УЧИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

УЧИНЧИ ҲАДИС
Ислом рукнлари ва буюк асослари

3 - عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: سمعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "بُنيَ الإِسْلاَمُ عَلى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لا إلهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقاَمِ الصَّلاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ الْبَيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضاَن"َ. (رواه البخاري ومسلم).

3. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумодан ривоят:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ислом беш нарса устига барпо қилингандир:
Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни адо этиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон ойида рўза тутиш".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Исломнинг асосий қоидаларидан бири саналган, дин аҳкомларининг кўпини ўзида жамлаган ушбу ҳадис мўминларга Ислом динини ва унинг асосларини танитади. Дин арконлари тартибини баён қилиб беради.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Исломнинг мустаҳкам пойдеворлар устига қурилган бинога ўхшатилиши ва диннинг барқарорлиги ушбу пойдеворларнинг пухталигига боғлиқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Исломни қабул қилиш билан инсон куфр доирасидан чиқади ва шу билан жаннатга киришга ва дўзахдан сақланишга сазовор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадисда ана шу динни мустаҳкам ва ўзгармас пойдеворлар устига қурилган пишиқ-пухта иморатга ўхшатдилар, ҳамда бу пойдеворлар нималар эканлигини бирма-бир баён қилиб бердилар:
а) "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расулидир", деб гувоҳлик бериш.
Бу шаҳодатнинг маъноси Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига иқрор бўлиб, Уни тан олмоқ ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси эканликларини тасдиқ этмоқдир. Бу рукн Исломнинг қолган рукнларига нисбатан асос кабидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мен одамлар токи "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳнинг Расулидир" деб гувоҳлик бермагунларича, улар билан курашишга буюрилдим".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
"Ким ихлос билан "Лаа илааҳа иллаллоҳ" (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) деган бўлса, жаннатга киради".
(Баззор ривоятлари).
б) Намозни барпо қилиш
Яъни намозни доим ўз вақтида, шартлари ва рукнларини мукаммал бажарган, ҳамда суннат ва одобларига тўла риоя этган ҳолда адо этишга интилиш. Чунки, ана шунда мусулмон кишининг ўқиган намози ўз самарасини беради. Натижада у фаҳш ва мункар ишларни тарк қилади. "... Ва намозни тўкис адо этинг. Албатта намоз фаҳш (бузуқлик) ва мункардан тўсур". (Анкабут сураси, 45-оят).
Намоз мусулмоннинг шиори, аломатидир. Зеро, айнан намоз билан мўмин киши бошқалардан ажралиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Киши билан ширк ва куфр ўртасида намозни тарк қилиш фарқи бор, холос".
(Муслим ва бошқалар ривоятлари);
"Намоз диннинг устунидир". (Абу Нуайм ривоятлари).
в) Закотни адо этиш
Мусулмон кишининг моли нисобга етса ва шу миқдордан бир йил давомида камаймаган бўлса, унинг қирқдан бирини закот учун ажратади ва у Қуръони каримда зикр қилинган саккиз тоифага берилади.
Закот олишга ҳақли бўлган саккиз тоифа қуйидагилар:
1) Камбағаллар (моли нисобга етмаганлар);
2) Мискинлар (фақат кундалик озиқ-овқатга етарли маблағи бўлган қашшоқлар);
3) Закотни йиғишга, сақлашга ва тарқатиш ишига жалб қилинганлар;
4) Қалбини Исломга ошно қилинаётган иймони заиф мусулмонлар ёки кофирлар;
5) Озодликка интилаётган қуллар;
6) Қарздорлар;
7) Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилувчилар;
8) Ватанига қайтиб кетиш учун маблағ топа олмаётган мусофирлар.
Аллоҳ таоло мўминлар васфида айтади: "Улар закотни адо қилгувчи кишилардир." (Мўминун сураси, 4-оят);
"Улар - мол-мулкларида тиланчилар ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ бўлган зотлардир". (Маориж сураси, 24-25-оятлар).
Закот молиявий ибодатдир. Унинг ёрдами билан жамиятда ижтимоий адолат вужудга келади, камбағаллик ва ночорлик муаммолари ўзининг тўғри ечимини топади, мусулмонлар ўртасида ўзаро муҳаббат, ҳамдардлик, ҳурмат туйғулари пайдо бўлади.
г) Ҳаж
Ҳаж ойлари саналмиш Шаввол, Зулқаъда ойларида ва Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида Масжидул-ҳаром ва Арафот тоғига бориб, у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган бир неча махсус ибодатларни бажариш ҳаж дейилади. Ҳаж хусусан олганда ҳар бир мусулмон учун, умуман эса бутун мусулмон жамияти учун кўп фойдалар келтирадиган молиявий ва баданий ибодатдир. Бундан ташқари, у ўзига хос улкан исломий анжуман бўлиб, турли ўлкаларда истиқомат қилувчи мусулмонларнинг учрашиб, кўришишлари учун қулай фурсатдир.
Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенинг даъватингга жавобан пиёда ҳолларида ва йироқ йўллардан келаётган ориқ, ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзларининг диний-дунёвий манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум қурбонлик кунларида Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва молларини (қурбонлик қилиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам енглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар". (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).
Шу айтилганларга кўра ҳажнинг ажр-савоби жуда каттадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мабрур (мақбул) ҳаж учун жаннатдан ўзга савоб йўқдир".
Ҳаж ибодати ҳижратнинг олтинчи йилида қуйидаги оят ҳукми билан фарз қилинган: "Йўлга қодир бўлган кишиларга Аллоҳ учун мана шу уйни (Байтуллоҳни) ҳаж қилиш фарздир". (Оли Имрон сураси, 97-оят).
д) Рамазон ойида рўза тутиш
Рўза ҳижратнинг иккинчи йилида қуйидаги оят билан фарз қилинди: "Бу Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса (яъни сафарда бўлмаса), рўза тутсин". (Бақара сураси, 185-оят).
Рўза киши қалбининг покланишига, унинг руҳий юксалишига ва жисмоний соғлом бўлишига сабаб бўладиган ибодатдир. Бундан ташқари, ким Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Унинг розилигини истаб рўза тутса, гуноҳлари ювилиб, жаннатга киришига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Ким Рамазон ойида иймон билан ва ажр умидида рўза тутса, унинг барча аввалги гуноҳлари мағфират этилади". (Бухорий ривоятлари).

