Арбаъин

Арбаъин (41)

Имом Нававийнинг "Арбаъин" Қирқ ҳадисларига

доктор Мустафо ал-Буғо ва шайх Муҳиддин Мистулар томонидан ёзилган шарҳи.

ҚИРҚИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:38

ҚИРҚИНЧИ ҲАДИС
Фурсатни ғанимат билинг

40 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَخَذَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمَنْكِبَيَّ فَقَالَ: "كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ، أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ".
وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا يَقُولُ: إِذَا أَمْسَيْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الْمَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ، وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوْتِكَ. (رواه البخاري).

40. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки елкамдан тутиб дедилар: “Дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин”.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтардилар: “Кун ботса, тонгни кутма. Тонг кирса, кеч бўлишини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил”.

(Бухорий ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ушбу ҳадиси шариф ўзида улкан хайр ва етук мавъизаларни жамлаган қадри улуғ, фойдаси мўл ҳадисдир. Дунёга берилмаслик бобида уни асос қилиб олмоқ лозим. Мўмин киши ҳеч қачон бу фоний дунёни ўзига боқий ватан деб билиб, Охират ҳаракатидан тўхтаб қолмайди. У дунёда бир ғариб мусофирдек яшайди. Ҳамма нарсасини бот-бот кўздан кечириб, ваъда қилинган Кун сафарига ҳозирланади. Зеро, Қиёматда кишига на моли ва на фарзандлари фойда бера олади. У кун фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келганларгина нажот топади.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Мураббий пайғамбар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари учун беназир муаллим ва мураббий эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим-тарбияларида мураббий ва муаллимлар учун қўлланма вазифасини ўтайдиган мисоллар талайгина. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим тарбия бериш фурсатини қўлдан чиқармас эдилар. Асҳобларига айтмоқчи бўлган сўзларини чиройли ва содда баён қилардилар. Маъноларни мисоллар орқали улар кўз ўнгида яққол гавдалантирардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вақти-вақти билан асҳобларига мавъизалар қилиб турардилар. Уларга ўзлари энг муҳтож бўлган нарсалари ҳақида ва ақл-идрокларига муносиб тарзда гапирардилар. Уларнинг тўғри амалларини кўрсалар тасдиқлаб, хатоларини сезсалар тўғрилар эдилар. Ушбу дарсларнинг барчаси сабр, такрор ва гўзал намуна орқали уқтириларди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмоқчи бўлган сўзларининг муҳимлигини таъкидлаб ва айни ҳикматнинг суҳбатдошлари қалбига кириб ўрнашишини истаётганликларини унга ҳис қилдириб, қуйидагича иш кўрдилар: Абдуллоҳ ибн Умарнинг елкаларидан тутиб сўз бошладилар.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур набавий таълимга алоҳида эътибор қаратдилар:
“Бу ерда муаллим ёки воиз таълим чоғида тингловчисининг айрим аъзоларидан ушлаб гапиришининг жоизлигига далил бордир. Бунга Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ривоятини ҳам мисол келтириш мумкин.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кафтимни кафтлари орасига олиб, менга ташаҳҳудни ўргатдилар”.
Муаллимнинг бундай йўл тутиши шогирднинг кўнгилга илиқлик олиб кириш, диққатини тортиш ва таълимни эсида қолдириш учун хизмат қилади. Зеро бундай тарзда берилган таълим одатда ёддан чиқиб кетмайди. Албатта, айни хатти-ҳаракат ваъз қилувчининг муҳаббатини ҳам ифодалайди. Демак, юқоридаги ривоятлардан хулоса чиқариб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъудни яхши кўрганлар”. (“Фатҳул мубийн ли шарҳил арбаийн” китобидан, 276-бет).

2. Дунё фоний, Охират эса боқийдир.
Инсон бу дунёда Аллоҳ таоло белгилаган муҳлат миқдорича яшаб, сўнг бир кун ўлим таъмини тотади.
“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир”. (Оли Имрон, 185-оят). “Шак-шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар”. (Зумар сураси, 30-оят).
Банда қачон ва қаерда жон беришини ҳам билмайди. “Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас”. (Луқмон сураси, 34-оят).
Биз қанчалик узоқ яшамайлик, барибир бир кун бу дунёни ташлаб кетамиз. Айни ҳақиқатни ҳар куни кўриб, ҳар соат ҳис қилиб турамиз. Сўнг боқий, ниҳоясиз, мангу ҳаётга – Охират ҳаётига кўчиб ўтамиз. Аввал Аллоҳ таоло бутун инсониятни тирилтириб, Уларни амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Инсонларни тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган, кенглиги осмонлару ер қадар бўлган боқий жаннат ёки кофирларга тайёрлаб қўйилган, ўтини одамлару тошлар бўлган жаҳаннам кутади. Кофирлар дўзах ўтидан қочиб қутила олмаслар.
Мана шу ҳаёти дунё билан алданган, бор-йўғини ўткинчи кунларга бағишлаб, Охиратни унутганлардан фарқли равишда оқил мўмин Охиратда ҳосилини йиғиб олиш учун ҳаёти давомида яхши амаллар уруғини сочади. У жаҳаннам чоҳи устига тортилган нажот йўлидан эсон-омон ўтиб олиш учун дунёни тўғри восита қилади.
Барча Пайғамбарлар ва уларнинг издошлари юқоридаги ҳақиқатни такрор-такрор васият қилганлар. Фиръавн қавми орасида иймонини яшириб юрган мўмин сўзига қулоқ беринг-а: “Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир матодир. Албатта Охиратгина қароргоҳ бўлган диёрдир”. (Ғофир сураси, 39-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мен билан дунё ўртасида нима бўлиши мумкин?! Мен билан дунёнинг мисоли дарахт соясида ухлаб олиб, сўнг уни тарк қилиб жўнаган отлиққа ўхшайди”. (Термизий ривоятлари).

3. Дунё Охират учун кўприкдир.
Дунёда ўзини бир мусофирдек тутган мўмин унинг ноз-неъматларига алданиб, арзимас матоларига боғланиб, йўлидан қолиб кетмайди. Бу нарсалар билан машғул бўлиб қолишни ўзига нолойиқ деб билади. Чунки, мўмин назарида дунё бир қўниб ўтиладиган қўналғадир.
“Бу ҳаёти дунё алдамчи матодир”. (Оли Имрон, 185-оят).
Мўмин ўзининг бу дунёга бегона эканлигини, бамисоли ватанидан, аҳли оиласидан йироқ бир ғариб мақомида туриши лозимлигини бирон лаҳза унутмайди. У ҳамиша ўзининг асл ватанига, аҳли оиласи, ёр-дўстлари қучоғига ошиқади. Бу фироқ қанчалик чўзилмасин, у бегона диёрга кўникиб кетолмайди. Шу боис, ҳаёти дунёда ҳовли-жой, кўрпа-тўшак ғамини емайди. Балки борига қаноат қилиб, имкон қадар ўзининг асл диёри учун арзирли ҳадялар ҳозирлайди. Чунки унинг ёр-дўстлари ҳам, мангу қарор топадиган суюкли манзили ҳам ўша ерда. Охират ҳовлисига қиёсланганда бир неча лаҳзалик қадр-қиймати қоладиган бу дунёдан чин мўмин шу тариқа кўнгил узади. “Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарсадир”. (Тавба сураси, 38-оят)
“Албатта Охират (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир”. (Ғофир сураси, 39-оят)
Ҳасан Басрий айтадилар:
“Мўмин бир мусофир кабидир. У дунёда хорликдан сиқилмайди ва дунё азизлигини талашмайди. Зеро, мўминнинг ғами бошқа, одамлар ғами бошқа”.
Ибн Ражаб айтадилар: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, уни жуфти билан жаннатда яшаттирди. Сўнг икковлари жаннатдан туширилдилар. Аммо уларнинг ўзларига ҳам, солиҳ зурриётларига ҳам яна жаннатга қайтарилажаклари тўғрисида ваъда берилди. Шу сабабдан мўмин ҳамиша ўзининг асл ватанини қўмсайди. Зеро, ватанни севмоқ иймондандир”.
Мўмин бу дунёда ғарибнинг ўзга юртдаги ҳаёт кечиришидан ҳам камроқ яшаб, камроқ қарор топади. Баъзан мусофир бегона юртни ёқтириб, ўша ерда уй-жой қилиб, қолиб кетиши мумкин. Бироқ мўминда дунёга нисбатан бу ҳол юз бермайди. У бир йўловчидек йўл бўйидаги лаш лушлар ёнидан вазмин ҳолда ўтиб боради. Қалби мудом асл ватани томон ошиқади. Қанчалик кўп йўл босса, шунчалик қувонади. Уни йўлдан озгина ушлаб қолган нарса ҳам оғринтиради. Мусофир сафарда уй-жой қилишга, ошна-оғайни орттиришга тиришмайди. Унинг учун манзилига етиб олишга кўмаклашадиган, йўл узоқлигини билинтирмайдиган чин дўстлар кифоя. Мўмин Охиратда Аллоҳ розилигига эришишдек улуғ орзусини рўёбга чиқаришга зарур бўладиган миқдордаги дунё матоларига эътибор беради.
“У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир”. (Мулк сураси, 2-оят).
Мўмин дўст танлашда ўзининг нажот соҳилига етиб олишига ёрдам берадиган, мудом тўғри йўлга бошлаб турадиган солиҳ инсонларни қидиради.
“У кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстлардир)”. (Зухруф сураси, 67-оят).
Саҳрода ёлғиз қолган йўловчи қароқчи ва йўлтўсарларлардан эҳтиёткор бўлганидек, мўмин ҳам Аллоҳ азза ва жалладан ва Унинг тоат-ибодатидан узоқлаштирувчи кимсалардан ўзини эҳтиёт қилади.
“У кунда бу золим қўлларини тишлаб дер: “Э, қанийди, мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди. Ўлим бўлсин менга, қанийди, мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга эслатма - Қуръон келганидан сўнг, ўша мени йўлдан оздирди”. Шайтон (ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир”. (Фурқон сураси, 27-29-оятлар).
Мўмин ҳам мусофир каби Охират учун йўл озиғини ғамлайди. “Озуқани ғамланг! Энг яхши озуқа тақводир. Мендан қўрқингиз, эй ақл эгалари!” (Бақара сураси, 197-оят).

4. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу насиҳатлари.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳатларини жон қулоқлари билан тинглаб, дилларига жо қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу оқил шогирдлари вақти келиб ҳидоят ва нур манбаига айландилар. Энди у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини одамларга етказар эканлар, уларни дунёга кўнгил бермасликка, камсуқум зоҳид бўлишга чақирдилар: Дунёга кўнгил бермаган чин мўмин сифатида ҳамиша ажални ҳозир кўринг. Кун ботса, тонггача яшашни, тонг отса, кечгача тирик бўлишни умид қилманг.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: Кексаликдан олдин ёшлигингни, касал бўлмасингдан аввал соғлигингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлимингдан аввал ҳаётингни!” (Ҳоким ривоятлари).

5. Мусулмон имкон қадар тоат-ибодат ва бошқа хайрли амалларни кўпроқ қилишга шошилади.
Ўзининг улуғ орзусига етмоқ учун сусткашлик ҳам, дангасалик ҳам қилмайди. Чунки у ажали қачон келишини билмайди.

6. Мўмин ҳар битта қулай фурсатни ғанимат билиб, Охирати ғамини емоғи лозим.

7. Ҳадисда зоҳид бўлишга тарғиб қилинди.
Бунинг маъноси дунё ишларини бутунлай ташлаб қўйиб, ҳаракатсиз, беамал ўтириш дегани эмас, албатта. Бу ерда дунёнинг ўзига боғланиб қолмасликка, унга берилган ҳолда Охиратни унутиб қўймасликка чақирилаяпти холос.

8. Мўминнинг вазифаси иложи борича хайрли амалларни кўпайтирмоқдир.
Доим Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, хавфсираб туриши эса уни янада кўпроқ амалга чорлайди. Унинг ҳақиқий мусофирга ўхшаши ҳам шундадир. Зеро, мусофир киши сафари давомида мудом сергак туради, кўзлаган манзилига етолмай йўл ярмида тўхтаб қолишдан ҳазир бўлади.

9. Ёмон ҳамроҳлардан узоқлашиш лозим.
Улар худди йўлдаги қароқчилар каби мўминни асл мақсади сари юришдан чалғитадилар. Натижада унинг кўзлаган манзилига етишига тўсқинлик қиладилар.

10. Нафсни тийиш, фойдали амалларни ҳосил қилиш учун дунёвий амал вожибдир.
Мўмин буларнинг барчасидан Аллоҳ таоло ҳузуридаги ажр-савобга эришиш йўлида фойдаланади.

11. Ушбу ҳадис бизни мўътадилликка чорлайди.
Дунё тупроғига ёпиша бошлаганимизда, Охират ғамидан узоқлашиб, ғафлатимиз ошиб кетаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари бизни ўзлигимизга чақиради, дунё ва Охират учун амал қилишда мўътадил ва мувозанатли бўлишга чорлайди.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:36

ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС
Исломда танглик йўқ

39 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ تَجَاوَزَ لِي عَنْ أُمَّتِي: الْخَطَأَ، وَالنِّسْيَانَ، وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ". (حديث حسن رواه ابن ماجه والبيهقي وغيرهما).

39. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло мен учун умматимнинг билмасдан, унутиб ва мажбурланиб қилган ишларини кечди".
(Ибн Можа, Байҳақий ва бошқалар ривояти).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Имом Нававий “Арбаийн” шарҳида ёзадилар:
“Ушбу ҳадис шу қадар улкан маънолар ва муҳим нарсаларни ўзида мужассам этганки, агар улар саналадиган бўлса, бу китобга сиғмай қолади”.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар:
“Фиқҳ бобларида шу учала нарсанинг (яъни билмай қолиш, унутиш ва мажбурланиш) мавжудлиги боис, мазкур ҳадис жуда фойдалидир. Уни шариатнинг ярми деб аташ мумкин. Чунки инсон амали-ҳаракати маълум мақсад ва хоҳиш билан амалга оширилади ёки аксинча, билмасдан ва ихтиёрсиз суратда содир этилади. Иккинчи қисмга янглишиш, унутиш ва мажбурланиш киради. Ҳадис лафзидан ушбу иккинчи қисмга оид ишлар Аллоҳ томонидан кечирилгани тушунилса, ҳадиснинг мазмунидан «банда қасддан амалга оширган ишлари учун жавоб беради» деган маъно чиқади. Демак, мазкур ҳадис очиқ лафзи билан шариатнинг ярмини ифодаласа, мафҳуми билан, яъни, очиқ лафздан чиқариладиган мантиқий хулосаси билан тўлиқ шариат ҳисобланади”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳадиснинг умумий маъноси.
Шариат ман этган ишни билмасдан, унутиб ёки мажбурланиш туфайли қилиб қўйган ёки шу сабабдан Аллоҳ буйруқларидан бирини нотўғри бажарган мўмин дунёда қораланмайди, Охиратда ҳам жавобгарликка тортилмайди. Бу Аллоҳ таолонинг банда учун берган улкан фазл ва марҳаматидир.

2. Аллоҳ азза ва жалланинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига фазл кўрсатиб бу уммат устидан ҳараж-тангликни кўтариши.
Аллоҳ таоло ўзга умматларга бермаган енгилликни бизларга инъом этди. Бани Исроил Аллоҳнинг бирон буйруғини унутсалар ёки қайтарилган ишни билмасдан қилиб қўйсалар ҳам Аллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлганлар. Пок Парвардигор бизга қуйидаги дуони Ўзи ўргатди ва уни ижобат этди: “Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама!” (Бақара сураси 286-оят).
“Билмасдан қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз қасд қилган нарсадагина гуноҳкор бўлурсизлар. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир”. (Аҳзоб сураси 5-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига енгиллик бериб, одатда инсон қурби етмайдиган ёки унга оғир келадиган, машаққат ва танглик келтириб чиқарадиган амалларни ҳам улар зиммасидан соқит қилди. Чунки асҳоблар Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиллари орқали айтилган буйруғига бўйсуниб, шундай дедилар: “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни авф қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз”. (Бақара сураси 285-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги оят нозил бўлди: “Осмонлару ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир”.
Бу оят саҳобаларга оғир келиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида чўккалаб туриб дейишди:
- Ё Расулуллоҳ, биз намоз, рўза, жиҳод ва закот-садақа каби тоқатимиз етадиган амалларга буюрилган эдик. Энди сизга юқоридаги оят нозил этилди. Уни бажаришга бизнинг қурбимиз етмайди.
- Нима, сизлардан илгари ўтган аҳли китоблар айтгани каби “Эшитдик ва осий бўлдик”, демоқчимисизлар?! Аксинча, сизлар “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз” деб айтинглар.

- “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз” - такрорлашди саҳобалар.
Саҳобалар юқоридаги сўзни такрорлаб, тиллари унга келишгандан сўнг Аллоҳ таоло унинг изидан қуйидаги оятни нозил этди:
“Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Барчалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва Пайғамбарларига иймон келтириб, “Унинг Пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз” (деб айтишди). Ва “Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз ва фақат Ўзингга қайтажакмиз”, дедилар”.
Саҳобалар шундай қилишгач, Аллоҳ таоло юқоридаги оятни мансух этиб, Пайғамбарга қуйидагича ваҳий қилди:
“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Ҳар кимнинг қилган яхши амали ўзи учундир ва ёмон амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор этма!”
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло.
- “Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкингни юклама!”
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло.
- “Бизларни авф эт, бизни мағфират қил, бизга раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига ўзинг бизни ғолиб қил!” (Бақара сураси, 286-оят).
- Ҳа! - деб ижобат этди Аллоҳ таоло”. (Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос ривоятида эса “Ҳа” сўзининг ўрнида “(Шундай) қилдим!” сўзи нақл қилинган.

3. Адашган, унутган ёки мажбурланган банда барча ҳукмлардан эмас, фақат гуноҳдан фориғ этилган.
Мукаллаф банда шариатга хилоф хатти-ҳаракати учун қуйидаги ҳукмларнинг бирига тушади: қилган ишига жавоб бериб жазо олади; гуноҳкор бўлади; ёки ўтказиб юборган амалини адо этади, талофат етказган бўлса, кафолатини тўлайди ва ҳоказо.
Ҳадис лафзи мукаллаф устига тушадиган барча ҳукмларнинг кўтарилганига, яъни унинг жавоб бермаслигига умумий далилдир.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар:
“Демак, у фақат ҳукмдан ёки фақат гуноҳкорликдан ёки ҳар иккаласидан озод қилинади. Ҳақиқатга яқинроқ фикр ҳам шу. Чунки ҳадисни фақат биттасига (гуноҳкорлик ёки ҳукмга) тегишли деб кўрсатувчи бирон асос йўқ. Хуллас, ҳадис ҳар иккисини ҳам назарда тутган. Фақат иккинчисига хослаш учун эса далил керак”.
Бироқ билмасдан, унутиб ёки мажбур бўлиб шариатга номувофиқ иш қилган бандадан айни гуноҳига тааллуқли барча ҳукмлар олиб ташланмаслигига шаръий далиллар бор. Бинобарин, у фақат гуноҳкорлик юки ва Охират азобидан халос этилган, холос, дея оламиз. Албатта ҳар битта ҳукм ҳақида алоҳида гапирилиши керак. Қуйида шу хусусда батафсилроқ сўз юритамиз.
Алий Қори “Арбаийн” шарҳида ёзадилар:
“Маълумки, йўл қўйилган хатонинг ҳукми унинг гуноҳи ва ўрнини тўлдириш учун лозим бўлган нарсалардан умумийроқ. Чунончи, хато учун гуноҳкор бўлмаслик ҳақида юқоридаги ҳадисда баён этилган бўлса, айни хато ўрнини тўлдириш, ўнглаш эса қуйидаги оятдан олингандир:
“Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар улар кечиб юбормасалар, – хун тўлаши вожибдир”. (Нисо сураси 92-оят).
Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан фақат жиноятга қасддан қўл урган, шариатга хилоф юришни ихтиёрий равишда билиб туриб танлаган осий кимсаларни жазолашга қарор қилди.
Ибн Ҳажар ёзадилар: “Билмасдан, унутиб ёки мажбурланиб гуноҳга қўл урган кимсанинг афв этилиши ҳикмат ва ақл тақозосидир. Албатта Аллоҳ таоло уни азобласа ҳам адолат қилган бўларди. Бандаларга буйруқ ва қайтариқларни юклашдан мурод итоаткор билан осийни ажратиб олишдир. Токи, нажот топган ҳам, ҳалок бўлган ҳам ўзи учун аниқ ҳужжат ҳозирласин. Ҳар бир яхшилик ёки ёмонликка савоб-жазо бермоқ учун айни хатти-ҳаракат аниқ мақсад асосида қилинган бўлиши шарт. Юқоридаги уч ҳолатда эса мақсад деган нарса мутлақо йўқ. Билмасдан ёки унутиб бир ишга қўл урган кишида қилиш мақсади йўқлиги аниқ. Мажбурланган киши эса иш қуроли вазифасини ўтаган холос. Шу боис, аксарият усул олимлари улар қилган ишларига жавоб беришга мукаллаф эмаслар, дейишган”.

4. Китобу Суннатдан мисоллар.
Хато қилган ёки унутган банда гуноҳкор саналмаса-да, у айни хато амалга тааллуқли бошқа ҳукмлардан озод этилмайди. Биз бу ўринда Китобу Суннатдан мисоллар келтиришимиз мумкин.
а) Билмасдан бировни ўлдириб қўймоқ.
Овда ёки урушда билмасдан бир мусулмонни ёки омонлик берилган ғайридинни ўлдириб қўйган киши гуноҳкор бўлмайди. Бироқ у хун ва каффорат тўлашдан озод қилинмайди. “Мўмин мўминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин. Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар кечиб юбормасалар – хун тўлаши вожибдир. Агар марҳум ўзи мўмин бўлиб, сизларга душман қавмдан бўлса, фақат бир мўмин қулни озод қилиши вожиб. Агар у сизлар билан сулҳ тузган қавмдан бўлса, унинг эгаларига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш лозим. Бас, ким (озод қилиш учун бир қул) топишга қодир бўлмаса, Аллоҳга тавба қилиб муттасил икки ой рўза тутмоғи лозим. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир”. (Нисо сураси, 92-оят).
б) Намозни вақтидан кечиктирмоқ. Ухлаб қолиб ёки унутиб намозни кечиктирган киши узрли бўлгани учун гуноҳкор саналмайди. Аммо уйғонган ёки эслаган пайтида намозини ўқиб олиши шарт.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким бир намозни унутиб қўйса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Унинг каффорати фақат шудир. “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо эт”. (Тоҳо сураси, 14-оят. Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Муслим ривоятларида “Ким намоздан ухлаб қолса ёки унутиб қўйса...” дейилган.
в) Мажбуран куфр калимасини айтмоқ.
Куфр калимасини айтишга мажбурланган киши имкон қадар очиқ куфр сўзини айтмасдан, мужмалроқ ибораларни ишлатсин. Агар айнан очиқ куфр лафзини айтишга мажбурланса, фақат тилидагина айтиб қўйсин. Бу сўзи қалбидаги иймон-эътиқодига заррача аралашмасин.
“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир”. (Наҳл сураси, 106-оят).
Агар куфр калимасини айтишга мажбур этилаётган мўмин Аллоҳ ҳузуридаги мукофотни умид қилиб, барча озорларга сабр қила олса, бу унинг учун энг афзал ва мукаррам йўлдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Чопилсангиз ҳам, куйдирилсангиз ҳам Аллоҳга ширк келтирмангиз!” (Ибн Можа ривоятлари).

5. Янглишмоқ ва унутмоқ ҳукмининг тафсилоти.
Мукаллафнинг билмасдан ёки унутиб айтган сўзи ёки қилган иши турлича бўлгани боис ҳукмлар ҳам бир-биридан фарқланади. Буни тўрт қисмга ажратиш мумкин.
Биринчи: Агар мукаллаф билмасдан ёки унутиб шариат буйруғини тарк қилса, мазкур буйруқ унинг зиммасидан соқит бўлмайди. Мукаллаф ўтказиб юборилган вожибнинг ўрнини тўлдириши шарт. Масалан, сиз бировни камбағал ҳисоблаб, унга закот бердингиз. Кейин унинг бой эканлигини билиб қолдингиз. Сизнинг берган закотингиз ўтмайди. Закот фақир, камбағал кишига берилиши шарт. Бойга берган пулингизни қайтариб олиш-олмаслик сизнинг ишингиз.
Энди унутишга мисол келтирамиз. Биров сафар анжомлари орасида суви борлигини унутиб, таяммум қилиб намоз ўқиди. Сўнг суви борлиги ёдига тушди. У таҳорат олиб, намозини қайтадан ўқийди.
Иккинчи: Зарар-талофат етказиш таркибига кирмайдиган бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши жавобгар бўлмайди. Масалан, ароқни сув деб ўйлаб ичиб қўйган кишига ҳад урилмайди ёки таъзирга тортилмайди. Эҳромга кирган киши унутиб хушбўй нарса сепса ёки тикилган либос кийса ҳам, ҳеч нима қилмайди. Яъни, унга каффорат ёки жазо-таъзир белгиланмайди.
Учинчи: Зарар-талофат таркибига кирувчи бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши каффоратини тўлашга мажбур. Ноҳақ тортиб олинган таомни унутиб ёки билмасдан еб қўйган киши унинг каффоратидан озод эмас. Шунингдек, эҳромдалигини унутиб ёки эҳромга тааллуқли аҳкомларни билмагани сабабли бирон ҳайвонни ўлдирган киши фидя бериши шарт. «Менинг хотиним эмас», деб ўйлаб бир аёлга талоқ сўзини айтса ва ҳалиги аёл ўзининг хотини бўлиб чиқса, аёли талоқ бўлади. Уйлангани ёдидан чиқиб «Хотиним талоқ», деб юборган кишининг ҳам аёли талоқ бўлади.
Тўртинчи: Жазо-уқубати белгиланган бир қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши учун унинг хатоси ёки унутганлиги жазони соқит қилувчи шубҳа деб ҳисоб қилинади. Дорулҳарбда (уруш ҳолатидаги жойда) кофир деб ўйлаб, бир мусулмонни ўлдириб қўйган киши хун тўламайди, ундан қасос ҳам олинмайди. Шунингдек, ўлдирилган одамнинг эгаси (отаси, ўғли, акаси...) қотилдан жазони талаб қилиш вазифасига ўз номидан бировни вакил қилиб тайинлаган бўлса ва қотилнинг қонидан кечса-ю, вакил унинг кечирилганини унутиб, ўлдириб қўйса, вакилдан қасос олинмайди, бироқ у хун тўлайди.

6. Унутувчи маъзур саналмайдиган ишлар.
Унутувчи унутган нарсасига ўзи сабабчи бўлса, масалан, тез-тез ёдига олиб турмаса ёки ёдига соладиган сабаблардан юз ўгирса, қилган ишига жавоб беради. Қуръонни ўқимай ташлаб қўйганлиги учун ёд олган оятларини унутган киши, кийимидаги нажосатни дарров ювиб ташламасдан охир-оқибат унутиб нажосат теккан кийим билан намоз ўқиган киши бунга мисол бўла олади. Улар қосирлик қилган ҳисобланиб, йўл қўйган хатоларини ўнглашлари шарт.

7. Унутиш хусусидаги фиқҳий фатволар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўяётганда Аллоҳ номини айтишни унутган киши ҳақида сўрашди. “Аллоҳ номи ҳар бир мусулмон оғзидадир, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Дориқутний ривоятлари).
Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаддан қилинган машҳур ривоятда “бисмиллаҳ”ни айтмоқ шарт, агар қасдан ташлаб кетилса, сўйилган ҳайвоннинг гўшти ейилмайди, дейилган. “Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир”. (Анъом сураси, 121-оят).
Сўювчи «Бисмиллаҳ»ни айтишни унутиб қўйган бўлса, барча мазҳаблар ҳукми бўйича сўйилган ҳайвонининг гўшти ейилади. Мавзумиз асоси бўлган ҳадиси шариф бунга далилдир.
Абу Ҳанифа, Молик ва Шофеийлар наздида овланган ҳайвон ҳукми ҳам сўйилган жонлиқ ҳукми билан бир хил.
Имом Аҳмад айтадилар: “(Ит ёки лочин каби) овчи ҳайвонни ўлжага қўйиб юборишдан ёки ўқ узишдан олдин қасдан ёки билмасдан “Бисмиллаҳ”ни айтмаса, овни ейиш мумкин эмас”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Итингни қўйиб юбораётиб: “Бисмиллаҳ!” деган бўлсанг, овни еявер”. (Муттафақун алайҳ). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Камонинг билан овлаб, Аллоҳ номини зикр қилган овингни еявер”. (Муттафақун алайҳ).
Жонлиқ хусусида бу нарса вожиб эмас. Чунки жонлиқни доимо бўғзидан сўйилади. Шунинг учун бу ўринда “Бисмиллаҳ”ни айтмасликка узр топилиши мумкин. Аммо овни, одатда, бўғзидан сўйишнинг имкони бўлмайди. Шу боисдан овда “Бисмиллаҳ” борасида енгиллик берилмайди.
Ибн Қудома айтадилар: “Ов билан сўйиладиган жонлиқ ўртасида фарқ шуки, жонлиқни забҳ ўрнидан сўйилгани боис, “Бисмиллаҳ” масаласида қаттиқ турилмайди. Овда эса бундай эмас».
б) Намозда адашиб гапириб юбормоқ. Шофеий наздларида намозда адашиб гапириб юбориш ибодатни бузмайди. Уларнинг мазҳабларига кўра намозни бузадиган гап тақиқлангандир. Унутган одамнинг гапи бу тақиқ остига кирмайди.
Ҳанафийлар айтадилар: “Намоз ботил бўлади. Чунки гапириш қай суратда бўлмасин, намозни ботил қилгани учун, ундан қайтарилган. Ушбу ўринда адашиб гапириб юборган билан атайлаб гапирган киши ўртасида фарқ йўқ. Рўзадор эканини унутиб, овқат еб қўйган киши ҳақида аниқ далил келгани бўлгани боис, буни истисно қилинган.
Ҳанафийлар намозда гапиришдан қайтарилган ҳадислар илгариги ҳужжатларни насх қилади, деб ҳисоблайдилар.

8. Қасамдаги хато ва унутиш
Савол: Агар киши бир нарсани қилмайман, деб қасам ичиб, сўнг унутиб ёки билмасдан (яъни, шу ишининг қасамига дахлдорлигини тушунмай) ўша ишга қўл урса, қасамини бузган ҳисобланадими?
Жавоб: Имом Шофеий наздида кишининг қасами, ҳатто талоқ ёки қул озод қилишга тегишли бўлса ҳам, бу билан бузилмайди, қасами ўз ўрнида туради. Чунки ундан содир бўлган хато-унутишнинг қасамига алоқаси йўқ. Акс ҳолда қасами бузилган бўлар эди. Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда ҳам шундай дейилган.
Имом Молик айтадилар: “Ҳар қандай ҳолатда ҳам қасами бузилади. Чунки хато ва унутишнинг фақат гуноҳи кўтарилган. Уларнинг ўзи ва тааллуқли ҳукмлари эса собитдир”.
Имом Аҳмаддан қилинган машҳур ривоятда талоқ ва қул озод қилиш билан бошқа масалалар ўртаси ажратилган: Агар унутган ёки хато қилган кишининг қасами талоқ ва қул озод қилиш хусусида бўлмаса, бузилмайди. Талоқ ва қул озод қилишда бузилади. У унутган ҳолида аёли билан яшаётган бўлса, гуноҳкор эмас. Бироқ эслаган заҳоти ундан ажралиши шарт. Имом Аҳмад қуйидаги асосга биноан талоқ билан қул озод қилишни бошқа масалалардан ажратганлар:
- Талоқ ҳам, қул озод қилиш ҳам шартга боғлиқ қилинган. Шарт топилиши билан мақсаднинг бор-йўқлигидан қатъиназар у амалга ошади. Масалан, биров хотинига қуёш чиқса талоқсан, деса, қуёш чиқиши билан талоқ бўлади.

9. Мажбурланган кишига тегишли ҳукмлар
Мажбурланган кишининг хатти-ҳаракатига тааллуқли бўлган ҳукмлар мажбурланиш даражаси ва ундан талаб қилинаётган иш табиатига қараб турлича бўлади.
а) Баъзан мажбурланган кишида ҳеч қандай имконият, ихтиёр бўлмайди. Масалан, “Мана шу ерга сира кирмайман” деб қасам ичган кишини ушлаб, қўл оёғини боғлаб ўша жойга олиб кирилса, албатта у гуноҳкор бўлмайди. Жумҳур олимлар наздида у қасамини бузган ҳам ҳисобланмайди.
б) Мажбурланаётган киши бош тортиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу ҳолатда унинг хатти-ҳаракатига жавобгарлик тааллуқли бўлади. Масалан, бировни уриб-тепиб бир ишга мажбурлашди. Агар унинг шу ишни қилмасликка имконияти бор бўла туриб, бош тортмаган бўлса, у ихтиёрли ҳисобланади. Лекин мақсад ишнинг ўзи эмас, балки зарарни даф қилиш ҳамдир. Демак, у бир эътибор билан ихтиёрли саналса, бошқа бир эътибор билан ихтиёрсиз. Шу боис унинг мукаллафлиги хусусида ихтилоф бор.

