Риёзус солиҳийн (болалар учун)

Риёзус солиҳийн (болалар учун) (124)

УСОМА ҚУТБИДДИН

Болалар учун

Риёзус солиҳийн шарҳи

(Солиҳлар гулшани)

 

Араб тилиданАнвар Аҳмад таржимаси

Тошкент: 2018

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муқаддима

 

Бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукрона бўлсин, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг асҳоби ҳамда аҳли байтига кўпдан-кўп саловоту дурудлар ёғилсин!

«Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби Ислом оламининг мўътабар ва машҳур олимларидан имом, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий қаламларига мансуб бўлиб, ўзининг саҳиҳлиги, ишонарлилиги, дақиқлиги, Суннати набавиййа асосида мўмин-мусулмонларни ҳидоятга чорлаш, иймонини юксалтириш, ахлоқини ўнглашда катта хизмати туфайли исломий ўлкаларда маълум ва машҳур.

Қўлингиздаги ушбу рисола имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби асосида Мисрлик олим Усома Қутбиддин томонидан енгил ва содда услубда, жажжи болажонларнинг ёшига мос келадиган одобахлоқ, фазилатли, ёд олишга осон ва қисқа ҳадислар танлаб олиниб, бироз шарҳи ва ҳадисдан олинадиган фойдалари билан келтирилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин, ҳар бир ишда Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилувчилардан этсин, Солиҳлар боғида сайр этиш, унинг анвойи, муаттар бўйларидан баҳра олишимизни насиб этсин, омин, ё Роббал-оламийн!

 ЗУҲО НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

82 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: أَوْصَانِي خَلِيلِي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِصِيَامِ ثَلاَثَةِ أَيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ، وَرَكْعَتَي الضُّحَى، وَأَنْ أُوتِرَ قَبْلَ أَنْ أَرْقُدَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

والإيتار قبل النوم إنما يُسْتَحَبُّ لمن لا يَثِقُ بالإستيقاظ آخر اللَّيل فإنْ وثق فآخر اللَّيل أفضل.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойда уч кун рўза тутишни, икки ракъат зуҳо (чошгоҳ) намози ўқишни ва ухлашдан олдин витр намозини ўқишни менга васият қилдилар.

Муттафақун алайҳ.

Ухлашдан олдин витрни ўқиш кечанинг охирида уйғонишига кўзи етмаган кишилар учун мустаҳабдир. Агар уйғонишига ишонса, кечанинг охирида ўқиш афзалдир.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари билан қай даражада яқин, дўстона муносабатда, самимий бўлганларини биламиз. Ҳатто бу боғлиқлик Халиллик (содиқ дўстлик) даражасига кўтарилган. Бу нарса фақат соф эҳтиромдан юзага келади. Ушбу ҳадисдан Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларига ҳаётларида манфаат берадиган нарсаларни таълим берганларини кўрсатади. Масалан, нафл рўза, витр ва зуҳо намози кабилар. Чунки бунда улкан савоблар бордир.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши ҳар қамарий ой ҳисобидаги “бийз” кунлари деб номланган оқ кунларда уч кун нафл рўза тутишга ошиқади.
  2. Мусулмон киши 360 та бўғинга қилинадиган садақага тенг бўлган зуҳо намозини ўқишга ошиқади.
  3. Мусулмон киши ухлашидан олдин витр намозини ўқиб олиши лозим.

 БОМДОД НАМОЗИНИНГ ИККИ РАКАТ СУННАТИ ТАЪКИДЛАНГАН СУННАТ ЭКАНИ ҲАҚИДА

 

81 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رَكْعَتَا الفَجْرِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُمَا: أَحَبُّ إِليَّ مِنَ الدُّنْيَا جَمِيعًا».

  

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бомдод намозининг икки ракат (суннати) дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Имом Бухорий ва Муслимнинг бошқа ривоятларида:

«(Икки ракат бомдод намозининг суннати) дунёдаги ҳамма нарсадан мен учун яхшироқдир», дейилган.

