«Ал-Азкор» Муаллиф муқаддимаси

Муаллиф муқаддимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

 {فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ}

 «Бас, Мени эсланглар, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилинглар ва Мени инкор этманглар!» (Бақара сураси, 152-оят).

ал-Қаҳҳор ва ал-Азиз, гуноҳларни мағфират этувчи, қадарларни ўлчовчи, ишларни тасарруф қилувчи, қалби уйғоқ, кўзи очиқ кишилар тафаккур қилишлари учун кечани кундузга алиштирувчи ягона Аллоҳга ҳамд бўлсин. У баъзи бандаларини уйғоқ қилиб, яхшилар жумласига киритди, баъзиларини танлаб олди ва ўзига муқарраб-яқин бандаларидан қилди. Бу бандалар Унинг розилиги учун бор кучларини сарфлайдилар ва охиратга тайёргарлик кўрадилар, Унинг ғазабини келтирадиган нарсалардан четланиб, дўзах азобига тушиб қолишдан эҳтиёт бўладилар, ҳамиша Унинг тоати ва зикрида юрадилар. Бандаларининг қалбларига нур берган Аллоҳга ҳамд айтаман. Фазлу карамининг бундан-да зиёда бўлишини сўраб қоламан. ал-Азийм, ал-Воҳид, ас-Сомад, ал-Азиз, ал-Ҳаким сифатли Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва расули, танлаб олган дўсти ва ҳабиби, яратганларининг энг афзали, ўтгандаги ва келгусидаги кишиларнинг энг ҳурматлиси эканига иймон келтираман. Бу зотга ва бошқа пайғамбарларга, барчаларининг оилаларига ҳамда бошқа солиҳ кишиларга Аллоҳдан саловот ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 152-оятида:

 

{فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ}

 «Бас, Мени эсланглар, Мен ҳам сизларни эслайман»,

Зарийат сурасининг 56-оятида:

 

{وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ}

 «Жин ва инсни фақат ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим», дейди.

Бу оятлардан банда учун энг афзал иш оламлар Раббини ёд этиш ва пайғамбарларнинг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган зикрлар билан машғул бўлиш экани билинади.

Уламолар кечаю кундуздаги амаллар, уларда ўқиладиган дуо ва зикрлар тўғрисида кўплаб китоблар тасниф этишган. Лекин уларда зикрларнинг санади узун ва такрор-такрор келган. Табиийки, бу ҳол ўқувчининг қизиқишини бир оз сусайтиради. Шунинг учун бу борада енгил, равон ўқиладиган рисола тасниф этишни қасд қилдим ва кўп санадларни тушириб юбордим. Чунки мақсад санадларни билиш эмас, балки зикрларни ўрганиш ва унга амал қилишдир. Аммо бу санадлар ўрнини муҳимроқ нарсалар билан тўлдирдим. Яъни, ҳадисларнинг ҳолатини – саҳиҳ, ҳасан, заиф... эканини баён этдим. Чунки оз сонли муҳаддисларни ҳисобга олмаганда, кўпчилик бу нарсани билишга муҳтождир. Бу китобга ҳадис илмидан нафис жумлаларни, фиқҳнинг нозик томонларини, қоидаларнинг аҳамиятли ўринларини, нафс тарбиясига тааллуқли матнларни, соликлар билиши таъкидланган одобларни қўшиб қўйдим. Хулласи калом, авому олимлар енгил фаҳмлашлари учун нима лозим бўлса, шуни зикр қилдим.

 

وقد روينا في (صحيح مسلم)، عن أبي هريرة رضي الله عنه، عن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: (من دعا إلى هدى كان له من الأجر مثل أجور من تبعه لا ينقص ذلك من أجورهم شيئا).

 Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким (бирор кишини) ҳидоятга чақирса, ҳидоятга эргашган кишиларнинг ажридан бирор нарса камайтирилмасдан, унинг ажрича ажр бўлади», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Мен ҳам осон йўлларни баён қилиш билан яхшилик аҳлларига ёрдам беришни хоҳладим. Китобнинг аввалида ҳаммамиз муҳтож бўлган муҳим бир фаслни зикр қилдим. Агар унча машҳур бўлмаган саҳобийнинг номи келса, билмаганларни огоҳ этиш учун фалон саҳобийдан, деб айтдим.

