ЙИГИРМА САККИЗИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЙИГИРМА САККИЗИНЧИ ҲАДИС
Суннатларни маҳкам тутинг! Бидъатлардан йироқ бўлинг!

28 - عَنْ أَبِي نَجِيحٍ عِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَوْعِظَةً وَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ، وَذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، كَأَنَّهَا مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ، فَأَوْصِنَا. قَالَ: "أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ، وَإِنْ تَأَمَّرَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ، فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فَسَيَرَى اخْتِلافًا كَثِيرًا، فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الأُمُورِ، فَإِنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ". (رواه أبو داود والترمذي وقال: حديثٌ حسنٌ صحيحٌ).

28. Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга мавъиза қилдилар. Бундан қалблар қўрқувга тушди, кўзлар ёшга тўлди.
- Ё Расулуллоҳ! Бу бамисоли видолашаётган кишининг мавъизасидек бўлди, - дедик биз. - Энди насиҳат қилинг!
- Сизларга Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишни васият қиламан. Агар бир қул устингизга амир бўлса ҳам, унга қулоқ тутинг, итоат этинг. Ҳали сизлардан (узоқроқ) яшаганларингиз кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимга ва ҳидоят қилинган, тўғри йўлдаги халифалар суннатига эргашингиз! Уни ақл тишларингиз билан (маҳкам) тишлаб олинглар. Янги пайдо бўлган ишлардан эҳтиёт бўлинглар. Зеро, ҳар бир бидъат залолатдир.
(Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Таъсирли мавъизанинг сифатлари.
Мавъиза оқибатни ёдга солувчи эслатма ва насиҳатдир. Унинг қалбларга етиб бориб, нафсларда ўз таъсирини ўтказиши учун қуйидаги шартлар талаб қилинади:
а) Мавзунинг танланиши.
Мавъиза пайтида фақат шаръий ҳукм ва ҳудудлар баёни билан чекланиб қолмасдан, эшитувчиларнинг дину дунёларига тааллуқли бўлган масалалардан сўз очмоқ, уларни ғафлат уйқусидан уйғотмоқ лозим. Одамлар учун зарур бўлган, кундалик ҳаётда учрайдиган мавзуларни танлаб, уларни ҳикмат тили билан пухта баён қилиш керак. Шубҳасиз, аксарият мусулмонларнинг жумъа ва ҳайит хутбалари билан кифояланишлари уларнинг дин моҳияти, азизлик руҳи, нафсга қарши кураш каби муҳим нуқталарга лоқайд бўлиб қолишларига кучли таъсир кўрсатган.
Хайрли натижаларга эришмоқчи бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча расмий хутбалардан бошқа пайтларда ҳам асҳобларига панд-насиҳат берардилар. Мазкур таъсирли мавъизалар Аллоҳ таолонинг мана бу амрининг амалдаги кўриниши эди:
“Парвардигорингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят).

б) Мавъизада оммага етиб борадиган, тушунарли сўзларни ишлатинг.
Кўзланган мақсадни аниқ ифодалайдиган, тингловчиларнинг қулоқларидан кириб бориб, қалбларига ўрнашадиган тушунарли ва чиройли сўзлардан фойдаланиб, панд-насиҳат қилиш лозим.
“Уларга панд-насиҳат қилиб, ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг!” (Нисо сураси, 63-оят).
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар қилган ривоятда шундай дейилган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етук панд-насиҳат қилдилар”.

в) Мавъизани чўзиб юбормаслик.
Узоқ давом этган панд-насиҳат эшитувчиларни малоллантириб, зериктириб қўяди ва натижада мавъиза кутилгандек таъсир кўрсатмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба ва мавъизалари ҳамиша қисқа, лўнда бўларди.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқирдим. У Зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ҳам ихчам бўларди”. (Муслим ривоятлари).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумъа куни мавъизани чўзиб юбормас эдилар. У Зотнинг мавъизалари бир неча енгил калималардан ташкил топарди”.
(Абу Довуд ривоятлари).

г) Панд-насиҳат учун муносиб фурсат ва мувофиқ вақт танланмоғи лозим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма вақт панд-насиҳат қилавермаганлар. Пайғамбаримиз вақти-вақти билан ваъз айтганлар.
Абу Воилдан ривоят қилинади:
“Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни зикр-мавъиза қилардилар. Бир киши уларга шундай деди:
- Эй Абу Абдураҳмон! Биз сизнинг суҳбатингизни яхши кўрамиз ва соғинамиз. Истардикки, сиз ҳар куни бизга ҳадис айтсангиз.
- Мен сизларни малоллантириб қўймай, деб ҳар куни мавъиза айтмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни зериктириб-сиқиб қўйишни истамаганлари боис, аҳён-аҳёнда мавъиза қилардилар”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