 

Шарҳ: Мўъмин киши бомдод намозини ўз вақтида адо этишга ошиқади. Бу намоз кишининг иймонига ва динининг мустаҳкамлигига далилдир. Чунки бомдод намози мўмин билан мунофиқларнинг орасини фарқловчидир. Расулуллоҳ с.а.в. бомдод намозини мунофиқларга адо этиш оғирдир, деб хабар берганлар. Пайғамбар алайҳиссалом бу намознинг савоби улканлигини одамлар билганларида эди,  ушбу намозни гарчи масжидга эмаклаб бориб бўлсада, адо этишарди дея фазилати улуғ эканига ишора қилганлар.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Бомдод намози намозларнинг ичидаги энг савоби улуғ намоздир.
  2. Мусулмон киши бомдод намозини масжидда жамоат билан ўқишга ошиқади.
  3. Намозхон киши бомдод намозига уйғониш учун барча чораларни кўради. Масалан, таҳорат олиб уйқуга ётади, соат уйғотгичини белгилаб, кейин ётади.
  4. Мусулмон киши улкан савобни бошқаларга ҳам улашиб, дўстларини ҳам бомдод намозига уйғотишга уринади.
  5. Бомдод намози дунёдаги ҳар қандай бойликдан, мол-мулк, уй-жой, зебу зийнатлардан мўмин учун маҳбублигини Расулуллоҳ с.а.в. таърифлаганлар. 

 АВВАЛГИ САФНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

80- عَنْ أَبي هُرَيْرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الأَوَّلِ ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلاَّ أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيهِ لاسْتَهَمُوا عَلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ لاسْتَبَقُوا إَلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي العَتَمَةِ وَالصُّبْحِ لأَتَوهُمَا وَلَوْ حَبْوًا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

«الإسْتهامُ»: الاقْتراعُ، «والتَّهْجِيرُ»: التَّبْكيرُ إِلى الصَّلاةِ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима (савоб) борлигини билганларида эди, кейин бунинг учун қуръа ташлашдан бошқа (чора) топа олишмаса, албатта қуръа ташлашарди. (Намозга) эрта боришда нима (савоб) борлигини билганларида эди, бунинг учун мусобақалашишарди. Хуфтон ва бомдодда нима (савоб) борлигини билганларида эди, уларга эмаклаб бўлса ҳам келишарди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Муҳаммад с.а.в. хабар берганларидек намоз диннинг устунидир. У ибодатларнинг аввалида туради. Уни адо этиш- Ислом арконларидандир. Мусулмон киши намозни ҳаётидаги барча амаллардан олдинга қўяди. Ундан ташқари сафнинг аввалида туришга ошиқади. Бу иши билан дунё ҳаётида яхшиликларнинг олдида, охиратда эса- жаннат пешқадамларидан бўлишга интилади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Намозга барвақт чиқишнинг аҳамияти улкандир.
  2. Аввалги саф фазилатли бўлгани учун мусулмон киши аввалги сафда бўлишга ошиқади.
  3. Масжидда намозга муаззинлик қилишнинг ажри улкандир.
  4. Мусулмонлар орасида яхшилик учун мусобақа қилиш фазилатли амалдир.
  5. Доим сафнинг олдида бўлишга ҳаракат қил.

 БЕШ ВАҚТ НАМОЗНИ МУҲОФАЗА ЭТИШГА БУЙРУҚ

 

79 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ العَبْدُ يَوْمَ القِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ، فَإِنْ صَلُحَتْ، فَقَدْ أَفَلَحَ وَأَنْجَحَ، وَإِنْ فَسَدَتْ، فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ، فَإِنِ انْتُقِصَ مِنْ فَرِيضَتِهِ شَيْئًا، قَالَ الرَّبُّ، عَزَّ وَجَلَّ: انْظُرُوا هَلْ لِعَبْدِي مِنْ تَطَوُّعٍ، فَيُكَمَّلُ بِهَا مَا انْتَقَصَ مِنَ الفَرِيضَةِ؟ ثُمَّ تَكُونُ سَائِرُ أَعْمَالِهِ عَلَى هَذَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ حَسَنٌ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни банданинг биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар у яроқли бўлса, нажот топиб, муваффақиятга эришибди. Агар яроқсиз бўлса, ҳасрат-надоматда қолибди. Агар бордию фарз амалларидан бирор камчилик бўлса, Аллоҳ Таоло: «Бандамнинг нафл амалларига қаранглар-чидейди. Агар нафл амаллар бўлса, фарзнинг камчиликлари тўлдирилади. Кейин бошқа амаллари ҳам мана шу тарзда ижро этилади», дедилар”.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис дедилар.

