
Арбаъин (41)
Имом Нававийнинг "Арбаъин" Қирқ ҳадисларига
доктор Мустафо ал-Буғо ва шайх Муҳиддин Мистулар томонидан ёзилган шарҳи.
ЎН ИККИНЧИ ҲАДИС
Фойдали нарсалар билан машғул бўлиш
12 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ". (حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا).
12. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломи чиройли эканлигидандир”.
(Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамроҳлари, У зотдан набавий ахлоқ-одоб тарбиясини олган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилаяптилар. Мазкур ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мухтасар бир жумла ичида дунё ва Охират яхшиликларини баён қилиб берганлар. Дарҳақиқат, қисқа сўзларда улуғ маъноларни ифодалаш борасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беназирдирлар. Юқоридаги кичкина ҳадис диннинг ярмини ўзида мужассам этган. Зеро, дин бажармоқ ва тарк этмоқдир. Мазкур ҳадис тарк қилишга асос бўлмоқда.
Айримлар ушбу ҳадис динни тўлалигича ўзида жамлаган, чунки у бир вақтнинг ўзида ҳам тарк қилишга, ҳам феъл-бажаришга далолат қилаяпти, дейишган.
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Мазкур ҳадис одоб-ахлоқнинг улкан асосларидан бири саналади”.
Абу Довуд барча соҳа-фан доирасида Суннат аслларини тўрт ҳадис ташкил қилади деганларида, улар ичига юқоридаги ҳадисни ҳам киритганлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Соғлом муҳит яратиш
Ислом ҳамиша соғлом жамият қуришга ва инсонларнинг уруш-жанжалсиз, ўзаро тинч-тотув бўлиб, дўстона ҳаёт кечиришларига интилади. Ҳақ дин жамиятдаги ҳар бир шахснинг озор чекмасдан бахтли яшаб ўтишини, унинг Охирати ҳам хайрли бўлишини истайди. Маълумки, бировлар ишига - хусусан ўзига алоқаси бўлмаган нуқтада - аралашиш кўпинча жамият ўртасида фасод тарқатади. Одамлар орасида кўзга кўринмас жарликлар пайдо қилади. Инсонларни ҳалокатга бошлайди. Шу боис, ахлоқли ва комил иймонли мусулмон ўзига тааллуқли бўлмаган ишларга аралашиб юрмайди.
2. Беҳуда нарсалар билан машғул бўлиш умрни зое кетказиш ва иймон заифлиги аломатидир
Инсон ҳаёти давомида жуда кўп нарсаларга гувоҳ бўлади. Минглаб одамлар, уларнинг ўзаро муносабатлари, турли соҳалардаги алоқа-келишувлар...
Биз қилган ҳар бир амалимиз, ўтказган дақиқаю сонияларимиз ва гапирган сўзларимизнинг барчаси учун жавоб берамиз. Агар атрофдаги биз учун кераксиз бўлган нарсаларга ўралашиб қолсак, зиммамиздаги масъулиятларга вақт топа олмаймиз. Ўз масъулиятларини адо этмаган киши эса дунё ва Охиратда қилмишига яраша жазо олади. Бу эса ушбу енгилтак кишининг Пайғамбар хулқ-атворидан ҳеч нарса ўрганмаганидан, идроки заиф ва иймони деярли фақат тилда қолиб кетганидан далолат беради.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Саҳобалардан бир киши вафот этганида кимдир:
- Жаннат хушхабари билан хушҳол бўл, - деб сўзлади.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишига дедилар:
- Сен қаердан биласан, эҳтимол у ўзи учун кераксиз нарсаларни гапиргандир ёки мол-давлатини камайтириб қўймайдиган нарсада бахиллик қилгандир?!
(Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамнинг ўз нафсида мавжуд бир нолойиқ хислатни англамаслиги ва беҳуда нарсаларга аралашиши унинг ёмонлигига кифоя қилади”.
(Ибн Ҳиббон ривоятлари).
3. Беҳуда нарсалардан юз ўгирмоқ саломатлик ва нажот йўлидир
Зиммасида нақадар оғир масъулият ва вазифалар борлигини ҳис этган киши фақат ўзи билан машғул бўлиб, дунё ва Охиратда фойдаси тегадиган амалларга уринади. Беҳуда-бемаъни нарсалардан юз ўгириб, ўзи учун муҳим машғулотларга берилади.
Бу дунёда инсон учун муҳим амалларга қараганда кераксиз-беҳуда нарсалар анча кўп. Демак, фақат фойдали ҳатти-ҳаракатлар билан машғул бўлган киши саноқсиз ёмонлик ва маъсиятлардан саломат қолар экан. Охират озиғини ғамлаш умидида турли бекорчи нарсалардан четда юриш кишининг тақвосини, иймонининг мустаҳкамлигини, Исломининг комиллигини, ҳавои хоҳишларга берилмаслигини ва иншааллоҳ, Парвардигор ҳузурида нажот топгувчилардан бўлишини билдиради.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар сизлардан бир киши ўз Исломини чиройли қилса, қилган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан тортиб етти юз баробаргача зиёдаси билан ёзилади. Ёмонликлари эса қандай бўлса-шунча ёзиб қўйилади”.
(Бухорий ривоятлари).
Молик бундай ёзадилар: “Луқмондан сўрашди:
- Сизни бу даражага нима олиб чиқди?
- Ростгуйлик, омонатни адо этмоқ ва беҳуда нарсаларни тарк этмоқ! - деб жавоб бердилар Луқмони Ҳаким”.
4. Аллоҳ таоло билан машғул қалб ўзи учун кераксиз бўлган ишларга эътибор бермайди
Аллоҳ таолони худди кўриб тургандек ибодат қиладиган ва ҳамиша Аллоҳнинг яқинлигини ҳис этиб турадиган солиҳ бандалар беҳуда ишларга эътибор бермайдилар. Уларнинг фақат Аллоҳ ибодати ва фойдали амаллар билан машғул бўлишлари иймонларининг собитлиги ва сўзларининг ростлигига далолат қилади. Фойдасиз-бемаъни нарсалар билан ўралашиб юриш эса кишининг Аллоҳга яқин эмаслигини, Аллоҳ ҳузурида ростгўй эмаслигини билдиради. Бундай кимсаларнинг амаллари ҳавога учиб, ўзлари ҳалокатга юз тутадилар.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Банданинг кераксиз нарсалар билан машғул қилиб қўйилиши Аллоҳ таолонинг ундан юз ўгирганига далолат қилади”.
5. Инсон учун нима муҳим ва нима кераксиз саналади?
Инсон учун муҳим нарсалар: ҳаёт учун зарурий емоқ, ичмоқ, кийим-бош, уй-жой каби эҳтиёжлар ва Охиратдаги нажот-саломатликка тааллуқли амаллар.
Кераксиз нарсалар: мол-дунё кетидан қувиш, хилма-хил таом ва ичимликларни кўпайтириш, мансаб тама қилиш ва бировлар мақтовини хуш кўриш... Ҳақиқий тақво эгалари бундай машғулотлардан ўзларини четга оладилар...
Дунё ва Охиратда инсон учун бирон нафи тегмайдиган ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул каби кўнгилочар одатлар мубоҳ саналади. Вақтни беҳуда зое этадиган бундай ишлардан мўмин киши йироқ тургани афзал. Зеро, биз ҳали ўтказган вақтларимизга ҳам жавоб берамиз.
Кўп гапириш охир-оқибат оғиздан ҳаром гапларнинг чиқишига олиб боради. Шунинг учун умматнинг яхшилари бекорчи ва ортиқча гаплардан йироқ юришни ўзларига одат қилганлар.
Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
- Ё Расулуллоҳ! Биз ҳар битта гапирган гапимизга жавоб берамизми?
- Сени йўқотиб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни юз тубан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?!
(Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Одам боласининг амри маъруф, наҳий мункар ва Аллоҳ таоло зикридан бошқа сўзлари унинг фойдасига эмасдир”.
(Термизий ривоятлари).
6. Мусулмон киши хайрли ишлар билан машғул бўлмоғи лозим. У турли бемаъни сафсаталар ва беҳуда ишлардан ўзини покиза сақлаши зарур.
7. Инсон нафсини тарбиялаб бормоғи, уни тубан одатлардан нафратланишга ўргатмоғи керак. Ҳақиқий иймон эгалари беҳуда нарсаларга асло эътибор бермайдилар.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
ЎН БИРИНЧИ ҲАДИС
Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ
11 - عَنْ أَبِي مُحَمَّدٍ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ، سِبْطِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَرَيْحَانَتِهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: حَفِظْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "دَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لا يَرِيبُكَ". (رواه الترمذي والنسائي، وقال الترمذي حديث حسن صحيح).
11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари ва "райҳонлари" - Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана бу сўзларни ёдлаб қолганман: "Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол". (Термизий ва Насоий ривоятлари. Термизий ҳасан-саҳиҳ ҳадис деб айтганлар).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча оғиз сўз билан Исломдаги улкан қоидани асослаб бердилар: Шубҳали нарсалардан йироқ юрингиз. Фақат ҳалол-покиза неъматлар билан бўлинг!
Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадис шарҳи сўнгида ёзадилар: "Ушбу ҳадис Ислом динининг улуғ қоидаларидан бири саналади. Ҳақ нурни тўсиб қўювчи шубҳа-гумонлар зулм-зулматларини ёриб ташлашда ҳам юқоридаги ҳадис асл-асос ҳисобланади".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ лозим
Ибодат, муомала ва умуман барча ўринларда шубҳали нарсалардан йироқ туриб, фақат ҳалол-покиза тарзда иш юритмоқ мусулмон кишини тақводор зотлар сафига қўшади. Шайтон васвасаларини даф этишда жуда фойдали бўлган мазкур хусусият инсон учун дунё ва Охиратда кўп хайрли оқибатларни юзага келтиради, иншааллоҳ!
Зеро, шубҳали нарсалардан йироқ юрган киши дини ва шаънини покиза сақлаб қолади. Аниқ ва ҳалол нарса банданинг қалбида заррача шубҳа туғдирмайди. Ҳалол билан ҳаёт кечириш кўнгилга ором бағишлайди. Унга эришган диллар ажиб саодатни туяди. Шубҳали нарсалардан инсон зоҳиран рози бўлса-да, унинг қалби ғашлик ва гумонлардан изтиробга тушади. Аслида маънавий йўқотиш сифатида унга мана шу аламли оғриқ ҳам етарли жазо бўлади. Бироқ энг катта йўқотиш ва бахтсизлик кейинроқ - инсон шубҳали нарсаларга кўникиб, аста-секин ҳаромга қўл ура бошлагач, бор бўйи билан кўринади. Чунки тақиқланган жой атрофида ўралашган кимса бир куни у ерга кириб қолиши ҳеч гап эмас.
2. Шубҳали нарсаларни тарк этиб, фақат ҳалол-покиза амалларга берилиш хусусида салафларнинг сўзлари ва ишларидан
Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳу: “Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир”, деб айтганлар.
Абу Абдурраҳмон Амрий: “Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол-покиза нарсаларга алмаштиради” деб айтганлар.
Фузайл: “Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут” деб айтганлар.
Ҳассон ибн Абу Синон: “Тақводорликдан осон нарса йўқ: қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк этгин” деб айтганлар.
Язид ибн Зариъ ўзига теккан беш юз минг (тилла) меросни тарк этди. Унинг отаси султонлар хизматини қиларди. Улкан меросни тарк этган Язид бир умр сават тўқиб, шунинг орқасидан кун кечирди.
Мисвар ибн Махрама тижорат учун жуда кўп дон сотиб олди. Куз пайтида кўкка булут чиққанини кўриб, кайфияти бузилди. Сўнг ўзининг бу қилиғидан норози бўлиб деди: “Во ажаб! Ҳали мен мусулмонларга фойдали бўлган ёмғирни ёмон кўрдимми?!” Шундан кейин ўша сотиб олган молидан мутлақо фойда қилмасликка қасам ичди. Унинг қароридан хабар топган Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Аллоҳ сени хайрли мукофотлар билан тақдирласин!”
Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар:
- Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз?
- Челагим бўлганда ичардим! - деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар.
Юқорида айтилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ бир ҳақиқат ҳеч вақт хотиримиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини покиза сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтож.
3. Аниқ билан шак-шубҳа қарама-қарши келиб қолса, қай бири олинади?
Мазкур вазиятда аниқ ҳолат олиниб, шубҳа-гумондан юз ўгирилади. "Шаръий аҳкомлар мажалласи" тасдиқлаган фиқҳий қоидаларнинг иккинчиси айнан мана шу мавзу хусусида: "Аниқ ишонч гумон туфайли бекор бўлмайди". Қоидани яхшироқ тушуниб олишимиз учун мисол келтирамиз: Бир киши таҳорат олди. Сўнг "Таҳоратимни буздим, шекилли", деб, шубҳаланиб қолди. Яъни у таҳорат олганини аниқ билади-ю, лекин бузган-бузмаганини эслай олмаяпти. Бундай ҳолатда аниқ нарса эътиборли саналиб, ҳалиги киши таҳоратли дейилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Агар бирортангиз ичида бир нарсани сезса ва чиқарган-чиқармаганини билмай қолса, то ел чиқарганини эшитмагунича ёки ҳидини сезмагунича масжиддан чиқиб кетмасин". (Муслим ривоятлари).
4. Шариат аҳкомларига тўлиқ бўйсунган киши шубҳали нарсалардан ўзини сақласин
Биз Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқадиган, Исломга тўлиқ амал қиладиган тақводор мўминларни шубҳалардан йироқ юришга даъват этаяпмиз. Бироқ ҳаром-ҳаришга ботиб юрадиган кимсанинг дақиқ шубҳалар қаршисида тақводор бўлиб қолиши «cовуқ тақво» дейилади. Биз уни бундай тақводан қайтарамиз. Чунки у аввал ўзини очиқ ҳаром ишлардан тийсин. Ундан биринчи навбатда мана шу талаб қилинади.
Ироқ аҳлидан бир киши Ибн Умар разияллоҳу анҳудан чивин қони ҳақида сўради. Ибн Умар дедилар: “Ҳусайнни ўлдирган кимсалар мендан чивин қони ҳақида сўрайдилар-а?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан ва Ҳусайн хусусида: "Улар менинг дунёдаги гул-райҳонларимдир!" деганларини эшитганман”.
Бишр ибн Ҳорисдан сўрашди:
- Она ўғлидан хотинини талоқ қилишини сўраяпти. Ўғил онасининг талабига жавоб берадими?
Бишр жавоб бердилар:
- Агар ўғил барча нарсада онасига яхши муомалада бўлиб, бўйсуниб келган ва фақат хотинини талоқ қилиш масаласи қолган бўлса, волидасининг амрига юрсин. Бироқ онага бўйсуниб хотинини талоқ қилгач, онасини савалайдиган бўлса, талоқ қилмасин.
Бир киши Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан:
- Сиёҳдонингиздан ёзиб турай, - деб изн сўради.