10. Мажбурланишга оид фиқҳий масалалар

а) Бировни ноҳақ ўлдиришга ёки зино қилишга мажбурланиш.
Бир жонни ноҳақ ўлдириш ва зино қилиш барча Пайғамбарлар шариатида ҳаром қилинган гуноҳи кабирадир. Шу боис, ҳатто мажбурланган ҳолатда ҳам бу гуноҳларга рухсат берилмайди. Яъни, киши бир жонни ноҳақ ўлдиришдан ёки зино қилишдан бош тортгани учун ўлдирилса, ажр-савоб олади. Шу икки ишдан бирини мажбурлангани боис қилган кишининг ҳукмлари мажбурланиш даражасига қараб турлича бўлади.
• Зинога мажбурланиш.
Жумҳур олимлар фатвосига биноан зинога мажбурланган аёл шаръий жазога тортилмайди. Агар зўрловчи қаршисида мутлақо ожиз бўлган бўлса, гуноҳкор ҳам дейилмайди. Бош тортиш имконияти мавжуд бўлса, гуноҳкордир. Уламолар бу сўзга биз ўрганаётган ҳадисни ва яна бошқа ривоятларни далил сифатида келтиришган.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бир аёл зўрланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зўрланган аёлга ҳад-жазо белгиламадилар”. (Асрам ривоятлари).
“Умар разияллоҳу анҳу чўри аёлни зўрлаган қулларни дарраладилар. Чўриларга эса жазо бермадилар”.
Чунки мажбурлаш шубҳа саналади. Шубҳа эса шаръий жазони зиммадан соқит қилади.
Аксарият аҳли илм наздида зинога мажбурланган эркакнинг ҳукми зўрланган аёл ҳукми билан бир хил. Тўғри сўз ҳам шудир.
Ҳанбалийларнинг кўпчилиги ва ҳанафийлардан Муҳаммад ибн Ҳасан зинога мажбурланган эркакка ҳад жорий қилинади, дейишган. Уларнинг сўзи қуйидагича:
“Киши ўзини қўйиб юборсагина, аёл билан қовушади ва бу мажбурланишга тўғри келмайди. Яъни, ўзини қўйиб юбориш бор жойда мажбурланиш бўлмайди. Демак, ҳад белгиланиши лозим”.
Абу Ҳанифа айтадилар: “Агар зинога ҳоким мажбурласа, мажбурланган кишига ҳад белгиланмайди. Бошқа биров томонидан мажбур қилинса, ҳад тайин этилади”.

• Бировни ноҳақ ўлдиришга мажбурланиш.
Мўътабар олимлар билиттифоқ айтадилар: “Бир маъсум жонни ўлдирмоқ сира мумкин эмас. Агар мажбурланган киши ўзини қутқариш учун бировни ноҳақ ўлдирса, гуноҳкор бўлади. У омон қолиш учун ўз ихтиёри билан бир жонни ноҳақ ўлдирган ҳисобланади”.
Бировни ўлим билан қўрқитиш ёки ўлим хавфи бор даражада мажбурлаш ва бошқа шартлар билан боғлиқ масалалар фиқҳ китобларида батафсил ёзилган.
Хўш, мажбурланган ҳолатда бировни ўлдирса, ундан қасос олинадими?
Молик, Аҳмад ва Шофеийнинг сўзларига биноан мажбурловчидан ҳам, мажбурланувчидан ҳам қатлда иштирок этганлари учун қасос олинади. Мажбурловчи восита орқали, мажбурланувчи бевосита қотилликда шерикдирлар. Абу Ҳанифа наздларида қасос иш қуроли вазифасини ўтаган мажбурланувчидан эмас, фақат мажбурловчидан олинади. Шофеийларда ҳам шундай қавл бор.
Айрим Шофеийлар ва ҳанафийлардан Зуфар сўзларига кўра қотилликни бевосита амалга оширгани учун қасосни фақат мажбурланувчидан олинади. Чунки у иш қуроли эмас ва у билиттифоқ гуноҳ ишни қилди.

б) Зино ва қотилликдан бошқа ҳаром ишларга мажбурланиш.
Масалан, ароқ ичишга, ўғрилик қилишга....
Аксарият фақиҳлар бундай гуноҳларга мажбурланган киши ўша ишни қилиши жоиз бўлади, дейдилар. Аммо бу бировнинг молига талофат етказадиган иш бўлса, уни тўлаб бериш мажбурланувчининг зиммасига тушади ва у айни тўловни ўзини шу ишга мажбурлаган кишидан талаб қилади. Бу каби масалаларда мажбурланувчи гуноҳкор бўлмайди ва жазога ҳам тортилмайди.
Айрим моликийлар ва Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда бунга рухсат берилмаган. Яъни, мажбурланувчи ўғрилик, ароқ ичиш каби жазо белгиланган ишларни қилса, унга ҳад урилади. Агар бировнинг молига зарар етказган бўлса, зарарни тўлаш мажбурловчи ва мажбурланган кишининг зиммасига тушади.

в) Ҳаром сўзни гапиришга мажбурланиш.
Аксар уламолар – Молик, Шофеий ва Аҳмад бу ҳолатда барча сўзларга рухсат беришган. Чинакам мажбурланган киши золим талаб қилаётган ҳаром сўзни айтиб, ўзини қутқарса, гуноҳкор дейилмайди. Унинг оғзидан чиққан сўз оддий лағв – бекорчи бир гап ҳисобланиб, ҳеч қандай шаръий жазога тортилмайди.
Чунки Аллоҳ таоло мажбурлангани учун куфр калимасини айтган бандадан гуноҳни соқит қилди. “Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унда гуноҳ йўқдир)”. (Наҳл сураси 106-оят).
Куфрга тааллуқли бир талай ҳукмлар бўлиб, уларнинг энг каттаси гуноҳ эди. Модомики, гуноҳ соқит қилинар экан, унга боғлиқ бошқа ҳукмлар ҳам соқит қилинади. Чунки энг катта ҳукм кетгач, кичкина ҳукмлар ўз-ўзидан кетиши керак. Мажбурланган киши ўзи хоҳламасдан куфр калимасини айтаяпти. У бу сўзига Охиратда жавоб бермаганидек, дунёда ҳам жавобгарликка тортилмайди.
Ушбу масалада куфрдан бошқа сўзлар ўртасида ҳам ҳеч қандай фарқ йўқ. Яъни, айни ҳукм савдо-сотиқ, никоҳ каби аҳдларда ҳам, талоқ, қайтариб олиш каби ажримларда ҳам, қасаму назрларда ҳам жорийдир. Барчасига биз ўрганаётган ўттиз тўққизинчи ҳадис билан бирга қуйидаги ҳадисни далил келтирилган:
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажбурланган ҳолатда талоқ ҳам, қул озод қилиш ҳам йўқ». (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳанифа ўртадаги битимни бузиш мумкин бўлган ва томонларга ихтиёр бериладиган ишларга мажбурланиш билан бошқа масалаларга мажбурланиш ўртасида фарқлаш лозим деганлар. Яъни, савдо-сотиқ каби ишларда мажбурлаш эътиборга олинади ва мажбурланган киши айтган сўзига жавоб бермайди. Никоҳ, талоқ, қасам ва назр каби қайтиб олиш-бузишни қабул қилмайдиган масалаларда эса мажбурлаш эътиборга олинмайди. Мажбурланган кишининг айтган сўзи амалга ошади.

11. Мажбурланувчининг мажбурланиб қилаётган ишига розилиги
Агар мажбурланувчининг ўзида айни ишга розилик ва шу ишни қилишга рағбат аломатлари сезилса, у тарафдан имзоланган аҳд-шартнома ва бошқа хат-ҳужжатлар дуруст саналади. Бунда унинг мажбурланганлиги инобатга олинмайди. Чунки у қилган ноъмақул ишини ичида ўзи ҳам хоҳлаб турганди.

12. Ҳаққа мажбурлаш
Агар мукаллаф айтиши ёки қилиши унинг бурчи бўлган сўз ёки амалга мажбурланса, мажбурланган сўз ва амалда туришга уни мажбур қилинади ва у шунга тааллуқли ҳукмларга бўйсуниши шарт:
- Агар бир душман аскари Исломга мажбурланса ва тили билан динни қабул қилса, унинг Исломи дуруст дейилади.
- Аёлига яқинлашмасликка қасам ичган киши тўрт ой ўтса ҳам сўзидан қайтмаса ва талоқ қилишдан бош тортса, қози уни талоқ айтишга мажбурлайди. Ушбу талоқ ҳукми ўтади.
- «Қарзимни тўламайман» деб қасам ичган кимсани ҳоким қарзини тўлашга мажбур қилса, албатта қасамини бузиб, қарзини тўлайди. Аммо қасамини бузгани учун каффорат тўлайди.
- Агар ҳоким қарз берган кишини қарзларини узиш учун мол-давлатининг бир қисмини сотишга мажбурласа, ўртадаги савдо дуруст бўлади.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

ЎТТИЗ САККИЗИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:35

ЎТТИЗ САККИЗИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ таоло муҳаббатини қозонмоқ

38 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَالَ: مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ، وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ، وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ، فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ، وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ، وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا، وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا، وَإِنْ سَأَلَنِي لأُعْطِيَنَّهُ، وَلَئِنِ اسْتَعَاذَنِي لأُعِيذَنَّهُ". (رواه البخاري).

38. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло айтади: Кимда-ким Менинг дўстим билан адоватлашса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан тобора яқинлашаверганидан, ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, албатта унга бераман. Агар Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан".
(Бухорий ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Аллоҳ таоло ўз дўстларидан меҳр-муҳаббатини дариғ тутмайди ва уларга озор етказган кимсаларга ғазаб қилади. Мазкур ҳадис кимлар дунё ва Охиратда Аллоҳнинг суюкли дўстлари эканини баён этади. Шу боис унга «Аллоҳ дўстлари хусусидаги энг улуғ ҳадис» деб таъриф беришган.
Шавконий айтадилар: "Ушбу ҳадис уни тўғри тушуниб чуқур фикр юритган кишига беҳад улуғ ва фойдали маъноларни туҳфа этади".
Мазкур ҳадис хусусида бошқа олимлар ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Аллоҳ таолонинг дўстлари.
Улар ҳамиша Парвардигор тоат-ибодати устида қоим турувчи ва ёлғиз Унга ихлос қўювчи мўминлардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз дўстларини иймон ва тақво сифати билан тавсиф этди.
"Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига бирон хавф йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир". (Юнус сураси, 62-64 оятлар).
Дўстликнинг биринчи рукни Аллоҳ таолога иймон келтириш бўлса, иккинчи рукни тақводир. Ана шундан сўнг Аллоҳнинг дўстлиги ҳовлисининг эшиклари мўминлар олдида ланг очилади. Бу ҳовлида мўминлар хотиржамлик ва осойишталик неъматидан баҳраманд бўладилар. Эҳсон ва тоат пиллапоясидан юқорига кўтарила олган инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидаги пешқадамлар мартабасига етишлари мумкин. Инсон тоифаси Аллоҳ таоло китобида уч синфга бўлинади:
"Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан ўзимиз танлаган зотларни ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (унга амал қилмай) ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларда ўзиб кетувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш) катта фазлдир". (Фотир сураси, 32-оят).
Ўзига жабр қилувчи – гуноҳ-маъсият ботқоғига ботган кимса.
Ўртача амал қилувчи – фақат фарзларни адо этиш ва ҳаромлардан четланиш билан кифояланадиган киши. Албатта ўртача амал қилувчи ҳам Аллоҳ валийлари сафидан жой олса-да, бироқ бу қуйи мартабадир.
Мудом яхшиликларга ўзиб кетувчи – фарз ва нафл ибодатларни тўлиқ адо этиб, ҳаром ва макруҳлардан ўзини покиза сақловчи инсон. Унинг мартабаси Аллоҳ валийларининг олий даражаси ҳисобланади.

Аллоҳ таоло валийларининг энг афзал тоифаси гуноҳу хатолардан маъсум ва пок Парвардигор тарафидан мўъжизалар билан қўллаб-қувватланган Расуллар, Набийлардир. Улардан кейин Китобу Суннатга тўлиқ амал қилган саҳобалар ва Аллоҳ дўстлигига ҳақли бўлган барча мўминлар туради. Албатта, Аллоҳнинг валийси деб эътироф қилинмоғи учун кишида иймон, тақво ва ҳар бир ишда суннатга мувофиқлик топилиши шарт. Кейинги асрларда мусулмонлар ҳаётида жуда хунук хато кўзга ташланади. Улар валийлар деганда юз йилда бир-икки марта дунёга келадиган нодир шахсларни тасаввур қилишади. Энг ёмони Исломдаги бу юксак мақомни аллақандай бетайин шахсларга ёки найрангбозлик ва кўзбўямачилик билан шуғулланувчи муттаҳам кимсаларга инъом этиш урф бўлди. Аслида уларнинг аксарияти Аллоҳ ва Исломнинг душмани бўлиб, Шайтони лаиннинг дўстларидир.

2. Аллоҳ таоло валийларига душманлик қилиш.
Тақводор мўминга озор бериб, унинг моли, жони ёки обрў-эътиборига тажовуз қилган кимсага Аллоҳ таоло уруш эълон қилади. Аллоҳ таоло кимгаки уруш эълон қилса, уни албатта ҳалок қилади. Чунки у зот золим кимсаларни маълум муддат қўйиб қўйса-да, асло жазосиз қолдирмайди. Азиз ва қодир зот жазосидан золимларга омонлик йўқ.
Бир ривоятда "Аллоҳ валийсига тажовуз қилиб, унга озор етказмоқ - Аллоҳ таолога уруш очмоқ", - дейилган.
“Аллоҳ таоло деди: "Менинг валийимни хорлаган кимса, дарҳақиқат, Менга уруш эълон қилибди". (Табароний ривоятлари).
Хўш, валий билан адоватлашиш қанақа бўлади?
Ибн Ҳажар "Фатҳул борий"да буни тушунтирганлар:
“Қандай қилиб биров Аллоҳ дўсти-валий билан адоватлашиши мумкин, ахир адоватлашиш икки томондан бўлади. Валий эса жоҳиллик қиладиган кимсага бағрикенг ва кечиримли бўлади ку!” деган савол қўйилган. Бунинг жавоби қуйидагича: Маълумки, душманлик, келишмовчилик фақат дунёвий муносабат ва хусуматлар доирасида чекланмайди. Баъзан мутаассиблик орқасидан ҳам шундай низо-адоват келиб чиқиши мумкин. Масалан, бидъатчи одам суннатга амал қилувчини ёмон кўради ва оқибат ўртада душманлик бош кўтаради. Валий Аллоҳ ва Унинг дини учун бидъатчига қарши юради. Шунингдек, фосиқ кимса ҳам Аллоҳнинг дўстини кўра олмайди. Ҳамиша мункар ишлардан ва шаҳватлар қуллигидан қайтарувчи валий маъсият «мухлислари» кўзига энг ёмон инсон бўлиб кўриниши шубҳасиз!”

3. Аллоҳ таоло учун суюкли бўлган энг афзал амал фарзларни адо этишдир.
"Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган!".
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтадилар:
"Амалларнинг афзали Аллоҳнинг фарзларини адо этмоқ, Аллоҳ ҳаром этган ишлардан тақво қилмоқ ва Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсалар хусусида ниятни холис-рост қилмоқдир!"
Умар ибн Абдулазиз хутба қилиб, дедилар: "Ибодатларнинг афзали фарзларни адо этмоқ ва ҳаром ишлардан йироқ юрмоқдир!"
Чунки бандалар Аллоҳ таолога нисбатан яқинлик ҳосил қилишлари ва розилигию раҳматига ҳақли бўлишлари учун Аллоҳ мана шу фарзларни улар зиммасига юклади. Намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг улкан баданий фарз ҳисобланади.
"Аллоҳга сажда қилиб (У Зотга) яқин бўлинг!" (Алақ сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Банданинг Парвардигорига энг яқин пайти унинг саждадаги ҳолатидир!"
Масъул шахсларнинг (уларнинг ҳоким ёки оддий оила бошлиқлари бўлишидан қатъиназар), қўл остидагиларга нисбатан адолатли бўлишлари ҳам бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи фарзлар жумласига киради.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат кунида Аллоҳга энг суюкли ва Унга энг яқин бўладиган банда одил раҳбардир!" (Термизий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳукм чиқаришда ҳамда аҳли-оилалари ва қўл остидагилари хусусида адолатли бўлган одил зотлар Аллоҳ ҳузурида, Раҳмоннинг ўнг томонида нурдан ясалган минбарлар устида бўладилар. Аллоҳнинг ҳар иккала қўли ўнгдир». (Муслим ривоятлари)

4. Маъсиятлардан четланмоқ ҳам фарзларни адо этиш жумласидандир.
Аллоҳ таоло маъсиятларни тарк қилишни буюрди. Аллоҳ белгилаган чегарани босиб ўтиб, маъсиятга қўл урган кимса дунёю Охиратда аламли азобга мустаҳиқ бўлур. Демак, маъсиятлардан йироқ юрмоқ ҳам юқорида айтилган ҳадиснинг умумий маъносига киради.
"Бандам Мен унга фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган".
Ҳатто маъсиятларни тарк қилмоқ ушбу маънога фарзлардан-да яқинроқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Агар мен сизларни бир ишга буюрсам, уни имкон қадар адо этинглар! Агар сизларни бир нарсадан қайтарсам, унга яқинлашманглар".
Ибн Ражаб ушбу ҳадисни шарҳлаб, барча маъсиятларни Аллоҳ таолога уруш очмоқ, деб шарҳлаганлар. Улар Ҳасан ибн Одамнинг қуйидаги сўзларини келтирадилар:
“Аллоҳ таоло билан урушгани кучингиз етадими?! Билингки, маъсиятга қўл урган кимса Аллоҳга уруш очган ҳисобланади. Гуноҳ-маъсият улканлашгани сайин ушбу жанг ҳам қаттиқлашиб боради. Шу боис Аллоҳ таоло инсонларга зулм-зўравонлик қилиб, ўлкаларда фисқу фасод тарқатадиган судхўрлар ҳамда йўлтўсарларни Аллоҳ ва Расулига қарши уришувчилар деб номлади”.

5. Нафл ибодатлар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради.
Фарз ва нафл ибодатларни мудом тўкис адо этмоқ, ҳаром ва макруҳлардан мутлақо йироқ юрмоқ, ҳатто энг кичик макруҳ амаллардан ҳам тақво қилмоқ бандани Парвардигорга суюкли қилади, яқинлаштиради. Аллоҳ таоло ўзи суйган бандасини тоат-ибодат ва зикр билан машғул қилиб қўяди. Аллоҳга яқин кишилар учун Охиратда улуғ насибалар бордир.
"Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, Билгувчидир". (Моида сураси, 54-оят).
Қуръон ўқиш, тиловатига қулоқ солиш ва унинг маънолари устида тадаббур-тафаккур юритмоқ инсонни Аллоҳга яқин қилувчи улкан нафл ибодатларидандир.
"Банда Аллоҳ таолога Ундан чиққан нарса (яъни Қуръон)дек бирон нарса билан яқинлик ҳосил қилмаган". (Термизий ривоятлари).
Аллоҳни севувчи мўминлар учун Маҳбублари каломидан ширинроқ сўз йўқ! Бу калом улар қалбига ором бериб, лаззат бағишлайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким Қуръонни яхши кўрса, демак Аллоҳ ва Расулини яхши кўрибди".
Аллоҳ таолони зикр қилиш ҳам ана шундай улуғ нафл ибодатлар сирасига киради. "Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман". (Бақара сураси, 152-оят).
Аллоҳ таоло деди: "Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени зикр қилган чоғида у билан биргаман. Агар у Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Агар жамоа орасида зикр қилса, Мен уни яхшироқ жамоа олдида зикр қиламан". (Ҳадиси қудсий. Бухорий ва Муслим ривоятлари).

6. Аллоҳ муҳаббатининг мўминдаги асари.
Аллоҳ таоло муҳаббатининг асари валийларида намоён бўлади.
“Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан”.
Яна бир ривоятда “Ақл юритадиган қалби, гапирадиган тили бўламан”, дейилган.
Ибн Ражаб айтадилар: “Яъни, фарз ва нафл ибодатларни адо қилиб, Аллоҳ таолога яқинлашишга тиришган бандани Аллоҳ таоло Ўзига яқин қилиб, иймон мартабасидан эҳсон (Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш) мартабасига кўтаради. Энди банда худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилади. Қалби Парвардигор маърифати, муҳаббати, қўрқуви ва маҳобати билан тўлади. Аллоҳга интилувчи, фақат Унгагина суянувчи банда қалбидаги маърифат унинг кузатувчисига айланади.
Аллоҳ таоло улуғлиги билан тўлиб-тошган қалбларда ўзга нарсага ўрин қолмайди. Бундай қалб эгаси нафсининг ҳавойи хоҳишига қулоқ солмайди. У фақат Парвардигори хоҳлайдиган, рози бўладиган нарсанигина истайди. Бундан буён у ёлғиз Аллоҳ зикрини такрорлайди, Унинг буйруғига мувофиқ ҳаракат қилади. Аллоҳни деб гапиради, Аллоҳни деб эшитади, Аллоҳни деб қарайди ва Аллоҳни деб ушлайди. «Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан», деган жумланинг маъноси мана шундайдир.
Шавконий ҳадисни қуйидагича шарҳлайдилар:
“Аллоҳ таоло мўминнинг ўша аъзоларига ҳидоят йўлларини ёритувчи, залолат булутларини ёрувчи ўз нури билан мадад беради. Ахир Қуръони каримда Аллоҳнинг осмонлару ер нури эканлиги айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Парвардигоро, қалбимга нур бергин, кўзимга, қулоғимга... нур бергин", деб дуо қилганлар”.

7. Валийнинг дуоси мақбулдир.
Аллоҳ таоло валийларининг дуосини ижобат этиб, уларни мукаррам қилди. Аллоҳ валийлари сўрасалар, берилади. Паноҳ тиласалар, Аллоҳ ўз паноҳига олади. Бу ҳам уларнинг азиз-мукаррамлигини билдиради. Тарихда салафи солиҳлардан кўплари дуолари мустажоблиги билан машҳур бўлганлар. Баро ибн Молик, Баро ибн Озиб, Саъд ибн Абу Ваққос (розиаллоҳу анҳум)лар ва яна кўплаб номларни санаш мумкин. Бироқ дуоси мустажаб зотларнинг аксарияти бошларига тушган ғам-ташвиш, бало-имтиҳон кетказилишини сўраб дуо қилмаганлар. Улар бу синовларга сабр қилиб, Аллоҳ таоло ажр-мукофотидан умидвор бўлишган. Баъзан дуоси мустажоб мўмин бир нарса сўрайди. Аллоҳ биладики, бандаси учун бошқа нарса яхшироқ. Шунинг учун Пок Парвардигор унинг сўраган нарсасини эмас, дунё ва Охиратда хайрлироқ бўлган бошқа нарсани беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мусулмон киши дуо қилса ва унинг дуосида гуноҳ ёки яқинлари билан алоқани узиш бўлмаса, Аллоҳ таоло унга қуйидаги уч нарсадан бирини беради: 1) Сўраган нарсасини тезда беради; 2) Қилган дуосини унинг учун Охиратга захира этиб қўяди; 3) Шу дуоси баробарича бир ёмонликни ундан даф қилади". (Аҳмад, Баззор, Абу Яъло ва Ҳоким ривоятлари).

8. "Аллоҳ таоло мўминнинг жонини олишда тараддудланади" каломининг шарҳи.
Бухорий ривоятларида қуйидагича зиёда бор: "Мен қиладиган ишимнинг биронтасида ўлимни ёқтирмайдиган мўмин бандамнинг жонини олишда тараддудланганимдек тараддудга тушмаганман. Мен унинг ғам чекишини истамайман".
Ибн Салоҳ айтадилар: "Бу ерда “тараддуд” лафзининг асл маъноси тушунилмайди. Аллоҳ таоло мўмин бандасини яхши кўрганидан унинг жонини олаётганда худди иккиланаётган, хоҳламаётгандек бу ишни амалга оширади. Чунки Аллоҳ таоло бандасини ўлим туфайли ғам чекишини истамайди. Зеро, ўлим деярли ҳар бир киши учун энг улкан дунёвий оғриқдир. Албатта, ҳеч ким дунёда абадий яшамайди. Ҳар битта жон ўлим мазасини татиб кўришга мажбур. Аллоҳ таоло юқоридаги ҳадиси қудсий орқали ўлим билан мўмин бандасини хорламаслигини, аксинча юқорига кўтаришини тушунтираётгандек... Ахир ўлим мўмин учун мукаррамлик ва ноз-неъматлар ҳовлисига кўчиб ўтишдан бошқа нарса эмас".

9. Камтарлик.
Имом Бухорий мазкур ҳадисни тавозели бўлмоққа далил қилиб келтирганлар. Чунки нафл ибодатлар билан Аллоҳга яқинлашмоқ бандадан ғояда камтарин ва тавозели бўлишни талаб қилади. Аллоҳ таоло қаршисида ўзини хокисор ва камтарин тутган зотларгина валийлар билан дўстона муносабат ўрнатадилар.
Иёз ибн Ҳаммор разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло менга ваҳий қилиб тавозели бўлишларингизни буюрди токи ҳеч ким бошқа бировнинг олдида кибр қилмасин". (Муслим ривоятлари).

10. Ҳадис яна қуйидаги маъноларни ифодалайди.
а) Аллоҳ валийсининг қадри юксакдир. Чунки у Парвордигори тадбири, мадади ва ҳақиқий таваккули билан яшайди. Ҳеч қачон ҳеч нарсада ўзига ишониб қолмайди.
б) Аллоҳ валийсига озор бериб сўнг ўзи, моли, жони ёки обрўю номусида мусибатга дучор бўлмаган кимса Аллоҳ таоло интиқомидан омон қолмайди. Албатта, мусибат бошқача йўсинда келиши ҳам мумкин. Масалан, динида мусибатга йўлиқиш...


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

ЎТТИЗ ЕТТИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:33

ЎТТИЗ ЕТТИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ таоло адолати, фазли ва қудрати

37 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِيهِ عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ: فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ، وَإِنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً". (رواه البخاري ومسلم في صحيحيهما بهذه الحروف).

37. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорлари Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб дедилар:
"Аллоҳ таоло яхшиликларни ҳам, ёмонликларни ҳам ёзди, сўнгра шуни баён қилиб берди: ким бир яхшиликни кўнглига тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди. Агар бир яхшиликни кўнглига тугиб, уни амалга ҳам оширса, Аллоҳ таоло уни ўз ҳузурида ўн ҳасанадан етти юз баробаргача – беҳад зиёдалар билан ёзиб қўяди. Агар банда бир ёмонликни кўнглига тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди. Агар бир ёмонликни кўнглига тугиб, уни амалга оширса, Аллоҳ таоло уни битта ёмонлик сифатида ёзиб қўяди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам тавфиқ берсин, эй биродарим, Аллоҳ таолонинг улкан лутф-марҳаматига боқинг ва бу сўзларни синчиклаб қараб чиқинг!
"Ўз ҳузурида» лафзи Аллоҳ таолонинг яхши амалга бўлган эътиборига ишора. "Комил" калимаси эса айни эътиборни кучайтириб, таъкидлаб келмоқда. Банда дилига туккандан кейин тарк этган ёмонлик ҳақида ҳам: "Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди", деб, унинг комиллигини таъкидлади. Банда томонидан содир этилган ёмонликни эса "комил" деб таъкидламади-да, унинг камайтирилишини таъкидлаб «битта» лафзини қўшимча қилди.
Мақтов ва миннат Аллоҳга хос! Биз Унинг ҳамду саноси адоғига етолмаймиз. Тавфиқ ёлғиз У зотдандир”.


Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

1. Эзгуликларни амалга оширмоқ.
Мўминнинг қилган битта яхши амали ўн баробар орттирилади... У нафақат яхшиликни кўнглига тугди, балки уни амал майдонига ҳам олиб чиқди. "Ким бир яхши амални қилса, унга ўн баробар қилиб қайтарилур". (Анъом сураси, 160-оят).
Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасига бундан-да кўпроқ зиёдалар берур. "Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. Аллоҳ истаган кишиларига янада бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ карами кенг ва билимдондир". (Бақара сураси, 261-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига нўхталанган туя етаклаб келди.
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мана шу туя Аллоҳ йўлига! - деди у.
- Мана шу туянг учун Қиёмат кунида етти юзта туя берилади, - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Муслим ривоятлари).
Кишининг Исломи қанчалик гўзал, иймони нечоғлик комил ва қилган иши қай даражада ўрнига тушганига қараб, унинг амали зиёдалари билан ўзига қайтарилади.

2. Ёмон амалларни қилмоқ.
Банда томонидан содир этилган ҳар бир ёмонлик ўз ҳолида ёзиб қўйилади. "Ким бир ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас". (Анъом сураси, 160-оят).
Бироқ айрим гуноҳлар қилинган вақти, жойи ёки қилувчисининг шарафига қараб улкан ёмонлик саналади.
а) Уруш ҳаром қилинган ойларда маъсиятга қўл урмоқ Аллоҳ таоло наздида қаттиқ ҳаромдир: "Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунда белгилаб қўйилганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган ойлардир. Бас, у ойларда жанг қилиб ўзларингизга зулм қилмангиз!" (Тавба сураси, 36-оят).
Қатода мазкур оятни қуйидагича шарҳлаганлар:
“Билингки, ушбу ойларда зулм қилмоқ бошқа пайтлардагига қараганда қаттиқроқ ва ёмонроқ гуноҳдир. Албатта, зулм ҳар доим ҳам ёмон иш саналади. Бироқ Аллоҳ таоло ўз амрининг хоҳлаган қисмини янада улуғвор қилур!”
б) Ҳарамда, яъни, шундай шарафли маконда маъсиятга қўл урмоқ улкан гуноҳдир. "Ҳаж мавсуми маълум ойлардир (Яъни Шаввол, Зул-қаъда ва Зул-ҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (яъни, ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди". (Бақара сураси, 197-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар "гуноҳ ишлар"ни "ҳарамда маъсият ишга қўл урмоқ" деб шарҳлаганлар.
"Ва кимки у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса, унга аламли азобдан тоттириб қўюрмиз". (Ҳаж сураси, 25-оят).
Салафлардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Умар ибн Абдулазиз каби бир қанча кишилар Маккада гуноҳ иш қилиб қўйишдан қўрқиб, у ерда яшашдан ўзларини четга тортганлар.
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтадилар:
“Маккада туриб бир марта гуноҳ қилганимдан бошқа ерда туриб етмиш марта гуноҳ қилганим яхшироқ”.
Мужоҳид айтадилар: “Маккада ҳасаналар зиёда қилинганидек, ёмон амаллар ҳам зиёда қилинади”.
в) Аллоҳ таолони яхши билган ва Унга яқинлик-қурбат ҳосил қилган айрим хос бандаларнинг гуноҳи ҳам улкан ҳисобланади.
"Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан ким очиқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинур. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажрини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйгандирмиз". (Аҳзоб сураси, 30-31-оятлар).

3. Ҳасаналарни ният қилмоқ.
Ким бир яхши амални қаттиқ кўнглига тугиб, сўнг уни қилмаса ҳам, ана шу қатъий қарори Аллоҳ таоло ҳузурида комил яхшилик сифатида ёзиб қўйилади. Чунки яхшилик қилишга бел боғламоқ ҳасаналарнинг муқаддимаси ва сабабчисидир. Яхшилик сабабчиси ҳам яхшилик саналади.
"Агар бандам бир яхшиликни амалга оширишга азм қилса, Мен унинг шу ниятини ҳасана-яхши амал сифатида ёзиб қўяман". (Ҳадиси қудсий. Муслим ривоятлари).
"Агар банда бир яхшиликни кўнглига тугиб, сўнг уни қилмаса, Аллоҳ таоло чин дилдан шу ишни хоҳлаганини билиб, ушбу ниятини ҳасана сифатида ёзиб қўяди". (Аҳмад ривоятлари).
Абу Дардо айтадилар: “Ким кечаси туриб намоз ўқишни ният қилиб тўшагига ётса-ю, кўзларига уйқу ғолиб келиб, тонггача ухлаб қолса, ният қилган амали унинг учун ёзиб қўйилади”.
Саид ибн Мусаййиб айтадилар:
“Намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни ёки жиҳодга чиқишни мақсад қилган банда бирон қаршиликка учраса, Аллоҳ таоло уни қилган ниятига эриштиради”.

4. Ёмон амални кўнгилга тугмоқ.
Агар банда дилига туккан бир ёмон ишини тарк қилса, унинг учун комил ҳасана ёзилади.
Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таоло айтди: "У Мен туфайли дилидаги ёмон амални тарк этди!" (Муслим ривоятлари).
Имом Бухорий ривоятларида эса бундай дейилган: "Агар у Мени деб ёмон ниятидан воз кечса..."
Яъни, банда фақат Аллоҳ таолони деб ёмон ниятидан воз кечсагина, унга яхшилик ёзилади. Чунки у солиҳ амални мақсад қилди. Солиҳ амал унинг Аллоҳ таоло розилиги йўлида ёмон ниятидан юз ўгирганидир. Аммо киши Аллоҳдан эмас, бошқа бировлардан қўрқиб ёки риё қилиб, кўнглига туккан ёмон ниятидан қайтса, бу иши учун ҳеч қандай ҳасанага эга бўлмайди. Аксинча, бузуқ ният таъсирида ёмонликни тарк этгани учун жазоланади, чунки у Аллоҳни қўйиб, инсонлардан қўрқди. Инсонлар қўрқувини Аллоҳнинг қўрқувидан муқаддам қўймоқ эса ҳаромдир. Шунингдек, риёкорлик ҳам шариат ҳаром қилган ишлар сирасига киради.
Қози Иёз Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қилган ҳадисни Абу Ҳурайра ҳадиси билан қайд қилишни маъқул топганлар.
Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар:
"Киши юқорида шарт қилинган туйғуни (Аллоҳнинг қўрқувини) дилидан ўтказмаса-да, маъсиятни тарк қилгани учун унга ҳасана ёзилиши мумкин. Чунки маъсиятни тарк этмоқ ёмонликнинг олдини олмоқдир. Бу эса албатта хайрли амал. Эҳтимол, дилига туккан маъсиятни тарк этган киши битта ҳасана олиб, Аллоҳдан қўрққани учун ёмон ниятини тарк этган банда зиёда ҳасаналар олар».
Хаттобий айтадилар: "Кўнглига туккан маъсиятни тарк қилувчи банда аслида ўша маъсиятга қодир бўлса, гуноҳни тарк этгани учун ҳасанага эга бўлади. Чунки инсон бир ишга қодир бўла туриб уни қилмаса, тарк қилувчи дейилади. Банда билан унинг ҳирси ўртасида бошқа бир тўсиқ монелик қилса, у инсоннинг ўз ихтиёри билан маъсиятни тарк қилиши дейилмайди. Масалан, биров зино қилиш ниятида келиб, маҳкам беркитиб қўйилган эшикни оча олмади..."