 

Шарҳ: Намоз диннинг устунидир. Ким уни тикласа, динни барпо қилибди. Ким уни бузса, динни бузибди. Қиёмат куни бандани биринчи бўлиб сўраладиган нарсаси намоз бўлишида ажабланарли ҳолат йўқдир. Чунки банда намозни барча шартлари ва рукнларини ўз вақтида адо этса, у бу иши билан закот, рўза, ҳаж ва бошқа амаллариинг қабул бўлишига зарур калитни қўлга киритади. Буюрилган шарт ва рукнларни тўлиқ адо этмаса, ўқиган намозида хушуъ бўлмаса, бошқа амалларига ҳам таъсир қилади. Амали қабул бўлмасдан, савобдан маҳрум бўлади. Аллоҳ асрасин.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Намоз Исломнинг мустаҳкам асосидир.
  2. Намоз банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амалидир.
  3. Намозни шартлари риоя этиб, тўғри адо этилиши унинг қабул бўлишига далолат қилувчи аломатлардандир.
  4. Мусулмон киши Пайғамбар алайҳиссалом буюрганларидек намоз ўқийди.

 БОМДОД ВА ХУФТОН НАМОЗЛАРИНИ ЖАМОАТ БИЛАН ЎҚИШГА ТАРҒИБ

 

78 - عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ صَلَّى العِشَاءَ فِي جَـمَاعَةٍ، فَكَأَنَّمَا قَامَ نِصْفَ اللَّيْلِ وَمَنْ صَلَّى الصُّبْحَ فِي جَمَاعَةٍ، فَكَأَنَّمَا صَلَّى اللَّيْلَ كُلَّهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

  1. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат ила бедор ўтказгандай бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат ила ўқиса, бутун кечани ибодат ила ўтказгандай бўлади», деб айтганларини эшитдим”.

Имом Муслим ривоятлари.

 

Шарҳ: Аллоҳ таоло: "Рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг", деб айтган. Ушбу даъват мусулмонларнинг орасини жамлаш ва улар орасида ўзаро муҳаббатни ошириш учун бўлган чақириқдир. Пайғамбар алайҳиссалом хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишга алоҳида тарғиб қилмоқдалар, чунки бу икки намоз мунофиқлар учун энг оғир намоздир. Бу иккисини масжидда жамоат билан ўқишда улкан савоблар бордир. Пайғамбар алайҳиссалом хуфтоннинг фазилатини туннинг ярмини бедор ўтказишга тенглаштирмоқдалар. Бомдодни эса, туннинг барчасини бедор ўтказишга тенглаштирмоқдалар. Демак, фарз намозларини адо этиш билан бир қаторда, тунда нафл ибодат қилишнинг савобига ҳам эришмоқ нияти бўлса, марҳамат,  хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан масжидда ўқисин.

   

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Жамоат намозининг аҳамияти, хусусан хуфтон намозини аҳамияти.
  2. Бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг фазилати ва унга бериладиган савобнинг улканлиги.
  3. Озгина амалга ҳам кўпгина савобни берилиши уммати Муҳаммад учун Аллоҳнинг раҳматидир.

