ОДАМЛАРНИНГ ЙЎЛЛАРИГА, СОЯЛАНАДИГАН ЖОЙЛАРИГА ВА СУВ ОЛАДИГАН ЕРЛАРИ ВА ШУНГА ЎХШАШ ЕРЛАРГА КАТТА ТАҲОРАТ УШАТИШДАН ҚАЙТАРИҚ
120 - وَعَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ أَنَّ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اتَّقُوا الَّلاعِنَيْن» قَالُوا ومَا الَّلاعِنَانِ؟ قَالَ: «الَّذِي يَتَخَلَّى في طَريقِ النَّاسِ أَوْ في ظِلِّهِمْ». رواه مسلم.
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки лаънатловчидан сақланинглар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънатловчи нима?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг йўлига ва соя жойига хало қилган», дедилар».
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Шундай ишлар борки, уни амалга оширган киши лаънатга дучор бўлади. Ислом ўз тобеълари, эргашувчиларини бундай нарсага йўлиқиб қолишдан огоҳлантиради. Бошқа томондан бу одамларга меҳрибонликдир. Одамлар бошқаларга танглик келтирадиган нарсани амалга ошириб қўйишади. Масалан, дам оладиган жойларини ифлос қилиб ёки сояланадиган салқин жойларга ҳожат чиқаришади. Ёки одамлар юрадиган умумий йўлларда мушкуллик ва ноқулайлик юзага келтириб чиқариб, бошқаларга озор беради.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Мусулмон киши лаънатга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан узоқда бўлади.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмоннинг ҳар ишида эътиборли бўлганлар. Мусулмоннинг лаънатга учрашига асло рози бўлмаганлар.
- Мусулмон киши одамлар юрадиган йўлга ҳожат чиқариб, уларга озор бермайди.
- Соя-салқин жойларда одамлар дам олади. Инсон ундай жойни тозалигига риоя қилади.
- Ислом атроф муҳит тоза бўлишини истайди. Шунингдек, бошқалар ҳис‑туйғусини ҳурмат қилишга чақиради.
ТАОМ ҲОЗИР БЎЛИБ ИШТАҲА КЕЛИБ ТУРГАНДА, ҲАМДА ҲОЖАТИ ҚИСТАБ ТУРГАНДА НАМОЗ ЎҚИШНИНГ МАКРУҲЛИГИ ҲАҚИДА
117 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّه عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لا صَلاةَ بحَضرَةِ طَعَامٍ، وَلا وَهُوَ يُدَافِعُهُ الأَخْبَثَان». رواه مسلم.
- Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Таом ҳозир бўлганда ва икки томондаги ҳожати қистаб турганда, яъни пешоб ва ични бўшатгиси келиб турганда намоз йўқдир», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Чунки бундай ҳолатларда намоз ўқувчи кишидан хушуъ кетади. Албатта намоз вақти кенг бўлса шундай. Лекин намоз вақти торайиб кетса, кароҳият кўтарилади.
Шарҳ: Ислом -инсон фитрати ва табиатини риоя қилади. Шунинг учун фикрни машғул қиладиган нарса юзага келса, ибодатни ўташда енгиллик пайдо қилинади. Шу сабабли Пайғамбар алайҳиссалом овқат ҳозир бўлганида, овқатга иштаҳа қилиб, фикру ҳаёли унга овора бўлиб қолмаслиги, шу сабабли намозни шошиб адо этмаслигини назарда тутиб, намоз ўқишни ман қилганлар. Шунингдек, ҳожат қистаб турганида ҳам намоз ўқишни ман этдилар. Чунки бундай ҳолатда у киши безовта бўлиб, хузуъ ва хушуъдан йироқ бўлади.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Икки томондан қистаб турганида ўқилган намоз хушуъсиз намоз ҳисобланади.
- Мусулмон киши агар қорни жуда оч бўлса, намоздан олдин овқатни еб олади.
- Ислом фақат ташқи жисмоний ҳаракатлардангина иборат бўлиб қолган ибодатни қабул этмайди, ибодатда аввало руҳият бўлиши лозим.
