ЙИГИРМАНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЙИГИРМАНЧИ ҲАДИС
Ҳаё иймондандир

20 - عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلامِ النُّبُوَّةِ الأُولَى: إِذا لَمْ تَسْتَحْيِ فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ". (رواه البخاري).

Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Одамлар орасида аввалги Пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гап шуки: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!” (Бухорий ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Уятли ишларни қилишдан ўзни тийиш, атрофдан таъна-маломат олиб келадиган айбли ишларни тарк этиш ҳаёнинг қисқача мазмунини ифодалайди. Кишиларни ҳаёли бўлишга даъват этиш уларни барча маъсият ва ёмонликлардан қайтарувчи чақириқдир. Ҳаё инсонларга хуш келувчи хайрли хислат ҳамдир. Одамлар ҳаёдан маҳрум бўлишни нуқсон ва айб деб биладилар. Шунингдек, у иймоннинг комиллигини билдирувчи хусусият саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаё иймоннинг бир шохобчасидир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаё фақат яхшилик келтиради”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аслида Ислом дини ўзининг умум аҳкомлари ва кўрсатмалари билан эзгулик ва ҳақни қарор топтирувчи, маломатли ишларни тарк қилишга чақирувчи қизғин даъватдир. Шу боисдан имом Нававий мазкур ҳадисни “Арбаин” таркибига қўшганлар. У киши бундай деган эдилар: “Бу ҳадис Ислом асосларидан биридир. Яъни шариат буюрган вожиб ва мандуб амалларни бажармасликдан ҳаё қилинади. Шариат қайтарган ҳаром ва макруҳ ишларни эса бажаришдан ҳаё қилинади. Мубоҳ амалларга келсак, уларни бажаришдан ҳам, тарк қилишдан ҳам ҳаё қилиш мумкин. Шунга кўра, ушбу ҳадис бешала ҳукмни ўз ичига олгандир”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Пайғамбарлар меросидан.
Ҳаё ҳар қандай олий хулқнинг негизидир. У инсонни яхшиликка ундайди, ёмонликдан узоқ юришга чақиради. Шу боис, ҳаё ўтган Пайғамбарлар меросининг ўчирилмаган қисмига дохил этилди. Одамлар асрлар бўйи Пайғамбарлардан айни ҳаё ҳақидаги даъватни эшитиб келдилар, уни авлоддан авлодга мерос қилиб қолдирдилар. Шу тариқа у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларигача етиб келди. Модомики, биз Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ барча Пайғамбарлар меросхўри бўлган эканмиз, демак Аллоҳ берган ҳаё неъматини маҳкам тутмоғимиз, мазкур гўзал хислат ила безанмоғимиз лозим. Токи Пайғамбарларнинг покиза мероси орамизда яшаб қолсин. Аллоҳ таоло ер ва ундаги бор нарсани яна Ўзига қайтиб олгунига қадар кишилар ҳақ ва хайрият ила кун кечирсинлар

2. Ҳадис маънолари
Улуғ олимларимиз мазкур ҳадисни уч хил шарҳлаганлар. Қуйида биз ҳадисга берилган учала маънони келтириб ўтамиз.
Биринчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ феъли таҳдид-ваъидни ифодалайди. Унда ҳадис маъноси қуйидагича шарҳланади: Агар сенда ҳаё бўлмаса, хоҳлаган ишингни қилавер. Албатта Аллоҳ таоло сени қаттиқ жазолайди!
Амр-буйруқ феълининг таҳдид маъносида келиши қуйидаги ояти каримада ҳам кузатилади: “(Эй кофирлар), хоҳлаган ишингизни қилаверинглар. Албатта У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир”. (Фуссилат сураси, 40-оят).
Иккинчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ хабар маъносини ифодалайди. Яъни беҳаё кимсалар хаёлларига нима келса қилаверадилар. Чунки ҳаё инсонни қабиҳ-разил одатлардан тўсиб туради. Ҳаёсиз махлуқлар эса бузуқлик ва тубанлик балчиғига ботадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам буйруқ феъли хабар маъносини ифодалаб келган: “Кимда-ким менинг ишимда мен айтмаган гапни гапирса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин”. Яъни, у жойини жаҳаннамдан тайёрлабди.
Учинчи маъноси: Буйруқ мубоҳликни билдиради. Яъни, агар сен бир ишни қилишдан Аллоҳдан ҳам, одамлардан ҳам ҳаё этмасанг, модомики у шариатда қайтарилмаган бўлса, уни қилавер, рухсат. Зеро шариатда қайтарилмаган ҳар қандай амал мубоҳдир.
Юқоридаги шарҳлар орасида албатта биринчи келтирилгани кучлироқдир. Бироқ имом Нававий (Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин) учинчи маънони рожиҳ-кучли санаганлар. Абу Убайд Қосим ибн Салом, Ибн Қутайба ва Муҳаммад ибн Наср Марвазийлар иккинчи маънони ихтиёр этишган.