Бу китобни ёзишда Ислом асоси бўлмиш бешта машҳур асар – «Саҳиҳул Бухорий», «Саҳиҳул Муслим, «Сунани Абу Довуд», «Сунани Термизий», «Сунани Насаий» китобларига суяндим. Жуда оз ўринларда бошқа таниқли асарлардан фойдаландим. Асосан саҳиҳ ҳадисларни келтирдим. Заифларини зикр қилишдан сақландим. Баъзи ўринларда зикр қилган бўлсам ҳам, заифлигини баён этдим. Шунинг учун бу китобнинг ишончли манбалардан бўлишига умид қиламан.

Аллоҳдан бу ишларнинг муваффақиятли бўлишини, инобатга олишини, ёрдам беришини, ҳидоятга бошлашини, ўзи сақлашини сўрайман. Яна ҳар турли мукаррам ишларда бардавом бўлишни ва мен билан дўстларимни карамли ҳовлида жам қилишини сўраб қоламан.

Менга Аллоҳ кифоядир. Ва У жуда ҳам яхши вакил. Ўзгартириш ва қувват фақат ал-Ҳаким ва ал-Азиз бўлган Аллоҳникидир. Аллоҳ нимани хоҳласа, ўша бўлади. Аллоҳдан бошқада қувват йўқ. Аллоҳга таваккал қилдим. Уни маҳкам тутдим. Ундангина ёрдам сўрадим. Ишимни Унга топширдим.

Аллоҳдан нафсимнинг, ота-онамнинг, биродарларимнинг ва жамики мусулмонларнинг дунёю охират ишларида берган неъматларини сақлашини сўраб қоламан. Агар Аллоҳдан бирор нарсанинг сақланишини сўрасангиз, албатта, У сақлайди. У энг яхши сақловчидир.

 

Фасл: Хоҳ махфий, хоҳ зоҳирий бўлсин, барча амалларда ниятни чиройли қилиш ҳамда ихлосли бўлиш

 

Аллоҳ таоло Баййина сурасининг 5-оятида айтади:

 {وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ}

 

«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга буюрилган эдилар».

Ҳаж сурасининг 37-оятида эса бундай дейди:

 {لَنْ يَنَالَ اللهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ}.

 

«Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас, лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар» жумласининг маъносини: «Унга сизларнинг ниятингиз етади», деб тушунтирганлар.

1 - أخبرنا شيخنا الإمام الحافظ أبو البقاء خالد بن يوسف بن الحسن بن سعد بن الحسن بن المفرج بن بكار المقدسي النابلسي ثم الدمشقي رضي الله عنه، أخبرنا أبو اليمن الكندي، أخبرنا محمد بن عبد الباقي الأنصاري، أخبرنا أبو محمد الحسن بن علي الجوهري، أخبرنا أبو الحسين محمد بن المظفر الحافظ، أخبرنا أبو بكر محمد بن محمد بن سليمان الواسطي، حدثنا أبو نعيم عبيد بن هشام الحلبي، حدثنا ابن المبارك، عن يحيى بن سعيد - هو الأنصاري - عن محمد بن إبراهيم التيمي، عن علقمة بن وقاص الليثي، عن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "إنما الأعمال بالنيات وإنما لكل امرئ ما نوى، فمن كانت هجرته إلى الله ورسوله فهجرته إلى الله ورسوله، ومن كانت هجرته إلى دنيا يصيبها أو امرأة ينكحها فهجرته إلى ما هاجر إليه".

 

  1. Ҳофиз Абулбақо Холид ибн Юсуф Мақдисий Абул Яман Киндийдан, бу киши Муҳаммад ибн Абдулбоқий ал-Ансорийдан, бу киши Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ал-Жавҳарийдан, бу киши Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Музаффар ал-Ҳофиздан, бу киши Абу Бакр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Воситийдан, бу киши Абу Нуъайм Убайд ибн Ҳишом ал-Халабийдан, бу киши Ибн Муборакдан, бу киши Яҳё ибн Саиддан, бу киши Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймийдан, бу киши Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан, бу киши Умар ибн Хаттобдан ривоят қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, бас, Аллоҳ ва расули учун ҳижрат қилибди. Кимнинг ҳижрати дунёга етишиш ёки хотинга уйланиш учун бўлса, унинг ҳижрати ўша нарсасига бўлибди», дедилар.