- Ёзавер, - дедилар имом Аҳмад, - Бу зулматли совуқ тақво.
Сўнг бошқа бировга дедилар:
- Менинг тақвоим ҳам, сизнинг тақвоингиз ҳам бу даражага етмаган.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларини паст олиб, тавозе билан шундай дедилар. У кишининг ўзлари биродарларининг сиёҳдонидан ёзмасдилар. Аслида Аҳмад ибн Ҳанбал шундай тақво қилишга ҳақли эдилар. Бироқ, дини Исломи комил бўлмаган, тақво мақомида юксалмаган кишиларни бундан қайтарардилар.
5. Ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги мазмунда ворид бўлган ҳадислари Термизий ривоятида келтирилган. Киши бирор нарсанинг жавобини билишни истаса, фақат рост ва аниқ-тиниқ сўзни изласин. Ростгўйлик омонати шуки, қалб ундан хотиржамлик туяди. Ёлғон эшитганда эса қалб хижил бўлиб, шубҳа-гумонга тўлади.
6. Мўминлар ҳаётларини фақат аниқ ишончли асослар устига қурмоқлари лозим
7. Ҳалоллик, ростгўйлик ва ҳақиқат ҳамиша хотиржамлик-розилик олиб келади. Ҳаром-ҳариш, ботил ва ёлғон фақат шубҳа, гумон ҳамда изтироб олиб келади.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
ЎНИНЧИ ҲАДИС
Ҳалол-покиза юрган кишининг амали мақбулдир!
10 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ لا يَقْبَلُ إِلا طَيِّبًا، وَإِنَّ اللهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا] وَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ] ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ، وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ، وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ، وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ، وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ، فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ". (رواه مسلم).
10. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди:
"Эй Пайғамбар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар".
"Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз - покиза нарсалардан енглар".
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: "Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Парвардигоро! Парвардигоро!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!"
(Имом Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис ҳам Исломнинг улкан қоидаларига асос вазифасини ўтаган, ҳалол билан озиқланиб, ҳаромдан четланиш борасида ҳужжат бўлган ва мусулмон жамиятини шакллантиришда энг фойдали ҳамда хайрли қўлланма саналган ҳадислар сирасига киради. Шу асосда бунёд бўлган мусулмон жамиятда яшаётган мўмин ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам тилайди. Ўзидан нари қилган ёмонликни биродарига ҳам раво кўрмайди. Шариат аҳкомларига тўла-тўкис бўйсуниб, фақат ҳалол-покиза неъматларга қаноат қилиб кун кечирадиган яхшилар орасида сиз ҳам, биродарингиз ҳам тинч ва осуда яшайсизлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Аллоҳ таоло ҳузурида фақат ҳалол-покиза нарсаларгина мақбулдир
"Аллоҳ таоло фақат пок нарсанигина қабул қилади" жумласи амаллар, нарсалар, сўзлар ва эътиқодга тааллуқли саналади.
Аллоҳ таоло риё, кибр каби турли чиркин нарсалар аралашмаган гардсиз-покиза амалларнигина қабул қилади.
Пок Парвардигор ҳузурида фақат ҳалол молларгина мақбулдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол касб қилиб топилган моллардан садақа-эҳсон қилишга буюрганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Эй инсонлар! Аллоҳ таоло пок зотдир. У фақат покиза амалларнигина қабул этади".
Ҳақ таоло ҳузурига яхши-пок калималаргина кўтарилади. "Яхши сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Аллоҳ таоло Ўз даргоҳига кўтарур". (Фотир сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло сўзларни “тоййиб”-покиза ва “хабис”-ифлосга ажратади:
"Аллоҳ яхши-покиза сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асл дарахтга ўхшайди..." (Иброҳим сураси, 26-оят).
Пок Парвардигор ҳузурида фақат ҳақиқий маънода покиза-ҳалол мўминларгина нажот топади: "Улар покиза бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: "Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Энди қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз", дерлар". (Наҳл сураси, 32-оят).
Ибн Ражаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Аллоҳ фақат покиза амалларнигина қабул этади", деган сўзлари шарҳида айтадилар: "Мўминнинг қалби ҳам, тили ҳам, танаси ҳам пок бўлади: Унинг қалбида иймон ўрнашган, тили зикр-дуо билан машғул. Аъзолари билан эса иймон самараси саналган ва иймон исмига кирувчи солиҳ амалларни адо этади".
2. Амал қандай қилиб мақбул-покиза бўлади?
Банданинг амали мақбул бўлишида унинг ҳалол-покиза неъматларни еб-ичиши катта ўрин тутади. Ҳаром луқмадан ҳазар қилмайдиган кимсанинг амали мақбул бўлмаслигига юқоридаги ҳадис очиқ далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдан оятлар келтириб, ушбу ҳақиқатни таъкидладилар. Яъни пайғамбарлар ҳам, уларнинг умматлари ҳам ҳалол еб-ичишга ва солиҳ амаллар қилишга буюрилгандир. Луқма ҳалол бўлса, амал дуруст бўлади. Модомики, еб-ичиш ҳаромдан экан, амал қандай қилиб мақбул бўлсин?!
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: "Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар". (Бақара сураси, 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:
- Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.
- Эй Саъд, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, - луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир". (Табароний ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳаром еган кишининг намозини қабул қилмайди!”
3. "Қабул қилмайди" дегани нимани англатади?
Мазкур ибора баъзан амалнинг дуруст бўлмаслигини билдиради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бетаҳорат киши то таҳорат олмагунига қадар Аллоҳ таоло унинг намозини қабул қилмайди", дедилар. Яъни таҳоратсиз кишининг намози дуруст эмас. Зеро, "қабул қилиниш" мазкур амалнинг банда зиммасидан соқит бўлганини билдиради.
Айрим ўринларда эса "қабул қилинмайди" ибораси "ажр-савоб берилмайди", деган маънони англатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Эрини норози қилган аёлнинг, коҳин-фолбинга борган кишининг ва ароқ ичган кимсанинг намози қирқ кун қабул бўлмайди".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиймати ўн дирҳам бўлган ҳаром либосда намоз ўқиган кишининг намози қабул қилинмайди".
Юқорида келтирилган ҳадислардаги "қабул бўлмайди" ибораси "ажр-савоб олмайди" маъносида тушунилади. Яъни эрини норози қилган аёл ва фолбинга борган киши намоз ўқиса уларнинг устидан фарз соқит бўладию, бироқ улар қилган ибодатлари учун ажр-савоб ололмайдилар.
"Қабул этилмайди" ибораси қачон амалнинг дуруст эмаслигини англатадию қачон ажр-савобнинг йўқлигини билдиради - бу нарса қўшимча далилларга қараб аниқланади.
4. Мусулмон киши ҳаромдан қандай қутулади?
Қўлидаги молнинг эгаси кимлигини била олмаган ёхуд кўчада бировнинг нарсасини топиб олган киши ўзи учун ҳаром бўлган бу молни Аллоҳ йўлида садақа қилиб юборади ва ажр-савоб молнинг ҳақиқий эгасига тегади.
Молик ибн Динордан ривоят қилинади:
“Мен Ато ибн Абу Рабоҳдан:
- Бир кишининг қўлида ҳаром мол бор ёки молнинг эгаси ким эканини билмайди. Ўша киши ҳаром молдан қандай қилиб халос бўлади? - деб сўрадим.
- Садақа қилиб юборади, - дедилар Ато. - Бироқ мен бу амал унинг номидан ўтади, деб айтмайман”.
Имом Шофеъий фикрларига кўра, ҳаром мол то ҳақли эгаси чиққунигача сақлаб турилади, садақа қилиб юборилмайди. Фузайл ибн Иёз эса ҳаром молни йўқотиб-чўктириб юбориш лозим, у садақа қилинмайди. Чунки Аллоҳ таолога фақат пок-ҳалол нарсаларни садақа-эҳсон қилиб қурбат-яқинлик ҳосил қилинади, деганлар.
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳаром молни садақа қилиб юбориш энг тўғри йўлдир. Чунки молни зое этиб, йўқ қилиб юборишдан шариатда қайтарилган. Уни золимларга тайёр ўлжа сифатида қолдириш ҳам, чириб-битиб йўқ бўлишга нишон қилиб қўйиш ҳам мутлақо ярамайди. Мол эгасининг номидан садақа бўлади. Яъни, ҳақиқий эгаси уни бу дунёда ишлатишдан маҳрум бўлган. Шу боис, садақа қилиб юборилгач, Охиратда унга фойдаси тегади”.
5. Дуонинг ижобат бўлиш сабаблари:
а) Узоқ сафарларга чиқиш
Сафар дуонинг қабул бўлишини тақозо этади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар
"Уч кишининг дуоси мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси". (Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).
Сафар узайган сари дуонинг ижобат бўлиши ҳам кучаяди. Чунки узоқ сафарда юрган кишида ғариблик ва машаққатлар туфайли синиқлик пайдо бўлади. Синиқлик эса дуонинг ижобат этилишига кучли сабаблардан саналади.
б) Кийиниш ва кўринишда ҳокисорликни лозим тутиш
...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир сўраб чиққанларида ўзларини паст тутиб, хокисор кўринишда дуо қилардилар...
в) Қўлни осмонга чўзиш:
Қўлни кўкка кўтариб сўраш дуо қилиш одобларидандир. Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло ҳаёли, Карийм Зотдир. Агар биров ундан тиланиб қўлини кўтарса, Аллоҳ таоло унинг қўлларини қуруқ ва умидсиз қайтаришдан ҳаё қилади".
(Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир сўраб дуо қилганларида қўлларини кўкка кўтарганлар. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оппоқ қўлтиқлари кўринган эди. Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларни кўтариб Аллоҳдан нусрат сўрадилар. Қўлларини кўкка кўтарганларида ридолари елкаларидан тушиб кетди.
г) Аллоҳ таолодан сабот билан қаттиқ туриб сўрамоқ лозим:
Дуода Аллоҳ таолонинг рубубияти такрор ва такрор зикр этилса, банданинг илтижоси мустажоб бўлиши тезлашади, иншааллоҳ!
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Агар банда "Парвардигоро!" деб тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло: "Лаббай бандам! Сўра, сўраганинг берилади", деб жавоб беради". (Баззор ривоятлари).
6. Дуонинг ижобат бўлишини нима тўсади?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳаромга ботган кимсанинг дуолари мақбул бўлмаслигига ишора бор. "Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаром билан озиқланган. Бундай кимсанинг дуоси қандай қилиб ижобат бўлсин?!"
Мазкур жумла ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмайдиган банданинг дуоси мутлақо қабул қилинмаслигини эмас, балки қабул бўлиш эҳтимолининг жуда йироқлигини англатади.
7. Дуо ибодатнинг мағзидир:
Чунки Аллоҳ таолога ёлвориб илтижо қилаётган банда Ундан бошқа ҳеч кимдан умидвор бўлмайди. Фақат Аллоҳдангина умид қилиш эса тавҳид ва ихлоснинг моҳияти саналади. Аслида бундан улуғроқ ибодат йўқ!
8. Ҳадиси шариф кўрсатмаси:
Биродарларимизни фақат ҳалол молларидан инфоқ-эҳсон қилишга чақирайлик. Уларни ҳаром нарсаларни инфоқ қилишдан қайтарайлик.
Дуоси мақбул бўлишини истаган банда аввало еб-ичиши ва кийинишини ҳалолдан қилсин. Аллоҳ таоло мўминларнинг ҳалол-покиза эҳсонларини қабул қилади. Уларнинг молларига барака беради.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС
Енгиллаштирингиз, оғирлаштирмангиз!
Итоат ва ҳалимлик нажотга бошлайди
9 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ صَخْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ، وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ". (رواه البخاري ومسلم).
9. Абу Ҳурайра Абдурраҳмон ибн Сахр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим:
"Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар. Сизлардан аввал ўтган қавмларни халок қилган нарса уларнинг ўз пайғамбарларига кўп савол бераверишлари ва кўрсатмаларига хилоф иш қилишлари бўлган".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Уламолар мазкур ҳадиснинг аҳамияти ва чуқур маънолари ҳақида кўп гапиришган. Бинобарин, ушбу саҳиҳ ривоят ўрганиш ва ёд олишга жуда муносибдир.
Имом Нававий ёзадилар:
"Бу ҳадис Исломнинг муҳим асосларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилмиш “жавомеул калим” - қисқа сўзларда кўп маъноларни ифодалаш мўъжизаси ўз ифодасини топган мазкур ривоят ичига сон-саноқсиз шаръий ҳукмлар кириб кетади".
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Бу улуғ ҳадис дин асосларидан, Ислом арконларидан саналади. Уни ёд олиб, чуқур ўрганмоқ лозим".
Ушбу ҳадис ҳақида яна бир қанча олимларнинг таърифларини келтириш мумкин. Аллоҳ таолонинг шариатига, Китобу Суннатда баён этилган буйруқ ва қайтариқларга ҳеч қандай қўшимча ва қисқартиришсиз тўла-тўкис амал қилиш лозимлиги биз ўқиётган саҳиҳ ривоятда жуда чиройли суратда ифодаланган.
Ҳадис маънолари устида тафаккур юритиш, уни чуқурроқ ўрганиш давомида уламоларнинг мазкур ривоят хусусида айтган гапларининг нақадар рост эканига яна бир бор амин бўласиз.
Ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб, дедилар:
- Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз этди. Ҳаж қилингиз!
Бир киши сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳар йилими? - Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермадилар. Ҳалиги киши юқоридаги саволини уч маротаба берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
- Агар "Ҳа!" деганимда ҳар йили ҳаж қилиш фарз бўлиб қоларди. Сизларнинг эса бунга кучларингиз етмасди. Модомики, тўхтаган эканман, мени тинч қўйингиз. Сизлардан олдингилар кўп савол беришлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари сабабли ҳалок бўлганлар. Агар бир нарсага буюрсам, имкониятингиз даражасида уни бажаринглар. Нимадан қайтарсам, уни тарк этинглар".
(Имом Муслим ривоятлари).
Бошқа ривоятларда зикр этилишича, савол берувчи Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳу бўлган.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Ақраъ ибн Ҳобис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳаж қилиш ҳар йили фарзми ёки фақат бир марта?
- Бир маротаба, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам - қурби етган киши ихтиёрий равишда яна ҳаж қилиши мумкин".
(Ибн Можа ривоятлари).
Абу Довуд ва Ҳоким ривоятида ҳам иккинчи марта ҳаж қилиш ихтиёрий эканлиги айтилган. Баъзи олимлар баҳсимиз мавзуи бўлган ҳадисни видолашув ҳажида айтилган дейишган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Исломнинг фарз ва рукнларини ўргатиб хутба қилишлари асносида мазкур ҳадисни айтганлар. Валлоҳу аълам.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар"
Наҳий яъни қайтариқ Китобу Суннатда бир неча маъноларни ифодалайди. Ушбу ҳадисда наҳий калимаси ҳаром ёки макруҳ нарсани билдириб келмоқда. Зеро, уламолар наҳий калимасини ана шундай ўринларда қўллаганлар.
