ЎТТИЗ САККИЗИНЧИ ҲАДИС

Rate this item
(0 votes)

ЎТТИЗ САККИЗИНЧИ ҲАДИС
Аллоҳ таоло муҳаббатини қозонмоқ

38 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَالَ: مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ، وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ، وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ، فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ، وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ، وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا، وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا، وَإِنْ سَأَلَنِي لأُعْطِيَنَّهُ، وَلَئِنِ اسْتَعَاذَنِي لأُعِيذَنَّهُ". (رواه البخاري).

38. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло айтади: Кимда-ким Менинг дўстим билан адоватлашса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан тобора яқинлашаверганидан, ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, албатта унга бераман. Агар Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан".
(Бухорий ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Аллоҳ таоло ўз дўстларидан меҳр-муҳаббатини дариғ тутмайди ва уларга озор етказган кимсаларга ғазаб қилади. Мазкур ҳадис кимлар дунё ва Охиратда Аллоҳнинг суюкли дўстлари эканини баён этади. Шу боис унга «Аллоҳ дўстлари хусусидаги энг улуғ ҳадис» деб таъриф беришган.
Шавконий айтадилар: "Ушбу ҳадис уни тўғри тушуниб чуқур фикр юритган кишига беҳад улуғ ва фойдали маъноларни туҳфа этади".
Мазкур ҳадис хусусида бошқа олимлар ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Аллоҳ таолонинг дўстлари.
Улар ҳамиша Парвардигор тоат-ибодати устида қоим турувчи ва ёлғиз Унга ихлос қўювчи мўминлардир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўз дўстларини иймон ва тақво сифати билан тавсиф этди.
"Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига бирон хавф йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир". (Юнус сураси, 62-64 оятлар).
Дўстликнинг биринчи рукни Аллоҳ таолога иймон келтириш бўлса, иккинчи рукни тақводир. Ана шундан сўнг Аллоҳнинг дўстлиги ҳовлисининг эшиклари мўминлар олдида ланг очилади. Бу ҳовлида мўминлар хотиржамлик ва осойишталик неъматидан баҳраманд бўладилар. Эҳсон ва тоат пиллапоясидан юқорига кўтарила олган инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидаги пешқадамлар мартабасига етишлари мумкин. Инсон тоифаси Аллоҳ таоло китобида уч синфга бўлинади:
"Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан ўзимиз танлаган зотларни ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (унга амал қилмай) ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларда ўзиб кетувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш) катта фазлдир". (Фотир сураси, 32-оят).
Ўзига жабр қилувчи – гуноҳ-маъсият ботқоғига ботган кимса.
Ўртача амал қилувчи – фақат фарзларни адо этиш ва ҳаромлардан четланиш билан кифояланадиган киши. Албатта ўртача амал қилувчи ҳам Аллоҳ валийлари сафидан жой олса-да, бироқ бу қуйи мартабадир.
Мудом яхшиликларга ўзиб кетувчи – фарз ва нафл ибодатларни тўлиқ адо этиб, ҳаром ва макруҳлардан ўзини покиза сақловчи инсон. Унинг мартабаси Аллоҳ валийларининг олий даражаси ҳисобланади.

Аллоҳ таоло валийларининг энг афзал тоифаси гуноҳу хатолардан маъсум ва пок Парвардигор тарафидан мўъжизалар билан қўллаб-қувватланган Расуллар, Набийлардир. Улардан кейин Китобу Суннатга тўлиқ амал қилган саҳобалар ва Аллоҳ дўстлигига ҳақли бўлган барча мўминлар туради. Албатта, Аллоҳнинг валийси деб эътироф қилинмоғи учун кишида иймон, тақво ва ҳар бир ишда суннатга мувофиқлик топилиши шарт. Кейинги асрларда мусулмонлар ҳаётида жуда хунук хато кўзга ташланади. Улар валийлар деганда юз йилда бир-икки марта дунёга келадиган нодир шахсларни тасаввур қилишади. Энг ёмони Исломдаги бу юксак мақомни аллақандай бетайин шахсларга ёки найрангбозлик ва кўзбўямачилик билан шуғулланувчи муттаҳам кимсаларга инъом этиш урф бўлди. Аслида уларнинг аксарияти Аллоҳ ва Исломнинг душмани бўлиб, Шайтони лаиннинг дўстларидир.

