик ҳақида ўз-ўзига сўзлаган бўлса ҳам Аллоҳ уни кечириб юборади, ёмонлик унинг «номаи аъмоли»га ёзилмайди. Бу билан инсонни ёмонликдан унинг бошланғич давридаёқ қайтариш чораси кўрилмоқда.

Демак, баъзи вақтларда ёмонлик ҳақида ўз-ўзига сўзлаш ҳоллари юзага келса, дарҳол ушбу ҳадиси шарифни эслаб, ичдаги сўзни гапирмаслик ва унга амал қилмасликка уринишимиз керак.

 Дунёнинг деярли ҳамма юртларида жиноятнинг олдини олиш бўйича илми нафс (психолог) мутахассислари тайёрлашга катта куч ва маблағ сарфланиб, қанчадан-қанча оворагарчиликлар бўлмоқда. Исломда эса, бу муаммо аллақачон ҳал этиб бўлинган.

 

9 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَتَوَجَّأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا، وَمَنْ شَرِبَ سَمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يَتَحَسَّاهُ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا، وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يَتَرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا».

 

[خ 5778، م 109، ت 2043، س 1965، د 3872، جه 3927].

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким ўзини тиғ билан ўлдирса, жаҳаннам оловида мангу қолиб, абадул-абад ўша қўлидаги тиғини қорнига санчаверади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, жаҳаннам оловида мангу қолиб, абадул-абад уни симираверади. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам оловида мангу қолиб, абадул-абад ўзини ташлайверади».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Изоҳ: Аҳли сунна вал жамоа уламолари «Жаҳаннам оловида мангу, абадул-абад қолади» жумласини турлича изоҳлашган: 1. Бу ишни ҳалол санаб қилган одамгина жаҳаннамда абадий қолади. 2. Бу ҳадисдаги гаплар мусулмонларни ўз жонига қасд қилишдан қайтариш учун зажр ўлароқ айтилган. 3. Бу ўз жонига қасд қилган кишининг қилмишига яраша жазо бўлиб, Аллоҳ таоло муваҳҳид бандаларига икром кўрсатиб, тавҳидлари сабабли уларни дўзахдан халос этади.

Боб сарлавҳасидаги «Жаннатга фақат мусулмон киши киради» деган жумла ҳам шунга далолат қилади. 4. Тақдирда бундай кишиларга «Аллоҳ хоҳлаган муддат дўзахда қолади», деб ёзилган. 5. «Абадий, мангу» деганда муддатнинг ниҳоятда узоқлиги назарда тутилиб, ўз жонига қасд қилишнинг нақадар оғир гуноҳлиги таъкидланган.

8 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «ثَلَاثٌ لَا يُكَلِّمُهُمُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَلَا يَنْظُرُ إِلَيْهِمْ، وَلَا يُزَكِّيهِمْ، وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ: رَجُلٌ عَلَى فَضْلِ مَاءٍ بِالْفَلَاةِ يَمْنَعُهُ مِنِ ابْنِ السَّبِيلِ، وَرَجُلٌ بَايَعَ رَجُلًا بِسِلْعَةٍ بَعْدَ الْعَصْرِ فَحَلَفَ لَهُ بِاللهِ لَأَخَذَهَا بِكَذَا وَكَذَا فَصَدَّقَهُ، وَهُوَ عَلَى غَيْرِ ذَلِكَ، وَرَجُلٌ بَايَعَ إِمَامًا لَا يُبَايِعُهُ إِلَّا لِدُنْيَا، فَإِنْ أَعْطَاهُ مِنْهَا وَفَى، وَإِنْ لَمْ يُعْطِهِ مِنْهَا لَمْ يَفِ».

[خ 2358، م 108، ت 1595، س 4462، د 3474، جه 2207].