а) Бир иш ёки нарсанинг ҳаромлигини билдирадиган наҳий-қайтариқ.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали бандаларини баъзи хатти-ҳаракатлардан қайтарган ва бундай қайтариқлар ўша ишни ҳаром қилиш учун бўлганлигига далиллар мавжуд. Мукаллаф банда ҳаром ишларни қиладиган бўлса, дунё ва Охиратда қилмишига яраша жазо олади.
Зино, ароқ ичиш, рибо-судхўрлик, ўғрилик, бир жонни ноҳақ ўлдириш, аврат жойларни очиб юриш, аёлларнинг номаҳрамларга ўз зийнатларини кўрсатиши, ёлғон, ғийбат, туҳмат, порахўрлик ва одамлар орасида фисқу фасод тарқатиш каби ярамас амаллар Ислом шариатида ҳаром қилинган.
Киши ҳаром амалларга мутлақо яқин йўламаслиги лозим. Айрим ҳолларда шариат маълум қайдлар ва шартлар асосида баъзи ишларга рухсат беради. Зарурат тақозоси туфайли вужудга келадиган бундай истисно ҳолатлари фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган.
б) Бир ишнинг макруҳлигини билдирувчи қайтариқ. (Баъзан "наҳйи танзиҳ" ҳам дейилади)
Шариат қайтарган айрим амаллар ҳаром эмас, макруҳ бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, бундай қайтарилган хатти-ҳаракатларни қилиш ҳаром дейилмайди ва киши унинг учун жавоб бермайди.
Масалан, жума ёки жамоат намозига борувчи кишининг пиёз, саримсоқ каби бадбўй нарсаларни ейиши макруҳ. Бундай макруҳ амалларини ҳеч қандай заруратсиз ҳам қилиш мумкин. Яъни ҳаром эмас. Бироқ тақво эгаси бўлган чин мўминлар макруҳ амаллардан ўзларини йироқ тутганлар.
2. Зарурат туғилганда ҳаром амалларни қилишга ҳам рухсат этилиши
Шариатда қатъий ҳаром саналган ишларни қилиш мумкин эмаслигини биз юқорида айтиб ўтдик. Лекин инсон баъзида вазият тақозосига кўра ҳаром амалларни қилишга мажбур бўлиб қолади. Хўш, ана шундай ҳолатларда шариат бизни нимага буюради?
Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари нарсани юкламайди. Имконсиз ҳолатда бирон ҳаром ишни қилишга мажбур бўлган киши ўша иши учун жазога тортилмайди. "Энди кимки зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда ночор вазиятда қолса (ва ҳаром нарсани еса, гуноҳкор бўлмайди). Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир". (Бақара сураси, 173-оят).
Уламолар мазкур ояти қаримага асосланиб қуйидаги фиқҳий фатвони чиқарганлар:
“Заруратлар “маҳзурот”ларга, яъни ҳаром қилинган нарсаларга рухсат беради”.
Мисол учун очликдан қийналаётган киши бирор егулик топа олмаса, ўлимтик гўштини ейиши мумкин. Табиб олдида зарурат бўлса, аврат жойларни очишга ҳам рухсат берилади. ва ҳоказо...
Бироқ шариат берган шаръий рухсатларни ҳеч қандай чекловсиз деб қабул қилмаслик керак. Рухсат берилган ўринлар маълум қайдлар билан чеклаб қўйилган ва уларнинг ўз ҳудуд-чегаралари мавжуд. Кўпчилик рухсат экан деб, дуч келган ўринда ҳаром амалларни қилишга киришмаслиги учун уламолар зарурат чегарасини белгилаб беришган.
Инсон ҳаёти учун ўлим ҳавфи туғилса, тана аъзоларидан бирига аниқ зиён етадиган ёки мавжуд касаллик зўрайиб кетадиган бўлса, шариат шу каби оғир машаққат юклайдиган ўринлардагина енгилликка рухсат берган.
Ноиложлик бартараф бўлиши ёки хатарнинг олди олиниши билан рухсат муддати ҳам тугайди. Фиқҳий қоидага биноан заруратнинг ўз чегараси-миқдори бўлади. Аллоҳ таоло: "Зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда..." деб марҳамат қилди. Демак, инсон диндаги рухсатлардан фойдаланади. Бироқ у атайин шариатга хилоф юрмаслиги, маъсият қилишни кўзламаслиги ва мажбуриятни даф этадиган чегарадан тажовуз қилмаслиги лозим.
Ўлимтик гўштини ейишга мажбур бўлиб қолган киши ундан қорнини тўйдириб олиши ёки кейинроқ ейиш учун ҳам олиб қўйиши мумкин эмас. Табиб ҳузурига борган муслима аёл фақат оғриётган аъзосинигина очиб кўрсатиши мумкин. Аммо даволаш ёки текшириш зарурати бўлмаган жойларни асло очмайди. Бундан ташқари, табиба аёллар бор бўла туриб, номаҳрам эркак шифокорга кўриниш ҳам юқоридаги рухсат доирасига кирмайди.
Маишат, замонавий қулайликлар ва ҳузур-ҳаловат каби "эҳтиёжлар" зарурат саналмайди. Озгина маблағи бор киши тижоратини ривожлантириш учун судхўрлик қилиши мумкин деган фатво йўқ. Ўзига яраша бошпанаси бор одам данғиллама ҳовли қуриш йўлида шаръий заруратлардан фойдалана олмайди. Эри ёки бошқа боқувчиси бўлган аёлнинг номаҳрамлар билан аралашиб турли ишхоналарда ишлаб юриши ҳам зарурат дейилмайди. Боқувчиси йўқ аёлнинг хотин-қизларга тўғри келадиган иш бўла туриб, шариатда аёлларга номаъқул саналган амалга ўтиши зарурат эмас. Номаҳрамлар билан аралашиб, ёхуд бегона эркаклар орасида ёлғиз қолиб ишлаш муслима учун ҳаром. Шариатда зарарнинг олдини олиш фойда келтирадиган ишни қилишдан муқаддам туради. Бинобарин, шаҳару қишлоқларга фасод олиб кирувчи бундай амаллар тарк қилинмоғи лозимдир. Биров билан муомала қилишда, яъни бирон иш қилаётган одам иши янада силлиқ кетиши учун пора бериши ҳам зарурат ҳисобланмайди. Иш юзасидан алоқа юритаётган одамларининг ичкилик базмларида қатнашиши ёки уларнинг турли мункар қилиқларига жим қараб туриши шаръий зарурат эмас.
3. Буйруқларга бўйсуниш
"Амр" (буйруқ) маъносини англатувчи калима Китобу Суннатда бир неча маънода ворид бўлган. Уламолар: "Амр-буйруқдаги асл маъно талабдир", дейишади. Амр асосан "ийжоб" (фарз қилиш) ва "надб" (суннат-мустаҳаб қилиш) учун ишлатилади.
а) Ийжоб амри. Аллоҳ таоло бандаларига Пайғамбари орқали баъзи ишларни амр қилган бўлиб, бу ишларнинг бандалар зиммасида фарз эканлигини ва уларни тарк қилган кимса азобга лойиқлиги, адо этган киши эса савобга ҳақли бўлишини билдирадиган далиллар ҳам келган. Шу тарзда буюрилган амални фарз дейилади.
Намоз, закот, рўза, ҳаж, амри маъруф-наҳий мункар, адолат билан ҳукм қилиш ва аҳли оилага ҳалол едириш каби амаллар фарз саналади. Негаки, бу ишларни қилишга буйруқ келган бўлиб, уларни бажаришни бандалардан қатъий равишда талаб этилган.
Бундай услубда буюрилган амалларни бажаришда сусткашлик қилиш ва уларнинг биронтасини ташлаб кетиш мумкин эмас. Фақат баъзи истисно ҳолатлардагина маълум рухсатлар берилади. Яъни вожиботларнинг шарт ёки сабаблари топилмаса ёки уларни амалга ошириш йўлида муайян тўсиқлар пайдо бўлса ёхуд мазкур амалларни тўла-тўкис бажарувчи киши вазият тақозосига кўра маълум қийинчиликларга дуч келса... шариат берган енгилликлардан фойдаланиши лозим.
б) Надб амри. Аллоҳ таоло мусулмон бандага Пайғамбари орқали буюрган шундай ишлар ҳам борки, далиллар бу ишларнинг “мандуб” эканлигига, яъни уларни қилиш бандага фарз эмаслигига ишора қилади. Бундай амалларни тарк этгани учун киши жазога тортилмайди, аммо уларни бажаргани учун ажр-савоб олади. Бундай амалларга “мандуб” (мустаҳаб) амаллар дейилади.
Беш вақт намознинг суннатлари, азон айтиш, аҳли-оилага саховат билан едириб-ичириш, эҳсон қилиш, қарзни ёзиб қўйиш ва ўнг қўл билан овқатланиш каби бир қанча амаллар мандубга мисол бўла олади. Мазкур амаллар шариатда қатъий ва кескин суратда зиммага юклаб қўйилмаган. Мандуб мустаҳаб бўлгани боис, уларни қилиш-қилмаслик ихтиёрийдир.
Мандубларга тўлиқ амал қилиб юриш мусулмонни янада гўзал қилади. Ҳеч қандай қаршилик ёки қийинчилик бўлмаса ҳам уларни бажармаётган кишига нисбатан гуноҳ-жазо ёзилмайди. Аммо маълум суннатларга мутлақо амал қилмайдиган ёки барча мандубларга нисбатан эътиборсиз бўлган кимсалар танқид ва маломатга муносибдирлар.
4. Машаққат енгиллик сари бошлайди
Ислом шариати инсонни дунёю Охиратда саодатманд этиш учун жорий бўлгани ҳар бир ақл эгасига яхши маълум. Аллоҳ таоло ҳамиша бандаларига яхшиликни раво кўради.
"Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди". (Бақара сураси, 185-оят);
"Аллоҳ бу динда сизларга бирон танглик пайдо қилмади". (Ҳаж сураси, 78-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Дин енгилликдир. Енгил қилинглар, оғирлаштирманглар".
(Имом Бухорий ривоятлари).
Рамазон ойида мусофир ёки касал кишилар рўза тутмасликлари мумкин. Сафардаги одам намозни қаср қилиб ўқийди. Сув топилмаганда ёки сув ишлатиш саломатлик учун бирор хавф туғдирганда мўминлар таҳорат ўрнига таяммум қилишади. Уламолар диндаги бу каби аҳкомларни рухсатлар деб аташган.
Аллоҳ таолонинг шариати инсонлар учун торлик, танглик эмас, аксинча фақат хайрият ва енгиллик олиб келган. Уламолар енгиллик хусусидаги шаръий асосларга биноан қуйидаги умумий қоидани ишлаб чиқишган:
“Машаққат енгилликни олиб келади”.
Ислом фиқҳининг муҳим асосларидан бўлмиш ушбу қоида шарҳи билан танишинг:
Баъзи ҳолатларда маълум вожиботларни амалга ошириш анча қийинлашиб қолади. Ана шундай оғир вазиятлар енгилликка ўтишни тақозо қилади ва мукаллаф бемалол бажара оладиган, ҳараж-танглиги бўлмаган енгил амалларга ўтилади. Қуйида ушбу масалага доир бир қанча мисолларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Одатда сақланиш қийин бўлган айрим нопокликлар либос ёки баданга албатта тегади. Танадаги яра ва чипқон қони ҳамда катта кўчаларнинг лойи узрли саналади. Яъни улар тегиши билан либос нопок бўлиб қолмайди. Чунки сақланиш имкони бўлмаган бундай нажосатлар эътиборга олинадиган бўлса, инсон қийналиб қолади ва кўп ибодатларни адо этишдан маҳрум бўлади. Шу боис, шариат юқоридагидек ҳолатларда инсонларга енгиллик беради;
Аслида шартнома-битимларда мажҳуллик, яъни ноаниқлик бўлмаслиги керак. Бироқ айрим маиший битимларда бунинг иложи йўқ. Масалан, ҳаммомга кирувчи киши у ерда қанча вақт бўлиши ва қанча сув ишлатишини аниқ билмайди. Кўп ҳолларда берилажак ҳақ миқдори ҳам тайин қилинмаган бўлади. Ҳаммомга кираётган ҳар бир кишини тўхтатиб, у ерда қанча вақт бўлиши, қанча сув ишлатиши ва неча пул бериши каби икир-чикирларни сўраб-суриштириш одамни қийнаб қўяди. Мусулмонлар эса ҳаммомга кирмасдан юра олмайдилар. Шунинг учун юқоридаги ҳолатда битимдаги ноаниқлик узрлидир. Сартарош билан бўладиган битимни ҳам шунга қиёслаш мумкин.
Бир қанча янги-янги масалалар ҳам мазкур қоидага биноан ўз ечимини топади. Масалан, транспорт воситаларига чиқиш. Аслида машинага чиқмасдан туриб, йўл ҳақи ва фойда хусусида келишиб олиш керак. Бундай янги масалалар юқоридаги умумий қоидага асосан ҳал қилинади.
Машаққат-қийинчиликни кўпчилик тўғри тасаввур қилмайди. Айрим кишилар арзимас тўсиқларни ҳам машаққат сифатида кўриб, шаръий амалдан ўзларини четга тортишади. Енгилтак ёхуд лоқайд кимсалар учун озгина қийинчилик ҳам шариат аҳкомларини тарк этишга кифоя қилиши мумкин. Шу боис, уламолар узрга ўтадиган машаққат чегарасини фиқҳ китобларида баён қилиб берганлар.
1) Баъзи машаққатлар ҳамиша шаръий буйруқлар билан бирга бўлади. Яъни вожиботларни қилишга киришган ҳар бир киши бундай машаққатларга учрамасдан иложи йўқ. Чунки улар шаръий таклиф табиатидандир. Шу боис, бундай қийинчиликлар вожиботларни тарк қилишга ҳужжат бўлмайди:
Рамазон рўзасини тутаётган мусулмон оч қолганини баҳона қилиб, рўзасини очиб юбормайди;
Ҳаж қилишга ҳар томонлама қодир бўлган киши сафар машаққати ёки аҳли-оиласи ва юртидан йироқлигини рўкач қилиб, ҳажга бормаслиги мумкин эмас;
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишга қодир бўлган одам сўзининг инобатга олинмаслигини баҳона қила олмайди.
Юқоридаги машаққатлар табиий қийинчиликлар бўлиб, ҳаётда бундай оғирликлар ҳар қадамда учрайди. Агар ана шундай қийинчиликларнинг амалга таъсири бўлганида, шариат мутлақо бекор бўларди. Ҳеч қандай вожиботсиз қолган бандаларнинг дунёю Охиратдаги насибаси эса фақат ношудлик бўларди.
