Риёзус солиҳийн (болалар учун)

Риёзус солиҳийн (болалар учун) (124)

УСОМА ҚУТБИДДИН

Болалар учун

Риёзус солиҳийн шарҳи

(Солиҳлар гулшани)

 

Араб тилиданАнвар Аҳмад таржимаси

Тошкент: 2018

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муқаддима

 

Бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукрона бўлсин, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг асҳоби ҳамда аҳли байтига кўпдан-кўп саловоту дурудлар ёғилсин!

«Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби Ислом оламининг мўътабар ва машҳур олимларидан имом, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий қаламларига мансуб бўлиб, ўзининг саҳиҳлиги, ишонарлилиги, дақиқлиги, Суннати набавиййа асосида мўмин-мусулмонларни ҳидоятга чорлаш, иймонини юксалтириш, ахлоқини ўнглашда катта хизмати туфайли исломий ўлкаларда маълум ва машҳур.

Қўлингиздаги ушбу рисола имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби асосида Мисрлик олим Усома Қутбиддин томонидан енгил ва содда услубда, жажжи болажонларнинг ёшига мос келадиган одобахлоқ, фазилатли, ёд олишга осон ва қисқа ҳадислар танлаб олиниб, бироз шарҳи ва ҳадисдан олинадиган фойдалари билан келтирилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин, ҳар бир ишда Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилувчилардан этсин, Солиҳлар боғида сайр этиш, унинг анвойи, муаттар бўйларидан баҳра олишимизни насиб этсин, омин, ё Роббал-оламийн!

Ҳадис 124 / ИСТИҒФОР БОБИ

Written by Tuesday, 22 Март 2022 20:54

 ИСТИҒФОР БОБИ

124 - وعنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رضي اللَّه عنْهُ عن النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قالَ: «سيِّدُ الإسْتِغْفار أَنْ يقُول الْعبْدُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي، لا إِلَه إِلاَّ أَنْتَ خَلَقْتَني وأَنَا عَبْدُكَ، وأَنَا على عهْدِكَ ووعْدِكَ ما اسْتَطَعْتُ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ ما صنَعْتُ، أَبوءُ لَكَ بِنِعْمتِكَ علَيَّ، وأَبُوءُ بذَنْبي فَاغْفِرْ لي، فَإِنَّهُ لا يغْفِرُ الذُّنُوبِ إِلاَّ أَنْتَ. مَنْ قَالَهَا مِنَ النَّهَارِ مُوقِنا بِهَا، فَمـاتَ مِنْ يوْمِهِ قَبْل أَنْ يُمْسِيَ، فَهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ، ومَنْ قَالَهَا مِنَ اللَّيْلِ وهُو مُوقِنٌ بها فَمَاتَ قَبل أَنْ يُصْبِح، فهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ». رواه البخاري.

«أَبُوءُ»: بباءٍ مضْمومةٍ ثُمَّ واوٍ وهمزَةٍ مضمومة، ومَعْنَاهُ: أَقِرُّ وَأَعترِفُ.

 

  1. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Истиғфорнинг саййиди «Аллоҳумма анта Роббии, лаа илааҳа иллаа анта, холақтании ва ана ъабдук ва ана ъалаа ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту, аъуузу бика мин шарри маа сонаъту, абууу лака би ниъматика ъалаййа ва абууу бизанбии, иғфир лии фаиннаҳуу лаа йағфируззунууба иллаа анта», дейишингдир». Ким буни кундузи чин дилдан айтса ва шу куни кеч кирмасдан вафот этса, жаннат аҳлидандир. Ким буни кечаси чин дилдан айтса ва тонг отмай туриб вафот этса, жаннат аҳлидандир».

Истиғфорнинг маъноси: «Аллоҳим! Роббим Ўзингсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени Сен яратгансан ва мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳду паймонинг ва ваъдангда турибман. Қилмишларимнинг ёмонлигидан Ўзингнинг паноҳингга қочаман. Менга берган неъматларингни ҳам тан оламан, гуноҳларимни ҳам тан оламан. Мени мағфират қилгин, чунки Сенгина гуноҳларни мағфират қиласан».