Бу ҳадиснинг саҳиҳлигига ва даражаси улуғлигига иттифоқ қилинган. Бу ҳадиси шариф Ислом асосларидан бирини ифода этгандир. Уламолар бир китоб тасниф этсалар, мана шу ҳадис билан бошлаганлар ва бу билан унга ўқувчининг диққатини қаратганлар.

Имом Абу Саид Абдураҳмон ибн Маҳдийдан ривоят қилинишича, у киши: «Ким китоб тасниф этмоқчи бўлса, мана шу ҳадис билан бошласин», деганлар.

Имом Абу Сулаймон Хаттобий айтадилар:

«Илгариги шайхларимиз ҳамма ишда, хоҳ диний, хоҳ умумий ҳожатларда бўлсин, «Амаллар ният биландир», ҳадисини муқаддам этишни маъқул кўришган».

Ибн Аббосдан бизгача етиб келган бир гап бор. У киши: «Киши ниятига қараб сақланади», деган эканлар.

Бошқалар эса: «Ниятига қараб берилади», дейишган.

Саййид Абу Али Фузайл ибн Иёз розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Инсонлар сабабли бир амални тарк қилиш риё ва инсонлар сабабли бир амални бажариш ширкдир. Аллоҳ бу иккитасидан сақлагани ҳақиқий ихлосдир».

Имом Ҳорис Муҳосибий: «Ростгўй киши бошқаларнинг қалбидан чиқадиган нарсага эътибор бермайдиган ва заррача яхшилигидан инсонлар огоҳ бўлишини ёқтирмайдиган ҳамда ёмон амалларидан инсонлар хабардор бўлишини кариҳ кўрмайдиган кишидир», дейдилар.

Ҳузайфа Маръиший айтадилар: «Ихлос инсоннинг зоҳири ҳам, ботини ҳам бир хил бўлганидир».

Абулқосим Қушайрий дейдилар: «Ихлос – тоатда Аллоҳ таолонинг якка ўзини қасд қилиш. Тоатдан мақсад Аллоҳга яқин бўлишдир, махлуққа кўриниш учун ёки инсонлардан мақтов эшитиш, муҳаббатини қозониш кабилар эмас».

Саййид Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий бундай дейдилар: «Ихлосни ақлли кишилар, ҳаракат, сукут, ботин-у зоҳир фақат Аллоҳ учун бўлиб, ҳавойи нафс ҳам, дунё ҳам аралашмаслиги керак, деб тушунишган».

Абу Али Даққоқ айтадилар: «Ихлос – халқнинг риоясини қилишдан сақланиш. Ростгўйлик эса, нафсга тоат этишдан омонда бўлиш. Ихлосли кишида риё бўлмайди, ростгўйда мағрурланиш».

Зуннун Мисрий: «Ихлоснинг аломати учта нарсада билинади: омманинг мақтови ҳам, маломати ҳам бир хил бўлиши; амаллар ичида ўзининг амалини унутиш; амалларга савобни охиратда талаб қилиш», дейдилар.

Қушайрий айтадилар: «Ростгўйликнинг энг паст даражаси ботин билан зоҳирнинг баробар бўлишидир».

Саҳл Тустарий дейдилар: «Ўзини ёки бировни алдаган киши ростгўйликнинг ҳидини ҳам ҳидламайди».

Бу тўғрида cўзларимиз кўп, лекин кифоя даражасида ишора қилдим.

Фасл: Агар бирорта фазилатли амалдан хабар топсангиз, унинг аҳлидан бўлиш учун бир марта бўлса ҳам, амал қилиб қўйинг. Асло тарк этманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисда:

«Агар сизларга бирор нарсани буюрсам, қодир бўлганингизча унга амал қилинглар», деб айтилган.