- Мусулмон киши намоз пайтида Аллоҳ ҳузурида турганини ҳис қилсин. Ақли ва қалби Аллоҳдан бошқасига чалғимасин.
- Мусулмон киши Аллоҳ ҳузурида турганида собит, хотиржам ҳолда туради. Нафсининг турли чалғитувчи таъсирларидан холи бўлади.
РИЁНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА
109 - عَنْ أبي هُرَيرَةَ رضي الله عنه قَالَ: سمِعْتُ رَسُولَ اللَّه صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « إنَّ أوَّلَ النَّاسِ يُقْضَى يوْمَ الْقِيامَةِ عَليْهِ رجُلٌ اسْتُشْهِدَ، فَأُتِىَ بِهِ، فَعرَّفَهُ نِعْمَتَهُ، فَعَرفَهَا، قالَ: فَمَا عَمِلْتَ فِيها؟ قَالَ: قَاتَلْتُ فِيكَ حَتَّى اسْتُشْهِدْتُ: قالَ كَذَبْت، وَلكِنَّكَ قَاتلْتَ لأنَ يُقالَ جَرِيء، فَقَدْ قِيلَ، ثُمَّ أُمِرَ بِهِ فَسُحِبَ عَلى وَجْهِهِ حَتَّى أُلْقِىَ في النَّارِ. وَرَجُل تَعلَّم الْعِلّمَ وعَلَّمَهُ، وقَرَأ الْقُرْآنَ، فَأتِىَ بِهِ، فَعَرَّفَهُ نِعَمهُ فَعَرَفَهَا، قالَ: فمَا عمِلْتَ فِيهَا؟ قالَ: تَعلَّمْتُ الْعِلْمَ وَعَلَّمْتُهُ، وَقَرَأتُ فِيكَ الْقُرآنَ، قَالَ: كَذَبْتَ، ولكِنَّك تَعَلَّمْت الْعِلْمَ وَعَلَّمْتُهُ، وقَرَأت الْقرآن لِيقالَ: هو قَارِىءٌ، فَقَدْ قِيلَ، ثُمَّ أمِرَ، فَسُحِبَ عَلى وَجْهِهِ حَتَّى أُلْقِىَ في النَّارِ، وَرَجُلٌ وسَّعَ اللَّه عَلَيْهِ، وَأعْطَاه مِنْ أصنَافِ الْمَال، فَأُتِى بِهِ فَعرَّفَهُ نعمَهُ، فَعَرَفَهَا، قال: فَمَا عَمِلْت فيها؟ قال: ما تركتُ مِن سَبيلٍ تُحِبُّ أنْ يُنْفَقَ فيهَا إلاَّ أنْفَقْتُ فيها لَك. قَالَ: كَذَبْتَ، ولكِنَّكَ فَعَلْتَ ليُقَالَ: هو جَوَادٌ فَقَدْ قيلَ، ثُمَّ أمِرَ بِهِ فَسُحِبَ عَلَى وجْهِهِ ثُمَّ ألْقِىَ في النار». رواه مسلم.
«جَرِيء» بفتح الجيم وكسر الرَّاءَ وبالمدِّ أىّ: شُجَاعٌ حَاذقٌ.
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам –шаҳид бўлган одам. У олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен «шижоатли» дейилиш учун жанг қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот. Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган. Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди. «Ёлғон айтдинг! Сен илмни у олим, дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни у қори, дейилиш учун ўқидинг, шундоқ дейилди ҳам» дейди У зот. Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди. Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай йўлингда инфоқ қилдим», дейди. «Ёлғон айтдинг! Сен сахий, дейилиш учун қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот. Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади», деб айтганларини эшитдим".
