ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимояси, мадади ва нусрати

19 - عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا، فَقَالَ: "يَا غُلامُ، إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ، احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ، إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ، وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ، وَاعْلَمْ أَنَّ الأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلا بِشَيْءِ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَإِنِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الأَقْلامُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ". (رواه الترمذي و قال: حديث حسن صحيح).
وَفِي رِواية غير الترمذي: "احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ أَمَامَكَ، تَعَرَّفْ إِلَى اللهِ فِي الرَّخَاءِ يَعْرِفْكَ فِي الشِّدَّةِ، وَ اعْلَمْ أَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَمَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَاعْلَمْ أَنَّ النَّصْرَ مَعَ الصَّبْرِ، وَأَنَّ الْفَرَجَ مَعَ الْكَرْبِ، وَأَنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا".

19. Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола!” - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин - У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган”.
(Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).
Яна бир ривоятда шундай дейилган:
“Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - оғир кунларингда У Зот сени танийди. Билгинки, нима сени четлаб ўтган бўлса, унинг сенга тегиши (тақдирда) йўқ эди. Сенга етган нарсанинг (тақдири азалда) сени четлаб ўтиши йўқ эди. Билгинки, албатта ғалаба сабр билан, ёруғлик-ечим машаққат билан қўлга киритилади, шубҳасиз, оғирлик билан бирга енгиллик ҳам келур”.

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ибн Ражаб Ҳанбалий ёзадилар: “Мазкур ҳадис Исломнинг энг муҳим умумий қоидаларини ва улуғ насиҳатларини ўзида жамлаган. Ҳатто уламолардан бири бундай деган эдилар: “Ушбу ҳадис устида фикр юритиб, хангу манг бўлиб қолдим. Ўзимни йўқотиб қўйишимга бир баҳя қолди. Эвоҳким, мазкур ҳадис маъноларини биз ҳали ҳам тўла-тўкис англаб етмаганмиз ёхуд ундан мутлақо ғофилмиз!”

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уммат тарбиясига қаттиқ эътибор берганлар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар қалбида, хусусан уларнинг ёшлари қалбида соғлом ақида ниҳолини ўтқазишга ташна бўлганлар. “Ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл топишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку”. (Тавба сураси, 128-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга юқоридагидек насиҳатлар қилдилар. Ушбу насиҳатлар таъсирида банда ўзини ўнглаб олади. Ҳамиша, ҳамма нарсада ёлғиз Парвардигорга суянадиган мағрур ва қўрқмас инсонга айланади. Бундай инсонни турли вазиятлар ҳар кўйга сола олмайди. У хавф-хатарлар қаршисида тиз чўкмайди. Энди у одамларнинг маломатидан қўрқмасдан ҳақни баралла айтади. Зеро, ер юзида бирон нарса Парвардигори изнисиз амалга ошмаслигини билган, Аллоҳ таоло ҳукмисиз ҳеч ким на зарар ва на фойда беролмаслигини ич-ичидан англаб етган чин мўминнинг бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

2. Қимматли ўгит беришнинг ҳикматли услуби
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу насиҳатни қай тарзда эшитганларини бизга ҳикоя қилаяптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу улуғ ҳикматни сўзлашдан олдин “Эй бола!” деб тингловчининг эътиборини ўзларига қаратдилар. Сўнг насиҳат унинг дилига ўрнашиб қолиши учун яна бир бор таъкидладилар: “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман!”
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатларини қисқа ва лўнда калималарда ифодаладилар. Бироқ айнан мана шу қисқа сўзлар замирида фикрни чархлайдиган, иймонни кучайтирадиган, улкан асосларга тегишли тоғ-тоғ маънолар ётарди.

3. Аллоҳни ёд этгин, Аллоҳ ҳам сени асрайди
Аллоҳ таоло буйруқларига тўла бўйсунинг, У Зот белгилаб қўйган ҳақ-ҳуқуқларга асло дахл қила кўрманг. Фарзларни адо этишда ҳеч қачон бепарволик қилманг. Аллоҳ қайтарган ҳаром ишлардан йироқ юринг. Ўзингиз билан мункар амаллар ўртасига парда тортинг. Ана шунда сиз Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига гувоҳ бўласиз. Пок Парвардигор дину эътиқодингизни бузилишдан, нафсингизни залолат ботқоғига тушиб қолишдан асрайди. Сизни инсу жиндан иборат шайтонлардан, ёвуз махлуқлардан ҳимоя этади. Озор-азиятлар нишонига айланмайсиз. На сизга ва на ортингиздан эргашган аҳли оилангиз, яқинларингизга ҳеч кимса дахл қила олмайди. “Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар”. (Раъд сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло тақводор бандаларининг зурриётларини ҳам балою офатлардан асрайди: “Уларнинг оталари солиҳ киши эди”. (Каҳф сураси, 82-оят).
Агар сиз дунёда Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ бўйсуниш билан У Зотни ёд этиб юрсангиз, Пок Парвардигор Охиратингизни хайрли этади, кенглиги осмонлару ер баробарида бўлган тақводорлар манзили - жаннатга киргизади. “Парвардигорингиз томонидан бўлган мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз”. (Оли Имрон сураси, 133-оят).
“Уларга: “Мана шу неъматлар сизларга - ҳар бир Аллоҳга қайтувчи, аҳдини сақлагувчи, шунингдек, Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавба этувчи қалб билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. Унга (яъни жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу кун мангу қоладиган Кундир”, - дейилур. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча инъомлар ҳам бордир”. (Қоф сураси, 32-35-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига Аллоҳ таолодан ҳифзу ҳимоят сўрашни ўргатар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳуга ухлаш олдидан қуйидагича дуо қилишни буюрдилар: “Парвардигоро! Агар жонимни олсанг, унга раҳм этгин! Агар қўйиб юборсанг, уни солиҳ бандаларингни асраганингдек асрагин!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ушбу дуони ўргатдилар: “Парвардигоро! Мени турган ҳолимда Ислом билан асрагин. Ўтирган ҳолимда Ислом билан асрагин. Уйқудалигимда Ислом билан асрагин. Ҳеч бир душман ва на ҳасадчини менга мусибат бериш билан қувонтирма!” (Ибн Ҳиббон ривоятлари).