 ЖАМОАТ НАМОЗИНИНГ ФАЗИЛАТИ

 77- عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «صَلاَةُ الجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلاَةِ الفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ درَجَةً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

77. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир», деб айтдилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Мусулмон кишини агар намози тўкис бўлмаса, Исломи қабул қилинмайди. Муайян сабабли киши намозини якка ўзи адо қилиши мумкин. Аммо жамоат намозининг савоби уйи ва дўконида ўқиган намозидан 27 марта даражаси ортиқдир. Мусулмон киши ушбу савобдаги даражани яхши қадрлайди. Инсон қиёмат куни биргина бўлсада ажру савобга муҳтож бўлиб қолади. Энди 27 даража савобга эга бўлиш имконини қўлдпан чиқарадими? Ахир Аллоҳ битта яхшиликни ўн баробардан 700 баробаргача кўпайтириб берилишини ваъда берганку? Ҳоҳлаган кишисига яна кўпайтириб бераверади. Илоҳим, ўша кунда ёмонликларимиз яхшиликларимиз устидан ғолиб келмасин, акс ҳолда афсус-надомат фойда бермайдиган Кунда пушаймон бўлиб қоламиз.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон кишига нисбатан жамоат намозининг аҳамияти.
  2. Мусулмон киши жамоат билан намоз ўқишга ошиқади.
  3. Жамоат намози мусулмонларнинг бирдамлигининг намоён қилади.
  4. Мусулмон киши жамоат намозига чорлаб туришлари учун солиҳлар билан яқин муносабатда бўлади.

НАМОЗНИ ИНТИЗОР БЎЛИБ КУТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

76 - وَعَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمَلاَئِكَةُ تُصَلِّي عَلَى أَحَدِكُمْ مَا دَامَ فِي مُصَلاَّهُ الَّذِي صَلَّى فِيْهِ مَا لَمْ يُحْدِثْ، تَقُولُ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لَهُ، اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

  1. У кишидан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши намозхонада таҳоратини синдирмай ўтирар экан, фаришталар унинг ҳаққига: «Аллоҳим, мағфират эт, Аллоҳим унга раҳм қил», деб дуода бўлишади», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Муъмин банда Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидни обод қилиш мақсадида ўша жойда  намозни кутиб ўтиришга ошиқади. Ушбу амалнинг фазилати шулки, мусулмон киши масжидда, таҳоратли ҳолида намоз вақти киришини кутиб ўтираркан, фаришталар унинг ҳаққига истиғфор айтишади. Бу амални Аллоҳнинг уйларини обод қилишни севадиган фозил инсонларгина амалга оширади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Масжидда таҳоратли ҳолда ўтириши фаришталарни унга истиғфор сўрашига сабаб бўлади.
  2. Фаришталарнинг дуоси ижобатдир. Шунинг учун мусулмон кимса уларнинг дуосининг ижобати ила ютуққа эришишга ошиқади.
  3. Масжидда намоз вақти киришини кутиб ўтириш фазилатли амал бўлиб, кўпчилик ундан ғафлатдадирлар.
  4. Намоз вақти киришини кутиб ўтириш учун масжидга барвақт боришга шошилинг.

 НАМОЗЛАРНИНГ ФАЗИЛАТИ

 75 - وَعَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَا مِنِ امْرِيءٍ مُسْلِمٍ تَحْضُرُهُ صَلاَةٌ مَكْتُوبَةٌ فَيُحْسِنُ وُضُوءَهَا، وَخُشُوعَهَا، وَرُكُوعَهَا، إِلاَّ كَانَتْ كَفَّارَةً لِمَا قَبْلَهَا مِنَ الذُّنُوبِ مَا لَمْ تُؤْتَ كَبِيرَةٌ، وَذَلِكَ الدَّهْرَ كُلَّهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

  1. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Қайси бир мусулмон киши фарз намозини адо этишга ҳозирланиб, таҳоратини чиройли қилиб, намозидаги хушуъ ва рукуъларини чиройли адо этса, аввал содир этган гуноҳларига каффорат бўлади, бу орада катта гуноҳ содир этмаган бўлса. Бу ҳолат ҳар замон шундай давом этгувчидир», деб айтганларини эшитдим.

Имом Муслим ривоятлари.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда, беш маҳал фарз намозни адо этиш, унинг арконларини қалб ҳозирлиги ва тана аъзоларининг хушуъси билан адо этишга тарғиб бор.

