ЎТТИЗ ТЎРТИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЎТТИЗ ТЎРТИНЧИ ҲАДИС
Ёмонликнинг олдини олмоқ - исломий бурч!

34 - عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:
"مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدْهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيْمَانِ". (رواه مسلم).

34. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим:
“Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Буниси эса иймоннинг ўта заифлигидир”.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг мазкур ҳадисни ривоят қилишлари.
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:
Ҳайит куни хутбани намоздан олдин биринчи бўлиб бошлаган киши Марвон бўлди. Шунда бир киши ўрнидан туриб, деди:
- Хутбадан олдин намоз ўқилади!
- У нарса тарк қилинди! - деб жавоб берди Марвон. “Ўша одам ўз бурчини адо этди”, - дедилар Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу - Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қай бирингиз бирон ёмонликни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин...” (Муслим ривоятлари).
Бухорий ва Муслим ривоят қилган бошқа бир ривоятда Марвоннинг қўлидан тортқилаб, юқоридаги сўзни айтган киши сифатида Абу Саид розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳикоя қилинади ва Марвон уларга “У нарса тарк қилинди!” деб жавоб беради.
Эҳтимол, ҳалиги киши биринчи бўлиб гапиргандир. Сўнг мункарни қўл билан ўзгартириш мақсадида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу сўз олган бўлишлари мумкин. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир!

2. Ботил аҳлига қарши курашмоқ.
Ҳаёт яратилганидан буён ҳақ билан ботил яшаб келмоқда. Диллардаги иймон шуъласи ўчиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло Пайғамбарлар юбориб турди. Улар иймон чўғини пуфлаб, қайтадан аланга олдирдилар. Пайғамбарларнинг содиқ издошлари ҳар доим ҳар ерда Ҳақ ҳимоясида эдилар. Албатта бундай пайтларда ботил аҳли бошини эгиб яшашга мажбур бўларди. Бироқ қулай фурсат келиши билан улар яна фисқу фасод тарқатишга киришардилар. Оқибатда Ҳақнинг холис мухлислари ёмонликнинг олдини олиш учун ҳам тил билан, ҳам қўл билан ҳаракат қилиб майдонга чиқишар эди. Иймон эгалари ҳеч қачон ёвуз, сохта маъбудлар тантанасига жим қараб турмаганлар! Фақат иймон нуридан маҳрум бўлган ва ҳаёти дунёда хорликни, Охиратда эса аламли азобни ўзларига насиба қилиб олган шўрпешоналаргина золимларга таъзим қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мендан аввал Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи ёрдамчилари ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Булар кетидан кейинги авлод келади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиришади. Буюрилмаган ишларни қилишади. Кимки уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!” (Муслим ривоятлари).