Фасл: Муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа уламолар мавзуъ-тўқима бўлганидан ташқари барча рағбатлантирувчи ва огоҳ этувчи ҳадисларга фазилатли ибодатларда амал қилиш жоиз, деб айтишади. Аммо ҳалол-ҳаром, олди-сотди, никоҳ, талоқ каби ҳукмларда фақат саҳиҳ ва ҳасан иснодли ҳадисларга амал қилинади. Мабодо, заиф ҳадислар олинадиган бўлса, жуда эҳтиёткорлик билан йўл тутилади. Шунга кўра, савдо-сотиқ ёки никоҳ масалаларида кариҳ кўрилган нарсалар заиф ҳадисларда ворид бўлса, ундан четланиш мустаҳабдир. Вожиб эмасдир.

Фасл: Зикр қилиш мустаҳаб бўлганидек, зикр ҳалқаларида ўтириш ҳам мустаҳабдир. Бунга очиқ-ойдин далиллар келган. Уларга, иншааллоҳ, ўрнида батафсил тўхталамиз. Ҳозирча икки-учта ҳадисни зикр қилиш билан кифояланамиз.

 

2 – عن ابن عمر رضي الله عنهما، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "إذا مررتم برياض الجنة فارتعوا. قالوا: وما رياض الجنة يا رسول الله؟ قال: حلق الذكر، فإن لله تعالى سيارات من الملائكة يطلبون حلق الذكر، فإذا أتوا عليهم حفوا بهم".

 

  1. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар жаннат боғларидан ўтсангиз, сайл қилиб (айланиб) кетинглар», дедилар. Шунда саҳобалар: «Жаннат боғлари нима, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зикр ҳалқалари», деб айтдилар». Чунки Аллоҳ таолонинг фаришталари зикр ҳалқаларини истаб, дунёни кезиб юришади. Зикр қилаётганларни учратиб қолишса, уларни ўраб олишади.

 

3 - وروينا في (صحيح مسلم)، عن معاوية رضي الله عنه أنه قال: (خرج رسول الله صلى الله عليه وسلم على حلقة من أصحابه فقال: "ما أجلسكم؟ قالوا: جلسنا نذكر الله تعالى ونحمده على ما هدانا للإسلام ومن به علينا، قال: الله ما أجلسكم إلا ذاك؟ أما إني لم أستحلفكم تهمة لكم، ولكنه أتاني جبريل فأخبرني أن الله تعالى يباهي بكم الملائكة".

 

  1. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саҳобалар ҳалқа бўлиб ўтиришганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқиб: «Сизларни бундай ўтиришга нима нарса ундади?» деб сўрадилар. «Аллоҳни зикр қилиш ва бизни Исломга ҳидоят қилганига ҳамд айтиш учун ўтирибмиз», дейишди саҳобалар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шунинг учун ўтирдингларми? Сизларга туҳмат қилган ҳолда, онт ичинглар, демайман-у, лекин менга Жаброил (алайҳиссалом) келиб, Аллоҳ таоло сизлар билан фаришталарига фахрланаётгани хабарини берди», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

 

4 - وروينا في (صحيح مسلم) أيضا، عن أبي سعيد الخدري وأبي هريرة رضي الله عنهما: أنهما شهدا على رسول الله صلى الله عليه وسلم أنه قال: "لا يقعد قوم يذكرون الله تعالى إلا حفتهم الملائكة وغشيتهم الرحمة ونزلت عليهم السكينة وذكرهم الله تعالى فيمن عنده".

 

  1. Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Бир қавм ўтириб, Аллоҳни зикр қилса, уларни фаришталар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик туширади. Аллоҳ уларни ўзининг ҳузуридагилар (яъни, фаришталар) билан эслайди», деб айтганларига гувоҳ бўлишди.

Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: Зикр қалб ёки тил билан бўлади. Афзали қалб ва тил билан бирга бўлганидир. Агар биттаси ила кифояланишни хоҳласангиз, қалб билан бўлгани афзал. Риёдан қўрқиб, қалб ва тил билан қилинадиган зикрларни тарк этиш керак эмас. Балки Аллоҳнинг розилигини тилаб, доим зикр қилиб юриш лозим. Фузайл розияллоҳу анҳу юқорида айтганларидек, инсонлар гапидан қўрқиб, бир амални тарк қилиш риёдир. Агар одамларнинг мулоҳазасига қараб иш тутилса, кўп яхшилик эшиклари ёпилади, диннинг муҳим нарсалари зое бўлади. Бу йўл орифларнинг йўли эмас.