2) Бироқ шаръий таклиф табиатидан саналмайдиган машаққатлар ҳам бор. Аксарият ҳолларда вожиботлар бундай қийинчиликлардан холи бўлади. Маълум вазиятлар ва ўткинчи ҳолатлар сабабли шаръий таклиф ёнига машаққат қўшилиб қолиши мумкин. Машаққатларнинг ушбу хили икки турга бўлинади:
Биринчи тур: Мукаллаф яъни шариат буйруқларини бажараётган киши арзимас қийинчиликка рўбарў келади. Яқин масофага қилинган сафар, енгил бетоблик ва моддий манфаатлардан қуруқ қолиш каби кичкина қийинчиликлар вожиботларни бажаришга таъсир қилмайди. Чунки шариат ҳукмларини адо этиш орқали банда қўлга киритаётган дунёвий ва ухровий хайр-оқибатлар чекилган арзимас машаққатлар ўрнини батамом тўлдириб юборади.
Иккинчи тур: Инсоннинг моли, жони ва номуси-обрўйига таҳдид солувчи ҳақиқий машаққат. Мисол учун бир киши ҳаж қилишга қодир. Лекин у йўлда пойлаб турган қароқчилардан ёки ўзи йўқлигида молини ўмармоқчи бўлган, аҳли-оиласига тажовуз қилишни кўзлаб турган душманлардан хавфсирайди. Оқиллар наздида ҳақиқий танглик саналувчи бундай машаққат шариатда эътиборга олинади. Юқоридаги ҳолатга тушган кишига енгилликдан фойдаланиш муносибдир. Чунки мавжуд машаққатларга нисбатан лоқайд бўлиш киши зиммасидаги бир қанча масъулиятларга путур етказиши мумкин.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
САККИЗИНЧИ ҲАДИС
Мусулмоннинг ҳурмати
8 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَيُقِيمُوا الصَّلاةَ، وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ، فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلا بِحَقِّ الإِسْلامِ، وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ تَعَالَى". (رواه البخاري ومسلم).
8. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Инсонлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир" деб гувоҳлик бериб, намозни адо этмагунларича ва закотни бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар одамлар юқоридагиларга амал қилсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлаган бўладилар. Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ таолога ҳаволадир".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис ўзида Исломнинг учта асосий рукнини жамлаган:
1. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг Расули деб гувоҳлик бермоқ;
2. Намозни барча қонун-қоидалари билан тўкис адо қилмоқ;
3. Закотни ҳақдор кишиларга бермоқ.
Ушбу ҳадис билан мазмунан бир хил бўлган бошқа ривоятлар имом Бухорий, Аҳмад ва Ибн Можа асарларида ҳам келтириб ўтилганки, улар ҳадис маъносини янада чуқурроқ ёритиб беради.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Икки шаҳодатни тил билан айтган кишининг жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлиш умидида ҳузурларига келган кишилардан фақат икки шаҳодатни қабул қилиб олардилар. Улар шаҳодат калимасини айтганларидан сўнг мусулмон ҳисобланар ва молу жонларига омонлик берилар эди. Ушбу сўзларимизни Бухорий ва Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Одамлар: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" - деб айтмагунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Кимки: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" - деса, мендан молу жонини омон сақлайди. Фақат шу калима ҳаққи қолади. Кейин у кишининг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир".
Муслим ривоятидаги ҳадис лафзи бир оз бошқача келган:
"Одамлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб гувоҳлик бериб, менга ва мен олиб келган нарсаларга иймон келтирмагунларига қадар..."
Имом Муслим Абу Молик Ашжаийдан ривоят қилган яна бир ҳадисда шундай дейилади:
"Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб, Ундан бошқа барча маъбудларни инкор қилган кишининг қони ва молини Аллоҳ таоло ҳаром қилади. Унинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола".
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу "Лаа илааҳа иллаллоҳ" калимасини айтган кишини ўлдириб қўйганида Пайғамбар алайҳиссалом унга қаттиқ дашном берган эдилар.
Юқоридаги ҳамма ҳадислар саҳиҳ ва улар ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки инсон икки шаҳодатни айтиши билан мусулмон бўлади. Иймон келтиргач, намоз ва закотга тўла-тўкис амал қилган киши мусулмонлар жамоасининг тўлақонли аъзосига айланади ва мусулмонлар фойдаланадиган барча ҳуқуқлардан фойдаланади. Албатта мусулмонлар зиммасидаги барча масъулиятлар унга ҳам юкланади. Аммо у Исломнинг бирон рукнидан бош тортса, жазога тортилади. Бордию бундай кишилар кучли бир тўдага уюшиб олган бўлсалар, мусулмонлар бу тоифага қарши уруш эълон қилишга ҳақли бўладилар. "Агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини очиб қўйингиз". (Тавба сураси, 5-оят);
"Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис бажо қилиб, закотни адо қилсалар, у ҳолда диндош биродарларингиздир". (Тавба сураси, 11-оят).
2. Абу Бакр разияллоҳу анҳу билан Умар разияллоҳу анҳу ўрталарида кечган мунозара
Икки улуғ саҳобий ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳам юқорида баён этилган фикрни тасдиқлайди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Ўша кунлари айрим араблар куфрга қайтиб кетишди. Умар разияллоҳу анҳу Абу Бакр разияллоҳу анҳуга дедилар:
- Қандай қилиб уларга қарши уруш қиласиз? Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Инсонлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" демагунларича улар билан жанг қилишга буюрилдим. "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб айтган киши мендан моли ва жонини омон сақлайди ва фақат Ислом ҳаққи қолади. Унинг ҳисоби Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола", деганлар-ку?!
Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу:
- Аллоҳга қасамки, намоз билан закот ўртасини ажратганларга қарши албатта жанг қиламан! Чунки закот мол ҳаққидир! Аллоҳга қасамки, агар улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга берадиган битта арқонни беришдан бош тортсалар, ўша арқон учун ҳам уруш қиламан! - деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг қалбларини урушга мойил қилиб қўйганини кўрибоқ у кишининг ҳақ эканлигини тушундим, - дедилар Умар разияллоҳу анҳу.
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно", деган сўзларини закотни бермаганларга қарши курашиш учун далил деб билдилар. Умар разияллоҳу анҳу эса киши икки шаҳодат калимасини айтган бўлса, бу дунёда унинг қонини тўкиш буткул ҳаром деб ўйладилар ва айни ҳадиснинг умумий маъносини ҳужжат сифатида келтирдилар. Мунозара якунида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўзларининг улуғ дўстлари фикрига қўшилдилар.
3. Исломнинг барча арконларини тарк этган кишининг ҳукми
Ибн Шиҳоб Зуҳрий Ҳанзала ибн Али ибн Асқоъдан ривоят қилади:
"Абу Бакр разияллоҳу анҳу Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуни урушга жўнатар эканлар, унга беш нарса учун курашишни тайинладилар. Халифа буйруғига кўра беш рукннинг биттасини тарк этган кимсага қарши худди беш рукннинг барчасини тарк этганга қарши курашилганидек кураш қилинарди. Бу рукнлар: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни адо этиш, Рамазон рўзасини тутиш ва ҳаж зиёрати".
4. Матлуб иймон
Ушбу ҳадисда салафу халаф уламоларнинг иймон учун шарт қилган сўзларига очиқ-ойдин далолат мавжуд. Улар кишининг мўмин бўлиши учун ундан иймон рукнларини қатъий тасдиқ этиш ва Ислом рукнларига ҳеч иккиланмасдан эътиқод қилиш талаб этилади, деб айтганлар.
5. Ҳадислардаги "Фақат унинг ҳаққи бундан мустасно" лафзининг маъноси:
Бошқа бир ривоятда "Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно" дейилган. Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг намоз ўқиш ва закот беришни ана шу ҳақ ичига киритганлари юқорида айтиб ўтилди. Баъзи олимлар рўза ва ҳажни тарк қилишни ҳам мазкур ҳақ доирасига киритишган.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Инсонлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб айтмагунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар ушбу шаҳодатни айтсалар, қон ва молларини мендан омон сақлаган бўладилар ва фақат шу калиманинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳ таолога ҳавола.
- Унинг ҳақларига нималар киради? - деб сўрашди.
- Жуфти ҳалоли бўла туриб зино қилишдан, иймондан сўнг куфрга қайтишдан ва бир жонни ўлдиришдан тийилиш. Акс ҳолда у шу ишларнинг жазоси учун ўлдирилади! (Табароний ва Табарий ривоятлари).
Ибн Ражаб ҳадис сўнгидаги сўзларни Анас ибн Моликка тегишли деганлар. Баъзилар мазкур ривоятни бутунлай Анас разияллоҳу анҳуга мансуб дейишган. Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ривоят ушбу ҳадис мазмунини қувватлайди:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб ва Мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон, яъни бир мусулмонни қасддан ўлдирса ва жамоадан ажралиб, диндан чиқса".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
6. Охиратда ҳисоб-китоб қилмоқ Аллоҳ азза ва жаллага ҳаволадир
Қалбларни Аллоҳ таолонинг Ўзи билгувчидир! Пок Парвардигор ҳақиқий иймон эгаларини жаннатга киргазиб, риёкор мунофиқларга жаҳаннам қаъридан жой ажратади.
Бу имтиҳон дунёсида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммаларидаги вазифа - мўминларга жаннат хушхабарини, кофирларга эса Охират азобини эслатиш, холос. "Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз. Илло ким юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар! Зеро, уларнинг қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш ҳам ёлғиз Ўзимизнинг зиммамиздадир!" (Ғошия сураси, 21-26-оятлар);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид разияллоҳу анҳуга дедилар: "Мен одамлар қалбини ёриб кўришга буюрилмаганман!".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
7. Бутпараст ва мушрик кимсалар Исломни ҳақ дин деб қабул қилмагунларича уларга қарши курашиш лозимлигига мазкур ҳадис ҳужжатдир.
8. Мусулмонларнинг моли ҳам, жони ҳам Ислом шариатида ҳимоя этилгандир.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
ЕТТИНЧИ ҲАДИС
Дин насиҳатдир
7 - عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَمِيمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ". (رواه مسلم).
7. Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Дин бу насиҳатдир.
- Ким учун? - деб сўрадик биз.
- Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озгина сўзлар билан кўп ва хўб маъноларни ифодалаш мўъжизалари – “жавомеул-калим”дан бир намунадир. Исломда асос бўлган масалалар ҳам, улардан келиб чиқадиган масалалар ҳам, мана шу ҳадис остига, аниқроғи ундаги биргина: "Унинг китобига", деган сўз остига дохил бўлади. Чунки, Аллоҳнинг китоби диннинг барча масалаларини ўзида мужассам этгандир. Шундай экан, ким "Аллоҳнинг китобига насиҳат қилиш" деган сўз маъносига мувофиқ тарзда унга иймон келтирса ва амал қилса, шариатнинг ҳаммасини жамлаган бўлади. "Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик". (Анъом сураси, 38-оят).
Шунинг учун уламолар Исломнинг моҳияти шу ҳадисда жамланган, деб айтганлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Аллоҳга насиҳат
Аллоҳга насиҳат қилиш Унга иймон келтириш, Ундан ҳар қандай шерикни инкор этиш, Уни барча баркамол ва улуғ сифатлари билан сифатлаш, Уни ҳар қандай нуқсондан поклаш, ибодатни Унга холис қилиш, Унга итоатгўй бандаларни дўст тутиш ва Унга осий бўлганларни душман деб билиш орқали ҳосил бўлади.
Мўмин кишининг юқорида келтириб ўтилган нарсаларга сўзда ва амалда риоя қилиб юриши дунё ва Охиратда фақат унинг ўзига фойда келтиради. Зеро, Аллоҳ таоло насиҳат қилувчиларнинг насиҳатидан ҳамиша беҳожатдир.
2. Аллоҳнинг китобига насиҳат
Бу насиҳат Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган барча самовий китобларга иймон келтириш, Қуръони каримнинг ана шу китоблар сўнггиси экани ва улар устидан гувоҳ қилиб юборилганига иймон келтириш, у Аллоҳ таолонинг мўъжизавий каломи эканига ҳамда қуйидаги оятда кафолат берганидек, уни мўминлар қалбида ва китоблар сатрида ўзгаришсиз сақлашига иймон келтириш билан ҳосил бўлади:
"Албатта, бу эслатмани Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз". (Ҳижр сураси, 9-оят).
Мусулмон киши Қуръони каримга насиҳат қилиши қуйидагилар билан бўлади:
а) Уни кўп ўқимоғи ва ёд олишга интилмоғи керак. Чунки Қуръонни ўқиш мусулмоннинг илму маърифатини оширади, унинг қалбини поклайди, тақвосини зиёда қилади. Қуръон тиловати мусулмон кишининг номаи аъмолида ёзилажак улкан ҳасанотлар, Қиёмат куни уни интизорлик билан кутувчи шафоат ҳамдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қуръон ўқинглар. Зеро, у Қиёмат куни ўқиганлар учун шафоатчи бўлиб келади". (Имом Муслим ривоятлари).
Қуръонни ёд олган қалблар Аллоҳ нури ила обод бўлади, у билан мусулмон киши дунёда ҳурмат ва шарафга эришади. Охиратда эса юксак бир даражага сазовор бўладики, у Аллоҳнинг оятлари ва сураларидан қанчалик кўп ёд олган бўлса, бу даража ҳам шунчалик юксалаверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат куни Қуръон ўқиган кишига: "Ўқи ва юксалавер! Дунёда қандай қилиб дона-дона ўқиган бўлсанг, ана шундай ўқи! Мартабангнинг баландлиги сен ўқиган охирги оят тугаган жойда бўлади!" - дейилади".
(Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).
б) Қуръони каримни чиройли овоз билан, дона-дона қилиб, тартил билан ўқиш. Бу нарса Қуръоннинг қалбларга чуқурроқ таъсир қилиши ва қулоқларга мунглироқ эшитилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қуръонни чиройли овоз билан ўқишга интилмаган киши биздан эмас!"
в) Унинг маънолари устида чуқур фикр юритиш ва мазмунини англашга интилиш даркор:
"Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки уларнинг дилларида қулфлари борми?!" (Муҳаммад сураси, 24-оят).
г) Аллоҳнинг китобини ёд олишлари учун ёшларга Қуръони каримни ўргатиб, дарс бериш керак. Зеро, Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш бизни иззат ва шараф сари бошловчи омиллардан биридир.
Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман:
"Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир".
д) Қуръонни чуқур фаҳмлаб амал қилиш. Чунки Қуръони каримни ўқиб, фаҳмламасликда ва фаҳмлаб, амал қилмасликда яхшилик йўқ. Биз Қуръон ўрганишнинг улкан самараларини фақат унинг оятларини тушуниш ва уларга тўлиқ амал қилиш билангина қўлга киритишимиз мумкин. Мусулмон кишининг билган нарсасига амал қилмаслиги жуда хунук ҳолатдир.