 Имом Бухорий ривоятлари.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Пайғамбар алайҳиссаломни ҳадисларида гўзал балоғий услубнинг таълимини кўрамиз. У зот саҳобаларига Роббилари учун шукр қилишни таълим берганларидек, гуноҳлари учун истиғфор айтишни ҳам ўргатмоқдалар. Шояд Аллоҳ инсонларни гуноҳини кечирса, чунки мағфирати кенг Аллоҳ таоло гуноҳларни кечириб, айбларни яширишга ҳам қодир Зотдир. Кимки ушбу саййидул истиғфор дуосини тонгда ва кечқурун ўқиса, сўнгра вафот этиб, Аллоҳга йўлиқса, у жаннат аҳлидандир деган буюк, умидбахш башоратни севикли Пайғамбаримиз с.а.в. ушбу ҳадислари орқали бутун Ислом умматига эълон қилмоқдалар. Бу ушбу дуонинг нақадар фазилатли ва савоби улкан эканини билдиради.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши доим неъматни ва Аллоҳнинг фазли‑карамини эътироф этади, иқрор бўлади.
  2. Мусулмон киши убудиятга ҳақли Зот ва халқ қилишга қодир Зот- якка Аллоҳдир дея эътиқод қилади, иймон келтиради.
  3. Мусулмон киши қилиб қўйган гуноҳ, ёмонлиги учун Роббисидан истиғфор сўрайди, паноҳ тилайди.
  4. Гуноҳларни кечирилишини фақат Аллоҳдан сўралади. 

 

Аллоҳнинг ёрдами билан ушбу китоб таржимаси 2018/09/12 санада тугади.

 ҲАР ТУРЛИК МАЛОҲАТЛИ (ГЎЗАЛ, ЧИРОЙЛИ) ҲАДИСЛАР БОБИ

  

123 - عَنْ أبي مسْعُودٍ الأنْصَارِيِّ رضي اللَّه عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّ مِمَّا أدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلامِ النُّبُوَّةِ الأولَى: إذَا لَمْ تَسْتَحِ فَاصْنعْ مَا شِئْتَ». رواهُ البُخَاريُّ.

 Абу Масъуд ал-Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, одамларга етиб келган нубувват сўзларидан бири: «Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер», деган гапдир», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Шарҳ: Ҳаё сифати ўта нозик, латиф сифат бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сифатлари ва хулқлари билан бошқалардан алоҳида ажралиб турганлар. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам парданишин (чимилдиқ)даги қиздан ҳам ҳаёли эдилар». Ҳаё- одамларга аралашиб, қўшилиб юришга монеълик қилмайди. Ҳаё- одамлар олдида қилишдан уяладиган ишни тарк қилмоқдир. Ҳаё ва иймон бир‑бирига ўта яқин нарсалардир. Агар бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилади. Ҳаё иймон учун гўё далил кабидир. У тангани икки томонига ўхшайди.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ҳаё -пайғамбарларнинг хулқларидандир.
  2. Пайғамбарларнинг барчалари ҳаё хулқига эга бўлганлар.
  3. Хоҳлаган ишини хоҳлаган пайт амалга оширадиган тартибсиз кимсаларда ҳаё йўқдир.
  4. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёли эдилар. У зот: "Ҳаёнинг барчаси яхшиликдир", деганлар.
  5. Бошқаларни ҳурмат қилган ҳолда бирор киши кўрмаётган бўлса ҳам қабиҳ ишни тарк қилиш- ҳаё дейилади.

 ҲАР ТУРЛИК МАЛОҲАТЛИ (ГЎЗАЛ, ЧИРОЙЛИ) ҲАДИСЛАР БОБИ

 

122 - عَنْ أبي هُريْرةَ رضي اللَّه عنْهُ أنَّ النبي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَال: «لا يُلْدغُ الْمُؤمِنُ مِنْ جُحْرٍ مرَّتَيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди», дедилар".

Муттафақун алайҳ.

Фойда: Мўмин киши эҳтиёткор ва фатонатли бўлгани учун икки марта қоқилмайди.