 

5 - وروينا في (صحيحي البخاري ومسلم) ، عن عائشة رضي الله عنها قالت : نزلت هذه الآية (ولا تجهر بصلاتك ولا تخافت بها) في الدعاء.

 

  1. Оиша розияллоҳу анҳо:

 

{وَلَا تَجْهَرْ بِصَلَاتِكَ وَلَا تُخَافِتْ بِهَا وَابْتَغِ بَيْنَ ذَلِكَ سَبِيلًا}

 

«Намозингни жаҳрий ҳам, махфий ҳам қилиб юборма» (Исро сураси, 110), ояти дуо ҳақида нозил бўлди», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Зикрнинг доираси тасбиҳ, таҳлил, такбир ёки шуларга ўхшаш нарсалар билан чегараланиб қолмаган, балки Аллоҳнинг тоати учун бўлган ҳар бир амал Аллоҳни зикр қилиш ҳисобланади.

(Тасбиҳ – «Субҳоналлоҳи», таҳмид – «Алҳамду лиллаҳи», таҳлил – «Ла илаҳа иллаллоҳ», такбир – «Аллоҳу акбар» деб айтишдир. – Таржимон.)

Саид ибн Жубайр ва бошқа уламолар айтишади:

«Ҳалол-ҳаром ҳукмлари зикр этилган мажлислар, олди-сотди, намоз ўқиш, рўза тутиш, никоҳ қилиш, талоқ қўйиш, ҳажга бориш ва шунга ўхшаш масалалардан сўз борган барча йиғинлар зикр мажлисларидир».

Фасл: Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 35-оятида:

 

{وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا}

 

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир», дейди.

«Саҳиҳи Муслим»да эса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муфарридлар олдинга ўзиб кетишди», дедилар. Шунда саҳобалар: «Муфарридлар деганингиз кимлар, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар», дедилар».

Юқоридаги оят тўғрисида ихтилофли фикрлар бор. Имом Абул Ҳасан Воҳидий айтадилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу оятдаги зикр қилувчилардан мурод ҳар бир намоз сўнгида ва кечасию кундузи, тўшакда, уйқудан уйғонганда, ҳар гал манзилдан чиққанда Аллоҳни ёд этувчилардир», дедилар».

Мужоҳид эса: «Ёнбошлаганида, ўтирганида, тик турганида  Аллоҳни зикр қилмаган эркак ёки аёл ҳақиқий зокир бўла олмайди», деганлар.

Ато розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ким беш вақт намозни ҳақларини адо этиб ўқиса, Аллоҳнинг оятидаги зикр қилувчилар сирасига киради».

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар киши кечаси аҳлини уйғотиб, биргаликда икки ракъат намоз ўқишса, кўп зикр қилувчи эркак ва аёллардан деб ёзилади», дедилар.

Бу ҳадис машҳурдир. Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ривоятлари.

Шайх Абу Амр ибн Салоҳ розияллоҳу анҳудан: «Қандай қилиб киши зокир бандага айланиши мумкин?» деб сўрашганида, у зот: «Собит бўлган маъсур (яъни, Пайғамбаримиздан нақл этилган) зикрларни тонг отганида, кечқурун, кундузи, ярим кечаси ва ҳар турли ҳолатларда доимий ўқиб юрса, ана шунда оятда келган кўп зикр қилувчилар қаторига қўшилади», деб жавоб бердилар.

Фасл: Уламоларимиз, таҳоратсиз ёхуд жунуб бўлган эркаклар, ҳайз ва нифосдаги аёллар тасбиҳ, таҳлил, ҳамд, такбир, саловот ва бошқа дуоларни тили ва қалби билан бажариши жоиз, дейишади. Лекин жунуб бўлган эркак, ҳайз ёки нифосдаги аёл Қуръондан бир парча бўлса-да, тиловат қилиши ҳаромдир. Аммо лафзсиз қалбда айтиши ва назар солиши жоиз, дейишади.