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Уч киши борки, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмайди ҳам, назар ҳам солмайди, покламайди ҳам ва уларга аламли азоб бор: саҳрода ортиқча суви бўла туриб, уни йўқсил йўлчига бермаган киши; асрдан кейин биров билан бир молни савдолашиб, бундай бўлмаса ҳам, «фалончага олганман», деб Аллоҳга қасам ичиб, уни ишонтирган киши; раҳбарга фақат мол-дунё учунгина байъат бериб, агар ўшандан берса вафо қиладиган, бермаса вафо қилмайдиган киши».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда қиёмат куни ёмон ҳолатда қоладиган уч тоифа ҳақида сўз бормоқда:

  1. Ўз ҳузуридаги ортиқча сувни ибн сабийлдан ман қилган одам. «Ибн сабийл» – ватанига ета олмай, кўчада қолган одам, муҳтож бўлганидан зикри келмоқда, аслида эса, ҳар бир муҳтож кишидан ортиқча сувни ман қилиш ҳаромдир. Бу ишни қилган одамга Аллоҳ таоло қиёмат куни гапирмайди.
  2. Асрдан кейин ёлғон қасам ичиб савдо молини ўтказган одам.

Баъзи кишилар савдо молини ўтказиш мақсадида харидорни ишонтириш учун ёлғондан қасам ичадилар. Бу иш ҳаром. Уни асрдан кейин бўлиши шарт эмас. Қачон бўлса ҳам ҳаром иш. Аммо асрдан кейингиси жуда ёмон бўлганидан зикр қилинган. Чунки ўша вақтда кундузи ер юзида навбатчилик қилган фаришталар амалларнинг ҳисобини олиб кўтариладиган вақтдир. Ана ўшандоқ одамга ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни гапирмас экан.

  1. Бир имомга байъат қилиб, ундан манфаат кўрса, байъатга вафо қиладиган, манфаат кўрмаса, байъатга вафо қилмайдиган одам ҳам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг гапиришидан маҳрум бў-лади.

Шунинг учун ҳам мазкур ишларни қилишдан сақланиш керак.

7 - أَبي هُرَيْرَةَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يَزْنِي الزَّانِي حِينَ يَزْنِي وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَسْرِقُ السَّارِقُ حِينَ يَسْرِقُ وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَشْرَبُ الْخَمْرَ حِينَ يَشْرَبُهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ».

[خ 2475، م 57، ت 2625، س 2443، د 4689، جه 3936].

 

  1. 7. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинокор зино қилаётган пайтида мўмин бўлмайди, ўғри ўғрилик қилаётган пайтида мўмин бўлмайди, (хамрхўр) хамр ичган пайтида мўмин бўлмайди», дедилар».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мўминликка умуман мос келмайдиган, мўмин киши қилиши мутлақо мумкин бўлмаган баъзи ишлар ҳақида сўз бормоқда.

  1. «Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас».

Зино катта гуноҳдир. Бу гуноҳ энг юқори даражадаги хиёнат ҳисобланади. Хиёнат деганда, Исломда баъзи халқлардагига ўхшаб, умр йўлдошига хиёнатчини тушунилмайди.

Балки кенг маънодаги хиёнат — Аллоҳга, Расулга, дину диёнатга, жамиятга, келажак авлодларга, инсониятга, ўзига ва мўминликка хиёнат тушунилади.

Аллоҳ таолони таниган одам зино қилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, деган одам зино қилмайди. Дину диёнатим бор деган одам зино қилмайди.

Ўз жамиятимга содиқ аъзоман, деган одам зино қилмайди. Чунки унинг бу иши у яшаб турган жамиятга зарар келтиради.

Келажак авлодларга яхшилик қилмоқчи бўлган одам зино қилмайди. Чунки зино наслнинг бузилишига олиб борадиган жиноятдир.

Инсониятга яхшилик қилмоқчи бўлган инсон ҳам зино қилмайди. Чунки зино инсониятга зарар келтирадиган гуноҳдир.

Ўзига ўзи яхшилик қилмоқчи бўлган одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино зинокорни одамгарчиликдан чиқаради.

Мўминликдан умиди бор одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино иймонга зид нарсадир.

Ушбу ҳадиси шариф ҳам шунга далилдир. Бу иборани турлича тушуниш мумкин. «Бу ишни қилган одам кофир бўлади» деган жумладан тортиб, энг осони, шу ишни қилаётган пайтида иймони чиқиб туради, дейишгача. Иймонли одам учун иймондан бир лаҳза ажрашдан кўра каттароқ мусибат йўқ.

«Бу ҳадисдаги “мўмин бўлмайди” лафзлари шу ишларни қилган кишининг диндан чиқишини англатмайди, балки бу ишлар оғир гуноҳи кабиралардан бўлиб, аҳли сунна ақидасига кўра, модомики мўмин гуноҳи кабирани ҳалол санамас экан, гуноҳи туфайли кофирга чиқарилмайди».