5. Улуғ фазл.
Муслим ривоятларида юқоридаги ҳадиснинг қуйидаги зиёдаси ҳам бор:
"...Ёки Аллоҳ таоло маъсиятни ўчириб ташлайди. Аллоҳ таоло ҳақида фақат (ўзини) ҳалок қилгувчигина ҳалок бўлур".
Яъни, шариат ҳудудларини поймол этиб, ҳасаналардан юз ўгириб, ўзини ўзи ҳалок қилгувчи кимсанигина ана шу оқибат кутади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд айтгандилар:
"Бирликлари (яъни, Аллоҳ ҳузурида ўз ҳолида ёзиладиган гуноҳлари) ўнликлардан (яъни, ўн баробар қилиб ёзиладиган яхшиликлардан) ғолиб келадиган кимсага вайл бўлсин!"

6. Фаришталар инсоннинг дилига туккан ниятидан дарак топадилар.
Бу илоҳий илҳом билан ёки қалбни очиш орқали юзага чиқади. Баъзилар фаришта ёмон ниятни ёқимсиз ҳид орқали, ҳасанани ёқимли ҳид орқали сезади, дейишади.

7. Рўзанинг фазли.
Ўзга ибодатлардан фарқли равишда рўзанинг савоби қанчалик зиёда бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Одам боласининг ҳамма амали ўзи учундир. Фақат рўзаси Мен учун ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман". (Ҳадиси қудсий).
Чунки рўза сабрнинг энг афзал кўринишидир.
"Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур". (Зумар сураси, 10-оят).

8. Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига раҳмати кенг, мағфирати улуғ ва ажр-мукофоти беҳисобдир.

9. Аллоҳ таоло бандасини дилидан ўтган ёмон ниятига кўра азобламайди. Дилидаги ёмон ниятлар амалда кўринсагина, уларга жазо беради

10. Мусулмон киши ҳамиша бир яхши ниятни дилига тугиб юрсин. Эҳтимол, у хайрли ниятлари учун мўл-кўл ажр-савоблар олар. Албатта, мўминлар қодир бўлган чоғларида хайрли ниятларини амалга оширишга ўзларини шай тутмоқлари, ўргатмоқлари лозим.

11. Ихлосли бандалар адо этган хайрли ишлари учун ҳам, тарк қилган маъсиятлари учун ҳам қалбларидаги ихлослари сабабли ажр-савоб оладилар. Ихлоснинг улканлигига қараб берилажак ажр-савоблар ҳам зиёда бўлади.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

ЎТТИЗ ОЛТИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:30

ЎТТИЗ ОЛТИНЧИ ҲАДИС
Эзгулик мажмуаси

36 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَاللهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ. وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ. وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ، يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ، إِلا نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلائِكَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ. وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ". (رواه بهذا اللفظ مسلم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олади. Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Амали секинлаштирган кимсани насл-насаби тезлаштира олмайди”. (Муслим ривоятлари)

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Мусулмонлар бир тана аъзоларидир.
Иймон ва Ислом жамиятининг фуқаролари битта тананинг аъзоларига ўхшайдилар. Ўзаро бир тан-бир жон бўлиб кетган бу инсонлар ҳамиша бир-бирларининг ғам-ташвишларига ҳам, қувончларига ҳам шерикдирлар. Улар биродарларининг шодлигидан ўзларида йўқ севинсалар, мусибатларидан қайғуга тушадилар. Мўминларнинг шодиёналари ҳам, ғам-ташвишлари ҳам ўртада бўлади. “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Мўминлар ҳамиша биродарлари бошидан ғам-ташвиш булутини аритишга алоҳида эътибор берганлар. Бу йўлда бор имкониятларини ишга солганлар.

2. Дунё ғам-ташвишлари сон-саноқсиз ва уларни аритиш йўллари ҳам хилма-хилдир.
Ҳаёт ғам-ташвишлар билан тўла. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари лозим.
а) Мусулмонни зулмдан халос қилиш.
Мўмин ҳеч қачон биродарига зулм қилмайди. Бироқ Аллоҳ розилигига эришиш учун бунинг ўзи кифоя эмас. Мусулмон киши биродарини ўзгалар зулмидан халос этишга ҳам ҳаракат қилиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У биродарига зулм ҳам қилмайди, уни (золим қўлига) ташлаб ҳам қўймайди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер!
- Ё Расулуллоҳ! - деди бир саҳобий - Биродарим мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Аммо у золим бўлса, қандай ёрдам қиламан?
- Уни зулм қилишдан тийгин. Мана шу унга берган ёрдаминг бўлади». (Муттафақун алайҳ).
Хусусан, бир мўмин дини-иймони учун кофир ва фосиқ кимсалардан жабр кўраётган бўлса, унга ёрдам бермоқ лозим. "Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир". (Анфол сураси, 144-оят).
Мусулмоннинг моли, жони ёки обрў-эътиборига моддий ёхуд маънавий зулмнинг қай бири етишидан қатъиназар, унга ёрдам бермоқ вожибдир.
Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қаршисида мўмин киши хорланаётганида қодир бўла туриб, унга ёрдам қўлини чўзмаган бандани Аллоҳ таоло бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади». (Аҳмад ривоятлари)
б) Мусулмонни асирликдан қутқармоқ.
Бир мусулмон душман чангалига тушиб қолса, биродарлари уни қутқармоқ учун ҳаракат қилмоқлари шарт. Зеро, мусулмон киши биродарини кофир чангалига - фитна ўчоғига ташлаб қўймайди.
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Оч қолганга таом беринглар, касал ётганни бориб кўринглар ва тутқунни озод қилинглар!» (Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).

в) Муҳтож мусулмонга қарз бермоқ.
Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим. Ўз фойдаси йўлида бировлар қонини ичувчи судхўр жамиятнинг аҳволи покиза Ислом муҳитида кўринмаслиги керак. Чунки жоҳиллар қийналиб қолган кишини кўрсалар, ундан ўз фойдалари йўлида унумли фойдаланишга, унинг бор-будини шилиб олишга ҳаракат қиладилар. "Намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва (бечора-мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар". (Муззаммил сураси, 20-оят).
Ушбу сифати билан мусулмон комил исломий муҳитга асос солади ва Парвардигори ҳузурида ажр-мукофотга ноил бўлади.
«Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган ким борки, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтарур». (Бақара сураси, 245-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким бир мусулмонга икки марта бир дирҳам қарз берса, уларнинг бирини садақа қилиб юборгандек ажр олади». (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Айрим ҳолларда қарз ажр-савобда садақадан юқори бўлиши мумкин. Бу эса олувчи ва берувчининг ҳолатига боғлиқдир.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Исро кечасида жаннат эшигига «Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар ажр бўлур», деб ёзилганини кўриб, сўрадим:
- Эй Жибрийл, нима сабабли қарз садақадан афзал бўлди?
Жибрийл жавоб бердилар:
- Чунки сўровчи баъзида нарсаси бўла туриб ҳам сўрайверади. Қарз олувчи эса фақат муҳтож бўлгани учун сўрайди». (Ибн Можа ривоятлари).

3. Қиёмат кунининг ғами ва ундан халос бўлмоқ.
Қиёмат кунининг ғам-ташвишлари қанчалар кўп ва қанчалар улкан. Ўша кунда ғам-ташвишларини бироз бўлса-да енгиллатиш учун мўмин киши солиҳ амалларга нақадар муҳтож. Қиёмат куни қаршисида нажот эшиклари очилиши ва жаннат йўли ёритилишини истаган банда ўзи учун бу дунёда хайрли амаллар захирасини тўлдириб олиши даркор.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
”Аллоҳ таоло аввалгиларнию охиргиларни бир тепаликка жамлайди. Нидо қилувчини уларга эшиттиради, кўз уларни кўради. Қуёш яқин келади. Одамлар тоқатлари ва бардошлари етмайдиган кулфат ва ғам-ташвишга рўбарў бўладилар. Улар бир-бирларига қараб, шундай дейдилар:
- Бошларингизга тушган ишни кўраяпсизларми?! Парвардигорингиз ҳузурида сизларни шафоат қиладиган бирон зотни қараб кўрмайсизларми?!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат кунида одамлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолларида тўпланадилар», деган сўзларини эшитиб, сўрадим:
- Ё Расулуллоҳ! Аёлу эркак ҳаммаси-я? Ахир улар бир- бирларига қарайдилар-ку?!
- Эй Оиша, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам - Иш (яъни Қиёмат даҳшати) уларнинг буни ўйлашларидан қаттиқроқдир». (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "У Кунда барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик турадилар" ояти ҳақида шундай дедилар:
“Кимдир икки қулоғининг ярмигача терга ботиб туради”. (Муттафақун алайҳ).
Ана шу даҳшатлар гирдобида мўмин кишига Аллоҳ таолонинг адолати етиб келади. У дунёдаги амалига яраша жазо-мукофот олади. Ҳаёти дунёда биродарлари ғам-ташвишини кетказиб юрган мўмин ўша куни ўзининг тоғ-тоғ ғам-ташвишларидан Аллоҳ таоло марҳамати билан фориғ бўлади:
"Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади".

4. Қийин аҳволда қолган кишига ёрдам бермоқ.
Қарзга ботиб, узишга кучи етмаётган ёки қарамоғидагиларни едириб-ичиришдан ожиз қолган ночор кишига ёрдам қўлини чўзмоқ шарт. Қийналиб қолган мўминга қуйидаги ёрдамларни бериш мумкин:
а) Қарз берган киши то биродари қарзини тўлашга қодир бўлгунга қадар сабр қилади. Ночор-қарздор биродарига бундай енгиллик бермоқ вожибдир:
"Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг". (Бақара сураси, 280-оят).
б) Қарз берган киши қарзининг бир қисмини ёки ҳаммасини кечиб юборади. Ёки қарзни тўлаш муддати келганда қийин аҳволга тушиб қолган ночор мусулмонга бошқа биров қарз бериб ёки қарзини ўтаб бериб, уни бу мушкул аҳволдан қутқаради. Бу енгиллик шариатда мандуб саналиб, Аллоҳ ҳузурида улкан фазлга сабаб бўлади.
"Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир". (Бақара сураси, 280-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким қийналиб қолган кишига муҳлат берса ёки қарзини кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни ўз соясига олади". (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Кимда-ким Қиёмат кунидаги ташвишлардан Аллоҳ унга нажот беришини истаса, ночорга ёрдам берсин ёки унинг қарзини ўтаб берсин". (Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло бундай саховатли бандасига шу дунёда ҳам мукофотлар беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Дуоси ижобат бўлишини ва ғам-ташвиши аришини истаган банда қийналиб қолган кишига ёрдам берсин". (Аҳмад ривоятлари).

5. Аллоҳ таоло бандаларига енгиллик берур.
Мол-давлат ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган Кунда банда ҳеч шубҳасиз Аллоҳ азза ва жаллага юзланади.
"У Кунда ҳаққоний подшоҳлик Раҳмон учундир. У кун кофирларга кўп қийин кун бўлур". (Фурқон сураси, 26-оят); "Чунки қачон бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир. Кофирларга осон бўлмаган кундир". (Муддассир сураси, 8-10-оятлар).
Аллоҳга куфрони немат қилиб ибодат нима, шукр нима билмаган, атрофдаги одамларга яхшилик ва эҳсон кўзи билан боқмаган золим кимсалар учун У кун ҳақиқатан жуда оғирдир. Аллоҳ ибодати ва шукрида қоим бўлган, Парвардигори фазли-марҳаматини эътироф этиб, ночор бандаларга ёрдам берган чин мўминлар Қиёмат кунида қилган яхши амалларига муносиб тарзда мукофотланадилар. Аллоҳ таоло уларнинг хато-камчиликларини кечиб юбориб, бу оғир кунни енгил қилади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Бир киши одамларга қарз берар ва хизматкорига «Агар қийналган одам бўлса, қарзини кечиб юбор. Шояд, Аллоҳ бизни кечирса», дер эди. Ҳалиги банда Аллоҳга рўбарў бўлганида, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб юборди". (Бухорий ривоятлари).
Абу Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши ҳисоб-китоб қилинганида, унда ҳеч қандай яхшилик топилмади. Фақат у бой-бадавлат бўлиб, одамлар билан аралашиб юрар ва хизматкорларига: "Қийналган одамдан пулни кечиб юборинглар", дер эди. Аллоҳ азза ва жалла деди: "Бу ишга Биз ҳақлироқмиз. Унинг гуноҳларидан ўтинглар". (Муслим ривоятлари).

6. Аллоҳ таоло соясида.
Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга, қарзини узолмаётган ночор қарздорга ёки мукотабга ёрдам берса, Аллоҳ соясидан ўзга соя бўлмаган куни Парвардигори олам уни сояси остига олади". (Аҳмад ривоятлари).

7. Аллоҳ ва Расулига итоат қилишнинг нодир намуналари.
Тоат-ибодат, хайр-саховат ва шукрони неъмат борасида саҳобаи киромларга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди.
"Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи "Эшитдик ва бўйсундик", демоқликдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (Нур сураси, 51-оят).
Пайғамбар хулқи билан хулқланган, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлган асҳоби киромлар хайр-саховати биз учун жуда ибратлидир.
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу масжидда Ибн Абу Худраддан қарзини талаб қилиб, бироз тортишиб қолдилар. Уларнинг баланд овозларини ҳужраларида туриб эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужра пардасини кўтариб, чақирдилар:
- Эй Каъб!
- Лаббай, Ё Расулуллоҳ!
- Қарзингнинг бунчасини кечиб юбор! - (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярмини деб ишора қилдилар).
- Ё Расулуллоҳ, бўпти, шундай қилдим.
- Тур, қарзингни тўла! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Абу Худрадга. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишининг баланд овозда гаплашаётганини эшитдилар. Уларнинг бири биродаридан бўйнидаги қарзини бироз камайтиришни ва озгина енгиллик беришини сўрарди. Иккинчиси эса "Аллоҳга қасамки, бундай қилмайман", - деб туриб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ёнига чиқдилар:
- Ким у, яхшилик қилмайман, деб Аллоҳ номига қаттиқ қасам ичаётган?!
- Мен, Ё Расулуллоҳ. Бўлди, унинг айтгани бўлади, - дедилар ҳалиги саҳобий”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Асҳоби киромларга яхшилик-хайр йўлида биргина ишоранинг ўзи кифоя эди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

8. Мусулмоннинг айбини беркитмоқ
Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини одамлар ўртасида шарманда қилиш учун камчиликларини қидириб, гапириб юрмайди. Аксинча, дин йўлидаги биродарларида нуқсон кўрса, уни бошқалар кўзидан беркитади. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин:
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким мусулмон биродарининг айбини беркитса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади. Ким биродари айбини очиб юрса, Аллоҳ унинг айбини очиб, уйида турган ҳолида шарманда қилади". (Ибн Можа ривоятлари).
Салафлардан бири айтадилар:
"Мен айбсиз одамларни кўрдим. Бироқ улар бошқалар айбини гапирдилар ва бошқалар ҳам уларни айблаб гапиришди. Айб-нуқсонли одамларни ҳам кўрдим. Улар бошқалар айбини гапирмадилар, бас, унутилдилар: уларнинг ҳам айблари кўринмади".
Мусулмонларнинг айб-камчилигини қидириб юрмоқ мунофиқлик саналади. Бировларни кўпчилик ўртасида изза қилиш учун фақат нуқсонларини излаб юрувчи кимсалар қалбига иймон неъмати мустаҳкам ўрнашмаган бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда нидо қилдилар: "Эй, тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади". (Термизий ривоятлари).
Абу Довуд ва Аҳмад ривоятларида: "Мусулмонларни ғийбат қилманглар!" - ҳам дейилган.

9. Мусулмоннинг камчилигини кўриб қолган киши нима қилади?
Бировнинг айбидан воқиф бўлган мусулмон киши индамасдан буни яшириб кетсинми ёки чиқиб жар солсинми? Одамлар бу борада икки хил ҳолатда бўладилар:
а) Ҳолати яширин, яъни одамлар орасида маъсият қилувчи сифатида ном чиқармаган киши. Бундай одам томонидан бирон маъсият, тойилиш содир этилса, уни бошқаларга гапириб, тарқатиб юрмасдан, яширмоқ лозим. Чунки мусулмонлар орасида яхши ном қозонган бир мўминнинг камчилигини ёймоқ ғийбат ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас. "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз". (Нур сураси, 19-оят).
Олимлар айтадилар: "Бу ерда мўмин билмасдан қилиб қўйган бир хато ёхуд мутлақо содир бўлмаган нарса билан уни айблаб гап тарқатиш назарда тутилаяпти".
Гуноҳлар билан номи чиқмаган, нопок ишларни ошкора қилиб юрмаган мўминлар айбини беркитмоқ лозим. Мусулмоннинг айбини беркитиш деганда ана шундай кишилар назарда тутилади.
Бир олим айтган эдилар:
"Гуноҳкор мусулмонлар айбини беркитинг. Чунки уларнинг маъсиятларини ёймоқ Ислом аҳлининг айбини кўрсатмоқдир. Ишларнинг энг афзали биродарлар айбини беркитмоқдир".
Албатта, биродарининг айбини бошқалар кўзидан яширган киши фақат шу билан кифояланиб қолмайди. У биродарига панд-насиҳат қилиб, уни ёмон ишлардан йироқ юришга ва шариат аҳкомларига тўла риоя этишга даъват қилади. Зеро, панд-насиҳат қилмоқ мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари сирасига киради.

б) Маъсиятларни ошкора қилувчи, ёмонлик билан танилган фожир кимсалар айби беркитилмайди. Қилган гуноҳига афсус-надомат чекмайдиган фосиқ кимсаларнинг асл башарасини маълум қилмоқ, ҳатто вожиб ҳамдир. Чунки бунда бошқа мусулмонлар ҳақиқатдан хабардор бўлиб, фосиқлар ёмонлигидан ўзларини эҳтиёт қиладилар. Ошкора бузғунчилик қилувчи кимсанинг кирдикори зўрайиб, ўзи одамлардан тап тортмайдиган бўлиб кетса, унинг ишини ҳокимга кўтариш вожиб бўлади. Ислом раҳбари гуноҳкорга қилмишига яраша шаръий жазо белгилайди.
Гуноҳдан тийилмайдиган фожирлар айбини беркитмоқ уларни бадтар руҳлантириб юборади. Натижада жамият орасида фасод авж олади. Шу боис Ислом диёрини фитна-бузғунчиликдан покиза сақлаш йўлида бундай ярамас кимсаларга, ҳатто қидириб топиб жазо берилади. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдан олинади:
Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ҳукм сўраб келди. Бирининг ўғли иккинчисининг аёли билан зино қилганди. "Эй Унайс, ўша аёлнинг олдига бор. Агар иқрор бўлса, уни тошбўрон қил", - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

10. Хато-маъсиятни ҳокимга маълум қилмоқ.
Мусулмон киши қилиб қўйган хатосини ичига яширгани ва Парвардигорига тавбалар қилгани мандубдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, Мен Мадина четида бир аёлга тегиниб қўйдим. Фақат жимо қилганим йўқ. Мана, мен қаршингизда турибман. Хоҳлаган ҳукмингизни чиқаринг.
- Аллоҳ гуноҳингни беркитган экан. Уни сен ҳам ичингга яширсанг бўларди, - дедилар Умар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Мусулмон киши гуноҳини тан олиб ҳокимнинг олдига борса-ю, қилиб қўйган гуноҳини батафсил баён қилмаса, ҳоким ҳам ундан тафсилотларни суриштирмагани яхши. Қилинган гуноҳни яширин қолдириб, имкон қадар уни иқрор бўлишдан қайтаради.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эканимда бир киши келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, мен ҳад-шаръий жазога лойиқ иш қилдим. Мега жазо беринг.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ҳеч нарсани суриштирмадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини тугатгач, яна гапирди:
- Ё Расулуллоҳ, мен жазога лойиқ иш қилдим. Аллоҳнинг китобини устимда жорий этинг.
- Сен биз билан бирга намоз ўқимадингми? - сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Ҳа!
- Аллоҳ сенинг гуноҳингни (ёки жазойингни дедилар) кечирди. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эканликларида ҳузурларига бир киши келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ, мен зино қилдим!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олдилар. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юз ўгирган томонга ўтди. Гуноҳини эътироф этиб тўрт марта гувоҳлик бергач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб, дедилар:
- Ақлдан озадиган касалинг борми?
- Йўқ, Ё Расулуллоҳ!
- Уйланганмисан?
- Ҳа, ё Расулуллоҳ!
- Буни олиб бориб, тошбўрон қилинглар, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Бухорий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Моиз ибн Молик гуноҳини эътироф этиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Эҳтимол ўпгандирсан, баданини ушлагандирсан ёки қарагандирсан?
Юқоридаги ҳукмлар гуноҳкор ва унинг эътирофига тааллуқли эди. Агар ҳоли яширин кишининг бир гуноҳ қилиб қўйганини кўрсак, унинг айбини яширмоқ афзал, ҳатто буни бошқаларга етказиш макруҳ ёки ҳаром саналади. Бу жамиятнинг тинч-осуда яшаши учун зарурдир.

11. Маъсият қилишга одатланиб қолган кимса...
Бировнинг айбини беркитмоқ деганда гуноҳга қўл урган у шу гуноҳи ниҳоясига етган, ўзи эса Аллоҳдан қўрқадиган банда назарда тутилган. Бироқ ошкора гуноҳ-маъсият қилувчи фосиқлар қаршисида жим туриш ярамайди. Уларни маъсиятдан қайтармоқ, агар қайтмасалар, пайсалламай ҳокимга хабар бермоқ лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мункарни кўрсангизлар, ўзгартиринглар", деганлар.

12. Гуноҳкорнинг ёнини олмоқ.
Одамлар орасида ёмон ном чиқармаган дин-диёнатли киши камчиликка йўл қўйсаю, шу номаъқул иши бировнинг ҳақига тааллуқли бўлса, ўша одамдан унинг айбидан ўтишни сўраб ўртага тушиш мустаҳабдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дин-диёнатли кишиларнинг хатоларини кечиринг, магар ҳадларни жорий этинг». (Абу Довуд ривоятлари).
Маъсиятдан ҳаё қилмайдиган фосиқ кимсанинг айби яширилмаганидек, унинг ўртасига ҳам ҳеч ким тушмайди. Бошқаларга ибрат бўлиши учун бундай кимсалар шаръий жазога тортилади. Имом Молик айтадилар:
"Фасод ва ёмонлик билан танилган кимсани ҳеч ким оқламасин, ёнини олмасин. Унинг устидан ҳад қоим қилиниши керак".

13. Ҳокимнинг олдида шафоат қилиш йўқдир!
Иш ҳокимга етиб боргунга қадар бировнинг ёнини олиш, ўртага тушиш мумкин. Иш ҳокимга кўтарилгач, ўртага тушиб воситачилик қилиш гуноҳ саналади.
Имом Молик айтадилар:
"Одамларга озор-азият етказмайдиган киши томонидан бир хато содир этилса, иш ҳокимга кўтарилмасдан туриб, унинг ёнини олиш мумкин".
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Ўғрилик қилган Бани Махзумлик бир аёлнинг иши Қурайшни анча ўйга толдирди. Улар мана шу аёлнинг ишини ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб бераркин, дейишди.
- Бунга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюклиси Усома ибн Зайднинг журъати етиши мумкин, деб айтишди. Усома разияллоҳу анҳу ўғри аёлнинг гуноҳини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилдилар.
- Сен Аллоҳ белгилаган ҳад-шаръий жазо хусусида ўртага тушяпсанми?! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, хутба қилдилар: “Сизлардан аввалгилар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғрилик қилса, индамай, заиф киши ўғрилик қилса, жазога тортганликлари боис ҳалок бўлишди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесган бўлардим”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳунинг ридоси ўғирланганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кесишга буюрдилар.
- Ё Расулуллоҳ, мен бундай бўлишини истамагандим. Майли, ўша ридо унга садақа, - деди Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳу.
- Уни ҳузуримга олиб келмасдан шундай қилсанг бўлмасмиди? - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Насоий, Ибн Можа ва Молик ривоятлари).
Имом Молик "Муватто"да қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳу ўғрини ушлаб ҳокимнинг олдига олиб бораётган кишини учратиб қолдилар ва ўғрини шафоат қилмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳалиги одам:
Йўқ, олдин уни султонга олиб борай чи, деди.
- Уни ҳокимнинг олдига олиб борганингдан кейин шафоат қилувчи ҳам, шафоатланган ҳам лаънатланади, - дедилар Зубайр разияллоҳу анҳу”.
Агар ҳокимнинг олдида ҳам айбдорнинг гуноҳи сўраб олинаверса, Ислом раҳбарининг ҳайбати йўқолади. Ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлиб, жамиятда фасод-бузғунчилик кенг ёйилади. Жиноятчилар жазодан қутилиб қолишга кўз тикишади, ислоҳ қилувчилар умиди пучга чиқади. Натижада, уммат жар ёқасига келиб қолади. Шу боис Ислом раҳбарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиб, ўз қарорларида қатъий турмоқлари лозим. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига хилоф юришдан ҳазир бўлсинлар.
"Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!" (Нур сураси, 63-оят).

14. Ўзига хос таъриф.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий биродарнинг айбини беркитишни қуйидагича таърифлаганлар:
“...Ёки беркитишдан мурод кишининг дини сақланишига ёрдам бериб, ҳиссий ёки маънавий камчилигини яширишдир. Мисол учун, аҳли оилага муҳтож кишини уйлантириш ёки иш излаган кишига тижорат қилиши учун мол топиб бериш ва ҳоказо”.
Имом Ҳайтамийнинг гапларини мусулмонлар тўлиқ тушунганларида, жамият жуда кўп бало-офатлардан қутиларди. Турли-туман фасод ҳам шу билан барҳам топган бўларди. Хусусан, оила қуришга имконияти етмаган йигит-қизларнинг беҳуда санғишлари ва уйланиш масаласидаги бир қанча қийинчиликлар ўз-ўзидан йўқоларди. Мусулмонлар ҳали-ҳануз беғам, бепарво, адашиб-улоқиб юрибдилар. Улар Исломга мутлақо ёт бўлган бемаъни одатлар, кераксиз тақлидлар қулига айланишган. Бундай мусулмонлар учун энг муҳими маҳалла-кўй ўртасида ўзини кўз-кўз қилиш, сохта мақтанчоқлик, обрў-эътибор. Айни бидъатларнинг асосий қурбонлари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васият қилиб кетган умматининг покиза ёшлари бўлмоқда.
Мусулмонлар фарзандлари учун моддий ва маънавий тинч муҳитни яратмоқлари лозим. Токи дин саломатлиги, жамият тинчлиги ва Охират ҳаловати таъмин этилсин.
15. Мусулмонларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, Аллоҳ азза ва жалланинг мадади.
Модомики, шахслар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва дўст-биродарлик бўлмас экан, улар яшаётган жамият ҳеч қачон кучли, мустаҳкам бўла олмайди. Ҳар бир мусулмон киши биродарининг иши учун моли, жони, обрў-эътиборини ўртага қўйиб ҳаракат қилсагина, жипс жамоа вужудга келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган ва Қуръонда буюрилган мўминларнинг бир тан, бир жон бўлишлари воқеликда кўринади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Мўмин мўминга бир-бирини суяб, тутиб турувчи бино кабидир". (Муттафақун алайҳ).
"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз". (Моида сураси, 2-оят).
Ўзаро ҳамкорлик жамиятларнинг таркиб топишида, уммат ва шахслар ҳаётида кучли таъсирга эга бўлганлиги боис, ушбу хислат Аллоҳ таоло наздидаги энг афзал амаллардан саналди. Ҳамкорлик ибодатга айланди ва унинг ажр-мукофоти намоз, рўза, садақа каби амаллар ажрига тенг ёки ортиқ қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Бир кишига от-уловига чиқишда ёрдам беришинг ёки нарсасини кўтариб олиб беришинг ҳам садақадир". (Муттафақун алайҳ).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутмаганлар дадил туриб ишга киришишди. (Бир ривоятда чодирлар тикишди, от-уловларни суғоришди, дейилган). Рўза тутганлар эса чарчаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ажрни рўза тутмаганлар олиб кетди, - дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, рўза тутмаганлар худди рўза тутганлардек ёки кўпроқ ажрга эга бўлишди. Чунки улар ўз амаллари билан биродарларининг рўза тутишларига ҳам ёрдам бердилар.
Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир гуруҳ саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир ҳамсафарларини мақтаб келишди:
- Биз фалончидек одамни ҳеч қачон кўрмаганмиз. У ҳар доим тиловатда бўлди. Қаерга қўнсак, намоз ўқирди.
- Унинг кундалик юмушларини ким бажарди?.. Ким туясига ем берди? - деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Биз! - дейишди саҳобалар.
- Сизларнинг ҳаммангиз ундан яхшисизлар, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Абу Довуд ривоятлари).
Яъни, сизлар ҳам худди Қуръон тиловат қилган ва намоз ўқигандек ёки кўпроқ ажр оласизлар.
Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амалларнинг энг афзали мўминни хурсанд қилмоқдир: Уни кийинтирасан, қорнини тўйғазасан ёки ҳожатини чиқарасан". (Табароний ривоятлари).
Мусулмон киши биродарига ёрдам бериб улкан натижага, яъни Аллоҳ таборака ва таолонинг мададига мушарраф бўлади.
"Модомики, банда биродарининг ёрдамида турар экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади".

Тўғрида, ахир куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ таолодандир. Борлиқни ҳаракатга келтирувчи, берувчи ёки ман этувчи ёлғиз Пок Парвардигордир. Соғлигу касаллик, қуввату заифлик, бойлигу фақирлик барча-барчаси Унинг измидадир. У Зот бандалари қалбини Ўзи хоҳлаганидек буриб, айлантириб туради. Биродари ташвиши йўлида елиб-югураётган бир бандасига бошқаларни меҳрибон қилиб қўяди. Одамлар ўз-ўзидан унинг ғамини ейдиган, хизматини қиладиган бўлиб қоладилар. Фазл Аллоҳдандир ва яна Аллоҳга қайтади. Аллоҳ таоло бандаларига жазо-мукофот бериш учун амални уларга нисбат берди. Инсонларни бир-бирига муҳтож этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг карамидир. "Сизларга берилган барча ноз-неъматлар Ёлғиз Аллоҳдандир". (Наҳл сураси, 53-оят).

16. Гўзал намуна ва салафи солиҳлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини бир нарсага чақирсалар, аввало ўзлари ибрат бўлардилар. Саҳобаларига, хусусан муҳтожларига ёрдам беришда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беназир эдилар.
Хаббоб ибн Арат разияллоҳу анҳунинг қизлари ҳикоя қиладилар:
"Хаббоб ҳарбий гуруҳ билан чиқиб кетганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳолимиздан хабар олиб турардилар. Ҳатто эчкимизни соғиб берардилар. Идишимиз сутга тўлиб-тошиб кетарди. Хаббоб қайтиб келиб, соғгач, эчкининг сути аввалги ҳолига қайтарди." (Аҳмад ривоятлари)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг ҳақиқий шогирдлари, чин издошлари бўлдилар. Улар ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашардилар. Саҳобаларга чиройли суратда эргашган зотлар – тобеинлар ҳам бу йўлдан оғишмадилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлсинлар.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу эрлари йўқ уйларнинг қўйларини соғиб берардилар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифа бўлгач, бир жория «Абу Бакр энди қўйларимизни соғиб бермайди», деди. Бу гап халифага етиб борди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу бунга қуйидагича жавоб бердилар: "Нега энди?! Умид қиламанки, мен киришган иш (яъни халифалик) аввал қилиб юрган амалларимнинг биронтасини ўзгартирмайди".
Умар разияллоҳу анҳу ҳамиша бевалар ҳолидан хабар олиб, кечаси уларга сув ташиб берардилар. Бир кеча Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳунинг бир аёлникига кириб кетаётганларини кўрадилар. Ҳалига аёл қартайиб, ўтириб қолган кўр кампир экан.
- Кечаги киши сизникида нима қилади? - сўради Талҳа.
- У фалон вақтдан буён ҳолимдан хабар олиб туради, керакли нарсаларни олиб келиб беради. Ахлатларни чиқариб ташлайди, - деб жавоб берди у аёл.
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Талҳа, - дедилар Талҳа разияллоҳу анҳу - Сен ҳали Умарнинг камчиликларини қидириб юрибсанми?
Абу Воил разияллоҳу анҳу ҳар куни эрлари йўқ ва кекса аёллар ҳолидан хабар олар, уларга керакли нарсаларни сотиб олиб келиб берардилар.
Мужоҳид айтадилар: "Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг хизматини қилай, деб бирга сафарга чиқдим. Қайтага Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу менинг хизматимни қилдилар".
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир кишининг ҳожатини чиқариш учун асҳобларини жўнатиб, дедилар: "Сизлар Собит Бунонийникига ўтиб, уни ҳам бирга олиб кетинглар. Асҳоблар Собитнинг олдига келишди.
- Мен эътикофдаман, - дедилар Собит. Улар Ҳасан Басрийнинг олдига қайтиб бориб, воқеани баён қилдилар.
- Унга бориб айтинглар, - дедилар Ҳасан Басрий - Эй Аъмаш, билмайсанми, ахир биродарингнинг ишини деб юришинг сен учун ҳаждан кейинги ҳаждан ҳам яхшироқдир!
Асҳоблар Собитнинг олдига қайтишди. У эътикофини тарк қилиб, биродарларига қўшилди".

