Муқаддима

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳга ҳамд айтиб, Ундан ёрдам сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз. Нафсимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни адаштирувчи йўқ. Кимни адаштирса, уни ҳидоятга бошловчи йўқ. Шериги йўқ бўлган Якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва расули эканликларига гувоҳлик бераман. Аммо баъд:

Суннатни ваҳийлар сирасидан қилган ва уни халойиқнинг энг яхшисига туширган Аллоҳ покдир. Зеро Аллоҳ Қуръони каримда «Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди» (Нисо сураси, 113-оят), деб айтган.

Саҳиҳ сўзларга кўра ҳикматдан мақсад суннатдир.

Аллоҳ таоло яна: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидин Пайғамбарга) ваҳий қилинаётган бир ваҳийдир» (Ван нажм сураси, 3-4-оятлар), деб айтган.

Ҳадис – илмларнинг мағзи ва айни маърифатидир. Ушбу ҳадис фанига забардаст уламолар бутун умрларини сарфлаб, шу йўлда ўзларини қурбон қилиб, том-том ва мужаллад китобларни битишган.

Шак-шубҳа йўқки, башариятнинг энг яхшиси бўлмиш Пайғамбаримизнинг сўзлари ўта ҳикматли бўлиб, ўзи қисқа бўлишига қарамасдан кенг маънони ифода этади, унинг нури зиё таратур ва унинг шўъласидан ҳидоят топилур.

Қуйидаги олти имом томонидан тасниф этилган саҳиҳ ҳадислар тўплами дунёнинг машриқидан мағрибигача кенг ёйилгандир.

  1. Имом Бухорийнинг «Жомеъус саҳиҳ» китоби.
  2. Имом Муслимнинг «Жомеъус саҳиҳ» китоби.
  3. Имом Термизийнинг «Жомеъ» китоби.
  4. Имом Насаийнинг «Сунан» китоби.
  5. Имом Абу Довуднинг «Сунан» китоби.
  6. Имом Ибн Можанинг «Сунан» китоби.

 

Шубҳа йўқки, ушбу кўп мужалладли китобларни ёд олиш муҳаддисларнинг орзуси, балоғат ва адабиётчиларнинг манбасидир. Бу нарсага эришиш учун енгилмайдиган азиймат ва сусаймайдиган ҳимматга эҳтиёж бордир.

Ҳозирда ҳимматлар сусайиб, одамлар бошқа нарсаларга машғул бўлганини кўргач ушбу асосий китобларни ёд олиш учун қуйидаги манҳаж ва дастурни лозим тутишларини маъқул деб топдим.

  1. Олти имом ўз таснифотларида иттифоқ қилган ҳадисларни ёд олишдан бошлаш. Мазкур олдингиздаги китоб ана шу эҳтиёжни иншааллоҳ қондиради.
  2. Икки шайх, яъни имом Бухорий ва Муслим иттифоқ қилишган ҳадисларни ёд олиш.
  3. Имом Бухорий ўзлари ривоят қилган ҳадисларни ёд олиш. Бунда имом Муслим ривоят қилган ҳадислар иштирок этмайди.
  4. 3. Имом Муслим ўзлари ривоят қилган ҳадисларни ёд олиш. Бунда имом Бухорий ривоят қилган ҳадислар иштирок этмайди.
  5. Сўнгра тўрт сунан соҳиблари, яъни Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилган ҳадисларни ёд олиш.

 

Зарур ишоралар:

 

  1. Ҳадисларни мавзуъларга ажратиб, уларни «Саҳиҳул Муслим» тартибига мос ҳолда келтирдим.

Ҳар бир мавзуънинг ҳадисларини ҳижоийя ҳарфлари тартибида берилган муснадлар[1] асосида келтирдим. Бу билан ўқувчи ҳар бир саҳобанинг ҳадисларини битта мавзуъда жам бўлиб келганини кўрсин. Ушбу китобнинг барчасини муснадларга асосан тартиблаб, аввалда уни «Муснади ҳуффоз», деб номлаган эдим. Лекин шайх, муҳаққиқ, тадқиқотчи Муҳаммад ибн Носир Ажмий, Софийя ва Хофийя Димашқийялар таклиф билдириб, уни мавзуларга биноан тартиб қилиб, китобни номини «Саҳиҳул ҳуффоз», деб номлашимни айтишди. Мен бу таклиф айтган олимларимизга миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Мабодо ким муснад, яъни саҳобаларнинг тартиби бўйича ёд олишни истаса, китобнинг охирига ўша тартибни илова қилдим.