4. Аллоҳ таоло нусрати ва мадади
Ким Аллоҳнинг ҳудудларига риоя қилса, Аллоҳ таоло у билан бирга бўлади, уни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади, ўнглайди ва яхшиликка муваффақ этади. Зулмат қанчалик қуюқлашмасин, аҳвол нечоғлик оғир ва мураккаб бўлмасин, Аллоҳнинг ҳақиқий тақводор бандалари ўзларининг Ҳомийлари, Қўриқчилари ва Мададкорлари билан биргадирлар. “Зотан Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).
Қатода айтадилар: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у билан бирга бўлади. Ким билан Аллоҳ бирга бўлса, демак у билан енгилмас гуруҳ, мудроқ босмас қўриқчи ва ҳеч адашмайдиган йўлбошчи бирга экан”.
Аллоҳ таолонинг нусрати Унинг буйруқларга бўйсуниш ва мункар ишлардан тийилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ким Аллоҳга итоат этса, Парвардигори уни ғолибу азиз қилади. Ким Яратганга осий бўлса, хорлик ботқоғига ботади. “Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур”. (Муҳаммад сураси, 7-оят).
“Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар!” (Оли Имрон сураси, 160-оят).

5. Ёшликни ғанимат бил!
Йиғитлик даврида Аллоҳ таоло ҳукмига тўла-тўкис бўйсуниб, У Зотнинг ҳудудларини сақлаган-риоя этган инсонни кексайиб, кучдан қолган пайтида Аллоҳ сақлайди. Унинг ақлини, кўзидан нурни, қулоғидан эшитишни олиб қўймайди. Қиёматда эса мукаррам манзилга дохил қилади. Ҳеч қандай соя йўқ пайтда Аршининг соясидан баҳраманд этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Етти тоифа кишини Аллоҳ таоло ўз соясидан ўзга соя бўлмайдиган кунда соясига олади: Одил раҳбар, Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида улғайган ўсмир...” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Эҳтимол, айнан мана шу хислат сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғилларига юқоридаги насиҳатни айтгандирлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўша кунлари ёш бола эдилар. Токи мана шу ёш ниҳол ўзининг жўшқинлик пайтини, ёшлик шижоатини ғанимат билсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари барча муборак каломлари каби айни ҳақиқатдир:
“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни...” (Ҳоким ривоятлари).
Хусусан, ёшлар уммат келажаги, унинг орзу-умиди ҳисобланади. Ҳақ ва адолат уларнинг елкалари узра қоим бўлади. Умматнинг қайнаб турган кучларини йўлдан уриш ниятида ботил аҳли турли найранглар кўрсатади. Шу боис ҳам, ўсиб келаётган авлод доимий эътибор ва назоратга муҳтождир. Токи улар инсонлар ва жинлардан иборат шайтонлар қаршисида ўзларини йўқотиб қўймасинлар.

6. Аллоҳ таолонинг шокир бандалари У Зот марҳамати ва нусратига муносибдирлар
Аллоҳнинг фазлу марҳаматини ҳис этиб, Унга шукроналар айтадиган, ҳамиша шариат кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қиладиган ва Парвардигори ҳақларига риоя этадиган шокир бандалар Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига, У Зот нусратию мададига лойиқдирлар. Чин тақводор инсонлар нафс алдовларию шаҳват аврашларига бўйсунмайдилар. Улар Аллоҳ таоло неъматларини фақат У Зот розилиги йўлида тасарруф этиб, Парвардигордан ҳамиша ҳақ йўлда собит қилишини сўрайдилар. Зиёда шукрлари сабабли Аллоҳ фазлу марҳамати улардан тўхтамайди. Ҳақиқий мўмин ўзининг ҳар лаҳза Улуғ ва Беҳожат хожасига муҳтожлигини эътироф қилади. Фазлу барака фақат Аллоҳ таоло қўлида эканлигига ва У Зот хоҳлаган бандасига фазл кўрсатишига қатъий иймон келтиради. “Сизларга берилган барча неъматлар Аллоҳдандир”. (Наҳл сураси, 53-оят).
Парвардигорини ана шундай чиройли таниган банда Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилади ва У Зот муҳаббатини қозонади. Унинг дуолари ижобат бўлиб, сўраган нарсасига эришади. Ширин ҳаётини бузадиган, жонига таҳдид соладиган бало-офатлардан уни Меҳрибон Рабби омон сақлайди. “Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - У Зот сени оғир кунларда танийди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Оғир дамларда дуо-илтижосини Аллоҳ таоло ижобат этишини истаган банда ёруғ кунларда кўп дуо қилсин!” (Термизий ривоятлари).
Пок Парвардигор Ўзининг ана шундай солиҳ бандалари хусусида марҳамат қилади: “Агар у Мендан сўраса, албатта бераман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан”. (Ҳадиси қудсий).