2. Аллоҳ таоло валийларига душманлик қилиш.
Тақводор мўминга озор бериб, унинг моли, жони ёки обрў-эътиборига тажовуз қилган кимсага Аллоҳ таоло уруш эълон қилади. Аллоҳ таоло кимгаки уруш эълон қилса, уни албатта ҳалок қилади. Чунки у зот золим кимсаларни маълум муддат қўйиб қўйса-да, асло жазосиз қолдирмайди. Азиз ва қодир зот жазосидан золимларга омонлик йўқ.
Бир ривоятда "Аллоҳ валийсига тажовуз қилиб, унга озор етказмоқ - Аллоҳ таолога уруш очмоқ", - дейилган.
“Аллоҳ таоло деди: "Менинг валийимни хорлаган кимса, дарҳақиқат, Менга уруш эълон қилибди". (Табароний ривоятлари).
Хўш, валий билан адоватлашиш қанақа бўлади?
Ибн Ҳажар "Фатҳул борий"да буни тушунтирганлар:
“Қандай қилиб биров Аллоҳ дўсти-валий билан адоватлашиши мумкин, ахир адоватлашиш икки томондан бўлади. Валий эса жоҳиллик қиладиган кимсага бағрикенг ва кечиримли бўлади ку!” деган савол қўйилган. Бунинг жавоби қуйидагича: Маълумки, душманлик, келишмовчилик фақат дунёвий муносабат ва хусуматлар доирасида чекланмайди. Баъзан мутаассиблик орқасидан ҳам шундай низо-адоват келиб чиқиши мумкин. Масалан, бидъатчи одам суннатга амал қилувчини ёмон кўради ва оқибат ўртада душманлик бош кўтаради. Валий Аллоҳ ва Унинг дини учун бидъатчига қарши юради. Шунингдек, фосиқ кимса ҳам Аллоҳнинг дўстини кўра олмайди. Ҳамиша мункар ишлардан ва шаҳватлар қуллигидан қайтарувчи валий маъсият «мухлислари» кўзига энг ёмон инсон бўлиб кўриниши шубҳасиз!”

3. Аллоҳ таоло учун суюкли бўлган энг афзал амал фарзларни адо этишдир.
"Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган!".
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтадилар:
"Амалларнинг афзали Аллоҳнинг фарзларини адо этмоқ, Аллоҳ ҳаром этган ишлардан тақво қилмоқ ва Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсалар хусусида ниятни холис-рост қилмоқдир!"
Умар ибн Абдулазиз хутба қилиб, дедилар: "Ибодатларнинг афзали фарзларни адо этмоқ ва ҳаром ишлардан йироқ юрмоқдир!"
Чунки бандалар Аллоҳ таолога нисбатан яқинлик ҳосил қилишлари ва розилигию раҳматига ҳақли бўлишлари учун Аллоҳ мана шу фарзларни улар зиммасига юклади. Намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг улкан баданий фарз ҳисобланади.
"Аллоҳга сажда қилиб (У Зотга) яқин бўлинг!" (Алақ сураси, 19-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Банданинг Парвардигорига энг яқин пайти унинг саждадаги ҳолатидир!"
Масъул шахсларнинг (уларнинг ҳоким ёки оддий оила бошлиқлари бўлишидан қатъиназар), қўл остидагиларга нисбатан адолатли бўлишлари ҳам бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи фарзлар жумласига киради.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат кунида Аллоҳга энг суюкли ва Унга энг яқин бўладиган банда одил раҳбардир!" (Термизий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳукм чиқаришда ҳамда аҳли-оилалари ва қўл остидагилари хусусида адолатли бўлган одил зотлар Аллоҳ ҳузурида, Раҳмоннинг ўнг томонида нурдан ясалган минбарлар устида бўладилар. Аллоҳнинг ҳар иккала қўли ўнгдир». (Муслим ривоятлари)

4. Маъсиятлардан четланмоқ ҳам фарзларни адо этиш жумласидандир.
Аллоҳ таоло маъсиятларни тарк қилишни буюрди. Аллоҳ белгилаган чегарани босиб ўтиб, маъсиятга қўл урган кимса дунёю Охиратда аламли азобга мустаҳиқ бўлур. Демак, маъсиятлардан йироқ юрмоқ ҳам юқорида айтилган ҳадиснинг умумий маъносига киради.
"Бандам Мен унга фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган".
Ҳатто маъсиятларни тарк қилмоқ ушбу маънога фарзлардан-да яқинроқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Агар мен сизларни бир ишга буюрсам, уни имкон қадар адо этинглар! Агар сизларни бир нарсадан қайтарсам, унга яқинлашманглар".
Ибн Ражаб ушбу ҳадисни шарҳлаб, барча маъсиятларни Аллоҳ таолога уруш очмоқ, деб шарҳлаганлар. Улар Ҳасан ибн Одамнинг қуйидаги сўзларини келтирадилар:
“Аллоҳ таоло билан урушгани кучингиз етадими?! Билингки, маъсиятга қўл урган кимса Аллоҳга уруш очган ҳисобланади. Гуноҳ-маъсият улканлашгани сайин ушбу жанг ҳам қаттиқлашиб боради. Шу боис Аллоҳ таоло инсонларга зулм-зўравонлик қилиб, ўлкаларда фисқу фасод тарқатадиган судхўрлар ҳамда йўлтўсарларни Аллоҳ ва Расулига қарши уришувчилар деб номлади”.