Фасл: Зикр қилаётган киши ишига жиддий қараши лозим. Агар бир жойда ўтирган бўлса, қиблага юзланиб, ўзини хокисор тутиб, хушуъ, сокинлик ва виқор билан бошини эгиб ўтиради. Бундан бошқача ўтиришнинг бир оз кароҳияти бор. Агар узрсиз ҳолда мана шу ишларни тарк этса, афзал нарсани қилмаган бўлади. Комил сифатларга амал қилмасликнинг кароҳияти йўқлигига қуйидаги оят ва ҳадисларни далил қилиб келтиришади:

 

{إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ (190) الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ}.

 

«Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам, ётганларида ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яралиши ҳақида тафаккур қиладилар...» (Оли Имрон, 190 – 191-оятлар).

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен ҳайз кўрган пайтимда тиззамга суяниб, Қуръон ўқир эдилар».

Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Имом Муслимнинг ривоятларида эса: «Мен ҳайзлик пайтимда бошларини тиззамга қўйиб», деб келган.

Яна Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Кундалик зикр вазифаларимни тўшагимга суяниб ўқир эдим».

Фасл: Зикр қилинадиган макон холи, пок бўлиши лозим. Чунки зикрни ва зикр қилинажак Аллоҳни ҳурмат қилишда ажр кўпдир. Шунинг учун зикр масжидда ва улуғ масканларда бўлиши афзал кўрилади. Улуғ имом Абу Майсара: «Аллоҳ фақат пок маконда зикр қилинади», деб айтганлар.

Яна бир шарти оғиз тоза бўлиши керак. Агар оғизда бирор ўзгариш бўлса, мисвок билан кетказилади, ёмон нарсалар бўлса, сув билан ювиб ташланади. Мабодо, оғиз ювилмасдан Аллоҳ зикр қилинса, макруҳдир, аммо ҳаром эмас. Оғиз тозаланмасдан туриб, Қуръон ўқиш ҳам макруҳ.

Фасл: Зикр қилиш шариат истисно қилган ўринлардан бошқа ҳар қандай ҳолатда маҳбуб амалдир.

Ўтирганда, ҳожат чиқараётганда, жимоъ пайтида, хутба ўқилаётганда, эснаётган ҳолатларда зикр қилиш макруҳ саналади. Аммо йўлда ва ҳаммомда макруҳ эмас.

Фасл: Зикрдан мақсад қалбнинг ҳузур олишидир. Киши зокир бўлиши учун зикрга қизиқиши ва айтаётганларининг маъносини англаши-тадаббур қилиши лозим. Қироатда тадаббур матлуб бўлганидек, зикрда ҳам матлубдир. Шунинг учун «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини чўзиб айтиш ихтиёр қилинган. Чунки бунда тадаббур қилиш имконияти бўлади.

Фасл: Кимнинг кундузи ёки кечасида ё намоздан кейин ёхуд бошқа бир пайтда зикрдан вазифаси бўлса, кечиктирмасдан адо қилиш лозим. Агар вақтида бажаришга одатланса, ҳеч қачон ўтказиб юбормайди. Аммо уни бажаришни енгил санаса, зое қилишни ҳам енгил санайди.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким кунлик вазифасини адо этмасдан ухлаб қолиб, сўнг бомдод билан пешиннинг орасида ўқиб олса, гўё кечаси ўқиганнинг савоби ёзилади», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: Гоҳида киши зикр қилаётиб, баъзи сабаблар билан уни тўхтатишга мажбур бўлиб қолади. Масалан, салом берилиши мумкин. Шунда алик олиб, сўнг яна зикр қилинаверади. Бирор киши акса урса, «ярҳамукаллоҳ» деб қўйилади, кейин яна зикрида давом этади. Зикр қилинаётиб, азон эшитилиб қолса, орада унинг калималарига жавоб берилади. Шунингдек, бирор мункар ишни кўрса, ундан  қайтаради, бирор яхши ишга даъват қилади. Сўнгра яна давом этади.