"Эй мўминлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани қиламиз деб айтурсизлар?! Сизларнинг ўзингиз қилмайдиган ишни гапиришингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Соф сураси, 2-3-оятлар).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга насиҳат:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларини тасдиқлаган, у зот олиб келган Қуръони карим ва саҳиҳ Суннатдаги барча хабарларга иймон келтирган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга насиҳат қилган бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш ҳам, у зотга қилинган насиҳатдир. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш демакдир:
"Айтинг: "Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради..." (Оли-Имрон сураси, 31-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топганларидан сўнг у кишига насиҳат қилиш учун мусулмонлар қуйидагиларни қилишлари лозим:
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиб-ўрганмоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ ва одоблари билан ўзини зийнатламоқ;
• Сўз ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига риоя қилмоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ва турмуш тарзларидан дарсу ибрат, панд-насиҳат олмоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини одамлар орасида ёймоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини душманлар иғво-туҳматидан, адашган тоифалар даъволаридан ҳамда динда ғулув кетувчилар унга олиб кирган бидъат-хурофотлардан ҳимоя қилмоқ.
4. Мусулмон раҳбарларга насиҳат:
Мусулмон раҳбар деганда мусулмонларнинг ҳоким-бошлиқлари, агар улар мавжуд бўлмаса, уламолар ва Ислом даъватчилари назарда тутилади.
Ҳокимларга итоат этилиши учун аввал уларнинг ўзлари мусулмон бўлишлари вожиб: "Эй мўминлар! Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзларингиздан бўлган бошлиқларга ҳам (итоат этингиз)!" (Нисо сураси, 59-оят).
Бизнинг мусулмон раҳбарларга қиладиган насиҳатимиз уларнинг шахсияти учун ёки бизга улар тарафидан ҳосил бўладиган манфаатлар учун бўлмайди, балки бу насиҳат уларнинг солиҳ бўлишлари, тўғри йўлда туришлари ва адолат билан иш юритишларини яхши кўриш демакдир.
Ҳақ йўлда турган раҳбарларга ёрдам берсак, уларга итоат этсак, кези келганда уларга ҳақни эслатиб, хато қилганларида уларни ҳикмат билан огоҳлантириб турсак, уларга чин насиҳат қилган бўламиз. Зеро, раҳбарига шу тариқа насиҳат қилмаган, золимга унинг зулм қилаётганини айтишга журъат этолмаган уммат яхши уммат эмасдир. Шунингдек, халқини ўз манфаати учун хорликка ботирган, насиҳат қилганларнинг оғзига урган, ҳақ гапни эшитишдан қулоқларини кар қилиб, ҳеч кимга ҳақни гапиртирмаган раҳбарларда ҳам бирон яхшилик йўқ.
Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига насиҳат қилиш борасидаги масъулиятлари ниҳоятда улкандир. Бу масъулият улардан мусулмонларни адаштирувчи турли ҳавои фикрларни Қуръон ва Суннат далиллари билан рад этишларини ҳамда Қуръон ва Суннатнинг барча ҳавои фикрларга мухолиф эканини баён қилишларини тақозо этади. Яна улар Аҳли сунна уламолари янглишиб айтган маржуҳ сўзларни рад этишлари, сунан ва муснад китобларда ворид бўлган ҳадислар ичида саҳиҳи ва заифини ажратиб, баён қилиб беришлари лозим. Бу эса уларнинг ҳадис ровийларини жарҳ ва таъдил қоидалари ҳамда ҳадисларнинг саҳиҳлигига путур етказувчи иллатларга оид қоидалар асосида текшириб чиқишлари орқали амалга ошади.
Биз уламо ва даъватчиларга насиҳат қилишни истасак, улар зиммасига юклатилган мазкур масъулиятларни ўзларига эслатиб турмоғимиз ва мусулмонлар ишончини қозонган аҳли илмлар ривоят қилаётган ҳадисларга ишонишимиз ва шу билан бир қаторда уларнинг камчиликларини излашдан ва уларни ёмонлаб юришдан тилни тийишимиз лозим. Зеро, олимларга бундай муносабатда бўлиш уларнинг обрўларига путур етказади ва турли иғволар остида қолишларига сабаб бўлади.
5. Мусулмонларга насиҳат
Мусулмонлар оммасига насиҳат уларга ухровий ҳамда дунёвий ишларда фойдали маслаҳат бериш билан бўлади. Афсуски, мусулмонлар айни бурчларига бепарво бўлиб қолдилар, айниқса ухровий ишларда лоқайдлик қилиб, барча эътиборни фақат дунё ишлари ва унинг зийнатига қаратдилар.
Насиҳат фақат тил учида бўлмаслиги лозим. Мусулмонларга насиҳат мўмин биродарларимиз айбларини беркитиш, хатоларини тузатиш, улардан зарарни тўсадиган ва манфаат келтирадиган ишларни амалга ошириш, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, катталарини ҳурмат қилиб, кичикларига шафқат кўрсатиш, уларга хиёнат ва ҳасад қилишдан йироқ бўлиш каби ишлар тарзида барчамизнинг ҳаётимизда ўзининг амалий ифодасини топиши керак.
Насиҳат қилувчи ўзига ва молига зиён етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам мусулмонларга холис насиҳат қилиши лозим.
6. Насиҳат турларидан бири
Бирон масалада маслаҳат сўраган кишига холис маслаҳат бериш мусулмонларга насиҳат қилишнинг муҳим турларидан биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир мусулмон ўзининг биродаридан маслаҳат сўраса, биродари албатта унга холис маслаҳат берсин".
Мусулмон биродарингизга қилишингиз мумкин бўлган насиҳатдан яна бири ўзи йўқ бўлган ўринда унинг ёнини олиш, обрўсини ҳимоя қилишдир. Чунки бундай насиҳат мусулмоннинг ўз биродарига содиқлигини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир мусулмоннинг бошқа мусулмон устидаги ҳақларидан бири ўзи йўқлигида унга холислик қилишидир".
7. Уламоларнинг насиҳатлари
Ҳасан Басрий айтадилар: "Сиз биродарингизни то у қила олмайдиган ишларга ҳам буюрмагунингизга қадар, зиммангиздаги унга нисбатан бўлган насиҳат ҳаққини адо қилган бўлмайсиз".
Саҳобалардан бири шундай деган эди: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичаман, агар истасангиз сизлар учун яна Аллоҳ таоло номига қасам ичиб айтаманки, Парвардигор учун энг суюкли кишилар Аллоҳни бандаларига, бандаларини эса Аллоҳга муҳаббатли кўрсатиб, ер юзида насиҳат билан кезувчи инсонлардир!"
Абу Бакр Музаний дедилар: "Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан намози ёки рўзаси билан эмас, балки қалбидаги нарсаси ила устун бўлганди. Унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат ва бандаларига насиҳат бор эди".
Фузайл ибн Иёз айтдиларки: "Бизнинг назаримизда юксак мақомга эришганлар кўп намоз ўқиш ёхуд доим рўза тутиш билан бу даражага чиқмаганлар. Улар бизнингча, қалблар саховати, кўнгиллар мусаффолиги ва умматга яхшилик соғиниш билан шу даражага етганлар".
8. Насиҳат қилиш одоблари
Мусулмон киши биродарига панду насиҳат қилмоқчи бўлса, буни бошқалардан пинҳон равишда бажармоғи лозим. Зеро, биродарининг айбини беркитган кишининг гуноҳини Аллоҳ таоло дунё ва Охиратда ўзгалардан беркитади.
Фозиллар дейдиларки: "Бошқаларга эшиттирмасдан биродарининг ёлғиз ўзига мавъиза қилмоқ насиҳатдир. Аммо халоиқ ўртасида бировга ваъз ўқимоқ насиҳат эмас, ҳақоратдир".
Фузайл ибн Иёз айтадилар: "Мўмин киши биродарининг айбини одамлар кўзидан беркитиб, унга насиҳат қилади. Фожир кимса бировнинг айбини овоза қилиб, унга лой чаплайди".
9. Мазкур ҳадисдан Ибн Баттол чиқарган хулосалар
“Дин насиҳатдир. Ислом дини сўзларда воқе бўлгани каби амалларда ҳам акс этади. Насиҳат имконият даражасида амалга оширилади. Сўзи қабул бўлишига кўзи етган ва бирор зарар таҳдид солмаган киши насиҳат ҳаққини адо этишга киришади. Аммо насиҳат ортидан ўзига зиён-заҳмат етадиган бўлса, насиҳат қилувчи ушбу амални тўхтатишга ҳаққи бор”.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
ОЛТИНЧИ ҲАДИС
Ҳалол ва ҳаром
6 - عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "إِنَّ الْحَلالَ بَيِّنٌ وإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ". (رواه البخاري ومسلم)
6. Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим:
"Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида эса, шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам покиза асраб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида сурувни ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг бехосдан ўша қўрғонга ҳам кириб кетишидан омонда бўлмагани сингари, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшонинг қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Шубҳасиз, бу улуғ ҳадис Исломнинг асосини ташкил этадиган ҳадислар қаторига киради. Бир гуруҳ олимлар бу ҳадисни Исломнинг учдан бири деб васфлаганлар. Имом Абу Довуд эса уни Исломнинг тўртдан бири деб атаганлар. Лекин ҳадиснинг мазмунига чуқурроқ разм солган киши, унда Исломнинг деярли барча жиҳатлари қамраб олинганига гувоҳ бўлади. Чунки у ҳалол-ҳаромни, шубҳали бўлган нарсаларни ҳамда қалбни ислоҳ қилувчи ва уни бузувчи омилларни баён қилади. Бу эса, шариат аҳкомларини, унинг асосий қоидаларини ҳамда шу қоидалардан келиб чиқадиган бошқа аҳкомларни билишни тақозо этади. Ушбу ҳадис тақво негизи бўлган шубҳадан йироқ юриш масаласида асос ҳисобланади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқ. Аммо у иккисининг ўртасида шубҳали нарсалар бор
Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида айтадилар: "Нарсалар уч қисмга бўлинади:
Ҳалоллиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан нон емоқ, гапирмоқ, юрмоқ каби.
Ҳаромлиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан ароқ ичиш, зино қилиш каби.
На ҳалоллиги ва на ҳаромлиги аниқ бўлган иштибоҳли нарсалар. Уларнинг ҳукмини кўпчилик билмайди. Уламолар эса оят-ҳадис ҳужжати билан ёки қиёс орқали уларнинг ҳукмини биладилар. Демак, бирон нарсанинг ҳалол ёки ҳаром эканлигида иштибоҳ туғилса ва бу борада оят-ҳадисдан ва ижмоъдан далил топилмаса, мужтаҳид олим шу мавзуда ижтиҳод қилиши ва шаръий далил билан ўша ноаниқ нарсани ҳалолга ёки ҳаромга нисбатлаб бериши лозим бўлади".
Ҳалол-ҳаромлиги ноаниқ бўлган нарсалардан йироқ юриш кишининг тақвосига далолат қилади. Мисол учун молига рибо пули аралашганлиги эҳтимол қилинган киши билан пул муомаласи қилиш аслида мубоҳ бўлса-да, тарк қилинмоғи афзалдир.
Аммо тақво қилиш даъвоси билан аслида ҳаром бўлиши эҳтимоли жуда ҳам йироқ бўлган нарсалардан-да тийилиб, васвасага тушиш нотўғри. Бундай қилиш тарк қилинмоғи афзал бўлган шубҳалар жумласига кирмайди. Мисол учун, ҳеч бир ҳужжатга эга бўлмай туриб, биронтасига уйлансаму келин менга номаълум тарафдан маҳрам бўлиб чиқса нима қиламан, деб қўрққанидан уйланмай юриш ёки нажосат аралашган бўлса-чи деб, чўлда топилган сувни истеъмол қилмаслик каби "эҳтиёткорликлар" тақводан эмас, балки шайтоний бир васваса холос.
2. Иштибоҳли нарсалар ҳам ўз навбатида бир неча хил бўлади
Ибн Мунзир иштибоҳли нарсаларни уч қисмга бўлганлар:
Биринчи ҳолатда киши бир нарсанинг ҳаромлигини аниқ билади-ю, кейинроқ у ҳалол бўлиши ҳам мумкин деган эҳтимол пайдо бўлади. Шунда у нарса ҳалол бўлиб қоладими? У ҳолда ўша нарсанинг ҳалоллиги аниқ бўлмагунга қадар, унга яқинлашмаслик лозим. Масалан, олдимизда бирини мўмин киши, иккинчисини эса бутпараст сўйган икки гўшт турган бўлса, биз қай бири бутпарастники, қайсиниси мўминники эканлигини аниқ билмай шубҳаланаётган бўлсак, аниғини билмагунча ундан истеъмол қила олмаймиз.
Иккинчи ҳолатда эса бир нарса аниқ ҳалол бўлади, кейин эса унинг ҳаром бўлиш эҳтимоли пайдо бўлиб қолади. Масалан, киши ўзининг ҳалол хотинини талоқ қилган-қилмаганлигида шубҳаланиб қолса, таҳорат қилгани аниқ эсида бўла туриб, кейин таҳоратини бузган-бузмаганлиги эсидан чиқиб қолса, нима қилинади? Бу ўринларда ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани юқоридагидек асоссиз шубҳа-гумонлар билан ҳаромга ҳисоб қилинмайди, яъни унинг хотинига талоқ тушмайди ҳамда таҳоратсиз бўлиб қолмайди.
Учинчи ҳолатда эса киши бир нарсанинг ҳаромлигида ҳам, ҳалоллигида ҳам баробар даражада шубҳаланиб қолади. Бундай ҳолатларда қаердан келиб қолгани номаълум бўлган хурмо донасини кўрганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек, шубҳали нарсадан эҳтиёт бўлмоқлик авлороқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Гоҳида мен аҳли аёлим ҳузурига кирганимда, тўшагим устида ётган хурмога кўзим тушиб, уни емоқчи бўлиб қўлимга оламан-да, кейин унинг закот ёки садақа молларидан бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, ташлаб юбораман".
(Имом Бухорий, Муслим ривоятлари).
3. Шубҳалардан йироқ бўлиш ҳақида салафлардан қилинган нақллар
Абу Дардо разияллоҳу анҳу шундай деганлар: "Комил тақво - банданинг Аллоҳ таолодан ҳатто заррача нарса хусусида ҳам қўрқмоғи ва ўзи билан ҳаром ўртасига тўсиқ қўйиш мақсадида ҳаром бўлиши эҳтимолидан қўрқиб, баъзи ҳалол нарсаларни ҳам тарк қилмоғидир".
Ҳасан Басрий айтадилар: "Тақводор кишиларда тақво шу даражага бориб етадики, улар ҳаромдан қўрққанлари боис, кўпгина ҳалол нарсалардан ҳам тийилиб турадилар".
Суфён Саврий айтадилар: "Тақводор кишилар одатда тақво қилинмаса ҳам бўлаверадиган масалаларда ҳам ўзларини тийганликлари боис тақводор деб номландилар".
Ибн Умар разияллоҳу анҳудан: "Мен ўзим билан ҳаром нарсалар ўртасида аслида ҳалол нарсалардан иборат бир парда қўйиб, уни ҳеч қачон бузмасликни хоҳлар эдим".