  1. «Ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас».

Зино ҳақида айтилган гапларни ароқхўрлик ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ароқхўр энг кам деганда, ароқ ичган пайтида ундан иймони чиқиб туради. Шунинг учун уламоларимиз, ароқ ичиб ўлиб қолган одамга жаноза ўқилмайди, чунки у кофир кетган бўлади, дейишган.

Маст ҳолда йиқилиб ёки бошқа сабабдан ўлган одамга ўша ароқдан бошқа нарса сабабидан ўлган деган таъвил билангина жаноза ўқишга рухсат берганлар.

  1. «Ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўл­мас».

Мўмин бўлса, бировнинг нарсасини ўғирлармиди?! Ўғри учун бўладиган энг енгил ҳукм ҳам ўғрилик қилаётганда ундан иймон чиқиб туради, деган ҳукмдир.

  1. «Талончи талон қилганида, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида у мўмин бўлмас».

Бировнинг молини зўрлик билан тортиб олиш ҳам энг катта гуноҳлардан. Бу иш ҳам мўминликка ҳеч тўғри келмайдиган иш. Бировнинг мол-мулкини зўрлик билан, ноҳақдан тортиб олувчи киши ҳақидаги энг енгил ҳукм ҳам, ўша пайтда ундан иймон чиқиб туришидир. Шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимнинг заррача молини ҳам ноҳақдан олмаслик керак.

Имом Бухорий Солим розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ердан ноҳақлик ила бир нарса олса, қиёмат куни етти қават ерга ютдирилур», деганлар.

6 – عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ، أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيْمَانِ».

 

[خ 9، م 35، ت 2614، س 5004، د 4676، جه 57].

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Иймон етмиш неча [ёки олтмиш неча] шуъбадир. Уларнинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейиш, энг қуйиси эса йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймоннинг бир шуъбасидир».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: «Етмиш нечта ёки олтмиш нечта»даги шак ровийдандир. Ҳадисни эшитаётганда аниқ эшита олмай қолган. Нима етса, шуни ривоят қилиш зарур бўлганидан бошқалардан сўраб аниқлаб олган бўлса ҳам ўзи эшитгандаги ҳолатни аниқ ифода этишни омонат билганидан шу ҳолда ривоят қилган.

«Етмиш нечта» дегани, етмишдан ортиқ, саксондан кам дегани. Бу ҳадиси шарифда Иймоннинг шуъбалари борлиги таъкидланмоқда.

Бу «Муржиъа» мазҳабидагиларга қарши ҳужжатдир. Шу билан бирга, Иймоннинг юқори ва пастки қисми борлиги таъкидланмоқда. Етмиш неч­та шуъбанинг энг юқориси калимаи шаҳодатни айтиш бўлса, энг пасти йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Икковлари орасида яна етмишдан ортиқ шуъбалар бор. Бу ҳам иймон ягона, бир бутун нарсадир, унинг катта-кичиги бўлмайди, деган «Муржиъа» мазҳабидагиларга қарши ҳужжатдир. Ўша шуъбалар ичида «ҳаё» алоҳида эътиборга сазовор бўлгани учун «ҳаё иймоннинг шуъбасидир», деб алоҳида таъкидланади. Шунингдек, иймон нафақат сўздан, эътиқоддан, балки амалдан ҳам иборат экани тушунилмоқда. Чунки йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашга гапни ҳам ва дилдаги тасдиқни ҳам нисбат бериб бўлмайди. Бу соф амалдан иборат. «Муржиъа» мазҳабидагилар эса, иймон фақат гапдан иборат, дейдилар.

Умуман, ушбу ҳадис уламоларимизни кенг ва чуқур илмий изланишларга чорлаган ҳадисдир. Чунки, унда Исломдан олдин ҳам, Исломда ҳам энг кўп баҳс юритилган масала–иймон ва унинг шуъбалари ҳақида сўз кетмоқда. Иймон ҳамма нарсанинг асли бўлганидан унга алоҳида эътибор бериш зарур. Айни шу масала бўйича алоҳида китоб тасниф қилган уламолар ҳам бор. Имом Абу Абдуллоҳ ал-Ҳалиймийнинг «Фавоидул минҳож», Имом Байҳақийнинг «Шуъбул Иймон», Исҳоқ ибн ал-Қуртубийнинг «Китобун-Насиҳ», Имом Ибн Ҳиббон Бустийнинг «Васфул Иймон ва шуъабиҳи» китоблари шулар жумласидандир.