Эснаганда ва шу каби ҳолларда зикрни тўхтатиб туради.

Фасл: Яхши билингки, намоз ёки бошқа ибодат-амалларда машруъ бўлган зикрлар вожиб ёки мустаҳаб бўлса, ўзи эшитадиган қилиб талаффуз этмаса, ҳисобга олинмайди. (Масалан, намозда қироатини ўзи эшитадиган қилиб ўқиши керак, йўқса, қироат қироат бўлмайди. – Таржимон.)

Фасл: Кундуз ва кечасидаги амаллар тўғрисида имомларимиз томонидан нафис китоблар тасниф этилган. Уларнинг энг яхшиси Абу Абдураҳмон Насаийнинг «Кундузи ва кечасидаги амаллар» номли китобларидир. Бундан-да нафисроғи ва фойдалироғи Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ Суннийнинг «Кеча ва кундузги амаллар» номли рисолалари. Мен Ибн Суннийнинг ҳамма китобларини шайхимиз Абулбақо Холид ибн Юсуф ибн Саъд ибн Ҳасандан эшитдим. Бу зот эса, 602 ҳижрий санада аллома Абул Яман Зайд ибн Ҳасан ибн Зайд ибн Ҳасан Киндийдан, у киши шайх Абул Ҳасан Саъдулхайр Муҳаммад ибн Саҳл Ансорийдан, у зот шайх Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Саъд ибн Аҳмад ибн Ҳасан Дувнийдан, у киши Қози Абу Наср Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Кассор Дайнурийдан, у зот шайх Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ Суннийдан эшитганлар. Бу далилларни келтиришимдан мақсад, иншааллоҳ, Ибн Суннийнинг китобини ўқувчига исботлари билан тақдим қилишдир. Гапни исботи билан келтириш ҳадис имомлари наздида яхши амал. Бу китобда жамики зикр қилганларим саҳиҳ ривоятлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, муттасил эшитилиб келингандир. Бундан ташқари, яна бешта саҳиҳ китобдан кўчирдим.

Улар: «Саҳиҳул Бухорий», «Саҳиҳул Муслим», «Сунани Абу Довуд», «Сунани Термизий», «Сунани Насаий». Шунингдек, Имом Моликнинг «Муваттоъ» китобларига ёки Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ва Абу Авонанинг муснадларига ўхшаш ёки Ибн Можа, Дора Қутний, Байҳақийнинг  сунанларига ўхшаш бошқа китоблар ҳам бор.

Фасл: Бу китобда зикр қилинган ҳадислар машҳур китоблардан сараланди. Хусусан, «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳул Муслим»дан. Бу иккисидан бошқа ўринларда сунан ёки шунга ўхшаш китоблардан фойдаландим ва  улардан олинган ҳадисларнинг саҳиҳ, ҳасан ёки заиф эканини баён қилдим. Уларнинг орасидан энг кўп кўчирганим Абу Довуднинг «Сунан»и бўлди. Бу зотнинг ўзлари китоблари ҳақида шундай деганлар: «Китобимда саҳиҳ ёки шунга яқин ҳадисларни зикр қилдим. Агар жуда заиф бўлса, заифлигини баён этдим. Аммо ҳеч нарса демаган бўлсам, билингки, у яроқлидир. Шунингдек, ҳадисларнинг баъзиси баъзисидан саҳиҳроқдир».

Бу сўзлар биз учун ҳам, бошқалар учун ҳам фойдалидир.

Демак, Имом Абу Довуддан ривоят қилинган ҳадислар заиф дейилмаган бўлса, у заиф эмас.

Китобнинг аввалига зикр фазилати ҳақидаги бобни қўйдим. Кейингилари осон бўлиши учун баъзи тушунчалар келтирдим. Сўнг китобнинг мақсадини зикр этдим. Аллоҳдан мағфират умид қилиб, уни истиғфор боби билан тугатдим.

Бу ишларга Аллоҳнинг ўзи муваффақ қилувчидир. Унгагина ишонамиз, таваккал қиламиз – суянамиз ва ишимизни Унгагина топширамиз.

islom.uz © 2003-2018.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.