7. Барча ҳожат Аллоҳ таолодан сўралади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ва шу орқали барча мўминларни ҳамиша ва фақат Аллоҳга юзланишга буюрдилар. Эҳтиёж ҳам, паноҳ ҳам, мадад ҳам ёлғиз Аллоҳдан сўралади. Биз дуою шукр билан ҳеч қачон Ундан ўзгага юкинмаймиз. Мағфират ҳам фақат Парвардигордан умид қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра! Агар кўмак истасанг, Аллоҳдан иста!” (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Дуо қилувчи борми, Мен унинг дуосини ижобат этаман! Сўровчи борми, Мен унинг сўраган нарсасини бераман. Истиғфор айтувчи борми, Мен уни мағфират қиламан””. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Дуони ижобат қилгувчи Зотга қилинади
Дуо фақат яккаю ёлғиз Аллоҳга қилинади. “Менга дуо қилингиз, қилган дуоларингизни мустажоб қилурман”. (Ғофир сураси, 60-оят).
Аллоҳ субҳонаҳу Ундан ҳожатини сўровчи дуогўй бандаларини мақтаб зикр этган: “Дарҳақиқат, улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар”. (Анбиё сураси, 90-оят).
Фақат Аллоҳ таологина бандалари дуо-илтижосини эшитади ва ижобат қилади. “Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар”. (Бақара сураси, 186-оят).

9. Ҳожатлар ҳеч вақт малолланмайдиган Сахий Зотдан сўралади
Чин иймон эгалари инсонлардан асло умидвор бўлмайдилар. Улар Аллоҳ таоло буюрганидек, барча ҳожатларини Карим ва Раҳмон Парвардигорларидан сўрайдилар. “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранглар!” (Нисо сураси, 32-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўрангиз. Зеро, Аллоҳ Ундан сўрашларини хуш кўради”. (Термизий ривоятлари).
Битмас-туганмас хазиналар Эгаси бўлмиш Ҳақ таоло ҳеч қачон бандалари сўрови ва илинжидан малолланмайди. “Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир”. (Наҳл сураси, 96-оят).
Аллоҳ таоло Унга дуо-илтижо қилмай қўйган бандасидан ғазабланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади. Ҳар бирингиз барча ҳожатини, ҳатто оёқ кийимининг узилиб кетган боғичини ҳам Парвардигоридан сўрасин!” (Термизий ривоятлари).
Наҳот шунча таъкиддан кейин ҳам бировларга нарса беришдан оғринадиган ва илтимосларни малол оладиган ожиз инсондан умидвор бўлсак?!
Ожиз бандалардан умидвор бўлманг,
Сўранг, саховати чекланмас Зотдан.
Аллоҳ ғазаб қилур, сўрамай қўйсак,
Инсонлар дарғазаб, илтимос қилсанг.

10. Аллоҳдан ўзгага юкиниш хорликдир
Одамлардан бирон нарса сўрасангиз, бериш-бермасликлари даргумон. Агар берсалар, миннат қилишади. Рад этсалар, сизга хўрлик ва хорлик қолдиришади. Чўзилган қўлнинг силтаб ташланиши нафсга нафрат олиб киради. Кўнгил ойнасини чил-чил қилади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи асҳобларидан байъат қабул қилаётганларида ҳеч қачон одамлардан сўрамаслик хусусида аҳд-паймон олганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу, Савбон ва Авф ибн Молик розияллоҳу анҳум ана шундай байъат берганлар сафида эдилар. Улар қамчилари ёхуд туяларининг жилови ерга тушиб кетса ҳам, ўзлари тушиб олардилар. Бировлардан илтимос қилмасдилар. (Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).


11. Қодир ва Енгилмас Зотдан мадад сўранг
Ёрдам аслида ҳар нарсага қодир Зотдан сўралади. Биз барча каттаю кичик муаммолар қаршисида кўмакка муҳтожмиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким на фойда ва на зарар келтира олади. Фақат Парвардигор мададигина ҳақиқий нусратдир. Аллоҳ мададидан мосуво бўлган кимса аниқ бадбахтдир! “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас”. (Оли Имрон сураси, 160-оят).
Қалблар Аллоҳ таоло измидадир. Пок Парвардигор уларни Ўзи хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Модомики, шундай экан, келинг, ҳақиқий Хожамиз, Берувчимиз, Сақлагувчимиз, фазлу марҳамати чексиз Аллоҳ таолога илтижо қилайлик. Ҳар бир мушкулот қаршисида фақат У Зотни зикр этиб, қуллик мақомида туриб таваккул этайлик. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир!” (Талоқ сураси, 3-оят). “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”. (Фотиҳа сураси, 5-оят).