Шарҳ: Мусулмон киши ақлли ва фаҳмли бўлиб, бу хусусда Қуръони каримдек илоҳий кўрсатмадан қувват олади. Оламлар робби Аллоҳга ибодат қилиши билан ҳидоят ва нурга мушарраф бўлади. Агар хатога йўлиқса, ўша хатосидан ибрат, дарс, фойда олади. Бир хил хатони қайта-қайта қилавермайди. Фақат иймонидан ажралган инсондагина бундай ҳодиса юз бериши мумкин. Ҳадисга эътибор берилса, мусулмон эмас, иймон келтирган мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди, деб айтилмоқда.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мўмин киши зийрак, фаросатли ва теран фикрли бўлади.
  2. Мўмин киши айнан бир нарса устида икки марта алданмайди.
  3. Мўмин киши аввалги тажрибаларидан фойдаланади.
  4. Мусулмон киши одамлар олдида осонгина алданмайдиган, зийрак кўриниши даркор.
  5. Умар ибн Хаттоб алдашдан йироқ ва алданишдан ақллироқ эдилар. Яъни, у зот алдамасдилар ҳам, бошқадан алданмас ҳам эдилар.

 РАЙҲОНГА ЎХШАШ БИРОР ХУШБЎЙ НАРСА ТОРТИҚ ЭТИЛСА, УНИ УЗРСИЗ РАД ЭТИШНИНГ КАРОҲИЯТИ

 

121 - عَنْ أنَسِ بنِ مَالِكٍ رضي اللَّه عَنْهُ أنَّ النبيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ لا يَرُدُّ الطِّيبَ. رواهُ البُخاري.

 

  1. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани рад этмасдилар”.

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Шарҳ: Ислом поклик ва тозаликни севади. Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом райҳон каби хушбўй нарсаларни рад этмай, қабул қилишни буюрганлар. Чунки у нарсалар хушбўй ҳид таратиб, соғлом завқли кишини мамнун қилади. Мусулмон киши хушбўй нарсани рад этиши дуруст эмас. Чунки бу нарсани ўзига ва бошқа суҳбатдошларига манфаати бордир. Лекин, касаллик ёки таъсирчанлик (аллергия)си бўлса, бундай кишиларни рад қилишида зарар йўқ. "Зарар бериш ҳам йўқзарар кўриш ҳам йўқ" деб айтилган ҳадисга мувофиқдир, рад қилишда ҳам чиройли тарзда рад қилади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўйликни яхши кўрардилар, у зотдан доим хушбўй ҳид таралиб турар эди.
  2. Мусулмон киши доим хушбўй бўлиб юришга эътибор қаратади. Хоҳ оғзи бўлсин, хоҳ тер оқадиган жойи бўлсин, тозалик ва гигиенага жиддий эътибор қаратади.
  3. Агар биродарим хушбўй нарса совға қилса, уни рад этмайман. Чунки бу иш-суннатдандир.
  4. Агар менда аллергия касали бўлса ёки бемор бўлсам хушбўй нарсани рад этишим мумкин. Чунки бу ҳолат мусулмон киши узрли бўлади.
  5. Хонадонинг боғига райҳон ва атиргулларни экиб қўй!

 ОДАМЛАРНИНГ ЙЎЛЛАРИГА, СОЯЛАНАДИГАН ЖОЙЛАРИГА ВА СУВ ОЛАДИГАН ЕРЛАРИ ВА ШУНГА ЎХШАШ ЕРЛАРГА КАТТА ТАҲОРАТ УШАТИШДАН ҚАЙТАРИҚ

120 - وَعَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ أَنَّ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اتَّقُوا الَّلاعِنَيْن» قَالُوا ومَا الَّلاعِنَانِ؟ قَالَ: «الَّذِي يَتَخَلَّى في طَريقِ النَّاسِ أَوْ في ظِلِّهِمْ». رواه مسلم.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки лаънатловчидан сақланинглар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънатловчи нимадедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг йўлига ва соя жойига хало қилган», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

 