17. Ўртага тушинглар, ажр оласизлар!
Ўзаро ҳамкорлик нафақат моддий ёрдамни, балки маънавий кўмакни ҳам ўз ичига олади. Мисол учун, кимдир биродарининг ҳожатини чиқариш учун ўз обрў-эътиборини ўртага қўйиб, ҳоким ёки масъул шахслар олдида ҳаракат қилади.
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир сўровчи келса ёки у зотга бировнинг иши тушадиган бўлса,
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига дердилар:
"Ўртага тушинглар, ажр оласизлар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг тили орқали Ўзи хоҳлаганидек ҳукм қилур". (Бухорий ривоятлари).
Яъни муҳтож киши менга ўз эҳтиёжини баён қилганида, унинг ёнини олиб, ўртага тушинглар. Ўшанда сўзларингизнинг қабул бўлиш-бўлмаслигидан қатъиназар, сизлар ажр оласизлар. Зеро, Аллоҳ Пайғамбари тили орқали сўровчига нисбатан салбий ёки ижобий ҳукм чиқарур. Бу Аллоҳнинг қазои қадаридир.
Ибн Ҳажар "Фатҳул Борий"да ёзадилар:
"Мазкур ҳадис яхшилик қилишга, хайрли ишларга сабабчи бўлишга ва катталар ҳузурида заиф-ночорлар ёнини олишга чақиради. Чунки ҳар ким ҳам ҳокимнинг ёнига кириб, унга бор ғамини батафсил тушунтириб беришга қодир эмас. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматдан алоҳида бўлиб ажралиб олмаганлар".
Албатта, бу ерда Аллоҳ ҳадларидан бошқа ишларда шафоат қилиниши назарда тутилаяпти.

18. Жаннат йўли.
Банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида нажот топиши учун Ислом шарт. Ислом эса фақат илм билан юзага келади. Зеро, Аллоҳ таолони таниш ва Унга етишиш учун илмдан ўзга йўл йўқ. Хайрли илм Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога олиб борадиган энг яқин йўлни кўрсатади. Кимда-ким мана шу йўлдан оғишмай олға юрса, кўзлаган мақсадига эришади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам талаби илмни жаннат йўли деб шарҳладилар. Хайрли илм талабида йўл босмоқ кишини жаннат сари бошлайди. "Илм талабида йўл босган инсонга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиб қўяди".
Айтаётган сўзимизга энг кучли далил бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган ваҳийнинг илмга ва илмнинг воситаларига буюриш билан бошланганидир. Илоҳий ваҳий Аллоҳ таолонинг улуғлиги ҳамда борлиқ сирларини идрок этишда илм неъматининг аҳамияти ва шарафига эътибор тортиш ҳамда собит илмий ҳақиқатларга ишора қилиш билан бошланди.
Мана, у оятлар: "Яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган Зотдир. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз ўта карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган зотдир. У инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди". (Алақ сураси, 1-5-оятлар).

 19. Исломда илмнинг ўрни.
Жаннат йўли саналмиш хайрли илм Исломда жуда қадрланади. Аллоҳ ҳузуридаги манзил-мартабада уламолар анбиёлар мартабасига яқинлаштирилган.
"Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни даража-мартабаларга кўтарур". (Мужодала сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳнинг Пайғамбарлари на дирҳам ва на динор қолдирдилар. Улардан илм мерос бўлиб қолди. Ким уни олса, дарҳақиқат, тўкис насибага эга бўлибди". (Термизий ва бошқалар ривояти).

20. Исломда талаби илмнинг ҳукми.
Илм ўрганмоқ фарздир. У икки хил даражада бўлади:
а) Фарзи айн: Ҳар бир мўмин-мусулмон билиши шарт бўлган илмлар. Улар кишининг ақидаси соғлом, ибодати дуруст ва бутун ҳаёти Аллоҳ шариатига мувофиқ бўлиши учун зарур саналган илмлардир. "Билингки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир". (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмонга фарздир". (Ибн Можа ривоятлари).
б) Фарзи кифоя: Умуман, мусулмонлар жамоаси билиши шарт бўлган илмлар. Бу соҳада маълум шахсларнинг машғул бўлиши бошқалар устидан масъулиятни соқит қилади. Агар ҳеч ким улар билан шуғулланмай қўйса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Масалан, шариат илмларини чуқур, батафсил ўрганмоқ, ёд олмоқ, мусулмон жамоа учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ва ер юзида ҳақ ва адолат давлатининг мустаҳкам туришига сабаб қилиб қўйилган илмларнинг эгалланиши ана шу фарзи кифоя таркибига киради. Агар Ислом давлати ҳар соҳада тўкис ва мукаммал бўлса, воқеликда ўзига хос ҳайбат касб этади. Ана шунда чор-атрофдаги душманлар, фосиқу фожир кимсалар унга қарши юришга журъат қила олишмайди. "Барча мўминлар жангга чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!" (Тавба сураси, 122-оят).
Уммат эҳтиёжи учун зарур бўлган илмлар ҳам диний илмларга қиёс қилинади.
Шариат илмларини чуқур ўрганмоқ, мусулмон учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ҳам мусулмон учун мандубдир. "Айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин". (Тоҳо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло кимга бир хайр-яхшиликни истаса, уни динни англайдиган қилиб қўяди". (Муттафақун алайҳ).

21. Илм нур, уламолар эса йўл кўрсатувчи машъалалардир.
Аллоҳни танимоқ, унинг розилигини топмоқ ва Қиёмат кунида Унга яқин бўлиб, муваффақият қозонмоқ учун илм ягона чорадир. Аллоҳ таоло айнан мана шу нур билан Пайғамбарларни жўнатди, уларга китоблар нозил этди. Пок Парвардигор у орқали бандаларини жаҳолат зулматларидан, шак-шубҳа ва ваҳима чангалидан халос қилади. "Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур – очиқ китоб келдики, Аллоҳ у сабабли ўзининг розилигига эришган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва ўз изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур". (Моида сураси, 15-16-оятлар).
"Бас, унга (Пайғамбарга) иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда у билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (Аъроф сураси, 157-оят).
Ихлосу ибодатда мустаҳкам олимлар Пайғамбарлар илмига меросхўр бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Пайғамбарлар на дирҳам ва на динор қолдирдилар. Улардан фақат илм мерос бўлиб қолди". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Уламолар уммат йўлини ёритувчи, ҳамиша уларни ортларидан эргаштириб, саодат манзилига олиб чиқувчи, раиятга ҳақиқий иззат ва мукаррамлик нималигини кўрсатиб берувчи ёрқин машъалалардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ердаги уламолар худди кўкдаги юлдузларга ўхшайди. Одамлар қуруқлигу денгиз зулматларида юлдузларга қараб йўл топадилар. Агар улар ўчса, йўлбошловчилар ҳам адашиб кетиши мумкин".
Уммат орасида илм бор экан, улар ҳидоят ва хайрдан, адолат ва тараққиётдан йироқлашиб кетмайдилар. Илмнинг йўқолиб кетмаслиги уни кўтарувчи олимлар ҳаётига боғлиқ. Яъни, олимлар йўқолиши билан илм ҳам уммат устидан кўтарилади. Натижада, жамиятда парокандалик бошланиб, разолат ва фасод томир отади. Тўғри йўлдан адашган уммат ўзини-ўзи ҳалокат сари бошлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло илмни бандалари орасидан шундай суғуриб олиб қўймайди. У зот олимларни олиб қўйиш билан илмни олиб қўяди. Ҳатто биронта олимни қолдирмагач, кишилар жоҳил кимсаларни раҳнамо тутадилар. Жоҳил раҳнамолардан сўрасалар, улар илмсизлик билан фатво берадилар. Оқибат ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар". (Муттафақун алайҳ).

22. "Ва айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин".
Мусулмон киши ҳеч қачон олдинга интилишдан тўхтамайди. У ҳамиша фазилатли мартабаларга эришиш йўлида ҳаракат қилади. Хусусан, фазилат белгиси бўлмиш фойдали илмга сира тўймайди. Ахир, қуйидаги оят-ҳадисларни ўқиб, яхшилик йўлида қандай сусткашлик қилади: "Айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин". (Тоҳо сураси, 114-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Мени Аллоҳ азза ва жаллага янада яқинроқ қиладиган илмни зиёда этмаган куним қуёш чиқиши билан мен учун баракотли эмас".
Илм лаззати кишининг бу йўлдаги хатти-ҳаракатини кучайтиради. Ушбу ҳақиқатни Парвардигори илм берган, таълимни гўзал қилган ва одоб бериб, одобини ҳам комил этган ростгўй зот таъкидлаганлар. У зотга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Икки оч сира тўймайди: Илм толиби ва дунё талабгори". (Баззор ва бошқалар ривояти).
Зиёда илм фақат Аллоҳ тавфиқи билан муяссар бўлади. Толиби илм динини сақлаш, биродарларига ёрдам бериш учун фақат Аллоҳ таоло розилигини истаб, холис ниятда таҳсилга киришса, Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг йўлини очиб қўяди. Покиза ниятли толиб қайси бир мавзуга қўл урмасин, унинг қаршисида кенг уфқлар намоён бўлади.
"Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?" (Қамар сураси, 17-оят).

23. Илмига амал қилган киши кўп нарсаларни ўрганади.
Илм билан амал, гап билан иш битта бўлса, Аллоҳ тавфиқи ва инояти ҳам олий даражада зоҳир бўлади. "Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир". (Бақара сураси, 282-оят).
Мусулмон ҳар қачон ўрганиб, илмга амал қилса, у жаннат йўлидан шунча олға юрган, Аллоҳ таборака ва таолога янада кўпроқ қурбат ҳосил қилган бўлади. Банда Аллоҳга қанчалик яқин бўлса, талаби илмга бўлган тавфиқи ҳам шу қадар ортади. Боамал кишининг ҳар бир ўргангани унинг ҳидоят ва тақвосини зиёда қилади. Худди шу тарзда илмига амал қилувчи ҳақиқий уламолар фазилат ва илм чўққиларига кўтарилиб, комил ва тўкис ҳидоят эгаси бўладилар. Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам улар мартабаси ҳавас қилгуликдир. "Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир". (Марям сураси, 76-оят).
"Ҳидоят топган – тўғри йўлга юрган зотларга эса Аллоҳ яна ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур". (Муҳаммад сураси, 17-оят).

24. Илмга амал қилмасликнинг оқибати.
Олимларнинг йўл кўрсатувчи машъалалар эканини, уларсиз уммат адашиб-улоқиб кетишини юқорида айтиб ўтдик. Бироқ бундан-да ёмон офат бор. У уламоларнинг ҳақ йўлдан тойилиб, тоат-ибодатда эмас, гуноҳ-маъсиятда ўзгаларга ўрнак бўлиши, айтган гапларининг қилаётган ишларига тўғри келмаслигидир. Шариат ушбу тойилишнинг нечоғлик хунук оқибатларга олиб боришини баён этиб, ундан қаттиқ қайтарди. "Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Саф сураси, 2-3-оятлар).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман:
- Қиёмат кунида бир кимса олиб келиниб, дўзахга ташланади. Шунда қорнидан ичак-чавоғи чиқиб кетади. У дўзах ўтида худди тегирмонда айланаётган эшакдек чархпалак бўлади. Дўзахийлар унинг ёнига келиб сўрайдилар:
- Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?!
- Тўғри, - деб жавоб беради ҳалиги одам, - Бироқ мен яхшиликка буюрардим-у, ўзим уни қилмасдим. Ёмонликдан қайтарардим-у, ўзим уни қилардим». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Исро кечасида оловдан ясалган қайчилар билан лаблари қиймаланаётган одамлар олдидан ўтдим.
- Эй Жибрийл, улар кимлар? - деб сўрадим.
- Умматингизнинг ўзлари қилмайдиган ишларни гапирувчи хатиблари! - деди Жибрийл алайҳиссалом". (Мунзирий ривоятлари). Байҳақий ривоятларида «Аллоҳ китобини ўқиб, унга амал қилмайдиганлар», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Банда умрини қандай ўтказгани, илмига нималарда амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга ишлатгани ва танасини нимада қаритгани хусусида сўралгунга қадар унинг қадамлари жилмай туради". (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).

25. Илм тарқатиш.
Ислом илм ўрганишни ва уни бошқаларга ўргатишни тарғиб қилади. "Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар жангга чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!" (Тавба сураси, 122-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Биздан бир нарсани эшитиб, уни эшитганидек етказган кишининг юзини Аллоҳ яшнатсин. Шундай етказилганлар борки, улар эшитганларга қараганда яхшироқ англайдилар". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Банда учун энг хайрли ва ўлимидан сўнг ҳам ажр-савоби етиб турадиган амал бошқаларга илм ўргатмоқдир. Зеро, Аллоҳ таоло худди шу илм сабабли уни азиз-мукаррам қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Банда вафот этиши билан унинг амали узилади. Фақат уч нарса бундан мустасно: Садақаи жория, фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд". (Муслим ва бошқалар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Энг афзал садақа мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг уни мусулмон биродарига ўргатишидир". (Ибн Можа ривоятлари).

26. Илм талабида ниятини холис қилиб, ҳатто мумкин нарсалардан ўзни тийиш.
Толиби илм ёки олим ҳамиша холис Аллоҳ учун илм ўрганиши ва ўргатиши лозим. Унинг мақсади мол-дунё, мансаб ёки обрў-эътибор қозониш эмас, Аллоҳ динини асраш, уни бошқаларга ўргатиш ва биродарларига шу тариқа наф етказиш бўлиши керак. «Фалончи бундай экан» деган мақтовни эшитиш, илми билан бошқалардан устун туриш ёхуд кимларнидир баҳс-мунозарада мағлуб этиб, мағрур юриш учун илм ўрганган кимса Аллоҳ таоло ғазабига дучор бўлади. Унинг илм йўлида чеккан барча ғам-ташвишлари ва қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ юзи мақсад қилинадиган бир илмни дунёвий ғаразни кўзлаб ўрганган кимса Қиёмат кунида жаннатнинг ҳидини топмайди". (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: "Олимлар билан тортишиш ёки нодонлар билан талашиш ва шу йўл билан одамларни ўзига қаратиш мақсадида илм ўрганган кимсани Аллоҳ таоло дўзахга киритади". (Термизий ва бошқалар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат кунида энг биринчи ҳисоб-китоб қилинадиганлар... (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мужоҳид ва эҳсон қилувчи ҳақида гапирганлар. Сўнг:) илм ўрганган, бошқаларга ҳам илм ўргатган ва Қуръон ўқиган банда келтирилади. Аллоҳ таоло унга берган неъматларини эслатади. Банда эътироф этади.
- Хўш, сен улардан фойдаланиб, қандай амал қилдинг? - сўрайди Аллоҳ таоло.
- Илм ўргандим ва уни ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим, - деб жавоб беради банда.
- Бекор айтибсан! Сен одамларнинг "Бу олим!" дейишлари учун илм ўргандинг ва "қори" дейишлари учун Қуръон ўқидинг. Шундай деб айтилди ҳам!
Сўнг Аллоҳ буйруғига биноан ҳалиги банда юзтубан ҳолда судралиб, дўзахга ташлаб юборилади".

27. Илмнинг ярми – "билмайман".
Чин ихлосли олимлар ҳеч қачон билмаган нарсаларини билмайман, деб айтишдан кибр қилмаганлар. Аксарият уламолар жуда кўп саволларга шундай жавоб қайтаришган. Фақат аниқ билган нарсаларинигина айтганлар. Ҳатто айтадиларки, илмнинг ярми билмайман, дейишдир. Бу кишининг ўз сўзига қанчалик эътиборли эканлигини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олий мартабаларида туриб “билмайман” дейишдан тортинмаганлар: "Бу масалада сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас".
Кишининг бир нарсани билмаслигини эътироф этиши асло уят саналмайди. Ахир Аллоҳ таолонинг қўйидаги каломини эшитмаганмисиз: "Сизларга жуда оз илм берилгандир". (Исро, 85-оят).

28. Толиби илм одобларидан.
Илм толиби ҳақиқий устозларни излаб топиши, улар этагини маҳкам тутиб, хизматларига ҳамиша шай туриб илм ва одоб ўрганмоғи лозим. "Мусо унга (Хизрга): "Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?" – деди". (Каҳф сураси, 66-оят).

29. Аллоҳ азза ва жалла зикри.
Аллоҳ таолони зикр қилмоқ энг улуғ ибодатлардандир.
"Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китобдан (оятлар) тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур". (Анкабут сураси, 45-оят).
Чунки Аллоҳ таоло зикри инсонни ҳар бир ишида шариатга мувофиқ юришга ундайди. Унга Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани кўриб турувчи Зот эканлигини таъкидлайди. Иймон кузатуви остида ҳаёт кечирувчи инсон Парвардигори билан ҳам тўғри ва чиройли муносабатда бўлади. Шу боис мусулмон ҳамиша Аллоҳ таоло зикри билан юришга буюрилган.
"Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтинглар!" (Нур сураси, 41-42-оятлар).
"Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!" (Нисо сураси, 103-оят).

30. Энг яхши зикр Аллоҳ таоло китобидир.
Аллоҳ таоло китобида шариат аҳкомлари, мусулмоннинг вазифалари ва унинг ҳаёт йўлини белгилаб берувчи, бахт-саодатга бошловчи ҳақ кўрсатмалари ҳамда бандалар эҳтиёт бўлишлари лозим бўлган ёмонликлар баён этилган. Бинобарин, Аллоҳ таолони зикр этмоқ учун Унинг каломидан-да хайрли восита йўқ.
"Сизга эса одамларга нозил қилган (аҳкомлар)ни баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани - Қуръонни нозил қилдик". (Наҳл сураси, 44-оят).
"У бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир". (Ёсин сураси, 69-оят).
"Бу бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат бор". (Сод сураси, 49-оят).
"Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?" (Қамар сураси, 17-оят).

31. Масжидлар ободлиги.
Аллоҳ азза ва жалла зикри, Қуръон тиловати ва илм ўрганиш учун энг хайрли маскан Аллоҳнинг уйлари – масжидлардир. Аллоҳ уйларини мўминлар обод қиладилар. Масжидларнинг ободонлиги намоз, эътикоф каби ибодатлар ёнига қўшилган илм ва зикр биландир.
"(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишга ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни ато этишдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган Кундан қўрқурлар. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга ўз фазлу карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур". (Нур сураси, 36-38-оятлар).

32. Ибодат ва шафоат.
Қуръон тиловати ибодатдир ва банда бунинг учун ажр-савоб олади. Қуръон тиловати банданинг Қиёмат кунида нажот топишига ва Парвардигори розилигига эришишига восита бўлади. Чунки Қуръон Аллоҳ ҳузурида ўз қорисини шафоат қилади.
"Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг китоби - Қуръонни тиловат қилинг!" (Каҳф сураси, 27-оят).
"Айтинг: "Мен фақат мана шу шаҳарнинг (яъни Макканинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилганман. У (бу шаҳарни) ҳаром қилган зотдир, Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга ва Қуръон тиловат қилишга буюрилганман". Бас, ким ҳақ йўлга юрса, фақат ўз фойдаси учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: "Мен фақат огоҳлантирувчиларданман". (Намл, 91-92-оятлар).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қуръонни ёд олган ҳолида уни ўқиётган киши улуғ-мукаррам фаришталар билан биргадир. Қуръонни ўқишга қийналса-да, уни мудом ўқиб юрадиган кишига иккита ажр бордир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик-ҳасана ёзилади. Ҳасанага ўн баробар зиёдаси билан (ажр-мукофот берилади). Мен "Алиф, лом, мим" битта ҳарф деб айтаётганим йўқ. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир". (Термизий ривоятлари).
Абу Умома Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: "Қуръон ўқинглар! Чунки у Қиёмат кунида ўқувчилар учун шафоатчи бўлиб келади". (Муслим ривоятлари).
Қуръон тиловатига қулоқ солмоқ фазилатда уни тиловат қилишдан кам эмас. Қуръонни жим туриб тингламоқ Аллоҳ таоло мағфирати ва раҳматига ноил бўлишга сабабчидир.
"Қачонки Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз, шояд раҳматга сазовор бўлсангизлар". (Аъроф сураси, 204-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким Аллоҳ китобидан бир оятга қулоқ тутса, унга зиёда ҳасаналар ёзилади. Ким бир оят тиловат қилса, Қиёмат кунида унинг учун нур бўлади". (Аҳмад ривоятлари).
Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръон тиловатини эшитишни хуш кўрганлар.

Абдуллоҳ ибн Маъсуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар.
- Қуръон сизга нозил этилган бўлса-ю, мен сизга ўқиб берайми? - дедим.
- Мен уни бировдан эшитишни ёқтираман.
Мен Нисо сурасини ўқиб, қуйидаги оятгача етдим: "Биз ҳар бир умматдан гувоҳ келтирганмизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!" (Нисо сураси, 41-оят) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Бас" ёки "тўхта", - дедилар. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқаётган экан". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

33. Нур устига нур.
Қуръон тиловати ёки унга қулоқ солишга тушуниш, тадаббур ва Аллоҳ қўрқуви ҳам қўшилса, ажр-савоб зиёда бўлиб, нур устига нур бўлади. Бу банданинг ақлу заковати ва Аллоҳ ҳузуридаги даражасига бир ишорадир. "(Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак китобдир". (Сод сураси, 29-оят).
Биз ўрганаётган ҳадис ҳам мўминларни ушбу фазилатга ундайди. Мўминлар қай бир хонадонда, манзилу масканда йиғилиб, Қуръон тиловати билан Парвардигорларини зикр қилсалар, ҳадисда таъкидланган фазилатга ноил бўладилар. Хусусан, уйларида ўтириши хайрли бўлган муслималар учун ҳам бу фазилат тааллуқлидир. Албатта, эр кишилар масжидларда зикр ва тиловат қилишлари афзал. Чунки Аллоҳнинг уйларида кишини чалғитадиган, кўнглию баданини кирлатадиган моддий ва маънавий кирликлар бўлмайди. Боз устига, Аллоҳ зикри билан масжидлар ободдир.

34. Аллоҳ фазли ва ризоси.
Қуръон тиловати ва тадаббури билан машғул мўминларга Аллоҳ таоло тўрт мукаррамлик ато этади. Уларнинг ҳар бири Қуръон мухлисларининг олий мартабасига, Аллоҳ таоло розилиги ва мағфиратига далолат қилади.
Биринчи мукаррамлик: «Улар устига осудалик нозил қилинади».
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Бир киши Каҳф сурасини ўқирди. Шунда ҳовлидаги от безовталанди. Ҳалиги киши тўхтаб қараб, атрофини ўраб турган туман ёки булутни кўрди. У бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берди.
- Ўқийвер! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам - У Қуръон учун нозил бўлган осудаликдир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Ушбу осудалик билан қалблар хотиржам бўлади, кўнгиллар ором олади. Инсон ақли тиниқлашиб, қарор топади. "Улар иймон келтирган, қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур". (Раъд сураси, 28-оят).
Қалблари тош қотиб, Аллоҳ зикридан ғофил юрган, қимматли вақтларини бесамар кетказиб, нафрат ва ғазаб остида кун кечираётган бадбахт кимсалар ҳоли нақадар ёмон! Ахир Охиратда уларни абадий азоб-жаҳаннам кутиб турибди. "Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз". (Тоҳо сураси, 124-оят).
"Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай. Улар очиқ залолатдадирлар!". (Зумар сураси, 22-оят).
Иккинчи мукаррамлик: "Уларни раҳмат қоплайди".
"Салмон разияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло зикрини қилиб ўтирган бир давра орасида эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ёнидан ўтдилар. “Нималарни гапиряпсизлар? Мен устингиздан ёғилаётган раҳматни кўриб, унга шерик бўлишни хоҳладим! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам». (Ҳоким ривоятлари).
Аллоҳ таоло раҳмати банда учун энг улкан ва хайрли насибадир. "Айтинг: "Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва раҳмат-меҳрибонлиги билан – мана шу неъмат билан шод-хуррам бўлсинлар. Зеро, бу улар тўплайдиган мол-дунёлардан яхшироқдир". (Юнус сураси, 58-оят).
Аллоҳ китобини тиловат қилишлари ва ўзаро уни ўрганишлари уларнинг чиройли амал эгалари эканликларига далолат қилган, Аллоҳ раҳматига яқин бўлган зотларга нақадар яхши! «Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир». (Аъроф сураси, 56-оят)

Ушбу амаллари уларнинг чин иймонли, ростгўй, тақводор ва Аллоҳ азобидан омон қолгувчилардан эканликлари ҳақидаги хушхабар ҳамдир.
"Аллоҳ айтди: "Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен раҳматимни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман". (Аъроф сураси, 156-оят).
Учинчи мукаррамлик: "Уларни фаришталар ўраб олади.
Усайд ибн Хузайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Усайд разияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқирдилар. Отлари олдиларида боғлиқ эди. Бирдан от безовталаниб қолди. Усайд Қуръон ўқишдан тўхтаган эдилар, от ҳам тинчланди. Улар яна ўқишни бошладилар, от яна безовталанди. Ўқишдан тўхтаган эдилар, от тинчланди. Сўнг яна тиловат қилдилар, от яна безовталанди. Усайд от яқинида турган ўғиллари Яҳёдан хавотирланиб туриб кетдилар. Ўғилларини олаётганларида бошларини тепага кўтардилар ва бир нарсаларни кўрдилар. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гапириб бердилар.
- Ўқи, эй Ибн Хузайр! Ўқи, эй Ибн Хузайр! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Ё Расулуллоҳ, мен Яҳёни от босиб кетишидан қўрқдим. У отнинг ёнида эди. Бошимни кўтардим ва унинг олдига бордим. Бошимни осмонга кўтарсам, бир булутга ўхшаган нарса. Унда бамисоли чироқлар ёниб турибди. Улар чиқиб кетди, ниҳоят кўринмай қолди.
- Унинг нималигини биласанми? - сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Йўқ!
- Улар сенинг овозинг учун яқинлашган фаришталар эди. Агар ўқийверганингда, одамлар уларни кўриб қоларди. Фаришталар улардан яширина олишмасди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Қуръон тиловат қилувчилар кўпайгани сари фаришталар сони ҳам зиёдалашиб, уларни ҳар томондан ўраб олади.
Хўш, фаришталарнинг тушиши, Қуръон ўқувчиларни ўраб туришлари нимани англатади? Бу Қуръон мухлисларининг тинч-омонликда эканликларини, уларнинг турли ёқимсиз нарсалар ва озор-азиятлардан ҳимояланганликларини билдиради. "Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар". (Раъд сураси, 11-оят).
Балки фаришталар гувоҳлигининг энг яхши самараси бошқа нарсада кўринар: Маълумки, фаришталар Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасидаги элчилардир. Улар мўминларнинг Қуръонни ўқиб-ўрганаётганларини, Аллоҳ ғазабидан қўрқиб, Унинг раҳматидан, мағфиратидан умидвор турганликларини Парвардигорлари ҳузурига кўтариб борадилар. Оқибат, Қуръон мухлислари Аллоҳ мағфирати ва раҳматига ноил бўладилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таолонинг шундай фаришталари борки, улар зикр аҳлини қидириб айланиб юрурлар. Агар Аллоҳни зикр қилаётган кишиларни топсалар, «қидирган нарсаларингизга келинглар», - деб бир-бирларини чақирадилар. Фаришталар зикр аҳлини қанотлари билан ўраб, дунё осмонигача етадилар. Аллоҳ таоло ўзи яхши билиб турса-да, фаришталаридан сўрайди:
- Бандаларим нима дейишяпти?
- Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб Сени улуғлаяптилар.
- Улар Мени кўрганмилар?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, кўрмаганлар.
- Агар Мени кўрсалар нима қилишади?
- Унда Сенга янада кўпроқ ибодат қилиб, бундан-да кўп тасбеҳ айтиб, сени улуғлашади.
- Улар мендан нима сўраяптилар?
- Сендан жаннат сўраяптилар?
- Жаннатни кўришганми?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Парвардигор, жаннатни кўрмаганлар.
- Агар кўрганларида, нима бўларди?
- Агар жаннатни кўрсалар, унга янада қаттиқроқ интилиб, талабгор бўлиб, рағбатлари ошиб кетарди.
- Нимадан паноҳ тилаяптилар?
- Дўзахдан.
- Улар дўзахни кўрганмилар?
- Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Парвардигор, уни кўрмаганлар.
- Агар кўрсалар, нима бўларди?
- Агар кўрсалар, дўзахдан яна ҳам кўпроқ, қаттиқроқ қўрққан бўлардилар.
- Сизлар гувоҳсизлар, Мен уларни мағфират қилдим.
Шунда фаришталардан бири дейди:
- Фалончи ораларида ўтиргани билан улардан эмас. У бир иш билан келган эди.
- Улар бирга ўтирибдилар. Уларнинг ёнида ўтирганлар ҳам бадбахт бўлмаслар!". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Тўртинчи мукаррамлик: "Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагиларга зикр қилади".
"Бас Мени эсласангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!". (Бақара сураси, 152-оят).
Банда Аллоҳ китобини тиловат қилиб ёки оятларига қулоқ тутиб Парвардигорини зикр этса, Аллоҳ азза ва жалла ҳам унга шундай муносабатда бўлади. Пок Парвардигор бу бандасини Ўз ҳузуридагиларга зикр қилади. Аллоҳ зикри билан банда зикри ўртасида жуда катта фарқ бор. Парвардигорнинг бир бандани ўз ҳузурида эслаши унинг учун ҳам раҳмат, мағфират, қабул, розилик ва олий мартабадир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени эслаган чоғида у билан биргаман. Агар у мени ичида зикр қилса, Мен ҳам ичимда зикр қиламан. Агар бир жамоада зикр қилса, Мен уни улардан яхшироқ жамоада зикр қиламан. Бандам менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир билак яқинлашаман. Агар менга бир билак яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб бораман!". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлган солиҳ бандага Пок Парвардигор раҳмати, розилиги ва ажру мукофоти шу қадар тез келади.
Хуллас, Аллоҳ китобини ўқиб-ўрганиб, унга тўла-тўкис амал қилган мўминлар "тижорати" уларга беҳисоб фойдалар келтиради.
"Албатта Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар, зеро Аллоҳ уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта у мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)". (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Қуръон тиловати ва татбиғига содиқ зотлар фахр қилсинларки, бу йўлда уларнинг ибратли раҳнамолари бутун инсониятнинг энг хайрли кишиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва фаришталар улуғи Жаброил алайҳиссаломдир. Улар Аллоҳ китобини бирга дарс қилар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан сахий инсон эдилар. Айниқса, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида саховатлари жуда ошиб кетарди. Жаброил алайҳиссалом Рамазонда ҳар кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб, Пайғамбаримизга Қуръондан таълим берардилар. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда тўхтовсиз эсувчи шамолдан-да саховатлироқ бўлиб кетардилар". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳ таоло зикри учун йиғилган жамоат ана шундай улуғ фойдани қўлга киритиши мумкин.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ва Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни эшитганларини айтганлар:
"Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирган жамоатни фаришталар ўраб олишади, уларни раҳмат қоплайди, устларига сакинат-осудалик нозил бўлади ва Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагиларга зикр қилади!" (Муслим ривоятлари).
Тасаввур қилинг: Сизни Аллоҳ таоло фаришталар олдида зикр қилади. Ахир мўмин учун бундан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!

35. Исломнинг инсонпарварлиги ва адолати (Тақво ва солиҳ амал инсонни Аллоҳ азза ва жалла томон бошлайди).
Ислом бутун инсониятни бир деб таъкидлайди. Инсонлар тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳаммалари бир жон – Одам алайҳиссаломдан тарқалганлар. Оқ билан қора, араб билан ажам ўртасида тафовут ва ортиқлик йўқдир. Асл яралиш эътибори билан бою камбағал, ҳокиму маҳкум баб-баробардир.
"Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!" (Нисо сураси, 1-оят).
Илоҳий адолат ҳукмига кўра инсонлар фақат солиҳ амаллари билан бир-бирларидан афзалдирлар. Киши ота-бобосининг олий мартабаси билан эмас, тақво даражасига кўра Аллоҳ таолога яқин бўлади. "Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар учун сизларни халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир". (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло ҳузурида инсон насл-насабининг камтаринлиги учун зарар кўрмайди ва жавобгар бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло насл-насабга қараб эмас, амалларга қараб мукофот беради. "Ҳар ким учун қилган амалларидан даражалар бор". (Анъом сураси, 132-оят).
Инсон Парвардигори ҳузурида фақат солиҳ амали билангина олий даражага етишиши мумкин. Чунки Қиёмат кунида насл-насаб деган нарсанинг ўзи қолмайди. Бутун халойиқ бир ерга тўпланади. Ҳеч кимнинг бошқа биров билан иши бўлмай қолади.
"Бас, қачон сур чалинганида, ана ўша куни уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олмаслар". (Мўминун сураси, 101-оят).
Шу боис Қуръони Карим инсонларни насл-насабга ёпишиб олишдан қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг аввало яқинларини огоҳлантиришга, ҳақ йўлга чақиришга буюрилдилар: "Ва яқин қариндош-уруғларингизни огоҳлантиринг". (Шуаро сураси, 214-оят).
Меҳрибон, мушфиқ Пайғамбар ўзининг меҳр-муҳаббатию яхшилигига энг ҳақли бўлган яқинларига Аллоҳ таоло амрини дарҳол етказди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тоғи устига чиқиб нидо қилдилар: "Эй қурайш жамоаси! Ўзларингизни қутқаринг! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Бани Абдуманоф! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Пайғамбарнинг аммаси Сафийя! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Мол-давлатимдан хоҳлаганингни сўра! Бироқ Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сендан тўса олмайман!" (Муттафақун алайҳ).

36. Исломда қон-қардошлик ёки насл-насабга қараб эмас, иймон ва солиҳ амалга кўра дўст тутилади.
Одамлар жоҳилиятда уруғчилик ва миллатчилик асосида бир-бирларига ёрдам берганлар. Ислом барча жоҳилона алоқаларга чек қўйди. Энди инсонлар иймон асосида бир-бирларига дўст ва ёрдамчи бўладилар. Дин ва амалларига кўра дўст тутинадилар, ақида асосида бир бирларини қўллайдилар.
"Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир". (Тавба сураси, 71-оят).
Мўминлар ақида ва дин асосига кўра бир-бирларига меҳр-муҳаббатли бўлсалар, Аллоҳ таоло дўстлиги ва нусратига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстлиги ва шафоатига ноил бўлурлар. Кимнинг иймони комилроқ бўлса, Аллоҳ ва Расули дўстлигига ҳақлироқдир. Солиҳ амалларни кўп қилган банда бошқаларга қараганда Аллоҳ таолога яқинроқ ва шафоатдан насибадорроқдир.
"Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга дўст-ёр бўлур". (Аъроф, 196-оят); "Аллоҳ тақводор зотларнинг дўстидир". (Жосия, 19-оят); "Аллоҳ мўминларнинг дўстидир". (Оли Имрон, 78-оят); "Бунга (яъни, Аллоҳ мўминларга ёрдам беришига, кофирларни эса ҳалок қилишига) сабаб Аллоҳ иймон келтирган зотларнинг дўсти-ҳомийси эканлиги, кофирлар учун эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканлигидир". (Муҳаммад сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Убай хонадони менинг дўстларим эмас. Дўстим фақат Аллоҳ ва солиҳ мўминлардир". (Муттафақун алайҳ).