12. Аллоҳдан ўзгадан мадад тилаш, ўзгалар ёрдамига кўз тикиш заифлик ва хорлик белгисидир.
Ёрдам сўраб қўл чўзган киши ўзининг ожизлигини, муҳтожлигини ҳолати билан эътироф этиб турган бўлади. Айни муҳтожлик инсонда фақат ва фақат Аллоҳ таолога нисбатан мавжуддир. Зеро, мадад тиламоқ ибодат моҳияти саналади. Аллоҳдан ўзгага кўз тикиш хорликдан бошқа нарса эмас. Аслида ёрдам сўралувчи фойда етказиш ва зарарни даф этишга ҳамда сўровчининг мақсадини рўёбга чиқаришга қодир бўлмоғи шарт. Мазкур сифат ҳам Ёлғиз Пок Парвардигор имконидадир. Кимда-ким ожиз бандани мана шундай деб ўйласа, умиди пучга чиқади. Ўзи ёрдамга муҳтож бўлган инсондан умидвор бўлмоқ оқиллар иши эмас. “Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир!” (Юнус сураси, 107-оят). “Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нени тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи кимса бўлмас”. (Фотир сураси, 2-оят).

13. Қазо ва қадарга иймон келтирмоқ қалбга сокинлик, хотиржамлик бағишлайди.
Барча нарса Аллоҳ таолонинг изну иродаси билан амалга ошишини ва У Зотнинг улуғ нусрати ҳамда ҳифзу ҳимоясини ҳис қила олган, унга тўла-тўкис иймон келтирган мўмин ожиз бандаларнинг қарши ҳатти-ҳарақатларига эътибор бермайди. Чунки у яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдирдан эканлигини ва ҳеч ким ўзича фойда ёхуд зарар келтира олмаслигини яхши билади. “Айтинг, барчаси Аллоҳ ҳузуридандир”. (Нисо сураси, 87-оят).
Бандалар эса ўз амаллари билан савоб ёки азобга ҳақли бўлувчи сабаблардир, холос.
“Билгинки, бутун уммат сенга бирон фойда бермоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ сен учун ёзиб қўйган фойдани етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарни етказа оладилар”. (Термизий ривоятлари).
“Агар Аллоҳ сизни бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир”. (Анъом сураси, 17-оят).
Агар Аллоҳ таоло тақдир этмаган бўлса, ҳеч ким сизга зиён-заҳмат етказа олмайди. Аллоҳнинг Ўзи барча бало-офатни даф этади. Шунингдек кимдир сизга бирон яхшилик-фойда етказишга жидду жаҳд қилса-ю, бироқ тақдирда ёзилмаган бўлса, унинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
“Хоҳ ерга, хоҳ ўзларингизга қандай мусибат етмасин, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда - Лавҳул Маҳфузда битилган бўлур...” (Ҳадид сураси, 22-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ҳар битта нарсанинг ҳақиқати-моҳияти бўлади. Банда токи нимаики унга етган бўлса, ўша нарсанинг (тақдири азалда) уни четлаб ўтиши йўқ эканлигига ва уни четлаб ўтган нарсанинг (тақдирда) унга етмоғи ёзилмаганига амин бўлмас экан, иймон ҳақиқатига етиша олмайди”. (Аҳмад ривоятлари).

14. Қазо ва қадарга иймон келтириш кишини жасоратли қилади.
Аллоҳ таоло тақдир этиб қўйган фойда ёхуд зиёндан ўзга ҳеч нарса содир бўлмаслиги ва киши бошига тушадиган ҳар бир иш аввалдан белгилаб қўйилгани ҳаммамиз учун аниқ ҳақиқат. Демак, мўмин бировларнинг маломатидан чўчиб ўтирмасдан - ҳатто ўз зиёнига бўлса ҳам - фақат ҳақни сўзламоғи ва Аллоҳ буюрган ишни амалга оширишга киришмоғи лозим. Мўмин инсон ўлимдан қўрқиб ёки узоқроқ яшашдан умидвор бўлиб, орқага чекиниши эмас, аксинча, шижоат ва баҳодирлик мақомида собит туриши керак. У ўзи тиловат қилаётган мана бу оятга чин дилдан иймон келтирганини исбот қилиши зарур:
“Айтинг: “Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг Хожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳга суянсинлар!” (Тавба сураси, 51-оят).
Чунки тақдирда ёзилган нарсадан барибир ҳеч ким қочиб қутула олмайди. “Айтинг, “Агар уйларингизнинг ичига (беркиниб олганингизда) ҳам ўлдирилиши ҳукм қилинган кишилар ҳалокат жойига келган бўлар эдилар”. (Оли Имрон сураси, 154-оят).