3. Ҳаё икки хил бўлади:
Биринчи: туғма ҳаё
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасига гўзал ҳаё ато этади. Бу табиий уятчанлик ҳисси кишини қабиҳ ва тубан амаллардан тўсиб туради. Шу боис, ҳаё эзгулик манбаи ва иймоннинг бир бутоғи дея эътироф этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирларида ўтирган бокиралардан ҳам ҳаёлироқ бўлганлар.
Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳаёли инсон ўзини бир четда тутади. Ўзини четга олган банда тақводор бўлади. Тақво қилганлар омон қоладилар”.
Иккинчи: ўзлаштирилган ҳаё.
Аллоҳ таоло бандаларига ҳаммадан яқин ва барча нарсадан огоҳ Зот. Кўзлар хиёнати ҳам, қалблар разолати ҳам Ундан махфий қолмас! Ушбу ҳақиқатни англаб етган мусулмон ҳар бир ҳолатда Аллоҳдан ҳаё қилишга интилади. Бундай гўзал сифатга эришиш йўлида ҳаракат қилаётган мўмин бир пайтнинг ўзида иймоннинг олий хислатларини ҳам қўлга киритади. Бундай ҳаё Аллоҳ таолонинг неъматларини ҳис этиш ва ўзининг ношукурлигини эътироф қилиш орқали ҳам ҳосил бўлади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳдан чинакам ҳаё қилиш бу бошни ва ундаги нарсаларни, қорин ва унинг ичидагиларни сақлашинг, ўлимни ва йўқ бўлишни ёд этишингдир! Охиратни танлаган банда дунё зийнатини тарк этади. Ким шундай йўл тутса, у Аллоҳдан чинакам ҳаё қилибди”. (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).
Бордию бандада ўзлаштирилган ҳаё ҳам, қалбида туғма уятчанлик ҳам бўлмаса, уни разолату маъсиятлардан тўсиб турувчи нарса қолмайди. Натижада у инсу жинлардан иборат иймонсиз шайтонлар сафига қўшилади.

4. Бемаъни ҳаё
Нафсни қабиҳ ва ярамас ишлардан тўсувчи ҳаё мақтовли хулқ саналади. У иймонни комил этиб, эгасига фақат яхшилик келтиради. Бироқ ҳар бир нарсанинг чегараси бор. Шу боис, кишини изтиробга солиб қўювчи ортиқча тортинчоқлик кераксиз ҳаёдир. Тортинишга ҳечам ҳожат бўлмаган ўринларда ийманиб ўтириш ёмон хулқ саналади. Чунки бу - беҳуда ҳаё! Бундай сифат кишини илм олиш ва кундалик ризқини топишдан тўсиб қўяди. Баъзилар ўз ўрнида бўлмаган кераксиз ҳаёга заифлик деб баҳо берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаё икки турли бўлади: бири иймондандир, иккинчиси эса ожизликдир”. (Ҳасан Басрийнинг мурсал ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий юқоридаги ривоятни Ҳасан Басрийнинг сўзи бўлса керак, деб тахмин қилганлар. Шунингдек, Бишр ибн Каъб Адавий ҳам Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳуга шундай деган эдилар:
“Биз китобларда ўқишимизча, ҳаёнинг Аллоҳ учун вазмин ва босиқ бўлиш каби хили ҳам, заифлик саналган хили ҳам мавжуд экан”. Шунда Имрон розияллоҳу анҳунинг ғазаблари келди: “Мен сенга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини айтсам, сен унга қарши гапирасанми?!”
Имрон розияллоҳу анҳу ҳақлар. Кишини гўзал амалларга ундовчи ва уни ярамас қилиқлардан тўсувчи ҳаё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида мақталган ҳаёдир. Аммо Аллоҳ таоло ёки бандалар ҳақ-ҳуқуқларини адо этишда инсоннинг йўлига тўғаноқ бўлувчи заифлик ҳаё дейилмайди. Бундай ортиқча тортинчоқлик инсоннинг ожизлигидан бошқа нарса эмас.