5. Нафл ибодатлар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради.
Фарз ва нафл ибодатларни мудом тўкис адо этмоқ, ҳаром ва макруҳлардан мутлақо йироқ юрмоқ, ҳатто энг кичик макруҳ амаллардан ҳам тақво қилмоқ бандани Парвардигорга суюкли қилади, яқинлаштиради. Аллоҳ таоло ўзи суйган бандасини тоат-ибодат ва зикр билан машғул қилиб қўяди. Аллоҳга яқин кишилар учун Охиратда улуғ насибалар бордир.
"Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, Билгувчидир". (Моида сураси, 54-оят).
Қуръон ўқиш, тиловатига қулоқ солиш ва унинг маънолари устида тадаббур-тафаккур юритмоқ инсонни Аллоҳга яқин қилувчи улкан нафл ибодатларидандир.
"Банда Аллоҳ таолога Ундан чиққан нарса (яъни Қуръон)дек бирон нарса билан яқинлик ҳосил қилмаган". (Термизий ривоятлари).
Аллоҳни севувчи мўминлар учун Маҳбублари каломидан ширинроқ сўз йўқ! Бу калом улар қалбига ором бериб, лаззат бағишлайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким Қуръонни яхши кўрса, демак Аллоҳ ва Расулини яхши кўрибди".
Аллоҳ таолони зикр қилиш ҳам ана шундай улуғ нафл ибодатлар сирасига киради. "Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман". (Бақара сураси, 152-оят).
Аллоҳ таоло деди: "Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени зикр қилган чоғида у билан биргаман. Агар у Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Агар жамоа орасида зикр қилса, Мен уни яхшироқ жамоа олдида зикр қиламан". (Ҳадиси қудсий. Бухорий ва Муслим ривоятлари).

6. Аллоҳ муҳаббатининг мўминдаги асари.
Аллоҳ таоло муҳаббатининг асари валийларида намоён бўлади.
“Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан”.
Яна бир ривоятда “Ақл юритадиган қалби, гапирадиган тили бўламан”, дейилган.
Ибн Ражаб айтадилар: “Яъни, фарз ва нафл ибодатларни адо қилиб, Аллоҳ таолога яқинлашишга тиришган бандани Аллоҳ таоло Ўзига яқин қилиб, иймон мартабасидан эҳсон (Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш) мартабасига кўтаради. Энди банда худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилади. Қалби Парвардигор маърифати, муҳаббати, қўрқуви ва маҳобати билан тўлади. Аллоҳга интилувчи, фақат Унгагина суянувчи банда қалбидаги маърифат унинг кузатувчисига айланади.
Аллоҳ таоло улуғлиги билан тўлиб-тошган қалбларда ўзга нарсага ўрин қолмайди. Бундай қалб эгаси нафсининг ҳавойи хоҳишига қулоқ солмайди. У фақат Парвардигори хоҳлайдиган, рози бўладиган нарсанигина истайди. Бундан буён у ёлғиз Аллоҳ зикрини такрорлайди, Унинг буйруғига мувофиқ ҳаракат қилади. Аллоҳни деб гапиради, Аллоҳни деб эшитади, Аллоҳни деб қарайди ва Аллоҳни деб ушлайди. «Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан», деган жумланинг маъноси мана шундайдир.
Шавконий ҳадисни қуйидагича шарҳлайдилар:
“Аллоҳ таоло мўминнинг ўша аъзоларига ҳидоят йўлларини ёритувчи, залолат булутларини ёрувчи ўз нури билан мадад беради. Ахир Қуръони каримда Аллоҳнинг осмонлару ер нури эканлиги айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Парвардигоро, қалбимга нур бергин, кўзимга, қулоғимга... нур бергин", деб дуо қилганлар”.