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Одамлар билиши учун амални рўёбга чиқаришда савоб йўқдир. Ким Аллоҳдан бошқага овоза бўлиш мақсадида амал қилса, қасди тўғри эмаслиги учун азобга гирифтор бўлади. Душман билан тўқнашишда динни олий бўлиши ёки уни мудофаа қилиш мақсади бўлмасдан уни жасур дейишлари ва риё учун урушса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида унинг қасдини очиб, сирларини ошкора қилади сўнгра риёсига яраша жазо тайин қилгач, уни дўзах томон судраб олиб келинади. Шунингдек, илм ёки Қуръон таҳсил олган киши одамлар уни олим ёки қори деб номлашлари учун олган бўлса, унинг ҳам жазоси жаҳаннам бўлади. Чунки у ҳам илми ва таълимидан Аллоҳ розилигини талаб қилмаган эди. Шунингдек яна мол‑мулкини инфоқ қилиб, бу ишидан уни сахий дейишларини мақсад қилган бўлса, бу ҳам жаҳаннамга равона бўлади.
Ушбу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларни амал қилганда Аллоҳдан бошқани мақсад этилишидан огоҳлантирганлар. Амалда ихлос бўлиши лозим, ихлоссиз амалнинг охиратда ҳеч қандай қиймати йўқдир.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Ният амалнинг ўзидан ҳам аҳамиятлидир.
- Гоҳида улкан амални ҳам бузғунчи ният зое қилиши мумкин.
- Мусулмон киши амалга оширадиган ҳар қандай амалда ниятини софлаб олади.
ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДАМЧИЛИКДАН ҚАЙТАРИҚ
106 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرةَ رضي اللَّه عَنه أنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «منْ حمَلَ عَلَيْنَا السِّلاحَ، فَلَيْسَ مِنَّا، ومَنْ غَشَّنَا، فَلَيْسَ مِنَّا». رواه مسلم.
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизга қарши қурол кўтарса -биздан эмас, кимки алдаб, фирибгарлик қилса- биздан эмас», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Ушбу муборак ҳадис мусулмонларнинг бир‑бирлари билан урушиши нақадар хатарли эканини баён этмоқда. Шунинг учун Набий алайҳиссалом биродарига қурол кўтарган кишини мусулмон умматидан эмас, биздан эмас демоқдалар. Агар одамлар ушбу ҳадисни англаб, шу таълимот асосида ҳаёт кечиришса, ўзаро ораларида найза, пичоқ, қилич, ўқотар қуроллар билан урушишларига гувоҳ бўлмас эдик. Чунки мусулмонга қарши қурол кўтарган пайтда у мусулмон инсон Ислом доирасидан чиқади. Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам олди‑сотдида ва тижоратда ёлғон, алдов ишлатмасликни ҳам баён қилдилар. Мусулмонларнинг фирибгарлик қилиш, алдаш яна бир кўриниши- талабаларнинг кириш имтиҳонларида ёки ўқув жараёнида ёлғон, алдов, кўчириб олиш каби ишларни қилишлари айни алдаш ва фирибгарликнинг кўринишларидандир. Бу эса гуноҳдир, халқни, жамиятни алдашдир.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Биродарига қурол кўтарган киши мусулмонлар жамоасидан эмас.
- Одамларни мол‑мулкини тортиб олиш мақсадида уларни қўрқитиб, қурол кўтарган киши ҳам мусулмонлардан эмас.
- Олди‑сотдида, гувоҳлик ва илмда алдаган киши ҳам мусулмон эмас.
МУСУЛМОНЛАРНИ ТАҲҚИРЛАШНИНГ ҲАРОМЛИГИ
105 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بِحَسْبِ امْرِيءٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ، وقد سبق قرِيبا بطوله.
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг мусулмон биродарини паст санамоғи унинг ёмон эканига кифоя қилади», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари. Узун ҳолдагиси бироз олдин келди.
Шарҳ: Мусулмон бирор кимсани паст санамайди. Эҳтимол, у менсимаётган киши Аллоҳнинг ҳузурида энг афзал киши бўлиши мумкин. Паст санаш- хунук исм ёкм лақаб билан чақириш ёки кишилардан устун келиш, ўзини кўрсатиш мақсадида одамларни орқали обрўсизлантириш, ерга уриш, уларга паст назар ила қараб, такаббурлик қилиш билан бўлади.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Мусулмон киши биродарини паст санаши, камситиши ҳаромлиги.