15. Иймон таслим бўлиш эмас, таваккул тирик товонлик эмас.
Баъзи бир ярамас кимсалар ўзларининг маъсият-ҳаром ишларига Аллоҳ тақдирини ҳужжат қилишади. Улар залолат ботқоғига ботганликларини, шаҳват ва ҳавои нафсга қул эканликларини ана шу йўл билан хаспўшлашга уринадилар. Аллоҳ таоло бандаларини тақдирга ишонишга буюрар экан, айни пайтда уларга ҳаракат-амални ҳам амр этган. “Айтинг: “Амал қилинглар. Бас, Аллоҳ амалларингизни кўриб турур”. (Тавба сураси, 105-оят).
Барча соҳада биз учун олий намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши амал, ҳаракат ва жидду жаҳд каби сабабларни амалга оширмоғи лозимлигини таъкидлаганлар. Тақдирни ҳужжат этиб, сабабларни тарк этган кимса Аллоҳ ва Расулига осийлик қилган, Ислом шариатига хилоф юрган бўлади. Чунки сабабларни қилмаслик боқибеғамлик ва ялқовликдан бошқа нарса эмас. Натижани ёлғиз Аллоҳдан кутиб, айни пайтда сабабларни муҳайё қилиб қўймоқлик ҳақиқий иймон ва тақводандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Амал қилинглар. Ҳар ким ўзи учун яралган нарсага эришади”. (Муслим ривоятлари).

