Риёзус солиҳийн (болалар учун)

Риёзус солиҳийн (болалар учун) (124)

УСОМА ҚУТБИДДИН

Болалар учун

Риёзус солиҳийн шарҳи

(Солиҳлар гулшани)

 

Араб тилиданАнвар Аҳмад таржимаси

Тошкент: 2018

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муқаддима

 

Бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукрона бўлсин, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг асҳоби ҳамда аҳли байтига кўпдан-кўп саловоту дурудлар ёғилсин!

«Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби Ислом оламининг мўътабар ва машҳур олимларидан имом, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий қаламларига мансуб бўлиб, ўзининг саҳиҳлиги, ишонарлилиги, дақиқлиги, Суннати набавиййа асосида мўмин-мусулмонларни ҳидоятга чорлаш, иймонини юксалтириш, ахлоқини ўнглашда катта хизмати туфайли исломий ўлкаларда маълум ва машҳур.

Қўлингиздаги ушбу рисола имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби асосида Мисрлик олим Усома Қутбиддин томонидан енгил ва содда услубда, жажжи болажонларнинг ёшига мос келадиган одобахлоқ, фазилатли, ёд олишга осон ва қисқа ҳадислар танлаб олиниб, бироз шарҳи ва ҳадисдан олинадиган фойдалари билан келтирилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин, ҳар бир ишда Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилувчилардан этсин, Солиҳлар боғида сайр этиш, унинг анвойи, муаттар бўйларидан баҳра олишимизни насиб этсин, омин, ё Роббал-оламийн!

СУННАТ ВА УНИНГ ОДОБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ ҲАҚИДА

12 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: كُلُّ أُمَّتِي يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ إِلاَّ مَنْ أَبَى». قِيلَ: وَمَنْ يَأَبَى يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «مَنْ أَطَاعَنِي دَخَلَ الجنَّةَ، وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ أَبَى». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рад қилганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради», деганларида, улар: «Эй Аллоҳнинг расули, рад қиладиганлар ким ўзи?» дейишди. Шунда у зот: «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ у рад қилибди», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Шарҳ: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаннат умматнинг ҳар бири учун муҳайё қилиб, тайёрлаб қўйилгандир. Лекин қайсарлик билан рад этганлар кира олмайдилар", демоқдалар.

Ким жаннатга киришни рад этади?

Кимки, гуноҳда туриб олса ва бошдан охиригача Аллоҳ ва Унинг расулига итоат қилишдан бўйин товласа, Аллоҳнинг динидан юз ўгирса, дунёда мўминларни бахтли қиладиган ва охиратда Аллоҳнинг розилигига олиб борадиган диннинг асли ва ҳукмларига қарши курашса, ана шу киши жаннатга кира олмайди.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хушхабар ҳам берар ва огоҳлантирар ҳам эдилар.
  2. Уммат ичида шундай кишилар борки, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига қарши чиқиб, жаннатга киришдан бош тортишади. Чунки у зот буюрган нарсаларнинг барчаси жаннат йўлига олиб боради.
  3. Тушунмайдиган сўзни эшитган пайтимизда изоҳ талаб қилишнинг аҳамияти.
  4. Суннатга риоя қилиш жаннат учун йўналишдир.

АМАЛЛАРНИ БАРДАВОМ БАЖАРИШ ҲАҚИДА

11 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا عَبْدَ اللهِ لاَ تَكُنْ مِثْلَ فُلاَنٍ، كَانَ يَقُومُ اللَّيْلَ فَتَرَكَ قِيامَ اللَّيْلِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Абдуллоҳ, фалончи каби бўлмагин. У авваллари тунда (таҳажжуд намозига) турарди-да, кейин тунги туришни тарк қилган эди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисда, аввалига ибодатга машғул бўлиб, сўнгра баъзи бир сабабларга кўра тарк қиладиганларнинг оқибатини кўрмоқдамиз. Чунки у Аллоҳ ва расули фарз қилган ибодатлар билан кифояланмади, ўзига мажбурият қилиб олган нафл ибодатларда ҳам бардавом бўлмади. Энг хайрли иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда машҳур саҳобаларга эргашишдир. Чунки улар гарчи оз бўлсада амалларда бардавом бўлишган. Модомики, Аллоҳ учун холис бўлса ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларига тўғри келса, амал оз бўлса ҳам давомий бажариш лозим.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фалончи деб саҳобалар олдида ана шу кимсани шарманда қилмай исмини зикр қилмасликлари набавий улуғ одоблардан биридир.
  2. Тунги таҳажжуд намозининг аҳамиятли экани, ҳатто уни тарк қилишдан ман этганлари.
  3. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳаётини ва амалларини текшириб, кузатиб туришлари ва уларда камчилик кўрсалар насиҳат қилиб туришлари.
  4. Мусулмон киши яхшиликни бажаришда бардавом бўлади ва уни тарк қилмайди.