Банда азонни эшитиб, намоз вақти бўлгач, таҳорат олса ва таҳоратини гўзал суратда амалга оширса, таҳорат ўринларига исроф қилмасдан сув етказса, Роббисига қалби билан хушуъ қилган ҳолда юзланса, намози ила Роббисининг афвига кўз тутиб, Унинг ҳузуридаги савобга умид қилиб, намозни рукуъ ва саждаларни мукаммал тарзда адо қилса, Аллоҳ таоло бу солиҳ амаллари сабабли кичик гуноҳ ва ёмонликларини кечириб юборади. Агар улкан гуноҳларни содир этмаган бўлса. Бу нарса бутун йил давомида шу тарзда кечади, яъни, бомдод намозидан кейинги содир бўлган кичик гуноҳлар пешин намози мукаммал ва ихлос ила адо этилиши сабабидан кечирилади, аср намози пешиндан кейин асргача бўлган кичик гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади ва ҳаказо..

  Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Намозни ўз вақтида адо этишнинг аҳамияти.
  2. Намознинг мукаммал таҳорат ва хушуъ ила адо этиш каби шартлари бордир.
  3. Тўғри ўқилган, мақбул намоз гуноҳлар учун каффоратдир.
  4. Фарз намозларнинг адо этиб борилиши йил давомида банда томонидан содир бўладиган кичик гуноҳларни ўчирувчидир. 

МУАЗЗИННИ ЭШИТИЛГАНДА АЙТИЛАДИГАН НАРСАЛАР

 74 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا سَمِعْتُمُ النِّدَاءَ، فَقُولُوا كَمَا يَقُولُ المُؤَذِّنُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Азонни эшитганингларда муаззин нима деса, ўшани айтинглар», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Муаззиннинг азонини эшитган пайтимизда дунё ва охиратдаги ютуққа эришиш воситаси бўлган намозга чақириқ экании боис, ушбу раббоний нидонинг ҳурматини бажо келтирмоғимиз лозим. Расулуллоҳ с.а.в.нинг бу хусусдаги кўрсатмалари- азонни эшитилганида уни қайтариб туришдир. Такрорлаб айтиб туриш билан айтилган сўзларни тасдиқлаб, иқрор бўлиш маъноси ҳам бордир. Бу иш осон бўлиши билан бирга, савоби ҳам улуғдир. У нарса Қиёмат куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларига сабаб бўлади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши азонни эшитишга ошиқади.
  2. Мусулмон киши савобни қўлга киритиш учун азонни қайтариб туради.
  3. Азон эшитган пайтимизда нидога ҳурматан ишларимизни тўхтатиб турамиз.
  4. Мусулмон киши бошқа биродарларига азонни қайтариб туриш фазилатини эслатиб туради.

Ҳадис 73 / АЗОННИНГ ФАЗИЛАТИ

Written by Tuesday, 22 Март 2022 19:37

АЗОННИНГ ФАЗИЛАТИ

73 - وَعَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «الْمُؤَذِّنُونَ أَطْوَلُ النَّاسِ أَعْنَاقًا يَوْمَ القِيَامَةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

  1. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Муаззинлар қиёмат куни бўйни энг узун одамлар бўлурлар», деганларини эшитдим».

Имом Муслим ривоятлари.

 

Шарҳ: Азон- Ислом шиорларидан биридир. Муаззин хайр, салоҳият ва нажот ишига тўплаш учун нидо қилиб, азон айтади. Улар яхшиликка далолат қилувчилардир. Шунинг учун мукофот ҳам амалнинг миқдорича берилиб, муаззинлар Қиёмат кунида энг яхши мукофотга мушарраф бўлурлар.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Муаззинлар Қиёмат куни бошқалардан ажралиб турадилар.
  2. Азон фазилатли амаллардан бўлиб, мусулмон киши уни ўрганиб қўйиши фойдали ишдир.
  3. Мусулмон бола ҳам Қиёматда катта ютуққа эга бўлиш учун азон айтишни ўрганиб олиб, машқ қилиб туриши лозим.
  4. Агар одамлар азоннинг савобини билишганида, (савобига эга бўлиб қолиш учун) қуръа ташлаб бўлса ҳам, уни айтишга ошиқардилар.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.