- Мусулмон киши биродарини асоссиз паст санаши, таҳқирлаши уни ёмон инсон эканига кифоя қилади.
- Бошқалардан устун келиш ва улар ёқтирмайдиган исмлар билан чақириш, уларни паст санаганининг, ерга урганининг белгисидир.
- Биродарини ранги, ирқи, келиб чиқиши, насаби ва оиласи ёки бажараётган вазифасини айблаш- уни камситганини билдиради.
ДУОНИНГ ФАЗИЛАТИ
101 - وَعَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رضَي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقَولُ: «اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ العَجْزِ وَالكَسَلِ، وَالبُخْلِ وَالهَرَمِ، وَعَذَابِ الْقَبْرِ، اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا، وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا، أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلاَهَا، اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لاَ يَنْفَعُ، وَمِنْ قَلْبٍ لاَ يَخْشَعُ، وَمِنْ نَفْسٍ لاَ تَشْبَعُ، وَمِنْ دَعْوَةٍ لاَ يُسْتَجَابُ لَهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳумма инний аъузу бика минал ъажзи вал касали вал бухли вал ҳарами ва ъазабил қобри, Аллоҳумма ати нафсий тақваҳа ва заккиҳа анта хайру ман заккаҳа анта валиййуҳа ва мавлаҳа, Аллоҳумма инний аъузу бика мин ъилмин ла янфау ва мин қолбин ла яхшаъу ва мин нафсин ла ташбаъу ва мин даъватин ла юстажабу лаҳа», деб айтардилар.
Маъноси: Аллоҳим, Сенинг номинг ила ожизликдан, дангасаликдан, бахилликдан, қариликдан, қабр азобидан паноҳ тилайман. Аллоҳим, нафсимнинг тақвосини бергин ва уни поклагин ва Сен покловчиларнинг яхшисисан. Сен дўсти ва хожасисан. Аллоҳим, Сенинг номинг ила фойда бермайдиган илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат қилинмайдиган дуодан паноҳ тилайман.
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Киши баъзан ҳаётда шундай қийинчиликларга дучор бўладики, унга қарши туришга ва таҳаммул қилишга ожизлик сезади. Ана шу пайтда кучли ва қудратлининг Зот ҳузурига талпинади. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ фарз қилган нарсаларни бажаришда ожиз бўлиб қолишдан паноҳ тилаганлар. Дангасалик ва бепарволикдан паноҳ тилаганлар. Шунингдек инсоннинг душмани бўлган қўрқоқликдан ва воқеалар қаршисида шижоат етишмаслигидан паноҳ тилаганлар. Яна заифлик ва беморликка ошно бўлган ўта қариликдан, мол‑дунёга қаттиқ берилишдан, ҳақдор кишиларга инфоқ қилмасликдан, қабр зулматидаги аламли азобдан, ҳаётда ва ўлим соатида фитнага йўлиқишдан, мол‑мулк фитнасива шайтоннинг фитнасидан паноҳ тилардилар.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига паноҳ тилаш лозим бўлган нарсаларни таълим берардилар.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нафсга ва жисмга етадиган касалликларидан паноҳ тилардилар.
- Мусулмон киши Аллоҳдан дунё ва охиратдаги фитналардан сақлашини сўраб, дуо қилади.
- Шундай салбий сифатлар борки, мўмин киши доимо улардан сақланиши, кучи етмаган ўринда Аллоҳдан, паноҳ сўраши лозим.
