Имом Нававий муқаддималари

Rate this item
(1 Vote)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Имом Нававий муқаддималари

Барча мақтов оламлар Парвардигори Аллоҳга хосдир. У осмонлар ва ерларни тутиб турувчи ва жамики халойиқни бошқарувчи, мукаллафларни ҳидоят этмоқ ва дин йўл-йўриқларини баён этмоқ учун қатъий далиллар ва очиқ ҳужжатлар билан элчилар юборувчи Зотдир. У Зотга барча неъматлари учун ҳамд айтаман ва Ундан фазли-карамини янада зиёда этишини сўрайман. Гувоҳлик бераманки, сарваримиз Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва элчисидирлар. Махлуқлар афзали бўлган бу киши Унинг ҳабиби ва халилидирлар. У зот йиллар кетидан йиллар ўтса ҳам давомли мўъжиза бўлиб қолувчи азиз Қуръон ва тўғри йўл изловчилар йўлини ёритувчи суннатлар билан мукаррам этилмиш, “жавомеул калим” ва бағри кенг дин билан хосланмишдир. У кишига ҳамда бошқа пайғамбар ва элчиларга, ҳаммаларининг аҳли-оилаларига ва жамики солиҳ кишиларга Аллоҳнинг дуруд ва саломлари бўлсин.
Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Абу Дардо, Ибн Умар, Ибн Аббос, Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра ва Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳумдан кўп йўллар ва турли хил ривоятлар билан бизга етиб келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки менинг умматим учун унинг дин ишидан бўлган қирқта ҳадисимни сақлаб берса, Қиёмат куни Аллоҳ уни фақиҳ ва олимлар гуруҳида тирилтиради”. Бир ривоятда “Аллоҳ уни фақиҳ, олим қилиб тирилтиради” дейилган. Абу Дардо ривоятларида “Мен Қиёмат куни унинг учун шафоатчи ва гувоҳ бўламан”, Ибн Масъуд ривоятларида “Унга: жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кир, дейилади”, Ибн Умар ривоятларида эса “У олимлар гуруҳига ёзилади ва шаҳидлар ичида тирилтирилади”, дейилган. Мазкур ҳадиснинг йўллари кўп бўлса-да ҳофизлар унинг заиф ҳадис эканлигига иттифоқ қилишган. Олимлар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – шу бобда сон-саноқсиз китоблар ёзишган. Шундай китобни тасниф этган мен билган энг биринчи киши Абдуллоҳ ибн Муборакдир. Сўнгра раббоний олим Муҳаммад ибн Аслам ат-Тусий, сўнгра Ҳасан ибн Суфён ан-Насоий, Абу Бакр ал-Ожуррий, Абу Бакр ибн Иброҳим ал-Асфаҳоний, Дориқутний, Ҳоким, Абу Нуайм, Абу Абдурраҳмон Суламий, Абу Саид Молийний, Абу Усмон Собуний, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ансорий, Абу Бакр Байҳақий ва олдингию кейинги халойиқлардан сонсиз кишилар шундай ишга киришганлар.
Мен ана шу улуғ намояндалар ва Ислом ҳофизларига иқтидо юзасидан қирқ ҳадисни жамлаш тўғрисида Аллоҳдан истихора қилдим. Олимлар фазилатли амалларда заиф ҳадисга амал қилишнинг жоизлигига иттифоқ қилганлар. Шунга қарамай мен бу ҳадисга эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадислардаги “Ҳозир бўлганингиз ғойиб бўлганингизга етказинг” ва “Менинг сўзимни эшитиб, уни сақлаган ва эшитганидек етказган кишининг юзини Аллоҳ нурли қилсин” деган сўзларига таянаман.
Олимлардан баъзилари қирқ ҳадисни дин асллари борасида, баъзилари фуруъда, баъзилари жиҳод борасида, баъзилари зоҳидлик, баъзилари одоб ва яна баъзи бировлари хутбалар борасида тўпладилар. Буларнинг бари дуруст мақсадлардир, Аллоҳ шу мақсад эгаларидан рози бўлсин. Мен буларнинг барчасидан ҳам муҳимроқ бўлган қирқ ҳадисни жамлашни маъқул кўрдим. Бу эса мана шуларнинг ҳаммасини қамраган қирқ ҳадисдир. Уларнинг ҳар бири диннинг буюк қоидаларидан бўлиб, олимлар уни диннинг таянчи, ё Исломнинг ярми ё учдан бири ёки шу каби сўзлар билан сифатлаган бўладилар.
Ҳамда мен бу “Қирқ ҳадис”нинг саҳиҳ бўлиши ва унинг катта қисми Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида мавжуд бўлишига риоя этаман, уларни ёдлаш қулай бўлиши ва оммага фойдаси тегиши учун санадларини тушириб юборилган ҳолда зикр қиламан, иншоаллоҳ. Сўнгра тушунарсиз лафзларни аниқлашга бағишланган бобни келтираман.
Бу ҳадислар муҳим вазифаларни ўз ичига олгани ва жамики тоатларга эътиборни тортгани туфайли Охиратга рағбат қилган ҳар бир киши уларни билиши керакдир. Улар устида тафаккур қилган киши учун мазкур хусусият равшандир.
Таянчим фақат Аллоҳдир, у Зотгагина ишимни ҳавола этаман ва суянаман. Ҳамд ва неъмат фақат Уникидир, тавфиқ ва хатодан поклик фақат Ундандир.

islom.uz © 2003-2024.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Яндекс.Метрика

 

 

Masjid.uz.
Отличные.