«Иймон» луғатда «ишонч», «тасдиқ» маъноларини билдиради. Шариатда эса, бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга етказишдир. Иймоннинг етмиш нечта шуъбаси бор, дейишлик, иймонни етмишдан ортиқ шохи бор дарахтга ўхшатишдир. Дарахтнинг асли иймон бўлса, унинг шохлари иймоннинг шуъбаларидир. Аҳли сунна ва жамоанинг барчалари–муҳаддислар ҳам, фуқаҳолар ҳам, ақийда илми уламолари ҳам иттифоқ қилишиб: «Дўзахда абадий қолмайдиган, аҳли қибла ҳисобланган мўмин–Ислом динига ҳеч қандай шак-шубҳасиз жазм ила эътиқод қилган ва шаҳодат калимасини нутқ қилган одамдир», дейдилар. Тили билан айтиб қўйса, кифоя, деганлар адашган «Муржиъа» мазҳабидагилардир.

Ушбу ҳадисда иймон етмиш ёки олтмишдан ортиқ шуъбага эга экани ва ўша шуъбаларнинг энг юқориси, энг пасти ва яна биттасининг номи айтилмоқда. Бошқа ҳадисларда етмишдан ортиқлиги ва яна баъзи бошқа шуъбалар ҳақида сўз кетган. Лекин бирорта ҳадисда етмиш нечта шуъбани ҳисоблаб чиқилмаган. Бу эса, ўз навбатида уламоларимизни баҳсга, илмий изланишга чорлаган.

Имом Ибн Ҳиббон Бустий «Васфул Иймон ва шуъабиҳи» китобида қуйидагиларни ёзган эканлар: «Ушбу ҳадиснинг маъносини бир қанча муддат ўргандим. Тоатларни санасам, бу ададдан бирмунча кўп чиқди. Суннатга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон, деб номлаган тоатларни ҳисобладим. Қарасам, улар етмиш неч­тадан кам. Қуръонга қайтдим. Аллоҳ таоло ўз китобида иймон, деб номланган амалларни ҳисобладим. Қарасам, улар ҳам етмиш нечтадан кам. Сўнгра такрор бўлганларини қолдириб, Қуръон билан Суннатда иймон, деб номланган амалларни қўшиб санасам, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, етмиш нечта чиқди. Ана шундагина, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисдаги ададдан Қуръон ва Суннатда иймон, деб номланган амалларни кўзда тутганларини англадим».

Имом Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад Айний эса, қуйидагиларни ёзадилар:

«Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи ила қисқа қилиб қуйидаги шеърни айтамиз:

«Иймоннинг асли қалб ила тасдиқ, тил ила иқрор қилмоқ бўлса ҳам,

Комил ва тугал иймон уч қисмдан: тасдиқ, иқрор ва амалдан иборатдир».

Биринчи қисм, эътиқодиётлардан иборат бўлиб, ўттиз шуъбага бўлинади:

  1. Аллоҳга иймон келтириш. Бунга Аллоҳнинг Зотига, сифатларига, тавҳидига ва ўхшаши йўқлигига иймон келтиришлар киради.
  2. Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса кейин пайдо бўлганига эътиқод қилиш.
  3. У Зотнинг фаришталарига иймон келтириш.
  4. У Зотнинг китобларига иймон келтириш.
  5. У Зотнинг пайғамбарларига иймон келтириш.
  6. Яхши-ёмон қадарга иймон келтириш.
  7. Охират кунига иймон келтириш. Бунга қабр савол-жавоби ва азоби, қайта тирилиш, маҳшарга тўпланиш, ҳисоб-китоб, Мезон ва Сиротлар ҳам киради.
  8. Жаннат ваъдасига ва унда абадий қолишга ишонмоқ.
  9. Дўзах қўрқинчлари, азоби ва унинг фоний бўлмаслигига қатъият ила ишонмоқ.
  10. Аллоҳ таолонинг муҳаббати.
  11. Аллоҳ учун муҳаббат қилиб, Аллоҳ учун ёмон кўрмоқ.

Бунга муҳожир ва ансорий саҳобаларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байт­ларига муҳаббат қилиш ҳам киради.

