Риёзус солиҳийн (болалар учун)

Риёзус солиҳийн (болалар учун) (124)

УСОМА ҚУТБИДДИН

Болалар учун

Риёзус солиҳийн шарҳи

(Солиҳлар гулшани)

 

Араб тилиданАнвар Аҳмад таржимаси

Тошкент: 2018

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муқаддима

 

Бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукрона бўлсин, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг асҳоби ҳамда аҳли байтига кўпдан-кўп саловоту дурудлар ёғилсин!

«Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби Ислом оламининг мўътабар ва машҳур олимларидан имом, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий қаламларига мансуб бўлиб, ўзининг саҳиҳлиги, ишонарлилиги, дақиқлиги, Суннати набавиййа асосида мўмин-мусулмонларни ҳидоятга чорлаш, иймонини юксалтириш, ахлоқини ўнглашда катта хизмати туфайли исломий ўлкаларда маълум ва машҳур.

Қўлингиздаги ушбу рисола имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби асосида Мисрлик олим Усома Қутбиддин томонидан енгил ва содда услубда, жажжи болажонларнинг ёшига мос келадиган одобахлоқ, фазилатли, ёд олишга осон ва қисқа ҳадислар танлаб олиниб, бироз шарҳи ва ҳадисдан олинадиган фойдалари билан келтирилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин, ҳар бир ишда Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилувчилардан этсин, Солиҳлар боғида сайр этиш, унинг анвойи, муаттар бўйларидан баҳра олишимизни насиб этсин, омин, ё Роббал-оламийн!

 ИЛМ ОЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

96 - عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِعَلِيٍّ: فَوَاللهِ لأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمُرِ النَّعَمَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий розияллоҳу анҳуга: "Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилмоғи қизил туядан ҳам яхшироқдир", дедилар.

(Қизил туя ўша пайтда араблардаги энг қимматбаҳо буюм бўлган.)

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Мусулмон киши илмини бошқалар ўргатиш орқали садақа қилиб, поклаб туради. Илмни киши ишлатгани сари ўсиб, зиёда бўлиб туради. Мол‑дунёда эса унинг аксидир. Шунинг учун илмини ишлатган кишиларга Аллоҳ унинг қўлида одамлар ҳидоят топишини мукофотлаб туради. Бундай ишни амалга ошириш дунё ва охиратда улкан манфаатларни олиб келади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши илмини яширмайди, балки уни бошқаларга ҳам ўргатади.
  2. Илм тарқатиш ва одамларни яхшиликка чорлаш дунёдаги баҳоси йўқ нарсадир.
  3. Бир кишини ҳидоятга чорлаш қизил туядан яхши. Бошқа ривоятда: "Қуёш чиқишидан кўра сен учун яхши". Шундай бўлганидан кейин бутун бир оила ёки хонадон ёки миллатни ҳидоятга чорлашнинг савоби қандай бўлур?!

4. Мусулмон киши одамларни ҳидоятга ва ҳақ йўлга чорлашга ошиқ бўлади.

Ҳадис 95 / ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ

Written by Tuesday, 22 Март 2022 20:17

 ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ

 95 - وَعَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ* қилиб қўяди», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

* Фақиҳ – моҳиятни чуқур англайдиган, билимдон, дақиқ тушунувчи.

 

Шарҳ: Миллатни ривожланишида таълим улкан воситадир. Таълим инсон шаънини юксалтириб, дунёю охиратда  инсон қадрини баландлатади. Аллоҳ таоло бу ҳақда: "Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур" дейди. (Мужодала сураси, 11‑оят).

Шаръий, исломий илмлар мусулмон кишини истиқоматда, яъни тўғри йўлда юришини таъминлайди. Ким динда фақиҳ, яъни билимдон бўлса, демак Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилибди. Мусулмон киши ибодатини тўғри қилишига элтувчи билимларда кам бўлсада фақиҳ бўлишга уриниши яхшидир.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Агар Аллоҳ бир мусулмон бандага яхшиликни истаса, динини тушунадиган, фақиҳ қилиб қўяди.
  2. Динда фақиҳ бўлиш кўп китоб мутолаа қилиш ва Аллоҳнинг тавфиқига мушарраф бўлиш орқали эришилади.
  3. Ислом умматини юксалишига хизмат қиладиган дунёвий илмлар ҳам шариат талаб қилган илм ҳисобланади.
  4. Аллоҳ уламоларнинг даражасини омидан, оддий мусулмондан афзал қилиб, жаннатда юқори даражаларга кўтариши- мусулмон умматига маълум ва машҳурдир.
  5. Шайх Муҳаммад Ғаззолий: "Мусулмон киши барча нарсада маърифатли, мутахассислиги устида қаттиқ ишлайдиган ва барча нарсадан хабардор бўлади", деганлар.

