Ҳадис 7

7 - أَبي هُرَيْرَةَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يَزْنِي الزَّانِي حِينَ يَزْنِي وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَسْرِقُ السَّارِقُ حِينَ يَسْرِقُ وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَشْرَبُ الْخَمْرَ حِينَ يَشْرَبُهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ».

[خ 2475، م 57، ت 2625، س 2443، د 4689، جه 3936].

 

  1. 7. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинокор зино қилаётган пайтида мўмин бўлмайди, ўғри ўғрилик қилаётган пайтида мўмин бўлмайди, (хамрхўр) хамр ичган пайтида мўмин бўлмайди», дедилар».

 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мўминликка умуман мос келмайдиган, мўмин киши қилиши мутлақо мумкин бўлмаган баъзи ишлар ҳақида сўз бормоқда.

  1. «Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас».

Зино катта гуноҳдир. Бу гуноҳ энг юқори даражадаги хиёнат ҳисобланади. Хиёнат деганда, Исломда баъзи халқлардагига ўхшаб, умр йўлдошига хиёнатчини тушунилмайди.

Балки кенг маънодаги хиёнат — Аллоҳга, Расулга, дину диёнатга, жамиятга, келажак авлодларга, инсониятга, ўзига ва мўминликка хиёнат тушунилади.

Аллоҳ таолони таниган одам зино қилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, деган одам зино қилмайди. Дину диёнатим бор деган одам зино қилмайди.

Ўз жамиятимга содиқ аъзоман, деган одам зино қилмайди. Чунки унинг бу иши у яшаб турган жамиятга зарар келтиради.

Келажак авлодларга яхшилик қилмоқчи бўлган одам зино қилмайди. Чунки зино наслнинг бузилишига олиб борадиган жиноятдир.

Инсониятга яхшилик қилмоқчи бўлган инсон ҳам зино қилмайди. Чунки зино инсониятга зарар келтирадиган гуноҳдир.

Ўзига ўзи яхшилик қилмоқчи бўлган одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино зинокорни одамгарчиликдан чиқаради.

Мўминликдан умиди бор одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино иймонга зид нарсадир.

Ушбу ҳадиси шариф ҳам шунга далилдир. Бу иборани турлича тушуниш мумкин. «Бу ишни қилган одам кофир бўлади» деган жумладан тортиб, энг осони, шу ишни қилаётган пайтида иймони чиқиб туради, дейишгача. Иймонли одам учун иймондан бир лаҳза ажрашдан кўра каттароқ мусибат йўқ.

«Бу ҳадисдаги “мўмин бўлмайди” лафзлари шу ишларни қилган кишининг диндан чиқишини англатмайди, балки бу ишлар оғир гуноҳи кабиралардан бўлиб, аҳли сунна ақидасига кўра, модомики мўмин гуноҳи кабирани ҳалол санамас экан, гуноҳи туфайли кофирга чиқарилмайди».

  1. «Ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас».

Зино ҳақида айтилган гапларни ароқхўрлик ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ароқхўр энг кам деганда, ароқ ичган пайтида ундан иймони чиқиб туради. Шунинг учун уламоларимиз, ароқ ичиб ўлиб қолган одамга жаноза ўқилмайди, чунки у кофир кетган бўлади, дейишган.

Маст ҳолда йиқилиб ёки бошқа сабабдан ўлган одамга ўша ароқдан бошқа нарса сабабидан ўлган деган таъвил билангина жаноза ўқишга рухсат берганлар.

  1. «Ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўл­мас».

Мўмин бўлса, бировнинг нарсасини ўғирлармиди?! Ўғри учун бўладиган энг енгил ҳукм ҳам ўғрилик қилаётганда ундан иймон чиқиб туради, деган ҳукмдир.

  1. «Талончи талон қилганида, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида у мўмин бўлмас».

Бировнинг молини зўрлик билан тортиб олиш ҳам энг катта гуноҳлардан. Бу иш ҳам мўминликка ҳеч тўғри келмайдиган иш. Бировнинг мол-мулкини зўрлик билан, ноҳақдан тортиб олувчи киши ҳақидаги энг енгил ҳукм ҳам, ўша пайтда ундан иймон чиқиб туришидир. Шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимнинг заррача молини ҳам ноҳақдан олмаслик керак.

Имом Бухорий Солим розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ердан ноҳақлик ила бир нарса олса, қиёмат куни етти қават ерга ютдирилур», деганлар.

Ушбу бўлимдаги ҳадислар: « Ҳадис 6 Ҳадис 8 »

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.