2. Ислом арконларининг бир-бирига боғлиқлиги
Шу арконларнинг барчасига амал қилган киши комил иймонли мусулмондир. Барчасини тарк қилган кимса қатъий равишда кофирдир. Шунингдек, Ислом арконларидан биронтасини инкор этган кишининг ҳам кофир эканлигига уламолар ижмо қилганлар.
Аммо барча арконларни ҳақ деб эътиқод қилиб, бирортасига эътиборсизлик қилган кимса фосиқдир. Албатта биринчи рукн бундан мустасно. Чунки калимаи шаҳодатга эътиборсиз бўлган киши кофир дейилади.
Ким бу амалларни тили билан тасдиқлаб, аъзолари билан адо этсаю лекин буни ҳақ деб эътиқод қилгани учун эмас, балки мусулмонларга хушомадгўйлик учун қилса, уни мунофиқ дейилади.

3. Ибодатларни қилишдан мақсад
Исломда ибодатларни қилишдан мақсад уларнинг қуруқ суратлари ва шаклларини юзага чиқариш эмас, балки улардан кўзланган ҳикмат ва маъноларни рўёбга чиқариш ҳамдир. Шунинг учун мўмин кишини ўқиган намози фаҳш ва мункар ишлардан қайтармас экан, унинг учун ўқиган намозидан ҳеч қандай манфаат йўқ. Худди шунингдек рўзаси давомида ёлғон гапиришни тарк қилмаган киши учун тутган рўзаси бефойдадир. Риё учун (хўжакўрсинга), “сумъа” учун (одамлар эшитсинга) бажарилган ҳажнинг ва шу мақсадда берилган закотнинг қабул қилинмаслиги ҳам шунга ўхшайди.
Лекин, бу гапнинг маъноси мусулмон киши агар бирон ибодатдан кўзланган мақсадни аниқ ҳосил қилишга кўзи етмаётган бўлса, ўша ибодатни тарк қилса ҳам бўлаверади дегани эмас, албатта. Балки мусулмон киши барча ибодатларини ихлос билан бажаришга интилсин ва шу ибодатларидан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилсин.

4. Ҳадисда иймон шохобчаларининг айримлари санаб ўтилган
Мазкур амаллар аҳамияти эътибори билан юқори тургани учун алоҳида санаб ўтилди. Ҳолбуки булардан бошқа иймон шохчалари ҳам кўпдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Иймон етмишдан ортиқ шохчадан иборатдир". (Муттафақун алайҳ).

5. Ислом ақида ва амалдан иборат яхлит нарсадир
Ислом кишидан ҳеч қандай амал талаб қилмайдиган қуруқ ақидалар мажмуаси ёки ҳеч қандай ақидаларга ишонмаган ҳолда кўр-кўрона бажарилаверадиган амаллар йиғиндиси ҳам эмас.
Негаки, Исломнинг биринчи рукни динда саҳиҳ ақида зарурлигига далолат қилса, қолган тўрт рукни Исломда албатта амаллар ҳам бўлмоғи шартлигига ишорадир. Шунинг учун эътиқодсиз қилинган амалларнинг фойдаси йўқ ва ўз навбатида амалсиз қуруқ эътиқод ҳам бўлиши мумкин эмас.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

islom.uz © 2003-2024.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Яндекс.Метрика

 

 

Masjid.uz.
Отличные.