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ
97 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِذَا سَمِعْتُمُ النِّدَاءَ فَقُولُوا مِثْلَ مَا يَقُولُ، ثُمَّ صَلُّوا عَلَيَّ، فَإِنَّهُ مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلاَةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ بِهَا عَشْرًا، ثُمَّ سَلُوا اللهَ لِي الْوَسِيلَةَ، فَإِنَّهَا مَنْزِلَةٌ فِي الجَنَّةِ لاَ تَنْبَغِي إِلاَّ لِعَبْدٍ مِنْ عِبَادِ اللهِ وَأَرْجُو أَنْ أَكُونَ أَنَا هُوَ، فَمَنْ سَأَلَ لِيَ الْوَسِيلَةَ حَلَّتْ لَهُ الشَّفَاعَةُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Қачон муаззиннинг азон айтаётганини эшитсанглар, у айтганидек айтинглар. Сўнгра менга саловот йўлланглар. Ким менга битта саловот айтса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади. Кейин менга Аллоҳдан василани сўранглар. У жаннатдаги бир макондир. У макон Аллоҳнинг бандаларидан биттасига насиб этади. Ўша банда мен бўлишимга умид қиламан. Ким менга васила сўраса, унга шафоатим насиб этади», деганларини эшитдим.
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Намозни эълон қилиш азон айтиш орқали амалга оширилади. Азон қалбни шод этиб, нафс унинг сўзларига мойил бўлиб, Роббиси ҳузурида турганидан қалблар ўзини бахтиёр ҳис қилади. Такбир, шаҳодат ва таҳлил калималарни ўзида мужассам қилган азон садоси янграганида, унга қалбдан қулоқ тутиш лозим. Балки, мусулмон киши муаззин айтган нарсаларни унга жўр бўлиб қайтариб туради. Азон калималари қалбидан жой олгач қалбида ибодат ва муҳаббатга мойиллик туйғуси шаклланади. Азон айтиб бўлингач Роббимиз буюрганидек Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Бандани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтган битта салавотига Аллоҳ ўнта салавот билан мукофотлашини Пайғамбаримиз баён қилганлар. Кейин Аллоҳдан василани сўрайди. Васила жаннатдаги бир даража бўлиб, Пайғамбар уни ўзлари учун бўлишини умид қилганлар. Ким Пайғамбар алайҳиссаломга у зот севган ва умид қилган нарсаларини сўраса, у киши учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатлари насиб қилади. Ундан ташқари Қиёмат куни у нарса раҳмат ва гуноҳларига мағфират бўлади.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Мусулмон киши азонни эшитганида қайтариб туради ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни тақдирлаган ҳолда салавот айтади.
- Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан салавот айтилса, унинг муқобилида Аллоҳнинг салавотига ноил бўлади.
- Азонни қайтариб туриш билан мусулмон киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларини қўлга киритади.
- Мусулмон киши Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан айтиладиган салавотни қадрлайди.
ШАВВОЛ ОЙИДА ОЛТИ КУН РЎЗА ТУТИШНИНГ МАҲБУБЛИГИ
93- عَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتَبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Абу Аюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар».
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом биз мусулмонларга дунё ва охиратда манфаат берадиган нарсаларни насиҳат қилардилар. Ана шулардан бири, Рамазондан кейинги Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишдир. Бу билан бир йил рўза тутганлик савобига эришиш имкони насиб бўлади. Чунки, бир яхшиликка Аллоҳ ҳузурида ўн баробар қилиб ажр-савоб берилади. Рамазон ойидаги 30 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси- 300 кун бўлади. Шаввол ойидаги 6 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси- 60 кун бўлади. Жами: 360 кун рўза бўлади. Демак, ким бир йил тўла рўза тутишни истаса, шаввол ойидаги 6 кунлик рўзани тутсин!
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Пайғамбар алайҳиссалом Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани тарғиб қилганлар.
- Ушбу кунларни Шавволнинг олти куни деб номлаш шарт, бошқача номлаш жоиз эмас.
- Рамазон ойидаги 30 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси -300 кун бўлади. Шаввол ойидаги 6 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси -60 кун бўлади. Жами 360 кун бўлади. Демак, кимки йил бўйи рўза тутганни савобига эришмоқ истаса, Шавволнинг олти кунлик нафл рўзасини тутсин. 30х10=300+6x10=60=360.