5. Муслима аёлнинг ҳаёси
Ҳаё безаги ила зийнатланган муслима ер юзини обод этиш ва ёш авлодга таълим-тарбия беришда соғлом аёллик фитрати билан иштирок этади. Қуръони каримдаги ушбу ажойиб мисолга бир эътибор беринг. Шуайб алайҳиссалом қизларидан бирини Мусо алайҳиссаломни чақириб келишга жўнатдилар: “Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга қўйларимизни суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда”, деди”. (Қасас сураси, 25-оят).
Қиз отасининг сўзларини етказмоқ учун покиза ва иффатли бўлиб, ҳаё-ибо билан қадам ташлаб келди. Ўзини у ёндан-бу ёнга ташлаб, солланиб, пардоз-андозга бурканиб, икки оёқли фитна бўлиб эмас, одмигина бокира қиз бўлиб, Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилди. Соғлом табиатли, тоза қалбли бу қиз сўзлаганда ҳам нозланмасдан, атайлаб қилиқлар кўрсатмасдан, аниқ-тиниқ гапирди. Покиза қизлар соф табиатлари туфайли бегона эркаклар қаршисида гапиришга тортинадилар. Лекин ниятлари пок ва қалблари тоза бўлганлиги боис, улар бир гапни бузмасдан, узмасдан, бегонанинг кўнглига чўғ ташламасдан, содда ҳамда тушунарли қилиб баён этадилар. Тап тортмасдан заруратсиз бегона эркаклар билан аралашиб юрадиган, шаллақи, эркакшода аёллар Қуръон ва Ислом мактабида таълим олмаган заифалардир. Улар Аллоҳнинг тоати ва аёллик ибосини маъсият ва фисқу фужурга айирбошлаганлар. Шайтон ноғорасига ўйнаган бундай аёллар дунёю Охират бахтсизлигидан ўзга нарсага эришмаслар.

6. Ҳаё самараси
Ҳаёли инсонлар иффатли, покиза бўладилар. Улар барча ҳолатларда ўзларининг иффатларини сақлаб қоладилар. Ҳаёнинг самараларидан яна бири вафодир.
Аҳнаф ибн Қайс айтадилар: “Ҳеч қачон ёлғончилик билан мардоналик бир инсонда жамланмайди. Мардоналик самаралари ростгўйлик, вафодорлик, ҳаё ва иффатдир”.

7. Ҳаёнинг зидди
Безбетлик бандани тубан ҳолатларга туширади. Ҳаёдан бебаҳра кимсалар атрофдан ёғилаётган танқидларни писанд қилмай қўядилар. Бориб-бориб улар ножўя ишларни намойишкорона бажарадиган бўлиб кетадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Умматим орасида гуноҳни ошкора бажарувчилардан бошқалари саломат қолувчилардир”.
На Аллоҳдан ва на бандасидан ҳаё қиладиган бешарму беандиша кимсаларни фақат қаттиққўллик ва қатъий жазогина жоҳилона қилиқлардан тўхтатади. Чунки одамлар орасида шундайлари борки, улар ҳаё қилмайдилар, бироқ қўрқадилар. Бу ерда ажабланарли нарса йўқ. Зеро, ҳаёсизлик соғлом инсоний табиатдан ажралиш демакдир!

8. Ота-она ва мураббийлар вазифаси.
Бола тарбиясига масъул инсонлар ўсиб келаётган ёш авлодга ҳаё хулқини сингдиришлари лозим. Ота-оналар фарзандлари нималар билан машғул эканлигини кузатиб борсинлар. Болаларни ахлоқсиз доира таъсирига тушиб қолишдан асрамоғимиз керак. Уларда фойдали китобларга нисбатан меҳр уйғотинг. Бузуқ кинофилмлар, бемаъни томошалар ва беҳаё сўзлардан уларни имкон қадар йироқ тутинг.

9. Ҳаё фақат яхшилик келтиради
Кимнинг ҳаёси зиёда бўлса, яхшилиги ҳам зиёдалашади. Ҳаёси камайган банданинг хайрияти ҳам камаяди.

10. Дин аҳкомларини ўрганишда ва ҳақ талабида уялиб тортиниб турмаслик керак
“Аллоҳ ҳақни айтишдан тортинмайди”. (Аҳзоб сураси, 53-оят).


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

islom.uz © 2003-2024.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Яндекс.Метрика

 

 

Masjid.uz.
Отличные.