2. Ҳақиқий воизнинг сифатлари.
Ғафлат уйқусига ботган нафсларни ва мудроқ қалбларни ҳаракатга келтирмоқ учун айтилаётган ваъз қуйидаги сифатларга эга бўлган шахс томонидан жаранглаши керак:
а) Воиз ўзи айтаётган сўзларга ишониши, улардан таъсирланиши ва мавъизанинг тингловчилар қалбига етиб бориб, уларни қаноатлантириши учун куйиб-ёниши шарт.
Бу унинг юз ифодалари, хатти-ҳаракатлари ва гап оҳангларида яққол сезилиб турсин. Ушбу воситалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мавъиза қилаётган чоғларида ўзгариб кетардилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилсалар ва Қиёматни зикр этсалар, дарғазаб бўлиб, овозлари кўтарилиб кетарди. Кўзлари қизарарди. Бамисоли “Эртаю кеч сергак туринг!” деб қўшинни огоҳ қилаётган огоҳлантирувчига ўхшаб қолардилар”.
б) Воизнинг қалби турли иллатлардан покиза бўлса, унинг ростгўй юрагидан чиқаётган сўзлар тингловчилар кўнглини забт этади.
Қалби ва нафси соғлом бўлмаган воизнинг гаплари одамларнинг бу қулоқларидан кириб, у қулоқларидан чиқиб кетади. Ҳасан Басрий Басра масжидида йиғилганларга ваъз ўқиётган одамнинг сўзларини эшитиб, сира таъсирланмадилар. Одамлар тарқалганидан сўнг улуғ тобеин ҳалиги воизга қараб шундай деган эканлар:
- Эй (воиз), ё сенинг қалбингда касаллик бор ёки менинг қалбимда!
в) Мавъиза қилувчи кишининг сўзи билан иши бир бўлиши керак.
Чунки унинг панд-насиҳатларини тинглаб, фасоҳату балоғатига таҳсин ўқиганлар энди қилаётган амалларини кузата бошлайдилар. Агар воизнинг сўзи билан иши бир бўлса, унга эргашадилар. Аммо воизнинг ўз сўзларига амал қилмаслигини ёки мутлақо тескари ҳаёт кечиришини сезиб қолсалар, уни маломат қилиб буткул юз ўгирадилар.
Айтадиларки, сўзи билан ваъз ўқиган кимса, каломини зое этибди. Амали билан ваъз қилган киши аниқ нишонга урибди. Сўзи ва иши бошқа-бошқа бўлган кимсаларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти етарли танбеҳ эмасми:
“Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани гапирасизлар. Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир”. (Саф сураси, 2-3-оятлар).

3. Саҳобаи киромлар фазилати. Улар қалбининг мусаффолиги.
Мавъиза қилинаётган пайтда саҳобалар қалбини қоплаган қўрқув ва кўзларидаги ёшлар уларнинг фазилати, салоҳияти ва иймон мартабасию нажот мартабасида олий мақомлар эгаси эканликларини кўрсатади. Рушду ҳидоятнинг йўлчи юлдузлари деб эътироф этилмиш улуғ асҳоблар Пайғамбарлари ва муаллимлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, Азиз ва Олий Парвардигорлари томонидан ҳам мақтов эшитдилар:
“Улар Пайғамбарга нозил қилинган нарсани эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз”. (Моида сураси, 83-оят).
Аллоҳ азза ва жалла китобида барча мўминлар шаънига қуйидаги мақтовлар айтилган: “Аллоҳ (номи) зикр қилинганда қалбларига қўрқинч тушадиган ва Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган кишиларгина (ҳақиқий) мўминлардир”. (Анфол сураси, 2-оят).

4. Тақвога чақириш.
Шариат таклифларидан бўлмиш барча буйруқларни адо этмоқ ва жами қайтариқлардан нафсни покиза тутмоқ тақводир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига тақвони васият қилишлари бу сифатнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эътиборларида улкан ўрин тутганини билдиради. Чунки тақвони маҳкам тутиш дунёю Охират саодатига етаклайди. Аллоҳ таоло аввалу охиргиларга уни тавсия этган.
“Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик”. (Нисо сураси, 131-оят).