  1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш. Бунга у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш ва суннатларига эргашиш ҳам киради.
  2. Ихлос. Бунга риёкорликни ва мунофиқликни тарк қилиш ҳам киради.
  3. Тавба–надомат.
  4. Хавф.
  5. Ражо–умидворлик.
  6. Ноумидлик ва ишончсизликни тарк қилиш.
  7. Шукр.
  8. Вафо.
  9. Сабр.
  10. Тавозуълик бўлиш. Бунга катталарни ҳурмат қилиш ҳам киради.
  11. Раҳмли ва шафқатли бўлиш. Бунга кичикларга шафқат кўрсатиш ҳам киради.
  12. Қазога рози бўлиш.
  13. Таваккул (ҳар бир нарсада Аллоҳга суяниш).
  14. Мақтончоқлик ва кибрни тарк қилиш. Бунга ўзини мақташ ва покиза қилиб кўрсатиш ҳам киради.
  15. Ҳасадни тарк қилиш.
  16. Ҳиқд ва гинани тарк қилиш.
  17. Ғазабни тарк қилиш.
  18. Алдамчиликни тарк қилиш. Бунга ёмон гумон ва макр-хийла ҳам киради.
  19. Дунё муҳаббатини тарк қилиш. Бунга молу мулк ва мансаб муҳаббати ҳам киради.

Агар, қалб амалларига фазилат ва разилатларнинг булардан бошқаси топилса, ушбу шуъбалардан бирортасига дохил бўлади. Ўйлаб кўрилса, дарҳол зоҳир бўлади.

Иккинчи қисм–тил амалларидан иборат бўлиб, етти шуъбага бўлинади:

  1. Тавҳидни талаффуз қилмоқ.
  2. Қуръон тиловати.
  3. Илм ўрганиш.
  4. Илм ўргатиш.
  5. Дуо қилиш.
  6. Зикр қилиш. Бунга истиғфор айтиш ҳам киради.
  7. Беҳуда гаплардан четланиш.

Учинчи қисм–бадан амалларидан иборат бўлиб, қирқ шуъбага бўлинади. Бу қисм уч навлидир.

Биринчи нав ҳар бир шахснинг ўзига хос нарсаларда бўлиб, бу ўн олти шуъбадан иборатдир:

  1. Пок бўлмоқ. Бунга баданнинг, кийимнинг ва маконнинг поклиги киради. Баданнинг поклигига таҳорат кетказадиган нарсалардан таҳорат қилиш ҳамда жунубликдан, хайз ва нифосдан ғусл қилиш орқали покланиш киради.
  2. Намоз ўқиш. Фарз, нафл ва қазо намозлар киради.
  3. Закот бериш. Бунга садақа, закот, садақаи фитр, таом бериш, меҳмонни икром қилиш, сахийлик киради.
  4. Рўза тутиш. Фарз ёки нафл рўза киради.
  5. Ҳаж қилиш. Бунга Умра ҳам киради.
  6. Эътикоф ўтириш. Бунга Қадр кечасини кутиш ҳам киради.
  7. Динни қутқариш. Бунга ширк диёридан ҳижрат қилиш ҳам киради
  8. Назрга вафо қилиш.
  9. Қасамларга эҳтиёт бўлиш.
  10. Каффоратни адо қилиш.
  11. Намозда ва ундан ташқарида авратни беркитиш.
  12. Қурбонлик сўйиш.
  13. Жанозага тегишли ишларни қилиш.
  14. Қарзни адо қилиш.
  15. Муомалада содиқ бўлишлик. Риёдан сақланиш.
  16. Ҳақ ила гувоҳлик бериш. Гувоҳликни беркитмаслик.

 

Иккинчи нав тобеъларга хос бўлиб, олти шуъбадан иборат:

  1. Никоҳ ила иффатли бўлмоқ.
  2. Аҳли аёлининг ҳаққини адо қилмоқ. Бунга ходимларга мулойим муомала қилиш ҳам киради.
  3. Ота-онага яхшилик қилмоқ. Бунга оқ бўлишдан сақланиш ҳам киради.
  4. Фарзандлар тарбияси.
  5. Қариндошлик алоқаларини йўлга қўйиш.
  6. Раҳбарларга итоат қилиш.

 

Учинчи нав оммага тааллуқли бўлиб, ўн саккиз шуъбадан иборат.