Суфён ибн Уяйна айтадилар: "Банда токи ўзи билан ҳаром ўртасида ҳалолдан бўлган бир тўсиқ қўймагунича ҳамда гуноҳ ва шубҳали нарсаларни ҳам тарк қилмагунича иймон ҳақиқатига эриша олмайди".
Абу Бакр разияллоҳу анҳудан собит бўлишича, у киши бир марта билмаган ҳолда шубҳали нарсани еб қўйганлар. Сиддиқ разияллоҳу анҳуга ҳалиги нарсанинг шубҳали эканлиги айтилгач, дарҳол бармоқларини оғзиларига тиқиб, қайт қилиб ташлаганлар.
Иброҳим ибн Адҳамдан:
- Замзам сувидан ичмайсизми? - деб сўрадилар. Шунда у киши:
- Агар ўзимнинг идишим бўлганида, ичардим, - дея жавоб бердилар.
Бу билан у киши ўша идишларнинг ҳаммаси султоннинг молидан эканлигига, султонинг молига эса баъзи мўминлардан зулман олиб қўйилган моллар ҳам аралашганлигига ишора қилган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан Аллоҳ рози бўлсин, уларга чиройли суратда эргашган салафларни ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин. Улар ҳар қандай шубҳадан йироқ бўлдилар ва динларини пок сақладилар.
4. Ҳар қандай подшонинг ўз қўрғони бор, Аллоҳнинг ердаги қўрғони У ҳаром қилган нарсаларидир
Ҳадисда бу масал зикр қилинишидан мақсад одамлар кўра оладиган ва сезги аъзолари ёрдамида билишлари мумкин бўлган нарса мисолида улар кўра олмайдиган, улар идрокидан ташқарида бўлган бошқа нарсани баён қилишдир.
Қадимда араб подшолари ўзларига тегишли чорва молларини боқиш учун алоҳида яйловлар ажратиб қўйганлар ва у ерга бошқалар киришини тақиқлаганлар. Ўз-ўзидан маълумки, подшонинг тақиқидан қўрққан киши чорваларини унинг яйловига кириб қолишидан чўчиб, уларни узоқроқда ўтлатишни афзал кўради. Огоҳлантиришларга эътибор бермаган киши эса подшо яйловларига бемалол яқинлашиб, уларнинг шундай ён-верида молларини ўтлатиб юраверади ва охир-оқибат ўзи истамаган ҳолда моллари подшо яйловларига кириб қолади. Натижада у жазога тортилади.
Аллоҳ субҳонаҳунинг ҳам ерда шундай қўрғони бўлиб, у маъсиятлар ва тақиқланган ишлардан иборат. Шунинг учун, ким бирон маъсият ёки ҳаром иш қилиб қўйса, дунё ва Охиратда Аллоҳнинг жазосига учрайди. Ким шубҳали амалларни қилиб юриш билан бу қўрғонга яқинлашадиган бўлса, тез орада ҳаромга кириб қолиши ҳам мумкин.
5. Қалб салоҳияти
Юрак инсон жисмидаги энг муҳим аъзо бўлгани боис, жасаднинг саломат бўлиши кўп жиҳатдан унга боғлиқдир. Бунга тиббий жиҳатдан ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Инсоннинг тириклиги юрак билан боғлиқ. Модомики, юрак мунтазам равишда барча аъзоларга қон ҳайдаб турар экан, инсон соғ-саломат бўлади.
"Ақл аслида юракда бўлади, инсон миясидаги ақл ҳам аслида юракдаги ақлдандир" деган тушунчага шофеийлар айни ҳадисни далил келтирганлар. Бу сўзларига улар қуйидаги оятни ҳам ҳужжат қилганлар: "...Уларнинг қалблари ҳеч нарсани англамайди..." (Аъроф сураси, 179-оят).
Файласуф ва мутакаллим олимлардан ҳам шунга ўхшаш нақллар ривоят қилинган. Аммо Абу Ҳанифа мазҳабларига кўра ақл миядадир. Табиблар ҳам шундай дейишади. Бунга улар қачон инсон мияси ишдан чиқса, унинг ақлдан озишини ҳужжат қилиб келтирганлар. Тиббиёт ва анатомия илмидан ҳозиргача маълум бўлиб турган нарса шуки, бевосита фикрлаш манбаси мияда жойлашган. Негаки, барча сезги аъзолари миядан содир бўлаётган буйруқларга биноан ишлайди.
Лекин юрак барча аъзолар, жумладан мия ҳаёти учун ҳам бирдан-бир асл манба бўлиб қолаверади. Демак, ҳадис тананинг ҳам, фикрнинг ҳам салоҳиятли бўлишини қалбга боғлаган экан, уни ўша асл манбага боғлагандир. Юқоридаги оятда ақлнинг қалбда деб ишора қилинишига келсак, мия фикрлашнинг тўғридан-тўғри, яқин манбаси бўлиши билан бир қаторда, юрак ҳам унинг узоқроқда жойлашган манбасидир.
Ушбу ҳадисда қалбнинг маънавий салоҳияти назарда тутилган бўлиб, унинг маъноси киши кўнглининг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билолмайдиган энг ичкари жойларидан бошлаб салоҳиятли бўлиши демакдир. Ибн Мулаққиннинг "Ал-Муийн ало тафаҳҳуми Арбаийн" китобида шундай ворид бўлган:
"Қалбнинг салоҳияти беш нарсададир:
1) Қуръонни тадаббур билан ўқиш;
2) Қоринни бўшроқ тутиш (овқатни кўп емаслик);
3) Тунда қоим бўлиб намоз ўқиш;
4) Саҳарда Аллоҳга дуо-тазарруъ қилиш;
5) Солиҳ кишилар суҳбатида бўлиш".
Мен шунга яна бир нарсани - ҳалол луқмани ҳам қўшган бўлардим. Менимча, ана шу нарса барча салоҳиятнинг аслидир. Таомни уруғ десак, амал унинг мевасидир. Агар таом ҳалолдан бўлса, у ҳалол ишлар тарзида мева беради, ҳаромдан бўлса, унинг меваси ҳам ҳаром ишлар бўлиб униб чиқади. Агар таом иштибоҳли бўлиб кирса, шубҳали ишлар тарзида униб чиқади.
Саломат қалб Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида нажот топиш аломати ҳамдир. "У шундай кунки, унда на мол-давлат ва на фарзанд-зурриётлар ёрдам берур. Магар Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келган кишигина нажот топади". (Шўро сураси, 88-89-оятлар).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дуоларида шундай дер эдилар: "Парвардигоро, сендан саломат қалб беришингни сўрайман".
Имом Нававий айтадилар: "Қалбнинг саломат бўлиши - хиёнат, адоват, ҳасад, хасислик, бахиллик, кибр, ўзгалар устидан кулиш, риё, сумъа (машҳурлик), макр, ҳирс, тамагирлик, тақдирдан норози бўлиш каби ички иллатлардан саломат бўлиш билангина ҳосил бўлади".
Ибн Ражаб айтадилар: "Саломат қалб ҳамма офат ва ёмонликлардан соғ бўлган қалб деганидир. Бу эса Аллоҳга муҳаббат билан тўлган, Унинг Ўзидан ҳам, Ундан узоқлаштирадиган ҳар қандай амалдан ҳам қўрқишдан бошқа нарса қолмаган қалб демакдир".
Ҳасан Басрий бир кишига айтдилар: "Қалбингни даволагин. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларидан талаб қилган нарсаси улар қалбларининг саломат бўлишидир".
Қалбнинг фаолияти ўнгланса, қолган аъзолар фаолияти ҳам ўнгланади. Агар қалб солиҳ бўлиб, унда Аллоҳ суйган ишлардан бошқа нарсанинг муҳаббати қолмаса, қолган аъзолар ҳам Аллоҳ таоло ирода этгандан бўлак ишларга ҳаракат қилмайди, Унинг ризосигагина интилади, У ёмон кўрган нарсалардан тийилади. Ҳатто банда Аллоҳ таолонинг бир нарсани ёмон кўришини аниқ билмаса ҳам, У ёмон кўрган ишлар жумласидан бўлиб қолиш эҳтимолидан қўрқиб, ундан узоқлашади.
6. Бу ҳадис мўмин кишини ҳалолга, ҳаромдан узоқлашишга, шубҳали нарсаларни тарк қилишга, дини ва обрўсини пок сақлашга, одамларда ёмон гумон уйғотиши мумкин бўлган амаллардан ўзини йироқ тутишга ва гуноҳларга аралашиб қолмасликка ундайди.
7. Бу ҳадис маънавий қувватларни кучайтиришга, нафсни ичкаридан ислоҳ қилишга бўлган чақириқдир.
8. Бу ҳадис ҳаром ишларга олиб борадиган баҳоналарнинг олдини олишга ундайди.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
БЕШИНЧИ ҲАДИС
Ёмонлик ва бидъатларни рад этиш
5 - عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ أُمِّ عَبْدِ اللهِ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ".
وفي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: "مَنْ عَمِلَ عَمَلا لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدّ"ٌ. (رواه البخاري ومسلم).
5. Уммул мўминин Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у албатта рад этилур".
Имом Муслимнинг ривоятида: "Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад этилур".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу ҳадис Ислом динининг асл қоидаларидан биридир. “Амаллар ниятлар биландир” ҳадиси амалларнинг ички-ботиний тарафи учун мезон ҳисобланиб, агар Аллоҳ толо розилиги мақсад қилинмаган бўлса, ҳеч бир амал учун ажр-савоб йўқ эканлигини англатарди. Бу ҳадис амалларнинг зоҳирий тарафи учун мезон ҳисобланади ва ҳар қандай амал агар Аллоҳ ва Расулининг амри бўлмаган бўлса, қилган кишининг ўзига қайтарилажагини ҳамда кимки динда Аллоҳ ва Расули изн бермаган нарсаларни пайдо қиладиган бўлса, Ислом дини ундан пок эканлигини англатади.
Имом Нававий айтадилар: "Ушбу ҳадисни ёддан билиш ва мункар ишларни қайтаришда уни далил қилиб келтириш керак".
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадиларки: "Бу ҳадис энг сермазмун қоидалардандир. Бирор далилдан шаръий ҳукмни чиқариб олишдан аввал ўша далилни шу қоида асосида текшириб кўриш лозим".
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ислом дини фақат бўйсуниш ва эргашишдир, унда янгича нарсаларни пайдо қилиш мумкин эмас
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу қисқагина ҳадис билан Исломни “ғулув”га кетувчилардан, яъни, динда чуқур кетиб, одамларга Исломни мураккаб қилиб кўрсатиб қўювчилардан ҳамда ботилга эргашувчилардан, яъни Исломга бидъат таълимотларни олиб кирувчилардан ҳимоялаб қўйдилар. Шунинг учун бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган оз сўзлар билан кўп маъноларни ифодалай олиш мўъжизасига бир намуна саналади.
Қуръони каримда ҳам ҳақиқий ютуқ ва нажот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига ҳеч нарсани қўшмасдан ҳамда чуқурлашмасдан эргашишда эканлигига ишора қилувчи оятлар талайгина бўлиб, ушбу ҳадис шу оятларнинг хулосасидир.
"Айтинг: “Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ Ғафур ва Раҳийм Зотдир". (Оли Имрон сураси, 31-оят);
“Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлгагина эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, у сизларни Унинг йўлидан узиб қўяди”.
(Анъом сураси, 153-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп хутбаларида қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинади:
"Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларидир, ишларнинг энг ёмони кейин пайдо қилинган нарсалардир. Зеро, ҳар бир кейин пайдо қилинган нарса бидъатдир, ҳар қандай бидъат эса залолатдир".
(Имом Муслим ривоятлари).
Имом Байҳақий ривоятларидаги ҳадисда эса, худди шу сўзлардан кейин қўшимча: "Ҳар қандай залолат эса дўзахдадир" лафзи ҳам ворид бўлган.
2. Рад этиладиган амаллар
Мазкур ҳадис шоре (Аллоҳ ва Расул) тарафидан буюрилмаган ҳар қандай амал рад этилишига очиқ ҳужжатдир. Унинг мазмунидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
• Барча амаллар шариат аҳкомлари билан чегаралаб қўйилгандир.
• Барча амалларга мукаллаф бандалардан содир бўлаётган ишлар сифатида Аллоҳ таолонинг китобида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ворид бўлган буйруқлар ва қайтариқлар асосида ҳукм берилади.
• Амаллар шаръий аҳкомлар доирасидан чиқиб кетиши ва улар билан чекланмаслиги мумкинмас. Биз ҳар қандай амал борасида шариат берган ҳукмни тан олмоғимиз лозим. Амалларни шариат устидан ҳоким қилиш эса очиқ залолатдир.
• Қачонки одамлар ўзларига ёқиб қолган амал билан шариат устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсалар, ҳар бир мусулмон бундай амални ботил деб билмоғи ва уни кескин рад этмоғи лозим.
Рад этилиши лозим бўлган амаллар икки турли бўлиши мумкин:
Биринчи. Бу турдаги амаллар ибодатларда бўлади. Қайси бир ибодат Аллоҳ ва Расули ҳукмидан четга чиқадиган бўлса, у албатта эгасига қайтарилажак мардуд амалдир.
Аллоҳ Макка мушриклари ҳақида айтадики:
“Ёки уларнинг диндан Аллоҳ таоло изн бермаган нарсаларни ҳам шариатга киргазиб берувчи шериклари борми?..” (Шўро сураси, 21-оят).
Иккинчи. Рад этилиши лозим бўлган амалларнинг иккинчи тури муомалалардадир.
Шариатга буткул зид бўлган ҳар қандай шартнома ва келишув ботил ҳисобланади ва ўз эгасига қайтарилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида содир бўлган қуйидаги воқеа бунга далилдир.
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Менинг ўғлим фалончининг хизматини қилар эди. Ўша кишининг аёли билан зино қилиб қўйибди. Ўғлимни ундан юзта қўй ва бир қул эвазига жазодан қутқариб олдим”, - деб фатво сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Юзта қўйинг билан қул ўзингга қайтарилади. Ўғлингга эса юз дарра урилиб, бир йилга сургун қилинади", - дедилар”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
3. Мақбул амаллар
Динда кейинчалик пайдо қилинган амаллар орасида шариат аҳкомларига зид келмайдиган, балки шаръий далил ва қоидалар уларни қувватлайдиганлари ҳам бор. Бундай амаллар мақбул ва мақтовга сазовор амаллар ҳисобланади. Саҳобаи киромлар ҳам шу каби амалларни жоиз санаганлар. Бу эса улар тарафидан ижмо деб эътироф этилади. Сўзимизга энг ёрқин мисол Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврларида Қуръони каримнинг яхлит китоб шаклида жамланиши ва Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу даврларида шу китобдан нусхалар кўчирилиб, турли ўлкаларга қорилар билан тарқатилишидир. Бундан ташқари, наҳв (синтаксис), фароиз (мерос илми) ва тафсир каби диний фанларнинг алоҳида китоб қилиб жамланиши, ҳадис иснодлари ва матнлари ҳақида баҳс юритувчи илмлар ва шу каби Ислом шариатининг асосий манбалари ҳисобланувчи бошқа назарий билимларнинг яратилиши ҳам таҳсинга сазовор янгиликлардандир. Жамият ривожи ва уммат ислоҳи учун зарур бўлган барча дунёвий илмлар ҳам ана шу қоида доирасига киради.