Қуйидаги ҳикматли сўзга қулоқ беринг:

Инсон инсон бўлур бор эса дини,
Ислом азиз қилди Салмон Форсийни.

Тақво қил, иттикол этма насабга,
Насаби не берди Абу Лаҳабга?!

37. Саодат ва нажот йўли.
Демак, ақл-заковатли мўмин изтироб ва талваса ичида яшовчи бир махлуқ эмас, мувозанатли, мулоҳазали тўкис инсондир. У ота-боболарининг шарафли ҳаётларига суяниб қолмасдан енг шимариб ишга киришади, солиҳ амалларига ошиқади. Чунки у Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига иймон келтирган: "Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур". (Нажм сураси, 39-оят).
Парвардигори шартларига тўла амал қилган банда унинг ваъдасига лойиқ бўлур.
"Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз". (Наҳл сураси, 97-оят).
Шу боис мўмин киши Аллоҳ, Расули ва мўмин биродарларидан ўзга бирон кимсани дўст тутмайди. Кофир ва фосиқ қавмдан ҳам, уларнинг амалларидан ҳам мутлақо йироқ юради. "Мўминлар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутмаслар". (Оли Имрон сураси, 28-оят).
Натижада у ер юзидаги ботил ва осий кучлардан ғолиб келади. "Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг Пайғамбари ва таъзим-тавозе қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлгувчидир". (Моида, 55-56-оятлар).
"Балки Аллоҳ сизларнинг Хожангиздир. Ва у энг яхши ёрдамчидир". (Оли Имрон сураси, 150-оят).

38. Ҳадис яна қуйидаги маъноларни ифодалайди:
а) Банда қилган амалига муносиб мукофотланади. Яъни, бировнинг оғирини енгил қилган бўлса, унинг ҳам оғири енгил қилинади. Кимнингдир ғам-ташвишини аритган бўлса, унинг ҳам ғам-ташвиши аритилади. Бировнинг айбини беркитса, унинг ҳам айби беркитилади ва ҳакозо...
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қайси бир мўмин оч биродарига таом едирса, Аллоҳ таоло унга Қиёмат куни жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унга Раҳиқул махтумдан ичиради. Қайси бир мўмин яланғоч биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло уни жаннатнинг кўм-кўк либосларидан кийинтиради". (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло раҳмдил бандаларига раҳм қилур!". (Муттафақун алайҳ).
б) Инсонларга яхшилик қилиш орқали Аллоҳ азза ва жалла муҳаббатига эришилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Бутун яралмиш Аллоҳнинг қарамоғидагилардир. Уларнинг Аллоҳга энг суюклиси Унинг қарамоғидагиларга кўпроқ фойдаси тегадиганидир". (Табароний ва бошқалар ривояти).
Одатда, улуғлар қўл остидагиларга марҳамат кўрсатишни хуш кўришади. Бировларнинг ғам-ташвишини аритиб, уларнинг оғирини енгил қилмоқ ҳам Аллоҳнинг махлуқларига яхшилик қилмоқдир. Демак, у Пок Парвардигор муҳаббатига бошлайди.
в) Ҳамиша ўзгалар ғамини еб, уларга қўлидан келганича ёрдам бериб юрадиган саховатли зотлар оқибати хайрли бўлади. Улар иймон ва Исломда туриб омонатларини топширадилар. Қиёмат куни Аллоҳ таоло фақат мусулмон бандасини ўз раҳматига олади. Кофирлар учун У кунда ҳеч қандай енгиллик, ёрдам ёки ғам-ташвишнинг ариши йўқдир!
г) Исломга душманлиги бўлмаган кишиларнинг ҳам оғирини енгил қилиш мумкин. Яхшилик барча-барча учун матлубдир. Яъни, ҳар қандай жонзотга яхшилик қилиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло ҳар бир нарса устига яхшиликни ёзиб қўйди». (Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни, ҳар бир жонга қилинган яхшиликда) ажр бор". (Муттафақун алайҳ).
д) Толиби илмлар амалларига риё сизиб киришидан эҳтиёт бўлсинлар. Чунки риё бошқа амалларга қараганда талаби илмда кўпроқ кўзга ташланади. Бинобарин, илм йўлидаги шунча ранж-алам беҳуда кетмаслиги учун ҳамиша холис ниятли бўлмоқ лозим.
е) Ҳар бир ишда Аллоҳ таолодан мадад ва енгиллик сўрайлик. Зеро, ҳидоят ҳам, тоат-ибодат ҳам бандасига Унинг изни билан муяссар бўлур. Акс ҳолда инсонга ҳеч нарса фойда бермайди.

ж) Қуръон тиловатига меҳр-муҳаббатли бўлайлик. Уни ўрганишга, маъноларини чуқур англашга ва аҳкомларига бўйсунишга имкон қадар тиришайлик. Ахир Қуръон фақат мотам ёки маросимларда ўқиладиган китоб эмас-ку?!
з) Тавба, истиғфор ва солиҳ амал фурсати ўтиб кетмасин. "Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғувчи мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз! У тақволи зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади". (Оли Имрон сураси, 132-134-оятлар).


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

ЎТТИЗ БЕШИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:06

ЎТТИЗ БЕШИНЧИ ҲАДИС
Исломий биродарлик ва мусулмоннинг ҳақлари

35 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا تَحَاسَدُوا ، وَلا تَنَاجَشُوا، وَلا تَبَاغَضُوا، وَلا تَدَابَرُوا، وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا، الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ: لايَظْلِمُهُ، وَلا يَكْذِبُهُ، وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَهُنَا – وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرّاتٍ – بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ: دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ". (رواه مسلم).

35. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. - Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломий биродарлик фақат баландпарвоз сўзларда қолиб кетишини истамаганлар. Бинобарин, юқоридагидек кўрсатмалари билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳаётий ҳақиқатга айлантирдилар. Ислом илгари сурган ушбу улуғ ғоянинг ҳаётийлиги ва ҳимояси учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ йўлланмалар бердилар. Токи Исломий биродарлик воқеликда ўзининг ажойиб таъсирлари билан намоён бўлсин! Токи у хаёлий бир орзу бўлиб қолмасин! Шу боис ҳам имом Нававий мазкур ҳадисни жуда фойдали ва сермазмун деб мақтаган эдилар.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар:
“Ушбу ҳадис беҳад фойдали ҳамда буюк асос ва мақсадларга ишора қилувчи ривоятдир. У ўзининг мазмун-моҳияти билан барча Ислом аҳкомлари ва одоб-ахлоқини қай бир кўринишда ифода этиб турибди”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳасад қилманглар.
а) Ҳасаднинг луғавий ва шаръий таърифи:
Бир кишида бор бўлган неъмат ундан кетиб, ўзига ёки бошқа бировга ўтишини орзу қилмоқ ҳасаддир.
Бу ярамас хулқ инсон табиатида бор нарса. Чунки инсон ўзидек бир кишининг фазилатда ундан ўтиб кетишини истамайди.
б) Ҳасаднинг ҳукми
Олимлар ҳасадни ҳаром дейишади. Унинг ҳаромлигига Китобу Суннатдан бир қанча далиллар келтириш мумкин:
“Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни иймонли бўлганингиздан кейин, уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан сўнг ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди”. (Бақара сураси, 109-оят).
“Ёки одамларга Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага ҳасад қиляптиларми?!” (Нисо, 54-оят).
Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан илгариги умматлар касали – ҳасад ва ўзаро нафрат-адоват орангизга суқилиб кирди. Нафрат-адоват қирувчидир. У сочни эмас, динни қиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, то бир-бирларингизни яхши кўрмас экансизлар, мўмин бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангизлар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар: Саломни ўртангизда кенг ёйингиз!” (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ёғочни - ёки ўт-ўланни, дедилар - ямлаганидек яхши амалларни ейди”. (Абу Довуд ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Ўтган умматлар касали ҳали менинг умматимга ҳам тегади.
- Ё Расулуллоҳ, уларнинг касали нима эди? - сўрашди саҳобалар.
- Кибр-ҳаво, ношукрлик, мол-дунё тўплаш мусобақаси, ўзаро адоват-ҳасад... Кейин зулм-бузғунчилик бўлади, сўнг алғов-далғов. (Ҳоким ва бошқалар ривояти).
в) Ҳасад нима сабабдан ҳаром қилинган?
Ҳасад - Аллоҳ таолога эътироз ва Унга қайсарлик қилишдир. Ҳасадгўй Аллоҳнинг ишини барбод этишга, фазлу марҳаматини йўққа чиқаришга уринади.
Абу Таййиб бундай деган:
Ер юзида энг золим ҳасадгўй бўлур,
Неъматга кўмилганни кўролмай ўлур.
Ҳасадгўйнинг золимлиги шунда кўринадики, аслида у ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам соғиниши керак эди. Аниқки у ўзига берилган неъмат йўқ бўлишини хоҳламайди. Аммо у биродаридаги неъмат йўқ бўлишини орзу қилиб, унинг ҳаққини поймол этди.
Ҳасадгўй учун байрам йўқ. У беҳуда нарса учун хафа бўлади, ҳаром йўл билан ўзини азоблайди. Бировни кўролмаслик пасткаш кимсаларга хос хулқдир.
г) Ҳасадгўйлар уч қисмга бўлинади:
Биринчи қисм: Улар бировга тиллари ёки қўллари билан зулм қилиб, унга берилган неъматни йўқотиш пайида юрадилар. Айримлари бировнинг молига ҳасад қилиб, уни ўзиники қилиб олишга уринади. Энг ярамас, энг жирканч тоифаси эса бировнинг молини ўзиники қилиб олишга уринмайди. Унинг бутун ҳаракати бировга берилган неъматнинг заволига қаратилади.

Иккинчи қисм: Улар гарчи бировга ҳасад қилсалар-да, асло ҳасадларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмайдилар. На тил ва на қўл билан ҳасад қилаётган кишиларига зарар-зулм етказмайдилар. Ҳасан Басрийдан қилинган бир ривоятда бундай ҳасад учун киши гуноҳкор бўлмайди, дейилган. Бироқ у ривоят заиф йўллар билан етиб келган. Бу турдаги ҳасад икки хил бўлиши мумкин:
а) Агар киши ҳасадига мағлуб бўлиб, ундан сира қутула олмаса, бундай ҳаракатсиз ҳасади сабабли гуноҳкор бўлмайди.
б) Агар кимса биродарига берилган неъматнинг заволини кўриб, роҳатланса, у худди маъсиятга қаттиқ аҳд қилувчи кабидир. Ҳасаднинг бу тури учун азоб бўлиши ёки бўлмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Айни ҳасад кишини тил билан бировга озор беришга олиб бориши мумкин. Ана унда ҳасадгўй сўзсиз гуноҳга ботади. Баъзан киши ўзи ҳасад қилаётган биродарининг даражасига етишиш учун олға ташланади.
“Ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу давлат бўлса эди...” дедилар”. (Қасас сураси, 79-оят).
Ҳасад қилинаётган даража Охиратга тегишли бўлса, бу яхши ҳавасдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у кеча-кундуз молидан инфоқ-эҳсон қилса. Аллоҳ таоло бировга Қуръон ато этса ва ҳалиги киши кечаю кундуз Қуръон билан қоим бўлса!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Учинчи қисм: Улар қалбларида ҳасад пайдо бўлганини сезишлари билан уни йўқотишга киришадилар. Бундай киши биродарига қўлидан келганича яхшилик қилади, унинг ҳақига дуода бўлади ва фазилатини ёяди. Қалбида уйғонган ҳасадни кетказишга интилади, охири ундаги ҳасад ўрнини “шу мусулмон мендан яхшироқ ва афзалроқ экан”, деган маънодаги меҳр-муҳаббат эгаллаб олади. Албатта, бу иймоннинг олий даражалари намунасидир. Ўзи учун яхши кўрган неъматни биродарига ҳам астойдил соғинадиган комил иймонли зотларгина ана шундай йўл тутадилар.

2. Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги.
Бир киши мол сотиб олишга рағбати йўқ бўлса да бозорда овозни баланд қўйиб, мол баҳосини оширади. Масалан, ўзини харидор қилиб кўрсатади-да, мол баҳосини кўтариб савдолашади. Бу иш сотувчи билан келишиб олиб қилинса ҳам, сотувчи бехабар бўлса ҳам, барибир қатъий ҳаром ҳисобланади. Чунки айни услуб алдов ва ғирромликдан бошқа нарса эмас. Исломда ҳар иккиси қайтарилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировга зарар бермоқ ниятида мол нархини сунъий равишда оширишни ман қилганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Абу Авфо бундай иш қилувчини рибо молини еювчи хоин деб атаганлар.
Ибн Абдулбар айтадилар: “Агар киши шариат ҳукмини билиб туриб шу ишга қўл урса, билиттифоқ гуноҳкордир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ман этган бу қаллоблик “нажаш” деб аталади. Бу сўзни юқорида айтиб ўтилган савдо муомаласидан кенгроқ маънода шарҳлаш ҳам мумкин. Чунки “нажаш”нинг яна бир луғавий маъноси макр ҳийла ва авраш йўли билан бирон нарсани қўзғаш демакдир. Шу маъно эътиборга олинса, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича бўлади: бир бирингизга алдов, ўзаро муомалада ҳийла ишлатмангиз, айёрлик қилмангиз, озор етказмангиз.
Аллоҳ таоло бундай деган: “Ёмон макр-ҳийла фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур”. (Фотир сураси, 43-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Макр ва алдов дўзахдадир!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонга зарар етказишга уринган ёки унга нисбатан макр-ҳийла ишлатган кимса малъундир!” (Термизий ривоятлари).
Хуллас, алдов ва хиёнат аралашган барча муомалалар Исломда қайтарилган. Молнинг айбини беркитиш, яхши нарса билан ёмон нарсани аралаштириб сотиш ва ҳоказо ғирромликлар ман этилган.
Фақат душманга қарши жангда ҳийла қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уруш ҳийладир!”

3. Ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз.
Мусулмонлар ҳавои нафсларига бўйсуниб биродарларига нафрат ёки истеҳзо назари билан боқмасинлар. Фақат Аллоҳ учун бир кимсадан нафратланиш, уни ёмон кўриш мумкин. Мўминлар ҳеч вақт ўзларининг диндош биродарларидан нафратланмайдилар. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир!” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмас экансизлар, жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизгача, мўмин бўлмайсизлар”.
Адоват-нафрат икки тарафдан ёки бир тарафдан зоҳир этилади. Аллоҳ таоло учун кимдандир нафратланиш вожиб ёки мандуб амал. Аллоҳдан ўзгани деб бировни ёмон кўриш эса ҳаромдир. “Эй мўминлар, менинг душманим ва сизларнинг душманларингизни дўст тутмангиз!” (Мумтаҳана сураси, 1-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва бериши ҳам, бермаслиги ҳам Аллоҳ учун бўлса, иймонини комил қилибди”. (Абу Довуд ривоятлари).
Мўмин ҳамиша ўзини-ўзи тергаб турмоғи лозим. Унинг яхши ёки ёмон кўриши ҳавои нафси таъсирида бўлмаслиги керак. Чунки унда мўмин Аллоҳ учун эмас, бошқа нарса учун кимнидир ёмон кўради ва бу нафрат Исломда ҳаром саналади.
Одамлар ўртасига низо-адоват уруғини сочувчи ҳар қандай нарса ҳаромдир. Бинобарин, Аллоҳ таоло мўминларга ароқ ичишни ва қимор ўйнашини ҳаром қилди. “Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси, 91-оят).
Бировлар орасига низо-адоват солиш учун туҳмат-бўҳтон гапларни ташиб юриш ҳаром. Икки киши ўртасини ислоҳ қилиш учун ҳатто ёлғон сўзлашга шариат рухсат беради. Бинобарин, доимо ислоҳга ва бирдамликка тарғиб қилинади. “Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, - ҳеч қандай фойда йўқдир”. (Нисо сураси, 114-оят).
Аҳиллик, ўзаро тотувлик шарафли неъмат бўлгани боис Аллоҳ таоло мўминларга ҳақли равишда қуйидагича миннат қилди:
“Аллоҳнинг сизларга берган нематини эсланг: Бир-бирларингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз”. (Оли Имрон сураси, 103-оят); “У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир. Агар ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам, уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз, лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди”. (Анфол сураси, 63-оят).

4. Бир-бирларингиздан юз ўгириб, ўртадаги алоқани узмангиз!
Дунёвий нарсалар сабабли биродардан юз ўгирмоқ ҳаромдир. Қуйидаги ҳадисда ҳам айнан ушбу маъно таъкидланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб, бир-бирига йўлиққанда униси у ёққа, буниси бу ёққа бурилиб кетиш мусулмонга ҳалол эмас. Уларнинг биринчи бўлиб салом бергани энг яхшисидир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари билан бир йил аразлашиб, алоқани узган кимса бамисоли унинг қонини тўккан кабидир”. (Абу Довуд ривоятлари).
Бироқ бирон диний масала туфайли Аллоҳ йўлида уч кундан ортиқ ҳам ҳажр қилмоқ мумкин. Имом Аҳмад юқоридаги фатвога Табук ғазотидан узрсиз қолиб кетган уч саҳобийнинг мусулмонлардан ажратиб қўйилганини далил қилиб келтирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу уч саҳобийга танбеҳ бериб ва мунофиқ бўлиб чиқишларидан хавфсираб эллик кун уларни бошқалардан ажратиб қўйдилар. Ҳеч ким улар билан гаплашмади, муомала қилмади. Залолат манбаларига чақирувчи ва улкан бидъатларни қилиб юрувчи кимсаларни ҳам бошқалардан ажратиб қўймоқ мумкин. Хаттобий одоб бериш мақсадида ота фарзанди билан, эр хотини билан маълум вақт алоқани узиб қўйишига рухсат берганлар. Бу масалада ҳатто уч кундан ортиқ ҳажр қилмоқ жоиз дейилган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини бир ой четлаб қўйганлар.

5. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин кишига биродари савдоси устидан савдо қилиш ҳалол эмас”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, энди бирон нарса сотиб олган кишига “Молини қайтиб бер! Сенга худди шу пулга бундан яхшироғини сотаман” ёки “Арзон бераман!”, деб ўртадаги савдони бузиш мумкин эмас. Сотувчига “Сотган молингни қайтиб ол! Мен қимматроққа сотиб оламан!” деб савдони аксинча бузиш ҳам билиттифоқ ҳаром...
Хуллас, сотувчи ёки харидорни йўлдан уриб, савдо устига савдо қилмоқ ҳаромдир.
Имом Нававий айтадилар: “Савдо-сотиқда бундай йўл тутмоқ гуноҳ ва қайтарилган ишдир”. Бироқ кимдир ана шу ножоиз ишга қўл уриб, сотса ёки олса, Шофеий, Абу Ҳанифа ва бошқа фақиҳлар наздида савдо битими кучга киради. Довуд Зоҳирий сўзига кўра савдо битими эътиборга олинмайди. Имом Моликдан бундай савдо ўтади ва ўтмайди, деган маънодаги икки хил ривоят келган.
Юқоридаги сўзлар савдо амалга ошгандан кейинги ҳолатга тегишли эди. Аммо икки киши ўзаро савдолашиб, гапни бир жойга қўйганларидан кейин ҳали олди берди қилмаган бўлсалар у, бошқа биров четдан келиб, сотувчига “Молингни мен қимматроққа сотиб оламан” деб ёки харидорга “Сенга бундан яхшироқ молни арзонроққа сотаман”, деб, уларни айнитиши ҳам ҳаромдир. Бу борада сотувчи ёки олувчининг мўмин ё кофир бўлишининг фарқи йўқ. Чунки бу аҳд ва зиммага вафо қилиш масаласидир.
Юқоридаги ҳолатларда бировларга зарар ва озор етказилгани боис ҳаром ҳукми берилган. Аммо ким ошди савдоси жоиздир. Чунки у ҳали ҳеч ким билан келишиб қўймаган ҳолда қимматроқ пул таклиф қилган кишига молни сотишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани сотмоқчи бўлиб: “Ким кўпроқ тўлайди?” деганлар.


6. “Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз!”
Яъни, оға-инилардек, ҳасад-адоват қилмасдан, бир-бирингизнинг савдонгизни бузмасдан, ўртадаги борди-келдини узмасдан ҳамиша очиқ юз ва тоза қалб билан яхши ишларда биродарингизга ёрдамчи бўлиб, ўзаро меҳр-муҳаббат ва дўстона лутф билан муомала қилингиз. Унутмангки, сизлар Аллоҳнинг қулларисиз! Хожасига содиқ қуллар Унинг амрини асло ерда қолдирмайдилар. Парвардигорингиз сизларни дин йўлида оға-инилардек ўзаро баҳамжиҳат бўлишга буюрди. Аллоҳ таолонинг ушбу амрини амалга оширмоқ учун қалблар бир-бирига ошно ва сафлар жипс бўлиши шарт.
“У сизни ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг дилларини бирлаштирган Зотдир!” (Анфол сураси, 63-оят).
Биродарига салом бермоқ, акса уриб “алҳамду лиллаҳ” деганида “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк” деб жавоб айтмоқ, касал бўлса, бориб кўрмоқ, чақирганида бормоқ, вафот этса жанозасида қатнашмоқ каби мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларига риоя этиш орқали ҳам мўминларнинг бирдамлиги янада мустаҳкамланади.
Бир-бирларига ҳадялар қилиб, қўл сиқишиб кўришадиган мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат кучаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизга ҳадялар беринглар. Чунки ҳадя қалбдаги кекни кетказади”. (Термизий ривоятлари).
“Бир-бирингизга ҳадялар қилиб туринглар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар”. Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: “Бир-бирингиз билан қўл бериб кўришинглар, чунки у нафрат-адоватни йўқотади. Ўзаро ҳадя алмашиб туринглар!»
Ҳасан Басрий айтадилар: “Қўл бериб кўришмоқ ўртадаги меҳр-муҳаббатни зиёда қилади”.

7. Мусулмонниг биродари қаршисидаги вазифалари.
Мусулмон киши Исломдаги биродарлари билан муомала қилганида, ҳамиша ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бермоғи лозим. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар”. (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Мўминлар бирдамлигига путур етказадиган ва ўрталарига совуқлик туширадиган хатти-ҳаракатлардан йироқ юрмоқ лозим. Хусусан, қуйидаги тўрт нарсадан ҳазир бўлмоқ керак. Зулм, ночор ташлаб қўйиш, алдаш ва алдоқчига чиқариш ҳамда менсимаслик. Ҳар биримиз ўзимизга яхши кўрган неъматни биродаримизга ҳам соғинмас эканмиз, иймони ва Исломи комил зотлар сафига қўшила олмаймиз. Биродарига зиён-заҳмат етмаслиги учун тиришмоқ ҳам комил иймонли инсон хислати сирасига киради. Мана шунда ҳамма нарса жой-жойига тушади.
Исломдаги гўзал ахлоқнинг нафи нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга тегади. Шу боис, шариат ҳеч кимга зулм-зўровонлик қилишга ёки бировни четга суриб қўйиб, уни пастга уришга рухсат бермайди. Кофирлар шахс эътибори билан эмас, куфрлари сабабли айрим жазо-тақиқларга дучор бўладилар.
а) Зулм ҳаромдир.
Шариат изнисиз бир инсоннинг моли, жони, дини ёки ор-номусига зарар етказмоқ мутлақо мумкин эмас. Чунки айни зулм сабабли Исломий биродарликка путур етади. Ўртадаги аҳиллик дарз кетади. “Аллоҳ таоло айтади:
“Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром этдим. Бас, бир-бирингизга зулм етказмангиз”. (Ҳадиси қудсий).
б) Мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўймоқ ҳаромдир.
Ёрдамга муҳтож мусулмонни четга суриб қўймоқ, қодир бўла туриб унга ёрдам қўлини чўзмаслик Исломда қатъий ҳаромдир. “Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир”. (Анфол сураси, 72-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати топталаётган, ор-номуси тўкилаётган пайтда биродарига ёрдам бермаса, Аллоҳ таоло уни ёрдамга муҳтож пайтида ёрдамсиз қолдиради”. (Абу Довуд ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қаршисида бир мўминнинг хорланаётганини кўриб, унга ёрдам беришга қодир бўла туриб ёрдам қўлини чўзмаган кимсани, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади”. (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродари йўқлигида унга ёрдам қилган кишига Аллоҳ таоло дунёю Охиратда ёрдам қилади”. (Баззор ривоятлари).
Биродарини ёрдамсиз қолдириш дунёвий ва диний кўринишда бўлиши мумкин. Мазлум биродарига ёрдам бермаслик ёки унга зулм ўтказаётган золимни тўхтатмаслик дунёвий ишларда биродарини ташлаб қўйиш ҳисобланади. Биродарига панд-насиҳат қилиб уни гуноҳ-маъсият йўлидан қайтармаслик эса диний ишларда ташлаб қўйиш дейилади.
в) Мусулмонни алдаш ёки уни алдоқчига чиқармоқ - ҳаром
Мусулмон киши биродарининг ҳаққини адо этиб унга рост сўзламоғи, биродари гапирганида тасдиқламоғи лозим. Мусулмон кишини алдамоқ Исломий омонатга халал етказади. Хусусан, қаршингизда турган кишини ростгўй деб тасдиқлаб турган бўлсангиз... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сенга ишониб турган биродарингга ёлғон сўзлашинг улкан хиёнатдир”. (Аҳмад ривоятлари).
Ўртадаги совуқликни кўтариш ёки мол-жонни сақлаш учун эмас, ҳеч қандай шаръий узрсиз ёлғон гапирмоқ алдов ва хиёнатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар банда бир оғиз ёлғон сўзласа, у қилган ишнинг бадбўйлигидан қочиб фаришта бир мил узоқлашади”. (Термизий ривоятлари).
г) Мусулмонга менсимай қараш - ҳаром
Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини пастга уриб, унга юқоридан туриб муомала қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло уни азиз-мукаррам қилиб яратган. Хитоб этиб шариат ҳукмига мукаллаф этган. Мусулмон қадр-қимматини тушириб, унга кибр билан муносабатда бўлмоқ Аллоҳ рубубияти чегарасига тажовуз саналади. Бу эса гуноҳи азимдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кишининг мусулмон биродарини пастга уриши унинг ёмонлигига кифоядир”.

Бировларга менсимай юқоридан қараш кибрнинг мевасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаққа рози бўлмаслик ва бировларни назар-писанд қилмаслик кибрдир!” (Муслим ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳақни тан олмаслик ва одамларнинг устидан кулиш кибрдир”. (Аҳмад ривоятлари).
Мутакаббир ўзини доно ва бекаму кўст инсон деб ҳисоблайди. Унинг назарида атрофдагилар нўноқ, ношуд одамлар. Шу боис кибр-ҳаволи кимсалар бошқалар устидан кулиб, мазах қилиб гапирадилар.
Бу ёмон сифат бандани жаннатдан йироқлаштириб, дўзахга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган банда жаннатга кирмайди”. (Муслим ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларга жаннат аҳлининг хабарини берайинми?! Улар заиф, камсуқум инсонлардир. Агар Аллоҳ номига қасам ичсалар, Аллоҳ уни оқлайди. Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайинми?! Улар қўпол, баднафс ва гердайган кимсалардир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар
Шариат буйруқларига тўлиқ бўйсуниш, гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш билан Аллоҳнинг азобидан қочиш тақводандир. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина мукаррам бўлади. Шундай ночор, камсуқум инсонлар борки, улар зулмга асосланган ҳокимияти, сохта обрў-эътиборлари ёхуд ҳаром мол-дунёлари учун кўкларга кўтарилган тубан кимсалардан қадр-қимматда юқори турадилар. Жоҳиллар эътиборида ҳақир саналсалар-да, бундай зотлар ўз тақволари билан Аллоҳ таоло наздида азиз ва мукаррамдирлар. Зеро, инсонларнинг Пок Парвардигор ҳузуридаги мартабалари ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, мол-давлат ёки териларининг ранги билан эмас, тақво ва солиҳ амаллари билан бир-бирлариникидан фарқланади.
“Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”. (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
- Энг мукаррам инсон ким?
- Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! - деб жавоб бердилар у зот.
Тақво қалбда бўлади. “Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта бу дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (Ҳаж сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг жуссаларингизга ёки кўринишларингизга қарамайди. У қалбларингизга назар солади”. (Муслим ривоятлари).
Демак, бир банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳ қўрқуви билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақво билан лиммо-лим. Шунинг учун ҳам бировни камситмоқ улкан гуноҳ саналади. Чунки бу нотўғри мезонда чин тақво четда қолиб, “хас-хашаклар” тош босади.

9. Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати.
Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори дахлсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида, қурбонлик, арафа ва ташриқ кунларининг иккинчисида улкан жамоат олдида шу нарсани таъкидлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз сизларга худди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Булар осуда Ислом жамиятининг муҳташам биносига пойдевор бўлувчи умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлардир. Ушбу покиза муҳитда мусулмон мол-мулки ва обрў-эътиборидан бехавотир яшайди. Ҳеч ким унинг мулкига тажовуз ёки ўғрилик қилмайди. Ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб, уни пастга урмайди. Мўминларни тўкис ҳимоя этмоқ учун Аллоҳнинг шариатида тажовузкорларга қасос, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорни тошбўрон қилиш ёки дарралаш белгилаб қўйилган.
Ислом мукаррам инсонни ҳатто қўрқитиш, хавотирга солишни ҳам ман этади. Бир саҳобий биродарининг арқонини олиб қўйиб, қўрқитди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонни қўрқитмоқ мусулмон учун ҳалол эмас!” (Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз на ҳазиллашиб ва на жиддий равишда биродарининг битта чўпини олмасин”. (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки киши учинчисига эшиттирмасдан суҳбатлашмасин. Бу нарса уни хафа қилади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яна бир ривоятда “Бу нарса мўминга озор етказади. Аллоҳ мўминнинг озорланишини ёмон кўради”, - дейилган.

10. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди.
• Ислом нафақат ақида ва ибодат, балки у ахлоқ ва муомала ҳамдир.
• Ислом шариатида ярамас хулқлар ҳалок қилувчи гуноҳ саналади.
• Аллоҳ таоло бандаларини ният ва амал деган нозик мезон асосида тортиб кўради ва шунга кўра ҳукм чиқаради.
• Аллоҳдан қўрқув қалбда бўлади.


Имом Нававийнинг арбаъийн китобларидан.

ЎТТИЗ ТЎРТИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:04

ЎТТИЗ ТЎРТИНЧИ ҲАДИС
Ёмонликнинг олдини олмоқ - исломий бурч!

34 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:
"مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدْهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيْمَانِ". (رواه مسلم).

34. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим:
“Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Буниси эса иймоннинг ўта заифлигидир”.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг мазкур ҳадисни ривоят қилишлари.
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:
Ҳайит куни хутбани намоздан олдин биринчи бўлиб бошлаган киши Марвон бўлди. Шунда бир киши ўрнидан туриб, деди:
- Хутбадан олдин намоз ўқилади!
- У нарса тарк қилинди! - деб жавоб берди Марвон. “Ўша одам ўз бурчини адо этди”, - дедилар Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу - Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қай бирингиз бирон ёмонликни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин...” (Муслим ривоятлари).
Бухорий ва Муслим ривоят қилган бошқа бир ривоятда Марвоннинг қўлидан тортқилаб, юқоридаги сўзни айтган киши сифатида Абу Саид розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳикоя қилинади ва Марвон уларга “У нарса тарк қилинди!” деб жавоб беради.
Эҳтимол, ҳалиги киши биринчи бўлиб гапиргандир. Сўнг мункарни қўл билан ўзгартириш мақсадида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу сўз олган бўлишлари мумкин. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир!

2. Ботил аҳлига қарши курашмоқ.
Ҳаёт яратилганидан буён ҳақ билан ботил яшаб келмоқда. Диллардаги иймон шуъласи ўчиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло Пайғамбарлар юбориб турди. Улар иймон чўғини пуфлаб, қайтадан аланга олдирдилар. Пайғамбарларнинг содиқ издошлари ҳар доим ҳар ерда Ҳақ ҳимоясида эдилар. Албатта бундай пайтларда ботил аҳли бошини эгиб яшашга мажбур бўларди. Бироқ қулай фурсат келиши билан улар яна фисқу фасод тарқатишга киришардилар. Оқибатда Ҳақнинг холис мухлислари ёмонликнинг олдини олиш учун ҳам тил билан, ҳам қўл билан ҳаракат қилиб майдонга чиқишар эди. Иймон эгалари ҳеч қачон ёвуз, сохта маъбудлар тантанасига жим қараб турмаганлар! Фақат иймон нуридан маҳрум бўлган ва ҳаёти дунёда хорликни, Охиратда эса аламли азобни ўзларига насиба қилиб олган шўрпешоналаргина золимларга таъзим қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мендан аввал Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи ёрдамчилари ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Булар кетидан кейинги авлод келади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиришади. Буюрилмаган ишларни қилишади. Кимки уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!” (Муслим ривоятлари).