  1. Адолат билан раҳбарлик қилиш.
  2. Жамоатга тобеъ бўлиш.
  3. Ишбошиларга итоат қилиш.
  4. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Бунга хавориж ва боғий (жамоатга қарши чиқиш)ларга қарши уруш қилиш ҳам киради.
  5. Яхшилик йўлида кўмаклашиш.
  6. Амри маъруф, наҳйи мункар.
  7. Ҳаддларни қоим қилиш.
  8. Аскарлик ишлари ҳам шунга киради.
  9. Омонатни адо қилиш.
  10. Қарз ва унга вафо қилиш.
  11. Қўшнини икром қилиш.
  12. Яхши муомалали бўлиш. Бунга ҳалол мол топиш ҳам киради.
  13. Молу мулкни тўғри сарфлаш. Бунга исроф ва беҳуда сарф-харажатни тарк қилиш ҳам киради.
  14. Саломга алик олиш.
  15. Акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳу» – «Сенга Аллоҳ раҳм қилсин» дейиш.
  16. Одамлардан зарарни қайтариш.
  17. Беҳуда ишлардан четда бўлиш.
  18. Йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш.

Жами бўлиб, етмиш етти шуъбадир.

Бу аллома Маҳмуд ибн Аҳмад Айний раҳматуллоҳи алайҳининг ижтиҳодлари. Бу илмий ижтиҳоддан кўплаб фойда олдик. Аллоҳ таоло у кишига манфаатли илм қолдирганлари учун мукофотларини тўлиқ қилиб берган бўлсин!

Аммо бир мулоҳазамиз борки, Айний раҳматуллоҳи алайҳининг етмиш еттилик рўйхатларига ушбу ҳадисда очиқ-ойдин айтилган «Ҳаё» шуъбаси кирмай қолибди. Албатта, у киши айтганларидек «Ҳаё»ни ҳам бирорта бобга қўшиб юборса бўлади. Аммо ҳадиси шарифда, энг олий ва энг қуйи шуъбалардан кейин «Ҳаё»ни алоҳида таъкидлаб, «Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», дейилиши бежиз бўлмаса керак. Чунки ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.

 

Уламоларимиз Иймон ва унинг шуъбаларини дарахт ва унинг шохларига ўхшатадилар. Агар Имом ал-Айнийнинг ижтиҳоди ила тасаввур қилсак, иймон етмиш етти шохи бор бир гўзал дарахтдир. Ўша кўркам дарахт ҳамма шохлари билан гўзалдир. Аллоҳ кўрсатмасин, бирор шохи, ҳатто бирор баргига футур етса, дарахтнинг гўзаллигига футур етади. Кўрган одам: «Ушбу барги ҳам бут бўлганда ажойиб дарахт бўлар экан», деб афсусланади. Қани, инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик-чи, иймон дарахтимизнинг ҳамма барглари, шохлари, танаси бутми? Нечта шохи кесилган, нечтаси қуриган? Уларни ўрнига келтириш учун нималар қилмоқдамиз?

Дунё бугунги кунда бу ҳадисдан чиқадиган ҳикматларга қанчалик муҳтож? Дунёга етмиш нечта шуъбаси бор иймон жуда керак, дунё ва инсоният иймонга жуда муҳтож.

Бутун дунё, барча инсоният «Лаа илаҳа иллаллоҳ»га муҳтож, иймоннинг муҳим шуъбаларидан бўлган ҳаёга муҳтож.

Улар йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом динига муҳтожлар. Бу эҳтиёж кундан-кунга ўсиб бормоқда. Чунки дунёда, инсонлар ичида кундан-кунга иймонсизлар, иймони заифлар кўпаймоқда, ҳаёсизлар кўпаймоқда. Инсоният йўлига озор берувчи нарсаларни ташловчилар кўпаймоқда.