ТОАТ-ИБОДАТДА ЎРТА ҲОЛ БЎЛИШ БАЁНИ

10 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «هَلَكَ الْمُتَنَطِّعُونَ» قَالَهَا ثَلاَثًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

«الْمُتَنطِّعُونَ»: الْمُتعمِّقونَ الْمُشَدِّدُون فِي غَيْرِ موْضَعِ التَّشْدِيدِ.

 

  1. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Ноўрин қаттиқлик қилиб), чуқур кетувчилар ҳалок бўлишди», деб уч марта айтдилар.

Имом Муслим ривоятлари.

 

Шарҳ: Фарзандларим, бу ҳадис буюк диннинг асл қоидаларидан биридир. Ислом, ҳар‑бир буюрган ва ман этган нарсасида кишиларнинг ҳолати ва шароитини ҳисобга олади. Динимиз фақат қурби етадиган ва фойдали нарсага буюради. Содиқ мусулмон  Аллоҳ ва расули буюрган нарсага оғишмай амал қилади. Шу билан бирга, кўпчиликка машаққат туғдирадиган ва бошқаларга малол келиб, оғирлик қиладиган ишларни бажаришда эҳтиёт бўлади. Масалан, буюк саҳоба Муоз ибн Жабал масжидда жамоат намозини узайтириб юборганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ман қилиб, одамларга оғир келмайдиган даражада намозни енгил ўқишга буюрдилар. Расулуллоҳ с.а.в. барча буюрган амалларида раҳмдил, енгиллаштирувчи ва мулойим эдилар.

  

 Ҳадисдан ўрганганларимиз 

Кескинлик ва қаттиқлик баъзида инсонни ҳалокат сари етаклайди. Кўпинча кескинлик йўлини танлаб, ибодатларда чуқур кетганлар ўзларини кўп машаққатга қўйгани сабаб, бора-бора  ибодатларни адо этишдан безиб, сустлашиб кетади, хатто амалларни тарк қилади. Нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам зулм қилиб қўяди. Ана шундай  ғулувга кетувчилар масалан, бемор одам ўтириб ёки касаллиги сабабли уйида намоз ўқишига ҳам рухсат беришмайди. Аслида эса мусулмон шахс одамлар диндан безиб кетмаслиги, ёқтирмай қолмаслиги учун ҳам камчиликка ҳам, ғулувга ҳам кетмаган ўртача йўлни тутади. Ўзининг нафсига машаққат туғдирган тақдирда ҳам, бошқаларга машаққат туғдирмайди, малоллик келтирмайди.

ЯХШИЛИКНИ ЙЎЛЛАРИ КЎП ЭКАНИ ҲАҚИДА

 

9- وَعَنْ أَبِي مَالِكٍ الْحَارِثِ بْنِ عَاصِمِ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيمَانِ، وَالْحَمْدُ للَّهِ تَمْلأُ الْمِيزَانَ وَسُبْحَانَ اللهِ وَالحَمْدُ للَّهِ تَمْلآنِ - أَوْ تَمْلأُ - مَا بَيْنَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ، وَالصَّلاَةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَوْ عَلَيْكَ. كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو، فَبِائِعٌ نَفْسَهُ فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا» رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

  1. Абу Молик Ҳорис ибн Осим ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳ» тарозуни тўлдиради. «Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи» ер билан осмон ўртасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Ҳар кимса тонг оттириб, нафсини савдо қилади. Бу билан уни озод қилади ёки ҳалок қилади», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Шарҳ: Ушбу ҳадис пок бўлиб, таҳоратли бўлиш ва унда бардавом юриш мусулмон кишининг иймонининг ярмига далолат қилиб, унга риоя қилиши шарт эканини билдиради. Мусулмон киши "Субҳоналлоҳ" ва "Алҳамдулиллаҳ", деб айтиши Аллоҳга энг маҳбуб сўзлардан экани ҳамда намоз нур бўлиб, жаҳолат ва ширк зулумотидан сақловчи экани, садақа мусулмоннинг иймонли ва соғлом ақидада эканига далилдир. Албатта Қуръон қиёмат куни инсоннинг фойдаси ёки зарарига ҳужжат бўлишини баён қилдилар. Сўнгра пайғамбар алайҳиссалом, ҳар бир инсон амал қилади, лекин кимдир ўз нафсини қутқариш учун амал қилади ва яна кимдир ўзини ҳалок қилиш учун амал қилади, дея таълим бердилар.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз

 

  1. Мусулмон киши яхшиликни барча турини қидириб, уни амалга оширишга ошиқади.
  2. Таҳоратда юриб, озодаликка риоя қилиш ислом одобларидандир.
  3. Мусулмон киши намоз ва садақани бардавом адо этиш орқали у амалларни муҳофаза қилади.
  4. Мусулмон киши яхши амалларни бажариб, ёмонликни тарк қилиб, ўзини дўзахдан қутқаради.

Ҳадис 8

Written by Friday, 04 Март 2022 10:54

ЯХШИ АМАЛЛАРГА ЖИДДУ-ЖАҲД ҚИЛИШ БАЁНИ

 

8 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ: الصِّحَّةُ وَالفَرَاغُ» رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

  1. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, у ҳақда кишиларнинг кўпчилиги бебаҳра қолишади. Сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақт», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Шарҳ: Аллоҳ бандаларига ато қилган неъматлари кўп ва турли-тумандир. Гоҳида инсон ато этилган неъмат қийматини уни йўқотгачгина ҳис қилади. Масалан соғлик неъмати бўлиб, уни киши бошидаги тож дейилади. Унинг қадрига фақат беморлар етади холос. Ушбу ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик ва бўш вақтни инсонга ато қилинган энг катта неъмат дея баҳоламоқдалар. Шу билан бирга, агар ушбу неъматлардан унумли фойдаланмаса, ўзини кўп яхшиликлардан маҳрум этишини уқтирмоқдалар. 

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон наздида вақт аҳамиятли бўлиб, у катта неъматдир.
  2. Кўпгина одамлар вақт қадрига етмайди.
  3. Соғлик неъмат бўлиб, уни сақлаш ва қадрлаш, ғанимат билиш даркор.
  4. Вақтингдан унумли фойдаланишга ошиққин, мажбуриятлар вақтга нисбатан кўпроқ эканини билгин.

ИСТИҚОМАТАЛЛОҲНИНГ БУЙРУҚ ВА ҚАЙТАРИҚЛАРИДА МУСТАҲКАМ ТУРИШ БОБИ

 

7 - وَعَنْ أَبِي عَمرٍو، وَقِيلَ أَبِي عَمْرَةَ سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ قُلْ لِي فِي الإِسْلاَمِ قَولاً لاَ أَسْأَلُ عَنْهُ أَحَدًا غَيْرَكَ. قَالَ: «قُلْ: آمَنْتُ باللهِ ثُمَّ اسْتَقِمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

  1. Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг расули, менга Исломдаги бир сўзни айтингки, мен бу ҳақда сиздан бошқа бирор кишидан сўрамайин», десам, у зот: «Иймон келтирдим, деб айт, сўнгра истиқоматда бўл (яъни, Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларида мустаҳкам тур)», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Шарҳ: Мусулмон киши Аллоҳга иймон келтириб, иймонда содиқ бўлиши, Аллоҳнинг буйруқларига сўзсиз амал қилиши, Аллоҳга итоат қилишда азизликни ҳис қилиши, Аллоҳнинг динида мустаҳкам бўлиши, ўзидан‑ўзи бўлмайди. У ушбу туйғуга ёмонликка мойил бўлган нафси билан  тинмай курашиши орқали эришади. Аллоҳ таоло бу ҳақда: "Бизнинг (Йўлимиз)да жиддужаҳд қилганкурашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир" (Анкабут сураси, 69‑оят).

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз

 

  1. Мусулмон киши яхшиликларини зиёда қилишга интилади.
  2. Олим ва солиҳлардан Аллоҳни таниш, зикр қилиш хусусида насиҳат, йўлланма сўралади.
  3. Мусулмон киши оз бўлсада, амалда бардавом бўлишга ошиқади.
  4. Аллоҳга иймон келтириб, уни буйруқ ва кўрсатмаларига риоя қилиш-Исломдаги энг буюк ишлардандир.
  5. Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларида мустаҳкам туриш, яъни истиқоматда бўлиш- диннинг асосларидир.