3. Мункардан қайтармоқ.
Ҳар бир мусулмон учун ёмонликнинг олдини олмоқ вожибдир. Киши имкон қадар мункар амални тўсмоғи, уни ўзгартирмоғи лозим. Мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва қалб билан мункарга қарши курашадилар.
а) Қалб билан инкор қилмоқ.
Яхши-ёмонни фарқламоқ ва мункар ишни қалбдан инкор этмоқ ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимса ҳалокат жарига қулайди. Ҳатто қалбида ҳам мункарни инкор этмаслик кишининг иймондан маҳрум бўлганига далолат қилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир кишининг “Кимда-ким яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармас экан, ҳалок бўлур!” деган сўзларини эшитиб, шундай дедилар: “Қалбида яхши-ёмонни танимаган кимса ҳалок бўлур!”
б) Инсон ҳеч нарса қила олмаса, мункарни қалби билан инкор этади.
Киши мункар амални қўли ёки тили билан инкор эта олмаса, уни қалби билан ёмон кўриб, зиммасидаги масъулиятни адо этади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Қай бирингиз узоқроқ умр кўрса, (шундай замонларни кўрадики,) бирон мункар ишни кўрганда, унинг шу мункарни ёмон кўришини фақат Аллоҳ таоло билади, холос. Банданинг қўлидан бошқа ҳеч нарса келмайди.”
Инсон ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавфсираса, ожиз саналади. Бироқ шундай зарар келади, деган кучли гумон ғолиб бўлмаса ҳам мункарни инкор этмай қўйса, қалбда норози бўлиб туриш билан зиммасидаги вожиб юкидан халос бўлмайди. Яъни, киши ўзини бехавотир сезган заҳоти мункарга қарши қўли ёки тили билан курашмоғи лозим.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим:
“Аллоҳ таоло Қиёматда бандасидан “Мункар ишни кўрганингда, уни инкор этишдан нима тўсди?”, деб сўрайди. Аллоҳ банданинг тилига хужжатини солса, у айтади: “Парвардигорим! Мен Сендан умидвор бўлдим ва одамлардан ажралдим!” (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
в) Маъсиятга рози бўлмоқ гуноҳи кабирадир.
Маъсиятга қалбида рози бўлган кимса, ўша маъсиятнинг устида бўлган-бўлмаганидан қатъиназар, улкан гуноҳга қўл урган ҳисобланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг шоҳиди бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса” дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг шоҳиди кабидир”.
Яъни, маъсиятни қўли ёки тили билан ўзгартишга қодир бўлмаган мусулмон уни қалбидан ёмон кўрса, бамисоли ўша маъсиятни кўрмаган кишидек унга жавоб бермайди. Бироқ гуноҳга розилик кўзи билан боқмоқ қалб инкорини ҳам йўққа чиқаради. Маълумки, маъсиятни ҳеч бўлмаса қалбда ёмон кўриш фарзи айн ҳисобланади.
г) Маъсиятни қўл ёки тил билан инкор қилиш икки хил бўлади:
Фарзи кифоя.
Бирон маъсият-мункар ишни мусулмонларнинг бир жамоаси кўрса ёхуд эшитса, ушбу маъсиятни инкор этиш уларга вожиб бўлади. Агар жамоатдан бир киши шу ишни амалга оширса, қолганлар устидан масъулият соқит бўлади. Аммо мункарни қайтариш ёки ўзгартиришга уларнинг ҳеч бири ҳеч қандай сабабсиз эътибор бермаса, барчалари бирдек гуноҳкор бўладилар.
“Ораларингиздан яхшиликка даъват қиладиган, амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган бир жамоат бўлсин!” (Оли Имрон сураси, 104-оят).

Фарзи айн.
Бирон мункарни эшитган-кўрган киши агар уни ўзгартиришга ёки тўхтатишга қодир бўлса, мазкур вазифа унинг зиммасига тушади. Шунингдек, маъсиятни бир гуруҳ мусулмонлар кўрган-эшитган бўлсалар ҳам уни ўзгартириш ёки тўсиш фақат битталарининг қўлидан келса, айни вазифа айнан ўша қодир мусулмоннинг зиммасига тушади. Агар у қодир бўла туриб маъсиятнинг олдини олмаса, гуноҳкор саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қай бирингиз бирон гуноҳ-маъсиятни кўрса...” дедилар. Яъни, ундан бошқа киши шу маъсиятни кўрмаган. Хабардорлик ва қодирлик ҳам кўрмоқ билан баробар.

4. Қурби етса ҳам гуноҳ-маъсиятдан қайтармаслик оқибатлари.
Агар мункар ишларнинг олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибат ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади!
“Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлангандир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишлардан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” (Моида сураси, 78-79-оятлар).
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир қавм орасида гуноҳ-маъсиятлар қилинсаю, улар ўзгартишга қодир бўла туриб, маъсиятларни ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло улар устига умумий жазо-азоб жўнатишига сал қолади”. (Абу Довуд ривоятлари).
Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир қавм орасида бир киши маъсият ишларни қилсаю, қавм уни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартирмаса, Аллоҳ таоло улар устига ўлмасларидан олдин азоб юборади”.
Адий ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деяётганларини эшитдим:
“Аллоҳ таоло хос (бир тоифа) кимсалар қилмиши сабабли оммани азобламайди. Бироқ одамлар ён-атрофларида қилинаётган мункарни кўриб туриб, уни инкор этишга қодир бўлсалар ҳам инкор этмасалар, Аллоҳ таоло оммани ҳам, хос кимсаларни ҳам азоблайди!”.
Бир ривоятда: “Агар мункар иш ошкора қилинса, ҳаммалари азобга ҳақли бўлади...” дейилган.
Ушбу мавзуни лўнда ва қойилмақом ёритиб берадиган мана бу ажабтовур масалга эътибор қаратинг-а: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай дейишди:
- Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик.
Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади”. (Бухорий ривоятлари).
Жамиятда содир этилган ҳар бир маъсият ушбу жамият хавфсизлигига хатар солувчи бир тирқишдир!

5. Нотўғри тушунчалардан йироқ бўлмоқ.
Кўпчилик мусулмонлар мункарга қарши турмасликларини турли баҳоналар билан оқлашга уринишади. Улар ўзларича Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини ҳужжат сифатида келтиришади:
“Эй мўминлар, ўзингизни билингиз. Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашганлар сизларга зарар етказа олмайди”. (Моида сураси, 105-оят).
Агар тўғри фаҳмланса, ушбу оят ҳам мункарни инкор қилишга буюраётгани аён бўлади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар:
“Эй одамлар, сизлар ушбу оятни ўқиб, уни нотўғри талқин қиласизлар. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини эшитганмиз: “Одамлар золимни кўриб туриб, унинг қўлидан тутмасалар, Аллоҳ таоло ҳаммаларини азобга гирифтор қилишига сал қолади!”.
(Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
“Саҳиҳи Муслим” шарҳида имом Нававий ёзадилар:
“Муҳаққиқ олимлар наздида ушбу оятнинг тўғри маъноси қуйидагича: Модомики, сизлар ўз устларингиздаги вазифани адо этаркансизлар, ўзгаларнинг қосирликлари сизларга зарар бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига ўхшайди: “Ҳеч бир кўтарувчи ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас”. (Анъом, 164-оят). Албатта амри маъруф ва наҳий мункар ҳам мукаллафнинг вазифалари қаторига киради. Банда ёмонликдан қайтариш билан ўз вазифасини адо этган бўлади. Ёмоннинг ёмонликдан қайтмаганига у жавоб бермайди. Наҳий мункар қилиш билан унинг иши тугайди. Валлоҳу аълам!”

6. Катта зарар юзага келишидан қўрқиб наҳий мункарни тарк қилмоқ.
Инсон мункарнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам айни мункардан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқса, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади” деган аслий қоидага биноан унинг устидан вожиб соқит бўлади. Фақат наҳий мункар ортидан келадиган ёмонлик киши наздида нақд бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишига сабаб бўла олмайди. Мукаллаф назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади.

7. Амри маъруф ва наҳий мункарга қулоқ солмайдиган кимсага ҳам насиҳат қилинаверади.
Мусулмон киши бир банданинг насиҳатни қабул қилиш-қилмаслигидан қатъиназар, уни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверади. Олимлар бу билан мукаллаф ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейишади. Чунки ундан насиҳатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган. Биз юқорида Имом Нававийнинг сўзларини келтириб ўтган эдик. “Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос”. (Ғошия сураси, 21-оят).
“Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос”. (Шўро сураси, 48-оят).
“Панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур”. (Зориёт сураси, 55-оят).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг “ўша одам ўз устидаги вазифани адо этди”, деган сўзлари ҳам шу маънода эди.
Ҳаддан ошган қавм Аллоҳ ман этган шанба кунида балиқ овларди. Золим қавм насиҳатга қулоқ солмаслигини билсалар-да, солиҳ инсонлар уларга панд-насиҳат қилдилар. “Ўшанда бир жамоат: “Не сабабдан Аллоҳнинг ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (Қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)”. (Аъроф сураси, 164-оят).
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан ўзларини четга тортадиган айрим кишилар “Ўзингни қийнама. Гапирган билан фойдаси йўқ!” деб бошқаларни ҳам вожиб амаллардан тўсадилар. Улар қуйидаги ояти каримани ҳужжат қилиб келтиришади: “Аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз”. (Қасос сураси, 56-оят).
Ахир бу оят Абу Толиб хусусида нозил бўлган-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларини ҳамиша Исломга даъват қилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдилар. Бироқ Абу Толиб сўнгги нафасигача ширкдан қайтмади. Ҳимоячилари ва ёрдамчилари бўлмиш Абу Толибдан айрилиб қолган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тасалли бериб, юқоридаги оятни нозил этди. Яъни: “Сиз ўзингиз хоҳлаган кишининг қалбига иймон-ҳидоят ўрнаштира олмайсиз!” Аллоҳ таоло Пайғамбарини амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан қайтармаган. Аксинча... “Албатта сиз тўғри йўлга етаклайсиз!” (Шўро сураси, 52-оят); “Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (Ҳақ даъватини) ошкора қилинг!” (Ҳижр сураси, 94-оят).

 

Имом Нававийнинг арбаъийн китобларидан.

ЎТТИЗ УЧИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:03

ЎТТИЗ УЧИНЧИ ҲАДИС
Исломда қозилик асослари

33 - عَن ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَوْ يُعْطَى النَّاسُ بِدَعْوَاهُمْ لادَّعَى رِجَالٌ أَمْوَالَ قَوْمٍ وَدِمَاءَهُمْ، لَكِنِ الْبَيِّنَةُ عَلَى الْمُدَّعِي وَالْيَمِينُ عَلَى مَنْ أَنْكَرَ". (حديث حسن، رواه البيهقي وغيره هكذا، وبعضه في الصحيحين).

33. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар одамларнинг даъволарига асосланиб сўраган нарсалари берилаверса, (айрим) кимсалар қавмнинг молию қонини даъво қилиб чиққан бўлардилар. Бироқ даъво қилувчи далил келтириши, инкор этувчи эса қасам ичиши шарт”. (Байҳақий, Абу Довуд, Насоий, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис. Ҳадиснинг баъзи қисмлари Бухорий ва Муслимда ҳам келтирилган).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Имом Нававий ушбу ҳадисни шариат аҳкомларининг энг улкан асосларидан деб таърифлаганлар.
Шайхулислом Ибн Дақиқ Ийд айтадилар:
“Мазкур ҳадис ҳукмларнинг асосларидан бири ҳамда келишмовчилик ва тортишув пайтида энг улкан низомдир!”

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ислом шариатининг олийлиги
Ҳаёт учун комил дастур саналмиш Исломда барча нарса ўз ўрнига қўйилган. Соф ақида, холис ибодат, гўзал ахлоқ ва одил шариат... У ҳар бир шахс ҳақ-ҳуқуқини кафолатлаб беради, инсонларнинг қони, моли ва обрўларини бирдек ҳимоя қилади. Шу боис барча масалалар фақат одил шариат ҳукмига мувофиқ ечилади. Золим кимсалар ҳар нарсани ўз фойдаларига ҳал қилмасликлари ва уммат золимлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолмаслиги учун Ислом шариатининг мустаҳкам қоидалари мавжуд. Сўзимизнинг далил-исботи сифатида юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб ўтишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогар учун ҳам, инкор қилувчи учун ҳам нималар лозимлигини очиқ баён қилиб бердилар. Бинобарин, ҳукм чиқарувчи қози ҳам айни асосларга биноан ҳақ билан ноҳақ ўртасини ажратади.

2. Далил ва унинг турлари.
Олимлар ҳадисдаги далил калимасини билиттифоқ «гувоҳлик» деб шарҳлаганлар. Чунки далил ҳақни кўрсатиши, даъвогарнинг рост сўзлаётганини исботлаши лозим. Бунга эса фақат гувоҳлар орқали эришилади. Чунки улар кўриб-билиб турадилар.
Даъвонинг тури ва оқибатда берилажак жазоларга қараб далил яъни, гувоҳлик ҳам бир неча хил бўлади. Аллоҳ таоло шариатида гувоҳликнинг тўрт тури собитдир:
а) Зинога гувоҳлик бериш.
Бировнинг зино қилгани тасдиқланиши учун тўртта эр киши гувоҳлик беришлари лозим. Аёллар гувоҳлиги бу масалада қабул қилинмайди.
“Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг”. (Нисо сураси, 15-оят).
“Покиза аёлларни бадном қилиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар”. (Нур сураси, 4-оят).
б) Маълум шаръий жазо чоралари белгилаб қўйилган гуноҳлар ва қотиллик хусусида гувоҳлик бериш. Ўғрилик, ароқхўрлик ва туҳмат қилиш каби гуноҳлар бунга мисол бўла олади. Мазкур ўринларда ҳам эр киши гувоҳлик бериши шарт: “Ўзларингиздан бўлган иккита адолат соҳибини гувоҳ қилинглар!” (Талоқ сураси, 2-оят).
Айрим фақиҳлар - масалан Шофеъий - никоҳ, талоқ каби молиявий бўлмаган ҳуқуқлар гувоҳлигини ҳам ушбу шаҳодат таркибига қўшганлар. Улар ушбу масалаларда ҳам ҳукм собит бўлиши учун икки эр кишининг гувоҳлиги шарт, дейишди.
в) Савдо-сотиқ, қарз, ижара каби молиявий ҳақ-ҳуқуқларни тасдиқлаш учун гувоҳлик бермоқ.
Бунда икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳлиги қабул қилинади:
“Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни гувоҳ қилинглар”. (Бақара сураси, 282-оят).
Айрим фақиҳлар - масалан ҳанафийлар - ҳадлар ва қасосдан бошқа ҳақ-ҳуқуқлар гувоҳлигини ҳам ушбу қисм таркибига қўшишган.
г) Ҳомиладорлик, бокиралик каби одатда эркаклар назари тушмайдиган аёллар масалалари хусусида гувоҳлик.
Бу ерда эркаклар иштирокисиз фақат аёллар гувоҳлиги билан кифояланилади. Ҳанафийлар наздида ҳатто битта аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига уйландилар. Бир аёл келиб: «Мен Уқбани ҳам, у уйланган қизни ҳам эмизганман!» - деди.
- Сизнинг мени эмизганингизни билмайман! - деди Уқба. - Менга буни айтмагансиз-ку?
Уқба розияллоҳу анҳу Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига отландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг саволини эшитгач, шундай дедилар:
- Қандай қилиб энди у аёл сенга ҳалол бўлади? Ахир иккалангизнинг эмикдош эканингиз айтилибди-ку!
Уқба розияллоҳу анҳу у хотинни талоқ қилиб, бошқа аёлга уйландилар. (Бухорий ривоятлари).
Уқба розияллоҳу анҳуга фақат битта аёл айтган эди.
Ҳанафийлар фикрига қўшилмаганлар айтадилар:
“Аёллар шаҳодати қабул қилинмоғи учун албатта улар бир нечта бўлмоқлари лозим. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу тақво қилганлари ва ўзларини шубҳали нарсадан пок сақлаганлари боис, аёлларини талоқ қилдилар. Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: аёлингни қўйиб юбор, деганлари йўқ эди”.

3. Даъвогарнинг ҳужжати — далил-исбот, инкор қилувчининг ҳужжати — қасам.
Қози кимнинг ҳужжати қоим бўлса, ўшанинг фойдасига ҳукм қилишга мажбур. Ислом шариати ҳукмига кўра, даъвогар даъво қилаётган нарсасига эришиш учун далил-исбот келтирмоғи, инкор қилувчи эса ўзини оқлаш учун қасам ичмоғи лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Даъвогар далил-исбот келтирмоғи, даъво қилинмиш (яъни айбланувчи) эса қасам ичмоғи лозим». (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогарга: «Сенинг икки гувоҳинг бўлиши керак ёки у қасам ичади», деганлар. (Муслим ривоятлари).
Чунки даъвогар бировлар учун яширин бўлган нарсани кўтариб чиқади ва шу боис ўз фойдасига кучли ҳужжат келтирмоғи лозим. Далил, яъни гувоҳлик кучли ҳужжат ҳисобланади. Сабаби - у бетараф шахснинг сўзи. Қасам эса очиқ далилга қараганда кучсизроқ асосдир. Чунки қасам - ўзаро талашиб-тортишаётган икки томондан бирининг сўзи. Даъво қилинмиш (яъни айбланувчи) ҳеч қандай махфий нарсани кўтариб чиққани йўқ. У ҳаммага маълум одатий ҳолатида туради ва заифроқ ҳужжат - қасам билан кифояланади.

4. Даъвогарнинг ҳужжати жавобгарнинг ҳужжатидан муқаддам туради.
Ҳукм пайтида даъво шартлари тўла-тўкис топилса, қози тинглайди. Сўнг жавобгар шахсдан сўрайди. Агар у иқрор бўлса - масала ҳал. Чунки маҳкамага тортилган кишининг иқрори ҳукм учун етарли асос ҳисобланади. Бироқ айбланувчи даъвони инкор этса, қози даъвогардан ҳужжат талаб қилади. Даъвогар ўз сўзига ҳужжат келтира олса, қози инкор қилувчининг кучли қасам билан айтган сўзларию қилган инкорига эътибор бермайди: масала даъвогар фойдасига ҳал қилинади. Агар даъвогар ҳужжат келтира олмаса, қози даъво қилинмиш шахсдан қасам ичишини талаб этади. Унинг қасам ичиши билан даъвогар сўзининг кучи йўқолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогардан сўрадилар:
- Сенинг бирон ҳужжатинг борми?
- Йўқ! - деб жавоб берди даъвогар.
- Демак, сенга унинг қасами бўлади! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи даъвогардан далил сўрадилар ва далил йўқ бўлса, қасам инобатга олинишини баён этдилар. Хуллас, даъвогарнинг ҳужжати даъво қилинмиш шахс ҳужжатидан муқаддам туради.

5. Даъвогардан қасам ичиш талаб қилинадими?
Бордию жавобгар шахс қасам ичишдан бош тортса ва: “даъвогарнинг ўзи қасам ичиб даъво қилган нарсасини олаверсин”, деб қозидан талаб қилса, қандай йўл тутилади? Яъни, даъво қилинмиш шахснинг талаби инобатга олинадими?
Айрим фақиҳлар, масалан Шофеийлар даъво жавобгарнинг бу талабига жавоб берилади, дейишади. Чунки у қасам ичиб, ўзини оқлаб олса бўларди. Модомики, даъвогарнинг қасами билан ўзига қарши ҳукм чиқарилишига рози экан, демак у ўзига ўзи ҳукм чиқармоқда.
Яна бир гуруҳ фақиҳлар, масалан ҳанафийлар даъвогарга қасам ичирилмайди, дейишади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогарга «Сенинг гувоҳинг ёки унинг қасами. У томондан сенга бошқа нарса йўқ!» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, даъвогарнинг қасами билан унинг фойдасига ҳукм қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъволашаётган икки тараф қандай ҳужжатлар келтириши лозимлигини аниқ айтиб қўйганлар: “Даъвогар далил-исбот келтиради, даъво қилинмиш шахс эса қасам ичади”. (Термизий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даъво қилинмиш шахс ҳужжати қасам эканлигини тайин қилиб қўйдилар. Бу қасам ичиш фақат унга тегишли эканини билдиради. Агар даъвогар ҳам қасам ичадиган бўлса, баъзи қасамлардан даъво қилинмиш шахс маҳрум бўлади. Бу эса қасамнинг фақат даъво қилинмиш шахсга тегишли эканига хилофдир.

6. Қасамдан бош тортишга асосланиб ҳукм қилиш.
Жавобгар шахснинг қасам ичишига тўғри келсаю, у қасам ичишдан бош тортиб, ўзини олиб қочса, ҳанафийлар ва ҳанбалийлар сўзига кўра даъвогар талаб қилган ҳақни ундиришга ҳукм қилинади. Бироқ бу сўз ҳамма масалаларга умумий бўлмай, қандай ишларда қасамдан бош тортишга биноан ҳукм қилиниши ва қайси ишларда унга биноан ҳукм чиқарилмаслиги борасида тафсилот бордир. Уларнинг бу борадаги ҳужжатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “инкор этувчи эса қасам ичиши шарт”, деган сўзларидир. Бу ҳадис қасамнинг жавобгар шахс устидаги вожиб эканлигини англатади. Эс-ҳушли диндор одам ўз зиммасидаги вожибни адо этишдан бўйин товламайди. Унинг қасамдан бўйин товлаши ўз устида даъво қилинаётган ҳақни тан олгани ёки ҳақ ўзиники бўлса ҳам уни даъво қилувчи кишига беришга рози бўлганини кўрсатади. Банда ўз ҳақини ихтиёрий равишда бировга беришга ҳақли ҳисобланади. Шу боисдан унга қарши шундай ҳукм қилиш мумкин бўлади.
Моликий ва шофеийлар эса бу масалада бошқача фикр билдиришади. Улар жавобгар шахснинг қасамдан бош тортганига биноан ҳукм чиқарилмайди, балки бунда даъвогардан қасам ичиш талаб этилади, агар у қасам ичса, талаби қондирилади, йўқса қондирилмайди, дейишди. Уларнинг ҳужжати қуйидагича: Аслида жавобгар шахснинг зиммасида ҳеч нарса йўқ деб эътибор қилинади. То далил келмагунча унинг зиммасига бировнинг ҳақи тушиб қолмайди. Қасамдан бош тортиш эса бу борада далил бўлишга ярамайди. Негаки бу ишнинг ёлғон қасамдан қочиш эканлиги эҳтимоли бўлганидек, тақво юзасидан рост қасамдан чўчиш эканлиги эҳтимоли ҳам бордир. Эҳтимоллик мавжуд бўлган кезда ҳукмга йўл қўйилмайди.

7. Жавобгар шахс қачон қасам ичиши керак?
Уч имом – Абу Ҳанифа, Шофеий ва Аҳмад айтадилар:
“Ҳар қандай жавобгар шахс қасам ичиладиган ҳолатга рўбарў келса, қасам ичиши керак бўлади. Бу борада даъво қилинмиш кишилар ким бўлишининг фарқи йўқдир”. Уч имом ўз сўзларига даъво қилинувчи шахсга қасам ичирилиши ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносини ҳужжат қилганлар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса бундай дейдилар: “Даъво қилинмиш шахсдан қасам талаб этилиши учун у билан даъвогар ўртасида қарз ёки бошқа олди-берди муомаласи бўлгани собит бўлиши ёхуд даъво қилинмиш шахс даъво қилинганидек бошқа бировлар ҳақини ўзлаштириб олганини кутса бўладиган кишилардан бўлиши лозим”. Имом Моликнинг бу борадаги ҳужжатлари фойда-зиённи эътиборга олишдир. Токи одамлар бир-бирларига озор бериш учун хоҳлаган кишиларини ноўрин равишда қозига судрайвермасинлар. Чунки буни ҳисобга олмаслик пасткаш кимсаларнинг фазилатли ва шарафли кишиларга хиралик қилишлари ҳамда уларни маҳкамага чақиртириб, қасам ичириш билан ҳурматларини тўкишга йўл очиб қўяди.

8. Нима билан қасам ичиш керак?
Тортишувчилардан бири қасам ичишига тўғри келса, қози Аллоҳ таоло номига қасам ичиради. Қасам ичувчи киши мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъиназар бошқа нарса билан қасам ичиши жоиз эмас.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ сизларни оталарингиз номига қасам ичишдан қайтаради. Ким қасам ичса, Аллоҳ номига қасам ичсин ёки жим турсин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Қози Аллоҳнинг сифатларини зикр қилиш билан қасамни кучайтириши мумкин. Масалан, у қасам ичувчига қараб: “Ундан ўзга илоҳ бўлмаган, яширин ва ошкор нарсаларни билувчи бўлган, Раҳмли ва Меҳрибон зотга қасам ичаман”, деб айт, дейди. Бундан мақсад қасам ичувчининг наздида қасамни улкан қилиб кўрсатиш ва агар алдаётган бўлса, уни қасам ичишдан тўхтатиб қолишдир. Қози қуйидаги услубларни қўллаши мумкин: Агар қасам ичувчи мусулмон бўлса, Қуръонни ушлаш-қўлга олиш шартлари ва одобларига риоя қилган ҳолда Қуръон ҳозир қилинади. Агар қасам ичувчи яҳудий бўлса, “Мусога Тавротни нозил қилган Аллоҳ таоло номига”, агар насроний бўлса, “Исога Инжилни нозил қилган Аллоҳ таоло номига” қасам ичирилади. Агар бутпараст бўлса, “Мени яратган ва гавдалантирган Худо номига қасам ичаман”, деб айттирилади ва ҳоказо.


9. Қасам ичиш одоблари.
Бировнинг маҳкамада қасам ичишига тўғри келса, қози ёки шу каби бир кишининг унга ваъз-насиҳат қилиши, ёлғон қасам ичишдан огоҳлантириб, бу тўғрида келган оят ва ҳадисларни эслатиши мустаҳабдир. Бу тўғрида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин.
Икки аёл бир уй ёки хонада мунчоқ ўтказар эдилар. Улардан бири бигизни кафтида яшириб чиқиб кетди ва уни иккинчи аёлдан даъво қилди. Бу масала Ибн Аббосга кўтарилганда: “Унга Аллоҳни эслатинглар ва: “Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир” оятини унга ўқинглар”, - дедилар. Аёлга панд-насиҳат қилишган эди, у бигизни ўзи олганини тан олди. (Бухорий Муслим ривоятлари).
Қасам ичиши талаб этилган киши агар ўзининг ноҳақлигини билса, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқмаслиги ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлмаслиги учун ўз зиммасидаги ҳақни тан олиб, қасам ичишдан сақланиши вожибдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки бир мусулмон кишининг молини ўзлаштириб олаётган пайтида тўхтатилиб, қасам ичиши талаб қилинсаю, ёлғон қасам ичса, у банда Аллоҳга йўлиққанда, Аллоҳ ундан ғазабланган ҳолда бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Инсон агар ўзининг ҳақлигини аниқ билса, қасам ичгани яхшироқдир. Айрим ҳолларда эса, айтилганидек, бу вожиб ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ таоло мусулмоннинг ҳақи зое бўлиб кетмаслиги учун бундай ҳолларда қасам ичишни жорий этган. Агар шундай қилинмаса, ярамас кимсалар одамлар молларини ноҳақ йўл билан ейиш учун даъвогарликни дастак қилиб оладилар. Улар даъво қилинган кишилар тақво юзасидан қасам ичмасликларини билиб туриб ноҳақ даъволарни кўтариб чиқадилар ва ботилни ундиришга уринадилар.

10. Бир гувоҳ ва қасамга биноан ҳукм чиқармоқ.
Агар даъвогарнинг ҳужжати тўкис бўлмаса, яъни даъвоси учун иккита гувоҳ талаб этиладиган чоғда битта гувоҳ келтирса, иккинчи гувоҳ ўрнига қасам ичирилиб, унинг фойдасига ҳукм қилинадими?
Ҳанафийлар айтадилар: “Ҳукмларнинг ҳеч бирида битта гувоҳ ва қасамга асосланиб ҳукм қилинмайди. Ҳар бир кўтарилган даъвонинг ҳужжати тўла-тўкис бўлиши шарт. Агар даъвогарнинг ҳужжати чала бўлса, жавобгар қасам ичади, даъвогарга эса ҳеч қачон қасам ичирилмайди”. Уларнинг бу борадаги ҳужжатлари Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сенинг икки гувоҳинг бўлиши керак ёки у қасам ичади. Сен учун бундан бошқа йўл йўқ”, деган сўзларидир. Шунингдек, улар “Қасам ичиш даъво қилинувчининг зиммасидадир” деган ҳадиснинг умумий маъносини ҳам далил қилишади.

Моликий, шофеий ва ҳанбалийлар бундай дейишди: “Молиявий ҳақларда ва пул-мол мақсад қилинган тортишувларда ягона гувоҳ ва қасам билан ҳукм қилинаверади”. Бунга далил Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам битта гувоҳ ва қасам билан ҳукм қилдилар”. (Муслим ривоятлари).

11. Ҳужжат келтирган бўлишига қарамай даъвогар ва гувоҳларга қасам ичирмоқ.
Маълум бўлганидек, даъвогар ҳужжат келтирса, қози унинг даъвосига қараб ҳукм чиқаради. Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, агарда қози даъво қилувчи ва гувоҳларнинг ростгўйлигига шак-шубҳа қилса, гувоҳлар рост гувоҳлик берганлари тўғрисида даъвогарга қасам ичириши мумкин. Ибн Ражаб Ҳанбалий “Жомеул-улум вал-ҳикам” номли китобларида Имом Аҳмаддан шу масала ҳақида сўрашганини келтирганлар. Имом Аҳмад бу саволга: “Али розияллоҳу анҳу шундай қилганлар!” деб жавоб берадилар. Савол берувчи: “Бу тўғрими?” деб сўрайди. Имом Аҳмад унга яна: “Али шундай қилганлар!” деб жавоб берадилар. Яъни, Али розияллоҳу анҳу шундай қилган бўлсалар бу қандай қилиб тўғри бўлмасин?! Демак, Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бу ишни жоиз деб билганлар.
Шунингдек, қози гувоҳларнинг гувоҳлигини кучайтириш ва шубҳани йироқ қилиш учун улардан ҳам қасам талаб қилиши мумкин.

12. Қозининг ўзида бор маълумотга қараб ҳукм қилиши.
Агарда қози ўзига олиб чиқилган даъвонинг ҳақиқатини билса, ўзида бор маълумотга биноан ҳукм чиқариши жоиз бўлмайди. Балки ўз олдида ҳозир бўлган даъвогар ёки жавобгарнинг зоҳирий ҳужжатларига асосан ҳукм чиқаради. Гарчи бу ҳужжатлар унинг билган маълумотларига тескари бўлса ҳам бошқача йўл тута олмайди. Бунга асос Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдир:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мен бор-йўғи бир инсонман. Сизлар менга хусуматлашиб келасизлар. Айримларингиз ҳужжат келтиришда бошқа бировингиздан бийронроқ бўлиши мумкин. Мен эшитганимга биноан унинг фойдасига ҳукм қилиб бераман”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз билганларига асосан эмас, эшитганларига кўра ҳукм қилишларини эълон қилдилар. Бунинг ҳикмати шуки, шу йўл билан зулм ва бузғунчилик йўли тўсилади. Ана шунда ёмон қозилар жавр-зулм қилиш ва одамларни шубҳа остига олишлари учун воқеанинг ҳақиқатини билишларини баҳона қила олмайдилар. Қолаверса, шу йўл билан чиқарилган ҳукм ҳақида айблов ва гумонлар қўзғатилишининг олди олинади. Айниқса, қозининг ҳукми даъволашувчилар кўнглига мос тушмаса, улар таниш-билишлик қилиш, бир томонга ён босиш, пора олиш ва шунга ўхшаш айбларни қозига тўнкашлари мумкин эди.
Фиқҳдаги кучлироқ сўз мана шудир. Мазҳабларда бу масаланинг турли тафсилотлари бор бўлиб, унинг баён қилинган ўринларига мурожаат қилишингиз мумкин.

13. Қозининг ҳукми ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилиб бермайди.
Қозининг олдида бир нарсани собит этиш ёки инкор этишга восита бўладиган гувоҳлик ёки қасам каби зоҳирий ҳужжатлар тўла-тўкис топилса, шуларга биноан ҳукм чиқаради. Чунки у юзага чиққан далилларга қараб ҳукм қилишга буюрилган. Ана шунда кимнинг зиёнига ҳукм қилинган бўлса, у ҳукмни ижро этишга мажбурдир. Бироқ айни ҳукм воқеликда ноҳақ бўлиши ҳам мумкин. Даъвогар иккита ёлғончи гувоҳларни келтириши ва жавобгар шахснинг ёлғон қасам ичиши каби ҳолатлар содир бўлиб туради. Бундай ҳолатда фойдасига ҳукм қилинган шахс ўз фойдасига ҳукм қилинган ҳақни олишга мустаҳиқ эмаслигини била туриб уни олиши ҳалол бўлмайди. Шунингдек, бир киши аниқ тиниқ ўзиники эканлигини билган ҳақидан маҳрум этилса, содир этилган ажрим ўша нарсани унга ҳаром қилиб қўймайди. Бунинг асоси Умму Салама разияллоҳу анҳонинг юқорида ўтган ҳадисларидир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимга биродарининг бирорта ҳақини ҳукм қилиб берсам, уни олмасин, чунки унга дўзахдан бир бўлак олиб берган бўламан”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фойдасига ажрим қилинган кишини ўзи учун ҳақли эмаслигини билиб турган нарсани олишдан қайтариб, бу дўзахнинг бир бўлаги эканлигини уқтирдилар. Демак, унинг фойдасига чиққан ажрим ҳақиқатда ўша нарсани унга ҳалол қилиб қўйгани йўқ. Шу қаторда айни ажрим ўша нарсани иккинчи томонга ҳаром қилиб қўйгани ҳам йўқ.
Барча эътиборли мазҳаблардаги фатво мана шундайдир.