Шарҳ: Шундай ишлар борки, уни амалга оширган киши лаънатга дучор бўлади. Ислом ўз тобеълари, эргашувчиларини бундай нарсага йўлиқиб қолишдан огоҳлантиради. Бошқа томондан бу одамларга меҳрибонликдир. Одамлар бошқаларга танглик келтирадиган нарсани амалга ошириб қўйишади. Масалан, дам оладиган жойларини ифлос қилиб ёки сояланадиган салқин жойларга ҳожат чиқаришади. Ёки одамлар юрадиган умумий йўлларда мушкуллик ва ноқулайлик юзага келтириб чиқариб, бошқаларга озор беради.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши лаънатга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан узоқда бўлади.
  2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмоннинг ҳар ишида эътиборли бўлганлар. Мусулмоннинг лаънатга учрашига асло рози бўлмаганлар.
  3. Мусулмон киши одамлар юрадиган йўлга ҳожат чиқариб, уларга озор бермайди.
  4. Соя-салқин жойларда одамлар дам олади. Инсон ундай жойни тозалигига риоя қилади.
  5. Ислом атроф муҳит тоза бўлишини истайди. Шунингдек, бошқалар ҳис‑туйғусини ҳурмат қилишга чақиради.

НАМОЗ ЎҚИЁТГАН КИШИНИНГ ОЛДИДАН ЎТИШНИНГ ҲАРОМЛИГИ

 

119-  عَنْ أَبي الجُهيْمِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الحَارِثِ بْنِ الصِّمَّةِ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يدي الْمُصَلِّي مَاذا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ».

قَالَ الرَّاوي: لا أَدْرِي: قَالَ أَرْبَعِين يَوما، أَو أَرْبَعِينَ شَهْرا، أَوْ أَرْبَعِينَ سَنَةً. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абу Жуҳайм Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Симма ал‑Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима (гуноҳ) бўлишини билганида эди, (намозхоннинг) олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туриш унинг учун яхшироқ бўлар эди», дедилар».

Ровий: «Қирқ кун» дедими, ёки «ой», ё «йил»ми, билолмадим», деган.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Намоз, банда билан роббиси ўртасидаги алоқадир. Банда намоздалик пайтида ўзини ҳокисор тутиб, буюк Роббиси қаршисида туради. Шу пайтда роббиси ва холиқи билан алоқада бўлган намозхоннинг олдидан кесиб ўтиши жоиз эмас. Замонавий илмларда ҳам машғулот пайтида гапирувчи билан тингловчи орасидаги алоқани узиб қўймаслик ҳақида огоҳлантирилади. Энди банда подшоҳлар подшоҳи ва еру‑осмонларнинг эгаси билан гаплашаётганда улар орасини кесиб ўтиш қандай бўлар экан?! 

Бу ерда қанча муддат эканини ноаниқ айтиш, бу ҳолат хатарли эканидан огоҳлантиришдир. Намозхоннинг олдидан кесиб ўтмасдан балки, тугатишини кутиб туриш уни олдидан кесиб ўтишдан яхшироқдир.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Намоз адо қилаётган кишининг олдидан кесиб ўтмайман.
  2. Намозхон киши намозини тугатгунича кутаман, сўнгра олдидан ўтаман.
  3. Агар намозхон олдига бирор кичик тўсиқ (сутра) қўйган бўлса, унинг олдидан ўтиш мумкин.

 НАМОЗДА УЗРСИЗ У ЁҚ-БУ ЁҚҚА ҚАРАШНИНГ КАРОҲИЯТИ

118 - عَنْ عَائِشَةَ رضِيَ اللَّه عَنْهَا قَالَتْ: سأَلْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنِ الإلْتِفَاتِ في الصَّلاةِ فَقَالَ: «هُوَ اخْتِلاسٌ يَخْتَلِسُهُ الشَّيْطَانُ مِنْ صَلاةِ الْعَبْدِ». رواهُ البُخَاري.