КУЧЛИ ИШОНЧ ВА ТАВАККУЛ БОБИ

 

6- عَنْ أَبِي عِمَارةَ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا فُلاَنُ، إِذَا أَوَيْتَ إِلَى فِرَاشِكَ فَقُلْ: اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ نَفْسِي إِلَيْكَ، وَوَجَّهْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ، وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ، رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ، لاَ مَلْجَأَ وَلاَ مَنْجَى مِنْكَ إلاَّ إلَيْكَ، آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ، وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ، فَإِنَّكَ إِنْ مِتَّ مِنْ لَيْلَتِكَ مِتَّ عَلَى الْفِطْرَةِ، وَإِنْ أَصْبَحْتَ أَصَبْتَ خَيْرًا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

وَفِي رِوَايَةٍ فِي الصَّحِيحَينِ عَنِ الْبَرَاءِ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إذَا أَتَيْتَ مَضْجِعَكَ فَتَوَضَّأْ وُضُوءَكَ للصَّلاَةِ، ثُمَّ اضْطَجِعْ عَلَى شِقِّكَ الأَيْمَنِ وَقُلْ: وَذَكَرَ نَحْوَهُ، ثُمَّ قَالَ: وَاجْعَلْهُنَّ آخِرَ مَا تَقُولُ».

 

  1. Абу Имора Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй фалончи, агар тўшагингга ётсанг: «Аллоҳумма асламту нафсий илайка ва важжаҳту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту заҳрий илайка, роғбатан ва роҳбатан илайка, лаа малжаа вала манжаа минка илла илайка, аманту бикитабикаллазий анзалта, вабинабиййикаллазий арсалта», деб айт. Албатта сен мана шуларни айтиб, ўша кечаси вафот қилсанг, Ислом фитратида ўласан. Агар тонг оттирсанг, яхшиликка етишган ҳолда тонг оттирасан», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

(Маъноси: «Аллоҳим, ўзимни Сенга таслим қилдим. Юзимни Сен томонга қаратдим. Ишимни Сенга ҳавола қилдим. Умид қилган ва қўрққан ҳолда Сенга суяндим. Сендан қочишга ва нажот топишга ҳузурингдан бошқа жой йўқ. Туширган китобларингга ҳамда юборган пайғамбарларингга иймон келтирдим»).

Изоҳ: Фитрат – соф инсоний табиат, яъни исломий табиат.

 

Икки «Саҳиҳ» китобида Баро розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагича айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: Қачон ётоғингга келсанг, намозга қилган таҳоратингдек таҳорат қилиб, ўнг томонингга ёнбошлаб (юқоридаги) дуоларни айт. Ва бу (ухлашдан олдин) охирги айтадиган нарсанг бўлсин, дедилар».

 

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом барча нарсада бизга зарбулмасал орқали баён қиладилар. У зот бу ерда яқийн, яъни кучли ишонч ва таваккул бир‑бирига ҳамоҳанг эканини зарбулмасал қилмоқдалар. Мусулмон одам ҳар бир ишни Аллоҳга топширади. Ҳатто уйқу пайтида ҳам ўзини Аллоҳга топширади. Чунки Аллоҳ таоло- Муҳайминдур, яъни ҳамма нарсани қамраб олиб, бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради. Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди. Тавуккул- кучли ишончнинг натижасидир. Кучли ишонч эса, қалбнинг асосий бўлагидир. У билан иймон камолотга эришади ва у билан қалб Аллоҳга талпиниб, сокинлик топади. Агар кучли ишонч қалбга кириб борса, қалб нурга, муҳаббатга, хавфга, таваккулга тўлади. Яқийн, яъни кучли ишонч шундай бир мустаҳкам нарсаки, у ҳеч қачон ўзгармайди ва тебранмайди ҳам.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз

 

  1. Мусулмон одам ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга таваккул қилади.
  2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳни зикр қилишимизни ўргатадилар.
  3. Мусулмон киши ухлаш олдидан ҳам Аллоҳни зикр қилишга ошиқади.