АШУРО КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИ
92 - عَنْ أَبي قَتَادةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ صَوْمِ يَوْمِ عَرَفَةَ؟ قَالَ: «يُكَفِّرُ السَّنَةَ الْمَاضِيَةَ وَالبَاقِيَةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан арафа куни, яъни зулҳижжа ойининг тўққизинчи кунида тутиладиган рўза ҳақида сўралди. У зот: «Ўтиб кетган ва қолган йилдаги гуноҳларга каффоратдир», дедилар”.
Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Ҳаждаги кишиларга бу кунда рўза тутиш маҳбуб эмас. Чунки талбия, зикр ва дуо қилишдан сусайтириб қуяди.
Шарҳ: Мусулмон киши нафл рўзада улкан савоблар борлиги учун ушбу амални бажаришга киришади. Нафл рўзалардан бири –Ашуро (ўнинчи) кунининг рўзасидир. Ушбу кундаги рўза пайғамбарларнинг орасини боғлаб туради. Пайғамбар алайҳиссалом одатдагидек бу ишда ҳам яҳудий ва насороларга хилоф қилиб, Ашуро рўзасига яна бир кун Тасуъо (тўққизинчи кун) рўзасини қўшдилар. Бундан мақсад, нафл ибодатни адо этишда яҳудй ва насороларга ўшаб қолмасликдир. Ашуро кунида Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Фиръавндан халос этди. Яҳудийлар шунинг учун Ашуро куни рўза тутардилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларни ҳам Ашуро куни рўза тутишларини билгач: "Биз Мусо алайҳиссаломга улардан кўра яқинроқмиз", дедилар ва Ашуро куни рўза тутиб, қўшимча қилиб, тўққизинчи кунги Тасуъони зиёда қилдилар. Шундай экан, бу хусусда Пайғамбаримизнинг суннатига эргашишимиз афзал иш бўлади.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Ашуро куни рўзасининг аҳамияти.
- Пайғамбар алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни қадрлаганлари ва эҳтиром кўрсатганлари.
- Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам агар келгуси йилгача яшасалар, муҳаррам ойининг ўнинчисидаги Ашурога қўшиб, тўққизинчи кунги Тасуъо рўзасини тутишни ният қилганлар. Ҳадисда: "Аҳли китобларга хилоф қилинглар, (Ашуродан) бир кун аввал ва бир кун кейин рўза тутинглар", деб айтилган. (Имом Муслим ривояти).
- Арафа, Ашуро ва Тасуъо кунлари рўзасини тутиш фазилати улкандир.
ЖУМА КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИ, УНИНГ ШАРТЛИГИ
83 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُ يَوْمٍ طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ يَوْمُ الجُمُعَةِ: فِيهِ خُلِقَ آدَمُ، وَفِيهِ أُدْخِلَ الجَنَّةَ، وَفِيهِ أُخْرِجَ مِنْهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. У кунда Одам халқ қилинди. У кунда у жаннатга киритилди. У кунда жаннатдан чиқарилди».
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 9‑оятида: "Эй мўъминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига (яъни, жумъа намозини адо қилиш учун) шошиб боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига — Жумъа намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир", деб марҳамат қилган.
Бу улуғ кундир. Ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳафтанинг энг яхши куни- муборак жума куни эканини марҳамат қилганлар. Унинг фазилатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсониятнинг отаси бўлмиш Одам алайҳиссаломни жума кунида яратган. Худди шу кунда жаннатга кирганлар. Яна Аллоҳнинг ҳикматига биноан у ердан чиқарилганлар. Аллоҳга қайтиш ҳам жума куни бўлади. Жума кунида дуолар қабул бўладиган бир соат борки, агар мўминнинг дуоси ўша фурсатга тўғри келиб қолса, Аллоҳ уни гуноҳларини кечириб юборади. Шу сабабдан ҳам мусулмон уммати бу муборак кунда ибодат, силаи раҳм ва дуоларга машғул бўлиб, байрам каби нишонлайди.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Жума кунини бошқа кунлардан афзаллиги.
- Мусулмон киши жума кунини қадрлайди ва у кунни байрамдек нишонлайди.
- Мусулмон киши жума кунининг одобларини ўрганишга эътибор қилади.