5 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: لَمَّا تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَاسْتُخْلِفَ أَبُو بَكْرٍ بَعْدَهُ، وَكَفَرَ مَنْ كَفَرَ مِنَ الْعَرَبِ، قَالَ عُمَرُ بْنِ الْخَطَّابِ لِأَبِي بَكْرٍ: كَيْفَ تُقَاتِلُ النَّاسَ، وَقَدْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، فَمَنْ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، فَقَدْ عَصَمَ مِنِّي مَالَهُ وَنَفْسَهُ إِلَّا بِحَقِّهِ، وَحِسَابُهُ عَلَى اللهِ»، فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: وَاللهِ، لَأُقَاتِلَنَّ مَنْ فَرَّقَ بَيْنَ الصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ، فَإِنَّ الزَّكَاةَ حَقُّ الْمَالِ، وَاللهِ لَوْ مَنَعُونِي عِقَالًا، كَانُوا يُؤَدُّونَهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، لَقَاتَلْتُهُمْ عَلَى مَنْعِهِ، فَقَالَ عُمَرُ بْنِ الْخَطَّابِ: فَوَاللهِ، مَا هُوَ إِلَّا أَنْ رَأَيْتُ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ قَدْ شَرَحَ صَدْرَ أَبِي بَكْرٍ لِلْقِتَالِ، فَعَرَفْتُ أَنَّهُ الْحَقُّ.

[خ 1400، م 20، ت 2606، س 2443، د 1556، جه 3927].

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб, у зотдан кейин Абу Бакр халифа бўлиб, араблардан бир қанчаси куфрга кетганда Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга: «Қандай қилиб одамларга уруш қиласиз? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», демагунларича уларга қарши уруш қилишга буюрилдим. Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деса, мендан молини ва жонини сақлабди. Фақат (Ислом) ҳаққи мустаснодир, унинг ҳисоби эса Аллоҳга ҳавола», деганлар‑ку?!» деди. Шунда Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, ким намоз билан закотнинг орасини ажратса, унга қарши уруш очаман, чунки закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар (закотларидан) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб келишган биргина арқонни менга беришмаса ҳам, ўша берилмагани учун уларга қарши уруш очаман», деди.

Умар ибн Хаттоб айтади: «Аллоҳга қасамки, ўшанда Аллоҳ азза ва жалла Абу Бакрнинг қалбига уруш қилишни солиб қўйганини ва унинг ҳақ эканини англаб етдим».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Баъзи араблар яна буту санамларга ибодат қилишга, мушрикликка қайтган бўлсалар, бир гуруҳ кишилар Мусайламатул Каззоб, Сажоҳ, Тулайҳа ал-Асадий каби сохта пайғамбарларга эргашдилар.

Учинчи бир турлари эса, Исломнинг ҳамма шарт­ларини бажариб туриб, фақат закот беришдан бош тортдилар. Улар «биз закотни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик. Энди у вафот этди, закот оладиган одам қолмади», дейишди.

Баъзи қабилалар закот беришдан бош тортишлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларга қарши уруш эълон қилдилар. Халифанинг бу ишига саҳобалардан ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қарши чиқдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ривоятдаги:

«Токи одамлар «Ла илаҳа иллаллоҳ» дегунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, шубҳасиз, мендан молини ва жонини сақлаган бўлади», деган гапларини далил қилиб келтирдилар.

«Қандоқ қилиб «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб турган одамларга қарши уриш қиласан?!» дедилар Умар халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга. Бунинг устига улар намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилиб, яна бошқа ибодат ва амалларни адо этар эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва бошқа барча саҳобаларнинг бунчалик қаттиқ туришлари бежиз эмас эди. Уларнинг бу борада жуда ҳам кучли далиллари бор эди:

  1. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар ҳаттоки «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиргунларича, намозни қоим қилиб, закотни бергунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Агар ўшани қилсалар, мендан қонларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳақи ила бўлса бундан  мустасно. ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.

  1. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар ҳаттоки «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларича ва менга ҳамда мен келтирган нарсага иймон келтиргунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Қачон шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар ҳақи билан бўлса, бундан мустасно. ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.

  1. «Фақат ҳақи билан бўлса бундан мустасно» дейилган жумла ҳазрати Умар далил қилиб келтираётган ҳадисда ҳам бор эди. Закот бермаганларнинг қони тўкилиши ҳақ эканлиги шунга кирар эди.

Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар дарҳол ўз фикр­ларидан қайтдилар ва кўпчиликнинг фикрига қўшилдилар.

  1. Саҳобаларнинг ижмоси – ҳаммалари бир фикр­га келиб қарор қилишлари кучли ҳужжат бўлади.