 

  1.  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда у ёқ-бу ёққа аланглаш ҳақида сўрадим. «Ушайтоннинг банданинг намозидан уриб қолишидир», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Шарҳ: Баъзи одамлар намозда турганида шайтон келиб уларни васваса қилади. Шунда намоз ўқиётган киши ўнг ва чапга қарашни бошлайди. Ёки ўгирилиб қарамасада, кўзқири билан қарайди. Бу ҳолат Аллоҳ билан бўладиган банданинг муомала одобига тўғри келмайди. Ундан ташқари, хузуъ ва хушуъга ҳам тўғри келмайди. Агар мусулмон кишида шундай бўлса, аввало Аллоҳдан ёрдам сўрайди, сўнгра намозда фикрини жам қилиб адо этади.

 Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Мусулмон киши билмаган нарсасини илм аҳлидан сўрайди.
  2. Мусулмон киши намози дуруст бўлиши учун ҳаракат қилади.
  3. Намоз ичида қибладан бошқа томонга қараш- ўғрилик кабидир. Чунки у Роббиси билан бўладиган хузуъ ва хушуъдан ўғирлайди.
  4. Шайтон мусулмоннинг душманидир. Ҳар қандай майда, арзимас воситалар билан бўлсада, унинг намозига ҳалақит қилишни, бузишни истайди.
  5. Имом Алий намоз ичида соқолини ўйнаётган кишини кўриб, атрофдагиларга: "Агар бу хушуъ қилганида, аъзолари ҳам хушуъ қилар эди", деб айтдилар.

 ТАОМ ҲОЗИР БЎЛИБ ИШТАҲА КЕЛИБ ТУРГАНДА, ҲАМДА ҲОЖАТИ ҚИСТАБ ТУРГАНДА НАМОЗ ЎҚИШНИНГ МАКРУҲЛИГИ ҲАҚИДА

 

117 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّه عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لا صَلاةَ بحَضرَةِ طَعَامٍ، وَلا وَهُوَ يُدَافِعُهُ الأَخْبَثَان». رواه مسلم.

 

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Таом ҳозир бўлганда ва икки томондаги ҳожати қистаб турганда, яъни пешоб ва ични бўшатгиси келиб турганда намоз йўқдир», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

 

Фойда: Чунки бундай ҳолатларда намоз ўқувчи кишидан хушуъ кетади. Албатта намоз вақти кенг бўлса шундай. Лекин намоз вақти торайиб кетса, кароҳият кўтарилади.

Шарҳ: Ислом -инсон фитрати ва табиатини риоя қилади. Шунинг учун фикрни машғул қиладиган нарса юзага келса, ибодатни ўташда енгиллик пайдо қилинади. Шу сабабли Пайғамбар алайҳиссалом овқат ҳозир бўлганида, овқатга иштаҳа қилиб, фикру ҳаёли унга овора бўлиб қолмаслиги, шу сабабли намозни шошиб адо этмаслигини назарда тутиб, намоз ўқишни ман қилганлар. Шунингдек, ҳожат қистаб турганида ҳам намоз ўқишни ман этдилар. Чунки бундай ҳолатда у киши безовта бўлиб, хузуъ ва хушуъдан йироқ бўлади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Икки томондан қистаб турганида ўқилган намоз хушуъсиз намоз ҳисобланади.
  2. Мусулмон киши агар қорни жуда оч бўлса, намоздан олдин овқатни еб олади.
  3. Ислом фақат ташқи жисмоний ҳаракатлардангина иборат бўлиб қолган ибодатни қабул этмайди, ибодатда аввало руҳият бўлиши лозим.
  4. Мусулмон киши намоз пайтида Аллоҳ ҳузурида турганини ҳис қилсин. Ақли ва қалби Аллоҳдан бошқасига чалғимасин.
  5. Мусулмон киши Аллоҳ ҳузурида турганида собит, хотиржам ҳолда туради. Нафсининг турли чалғитувчи таъсирларидан холи бўлади.