ОЛДИ-СОТДИДА БАҒРИКЕНГ БЎЛИШ

 94 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رَحِمَ اللهُ رَجُلاً سَمْحًا إِذَا بَاعَ، وَإِذَا اشْتَرَى، وَإِذَا اقْتَضَى». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

  1. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳақ талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Шарҳ: Одатда олди‑сотди, савдо, тижорат ишлари баҳслашиш, келишмовчилик ва сўз айтишиш билан амалга оширилади. Ислом бу хусусда ҳам бошқалардан ажралиб туришини истади. Шунинг учун уларни муомалада ўзаро раҳм‑шафқатга, олди‑бердида енгиллик қилишга, сотувчи билан олувчи орасида ҳийла ишлатмасликка, нарх белгилашда қаттиқлик қилмасликка ва одамларни ҳаққини уриб қолмасликка чақиради. Шунингдек, қарз олди‑бердисида ҳам бағрикенг бўлишга чақиради. Ушбу ҳолатда  ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати набавияларига мувофиқ амал қилиб, Аллоҳнинг розилигини топиш мақсад қилинади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши ҳаётининг ҳар бир жабҳасида Ислом бағрикенглигига риоя этади.
  2. Савдо ва тижоратда, нарх белгилашда ҳаддан ошмайди, муомалада ростгўй бўлади.
  3. Сотиб олишдаги бағрикенглик- сотувчига пулни тўлашда чўзиб юбормаслик.
  4. Сотишдаги бағрикенглик- қасам ичиб, буюмни сотмасликдир.

 ШАВВОЛ ОЙИДА ОЛТИ КУН РЎЗА ТУТИШНИНГ МАҲБУБЛИГИ

 93- عَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتَبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

  1.  Абу Аюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом биз мусулмонларга дунё ва охиратда манфаат берадиган нарсаларни насиҳат қилардилар. Ана шулардан бири, Рамазондан кейинги Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишдир. Бу билан бир йил рўза тутганлик савобига эришиш имкони насиб бўлади. Чунки, бир яхшиликка Аллоҳ ҳузурида ўн баробар қилиб ажр-савоб берилади. Рамазон ойидаги 30 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси- 300 кун бўлади. Шаввол ойидаги 6 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси- 60 кун бўлади. Жами: 360 кун рўза бўлади. Демак, ким бир йил тўла рўза тутишни истаса, шаввол ойидаги 6 кунлик рўзани тутсин!

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Пайғамбар алайҳиссалом Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани тарғиб қилганлар.
  2. Ушбу кунларни Шавволнинг олти куни деб номлаш шарт, бошқача номлаш жоиз эмас.
  3. Рамазон ойидаги 30 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси -300 кун бўлади. Шаввол ойидаги 6 кунлик рўзани 10 га кўпайтирсак, йиғиндиси -60 кун бўлади. Жами 360 кун бўлади. Демак, кимки йил бўйи рўза тутганни савобига эришмоқ истаса, Шавволнинг олти кунлик нафл рўзасини тутсин. 30х10=300+6x10=60=360.

 АШУРО КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИ

 92 - عَنْ أَبي قَتَادةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ صَوْمِ يَوْمِ عَرَفَةَ؟ قَالَ: «يُكَفِّرُ السَّنَةَ الْمَاضِيَةَ وَالبَاقِيَةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

  1. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан арафа куни, яъни зулҳижжа ойининг тўққизинчи кунида тутиладиган рўза ҳақида сўралди. У зот: «Ўтиб кетган ва қолган йилдаги гуноҳларга каффоратдир», дедилар”.

Имом Муслим ривоятлари.

Фойда: Ҳаждаги кишиларга бу кунда рўза тутиш маҳбуб эмас. Чунки талбия, зикр ва дуо қилишдан сусайтириб қуяди.