3. Мункардан қайтармоқ.
Ҳар бир мусулмон учун ёмонликнинг олдини олмоқ вожибдир. Киши имкон қадар мункар амални тўсмоғи, уни ўзгартирмоғи лозим. Мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва қалб билан мункарга қарши курашадилар.
а) Қалб билан инкор қилмоқ.
Яхши-ёмонни фарқламоқ ва мункар ишни қалбдан инкор этмоқ ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимса ҳалокат жарига қулайди. Ҳатто қалбида ҳам мункарни инкор этмаслик кишининг иймондан маҳрум бўлганига далолат қилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир кишининг “Кимда-ким яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармас экан, ҳалок бўлур!” деган сўзларини эшитиб, шундай дедилар: “Қалбида яхши-ёмонни танимаган кимса ҳалок бўлур!”
б) Инсон ҳеч нарса қила олмаса, мункарни қалби билан инкор этади.
Киши мункар амални қўли ёки тили билан инкор эта олмаса, уни қалби билан ёмон кўриб, зиммасидаги масъулиятни адо этади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Қай бирингиз узоқроқ умр кўрса, (шундай замонларни кўрадики,) бирон мункар ишни кўрганда, унинг шу мункарни ёмон кўришини фақат Аллоҳ таоло билади, холос. Банданинг қўлидан бошқа ҳеч нарса келмайди.”
Инсон ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавфсираса, ожиз саналади. Бироқ шундай зарар келади, деган кучли гумон ғолиб бўлмаса ҳам мункарни инкор этмай қўйса, қалбда норози бўлиб туриш билан зиммасидаги вожиб юкидан халос бўлмайди. Яъни, киши ўзини бехавотир сезган заҳоти мункарга қарши қўли ёки тили билан курашмоғи лозим.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим:
“Аллоҳ таоло Қиёматда бандасидан “Мункар ишни кўрганингда, уни инкор этишдан нима тўсди?”, деб сўрайди. Аллоҳ банданинг тилига хужжатини солса, у айтади: “Парвардигорим! Мен Сендан умидвор бўлдим ва одамлардан ажралдим!” (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
в) Маъсиятга рози бўлмоқ гуноҳи кабирадир.
Маъсиятга қалбида рози бўлган кимса, ўша маъсиятнинг устида бўлган-бўлмаганидан қатъиназар, улкан гуноҳга қўл урган ҳисобланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг шоҳиди бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса” дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг шоҳиди кабидир”.
Яъни, маъсиятни қўли ёки тили билан ўзгартишга қодир бўлмаган мусулмон уни қалбидан ёмон кўрса, бамисоли ўша маъсиятни кўрмаган кишидек унга жавоб бермайди. Бироқ гуноҳга розилик кўзи билан боқмоқ қалб инкорини ҳам йўққа чиқаради. Маълумки, маъсиятни ҳеч бўлмаса қалбда ёмон кўриш фарзи айн ҳисобланади.
г) Маъсиятни қўл ёки тил билан инкор қилиш икки хил бўлади:
Фарзи кифоя.
Бирон маъсият-мункар ишни мусулмонларнинг бир жамоаси кўрса ёхуд эшитса, ушбу маъсиятни инкор этиш уларга вожиб бўлади. Агар жамоатдан бир киши шу ишни амалга оширса, қолганлар устидан масъулият соқит бўлади. Аммо мункарни қайтариш ёки ўзгартиришга уларнинг ҳеч бири ҳеч қандай сабабсиз эътибор бермаса, барчалари бирдек гуноҳкор бўладилар.
“Ораларингиздан яхшиликка даъват қиладиган, амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган бир жамоат бўлсин!” (Оли Имрон сураси, 104-оят).

Фарзи айн.
Бирон мункарни эшитган-кўрган киши агар уни ўзгартиришга ёки тўхтатишга қодир бўлса, мазкур вазифа унинг зиммасига тушади. Шунингдек, маъсиятни бир гуруҳ мусулмонлар кўрган-эшитган бўлсалар ҳам уни ўзгартириш ёки тўсиш фақат битталарининг қўлидан келса, айни вазифа айнан ўша қодир мусулмоннинг зиммасига тушади. Агар у қодир бўла туриб маъсиятнинг олдини олмаса, гуноҳкор саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қай бирингиз бирон гуноҳ-маъсиятни кўрса...” дедилар. Яъни, ундан бошқа киши шу маъсиятни кўрмаган. Хабардорлик ва қодирлик ҳам кўрмоқ билан баробар.

4. Қурби етса ҳам гуноҳ-маъсиятдан қайтармаслик оқибатлари.
Агар мункар ишларнинг олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибат ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади!
“Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлангандир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишлардан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” (Моида сураси, 78-79-оятлар).
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир қавм орасида гуноҳ-маъсиятлар қилинсаю, улар ўзгартишга қодир бўла туриб, маъсиятларни ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло улар устига умумий жазо-азоб жўнатишига сал қолади”. (Абу Довуд ривоятлари).
Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир қавм орасида бир киши маъсият ишларни қилсаю, қавм уни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартирмаса, Аллоҳ таоло улар устига ўлмасларидан олдин азоб юборади”.
Адий ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деяётганларини эшитдим:
“Аллоҳ таоло хос (бир тоифа) кимсалар қилмиши сабабли оммани азобламайди. Бироқ одамлар ён-атрофларида қилинаётган мункарни кўриб туриб, уни инкор этишга қодир бўлсалар ҳам инкор этмасалар, Аллоҳ таоло оммани ҳам, хос кимсаларни ҳам азоблайди!”.
Бир ривоятда: “Агар мункар иш ошкора қилинса, ҳаммалари азобга ҳақли бўлади...” дейилган.
Ушбу мавзуни лўнда ва қойилмақом ёритиб берадиган мана бу ажабтовур масалга эътибор қаратинг-а: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай дейишди:
- Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик.
Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади”. (Бухорий ривоятлари).
Жамиятда содир этилган ҳар бир маъсият ушбу жамият хавфсизлигига хатар солувчи бир тирқишдир!