  1. Китобдаги ҳадисларни танлашда имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобидаги лафзни ихтиёр қилдим. Чунки «Саҳиҳул Муслим» китоби гўзал тартиб, ҳадисларни бир ўринда жамлаш ва ҳадисларнинг лафзига эътибор қаратиш жиҳатидан «Саҳиҳул Бухорий»га қараганда пешқадамдир.

Шунингдек «Саҳиҳул Бухорий» китоби «Саҳиҳул Муслим» китобига қараганда қувватлилиги ҳамда ҳадис ва фиқҳларни тартибига кўра пешқадамдир.

Бу маънода Ибн Дайбаъ қуйидаги шеърни битгандир:

Қавм Бухорий ва Муслим хусусида тортишиб,

Буларнинг қай бири пешқадам, деб айтишди,

Бухорий саҳиҳлик жиҳатидан пешқадам,

Муслим эса тузишдаги гўзаллиги билан пешқадам, деб айтдим. 

  1. Сарлавҳаларни «Саҳиҳул Муслим» китобидаги сарлавҳани айни ўзидек сарлавҳа билан номладим. 
  1. Ҳадиснинг арабий матни охиридаги рақамлар ўша имомнинг асл китобидаги рақамлардир. Масалан خ ҳарфидаги рақам «Саҳиҳул Бухорий» китобидаги айнан мазкур ҳадисга қўйилган рақамдир. 
  1. Улар қуйидаги тартибдадир.

 

خ – «Саҳиҳул Бухорий».

م – «Саҳиҳул Муслим».

ت – «Жомеъут Термизий».

س – «Сунанун Насаий».

د – «Сунани Аби Довуд»

جه – «Сунани Ибн Можа»

 

  1. Ҳадисни келтирганимда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган саҳобани ва ровийсини зикр қилдим холос. Агар ҳадис сиёқи тақозо қилса, саҳобалардан пастдаги табақа бўлмиш тобеъинларни ҳам зикр қилдим.

 

Бу китобни жамлашдан мақсадим талабалар юқоридаги манҳаж асосида ҳадисни ёд олишидир. Олти имом тахриж қилиб иттифоқ бўлишган ҳадисларни ҳатто баъзи шаръий факултетни битирувчилари ҳам билишмайди. Ҳадис севувчилар ва талабалар ҳамда барча рағбат қилувчилар ҳеч бўлмаса ушбу олти имом иттифоқ қилишган ҳадисларни ёд олишга киришинг. Чунки шу ҳадисларни бўлса ҳам ёд олмаслик айб ишлардандир.

Аллоҳдан бу китобни манфаатли бўлишини ва уни қабул қилинадиган саҳифалар қаторида қилишини сўраб қоламиз, зеро У Зот сўралувчиларнинг энг яхшисидир.

 

Роббисининг кечиришига муҳтож Аввод Халаф 1422-ҳижрий сана, жумадул улаа ойининг якшанба кечасида ёзди.

Қувайт давлати, Шааъб шаҳри.

 

[1] Муснад китобларида ҳадислар саҳобаларнинг алифбо тартиби билан ёки Исломга аввал киргани билан ёки олий насабига қараб белгиланади. Ҳар бир саҳобийнинг ривоят қилган ҳадисларини алоҳида жамловчи китобга «муснад» дейилади. Мисол учун, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад» номли китоблари бўлиб, бу китобдаги ҳадисларни ўқийдиган бўлсак, бошқа китобларга ўхшаб «иймон боби», «намоз боби», «тоҳарат боби» каби боблар йўқ. У ерда «муснади Абу Бакр» деб туриб, ҳазрати Абу Бакрдан нечта ҳадис имом Аҳмадга етиб келган бўлса, кетма-кет келтирилган. Ундан кейин, мисол учун, ҳазрат Умар ривоят қилган ҳадислар келтирилиши мумкин. Бу нарса алифбо тартибида бўладими ёки исломга олдинроқ кирган тартиб бўладими ёки насаби олий ва шарафли тартибда бўладими фарқи йўқ. Муҳими, муҳаддислар тузган қоидага биноан, битта саҳобий нечта ҳадис ривоят қилган бўлса, шу ҳадислар келтирилиб, китобга жамланган бўлса, «муснад китоб» дейилаверади.

 

islom.uz © 2003-2024.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Яндекс.Метрика

 

 

Masjid.uz.
Отличные.