Print this page

1009/1-ҳадис

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَافِعِ بْنِ الْمُعَلَّى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَلاَ أُعَلِّمُكَ أَعْظَمَ سُورَةٍ فِي الْقُرْآنِ قَبْلَ أَنْ تَخْرُجَ مِنَ المَسْجِدَ؟» فَأَخَذَ بِيَدِي، فَلَمَّا أَرَدْنَا أَنْ نَخْرُجَ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّكَ قُلْتَ لأُعَلِّمنَّكَ أَعْظَمَ سُورَةٍ فِي الْقُرْآنِ؟ قَالَ: «الحَمْدُ للهِ رَبِّ العَالَمِينَ هِيَ السَّبْعُ المَثَانِي، وَالْقُرْآنُ الْعَظِيمُ الَّذِي أُوتِيتُهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

1009/1. Абу Саъид Рофеъ ибн Муъалло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Масжиддан чиқишингдан олдин сенга Қуръондаги энг буюк сурани ўргатмайинми?» деб, қўлимдан ушладилар. Кейин чиқмоқчи бўлганимизда: «Эй Аллоҳнинг Расули, «Қуръондаги энг буюк сурани ўргатиб қўяман», деган эдингиз?» дедим. Шунда у зот: «Ал‑ҳамду лиллааҳи Роббил‑ъааламиин»‑да. Менга берилган такрорланувчи еттилик ва буюк Қуръон шудир», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Изоҳ: Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳижр сурасининг 87-оятига ишора қилмоқдалар. Унда шундай дейилади: «Батаҳқиқ, Биз сенга такрорланувчи еттилик ва буюк Қуръонни бердик». Ушбу оятда келган васфлар Фотиҳа сурасининг номларидандир. Бу суранинг «такрорланувчи» дейилиши унинг намозларда ҳар ракатда қайта-қайта, такрор-такрор ўқилиши ёки Маккада ҳам, Мадинада ҳам нозил бўлгани эътиборидандир. У етти оятдан иборат бўлгани учун «еттилик» дейилган. «Такрорланувчи еттилик» деб ўгирилган ушбу «Сабъул-масоний» иборасини яна «ҳамду сано еттилиги» деб ҳам тушуниш мумкин. Бунда сурада Аллоҳ таолога ҳамду сано маънолари мужассамлиги назарда тутилган бўлади.