وَيَخِرُّونَ لِلْأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعًا (الإسرا-109)

 

«Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва бу (Қуръон) уларнинг хушуъ-хокисорликларини зиёда қилур» (Ал-исро сураси, 109-оят), деган далил бор.

Саййид Иброҳим ал-Хаввос роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қалбнинг давоси бешта нарсада. Улар: тадаббур билан Қуръон ўқиш, қориннинг бўш бўлиши, кечаси қоим туриш, саҳар тонгда тазарруъ қилиш, солиҳ кишилар билан ўтириш».

Фасл: Қуръон тиловат қилувчининг Қуръон китобидан ўқиши ёддан ўқиганидан афзалдир. Салаф уламолари шундай дейишган. Аммо кимнинг тадаббури, фикрлаши, қалбини жамлаши Қуръондан  ўқиганидан кўра ёддан ўқиганида зиёдароқ бўлса, ёддан ўқигани афзалдир. Иккаласи баробар бўлса, Қуръон китобидан бўлгани афзал. 

Фасл: Тиловатда овозни баланд қилишнинг, шу билан бирга овозни чиқармасликнинг фазилати ҳақида ҳам уламоларнинг сўзлари бор. Риёдан қўрққан киши овозини чиқармасдан ўқигани афзалдир. Агар қўрқмаса, баланд овоз билан ўқигани яхши. Шу шарт биланки, атрофидагилар намоз ўқиётган, ухлаётган бўлмаслиги керак. Баланд овоз билан ўқиганда бошқаларга ҳам фойда бор. Чунки қалбни уйғотади, бутун вужудини фикрлашга чорлайди, уйқуни кетказиб, фаолликни зиёда қилади.

Фасл: Тиловат қилаётганда овоз чиройли қилинади. Аммо жуда чўзиб юборилмайди. Бирор ҳарф зиёда қилиниши ёки тушириб қолдирилиши ҳаромдир. Чўзиб ўқиш, агар ҳаддан ошмаса, зарари йўқ. Овозни чиройли қилиш ҳақида машҳур ҳадислар бор. Биз бу ерда озгинасини зикр қилдик, холос.  

Фасл: Тиловат қилувчи киши суранинг ўртасидан бошласа, бир-бирига боғлиқ сўзларнинг аввалидан бошлаши керак. Тўхтатганда ҳам бир-бирига боғлиқ сўзлар билан тўхтатади. Бошланиши, вақф, жузъ, ҳизб, ўндан бири деб эътибор қилмайди. Шунинг учун уламолар: «Бир суранинг ҳаммасини ўқиши узун сурадан бир миқдор ўқигандан афзал», дейишган. Чунки кўп ҳолат ва ўринларда бир-бирига боғлиқ нарсалар билинмай қолади.     

Фасл: Кишиларга таровеҳ намозини ўқиб берувчи баъзи жоҳиллар, еттинчи кечада охирги ракъатда Анъом сурасини, бир йўла нозил бўлган деб гумон қилиб, ҳаммасини ўқиш мустаҳаб амал, деб айтишади. Бундан ташқари бу амалларига яна ҳар турлик бўлмагур далилларни ҳам келтирадилар. Бу  амаллари бидъатнинг ўзгинасидир.

Фасл: Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анкабут ва бошқа сураларни ўз номи ила зикр қилиш лозим. Бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар келган. Шунингдек, Абу Амрнинг қироатлари, Ибн Касирнинг қироатлари ва булардан бошқаларни қироатлари деб айтишнинг ҳам кароҳияти йўқдир. Бу гапларни келтиришимиздан мақсад баъзи салаф олимлари бундай дейишни макруҳ деб айтишган. Масалан, Иброҳим Нахаий: «Улар фалончининг суннати, фалончининг қироати, деб сўйлашни кариҳ кўрардилар», деб айтганлар. Аммо, юқорида айтганимиздек, буларнинг зарари йўқ.

 

Фасл: Унутдим деб айтишнинг кароҳияти.

Фалон оятни ва фалон сурани унутдим, деб айтиш кароҳиятлидир. Бунинг ўрнига унуттирилдим ёки мендан кетказилди, деб айтади.

 

* روينا في "صحيحي البخاري ومسلم" عن ابن مسعود رضي الله عنه، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "لا يقول أحدكم: نسيت آية كذا وكذا، بل هو نسي".

وفي رواية في الصحيحين أيضا: "بئسما لأحدهم أن يقول: نسيت آية كيت وكيت بل هو نسي".

 

282/13. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз фалон-фалон оятни унутдим, демасин. Балки унуттирилди, десин», дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Икковларининг бошқа ривоятларида: «Сизлардан бирортангизнинг фалон-фалон оятни унутдим, дейиши мунча ҳам ёмон, балки унуттирилди, десин», деганлар.

islom.uz © 2003-2021.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.