16. Ғалаба сабр билан биргадир
Инсон ҳаёти курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман душманларга рўбарў келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ. Сабр бу турли-туман пинҳону ошкор душманларни ер билан яксон этувчи қудратли қуролдир. Аллоҳ таоло уни бандаларини синашнинг асосий жабҳаси қилди. Айнан сабр орқали содиқ мўмин каззоб мунофиқдан ажралади.
“Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги жиҳод қилувчи ва сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб-юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз”. (Муҳаммад сураси, 31-оят). “Албатта мол-мулкларингиз ва жонларингиз мусибати билан синалурсизлар ва албатта сизлардан илгари Китоб берилганлар ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитасизлар. Агар сабр-тоқат қилсаларингиз ва Аллоҳдан қўрқсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир”. (Оли Имрон сураси, 186-оят).
Аллоҳ таоло Ўз китобида тақводор бандаларини тавсифлайди: “Ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир”. (Бақара сураси, 177-оят).
Сабр - бу ақл ва шариат тақозо этадиган хайрли ишларга нафсни мажбур қилиш. Шунингдек, у шариат ва ақл ман этадиган амаллардан нафсни тийиш ҳамдир. Китобу Суннатда сабр калимаси бир қанча ўринларда зикр этилган. Бироқ уларнинг ҳаммаси битта маъно остида бирлашади ва битта ғоя томон бошлайди. Қуйида сабр ўринларининг айримлари хусусида тўхталиб ўтамиз:
а) Тоатларни бажариш ва маъсиятлардан четланишда сабр қилиш
Албатта Аллоҳнинг буйруқларига тўла-тўкис амал қилиб, мункар ишлардан ўзини покиза сақлаш анча мушкул вазифа. Нафсга унинг маълум оғирлиги тушиши ҳам шубҳасиз. Шариат буюрган амалларни бажариб, мункар ишлардан тийилиб юрмоқ учун инсон ўзининг ҳақиқий душмани билан курашиши лозим. Бу душман нафс, ҳавои-хоҳиш ва шайтон тимсолида гавдаланади.
“Албатта нафс барча ёмонликларга буюргувчидир”. (Юсуф сураси, 53-оят). “Бас, сиз ҳавои-хоҳишга эргашиб кетманг!” (Сод сураси, 26-оят).
Ана шу душманлар инсонни йўлдан уришга, унга шаҳватларни чиройли қилиб кўрсатишга ва уни тоат-ибодатлардан узоқлаштиришга уринадилар. Улар кўзлаган мақсадларига эришиш учун бетўхтов хуруж қилиб туришади. Шу боис, инсон нафсини жиловлаб олиш, ҳавои хоҳишини шариат измига юргизиш ва ҳақиқий душманни-шайтонни мағлуб этиш йўлида жидду жаҳд кўрсатмоғи лозим.
“Сизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага эргашинг ва то Аллоҳ Ўз ҳукмини туширгунича сабр қилинг. У Зот ҳукм қилгувчиларнинг энг яхшисидир”. (Юнус сураси, 109-оят).
“У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг хожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг!” (Марям сураси, 65-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ йўлида нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир!” (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Нафсини жиловлаб, фақат тоат-ибодатлар сари ошиқадиган ва маъсият-гуноҳ ишлардан йироқ юрадиган мўмин ўзининг махфий душмани устидан албатта ғалаба қозонади. Нафс, шайтон ва ҳавои-хоҳиш измига юрмайди. Аслида ҳеч қайси ғалаба мазкур ғолиблик каби улуғ саналмайди. Нафсини мағлуб этиб, ҳавои-хоҳиш асирлигию шайтон васвасаларидан озод бўлган инсон қалбида ҳақ нури порлайди. Энди у Аллоҳ азза ва жалла йўлидан оғишмай қадам ташлайди.
“Бизнинг йўлимизда жиҳод қилган-курашган зотларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз”. (Анкабут сураси, 69-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сабр зиё демакдир”. (Муслим ривоятлари).
б) Мусибатларга сабр қилиш
Ҳаёт давомида инсоннинг жони, моли, аҳли-оиласи ва тинчлиги кўп хатарларга дуч келади. Албатта ҳар битта мусибат қаршисида сабот билан туриш осон иш эмас. Бундай ҳолатларда кишини умидсизлик чулғаб олади ва у қўрқув-саросима исканжасида қолади. “Қачон унга бирон ёмонлик етса, ноумид бўлур”. (Исро сураси, 83-оят).
“Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки унга ёмонлик етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир”. (Маориж сураси, 19-20-оятлар).
Мусибатлар қаршисида эсанкираб ўзини йўқотиб қўювчилар ҳаётда мағлуб бўладилар. Улар ғалаба сари йўл очишга уринмайдилар. Аллоҳ таоло мўминларни мусибат чоғида сабр-бардошли бўлишга ундаган. Чунки ҳаёт мусибат-кулфатсиз ўтмайди. Шу боис, нажот калити бўлмиш сабр билан қуролланиб музаффарият сари одимламоқ, заифлик ва умидсизлик чангалига тушиб қолмаслик мақсадга мувофиқ ишдир.
“Албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва экин-тикинга нуқсон етказиш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирон мусибат келганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”. (Бақара сураси, 155-157-оятлар).
Дарҳақиқат, ана ўшалар иззат ва шараф йўлини тутган инсонлардир. Айниқса мусибатнинг илк лаҳзасида ўзларини мардона тутувчи зотлар амали таҳсинга лойиқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “(Ҳақиқий) сабр мусибатнинг дастлабки зарбаси пайтида бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Собир бандалар оғир ҳолатлардан матонат билан чиқиб кетадилар. Улар бошларига тушган кулфатни ҳам дунёю Охиратлари учун хайрли натижага айлантиришга уринадилар. Шу боис, уларнинг кулфат ҳолати билан саодат онлари бир-биридан у қадар кескин фарқланмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминнинг иши қизиқ! Унинг ҳамма иши ўзи учун хайрли. Бу нарса фақат мўминда мавжуд. Агар мўминга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун хайрли. Агар унинг бошига ғам-кулфат тушса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун хайрли бўлади”. (Муслим ривоятлари).
Қуйидаги ажиб мисолга диққат қилинг.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари одам жўнатдилар:
- Ўғлим ўлим тўшагида ётибди. Бизникига етиб келинг!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларига салом айтиб, шундай деб юбордилар:
- Олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Ҳар бир нарсага Унинг ҳузурида маълум муҳлат белгилангандир. Бас, сабр қилиб Аллоҳдан ажр-савоб умид эт!” (Бухорий ривоятлари).
в) Бандалар озор-азиятига сабр қилмоқ
Сиз турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар экансиз, албатта улардан бир қанча озор-азиятлар кўрасиз. Агар ҳар бир озор-азият сизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз бутун ҳаётингиз азобга айланади. Шу боис, имкон қадар биродарингизнинг хато-камчиликлари, билиб-билмай қилиб қўядиган зулм-озорларини кўтаришга ва кечириб юборишга ҳаракат қилинг. Шунда меҳр-муҳаббатга тўлиқ, саодатли ҳаёт кечирасиз.
“Бас, Аллоҳнинг фармони келгунича уларни авф қилинг ва хатоларидан ўтинг”. (Бақара сураси, 109-оят).
“Ёмонликни энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! Шунда, баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур”. (Фуссилат сураси, 34-оят).
Албатта бировлар озорини кўтариш, уларни кечиб юбориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. “Албатта ким сабр қилса ва кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу пухта ишлардандир”. (Шўро сураси, 43-оят).
Бу фақат Аллоҳ таолодан мадад тиловчи чинакам мўминларгина қодир бўлган оғир вазифадир.
“Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз барчани кўриб турувчи бўлган Зотдир”. (Фурқон сураси, 20-оят).
Аллоҳнинг собир бандалари Парвардигорлари беражак ажру савоблар умидида сабр-тоқат қилурлар. “Улар Парвардигорларининг Юзини кўзлаб сабр қилдилар”. (Раъд сураси, 22-оят).
г) Даъват майдонида, амри маъруф ва наҳий мункар чоғида сабр қилмоқ
Аллоҳ таоло Пайғамбарларга сабрли бўлишни буюрди: “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам намоз ўқишда чидамли бўлинг!” (Тоҳо сураси, 132-оят). “Яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (озор-мусибатларга) сабр қил”. (Луқмон сураси, 17-оят). “Ва улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!” (Муззаммил сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло йўлига даъват қилувчи киши Аллоҳнинг душманлари устидан белгилаб қўйилган ғалабага етмоғи учун сабр-матонатли бўлмоғи лозим.
“Бас, сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар”. (Рум сураси, 60-оят).
Натижага шошилган кимса охир-оқибат ҳасрат-надомат чекиб қолади. Унинг бутун ҳаракати чиппакка чиқади. “Бас, сиз ҳам ўтган Пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганидек сабр қилинг ва уларга азобни шоширманг”. (Аҳқоф сураси, 35-оят).
д) Аллоҳ таоло жиҳод билан сабрни бир жойда келтирди: “...сўнг жиҳод қилиб, сабр қилган зотлар...” (Наҳл сураси, 110-оят).
Сабр душман устидан ғалаба қозонишнинг асосий шарти сифатида таъкидланди: “Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юз нафарни енгадилар!” (Анфол сураси, 65-оят). Сўнг мўминларга енгиллик туширилди: “Бас, сизлардан юзта сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта кофирни енгадилар”. (Анфол сураси, 66-оят).
Аллоҳ таоло сабр-тоқат билан жанг қилувчи бандаларига кўкдан фаришталар тушириб ёрдам беришини билдирди. Яъни самовий мадад ҳам сабрга боғлиқ қилинди:
“Агар сабр қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз ва кофирлар шу онда сизларга хужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур”. (Оли Имрон сураси, 125-оят).
Аллоҳнинг дўстлари-мўминлар душманлар қаршисида сабот билан турсалар, Пок Парвардигор кофирлар тузаётган ҳийлаю найрангларни йўққа чиқаради. Натижада Аллоҳнинг содиқ бандалари душманлар макридан омон қоладилар. “Агар сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчидир”. (Оли Имрон сураси, 120-оят).
Бироқ мўминлар сабр сифатидан маҳрум бўлсалар, аламли мағлубият ва кулфат гирдобида қоладилар. Аллоҳ таоло бесабр ва хусусан бошқа номаъқул одатлари бор қавмни паноҳига олмайди.
“Эй мўминлар, (кофир) жамоага рўбарў бўлганларингизда саботли бўлингиз ва доимо Аллоҳни ёд этингиз. Шояд, нажот топсангизлар. Ва Аллоҳ ҳамда Унинг Пайғамбарига итоат қилингиз ва ўзаро талашиб тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб куч-қувватларингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз. Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”. (Анфол сураси, 45-46 оятлар). Қуръони каримда қуйидаги оятлар кўп бор такрорланган: “Аллоҳ сабр қилгувчиларни яхши кўради. Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”.
“Қанчадан-қанча Пайғамбарлар ўтганки, улар билан бирга кўпдан-кўп художўйлар жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик-заифлик қилмаганлар ва душманларига бўйин эгмаганлар. Аллоҳ сабр қилгувчиларни яхши кўради”. (Оли Имрон сураси, 146-оят).