5. Нотўғри тушунчалардан йироқ бўлмоқ.
Кўпчилик мусулмонлар мункарга қарши турмасликларини турли баҳоналар билан оқлашга уринишади. Улар ўзларича Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини ҳужжат сифатида келтиришади:
“Эй мўминлар, ўзингизни билингиз. Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашганлар сизларга зарар етказа олмайди”. (Моида сураси, 105-оят).
Агар тўғри фаҳмланса, ушбу оят ҳам мункарни инкор қилишга буюраётгани аён бўлади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар:
“Эй одамлар, сизлар ушбу оятни ўқиб, уни нотўғри талқин қиласизлар. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини эшитганмиз: “Одамлар золимни кўриб туриб, унинг қўлидан тутмасалар, Аллоҳ таоло ҳаммаларини азобга гирифтор қилишига сал қолади!”.
(Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
“Саҳиҳи Муслим” шарҳида имом Нававий ёзадилар:
“Муҳаққиқ олимлар наздида ушбу оятнинг тўғри маъноси қуйидагича: Модомики, сизлар ўз устларингиздаги вазифани адо этаркансизлар, ўзгаларнинг қосирликлари сизларга зарар бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига ўхшайди: “Ҳеч бир кўтарувчи ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас”. (Анъом, 164-оят). Албатта амри маъруф ва наҳий мункар ҳам мукаллафнинг вазифалари қаторига киради. Банда ёмонликдан қайтариш билан ўз вазифасини адо этган бўлади. Ёмоннинг ёмонликдан қайтмаганига у жавоб бермайди. Наҳий мункар қилиш билан унинг иши тугайди. Валлоҳу аълам!”

6. Катта зарар юзага келишидан қўрқиб наҳий мункарни тарк қилмоқ.
Инсон мункарнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам айни мункардан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқса, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади” деган аслий қоидага биноан унинг устидан вожиб соқит бўлади. Фақат наҳий мункар ортидан келадиган ёмонлик киши наздида нақд бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишига сабаб бўла олмайди. Мукаллаф назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади.

7. Амри маъруф ва наҳий мункарга қулоқ солмайдиган кимсага ҳам насиҳат қилинаверади.
Мусулмон киши бир банданинг насиҳатни қабул қилиш-қилмаслигидан қатъиназар, уни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверади. Олимлар бу билан мукаллаф ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейишади. Чунки ундан насиҳатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган. Биз юқорида Имом Нававийнинг сўзларини келтириб ўтган эдик. “Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос”. (Ғошия сураси, 21-оят).
“Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос”. (Шўро сураси, 48-оят).
“Панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур”. (Зориёт сураси, 55-оят).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг “ўша одам ўз устидаги вазифани адо этди”, деган сўзлари ҳам шу маънода эди.
Ҳаддан ошган қавм Аллоҳ ман этган шанба кунида балиқ овларди. Золим қавм насиҳатга қулоқ солмаслигини билсалар-да, солиҳ инсонлар уларга панд-насиҳат қилдилар. “Ўшанда бир жамоат: “Не сабабдан Аллоҳнинг ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (Қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)”. (Аъроф сураси, 164-оят).
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан ўзларини четга тортадиган айрим кишилар “Ўзингни қийнама. Гапирган билан фойдаси йўқ!” деб бошқаларни ҳам вожиб амаллардан тўсадилар. Улар қуйидаги ояти каримани ҳужжат қилиб келтиришади: “Аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз”. (Қасос сураси, 56-оят).
Ахир бу оят Абу Толиб хусусида нозил бўлган-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларини ҳамиша Исломга даъват қилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдилар. Бироқ Абу Толиб сўнгги нафасигача ширкдан қайтмади. Ҳимоячилари ва ёрдамчилари бўлмиш Абу Толибдан айрилиб қолган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тасалли бериб, юқоридаги оятни нозил этди. Яъни: “Сиз ўзингиз хоҳлаган кишининг қалбига иймон-ҳидоят ўрнаштира олмайсиз!” Аллоҳ таоло Пайғамбарини амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан қайтармаган. Аксинча... “Албатта сиз тўғри йўлга етаклайсиз!” (Шўро сураси, 52-оят); “Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (Ҳақ даъватини) ошкора қилинг!” (Ҳижр сураси, 94-оят).

 

Имом Нававийнинг арбаъийн китобларидан.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.