 МУРОҚАБААЛЛОҲ ДОИМ КУЗАТИБ ТУРИБДИ ДЕГАН ХАВОТИРДА ЯШАШ ҲАҚИДАГИ БОБ

 

5 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا فَقَالَ: «يَا غُلاَمُ إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: «احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ، إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ، وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ، وَاعْلَمْ: أَنَّ الأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ، لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلاَّ بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وإِنِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ، لَمْ يَضُرُّوكَ إِلاَّ بَشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الأقْلاَمُ، وَجَفَّتِ الصُّحُفُ».

رواهُ التِّرمذيُّ وقَالَ: حديثٌ حسنٌ صَحيحٌ.

وفي رواية غيرِ التِّرْمِذيِّ: «احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ أَمَامَكَ، تَعَرَّفْ إِلَى اللهِ فِي الرَّخَاءِ يَعْرِفْكَ فِي الشِّدَّةِ، وَاعْلَمْ أَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَمَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ وَاعْلَمْ أَنَّ النَّصْرَ مَعَ الصَّبْرِ، وَأَنَّ الْفَرَجَ مَعَ الْكَرْب، وأَنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا».

 

  1. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида (мингашиб) кетаётган эдим. У зот: «Эй бола, сенга бир калималарни ўргатайми? Аллоҳга риоя қил, сени сақлайди. Аллоҳга риоя қил, Уни рўпарангдан топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўрагин. Агар ёрдам тиласанг ҳам, Аллоҳдан тилагин. Билгинки, агар уммат бирор нарсада сенга ёрдам беришга жамланишса, фақатгина Аллоҳ сенга (тақдир) қилиб ёзиб қўйган нарсанигина ёрдам бера олишади, холос. Агар уммат бирор нарсада сенга зарар беришга жамланишса, фақатгина Аллоҳ сенга (тақдир) қилиб ёзиб қўйган нарсанигина зарар бера олишади, холос. Қаламлар кўтарилиб, саҳифалар қуриб бўлган», деб айтдилар».

Имом Термизий ривоят қилиб, у ҳасан ва саҳиҳдир, дедилар.

Термизий бошқасида қилинган ривоятда қуйидагича келтирилган:

«Аллоҳга риоя қил, Уни олдингда топасан. Аллоҳни кенгчиликда танигин, сени қийинчиликда танийди. Сен то ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини, ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билгин. Билгинки, албатта нусрат сабр билан бирга бўлади. Кушойиш азиятлар билан бирга бўлади. Ва енгиллик қийинчилик билан бирга бўлади».

 Шарҳ: Кўпинча ҳадисларда "Набий алайҳиссаломга мингашиб олган", деган сўзни ўқиб қоламиз. Бу нарса Пайғамбар алайҳиссаломни диндош биродарларига қай даражада мушфиқ эканларини кўрсатади. Уларнинг орасида катта ёшлилар ва болалар ҳам бўлар эди. Бу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббосга ақида асосларини таълим бермоқдалар. Яъни, булар- Аллоҳнинг амри ва белгилаган ҳалол ва ҳаром чегараларини муҳофаза қилиш, уни муҳофаза қилишда ёрдамчи бўлиш, муҳтож бўлганида фақат Аллоҳдан сўраш, У Зот барча ишларнинг эгаси ҳамда сабабларни енгиллаштирувчи экани, воқеъ бўлувчи ҳар нарса Аллоҳнинг қудрати билан бўлиши, бирор киши бошқа бировнинг умри ва ризқидан маҳрум қила олмаслиги, инсонга ҳаётида рўй берадиган ҳодисалар хос саҳифаларда битиб қўйилгани, ўша битилган нарса яқин фурсатда ёки кейинроқ рўй беришига ишонмоғидир.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз  

  1. Фойда ҳам, зарар ҳам Аллоҳнинг измида эканини мусулмон одам билади.
  2. Халойиқнинг барчаси Аллоҳга муҳтож эканини мусулмон одам билади.
  3. Мусулмон киши Аллоҳни улуғлайди, Унга сўзсиз итоат қилади. Нимаики етса, Аллоҳнинг изни билан етишини билади.
  4. Агар бутун дунё аҳолиси бир инсонга зарар беришга тўпланишса, Аллоҳ тақдирга ёзган нарсанигина зарар беради холос.
  5. Мусулмон киши аторофида рўй бераётган нарсалардан саросимага тушмайди. Чунки, барча нарса тақдирга битилгандир.