4. Ёмон бидъат ва яхши бидъат
Юқорида айтиб ўтганларимиздан сўнг қуйидаги хулосага келамиз:
Динда кейинчалик пайдо қилинган амалларнинг Аллоҳ шариатига хилоф бўлганлари ёмон бидъат ва очиқ залолатдир.
Кейин пайдо бўлган амалларнинг шариат доирасидан чиқмаган, унга мувофиқ келганлари мақбул ва мақтовга сазовордир. Уларнинг баъзилари мандуб ё мустаҳаб бўлиши, баъзилари эса ҳатто фарзи кифоя бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун имом Шофеий айтадилар:
"Қуръони каримга, саҳиҳ Суннатга, саҳобаи киромлар ижмосига ёки улардан ворид бўлган саҳиҳ асарга зид равишда пайдо қилинган ҳар қандай янгилик бидъат ва залолатдир. Аммо мазкур манбаларга зид келмайдиган бирон хайр-яхшилик пайдо қилинса, у албатта мақтовга сазовор “бидъат”-янгиликдир".
Ёмон бидъатлар ичида фақатгина макруҳ бўлганлари ҳам бор. Аммо фақат зарар ва фасод келтирадиган ҳамда Исломнинг асл мақсадлари ва аҳкомларига зид бўлган бидъатлар ҳаром қилингандир. Таъкидлаб ўтиш лозимки, бундай бидъатлар кишини очиқ залолатга, қинғирликка ва ҳатто куфрга ҳам етаклайди. Чунончи, илоҳий ваҳийни ва Аллоҳ шариатини инкор этувчи, шариат соясида ҳаёт кечиришни қолоқлик ва заифлик деб билувчи, инсон ўйлаб чиқарган қонунларни ҳоким қилишни талаб этувчи ҳайъатлар ва жамоаларга аъзо бўлиш ҳам одамни куфрга олиб кириб кетиши мумкин.
Шунингдек, сулукда эканини даъво қилиб, шаръий ибодатларга эътиборсиз бўлган, Аллоҳ таолонинг ҳалол ва ҳаром учун қўйган ҳудуд-чегараларига риоя қилмасликка журъат этадиган, "Аллоҳ таоло бутун борлиқ билан бирлашиб кетган" ҳамда "Аллоҳ таоло хоҳлаган махлуқнинг вужудига кириб олиши мумкин" деган куфрона тушунчаларга эътиқод қиладиган жамоаларга қўшилишнинг ҳукми ҳам шундай.
Ҳозирда кўпчилик орасида тарқалган бидъатлардан яна бири қандайдир булоқ, дарахт, мозор каби нарсаларни улуғлаш, табаррук санаш ва уларни фойда ёки зиён келтиришга қодир деб эътиқод қилишдир.
Мушриклар бир сидр дарахтини улуғлашар ва унга қурол-аслаҳаларини осиб қўйишар эди. Шунинг учун улар бу дарахтни Зоти анвот (қуроллар осиладиган дарахт) деб аташарди. Ҳунайн жангидан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар билан бирга ўша сидр дарахти олдидан ўтиб қолдилар. Шунда саҳобалар:
- Ё Расулуллоҳ, анавиларда Зоти анвот бўлгани каби, бизга ҳам Зоти анвот қилиб беринг! – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Аллоҳу акбар!.. Бу Мусо алайҳиссаломга қавми айтган гапнинг ўзгинаси-ку! Улар: “Анавиларнинг илоҳлари бўлгани сингари, бизларга ҳам бир илоҳ қилиб беринг!” дейишган эди, - дедилар. Сўнгра, қўшиб қўйдилар: - Сизлар жоҳиллик қилаётган қавмсизлар, ҳали сизлардан аввал ўтган қавмлар йўлига изма-из эргашасизлар...
5. Имом Муслим ривоятларида келган: “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад қилинур” лафзининг маъноси:
Баъзи кишилар ўзлари бидъат ўйлаб чиқармасалар-да, бошқалар чиқарган бидъатларни қилиб юрадилар. Бундайларга Имом Бухорийнинг "Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса..." ривоятини келтирсангиз саркашлик билан: "Буни мен пайдо қилганим йўқ, шунинг учун қилавераман", - дея жавоб бериши мумкин. Шунда, унга Имом Муслимнинг “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у рад қилинур” ривоятини келтирсангиз, бидъатчи учун узр-баҳоналарга ўрин қолмайди.
6. Ҳадиснинг мазмунидан қуйидаги нарса маълум бўлади:
Ким Ислом шариатига мувофиқ бўлмаган бирон бидъатга асос солса, бошқаларнинг гуноҳи унинг зиммасига юкланади, амали ўзига қайтарилади ва Аллоҳ Таолонинг азоби ваъда қилинган кишилар қаторига киради.
7. Ҳадис мазмунидан қуйидаги фиқҳий қоида ҳам келиб чиқади:
Бирон амалдан қайтариш шу амал бажарилган тақдирда, унинг фосид саналишини ва эътиборга олинмаслигини билдиради.
8. Ислом дини комил ва бенуқсон диндир.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
ТЎРТИНЧИ ҲАДИС
Инсоннинг яралиш босқичлари ва унинг хотимаси
4 - عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَثَّنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ: "إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ خَلْقُهُ في بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا نُطْفَةً، ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يُرْسَلُ إِلَيْهِ الْمَلَكُ، فَيَنْفُخُ فِيهِ الرُّوحَ، وَيُؤْمَرُ بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ: بِكَتْبِ رِزْقِهِ، وَأَجَلِهِ، وَعَمَلِهِ، وَشَقِيٌّ أَوْ سَعِيدٌ، فَوَاللهِ الَّذِي لا إلهَ غَيْرُهُ إِنَّ أَحَدَكُمْ ليَعْمَلُ بِعَمَلِ أهْلِ الْجَنَّةِ حَتَى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُهَا. وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا". (رواه البخاري ومسلم).
Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Бизга барча ишлари ва сўзлари ҳаққу рост бўлган ва Аллоҳ тарафидан ҳақ ваъда олишга мушарраф бўлган зот - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисни айтганлар: "Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув ("нутфа") ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон ("алақа") ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт ("музға") ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани - ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади.
Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув вақти етиб, у дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади. Сизларнинг яна бировингиз дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув ғолиб келиб, у инсон жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу улуғ ҳадис инсоннинг яратилиш чоғидан ва дунё ҳаётига қадам қўйишидан бошлаб то саодат олами бўлмиш жаннатга ёки шақоват олами бўлмиш дўзахга абадий кириб кетадиган вақти етиб келгунга қадар бўлган барча ҳолатларини ўз ичига олган. Ҳадисда инсоннинг Охиратда жаннат ёки дўзахга кириши унинг дунё ҳаётида касб қилган амалларига биноан содир бўлиши ва инсоннинг қандай амаллар қилишини эса Аллоҳ таоло азалда билиб, тақдир қилгани ва шунга биноан ҳукм чиқаргани ҳам баён қилинади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Она қорнида боланинг ривожланиш босқичлари
Ушбу ҳадис фарзанднинг она қорнида ҳар бири қирқ кундан иборат уч босқични бошдан ўтказишига далолат қилади. Шундай қилиб, ҳомила биринчи қирқ кунликда "нутфа", иккинчисида "алақа", учинчисида "музға" ҳолида бўлади. Бир юз йигирма кун ўтгач, фаришта унга жон пуфлайди ва ҳадисда зикр қилинган тўрт нарсани ёзиб қўяди. "Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, (у ҳолда ўзингизнинг қандай яралганингизга бир назар солинг) Биз сизни тупроқдан, сўнгра "нутфа"дан, сўнгра "алақа", сўнгра эса "музға"дан яратдик..." (Ҳаж сураси, 5-оят); "Дарҳақиқат, биз инсонни лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда бир томчи сув ҳолида ўрнаштирдик. Сўнг бу сувдан лахта қонни яратдик, лахта қондан парча гўштни яратдик, парча гўштдан суякларни халқ қилиб, бу суякка гўшт қопладик. Сўнгра уни (жонсиз моддадан фарқли) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ баракотли - муқаддасдир".
(Мўминун сураси, 12-13-оятлар).
Ҳадисдаги мазкур тўрт босқичдан ташқари, оятда Аллоҳ таоло яна уч босқични зикр қилди. Шундай қилиб, босқичлар еттига етди. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу "Одам фарзанди етти босқичда яратилди" деб, сўнггидан шу оятни тиловат қилар эдилар.
Аллоҳ таоло инсонни бир лаҳзада комил яратиб қўйишга қодир бўла туриб, айнан шу тартиб билан, бир ҳолдан бошқасига аста-секинлик билан ўтказиб яратди. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таолонинг бепоён коиноти қандай қилиб сабаб-омиллар ва шу омилларни келтириб чиқарувчи кучлар воситасида ва яна ҳар қандай ишдан олдин муҳайё этилиши лозим бўлган муқаддималар ва уларнинг натижалари ўлароқ яратилган бўлса, инсоннинг яратилиш жараёни ҳам шу низомга мос тушиши, тўғри келиши керак эди. Аллоҳ таолонинг қудратини баён қилиш учун ҳам шу услуб гўзалроқ ва ўринлироқдир.
Бундан ташқари, бу тадрижийлик (босқичма-босқичлик) бандаларнинг ўз ишларида оғир-вазмин бўлишлари ва шошқалоқликдан йироқ бўлишлари учун Аллоҳ таоло берган ўзига хос таълим-тарбия ҳамдир. Инсон зоҳирий камолотга етгунга қадар яратилиш чоғида ҳам, ундан кейин ҳам бир қанча босқичларни босиб ўтади. Шундай экан, унинг маънавий камолоти ҳам айни шу тадрижий услуб билан вужудга келади. Мазкур ҳадис шунга ишора қилади. Киши ўзининг юриш-туришида ҳам шу услубни қўллаши лозим. Акс ҳолда у пала-партишлик билан иш тутган бўлади ва мақсадга етиши қийинлашади.
2. Жон (руҳ) пуфланиши
Уламолар эр-хотин қўшилишидан кейин бир юз йигирма кун ўтгач, яъни тўрт ой ўтиб бешинчи ойга киргач, она қорнидаги болага руҳ пуфланиши, яъни, жон киргизилиши муқаррар эканига иттифоқ қилганлар. Бу кузатув ёрдамида қўлга киритиш мумкин бўлган илмий ҳақиқат бўлиб, фарзанднинг отаси ким эканлигини аниқлаш ҳамда қачон нафақа вожиб бўлиши каби бир қанча аҳкомларда шу муддатга суянилади. Ҳомилага жон пуфлангани она бачадонида унинг қимирлаб ҳаракатланиши билан аниқланади. Эри вафот этган аёлнинг идда сақлаш муддати тўрт ою ўн кун этиб белгиланишидаги ҳикмат ҳам ана шундадир. Чунки айни шунча муддат ўтиши билангина аёл қорнида ҳомила аломатлари бор-йўқлиги аниқ билинади.
Руҳ фақат ўша билангина инсон тирик бўла оладиган, Аллоҳ таолонинг амридан бўлган, моҳияти фақат Унинг ўзигагина маълум бўлган нарсадир.
"(Эй Муҳаммад), Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Руҳ ёлғиз Раббим биладиган ишлардандир. Сизларга жуда оз илм берилгандир". (Исро сураси, 85-оят).
Имом Нававийнинг "Саҳиҳи Муслим"га ёзган шарҳларидан: "Руҳ намликнинг яшил новда билан чамбарчас бирикиб кетгани сингари баданда сизиб юрадиган юмшоқ, латиф жисмдир."
Имом Ғаззолий эса "Иҳёи улумид-дин" китобида ёзадилар: "Руҳ баданда ҳаракат қилиб юрувчи, аразлардан (яъни ранг, ҳид каби ноаслий сифатлардан) холи бўлган жавҳардир".
3. Болани олдириб ташлаш ҳаромдир
Болага жон пуфланганидан сўнг уни олдириб ташлаш, яъни ҳомиланинг она бачадонида ўрнашгани аниқ бўлгач, сунъий йўл билан чиқариб ташлашнинг ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилганлар. Улар бу ишни хилқати тўла-тўкис яратиб бўлинган ва тириклиги кўриниб турган жонзотга қарши қилинган жиноят бўлганлиги учун мусулмон кишига ҳаром деб эътибор қилганлар. Бола олиб ташланаётган вақтда она қорнидан тирик ҳолда тушиб, кейин ўлган бўлса, товон тўланади, агар ўзи ўлик ҳолда тушган бўлса, ундан бироз камроқ молиявий жарима солинади.
Жон киритилмасидан аввал болани олдириб ташлаш ҳам ҳаромдир. Кўпчилик фуқаҳолар шу мазҳабдадирлар. Бунга далил бачадонда нутфа ўрнашиши биланоқ яратилиш жараёни бошланишига ишора қиладиган саҳиҳ ҳадислардир. Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Нутфа (бачадонда ўрнашганидан сўнг) қирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ таоло бир фариштани юборади. Бас, у фаришта унга шакл-сурат беради, унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади".
(Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий "Жомеул-улум вал-ҳикам" китобида айтадилар: "Бир гуруҳ фуқаҳолар аёл кишига қорнидаги болани олиб ташлашга, агар унга ҳали жон пуфланмаган бўлса, рухсат берганлар ва уни азл (эрлик уруғини аёлнинг авратидан ташқарига ташлаш) ҳукмида бўлади деб айтганлар. Лекин бу заиф қавлдир. Чунки бу ҳолда бола яратилиш жараёнига кириб бўлган ва эҳтимол бирон суратга эга бўлишга ҳам улгурган бўлади. Азлда эса, бола ҳали мутлақо вужудга келмаган бўлади. Лекин гоҳида, агар Аллоҳ таоло фарзандни яратишни ирода қилган бўлса, бу азл ҳам унинг вужудга келишини тўса олмайди".
Имом Ғаззолий "Иҳёи улумид-дин" китобида айтадилар: "Азл - фарзандни олиб ташлаш ёки тириклайин кўмиш каби эмас. Чунки ҳомилани олиб ташлаш вужудга келган жонга нисбатан қилинган жиноятдир. Вужудга келишнинг бир неча босқичлари бордир. Унинг биринчи босқичи «нутфа» бачадонга тушиб, аёлнинг суви билан аралашиши ва ҳаётни қабул қилишга тайёр бўлиб туриши бўлиб, бу ҳолатни бузиш жиноятдир. Агар «нутфа» лахта қон ҳолига келиб қолган бўлса, буни бузишнинг жинояти янада хунуклашади. Энди, унга жон пуфланиб, хилқати тўла-тўкис яратилиб бўлган бўлса, жиноят бундан ҳам баттар бўлади. Жиноятнинг энг хунуги эса алоҳида тирик жон бўлиб ажралганидан кейингисидир".