МУСУЛМОН КИШИНИ «ЭЙ КОФИРДЕБ АЙТИШНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА

 

116- عَنِ ابنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّه عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّه صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذا قَالَ الرَّجُـلُ لأَخِيهِ: يَا كَافِر، فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُما، فَإِنْ كَان كَمَا قَالَ وَإِلاَّ رَجَعَتْ عَلَيْهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон киши биродарига, эй кофир! деса, бу сўз икковидан бирига қайтади. Агар биродари айтганидек бўлса, шундайдир. Борди-ю ундай бўлмаса, айтувчининг ўзига қайтади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Мусулмон киши ҳеч қайси қолипга тушмайдиган ножоиз сўзларни гапиришдан қайтарилгандир. Хусусан, бу нарса дин ва ақидаги тегишли бўлса. Бирор мусулмон кишини кофир деб айтиш мумкин эмас. Чунки у одамнинг Аллоҳ наздида қандай мавқеда эканини билмаймиз. Аммо бир киши кофирлигини очиқ эълон қилса ёки динда маълум бўлган хукмни инкор қилса, яъни куфрга очиқ далолат қилувчи нарсада жоиз бўлади.

Ҳадис- амал ўз жинсидан бўлишини баён этгандир. Демак, ким биродарини ботил нарса билан айбласа, туҳмати ўзига қайтади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши биродарини риоя қилади, уни куфрда айбламайди.
  2. Мусулмон киши ўзи куфрга тушиб қолмаслиги учун бундай туҳматдан сақланади.
  3. Жазо ўша амалнинг жинсидан бўлади.
  4. Мусулмон киши оғзидан чиқаётган сўзни ўйлаб, таҳлил қилиб, кейин сўзлайди. Одамларни сабабсиз, асоссиз куфрга чиқариб, айбламайди.
  5. Ушбу ҳадисдан билимсизлик ила сўзлашнинг хатарли экани ва Исломда сўзнинг аҳамиятини билиб оламиз.

 АЛЛОҲДАН БОШҚАСИ БИЛАН ҚАСАМ ИЧИШДАН МАН ЭТИЛГАНИ

115 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضِيَ اللَّه عنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «إِنَّ اللَّه تَعالى ينْهَاكُمْ أَنْ تَحْلِفُوا بابائِكُمْ، فَمَنْ كَانَ حَالِفا، فلْيَحْلِفْ بِاللَّهِ، أَوْ لِيَصْمُتْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта Аллоҳ таоло сизларни оталарингиз билан қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ билан қасам ичсин ёки жим турсин дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Мусулмон киши ҳаётида шундай вазиятларга тушадики, бошқалар сўзини тасдиқлаши ёки сўзларига ишонтириш учун қасам ичишига тўғри келади. Шу пайтда мусулмон киши фақат Аллоҳ номи билан қасам ичади. Агар Аллоҳ номидан бошқа нарса билан қасам ичса, кичик ширкка тушиб қолади. Бу нарсадан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Шунинг учун у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга қуйидаги нарсани ўқишни тавсия қилганлар. "Аллоҳумма инний аъузу бика ан ушрика бика шай`ан аъламуҳу ва астағфирука лимаа лаа аъламуҳу" (Аллоҳим, Сенинг номинг билан билиб туриб ширк келтиришдан паноҳ тилайман. Билмасдан қилиб қўйган нарсамда истиғфор айтаман).

 Инсон махфий (кичик) ширкка тушиб қолиши эҳтимолидан сақлаш учун ушбу дуони  таълим берганлар. Қасам ичишга мажбур бўлиб қолинган ўринда ҳам фақат Аллоҳ номи билан қасам ичиш лозим.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ислом Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичишни ман этган.
  2. Баъзи одамлар жоҳиллик билан амалга оширадиган “нон ҳурмати”, “сув ҳаққи” каби сўзлар билан қасам ичиш- Исломда йўқ.
  3. Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш кичик ширк бўлиб, унинг каффорати "Лаа илаҳа иллаллоҳ"ни айтишдир.
  4. Агар қасам ичишга мажбур бўлиб қолсанг, фақат Аллоҳнинг номи билан қасам ич.
  5. Мусулмон киши "Каъбанинг роббисига" "Байтуллоҳнинг Роббиси" каби сўзлар билан ҳам қасам ичиши мумкин.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.