14. Адолатли қозининг ажри.
Қози даъвонинг турли жиҳатлари билан танишиб чиқиш учун бор қобилиятини сарфлаши ва ижтиҳоди асосида тўғри ва ҳақ деб чиқарган хулосаси асосида ҳукм қилиши вожибдир. Бунга далил Умму Саламанинг ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларидир:
“...Мен уни рост айтди, деб ҳисоблайман-да, унинг фойдасига ҳукм чиқараман”. (Бухорий ривоятлари).
Қози мана шундай йўл тутса, ҳукми адолатли бўлади ва чиқарган ҳукми воқеликда тўғри ёки нотўғри бўлишига қарамай, қилган ишига савоб олади. Чунки у ўз бурчи бўлган ҳар томонлама ҳақиқатни ўрганиш вазифасини бажариб, ўзига имкони берилган зоҳирий далилларга кўра ҳукм чиқарди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳоким ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, тўғри топса, унга иккита ажр бор. Агар ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, янглишса, унга битта ажр бор”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

15. Битта қози жаннатда, иккита қози дўзахдадир.
Қозилик мансабини эгаллашнинг қуйидаги шартлари бор: Аллоҳнинг шариатидаги ҳалол ва ҳаромни билиш, исломий қонунчилик асосларига мурожаат қилиб, юзага келган ҳодисаларнинг шаръий ҳукмларини чиқариб олишга қодир бўлиш. Сўнгра у ижтиҳод қилиш, тўғри ечим топишга уриниш ва ўзи ҳақ деб топган ҳукм бўйича ажрим чиқаришга бурчлидир. Агар у мулоҳаза қилиб ўтирмай ва боқибеғамлик билан ёки Аллоҳнинг шариатини билмаган ҳолида ҳукм қилгудек бўлса, гарчи чиқарган ажрими ҳақиқатга мувофиқ келиб қолса ҳам у гуноҳкордир. Чунки унинг ҳукми тўғри чиқиб қолиши чин мақсад билан юзага келмади. Унинг ҳукми бир гал ҳақиқатга тўғри келиб қолган бўлса, ҳали бошқа гал нотўғри чиқадиган бўлади. Ҳақни била туриб арзимас дунё матоси, нафс-ҳаво ундови туфайли ёки бировдан қасд олиш ва зулм ўтказиш мақсадида ноҳақ ҳукм чиқарган қозига вой бўлсин, вой бўлсин!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қозилар уч хилдир. Уларнинг биттаси жаннатда, иккитаси дўзахда бўлур. Жаннатий қози ҳақни билган ва унга кўра ҳукм қилган кишидир. Ҳақни билиб, адолатсиз ҳукм қилган киши дўзахдадир, жоҳил бўла туриб одамларга қозилик қилган киши ҳам дўзахдадир”. (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Имом Нававийнинг арбаъийн китобларидан.

ЎТТИЗ ИККИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 20:00

ЎТТИЗ ИККИНЧИ ҲАДИС

Исломда зарар етказиш йўқ

32 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ سَعْدِ بْنِ سِنَانٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا ضَرَرَ وَلا ضِرَارَ ".
(حديث حسن، رواه ابن ماجه و الدارقطني وغيرهما مسنَدًا. ورواه مالك في الموطأ مُرسَلا: عن عَمْرِو بْنِ يحيى، عن أبيه، عن النبي صلى الله عليه وسلم. فأسقط أبا سعيد. وله طرق يقوي بعضها بعضا).

Абу Саид Саъд ибн Синон ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“(Зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиёни текканга ғайришаръий) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!”.
(Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳадисда зарар етказмоқ инкор этилган. Унинг шаръий жазо ва қасосга дахли йўқ.
Ҳадиси шарифда бировга ноҳақ зарар-озор етказмоқ рад этилган. Аммо жазога лойиқ кимсани қилмишига яраша жазоламоқ шариат доирасидаги ишдир. Масалан, кимгадир зулм қилган кимсанинг муносиб жазога тортилиши шаръий қасос саналиб, бу ҳақиқатда инсонларга ҳаёт бағишлайди. “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар!” (Бақара сураси, 179-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамлар то “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” деб гувоҳлик бермас эканлар, улар билан уришишга буюрилдим. Агар шаҳодат калимасини айтсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлайдилар, илло унинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳгадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни улар бир жиноят содир этсалар, қилмишларига яраша молий ёки баданий жазога мустаҳиқ бўладилар.
Аслида жиноятчини қилмишига яраша жазолаш зарарнинг олдини олиш ҳисобланади. Чунки жиноятчининг жазоланиши жамият ва унинг аъзолари учун хавфли зарарни даф этади.

2. Ислом ҳеч қачон зарарли нарсаларга буюрмайди ва фойдали нарсалардан қайтармайди.
Аллоҳ таоло бандаларини нимага буюрган бўлса, ўша нарса уларнинг дин ва дунёлари учун фақат фойда келтиради. Аллоҳ таоло ман этган ишлар эса, ҳеч шак-шубҳасиз инсонлар ҳаёти ва Охирати учун зиён-фасоддан ўзга нарса эмас. “Айтинг: “Парвардигорим адолатга буюргандир”. (Аъроф сураси, 33-оят).
Албатта адолат замирида фақат эзгулик ётади. Аллоҳ таоло инсонлар ақли ва танаси учун фойдали бўлган нарсаларни ҳалол қилди. Бандаларнинг ҳис-туйғулари, куч-қувватлари, соғлик-саломатликлари ва мол-мулкларига зарар етказувчи нопокликларни эса қатъий ҳаром қилди.
“Айтинг, “Аллоҳ бандалари учун чиқарган зийнат ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!” Айтинг: “Улар ҳаёти дунёда иймон эгалари учун бўлиб, “кофирлар ҳам уларга шерик бўлур, Қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир”. (Аъроф сураси, 32-оят).
“Айтинг: “Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, - чунки у нажасдир, - ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса ҳаромдир”. (Анъом сураси, 145-оят).
Аллоҳ таолодан ўзгага атаб сўйилган жонлиқ “фосиқлик” дейилди. Чунки у шу ишни қилувчи инсонни Парвардигор итоатидан чиқаради.

3. Динда ҳараж-танглик йўқ.
Исломда зарар йўқлиги боис бандалар устидан ҳараж-танглик кўтарилгандир. Инсон ўзи мукаллаф бўлган амални бажариш асносида мушкул аҳволга тушиб қолса, шариат унга енгиллик беради. Бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқ. Зеро, Ислом енгиллик динидир.
“(Аллоҳ) бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади”. (Ҳаж, 78-оят). “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмас!” (Бақара сураси, 286-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мен ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин билан юборилдим”. (Аҳмад ривоятлари.)
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
- Аллоҳ учун энг суюкли дин қайси?
- Ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Аҳмад ва Бухорий ривоятлари).
Яъни, суюкли дин ёлғиз Аллоҳ таолога чақирувчи, бандаларни машаққатли ва танг ҳолатларга солиб қўймайдиган ҳақ дин. Ҳолат ва вазиятлар ўзгарса ҳам шаръий таклиф ўз ўрнида қолганида, мукаллафга катта зарар-оғирлик тушар эди.
Машаққат пайтида шариат берадиган енгилликларга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
а) Киши бемор бўлса ёки сув топа олмаса, таяммум қилади. “Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд аёлларингизга қўшилган бўлсаларингизу сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз: юзларингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз. Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқ истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга ўз неъматини комил қилиб қўйишни истайди”. (Моида сураси, 6-оят).
б) Касал ва мусофир кишилар рўза тутмасликлари мумкин.
“(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара сураси, 185-оят).
в) Ҳаж қилаётган киши айрим сабабларга кўра тақиқланган ишларни қилиши мумкин. “Ҳадянгиз ўз жойига бормагунча бошларингизни қирманг. Энди агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирор дарди бўлса (ва сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (қўй) сўйиш билан эваз тўласин!” (Бақара сураси, 196-оят).
Ҳадя жойи – Ҳарам. Вақти – Зулҳижжанинг ўнинчи куни.
г) Қийналиб қолган қарздорга муҳлат берилади.
Ҳалол нарса учун маълум бир муҳлатга қарз олган киши белгиланган муддатда қарзини уза олмаса, қарз берувчи тўлов муддатини узайтириши лозим. Қарздор тўлаш имконини топгунга қадар муҳлат узайтирилади.
“Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг”. (Бақара сураси, 280-оят).
Фақиҳлар фатво берганлар: “Қарздор киши ўз мулкига зарар етказиб, яъни кийим-кечаги, уй-жойи, зарур хизматкоридан ажралиб ёки бола-чақаси тирикчилиги учун шарт бўлган тижоратига путур етказиб қарзини тўлашга мажбур қилинмайди”.
д) Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши, ўз назрини бажаришга мажбур эмас.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ўғли кўмагида қадам ташлаб кетаётган бир қарияни кўриб, сўрадилар:
- У нега бундай қиляпти?
- Қария ҳажга пиёда боришни назр қилган экан, - деб жавоб беришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу одамнинг ўзини қийнашидан беҳожатдир!” дедилар ва унга уловга минишни буюрдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Опам ҳажга пиёда боришни назр қилиб, менга Расулуллоҳдан фатво сўраб беришни буюрди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим.
- Пиёда ҳам юрсин, от-уловга ҳам чиқсин! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши қандай йўл тутади? Уламолар бу ҳақда шундай дейдилар:
Имом Аҳмаддан нақл қиладилар:
“Пиёда юриши шарт эмас. У ҳар қандай ҳолатда ҳам от-уловда юради ва бунинг ҳеч қандай зиёни йўқ”.

Яна бир ривоятда “Уч кун рўза тутиб беради”, дейилган бўлса, бошқа бирида “Ичган қасами (назри)нинг каффоратини адо этади”, - дейилган.
Имом Молик айтадилар:
“Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши от-уловга минса, ҳажи ўтмайди. У ҳажининг қазосини адо этишга мажбур бўлади. Назр қилган киши қанча пиёда юрган бўлса, ўшанча жойини от-уловда босиб ўтиши, қанча от-уловда юрган бўлса, ўшанча пиёда юрмоғи лозим. Бордию пиёда юрганидан от-уловда юргани кўп чиқса, ҳажининг қазоси билан ҳадя-қурбонлик қилиши ҳам керак бўлади”.
Машҳур қавлга кўра бундай одам, агар тоқати етса, ҳажга пиёда боради. Бордию пиёда юришдан ожиз бўлса, от-улов миниб ҳаж сафарига чиқади ва каффорат ёки қурбонлик қилиши шарт бўлмайди. Баъзилар “От-уловга минган киши қасами-назрининг каффоратини адо этиши керак”, дейишади...

4. Зарарнинг кўринишлари.
Одатда хатти-ҳаракатларнинг ушбу икки турида зарар мақсади намоён бўлади:
Биринчи: Мукаллафнинг фақат бировга зарар етказишни кўзлаб қилган хатти-ҳаракатлари. Албатта бундай хатти-ҳаракатлар қатъий ҳаромдир.
Иккинчи: Мукаллаф тўғри ниятда баъзи бир ишларни амалга оширади. Лекин унинг кўзлаган мақсади оқибатида ёки асносида бошқа бировга зарар етади.

Биринчи: Шариатда ҳаром ҳисобланган, кўпинча ўзгаларга зарар етказувчи биринчи турдаги хатти-ҳаракатлар.
Буларга қуйидаги мисолларни келтириб ўтиш мумкин:
а) Савдо-сотиқдаги зарар.
Унинг бир неча кўринишлари мавжуд:
• Мажбурий савдо (“Байъул-музтар”)
Сиз бир нарсага муҳтожсиз, бироқ унга етадиган маблағингиз йўқ. Шунда сиз шу зарур нарсани эгасидан одатдаги баҳосига қараганда бир неча баробар ортиқча нархда оласиз. Масалан, аслида минг сўм турадиган нарсани икки минг сўмга оласиз.
Али розияллоҳу анҳу хутба қилиб дедилар:
“Ҳали одамлар бошига ситамли кунлар келади. Ўзига тўқ-бадавлат одам қўлидаги мол-мулкига ёпишиб олади, хасислик қилади. Ҳолбуки, унга бундай қилиш буюрилмаган эди. Аллоҳ таоло “Ўртангизда фазлни унутиб қўймангиз!” деган. Қийин аҳволда қолган кишилар билан савдо қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “байъул-музтар”дан (қийин аҳволда қолган киши билан савдо қилиш) қайтарганлар”. (Абу Довуд ривоятлари).
Исмоилий ривоятларида қуйидаги сўзлар ҳам зиёда қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “...Агар қўлингда биродарингга нафи тегадиган хайр-яхшилик бўлса, яхшилик қилгин. Аксинча бўлса, унинг ҳалокатини ҳеч ҳам зиёда қилмагин!” Яъни, бундай пайтда муҳтож инсонга эҳсон қилиш ниҳоятда муносибдир. Унинг аҳволини бадтар оғирлаштириш тўғри эмас.
Абдуллоҳ ибн Маъқал мажбурий савдо рибодир дедилар. Ҳарб айтадилар: “Аҳмаддан “байъул-музтар” ҳақида сўрашди. У киши макруҳ дедилар”.
• Пулини маълум муддатгача тўлаш шарти билан насияга сотиб олинган молни нақд пулга арзон баҳода сотиб юбормоқ
Масалан, бир одам пулга муҳтож, бироқ қарз бериб турадиган одам топилмади. Шунда у маълум муддатга насияга мол сотиб олади. Мақсади - нақд пул топиш учун уни сотиб юбориш.
Агар у молни аввалги эгасидан бошқа одамга сотадиган бўлса, бу ҳақда Аҳмад: “Бунинг байъул-музтар бўлишидан қўрқаман” деганлар.
Агар мол аввалги эгасига арзон баҳода қайтариб сотилса, жумҳур олимлар сўзига биноан бундай савдо ботил ва ҳаром бўлади. Улар буни судхўрликнинг бир воситаси деб билганлар. Бу Молик, Абу Ҳанифа ва Аҳмадлар сўзи. Улуғ имомлар ўз сўзларига Дориқутний ривоят қилган ушбу асарни ҳам ҳужжат сифатида келтирганлар.
Бир аёл Оиша разияллоҳу анҳога деди:
- Мен Зайд ибн Арқамга ойлик маош олганида тўлаш шарти билан саккиз юз дирҳамга қул сотган эдим. Кейин Зайдга унинг пули зарур бўлиб қолди. Шунда мен ҳали тўлов муддати келмай туриб қулни ундан олти юз дирҳамга сотиб олдим.
- Сен қилган олди-сотди жуда ёмон бўлибди! - дедилар Оиша разияллоҳу анҳо – Зайд ибн Арқамга айтиб қўй, агар тавба қилмаса, Аллоҳ таоло унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилган жиҳодию ҳажини ботил этади!
Шундан сўнг Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу Оиша разияллоҳу анҳо ҳузурларига узр сўраб келдилар. Онамиз разияллоҳу анҳо унга қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза-насиҳат етгач тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга топширилади”. (Бақара сураси, 275-оят).
Уламолар ушбу ҳадис тўғрисида айтишди:
Оиша разияллоҳу анҳонинг ушбу сўзлари ва қайтаришлари мазкур фатвони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига далил бўлади. Агар савдо битимида судхўрлик қилишга йўл қидирилган, яъни ҳийла ишлатилган бўлса, Имом Шофеий ҳам юқоридаги мазҳаб имомлари фикрига қўшилганлар. Бироқ савдода судхўрлик қилиш мутлақо кўзда тутилмаган бўлса, Шофеий наздларида бундай савдо дуруст саналади. Чунки бу ерда савдо рукнларига путур етаётгани йўқ. Одамларнинг хатти-ҳаракатидан эса ёмон гумон қидирилмайди. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини ниятларига қараб Ўзи ҳисоб қилади. Бу Имом Шофеийнинг фикрлари.
• Ҳаддан ташқари қиммат баҳолаш.

Харидор нарсани яхши ажрата олмагани боис бир молни ортиқча қиммат нархда сотиб олиши мумкин. Бироқ сотувчи бундан тийилмоғи лозим.
Имом Аҳмад ва Молик мазҳабига биноан бундай чоғда харидорнинг савдони бузишга ҳаққи бор.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга савдо-сотиқда кўп алданишни айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
- Савдо қилаётганингда: “Алдов йўқ!” деб айтгин. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Аҳмад “алдов”га қуйидагича шарҳ берганлар:
“Бу –одатда ҳеч ким алданмайдиган даражада чув тушириш”. Масалан, бир сўм турадиган нарсани беш сўмга пуллаш.
Моликийлар фикрига кўра агар нарсани сотилаётган баҳосидан кўра учдан бирига ортиқроққа сотган бўлса, харидор савдони бекор қилишга ҳақли.
б) Васиятда зарар етказиш.
Бу икки турли бўлади:
• Айрим меросхўрларга Аллоҳ белгилаб қўйган миқдордан ортиқча улуш ажратмоқ. Натижада қолган меросхўрлар ҳаққига зарар етади. Модомики, қолган меросхўрлар норози эканлар, айрим ҳақдорларга зиёда мерос ажратиш шариатда ман этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақдорга ўз тегишини бериб қўйган. Бинобарин, мерос олувчилардан бирига алоҳида васият қилиш йўқ!”
• Меросхўрлар ҳаққига зарар-нуқсон етказиш мақсадида етти ёт бегонага мерос қолдирмоқ. Меросхўрларга зарар етказиш кўзда тутилган-тутилмаганлигидан қатъиназар, модомики, меросхўрлар ижозат бермас эканлар, бегона кишига мероснинг учдан биридан ортиқроқ васият қилиш мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бегонага бериладиган мерос миқдори тўғрисида бундай дедилар:
“Учдан бири бўлса майли. Аслида учдан бири ҳам кўп!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Банда ҳаёти давомида ўтказиб юборган яхшиликлар ёки хайр-эҳсон борасида йўл қўйилган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириши учун унга молининг учдан бирини бегонага васият қилишга рухсат берилди. Албатта, у меросхўрларга зарар етказишни мақсад қилмаган бўлиши шарт. Акс ҳолда, гуноҳга ботади.
“Мерос тақсимоти сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо этилганидан кейин бўлур”. (Нисо сураси, 12-оят).
Банданинг васият воситасида меросхўрларга зарар етказиши унинг ажр-савобдан маҳрум бўлиб, ёмон оқибатга дучор бўлишига олиб бориши ҳам мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Эркак-аёл Аллоҳ итоатида олтмиш йил амал қилади. Сўнг уларнинг жон бериш вақти келади. Ҳар иккиси васиятда зарар беришга уринади. Бас, оқибат иккисига ҳам дўзах вожиб бўлади!” Сўнг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидаги оятни ўқидилар:
“Мерос тақсимоти сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилинганидан кейин бўлур”. (Термизий ва бошқалар ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар:
“Васиятда (меросхўрлар ҳаққига) зарар бермоқ гуноҳи кабиралардандир”.
Агар жон бераётган киши васияти орқали меросхўрига зарар етказишни мақсад қилганига иқрор бўлса, ўша васият амалга ошириладими ёки рад этиладими? Аксарият олимлар сўзига кўра васият амалга оширилади. Лекин имом Моликдан бундай васиятнинг рад этилиши ривоят қилинган.
в) Қайта никоҳга олиш.
Аёлни ражъий (бир ёки икки) талоқ қилган киши идда муддати битмасдан уни яна ўз қарамоғига олиши мумкин. “Уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг. Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турманг. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилибди”. (Бақара сураси, 231-оят).
“Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар”. (Бақара сураси, 228-оят).

Демак, ражъий талоқ қилган хотинини унга зарар етказмоқ ниятида идда муддати битмасдан қайта никоҳга олган кимса, гуноҳга қўл урган бўлади. Хўш, бу зулм қандай кўринишда бўлиши мумкин?
Бир киши хотинини ражъий талоқ қилади-да, идда муддати битишга озгина қолгунга қадар ташлаб қўяди. Сўнг аёлини қайта никоҳга олади. Бироқ у жуфтини яхши кўриб ёки рағбат билдириб бу ишни қилмайди. Унинг нияти имкон қадар аёлни янги турмушдан тўсиб туриш. Шу боис у жуфти ҳалоли қаршисидаги ўзининг эрлик вазифасини ҳам адо этмайди. Айни ҳолат номард эр томонидан такрор содир этилиши мумкин.
Имом Молик фатволарига биноан талоқ қилган аёлининг идда муддатини узайтириш орқали унга зулм қилишни кўзлаган кимса, агар хотинини идда муддатида қайта никоҳига олиб, сўнг у билан қовушмасдан яна талоқ қилса, идда муддати янгидан бошланмайди. Яъни, аввалги идда муддати ўз кучида қолади.
Имом Аҳмаддан нақл қилинган қавлга биноан эр зарар беришни мақсад қилган-қилмаганлигидан қатъиназар, аввалги идда кунлари ҳисобга олинади.
Бироқ аксарият олимлар наздида ҳар қандай ҳолатда ҳам идда муддати янгидан бошланади. Аёлига зулм қилиш учун юқоридаги услубни қўллаган эр эса гуноҳкор бўлади.
г) Қасам ичиб зарар етказмоқ.
Яъни, эр маълум муддат мобайнида ёки мутлақо аёлига яқинлашмасликка қасам ичади. Агар у қасам ичганидан бошлаб тўрт ой ўтгунга қадар аёли билан қовушса, аёлини қайтариб олган бўлади ва қасамини бузгани учун каффорат тўлайди. Мабодо тўрт ой ўтса ҳам, юқоридаги қароридан қайтмаса, эр шариат кучи билан қайтарилади.
“Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида аёлларига) қайтсалар, жоиздир. Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Ва Агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, бас, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир”. (Бақара сураси, 226-227-оятлар).
Хўш, ўз сўзида қатъий турган эр қай тарзда қайтарилади? Олимлар бу масалада икки хил фикр билдиришган:
Жумҳур олимлар фатвосига биноан эр қози ҳузурига олиб келинади ва унга қароридан қайтиш ёки аёлини талоқ қилиш буюрилади. Агар эр қайсарликда давом этса, унинг ўрнидан қози ражъий талоқ айтади.
Ҳанафийлар сўзига кўра эса, қасамдан кейин тўрт ой муҳлат ўтиши билан ўз-ўзидан аёлга боин талоқ тушади.
Қасамга ўхшаш бошқа масалаларни ҳам шунга қиёс қилиш мумкин.
Аёлига зарар бермоқ қасдида қасам ичмасдан тўрт ой у билан яқинлик қилмаган эрнинг ҳукми нима бўлади? Ушбу ҳолатга имом Аҳмад шундай деганлар: “Унинг ҳукми аёлидан қасам ичиб юз ўгирган кимса ҳукми билан бир хил!”
Ҳанбалийлар наздида тўрт ой муддат орасида аёли билан ҳеч бўлмаса бир марта яқинлик қилмоқ вожиб (фарз) саналади. Ҳеч қандай узрли сабабсиз ташлаб қўйилган аёл талоқ сўраса, бир гуруҳ ҳанбалий олимлар фикрига кўра эридан ажратиб олинади. Хўш, айни ҳолатда зарар бериш қасди бор-йўқлигига қараладими?
Молик ва унинг асҳоблари наздида аёлининг тўшагини ҳеч қандай узрсиз тарк этса, никоҳ бузилади. Бироқ улар ўртасидаги иддани турлича белгилашган.
Ҳеч қандай узр-сабабсиз сафар муддатини чўзаётган эрдан аёли уйга қайтишини талаб қилсаю эр рози бўлмаса, Молик ва Аҳмад сўзларига биноан ҳоким эр-хотин ўртасини ажратиб қўяди.

д) Бола эмизишда зарар етказиш.
“Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб, кийдириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли она ҳам, ота ҳам зарар тортмасин”. (Бақара сураси, 233-оят).
Онанинг боласини эмизишга ҳаққи бор. Агар эр аёлидан тўла роҳатланиш учун асраш мақсадида жуфти ҳалолини боласини эмизишдан ман этса, бу жоиз. Бироқ аёлини қийнамоқ қасдида юқоридаги ишга қўл урса, гуноҳкор бўлади ва шариат кучи билан қайтарилади. Ҳар икки ҳолатда болани эмизадиган бошқа аёл бор бўлиши керак. Агар болани эмизишга бошқа аёл топилмаса ёки гўдак бегона кўкракни оғзига олмаса, эрнинг аёлини эмизишидан тўсишга мутлақо ҳаққи йўқ. Чунки бу ерда гўдакка зарар етади.
Она кимнингдир никоҳида бўлмаса, яъни ажрашган ёхуд эри ўлиб бева қолган бўлса, у боласини эмизгани учун гўдакка қараши шарт бўлган кишидан ҳақ талаб қилиши мумкин. Ана шунда боланинг отаси ёки вориси аёлга ҳақ тўлашга мажбур. Агар она эмизгани учун жуда катта ҳақ талаб қилса, лекин ота ёхуд ворис эмизадиган бошқа аёлни топсалар, онанинг талабига рози бўлишга мажбур эмаслар. Чунки она эмизиш баҳосини ошириб, уларга зарар етказишни кўзлаяпти. Бироқ бошқа эмизувчи топилмаса, отага ҳам, болага ҳам зарар етмаслиги учун она ўша пулга гўдакни эмизишга мажбур қилинади.
Иккинчи: Мукаллаф тўғри ниятда баъзи бир ишларни амалга оширади. Лекин унинг кўзлаган мақсади оқибатида ёки асносида бошқа бировга зарар етади. Яъни, кишининг ўз мулки доирасида қилган хатти-ҳаракатидан бошқаларга зиён етади ёки у бошқа бировни ўз мулки имкониятидан фойдаланишга қўймайди. Натижада тасарруф ҳуқуқидан маҳрум бўлган киши зарар кўради.
а) Ўз мулки доирасида хатти-ҳаракат қилиб, ўзгаларга зарар етказмоқ икки хил кўринишда бўлади:
• Мулкида ғайриодатий суратда хатти-ҳаракат қилмоқ. Албатта бу мумкин эмас. Агар ушбу хатти-ҳаракат оқибатида бошқалар зарар кўрса, айбдор улар кўрган зарарни тўлайди. Масалан, қаттиқ шамол турган кунда ўз ерида ўт ёқиш. Албатта, ўт қўшни ерларга ҳам ўтиб кетади. Оқибатда ер эгаси қўшниларига етказган зарарни тўлашга мажбур бўлади.
• Ўз мулки доирасида одатий хатти-ҳаракат юритиб, бировларга зарар етказмоқ.
Бу борада фиқҳий назарлар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, қўшнисининг қудуғи ёнидан қудуқ қазиб, унинг сувини қуритмоқ. Имом Молик ва Аҳмад фикрига кўра ҳалиги киши бу ишдан қайтарилади. Агар қудуқ қазиса, қудуғи кўмиб ташланади. Чунки у бировга зарар беряпти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“(Қудуқ) қазишда бир-бирингизга зарар етказманглар!” (Абу Довуд ривоятлари). Яъни, бировнинг сувини кетказиш учун унинг қудуғи ёнидан қудуқ қазиманглар.
Бошқа уламолар эса буни жоиз дейишган.
Шунингдек, қўшни тарафга дарча-дераза очмоқ ёки баланд бино қурмоқ, унинг ҳовлиси кўринадиган қилиб ёки уларни қуёшдан-ёруғликдан тўсиб баланд уй солмоқ мумкин эмас. Хусусан, ҳоким уй солувчининг нияти ёмонлик эканини тахмин қилса, уни бу ишдан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнининг ҳаққи хусусида гапириб, дедилар:
“Қўшнининг изнисиз баланд бино қуриб, уларни шамолдан тўсиб қўймасин”. (Хароитий ривоятлари).
Имом Аҳмад наздида шундай. Айрим Шофеийлар ҳам бу борада Имом Аҳмад фикрига мувофиқ йўл тутганлар.
• Ўз мулкида қилган хатти-ҳаракати оқибатида қўшниларга зарар етказмоқ. Мисол учун бир нарсани қаттиқ силкитмоқ, тарақлатиб урмоқ ёки бадбўй ҳидли нарсани сақламоқ. Молик ва Аҳмад мазҳабида киши бу ишидан қайтарилади. Шофеийлар наздида эса фақат бировлар мулкига зарар етказсагина, ман этилади.
• Бировларга зарарли бўлган нарсани, агар имкони бўлса, эвазини тўлаб даф этмоқ. Дейлик, сизнинг мулкингизда бошқа бировнинг ҳам ҳаққи бор. Масалан, бирон хона ёки ҳаммом ҳар иккингизга тегишли. Бироқ шеригингизнинг ўз ҳақидан фойдаланишида сизга зарар мавжуд. Айни ҳолатда ҳалиги киши ўз ҳақини чегириб ташлашга мажбур қилинади. У ҳақ эвазини ёки пулини олади. Натижада биродарига етаётган зарар даф этилади.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича бир ансорийнинг ҳовлисида Самура розияллоҳу анҳуга тегишли унча катта бўлмаган хурмо бор эди. Ансорий бола-чақали одам эди. Ҳар гал Самура розияллоҳу анҳу хурмо учун ҳовлига кирганларида, у ноқулай ҳолатга тушиб, қийналарди. Шу боис ансорий Самура розияллоҳу анҳудан хурмони сотишларини сўради. Самура розияллоҳу анҳу рози бўлмади. Хурмоларининг эвазига бошқа жойдан хурмо олиб беришни таклиф қилди. Самура яна рад этди. Ниҳоят, ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб воқеани сўзлаб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Самурага юқоридаги икки таклифни айтдилар. Самура яна рози бўлмади. “Хурмо дарахтини унга бер, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. - Фалон-фалон нарса сеники бўлади”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ёққан нарсаларни таклиф этдилар. Бироқ Самура ўз сўзида қаттиқ туриб олди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийга қуйидаги буйруқни бердилар: “Бориб, хурмосини қўпориб ташла!” (Абу Довуд ривоятлари).
Имом Аҳмад ушбу ҳадисни эшитгач, шундай дедилар: “Бировларга зарарли бўлган шу каби ишлар, албатта ман этилади. Агар кимдир ихтиёрий равишда рози бўлмаса, ҳоким томонидан мажбур қилинади. Бундай ишларда биродарига зиён етказишига йўл қўйилмайди, шунда у биродарига қайишган бўлади”.
б) Ўз мулкидан бошқа бировнинг фойдаланишини ман этиб, унга зарар етказмоқ. Бу ерда бир қанча масалалар мавжуд.
• Қўл остидаги мулкидан қўшнисининг фойдаланишига йўл қўймаслик.
Агар қўшнининг фойдаланиши оқибатида сиз зарар кўраётган бўлсангиз, қўшнингизни мулкингизда хатти-ҳаракат қилишдан ман этишингиз мумкин. Масалан, сизнинг қулай-қулай деб турган деворингиз бор. Қўшнингиз унинг устига тўсин ташламоқчи бўлди. Ҳолбуки, девор уни кўтара олмайди. Сиз қўшнингизнинг девордан фойдаланишига қарши туришингиз мумкин. Аммо қўшнининг фойдаланишидан ҳеч кимга зарар етмаса-чи...
Абу Ҳанифа, Шофеий ва Молик наздида мулкингиздан берухсат фойдаланмоқчи бўлган қўшнини ман этишга ҳақлисиз. Чунки қўшнингиз хатти-ҳаракати орқасидан сизга зарар етиб қолиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мусулмон кишига биродарининг розилигисиз унинг таёғини ҳам олиш ҳалол эмас!” (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Негаки Аллоҳ таоло мусулмоннинг молини ноҳақ ейишни қатъий ҳаром қилган.
Имом Аҳмаднинг фикрлари эса ўзгача: Мусулмон киши унинг мулкидан фойдаланмоқчи бўлган қўшнисини қайтармаслиги лозим. Кўнмаган тақдирда эса, Имом Аҳмаддан “бунга мажбур этилади” ва “мажбур этилмайди” деган икки хил ривоят мавжуд.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ҳеч бирингиз унинг деворига ёғоч ташламоқчи бўлганида, қўшнисини рад этмасин”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар:
“Сизларга не бўлдики, бу ҳадисдан юз ўгираяпсизлар?! Аллоҳга қасамки, шу ҳадис билан елкаларингизга тушираман”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Масламага “қўшнингни сувини ҳовлингдан оқиб ўтишига қаршилик қилмайсан”, деб ҳукм чиқариб, “Ҳатто қорнингдан ошириб бўлса ҳам унинг сувини ўтказасан”, - деб буюрдилар.

• Сув, ўт-ўлан, туз ва оловни бермаслик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ўт-ўлан ўсишининг олдини олиш мақсадида ортиқча сувни тўсиб турманглар!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, ўт сувсиз ўсмайди. Сувни тўсган киши ўт ривожини тўсган бўлади.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Нимани (одамларга) бермаслик мумкин эмас?
- Тузни.
- Ё Расулуллоҳ! Нимани бермаслик мумкин эмас?
- Яхшилик қилишинг ўзинг учун яхшидир! (Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонлар уч нарсада: ўт-ўлан, сув ва оловда бир-бирларига шерикдирлар. (Абу Довуд ривоятлари).

Юқоридаги ҳадислар асосида уламолар сув, ўт-ўлан, туз ва олов хусусида фатво берганлар:
Сув. Абу Ҳанифа ва Шофеий фикрларига кўра сув эгаси оқувчи ёки қайнаб чиқувчи (яъни булоқ) сувининг ортиқчасини - гарчи ўз ерига тегишли бўлса ҳам - ман қила олмайди. Бироқ у экинни суғориш учун сувини текинга беришга мажбур эмас.
Имом Аҳмад наздида эса ортиқча сувни ичиш учун ҳам, мол ёки экинни суғориш учун ҳам текинга бериши шарт. Сувни бермай қўйиш ўт-ўланнинг йўқ бўлишига олиб бориши мумкин.
Имом Молик айтадилар: Сув эгаси, яъни унинг оқар жойи ёки қайнаб чиқадиган булоғининг соҳиби фақат қийналиб қолган кишигагина ортиқча сувини текинга беришга мажбур. Ҳеч кимнинг мулки бўлмаган ортиқча сув эса ҳаммага берилиши шарт.
Ўт-ўлан. Шофеий айтадилар: Фақат қаровсиз ернинг ўт-ўланигина ҳеч кимдан ман қилинмайди. Қолган ерларнинг ортиқча ўт-ўлани берилмайди.
Абу Ҳанифа ва Аҳмад наздида ўт-ўланнинг ортиқчаси ҳеч қачон ман этилмайди.
Туз. Ҳеч ким меҳнат қилиб қазиб чиқармаган қаровсиз ердаги туз ман қилинмайди. Яъни ундан ҳамма фойдаланиши мумкин.
Олов. Ўт ёқиб олиш учун бир парча чўғ, ёритиш, исиниш ёки овқат пишириш учун ортиқча ўт-олов ман қилинмайди. Бироқ кимнингдир мулки бўлган ўт ёқиш мосламаси бировга берилмаслиги мумкин. Албатта қизғанмаслик афзал.