17. Сабр самараси
Хотиржамлик, қониқиш-розилик, саодат ҳиссини туйиш, азизу мукаррамлик, Аллоҳ нусрати ҳамда муҳаббатига сазовор бўлмоқ сабрнинг самараларидир. Ҳаммасидан олийси – Охиратда қўлга киритиладиган беҳисоб ажру мукофотлар. “Шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларнинг ажр-мукофотлари тўла-тўкис ва ҳисобсиз қилиб берилур”. (Зумар сураси, 10-оят).
Фаришталар саломи ила янада кўркамроқ бўлиб турган жаннатлар:
“...(у диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб дерлар: “Сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли энди (бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу Охират диёри нақадар яхши!” (Раъд сураси, 23-24 оятлар).
Аллоҳ таоло собир бандаларига мағфират ва розилик ила боқади: “Мен бугун уларни сабр-тоқат қилганлари сабабли мукофотладим - ҳақиқий ютуққа эришганлар ана ўшалардир”. (Мўминун сураси, 111-оят). “Бирор мусибат келганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилардирмиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир”. (Бақара сураси, 156-157-оятлар).
Ҳали бир кун келади. У кунда на молу давлат ва на фарзандлар фойда беради. Фақат Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган собир бандаларгина Аллоҳ таоло марҳаматига лойиқ кўрилурлар. Сабрнинг нечоғлик улуғ неъмат эканлигини балки энди аниқроқ ҳис қилармиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва улканроқ неъмат берилмаган”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