5. Итоатга чақириш.
Мусулмон бошлиқларнинг хайрли ишлардаги буйруқларига итоат этиш Қуръон ҳукми билан таъкидланган. “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган ҳокимларга бўйинсунингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).
Аслида Ислом бошлиқларига бўйсуниш Аллоҳ таолодан қўрқиш-тақво таркибига кирса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни алоҳида тилга олдилар. Ушбу таъкид масаланинг жуда эътиборли эканига далолат қилади. Мусулмонлар дунё саодати, бирдамлик, мустаҳкам тартиб-интизомга эришишлари ва Парвардигорларига ошкора тоат-ибодат қила олишлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васиятларига амал қилишлари керак.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтганларидек, “Одамларни фақат яхши ёки фожир раҳбаргина ислоҳ қила олади. Агар амир фожир бўлса, мўмин унинг хусусида Парвардигори амрига бўйсунади ва бу билан фожир раҳбарни ажалига олиб боради”.
Бугунги итоатсизлик, бошбошдоқлик ва низо-тортишувларга мойиллик мусулмонларнинг заифлашиб қолишларига олиб келган омиллардандир. Бу ўз навбатида мусулмонлар орасида фитна оловини ёқди, кўп жанжалларни келтириб чиқарди, Ислом умматининг кучини қирқиб, мунофиқлик, бидъат ва гуноҳ-маъсиятлар гулханига мой сепди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сизларга бир қул амир бўлса ҳам...», дедилар.
Имом Бухорий ривоятларида эса: «Агар устингизга боши майиздек (қоп-қора) ҳабаш қул амир этиб тайинланса ҳам қулоқ солинглар, итоат этинглар!» дедилар.
Уламолар буни икки хил маънода тушунганлар:
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда мусулмонлар аҳволи ёмонлашиб, шариат аҳкомлари татбиғига халал етиши хусусида хабар беряптилар. Натижада раҳбарликка нолойиқ кимсалар уммат бошчиларига айланади. Ўшанда икки зарарнинг енгилроғи танланиб, нолойиқ амирга итоат қилинади. Чунки раҳбар бўлишга нолойиқ саналган қулнинг ҳукмига сабр этмоқ жамиятда фитна-фасод тарқалишидан енгилроқдир.
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги сўзни зарбулмасал тариқасида айтяптилар. Яъни бу бир мисол, холос. Зотан, қулнинг ҳокимлик қилиши ҳеч қаерда дуруст дейилмаган. Шу жиҳатдан қуйидаги ривоят ушбу ҳадисга ўхшаб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимки Аллоҳ таоло учун ҳатто каклик иничалик масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда уй бино қилади”. Албатта қуш иничалик жой ҳеч қачон масжид бўлолмайди.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари ва хулафои рошидинлар суннатига эргашмоқ.
Суннат бу юриладиган йўлдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг тўғри йўлдаги халифалари тутган эътиқод, қилган амал ва айтган сўзларини маҳкам ушлаш мазкур суннатга амал қилиш ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулафои рошидинларнинг Китобу Суннатдан хулоса чиқариб қилган ишлари тойилишдан йироқ бўлишини билганлари боис, юқоридаги сўзларни айтдилар.
Мусулмонлар “хулафои рошидин” номига ушбу тўрт халифани билиттифоқ мансуб қилганлар:
Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин!).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва кейинги тўрт халифа суннатига эргашмоқ - хусусан, бугунгидек ихтилоф ва фирқалар кўпайган бир пайтда - шубҳасиз, нажот сари бошлайди.

7. Бидъатлардан ҳазир бўлинг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким бизнинг ушбу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, унинг иши рад қилинади”.
Мана шу ҳадис шарҳидан унинг улкан асос эканлиги ва кимда-ким динда йўқ нарсани чиқарса, унинг бидъати ўзига қайтарилиши ҳақида билиб олдик. Албатта Ислом бу каби залолатли бидъатлардан мутлақо покдир. Ҳар кимки бир ишни пайдо қилиб, уни динга нисбат берсаю, у нарсанинг динда асоси бўлмаса, у ёмонланган янгиликдир.
Бидъатнинг шаръий ва луғавий маънолари мавжуд. Динда шоренинг буйруғига ҳамда унинг хос ва умумий далилига тескари тарзда янгилик яратиш бидъатнинг шаръий таърифидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар бир бидъат залолатдир!” деган кенг қамровли ҳадислари мана шундай бидъатдан огоҳлантирувчи қоидадир.
Бидъатнинг луғавий маъноси эса илгари ўхшаши бўлмаган нарсани ихтиро қилиш демакдир. Айрим саҳобалар тилида бидъат лафзининг мақталишини ҳам айнан шу иккинчи маънода тушунмоқ лозим. Умар розияллоҳу анҳу таровеҳ намозини ўқиётган мусулмонларни бир имом орқасига жамладилар ва кейин шу тарзда намоз ўқиётган мўминларни кўриб: “Бу нақадар яхши бидъат бўлди!” деган эдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга айтдилар:
- Илгари бундай бўлмаган-ку?!
- Биламан, - деб жавоб бердилар Умар розияллоҳу анҳу.- Лекин бу яхши нарса.
Яъни Умар розияллоҳу анҳугача бу ишнинг бўлмагани аниқ эди. Бироқ шариатда унинг асли мавжуд бўлган.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида мусҳафнинг жамланиши, закот беришдан бош тортганларга қарши уруш очиш, бутун умматни битта мусҳаф атрофига тўплаш, Усмон розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида Қуръондан нусхалар кўчириб, чор-атрофга жўнатиш каби бир қанча янги ишларни саҳобалар хайрли деб топдилар ва айни ҳаракатлар шариатда асосланганлигига шубҳа билдирмадилар.

8. Видолашув пайтида дунё ва Охират учун фойдали бўлган тавсияларни айтмоқ суннатдир.

9. Динда асоси бўлмаган янги ишларнинг олдини олиш, одамларни улардан қайтариш лозим.

Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобларидан.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.