4. Аллоҳ таолонинг илми
Аллоҳ таоло халқларнинг барча аҳволларини уларни яратмасдан аввалданоқ билади. Бандалар тарафидан иймон ёки тоат, куфр ёки маъсият содир бўлса, шуни Аллоҳ таоло аввалдан билган ва шундай бўлишини ирода қилгандир. Аллоҳ таоло тақдирни қадимдаёқ битиб қўйгани ҳақида сўз юритувчи оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Туғилиб дунёга келган қандайин жон бўлмасин, унинг жаннатда ёки дўзахда бўладиган ўрнини Аллоҳ таоло албатта тақдирда битиб қўйган бўлади ва унинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини ҳам албатта ёзиб қўйган бўлади.
Шунда бир киши:
- Ё Расулаллоҳ! Ундай бўлса, амални тарк қилиб, тақдирга таяниб, таслим бўлиб ўтираверсак бўлмайдими? - деб сўради.
- Сизлар амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади, - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қуйидаги оятни тиловат қилдилар:
"Бас, кимки (закот ва садақаларни) берса ва тақво қилса ҳамда гўзал калима-тавҳидни тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Кимки бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал калимани ёлғон деса, Биз уни оғир йўлга "муяссар" қилурмиз!".
(Лайл сураси, 5-10-оятлар).
(Имом Бухорий ривоятлари).
5. Тақдирни ҳужжат қилиш
Аллоҳ таоло бизни Ўзига иймон келтириб, Унга итоат этишга буюрди ҳамда Унга куфр келтириб, маъсият қилишдан қайтарди. Бизнинг зиммамизга юклатилган нарса шундан иборатдир. Аммо бизнинг фойдамиз ёхуд зиёнимизга тақдир этиб, битиб қўйилган нарсаларга келсак, бу биз учун номаълум бўлиб, биз уни суриштиришдан масъул эмасмиз. Бас шундай экан залолат, куфр ёки фисққа гирифтор бўлган киши ўз қилмишларини Аллоҳ таоло "унинг пешонасига ёзиб қўйгани ва шундай бўлишини Унинг ўзи хоҳлаганини" баҳона қилиши нолойиқдир.
"Айтинг: "(Хоҳлаган) амални қилинглар, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турадилар..." (Тавба сураси, 105-оят).
Бироқ, тақдир этилган мусибат амалда содир бўлиб ўтганидан сўнг тасалли учун тақдирни ҳужжат қилишга рухсат этилади. Чунки мўмин киши Аллоҳ таолонинг қазо-қадарига таслим бўлиб, бўйсуниши билан хотиржамлик топади. Зеро, Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар қандай фойда ёки зиён аслида мўминнинг фойдасига ишлайди.
6. Амаллар хотимасига қараб белгиланади
Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Амаллар фақат хотимасига қараб белгиланади".
(Имом Бухорий ривоятлари).
Яъни бир кишининг ҳаёти охирида иймонли ва тоат-ибодатли бўлиши тақдир этилган бўлса, ҳаётида маълум муддат кофир ёки осий бўлиб юрса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда Аллоҳ таолонинг Ўзи унга иймон ва тоат-ибодат учун тавфиқ беради ва ўша аҳволда жон бериб, жаннатга киради.
Яна бир киши эса умрининг охирида кофир ёки фосиқ бўлиб қолиши тақдир этилган бўлса, ҳаётининг маълум қисмини иймонда ва тоат-ибодатда кечирса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда, шу банданинг ўз иродаси ва касб қилган амали туфайли Аллоҳ таол уни ёрдамсиз қўяди-да, банда куфр калимасини айтиб қўяди ёки дўзах аҳли амалларидан бирини қилиб жон беради ва дўзахга киради.
Шунинг учун инсон зоҳирда иймон ва тоат-ибодатда бўлиб кўринаётганидан мағрурланмаслиги керак. Шунингдек, инсоннинг зоҳирда кофир ёки осий-фосиқ бўлиб кўринаётганидан умидсизланиш ҳам яхши эмас. Чунки хулоса ҳамма нарсанинг охирги натижасига қараб чиқарилади.
Демак, Аллоҳ таолодан бизни ҳақ йўлда собит қилишини ва ҳаётимизга гўзал хотима ясашини сўраб дуо қилмоғимиз лозим.
7. "Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, менинг қалбимни ўз динингда собит қилгин!"
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Барча одам фарзандларининг қалблари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртасида худди битта қалб мисоли кабидир, уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр". Кейин эса дуо қилдилар: “Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, қалбларимизни ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!”
(Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Ҳаётнинг ёмон хотима билан якунланиши кишининг ичида одамларга кўринмайдиган, ташқаридан билинмайдиган бир махфий иллат борлиги туфайли бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бундай бўлишидан асрасин! Шунингдек, киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юрса-да, ичида махфий бир яхши хислати бор бўлиши ва ҳаётининг охирида ана шу хислати унга ғолиб келиб, гўзал хотима билан вафот этиши мумкин".
Абдулазиз ибн Довуд айтадилар: “Ўлим тўшагида ётган бир кишининг ҳузурига бордим. Унга калимаи шаҳодатни талқин қилишаётган эди. Шунда ҳалиги киши бу калимага ишонмаслигини айтди. Ўша киши ҳақида сўраб-суриштирсам, ароққа муккасидан кетган экан”. Шунинг учун Абдулазиз ибн Довуд: “Гуноҳлардан сақланинглар, ўша кишини дўзахга қулатган нарса ҳам худди шу нарса бўлди”, - деб айтардилар.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.
УЧИНЧИ ҲАДИС
Ислом рукнлари ва буюк асослари
3 - عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: سمعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "بُنيَ الإِسْلاَمُ عَلى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لا إلهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقاَمِ الصَّلاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ الْبَيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضاَن"َ. (رواه البخاري ومسلم).
3. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумодан ривоят:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ислом беш нарса устига барпо қилингандир:
Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни адо этиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон ойида рўза тутиш".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Исломнинг асосий қоидаларидан бири саналган, дин аҳкомларининг кўпини ўзида жамлаган ушбу ҳадис мўминларга Ислом динини ва унинг асосларини танитади. Дин арконлари тартибини баён қилиб беради.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Исломнинг мустаҳкам пойдеворлар устига қурилган бинога ўхшатилиши ва диннинг барқарорлиги ушбу пойдеворларнинг пухталигига боғлиқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Исломни қабул қилиш билан инсон куфр доирасидан чиқади ва шу билан жаннатга киришга ва дўзахдан сақланишга сазовор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадисда ана шу динни мустаҳкам ва ўзгармас пойдеворлар устига қурилган пишиқ-пухта иморатга ўхшатдилар, ҳамда бу пойдеворлар нималар эканлигини бирма-бир баён қилиб бердилар:
а) "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расулидир", деб гувоҳлик бериш.
Бу шаҳодатнинг маъноси Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига иқрор бўлиб, Уни тан олмоқ ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси эканликларини тасдиқ этмоқдир. Бу рукн Исломнинг қолган рукнларига нисбатан асос кабидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мен одамлар токи "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг Расулидир" деб гувоҳлик бермагунларича, улар билан курашишга буюрилдим".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
"Ким ихлос билан "Лаа илааҳа иллаллоҳ" (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) деган бўлса, жаннатга киради".
(Баззор ривоятлари).
б) Намозни барпо қилиш
Яъни намозни доим ўз вақтида, шартлари ва рукнларини мукаммал бажарган, ҳамда суннат ва одобларига тўла риоя этган ҳолда адо этишга интилиш. Чунки, ана шунда мусулмон кишининг ўқиган намози ўз самарасини беради. Натижада у фаҳш ва мункар ишларни тарк қилади. "... Ва намозни тўкис адо этинг. Албатта намоз фаҳш (бузуқлик) ва мункардан тўсур". (Анкабут сураси, 45-оят).
Намоз мусулмоннинг шиори, аломатидир. Зеро, айнан намоз билан мўмин киши бошқалардан ажралиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Киши билан ширк ва куфр ўртасида намозни тарк қилиш фарқи бор, холос".
(Муслим ва бошқалар ривоятлари);
"Намоз диннинг устунидир". (Абу Нуайм ривоятлари).
в) Закотни адо этиш
Мусулмон кишининг моли нисобга етса ва шу миқдордан бир йил давомида камаймаган бўлса, унинг қирқдан бирини закот учун ажратади ва у Қуръони каримда зикр қилинган саккиз тоифага берилади.
Закот олишга ҳақли бўлган саккиз тоифа қуйидагилар:
1) Камбағаллар (моли нисобга етмаганлар);
2) Мискинлар (фақат кундалик озиқ-овқатга етарли маблағи бўлган қашшоқлар);
3) Закотни йиғишга, сақлашга ва тарқатиш ишига жалб қилинганлар;
4) Қалбини Исломга ошно қилинаётган иймони заиф мусулмонлар ёки кофирлар;
5) Озодликка интилаётган қуллар;
6) Қарздорлар;
7) Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилувчилар;
8) Ватанига қайтиб кетиш учун маблағ топа олмаётган мусофирлар.
Аллоҳ таоло мўминлар васфида айтади: "Улар закотни адо қилгувчи кишилардир." (Мўминун сураси, 4-оят);
"Улар - мол-мулкларида тиланчилар ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ бўлган зотлардир". (Маориж сураси, 24-25-оятлар).
Закот молиявий ибодатдир. Унинг ёрдами билан жамиятда ижтимоий адолат вужудга келади, камбағаллик ва ночорлик муаммолари ўзининг тўғри ечимини топади, мусулмонлар ўртасида ўзаро муҳаббат, ҳамдардлик, ҳурмат туйғулари пайдо бўлади.
г) Ҳаж
Ҳаж ойлари саналмиш Шаввол, Зулқаъда ойларида ва Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида Масжидул-ҳаром ва Арафот тоғига бориб, у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган бир неча махсус ибодатларни бажариш ҳаж дейилади. Ҳаж хусусан олганда ҳар бир мусулмон учун, умуман эса бутун мусулмон жамияти учун кўп фойдалар келтирадиган молиявий ва баданий ибодатдир. Бундан ташқари, у ўзига хос улкан исломий анжуман бўлиб, турли ўлкаларда истиқомат қилувчи мусулмонларнинг учрашиб, кўришишлари учун қулай фурсатдир.
Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенинг даъватингга жавобан пиёда ҳолларида ва йироқ йўллардан келаётган ориқ, ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзларининг диний-дунёвий манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум қурбонлик кунларида Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва молларини (қурбонлик қилиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам енглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар". (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).
Шу айтилганларга кўра ҳажнинг ажр-савоби жуда каттадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мабрур (мақбул) ҳаж учун жаннатдан ўзга савоб йўқдир".
Ҳаж ибодати ҳижратнинг олтинчи йилида қуйидаги оят ҳукми билан фарз қилинган: "Йўлга қодир бўлган кишиларга Аллоҳ учун мана шу уйни (Байтуллоҳни) ҳаж қилиш фарздир". (Оли Имрон сураси, 97-оят).
д) Рамазон ойида рўза тутиш
Рўза ҳижратнинг иккинчи йилида қуйидаги оят билан фарз қилинди: "Бу Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса (яъни сафарда бўлмаса), рўза тутсин". (Бақара сураси, 185-оят).
Рўза киши қалбининг покланишига, унинг руҳий юксалишига ва жисмоний соғлом бўлишига сабаб бўладиган ибодатдир. Бундан ташқари, ким Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Унинг розилигини истаб рўза тутса, гуноҳлари ювилиб, жаннатга киришига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким Рамазон ойида иймон билан ва ажр умидида рўза тутса, унинг барча аввалги гуноҳлари мағфират этилади". (Бухорий ривоятлари).
2. Ислом арконларининг бир-бирига боғлиқлиги
Шу арконларнинг барчасига амал қилган киши комил иймонли мусулмондир. Барчасини тарк қилган кимса қатъий равишда кофирдир. Шунингдек, Ислом арконларидан биронтасини инкор этган кишининг ҳам кофир эканлигига уламолар ижмо қилганлар.
Аммо барча арконларни ҳақ деб эътиқод қилиб, бирортасига эътиборсизлик қилган кимса фосиқдир. Албатта биринчи рукн бундан мустасно. Чунки калимаи шаҳодатга эътиборсиз бўлган киши кофир дейилади.
Ким бу амалларни тили билан тасдиқлаб, аъзолари билан адо этсаю лекин буни ҳақ деб эътиқод қилгани учун эмас, балки мусулмонларга хушомадгўйлик учун қилса, уни мунофиқ дейилади.
3. Ибодатларни қилишдан мақсад
Исломда ибодатларни қилишдан мақсад уларнинг қуруқ суратлари ва шаклларини юзага чиқариш эмас, балки улардан кўзланган ҳикмат ва маъноларни рўёбга чиқариш ҳамдир. Шунинг учун мўмин кишини ўқиган намози фаҳш ва мункар ишлардан қайтармас экан, унинг учун ўқиган намозидан ҳеч қандай манфаат йўқ. Худди шунингдек рўзаси давомида ёлғон гапиришни тарк қилмаган киши учун тутган рўзаси бефойдадир. Риё учун (хўжакўрсинга), “сумъа” учун (одамлар эшитсинга) бажарилган ҳажнинг ва шу мақсадда берилган закотнинг қабул қилинмаслиги ҳам шунга ўхшайди.
Лекин, бу гапнинг маъноси мусулмон киши агар бирон ибодатдан кўзланган мақсадни аниқ ҳосил қилишга кўзи етмаётган бўлса, ўша ибодатни тарк қилса ҳам бўлаверади дегани эмас, албатта. Балки мусулмон киши барча ибодатларини ихлос билан бажаришга интилсин ва шу ибодатларидан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилсин.
4. Ҳадисда иймон шохобчаларининг айримлари санаб ўтилган
Мазкур амаллар аҳамияти эътибори билан юқори тургани учун алоҳида санаб ўтилди. Ҳолбуки булардан бошқа иймон шохчалари ҳам кўпдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Иймон етмишдан ортиқ шохчадан иборатдир". (Муттафақун алайҳ).
5. Ислом ақида ва амалдан иборат яхлит нарсадир
Ислом кишидан ҳеч қандай амал талаб қилмайдиган қуруқ ақидалар мажмуаси ёки ҳеч қандай ақидаларга ишонмаган ҳолда кўр-кўрона бажарилаверадиган амаллар йиғиндиси ҳам эмас.
Негаки, Исломнинг биринчи рукни динда саҳиҳ ақида зарурлигига далолат қилса, қолган тўрт рукни Исломда албатта амаллар ҳам бўлмоғи шартлигига ишорадир. Шунинг учун эътиқодсиз қилинган амалларнинг фойдаси йўқ ва ўз навбатида амалсиз қуруқ эътиқод ҳам бўлиши мумкин эмас.
Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.