РОСТГЎЙЛИК ҲАҚИДАГИ БОБ

4- عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الصَّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الجَنَّةِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَصْدُقُ حَتَّى يُكتَبَ عِنْدَ اللهِ صِدِّيقًا، وَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الفُجُورِ وَإِنَّ الفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَكْذِبُ حَتَّى يُكتَبَ عِنْدَ اللهِ كَذَّابًا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлайверади, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида сиддиқ, ўта ростгўй деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта киши ёлғон сўзлайверади, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ростгўйлик Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиб танланишларидан олдин ҳам у зотга хос сифатларидан эди. Ёлғон гапириш хунук сифатлардан бўлиб, мусулмон киши бундай сифатдан йироқ бўлмоғи лозим. Расулуллоҳ с.а.в.га: “Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?" деб айтилганида, у зот: "Йўқ", деб жавоб берганлар.

Шу ҳадис орқали Пайғамбар алайҳиссалом умматни ростгўйликнинг фазилатини баён этиб, ёлғончиликнинг қабоҳатидан огоҳлантирмоқдалар.

Ростгўйлик- солиҳ амалдир. Солиҳ амалнинг охири жаннатдир. Киши ростгўй бўлишга ошиқади ва ниҳоят ушбу сифатга эга бўлиб, Аллоҳ ҳузуридаги олий мақомга эришади. Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузурида у кишини “сиддиқ” деб ёзиб қўяди. Ёлғон эса -разолатдир. У бандани қабиҳ ишлар томон етаклайди. Ушбу амалнинг охири бандани жаҳаннам оловига улоқтиради. Банданинг ёлғончиликда давомий, мустаҳкам қолиши, ёлғончи деган номга боғланиишига, хатто Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилишигача олиб боради. Ёлғончи инсон охир-оқибатда жаҳаннамга равона бўлади. Жаҳаннам нақадар ёмон жойдир.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ростгўйлик мусулмоннинг асосий сифатидир.
  2. Мусулмон киши ростгўй бўлса, бу хислати уни жаннатга етаклайди.
  3. Ёлғон – гуноҳ ва осийликнинг бошланиш йўлидир.
  4. Агар ёлғончи тавба қилиб, Аллоҳга қайтмаса, жаҳаннам ёлғончининг ниҳоясидир.

Ҳадис 3 | САБР БОБИ

Written by Thursday, 03 Март 2022 20:11

САБР БОБИ

3 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً قَالَ للنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: أوْصِنِي، قَالَ: «لاَ تَغْضَبْ» فَرَدَّدَ مِرَارًا قَالَ، «لاَ تَغْضَبْ» رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Менга насиҳат қилинг» деганида, у зот: «Ғазаб қилма дедилар. У киши (бу саволни) бир неча марта қайтарганида ҳам у зот: «Ғазаб қилма дедилар” (Бухорий ривоят қилган).

 Шарҳ: Ғазаб- инсоннинг ўзлигидан ва инсонийлигидан чиқариб юборади. Оқибатда, киши табиати ва динига нолойиқ тарзда ҳаракат қилади. Ғазабидан тушгач эса афсусланиб, надомат чекишни бошлайди. Муаммо шундаки, ғазаб отига минган кимса, ўзига келгач содир этган қилмишини ислоҳ қилиши қийин кечади. Узр айтиш билан ҳам баъзан, муаммо ҳал бўлмайди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта "Ғазаб қилма!" деб таъкидладилар. Чунки ғазаб ҳар қандай ёмонликнинг зага келтирувчи сабабдир. Шайтон алайҳиллаъна ҳам инсон ғазабланган пайтда унга васваса қилиб, ўйнашади.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Олим ва солиҳлардан насиҳат қилишни сўраш.
  2. Сўзни таъкидлаш маъносида такрор айтиш.
  3. Ғазаб кўплаб гуноҳларнинг юзага келишининг сабабчисидир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан огоҳлантирганлар.
  4. Мусулмон одам ғазаби келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилади: ғазаби келганида таҳорат олади, тик турган бўлса, ўтириб олади, ўтирган бўлса, ёнбошлаб олади.
  5. Кучли ғазаб ҳолатида инсон кўпинча кейин афсусланиб юрадиган ишларни бажариб қўяди.
  6. Ғазаб шайтоннинг инсонга васваса қилишига энг яхши, қулай фурсатдир.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.