Шундай қилиб, Ислом тарихида «Ридда урушлари» номи билан машҳур урушлар бошланди. Бу урушларда кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилди. Ўша қони тўкилганларнинг баъзилари закотини бермаганлари учун шу ҳолга тушдилар. Чунки улар Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига исён ҳамда, бева-бечора, фақир ва мискинларнинг ҳақларига хиёнат қилган эдилар. Улар Аллоҳ таоло берган неъматнинг шукрини қилмай, омонатга хиёнат қилдилар, шунинг учун ҳам уларнинг қонини тўкиш жоиз кўрилди.

Иккинчи томондан, саҳоба ва тобеинларнинг қонлари тўкилди. Аммо ҳақ йўлида, бева-бечора, фақирлар ҳақини ҳимоя қилиш йўлида тўкилган қон бекор кетмайди. ҳақиқатан ҳам, Аллоҳнинг йўлида, ер юзида илоҳий адолатни ўрнатиш йўлида берилган жон ўлган саналмайди.

Демак, Исломда закотни беришдан бош тортган гуруҳларга қарши уруш қилиб бўлса ҳам, уни олишга ҳаракат қилинади.

4 - عَنْ طَارِقِ بْنِ شِهَابٍ قَالَ: أَوَّلُ مَنْ بَدَأَ بِالْخُطْبَةِ، يَوْمَ الْعِيدِ قَبْلَ الصَّلَاةِ، مَرْوَانُ، فَقَامَ إِلَيْهِ رَجُلٌ فَقَالَ: الصَّلَاةُ قَبْلَ الْخُطْبَةِ، فَقَالَ: قَدْ تُرِكَ مَا هُنَالِكَ، فَقَالَ أَبُو سَعِيدٍ: أَمَّا هَذَا فَقَدْ قَضَى مَا عَلَيْهِ، سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيْمَانِ».

 [خ 956، م 49، ت 2172، س 5008، د 1140، جه 1275].

 

  1. Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:

«Ҳайит куни намоздан олдин хутба айтишни биринчи бўлиб бошлаган киши Марвондир. Бир киши туриб, у томон бориб, «Намоз хутбадан олдин-ку?» деган эди, у: «У пайтдаги нарса тарк қилинган», деди. Абу Саъид айтди: «Бу киши ўз зиммасидаги нарсани адо этди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким бир мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бундай қила олмаса, тили билан, буни ҳам қила олмаса, қалби билан (норози бўлсин). Лекин бу иймоннинг энг заифидир».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.

«Мункар иш» деганимиз дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон ишни билдиради. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:

  1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».

Бу куч ишлатиб, деган маънони билдиради. Яъни, бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна, мункарни қайтаришдан олдин, ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.

  1. Мункар ишни тили билан қайтариш.

Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам, сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.

  1. Мункар ишни дили билан қайтариш.

Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди, дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилур. Бу эса, энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса, ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.

Ушбу бобда эса, ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз керак. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини–Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина, нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.

Бу ҳадиснинг ҳикматлари ва инсониятнинг мазкур ҳикматларга эҳтиёжи ҳақида ҳар қанча гапирсак, шунча оз. Чунки, ёмонни ёмонлик қилишдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши турган гап.

3 - عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَيْسَ عَلَى رَجُلٍ نَذْرٌ فِيمَا لَا يَمْلِكُ، وَلَعْنُ الْمُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنْيَا عُذِّبَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَمَنِ ادَّعَى دَعْوَى كَاذِبَةً لِيَتَكَثَّرَ بِهَا لَمْ يَزِدْهُ اللهُ إِلَّا قِلَّةً، وَمَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينِ صَبْرٍ فَاجِرَةٍ».

 [خ 1364، م 110، ت 1543، س 3770، د 3257، جه 2098].

 

  1. Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кишига ўзи молик бўлмаган нарсада назр йўқ. Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш кабидир. Дунёда ўзини бирон нарса билан ўлдирган кимса қиёмат куни ўша билан азобланади. Ким молини кўпайтириш учун ёлғон даъво қилса, Аллоҳ унга йўқчиликни зиёда қилади, холос. Ким фожирларча сабр қасам ичса ҳам (шундай)».

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

* Фожирларча – ёлғон қасамхўрлик билан.

* Сабр қасами – ўташ талаб қилинадиган, ҳатто ўташга мажбурлаш учун эгаси ҳибсга ҳам олинадиган қасам. «Сабр» сўзи ушлаб туриш, ҳибсга олиш деган маъноларни билдиргани учун бу қасам шундай ном олган.

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.