5. Фиқҳнинг тўртдан бири.
Суютий ўзларининг “Ашбоҳ ва назоир” номли асарларида имом Шофеий мазҳаблари қуйидаги тўрт асос устига қурилганини ёзадилар:
Биринчи: Аниқ нарса шубҳа-гумон билан йўққа чиқарилмайди.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда турганида худди таҳорати бузилгандек бўлаверишидан шикоят қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирор овоз ёхуд ҳид билмагунингча намозингни бузма!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, ҳалиги киши таҳорат билан намозга кирганини аниқ билади. “Таҳоратим бузилди...” деган гумон унинг юқоридаги аниқ ишончини йўққа чиқармайди.
Иккинчи: Машаққат енгилликни лозим қилади.
“(Аллоҳ таоло) динда сизларга бирор ҳараж-танглик қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мен ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин билан юборилдим”. (Аҳмад ривоятлари).
Учинчи: Зарар йўқ қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“(Исломда зиёни тегмаган кишига) зарар бермоқ ҳам, (зиён-заҳмат етказган кимсага ғайришаръий суратда) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!”
Тўртинчи: Одат ҳакамдир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мусулмонлар яхши деб топган нарса Аллоҳ наздида ҳам хайрлидир!” (Аҳмад ривоятлари).
(Баъзилар бу сўз Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг сўзлари дейишади. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир).
Демак, мавзумиз асоси бўлган ушбу ҳадис Ислом фиқҳининг тўртдан бири ҳисобланар экан. Фақиҳлар уни аслий асослардан деб билиб, бир қанча фаръий қоидаларни айни асосга биноан ижтиҳод қилдилар. Қуйида аслий қоида ва ундан келиб чиқадиган фаръий қоидалар хусусида сўз юритамиз.
Аслий қоида: Исломда (зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиён етказган кимсага) ғайришаръий зарар етказмоқ ҳам йўқдир.
Ушбу аслий қоиданинг фиқҳий тармоқлари:
• Бировнинг молига талофат етказган кишига унинг ҳам молини нуқсонли қилиш билан жавоб берилмайди. Чунки бу ерда фақат зарар зиёда бўлиб, ҳеч ким фойда кўрмайди. Бировнинг молига талофат етказган киши молнинг қийматини тўлайди ва шу йўл билан мол эгаси кўрган зарарни даф этади.

Фаръий қоидалар:
а) Имкон қадар зарарнинг олди олинади.
Яъни, зарар ҳосил бўлмасдан унинг олдини олиш чоралари кўрилади. Чунки зарарни кетказишга қараганда унинг олдини олиш осонроқ. Шариат таклифи-буйруғи ҳар бир инсоннинг тоқатига яраша бўлади.
Мазкур қоидага биноан жиноят устида ушланмаган бўлсалар-да, расво ва қинғир ишлари билан донг таратган кимсаларни жамият тинчлигини таъминлаш учун тавбалари зоҳир бўлгунга қадар ҳибсда сақлаб туриш мумкин.
б) Ҳосил бўлган зарар йўқотилади.
Яъни, зарар қопланади ва нуқсон етган ўринлар тўлдирилади.
Фиқҳий тармоқ: Агар биров йўл ўртасига тарнов чиқариб қўйсаю, у кўчадан ўтувчиларга зиён етказса, олиб ташланади. Агар у туфайли бирон нарса нобуд бўлса, тарнов эгаси тўлайди.
в) Зарар ўрни худди шундай яна бир зарар билан қопланмайди.
Яъни маълум зарар худди шундай ёхуд ундан каттароқ бошқа бир зарар билан даф этилмайди.
Фиқҳий тармоқ: Ўртадаги шериклик мол-мулк (масалан уй...) агар бўлинмайдиган бўлса, бир тараф молни тақсимлашга мажбурланмайди. Чунки бўлинмайдиган нарсани тақсимлаш ўртадаги шерикликка қараганда қўпроқ зарар келтиради.
г) Қаттиқроқ зарар юмшоқроқ зарар билан даф этилади.
Катта зарарни даф этмоқ учун кичикроқ зарарга қўл урилади.
Фиқҳий тармоқ: Агар закот моллари фақир-бечоралар эҳтиёжини қондириш учун кифоя қилмаса, адолатли исломий ҳоким бой-бадавлат одамлар молидан фарз қилинган закотга қараганда кўпроқ қисмини олишга ҳақли. Чунки бойларга етказилган бу зарар ҳоли хароб камбағаллар чекаётган зарар қаршисида ҳечдир.
Мазкур қоидага қуйидаги икки асос ҳам мувофиқ келади:
• Икки ёмонликнинг енгилроғи танланади.
• Агар иккита зиён рўбарў келса, эътиборни зарари каттароқ бўлганига қаратилади.
д) Кўпчиликка зарар тегмаслиги учун бир кишига етадиган хос зарарга рози бўлинади.
Умумий зарар билан хос зарар рўбарў келиб қолса, кўпчиликка зиён тегмаслиги учун умумий зарар даф қилинади.
Фиқҳий тармоқ: Адолатли Ислом раҳбари катта-катта соҳаларда яккаҳоким бўлиб олган бой-бадавлат кишиларни бозор нархида савдо қилишга мажбур этиши мумкин. Тўғри, бу ерда айрим шахслар зарар кўради. Бироқ кўпчиликка етадиган зарар даф этилади.
е) Зарарни даф этмоқ фойда келтирмоқдан муқаддам туради.
Фойда билан зарар бир пайтга тўғри келиб қолса, гарчи фойда қўлдан чиқарилса ҳам, аввало зарарнинг олди олинади.
Фиқҳий тармоқ: Иқтисодий жиҳатдан улкан фойдалар келтирувчи гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар савдоси ман этилади. Чунки улар жамиятга, инсон хулқи ва саломатлигига катта зарар келтиради.
ж) Агар бир нарсани ман қилувчи сабаб билан, рухсат берувчи сабаб тўқнашиб келса, ман қилувчи сабаб муқаддам қўйилади.
Фиқҳий тармоқ: Шерикларга тегишли мол устида томонларнинг бири иккинчисига зарар келтирадиган тасарруфни қилмоқчи бўлса, бундай тасарруф тақиқланади. Чунки унинг хатти-ҳаракати орқали иккинчи томон (яъни шериги) зарар кўради. Шерикнинг ҳақи айни тасарруфни ман этиб турибди. Ҳолбуки, шерикчилик ҳақига кўра, мол тасарруфи биринчи томонга ҳам жоиз эди.
з) Зарарнинг муқаддамлиги эътиборга олинмайди.
Аслида ғайришаръий бўлган ҳар қандай зарар эски ёки янгилигидан қатъиназар даф этилади.
Фиқҳий тармоқ: Масалан, бир кишининг деразаси қаровсиз ерга қараган эди. Кейин у ерга уй қурилди. Энди ҳалиги деразадан қараган киши ҳовлида юрган аёлларни кўриб турарди. Шу боис ҳовлининг янги солинганига қарамасдан, дераза олиб ташланади.
Ушбу қоида қуйидаги қонунни чегаралайди: Муқаддам нарса ўз муқаддамлигида қолади. Яъни, одамлар қўл остидаги мол-мулк, манфаатлар дахлсиз қолдирилади. Ушбу нарсаларнинг улар қўлида анчадан буён (муқаддам) борлиги -мадомики қарши далил йўқ экан, - жорий далил сифатида қабул қилинади.
Фиқҳий тармоқ: Масалан, сизнинг тўсинингиз қўшни деворга ўрнатилган. Қўшнининг тўсинни олиб ташлашга ҳаққи йўқ. Чунки унинг муқаддамлиги тўғри ўрнатилганига ва эвази ўталганига далилдир.

6. Агар икки киши сўкишса ёки бир-бирларига туҳмат ёғдирса, ўртада қасос бўлмайди. Ҳар бири ўз гуноҳига яраша жавоб беради. Аммо уларнинг бирида иккинчисининг ҳақи бор бўлса, уни ҳоким ҳал қилиб беради.

 

Имом Нававийнинг арбаъийн китобларидан.

ЎТТИЗ БИРИНЧИ ҲАДИС

Written by Якшанба, 20 Июнь 2021 19:59

ЎТТИЗ БИРИНЧИ ҲАДИС
Зоҳидлик моҳияти ва унинг самараси

31 - عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ أَحَبَّنِي اللهُ وَأَحَبَّنِي النَّاسُ. فَقَالَ: "ازْهَدْ فِي الدُّنْيَا يُحِبَّكَ اللهُ، وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبَّكَ النَّاسُ". (حديث حسن رواه ابن ماجه وغيره بأسانيد حسنة).

31. Абул Аббос Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални кўрсатингки, агар уни қилсам, Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам мени яхши кўрсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Дунёга қизиқма, шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлардаги нарсаларга қизиқма, шунда одамлар ҳам сени яхши кўришади.
(Ибн Можа ва бошқалар ривояти).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Мазкур ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки улкан насиҳатларини ўзида жамлаган:
1. Дунёга нисбатан зоҳид бўлмоқ. Шубҳасиз, ҳаёти дунёга кўнгил бермаслик Аллоҳнинг муҳаббатини қозонишга сабабдир.
2. Одамлар қўлидаги мол-дунёга нисбатан зоҳид бўлмоқ. Албатта инсонлар тамагирлик қилмайдиган, камсуқум кишиларни ёқтирадилар.
Инсон икки дунёда ҳам саодатли бўлмоғи учун ўзида қуйидаги хислатларни шакллантирмоғи лозим. Аввало, у боқий Охират неъматларини ўткинчи дунё лаззатларидан афзал билиб, Парвардигори муҳаббатига ноил бўлмоғи, қолаверса бандалар қўлидаги мол-дунёга тама кўзини тикмасдан, боқий яхшиликлар сари иззат ва ибо билан интилиб, одамлар муҳаббатини қозонмоғи керак. Зеро, Охиратдаги боқий неъматлар ўткинчи лаззатлардан яхшироқ ва умид қилишга лойиқроқдир. Шу боис Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадисга қуйидагича баҳо берганлар:
“Ушбу ҳадис Ислом асоси бино бўлган тўрт ҳадиснинг бири ҳисобланади”.


Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Зоҳидликнинг маъноси
Дунёга нисбатан зоҳид бўлишни салаф ва халаф уламолари турлича шарҳлаганлар. Бироқ ушбу хилма-хил иборали таърифларнинг барчаси қуйидаги ривоят асосида бирлашади:
Имом Аҳмад Абу Идрис Хавалонийдан ривоят қиладилар:
“Дунёга нисбатан зоҳид бўлиш ҳалол неъматни ўзига ҳаром билиш ёки молини зое этиш билан амалга ошмайди. Ҳақиқий зоҳидлик ўз қўлингдаги нарсага қараганда Аллоҳнинг измидаги нарсага кўпроқ ишонишинг ва бир мусибат етса, унинг ажрига ва Охират учун захира бўлишига ўша мусибатнинг ўрни сен учун тўлиб туришига қараганда кўпроқ умидвор туришингдир!”
Ушбу таърифда зоҳидлик қалбга тегишли бўлган уч амал билан шарҳланган. Уларнинг биронтаси ташқи тана аъзоларининг амалидан эмас. Шу боис Абу Сулаймон Дороний айтардилар:
“Ҳеч кимсага “У зоҳид” деб гувоҳлик берма. Зоҳидлик қалбда бўлади”.
Юқорида айтиб ўтилган уч амал қуйидагилардир:
Биринчи амал: Инсон ўз қўлидаги мол-давлатга қараганда Аллоҳ таоло мулкидаги нарсаларга кўпроқ ишонмоғи-суянмоғи лозим. Албатта, бу тўғри эътиқод ва Аллоҳ кафолатлаган нарсаларга (масалан ризқ-рўз масаласига) тўла амин бўлиш орқали вужудга келади.
“Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир!” (Ҳуд сураси, 6-оят).
“Ва осмонда сизларнинг ризқу рўзингиз ва сизларга ваъда қилинаётган нарса бордир!” (Зориёт, 22-оят).
Иккинчи амал: Мол-давлат ёки фарзанддан жудо бўлиш каби бирон мусибат етганда банда кетган нарсасининг ўз ўрнида қолишини эмас, ўша мусибат сабабли олинажак ажр-савобни кўпроқ исташи лозим. Ушбу хислат ҳам комил эътиқод самараси ҳисобланади ва у банданинг дунёга кўнгил қўймаганига далолат қилади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо қилардилар: “Парвардигоро! Биз билан Сенга гуноҳ қилиш ўртасини тўсадиган қўрқувингни, бизни жаннатингга олиб кирувчи итоатингни ва бизга дунё мусибатларини енгил қилувчи иймон-эътиқодни биздан дариғ тутмагин!”

Учинчи амал: Ҳақнинг муқобилида сизни мақтовчилар ҳам, қораловчилар ҳам сиз учун ҳеч қандай аҳамият касб қилмаслиги керак. Бу сизнинг ўткинчи дунё ҳавасларига учмаслигингизни кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Аллоҳ ғазабланадиган ишларда инсонлар розилигига эътибор бермаслик аниқ иймондир”.
Зоҳидлик ҳақида улуғ имомлар шундай деганлар:
Ҳасан Басрий: “Бировни кўрганда “У мендан афзал экан” деювчи одам зоҳиддир”;
Ваҳб ибн Вирд: “Насиб этмаган дунёвий нарсани ўйлаб сиқилмаслик ва қўлга киритилган дунёвий неъмат учун қувониб кетмаслик дунёга нисбатан зоҳидлик дейилади”;
Зуҳрийдан зоҳидлик хусусида сўрадилар: У киши:
“Сабрини ҳаром-ҳариш мағлуб этмаган, шукридан уни ҳалол машғул қилиб қўймаган банда зоҳиддир!” - деб жавоб бердилар;
Суфён ибн Уяйна: “Аллоҳ неъмат берса шукр қиладиган ва мусибат-синов келганда сабр этадиган банда дунёга нисбатан зоҳид бўлади”;
Рабиъа: “Зоҳидликнинг боши нарсаларни ҳақли равишда ҳосил қилиб, уларни ҳақли жойига сарфлашдир”;
Суфён Саврий: “Зоҳидлик бу ёмон ейиш ёки “або” (жундан тўқилган либос) кийиш эмас, балки орзу-ҳавасларнинг озлигидир!”;
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Орзу-ҳаваснинг камлиги ва одамлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаслик зоҳидлик саналади”.

2. Зоҳидлик турлари
Айрим салафлар зоҳидликни уч қисмга бўлганлар:
а) Ширкни тарк этиш.
б) Маъсиятларни тарк этиш.
в) Ҳалол хусусида зоҳид бўлмоқ.
Зоҳидликнинг аввалги икки қисми вожиб, учинчи қисми эса вожиб эмас.
Ибн Муборак Муалло ибн Абу Мутенинг қуйидаги сўзларини келтирадилар:
“Зоҳидлик уч турли бўлади: сўзу амалда бирон бир дунёвий нарсани мақсад қилмасдан, Аллоҳ таоло учун холис бўлиш; бемаъни ишларни қўйиб, фақат яхшилиги бор амалларни қилиш; ҳалол хусусида ҳам зоҳид бўлиш. Зоҳидликнинг бу қисми ихтиёрийдир”.
Иброҳим ибн Адҳам айтадилар: “Зуҳд уч турга бўлинади: фарз зуҳд, фазл зуҳд ва саломатлик зуҳди. Ҳаромдан зоҳид бўлмоқ - фарз зуҳд, ҳалол хусусида зоҳид бўлмоқ - фазл зуҳди, шубҳали нарсалардан йироқ юрмоқ - саломатлик зуҳди”.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам зуҳднинг уч тури ривоят қилинади:
Биринчи: Ҳаромни тарк этиш. Бу омманинг зоҳидлиги.
Иккинчи: Ҳалолнинг ортиқчасини тарк этиш. Бу хослар зуҳди.
Учинчи: Аллоҳдан машғул қилиб-чалғитиб қўювчи нарсалардан зоҳид бўлиш. Бу орифлар зуҳдидир.

3. Инсонни зоҳид қилувчи сабаблар.
Киши дунёдан кўнгил узмоғи учун қуйидагиларни ҳис қилиши лозим:
а) Охиратни ва Қиёмат куни Парвардигор қаршисида туришни ҳис этмоқ. Ана шунда инсон ҳавои нафсидан ғолиб келади, ўткинчи дунёнинг арзимас матолари ва бачкана ҳою ҳаваслардан юз ўгиради.
Ҳориса розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар:
- Мен энди ҳақиқий мўминман!
- Албатта ҳар битта мўмин учун ҳақиқатнинг ҳаққи бор! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам - Сенинг иймонинг ҳақиқати нима?
- Мен нафсимни дунёдан ажратиб олдим. Энди мен учун унинг тош-тупроғи баробар. Мен гўёки Парвардигорим Аршига шундай қараб тургандайман. Гўё жаннат аҳлининг жаннатда роҳатланишига ва дўзах аҳлининг дўзахда азоб чекаётганига қараб тургандайман!
- Эй Ҳориса, билибсан, бас, маҳкам тур! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
б) Дунё лаззатлари қалбларни Аллоҳ таолодан машғул қилиб қўяди. Олий даражаларлардан бенасиб этади. Охир-оқибат, пайти келиб жуда оғир бир Кунда неъматлар шукронасининг савол-жавоби бандани узоқ вақт ушлаб қолади. “Сўнгра ана ўша Кунда албатта неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар”. (Такосур, 8-оят).
в) Инсон мол-давлат орттириш йўлида қанча машаққат ва хорликларга чидайди. Бироқ дунёнинг алдови кўп, у бирпасда йўқ бўлиб кетади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло наздида дунёнинг нечоғлик ҳақир-арзимас эканлигини қуйидагича ифодалаганлар:
“Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша қанотичалик қиймати бўлганида, кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди”. (Термизий ривоятлари).
г) Дунё малъундир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Дунё малъундир. Ундаги нарсалар ҳам лаънатланган. Фақат Аллоҳ зикри ва Унга яқин нарсалар, олим ёки ўрганувчигина бундан мустаснодир!” (Ибн Можа ривоятлари).
Яна бир ривоятда: “Фақат Аллоҳ таоло юзи учун қилинган нарсаларгина бундан мустасно!” дейилган. Яъни, дунёга ҳам, унинг Аллоҳдан узоқлаштирувчи ўткинчи лаззатларига ҳам лаънат тамғаси босилган. Фақат Парвардигорни танитгувчи ва Унга яқин қилувчи фойдали иш, Аллоҳ зикри ва У Зотга яқинлаштирувчи бошқа амалларгина бундан мустасно.

4. Дунё муҳаббат қўйишга арзимайди.
Унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик. Ҳақиқий зоҳид оят-ҳадисларни ўқиган сари ўз мавқеида тобора мустаҳкам ўрнаша боради. Дунёнинг арзимас мато эканига ва унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозимлигига яна бир бор иймон келтиради.
“Йўқ, сизлар, ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар! Ҳолбуки Охират яхшироқ ва боқийроқдир”. (Аъло сураси, 16,17-оятлар).
“Уларга айтинг: “Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига Охират яхшироқдир”. (Нисо сураси, 77-оят).
“...Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни “ғарур” (яъни шайтон) Аллоҳ (гуноҳни кечиб юборади деган алдов) билан алдаб қўймасин”. (Луқмон сураси, 33-оят).
“(Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир”. (Раъд сураси, 26-оят).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларини одамлар ўраб олган ҳолда бозор ёнидан ўтдилар. Сўнг қулоқлари тагидан кесиб ташланган улоқча жасади ёнида тўхтаб, унинг (кесик) қулоғидан кўтардилар.
- Қай бирингиз манавини бир дирҳамга олишни истайсиз? - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Биз уни текинга олишни ҳам истамаймиз. Уни нима қиламиз?! - дейишди саҳобалар.
- Уни текинга ҳам олмасмидингиз?
- Аллоҳга қасамки, агар у тирик бўлганда ҳам, уни хоҳламас эдик. Чунки унинг қулоқлари кесик! Қандай қилиб, ўлик ҳолида унга кўнглимиз чопсин?!
- Аллоҳга қасамки, сизларга манави улоқча қанчалик хор-ҳақир кўринса, Аллоҳ таоло наздида дунё бундан-да хорроқдир! (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Охират олдида дунё худди бирингизнинг бармоғини денгизга тиқиб олганидек, холос: кўрсин-чи, у қанчаям нарса олиб чиқаркин”. (Муслим ривоятлари).

5. Китобу Суннатда дунёнинг қораланиши унинг замони ёхуд маконига тегишли эмас.
Мазкур қоралаш дунё замони, яъни унинг кеча-кундузига тааллуқли эмас. То Қиёматга қадар Аллоҳ амри ила ўрин алмашиб келувчи кеча-кундузлар зикр ва шукр қилувчи бандалар учун ана шундай кетма-кет қилиб қўйилди.
Аллоҳ таоло пойандоз ва тинч маскан этиб қўйган дунё макони – ер ҳам, ундаги дов-дарахт, экин-тикин ва турли жонзотлар ҳам Китобу Суннатда асло қораланмаган. Чунки уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган неъматлари ҳисобланади. Инсонлар уларга қараб Парвардигорлари қудратини кўрадилар ва улардан ҳамиша фойдаланадилар.
Юқорида зикр этилган қоралов дунёдаги амалларга тегишлидир. Чунки уларнинг аксарияти Пайғамбарлар кўрсатмасига зид ва оқибати бехайр зарарли қилмишлар таркибига киради.
“Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. У худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб қўюр. Сўнгра у қурур, бас, уни сарғайган ҳолда кўрарсиз”. (Ҳадид сураси, 20-оят).
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Одамлар дунёда икки қисмга бўлинадилар:
Биринчи қисм - Охиратни - савоб ва жазо уйини инкор этувчилар. Аллоҳ таоло бундай кимсаларни қуйидагича таърифлаган:
“Албатта Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар - ана ўшаларнинг жойлари, - касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли - дўзахдир!” (Юнус, 7-оят).
Улар ажал келгунча иложи борича кўпроқ лаззатланиб қолишни, дунё неъматларига бурканишни истовчи кимсалардир. “Кофир бўлган кимсалар лаззатлардан фойдаланиб, чорва ҳайвонлар еганидек еб-ичурлар ва дўзах уларнинг жойлари бўлур!” (Муҳаммад, 12-оят).
Ҳатто мана шу тоифа орасида ҳам дунёга кўнгил қўймасликка чақирувчилар учрайди. Улар мол-давлат зиёдалашгани сари ғам-ташвиш ҳам кўпайиб боришини тушунадилар ва “Инсон мол-дунёга қанчалик боғланиб қолса, ўлим соатида улардан ажралишни ўйлаб шунчалик кўп ғам-алам чекади!” дейишади. Уларнинг зоҳидликдаги энг юқори даражаси мана шудир.

Иккинчи қисм: Ўлимдан кейин савоб ва жазо уйи борлигини тасдиқ этувчи, Пайғамбар шариатларига бўйин эгувчи одамлар. Мазкур тоифа уч қисмга бўлинади: ўзларига зулм қилувчилар, муқтасид-ўрта йўлни тутувчилар, Аллоҳ изни билан фақат хайр-яхшилик ортидан юрувчилар.
1) Ўзларига зулм қилувчилар. Кўпчиликни ташкил қилувчи бу тоифа кишилари мол-дунёни ўринсиз топиб, ўринсиз ишлатадилар. Уларнинг аксар ўй-фикрлари дунё бўлиб қолган. Ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўзаро мақтанчоқлик ва мол-давлатни кўпайтириш билан машғул қавм ана шулардир. Улар, гарчи Охиратга умумий суратда иймон келтирган бўлсалар-да, дунёнинг мазмун-моҳиятини, унинг боқий ҳаёт сафари учун бир зумлик қўним эканини англамайдилар.
2) Муқтасид-ўрта йўлни тутувчилар. Улар дунёга нисбатан ўринли муносабатда бўладилар. Бироқ унинг мубоҳ яъни ҳаром қилинмаган лаззатларига ҳаддан ташқари берилиб кетадилар. Тўғри, улар бунинг учун азобланмайдилар. Лекин дунёнинг мубоҳ лаззатларига нечоғлик берилган бўлсалар, Охиратдаги даражаларига шунчалик нуқсон етади”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Дунёнинг бирор нарсасига етишган банда - гарчи у мол-дунёга нисбатан сахий бўлса-да, - албатта, Охиратда Аллоҳ ҳузуридаги даражаларларини камайган ҳолда топади”.
Қатода ибн Нўъмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
“Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, худди сизлар касалларингизни сувдан асраганингиз каби уни дунёдан асрайди”. (Термизий ривоятлари).
“Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасини бамисоли сизлар беморларингиздан хавфсираб уларни еб-ичишдан асраганларингиз каби дунёдан асрайди”. (Ҳоким ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг эса жаннатидир”. (Муслим ривоятлари).
3) Аллоҳ изни билан фақат хайр-яхшилик ортидан юрувчилар.
Улар дунёнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушунганлар. Аллоҳ таоло нима учун бандаларини дунёга келтириб, уларга дунё лаззатларию неъматларини муҳайё этиб қўйганлигини қуйидаги оятда айтиб қўйилганидек тўғри англайдилар:
“Сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилмоқ учун!”
Салафлардан бири буни шундай шарҳлайдилар: “Аллоҳ таоло имтиҳон учун - кимнинг дунёдан кўнгил узиб, Охиратга юз тутишини кўрмоқ учун дунёнинг зеб-зийнат ва неъматларини яратганини айтгач, бу дунёнинг бир кун келиб йўқ бўлишини ҳам маълум этди:
“Ҳеч шак-шубҳасиз, ернинг устидагиларни сип-силлиқ, қуп-қуруқ қилиб (йўқ қилиб) қўювчи ҳам Биздирмиз”. (Каҳф сураси, 8-оят).
Дунёнинг оқибати шу эканини англаган мўмин бутун диққат-эътиборини Охират ҳовлисини обод этишга қаратади. У дунёда мусофир озиғи билан кифояланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен билан дунё ўртасида нима ҳам бор? Мен билан дунёнинг мисли бамисоли дарахт соясида бироз дам олиб, сўнг уни тарк этган суворий кабидир”. (Термизий ривоятлари).
Мол-дунёга ҳирс қўймаган инсонларнинг аксарияти фақат тириклик учун зарур бўлган миқдор билан кифояланишган. Баъзан нафсни амал ва ҳаракатга тетикроқ қилиш мақсадида дунёнинг айрим мубоҳ неъматларидан тотинганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дунёларингиз ичида менга аёллар ва хушбўйликлар ёқимли қилинди”. (Аҳмад ва Насоий ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан аёллар, хушбўй нарсалар ва таомларни яхши кўрардилар. Аёллар ва хушбўйликлардан тотиндилар. Таомларга етишганлари йўқ”. (Аҳмад ривоятлари.)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё неъматларидан тоат-ибодатларга куч топиш ва уларни зиёда этиш учун тотинар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дунёдан Охирати учун захира йиғиб, охир-оқибат Парвардигорини рози этган банда учун дунё ҳовлиси нақадар яхши! Дунё Охират ғамидан тўсиб қўйган ва Парвардигори розилигидан чеклаб қўйган кимса учун у нечоғлик ёмон жой!» (Ҳоким ривоятлари).

6. Аллоҳ муҳаббатини қозониш.
Дунёга кўнгил қўймасдан, унга нисбатан зоҳид бўлиб Аллоҳ таоло муҳаббатини қозониш мумкин. Чунки Аллоҳ итоатли бандаларни яхши кўради. Дунё муҳаббати билан Аллоҳ муҳаббати бир жойда жамланмаслиги шаръий ҳужжатлар асосида ҳам, ҳаёт тажрибалари асосида ҳам исбот этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Дунёга муҳаббат қўймоқ барча гуноҳ-хатоларнинг бошидир!”.
Аллоҳ таоло хато-маъсиятларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам хуш кўрмайди. Дунё бир лаҳзалик ўйин-кулгудир! Аллоҳ ўйин-кулгини яхши кўрмас!
Қалб Аллоҳ мулки ҳисобланади. У ерда Аллоҳ муҳаббатига дунё муҳаббати шерик қилинмаслиги лозим. Шаҳват ва лаззатлар ортидан югуриб, Аллоҳ ибодатидан машғул бўлиб, дунёга муҳаббат қўймоқ ҳаром. Бироқ яхши амаллар қилиб, Аллоҳ таолога яқинроқ бўлиш умидида дунёни яхши кўрмоқ мақтовли муҳаббат саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қариндошларига силаи раҳм қилишига ва бошқа яхши ишларига ёрдам берадиган ҳалол-пок мол солиҳ кишига нақадар ярашади-я!” (Имом Аҳмад ривоятлари).

7. Инсонлар муҳаббатини қозониш.
Бандалар муҳаббати қай тарзда қозонилиши юқоридаги ҳадиси шарифда очиқ баён этилди:
- Улар қўлидаги мол-давлатга кўз тикманг! Одамларнинг яхши кўрган нарсасини тинч қўйсангиз, улар сизни яхши кўрадилар. Аксарият қалблар дунё муҳаббатига гирифтор бўлган. Агар бирон кимса уларнинг маҳбуби-дунёларига кўз тикса, уни қаттиқ ёмон кўрадилар. Мол-дунёларига тамагирлик қилмасангиз, улар наздида сиздан яхши одам бўлмайди.
Ҳасан Басрий айтадилар:
“Инсон, модомики, одамлар қўлидаги нарсага кўз тикмас экан, улар учун суюклидир. Киши қачон бировлар молига тама кўзи билан қараса, одамлар уни ҳурмат қилмай қўйишади. Суҳбатидан қочиб, ўзини ёмон кўришади”.
Бир саҳройи араб Басра аҳлидан сўради:
- Улуғларингиз ким?
- Ҳасан! - деб жавоб беришди басраликлар.
- У нима билан бу даражага эришди?
- Одамлар Ҳасаннинг илмига муҳтожлар. У эса одамларнинг мол-дунёларидан беҳожат!
- Бу нақадар яхши! - деди аъробий.
Хусусан, раҳбар ва олим кишилар ушбу хислатни ўзларида шакллантирмоқлари лозим. Чунки раҳбарлар бировлардан нарса тама қилмайдиган бўлсалар, эл муҳаббатини қозонадилар ва сўзлари ўтадиган бўлади. Халқ бундай раҳбар ортидан эргашади.
Дунёга ҳирс қўймаган олим омма орасида суюкли бўлади. Одамлар уни тинглайдилар, айтган панд-насиҳатларига амал қиладилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларида Ибн Салом розияллоҳу анҳу Каъб розияллоҳу анҳудан сўрадилар:
- Олимлар илмни англаб, ёдлаб олганларидан сўнг улар қалбидан илмни супуриб ташлайдиган нарса нима?
- Тама, очкўзлик ва одамлардан ҳожатларини (битказиб беришни) сўрамоқ!
- Рост айтдинг!

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоби киромлар зуҳди.
Дунёга кўнгил бермаслик борасида ўзимизга намуна қидиргудек бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари, насиҳатлари ва ҳаёт тарзлари бизнинг талабимизни тўла-тўкис қондиради. У зотнинг Охират неъматлари хусусида айтган сўзлари ва қилган амаллари илоҳий тарбиянинг ажиб самараси эди. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига мана бундай таълим берган эди:
“Сиз кўзларингизни Биз айрим тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир”. (Тоҳо сураси, 131-оят)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан аввал ҳам, кейин ҳам, оғир кунларда ҳам, енгил кунларда ҳам дунё матоларига бепарво бўлиб, Охират талабида елиб-югуриб, ибодатга муҳаббат қўйиб ҳаёт кечирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам этакларини тутган асҳоби киромлар дунё зоҳидларининг пешволарига айландилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг «Дунёга қизиқмаган, Охиратга рағбат қилганлар қани?» деган сўзларини эшитдилар-да, ўша кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо қабрларини кўрсатиб, дедилар:
- Сен булар ҳақида сўраяпсан!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз асҳобларига дедилар:
- Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларига қараганда кўп намоз ўқийсизлар, рўза тутасизлар ва жиҳод қиласизлар. Аммо улар сизлардан яхшироқ эдилар.
- Қандай қилиб? - сўрашди ҳамсуҳбатлар.
- Улар сизларга қараганда зоҳидроқ ва Охират йўлида рағбатлироқ эдилар. Дунё уларга ҳалол моллари билан келганида саҳобалар уни Аллоҳга яқинлик ҳосил қилмоқ учун тутдилар ва дин хизмати ҳамда Аллоҳ калимасининг олийлиги йўлида сарфлаб юбордилар, - деб жавоб бердилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.
Абу Сулаймон айтадилар:
- Усмон билан Абдураҳмон Аллоҳнинг еридаги хазинаси эдилар. Улар мол-давлатларини Аллоҳ тоати йўлида инфоқ-эҳсон этардилар. Бу икки саҳобий қалблари ва илмлари билан Аллоҳга муомала қилардилар.

9. Исломга ёт бўлган зоҳидлик.
Аллоҳ таоло неъматларидан бутунлай юз ўгириб, уларнинг бирортасидан фойдаланмаслик Ислом руҳига бегона зоҳидлик саналади. Айрим мусулмонлар ана шундай ғайриинсоний зоҳидликдан таъсирланиб қолганлар. Шу боис Аббосийлар давлатининг заифлашган даврида ва ундан кейин ҳам жулдур кийим кийиб, ҳеч қандай касб-ҳунар қилмасдан, фақат садақа-эҳсон билан кун кечирувчи ва тағин ўзларини зоҳид деб даъво қилувчи кимсаларни учратиш мумкин эди. Ҳолбуки бундай ҳаракатсизлик, ўлик ҳаёт ва хорлик Исломга мутлақо ётдир.
Бугун мусулмонлар бундай касалликлардан батамом тузалганлар. Улар ер юзини гуллатиш, фойда орттириш йўлида тинимсиз ҳаракат қиладилар. Бироқ бугуннинг мусулмонлари фойда ва мол-дунё тўплашга шу қадар берилдиларки, энди биз Охиратдан ғофиллик касалига чалиндик. Бинобарин, Аллоҳни эслатадиган, зоҳидликка чақирадиган, мол-дунё йиғиш мусобақасини тўхтатадиган, шайтон қўйган макр-тузоқлардан огоҳ этадиган ва дунёнинг арзимас матоларию кўпириб-тошувчи шаҳватлари билан ғурурланиб кетишдан қайтарадиган бир эслатмага жуда-жуда муҳтожмиз.


Имом Нававийнинг " Арбаъийн" китобларидан.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.