7. Валийнинг дуоси мақбулдир.
Аллоҳ таоло валийларининг дуосини ижобат этиб, уларни мукаррам қилди. Аллоҳ валийлари сўрасалар, берилади. Паноҳ тиласалар, Аллоҳ ўз паноҳига олади. Бу ҳам уларнинг азиз-мукаррамлигини билдиради. Тарихда салафи солиҳлардан кўплари дуолари мустажоблиги билан машҳур бўлганлар. Баро ибн Молик, Баро ибн Озиб, Саъд ибн Абу Ваққос (розиаллоҳу анҳум)лар ва яна кўплаб номларни санаш мумкин. Бироқ дуоси мустажаб зотларнинг аксарияти бошларига тушган ғам-ташвиш, бало-имтиҳон кетказилишини сўраб дуо қилмаганлар. Улар бу синовларга сабр қилиб, Аллоҳ таоло ажр-мукофотидан умидвор бўлишган. Баъзан дуоси мустажоб мўмин бир нарса сўрайди. Аллоҳ биладики, бандаси учун бошқа нарса яхшироқ. Шунинг учун Пок Парвардигор унинг сўраган нарсасини эмас, дунё ва Охиратда хайрлироқ бўлган бошқа нарсани беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мусулмон киши дуо қилса ва унинг дуосида гуноҳ ёки яқинлари билан алоқани узиш бўлмаса, Аллоҳ таоло унга қуйидаги уч нарсадан бирини беради: 1) Сўраган нарсасини тезда беради; 2) Қилган дуосини унинг учун Охиратга захира этиб қўяди; 3) Шу дуоси баробарича бир ёмонликни ундан даф қилади". (Аҳмад, Баззор, Абу Яъло ва Ҳоким ривоятлари).

8. "Аллоҳ таоло мўминнинг жонини олишда тараддудланади" каломининг шарҳи.
Бухорий ривоятларида қуйидагича зиёда бор: "Мен қиладиган ишимнинг биронтасида ўлимни ёқтирмайдиган мўмин бандамнинг жонини олишда тараддудланганимдек тараддудга тушмаганман. Мен унинг ғам чекишини истамайман".
Ибн Салоҳ айтадилар: "Бу ерда “тараддуд” лафзининг асл маъноси тушунилмайди. Аллоҳ таоло мўмин бандасини яхши кўрганидан унинг жонини олаётганда худди иккиланаётган, хоҳламаётгандек бу ишни амалга оширади. Чунки Аллоҳ таоло бандасини ўлим туфайли ғам чекишини истамайди. Зеро, ўлим деярли ҳар бир киши учун энг улкан дунёвий оғриқдир. Албатта, ҳеч ким дунёда абадий яшамайди. Ҳар битта жон ўлим мазасини татиб кўришга мажбур. Аллоҳ таоло юқоридаги ҳадиси қудсий орқали ўлим билан мўмин бандасини хорламаслигини, аксинча юқорига кўтаришини тушунтираётгандек... Ахир ўлим мўмин учун мукаррамлик ва ноз-неъматлар ҳовлисига кўчиб ўтишдан бошқа нарса эмас".

9. Камтарлик.
Имом Бухорий мазкур ҳадисни тавозели бўлмоққа далил қилиб келтирганлар. Чунки нафл ибодатлар билан Аллоҳга яқинлашмоқ бандадан ғояда камтарин ва тавозели бўлишни талаб қилади. Аллоҳ таоло қаршисида ўзини хокисор ва камтарин тутган зотларгина валийлар билан дўстона муносабат ўрнатадилар.
Иёз ибн Ҳаммор разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло менга ваҳий қилиб тавозели бўлишларингизни буюрди токи ҳеч ким бошқа бировнинг олдида кибр қилмасин". (Муслим ривоятлари).

10. Ҳадис яна қуйидаги маъноларни ифодалайди.
а) Аллоҳ валийсининг қадри юксакдир. Чунки у Парвордигори тадбири, мадади ва ҳақиқий таваккули билан яшайди. Ҳеч қачон ҳеч нарсада ўзига ишониб қолмайди.
б) Аллоҳ валийсига озор бериб сўнг ўзи, моли, жони ёки обрўю номусида мусибатга дучор бўлмаган кимса Аллоҳ таоло интиқомидан омон қолмайди. Албатта, мусибат бошқача йўсинда келиши ҳам мумкин. Масалан, динида мусибатга йўлиқиш...


Имом Нававийнинг "Арбаъийн" китобидан.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.