18. Рўшнолик қайғу-қийинчилик билан биргадир
Инсон баъзида кетма-кет ёғилаётган бало-мусибатлар тагида қолиб кетади. Кулфат ва қийинчиликлар зарбидан ғам чекади. Албатта буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг синови. Токи банда ана шу қийинчиликларни енгиб ўтиб, синовдан муваффақиятли ўтсин ва жаннат эгалари сафига қўшилсин. Мусибатларга сабр қилиб, умидсизликка тушмасдан ҳар битта иш тақдирдан эканлигини англаган ва шунга рози бўлиб, ўзини мардона тута олган банда Аллоҳ иноятига ноил бўлади. Барча ғам-ташвишлари барҳам топиб, дунёю Охират саодатини қўлга киритади. Ана шунда тақводор банда қуйидаги ҳақиқатни англаб етади: нур зулмат қаъридан, раҳмат қуёши ғам-ташвиш булутлари орасидан сизиб чиқади. Банданинг бошига тушган ҳар бир мусибат замирида хайрият ётади. Ҳаётдаги бало-кулфатлар содиқ мўмин махлуқларга суянмайдиган бўлиши учун хизмат қилади. Буларнинг бари унинг қалби ёлғиз Холиқи билан боғланишида фойда беради. Зеро, барча иш қодир Аллоҳнинг қўлидадир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бизга ана шу ҳақиқатни бот-бот уқтиради:
“Ёки сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингларми? Уларга бало ва мусибатлар келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?” дейишган эди. Шунда уларга бундай жавоб бўлган: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир”. (Бақара сураси, 214-оят). “У Зот бандалар умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва раҳмат-баракотни кенг ёядиган Зотдир”. (Шўро сураси, 28-оят).
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ва уларнинг икки биродари қиссасида ҳам собир бандаларнинг яхши намунаси мавжуд. Улар Табук ғазотидан ҳеч қандай сабабсиз қолиб кетган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини Каъб ва унинг икки биродари билан алоқа қилмасликка буюрдилар. Ғазотдан қолиб кетган уч содиқ саҳобий оғир кунларни бошдан кечирдилар. Ҳатто... “...уларга кенг ер торлик қилиб қолгунича ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг ғазабидан фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутилиш мумкин эканини билгунларига қадар тавбалари қолдирилган эди”. Ниҳоят ёруғ кунлар, саодатли онлар етиб келди: “Сўнгра Аллоҳ тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, Меҳрибондир”. (Тавба сураси, 118-оят).
Ўтган Пайғамбарлар ва солиҳ инсонлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот асҳоблари бошидан ўтган оғир кунлар, уларнинг ечимлари ҳақидаги қиссалар биз учун чин маънода ибратдир. Устма-уст ёғилаётган бало-кулфатлар оғирлигидан қадди букилган ҳар бир мўмин комил ишонч билан Аллоҳ таолодан саодатли кунлар келишини кутсин. Фақат ва фақат Парвардигорига умид кўзларини тиксин.

19. Қийинчилик ва енгиллик
Мазкур ҳадис маънолари ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлигига эътибор берган бўлсангиз керак. Дарвоқе, қийинчилик ташвиш келтиради, енгиллик эса ёруғликка элтадиган эшикдир. Ҳар иккиси учун сабр ва чидам шарт. Ана шунда унинг ортидан зафар-муваффақият бўй кўрсатади. Бу ҳам Парвардигорнинг фазли-марҳамати ҳисобланади. Қийинчилик ортидан ҳамиша енгиллик келади. “Аллоҳ танглик-қийинчиликдан кейин енгилликни ҳам пайдо қилади”. (Талоқ сураси, 7-оят). “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир”. (Шарҳ сураси, 5-6 оятлар).
Шу боис, Аллоҳ таоло бандаларига фақат хайрли-енгил ишларни буюрган. “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара сураси, 186-оят).
Бандалари учун оғир-машаққат бўлган нарсаларни улар устидан соқит қилади. “Бу динда Аллоҳ сизларга бирон ҳараж-танглик пайдо қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
“Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар бир қийинчилик-машаққат келиб, манави тешикка кирса, албатта бир енгиллик келиб, унинг ортидан киради ва уни чиқариб юборади”. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир”. (Баззор ривоятлари).
Яъни оғир-машаққатли соатлар ҳеч қачон давомий бўлмайди, хусусан Аллоҳ тақдирига рози бўлиб, шариат аҳкомларига тўлиқ амал қиладиган ва фақат Парвардигорларидан енгиллик-нажот истаб дуо-илтижо қиладиган солиҳ инсонлар албатта саодатли онларга етишадилар. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир”. (Талоқ сураси, 3-оят).

20. Ҳадисдан олинган фиқҳий фатво
Агар миниладиган ҳайвон кучли бўлиб, бемалол икки ёки уч кишини кўтара олса, улов эгаси ўз орқасидан бошқа бировни мингаштириб олиши мумкин. Бироқ миниладиган жонивор бир кишидан ортиғини кўтара олмайдиган бўлса, унга жабр қилмаслик лозим.

21. Ҳадис яна қуйидаги нарсаларни ифодалайди:
а) Муаллим бирон муҳим нарсани ўргатишидан аввал шогирдининг диққатини бир жойга жамламоғи керак. Яъни таълим унинг ёдида қолиши учун ўша нарсанинг муҳимлиги тушунтирилади;
б) Ким ҳақ устида турган бўлса ва унга чақирса ёхуд амри маъруф ва наҳий мункар қилса, Аллоҳ душманлари ва золимлар макри унга зарар бермайди;
в) Мусулмон киши ўз зиммасидаги тоат-ибодатларини адо этиб, мункар ишларни тарк қилиши, амри маъруф-наҳий мункар фарзини бажо этиши, иймони заиф одамларнинг хунук оқибатлардан қўрқитишларига қулоқ солмаслиги керак. Чунки унинг тақдирида ёзилган иш содир бўлмасдан иложи йўқ.


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

islom.uz © 2003-2024.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Яндекс.Метрика

 

 

Masjid.uz.
Отличные.