Шарҳ: Мусулмон киши нафл рўзада улкан савоблар борлиги учун ушбу амални бажаришга киришади. Нафл рўзалардан бири –Ашуро (ўнинчи) кунининг рўзасидир. Ушбу кундаги рўза пайғамбарларнинг орасини боғлаб туради. Пайғамбар алайҳиссалом одатдагидек бу ишда ҳам яҳудий ва насороларга хилоф қилиб, Ашуро рўзасига яна бир кун Тасуъо (тўққизинчи кун) рўзасини қўшдилар. Бундан мақсад, нафл ибодатни адо этишда яҳудй ва насороларга ўшаб қолмасликдир. Ашуро кунида Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Фиръавндан халос этди. Яҳудийлар шунинг учун Ашуро куни рўза тутардилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларни ҳам Ашуро куни рўза тутишларини билгач: "Биз Мусо алайҳиссаломга улардан кўра яқинроқмиз", дедилар ва Ашуро куни рўза тутиб, қўшимча қилиб, тўққизинчи кунги Тасуъони зиёда қилдилар. Шундай экан, бу хусусда Пайғамбаримизнинг суннатига эргашишимиз афзал иш бўлади.

 

 Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Ашуро куни рўзасининг аҳамияти.
  2. Пайғамбар алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни қадрлаганлари ва эҳтиром кўрсатганлари.
  3. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам агар келгуси йилгача яшасалар, муҳаррам ойининг ўнинчисидаги Ашурога қўшиб, тўққизинчи кунги Тасуъо рўзасини тутишни ният қилганлар. Ҳадисда: "Аҳли китобларга хилоф қилинглар, (Ашуродан) бир кун аввал ва бир кун кейин рўза тутинглар", деб айтилган. (Имом Муслим ривояти).
  4. Арафа, Ашуро ва Тасуъо кунлари рўзасини тутиш фазилати улкандир.

ЗУЛҲИЖЖАНИНГ АВВАЛГИ ЎН КУНЛИГИДА ВА БОШҚА ПАЙТЛАРДА РЎЗА ТУТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

91 - عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ أَيَّامٍ العَمَلُ الصَّالحُ فِيهَا أَحَبُّ إِلَى اللهِ مِنْ هَذِهِ الأَيَّامِ» يعني: أَيَّامَ العَشْرِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَلاَ الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللهِ؟ قَالَ: «وَلاَ الجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللهِ، إِلاَّ رَجُلٌ خَرَجَ بِنَفْسِهِ، وَمَالِهِ فَلَمْ يَرْجِعْ مِنْ ذَلِكَ بِشَيءٍ» رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

  1. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?!» дейишди. «Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Магар, бир одам жони ва моли ила чиқсаю ундан бирор нарса қайтмаса, бундан мустасно», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Фойда: Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни бўлмиш ташриқ кунларда ибодат ва хайрли ишлар қилиш Аллоҳ Таолога энг маҳбуб амалдир.

Шарҳ: Кунлар ичида шундай фазилатли кунлар борки, улардан фойдаланиб қолиш лозим. Улкан савобни қўлга киритадиган энг яхши фурсатлардан бири –Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги экан. Пайғамбаримиз с.а.в. ушбу ҳадисларида Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида хайрли амаллар қабул этилиб, банда улкан савобларга эришишига башорат бермоқдалар. Ушбу кунларнинг фазилат шулки, Аллоҳ ушбу кунларда озгина амалга кўпгина ажру савобларни  беради.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлигидаги солиҳ амалларнинг аҳамияти.
  2. Ҳар бир фурсатнинг ўзига хос фазилати бор, мусулмон киши улардан унумли фойдаланиши лозим.
  3. Ушбу кунда солиҳ амаллар кўпайтирилади.
  4. Мусулмон киши ушбу куннинг фазилати ҳақида бошқа мусулмонларга ҳам етказиши тарғиб этиши маҳбуб амалдир.

САҲАРЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

90 - عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السُّحُورِ بَركَةً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саҳарлик қилинглар. Чунки саҳарликда барака бордир», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Агар Мусулмон киши рўза тутишга рағбат қиладиган бўлса, энди ушбу рўзасини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам каби саҳарлик қилиш билан амалга оширсин. Чунки саҳар қилиш яҳудий ва насороларга мухолиф бўлишдир, бу икки диндагилар саҳарлик қилмайдилар. Исломий шахсиятни мустаҳкамлашда уларга мухолиф бўлиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидир. Чунки уларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг Китобларидан ўзлаштириб олиб, Қуръонга киритганлар деган иддао қилишади. Ваҳоланки, у зот саводсиз, оддий, оми инсон бўлганлар. Шу сабабли ҳам мусулмонлар ўз ибодат шакллари ва кўринишларида яҳудий  ва насронийлар каби аҳли китобларга мухолиф, яъни уларнинг фарқли ўлароқ, амалга оширишади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Саҳарлик қилиш- рўза тутишдаги набавий суннатдир.
  2. Саҳарлик овқатга барака ва танага соғликни жалб қилади.
  3. Саҳарлик -мусулмонлар билан ғайридинлар орасидаги рўзани фарқлайди.
  4. Мусулмон киши суннатга мувофиқ озгина овқат ёки сув ичиб бўлсада, саҳарлик қилсин.

РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

89 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда унинг фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, уни аввалги гуноҳи кечирилади», дедилар”.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Агар Ислом уммати Рамазон ойидаги хайрли нарсаларни билганида эди, йилнинг ҳаммасида рўзадор бўлишга ҳаракат қилар эди. Бу ойда рўза, Қуръон, ибодат, инфоқ-садақа, дуо-зикрлар, қариндошларга силаи раҳм каби амалларга машғул бўлинади.  Ким рўза ойидаги рўзанинг фарзлигига ишонган ҳолда тутса, Аллоҳ рўзадорларга ваъда қилган савобдан умидвор бўлса, Аллоҳ гуноҳларини мағфират этиш ва ёмонликларини ўчириш билан мукофотлайди.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон кишига Рамазон рўзасининг тутишнинг аҳамияти улканлиги.
  2. Рўзадаги ният -даражалар юксалишининг омилидир.
  3. Мусулмон киши рўза тутади, чунки у урф-одат эмас, балки, улуғ ибодатдир,.
  4. Рамазон рўзаси мўминнинг гуноҳларини мағфират бўлишига олиб келади.

РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

88 - وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ فِي الجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ: الرَّيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَومَ القِيَامَةِ، لاَ يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أَيْنَ الصَّائِمُونَ؟ فَيَقُومُونَ لاَ يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннатда бир эшик бор. У «Раййон» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Роббимиз биз мусулмонларни олий жаннатларга киришимиз учун кўплаб ибодатлар билан сийлагандир. Ана ўша ибодатлардан бири рўзадир. Аллоҳ таоло жаннатда рўзадорлар учун бир эшикни хос барпо қилгандир. Унинг исми Раййон бўлиб, унга рўзадорлардан бошқа бирор киши киришига рухсат этилмайди. Чунки рўзадорлар энг қадрли амал ва фазилатли ибодатни амалга оширгандирлар. У эшикдан рўзадорлар киришга ҳақли холос. Улар Аллоҳнинг фазли‑карами билан у ерда ҳузурланадилар. Бу дунёда ёлғиз Аллоҳ учун рўзадор бўлишгани учун У зотнинг хос мукофот билан сийлашидир.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Аллоҳ таоло рўзадорларни тақдирлаб, улар учун жаннатда алоҳида хос эшик қилгандир.
  2. Райён – ўзини қондириш деган маънодадир. Рўзадор тийилган нарсаларидан энди қондира олади, баҳраманд бўла олади.
  3. Жаннат ичидаги райён эшиги рўзадорларни бошқалардан ажратиш учундир.

4. Мусулмон киши душанба, пайшанба ва “оқ”-бийз кунлари рўза тутишга ошиқади.

РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

 

87 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْريِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ عَبْدٍ يَصُومُ يَومًا فِي سَبِيلِ اللهِ إِلاَّ بَاعَدَ اللهُ بِذَلِكَ اليَومِ وَجْهَهُ عَنِ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفًا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Бирор банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кузлик* узоқ қилади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

* «Етмиш кузлик» дегани етмиш йиллик масофачалик дегани. Бу ўзбек тилидаги «Етмиш баҳорни қарши олди», деган жумлага ўхшайди.

Шарҳ: Рўза шундай ибодатки, унда банданинг Аллоҳга бўлган ҳақиқий ихлоси намоён бўлади. Рўзадор асаблари тинч, сокин бўлади. Бошқалар билан муомалада рўзадор ўта эътиборли, босиқ бўлади. Рўзадор рўзада ўтаётган кунини зое қилиш, савобидан маҳрум қолишдан хавфсираб юради.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.