Риёзус солиҳийн (болалар учун)

Риёзус солиҳийн (болалар учун) (124)

УСОМА ҚУТБИДДИН

Болалар учун

Риёзус солиҳийн шарҳи

(Солиҳлар гулшани)

 

Араб тилиданАнвар Аҳмад таржимаси

Тошкент: 2018

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муқаддима

 

Бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукрона бўлсин, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг асҳоби ҳамда аҳли байтига кўпдан-кўп саловоту дурудлар ёғилсин!

«Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби Ислом оламининг мўътабар ва машҳур олимларидан имом, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий қаламларига мансуб бўлиб, ўзининг саҳиҳлиги, ишонарлилиги, дақиқлиги, Суннати набавиййа асосида мўмин-мусулмонларни ҳидоятга чорлаш, иймонини юксалтириш, ахлоқини ўнглашда катта хизмати туфайли исломий ўлкаларда маълум ва машҳур.

Қўлингиздаги ушбу рисола имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби асосида Мисрлик олим Усома Қутбиддин томонидан енгил ва содда услубда, жажжи болажонларнинг ёшига мос келадиган одобахлоқ, фазилатли, ёд олишга осон ва қисқа ҳадислар танлаб олиниб, бироз шарҳи ва ҳадисдан олинадиган фойдалари билан келтирилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин, ҳар бир ишда Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилувчилардан этсин, Солиҳлар боғида сайр этиш, унинг анвойи, муаттар бўйларидан баҳра олишимизни насиб этсин, омин, ё Роббал-оламийн!

БЕМОР ҲАҚҚИГА ҚИЛИНАДИГАН ДУО

 68 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ االهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَعُودُ بَعْضَ أَهْلِهِ يَمْسَحُ بِيَدِهِ اليُمْنَى وَيَقُولُ: «اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ، أَذْهِبِ الْبَأْسَ، وَاشْفِ، أَنْتَ الشَّافِي لاَ شِفَاءَ إِلاَّ شِفَاؤُكَ، شِفَاءً لاَ يُغَادِرُ سَقَمًا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларидан баъзиларига ўнг қўлларини суртиб, паноҳ тилаб, қуйидаги дуони ўқирдилар:

«Аллоҳумма Раббан нааси азҳибил ба`са ишфи анта шафий лаа шифаа илла шифаука шифаан ла йуғодиру сақома».

(Маъноси: Аллоҳим, эй инсонларнинг Робби, зиённи кетказ, шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқ. Ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган шифо (бер)!).

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ислом таълимоти шулки, мусулмон киши бирон дардга чалинса, Аллоҳга юзланиб, касалликдан фориғ бўлиш учун Расулуллоҳ с.а.в. ўргатган, таълим берган юқоридаги ҳадис кўрсатмаларидек, шифо сўраш дуолари ила  дуо қилади, офият сўрайди. Яна шуни билмоғимиз керакки, шифокорларга мурожаат қилиб даво исташ ва дуо қилиш, бир‑бирига тескари  нарсалар эмас. Мусулмон киши бошқаларни ҳам садақа қилиш, дуо қилиб, дардига шифо тилаш га ҳам арҳиб этиб, шу билан бирга, дори-дармонлар воситасида тиббий йўл билан даволанишга тарғиб этади.

 

 Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ушбу дуо билан касал киши руқя учун дуо қилиши жоизлиги.
  2. Мусулмон киши ўзини ҳамда оила аъзоларини руқя дуоларини ўқиш орқали муолажа қилади.
  3. Руқя (шифо) дуоларни ўқиш ва дўхтирга бориш бир‑бирига қарама қарши нарсалар эмас. Бу иккиси шифо топишда ҳамоҳанг воситалардандир.

 

 БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ҲАҚИДА

67 - وَعَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِيَ، وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ.

«الخرِيفُ»: التَّمْرُ الْمَخرُوفُ، أَي: الْمُجتَنَى.

 

  1. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Бирор мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади», деб айтганларини эшитдим.

Имом Термизий ривоятлари.

 

Шарҳ: Ислом мусулмонларни ўзаро оқибатли, меҳр-мурувватли бўлишга ва яқинлари касал бўлиб, хасталаниб қолса, ҳолидан хабар олишга, зиёрат қилишга чақиради. Чунки, кўнгил сўраб, йўқлаганда бемор кишининг кўнгли кўтарилиши, енгил тортиши, уни кўргани келгани учун хурсанд бўлиб, руҳий ҳаловат топиши бор нарса. Зиёратда унинг дардига шифо сўраш, тасалли айтиш маънолари борлиги учун ҳам, бу амалнинг ажри улкандир. Фаришталар ҳам касал зиёратига борган мусулмоннинг ҳаққига  Аллоҳдан барака беришини, бу амали учун жаннат ато қилишини сўраб дуо қиладилар. Шу сабабди беморларни зиёрат қилишга, уларни ҳаққига дуо қилиш ва улардан дуо сўрашга тарғиб қилинади. Иншааллоҳ, беморнинг дуоси ижобатдир. Бу ҳақда Набий (с.а.в.) дан кўплаб  ҳадислар баён қилганлар. Аллоҳ таоло беморни зиёрат қилувчининг йўлига етмиш минг фариштани дуо қилиши учун йўллаб қўяди. Охиратда эса, самара ҳосилини жаннатда ато этилади.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Беморни зиёрат қилиш инсонпарварликдир. Бир вақтнинг ўзида шаръий бурч ҳамдир.
  2. Аллоҳ йўлида биродарини зиёрат қилиш фаришталарнинг дуосига мушарраф қилади.
  3. Бемор ва хасталарни зиёрат қилиш жаннатга кириш сабабларидан биридир.
  4. Мусулмон киши нотаниш бўлсада, касал ва беморларни зиёрат қилаверади.

 БЕМОРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ҲАҚИДА

 

66 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: ((عُودُوا الْمَرِيضَ، وَأَطْعِمُوا الْجَائِعَ، وَفَكُّوا العَانِي)). رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

((العَاني)): الأسِيرُ.

 

  1. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Касални бориб кўринг, очни таомлантиринг ва жафокашни яъни, асирниқўйиб юборинг», деб айтдилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Шарҳ: Мусулмон киши бошқа биродарларининг ҳолидан доимо огоҳ бўлиб туради. Агар беморлари бўлса, уларни зиёрат қилади, мушкулотга йўлиқса, оғирини енгиллаштиради, уларнинг ҳаққига дуо қилади. Қурби етса, кўнгил кўтарадиган ҳадя, эҳсон улашади. Ундан ташқари муҳтож, камбағал қўшнилари бўлса, ҳолидан хабардор бўлиб туради.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Набий с.а.в. ҳоҳ мусулмон, ҳоҳ ғайримуслим бўлсин, бемор кишини зиёрат қилишга буюрганлар.
  2. Беморни зиёрат қилинганида, уларни тез фурсатларда шифо топишини сўраб: "Лаа ба`са тоҳуруун иншааллоҳ" (“ҳечқиси йўқ, иншааллоҳ гуноҳлардан покланишдир”), деб айтиш лозим.
  3. Беморни зиёрат қилиш қисқа бўлиши лозим. Токи хаста инсонга ором, дам керак.
  4. Агар бемор тик туриб намоз ўқишга қурби етмаса, унга ўтириб ўқиши шароит яратиш лозим.
  5. Мусулмон киши ночор, муҳтож ва камбағал одамларни топиб, уларга таом улашади.
  6. Мусулмонлар асирга тушиб қолган мусулмон биродари бўлса, ватани ва аҳлига қайтишида кўмаклашади

 АКСА УРИБ ҲАМД АЙТСА УНГА "ЯРҲАМУКАЛЛОҲУ", ДЕБ  ЖАВОБ ҚАЙТАРИШНИНГ МАҲБУБЛИГИ

 

65 - وَعَنْ أبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا عَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ: اَلْحَمْدُ للهِ، وَلْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ: يَرْحَمُكَ اللهُ، فَإِذَا قَالَ لَهُ: يَرْحَمُكَ اللهُ فَلْيَقُلْ: يَهْدِيكُمُ اللهُ وَيُصْلِحُ بَالَكُمْ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

 

  1. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон сизлардан бирингиз акса урса, «Алҳамдулиллаҳ», десин. Ёнидаги оғайниси ёки дўсти «Ярҳамукаллоҳ», десин. «Ярҳамукаллоҳ», деган кишига «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум», яъни «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин», десин», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

 

Шарҳ: Акса шундай жисмоний ҳолатки, киши аксирганда бутун нафас йўллари чуқур тозаланади.  Аксириш -юқори нафас йўлларини микроблар, бегона зарралар ва аллергенлардан халос қилади, табиийки, бу соғлиқни муҳофаза қилишга таъсир кўрсатади. Шу сабабдан ҳам мусулмон киши касаллик, зиёндан саломат сақлаган Аллоҳга ҳамд айтади. Мусулмон киши бошқа мусулмонни аксиргандан сўнг ҳамд айтганини эшитса, у ҳам ҳадисда кўрсатилганидек жавоб қайтариши лозим.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Биродари акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, мусулмон киши унга "Ярҳамукаллоҳ" (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), деб айтиши лозим. Бу нарса ҳам дуолар сирасига киради.
  2. Аксирган киши "Ярҳамукаллоҳ" деб айтган биродарига «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум», яъни «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин», деб айтади. Бу нарса жаннат аҳлининг васфидир.
  3. Агар мусулмон киши акса уриб ҳамд айтишни унутса, ёнидаги биродари уни эслатиб, сўнгра ўзи унга "ярҳамукаллоҳ", деб айтади.

 ИЗН СЎРАГАН КИШИДАН КИМСАН? ДЕБ СЎРАЛСА, ЎЗ ИСМИНИ АЙТИШ ЛОЗИМЛИГИ ҲАҚИДА

 

 64 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَدَقَقْتُ البَابَ فَقَالَ: «مَنْ هَذَا؟»، فَقُلْتُ: أَنَا، فَقَالَ: «أَنَا أَنَا؟» كَأَنَّهُ كَرِهَهَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, эшикларини тақиллатдим. У зот: «Ким будедилар. «Мен», деб айтдим. Шунда у зот «мен», «мен», деб гўёки кариҳ кўргандек айтдилар».

Муттафақун алайҳ.

Фойда: Бирор кишини уйини тақиллатилса уй ичидан кимсиз дейилса, у исмини айтмасдан «Мен» деб айтишнинг кароҳияти.

Шарҳ: Мусулмон одоби шулки, бировнинг эшигини тақиллатганда, изн сўрашлиги, овоз бериб келганини маълум қилиши лозим. Агар уй соҳиби томонидан кимлиги сўралганда ўз исмини айтиб таништириши шарт бўлади. Аммо кимлигини сўраган одамга “мен", деб мавҳум жавоб бериши тўғри эмас. Шунинг учун Набий с.а.в. исмини айтмасдан "мен", деб жавоб берилишини ёқтирмасдилар. Демак, мусулмон одам бошқа инсонни йўқлаб борганида ўзини таништириши лозим.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши киришга изн сўраганида унга: "Кимсиз?" дейилса, у: "мен” демасдан, балки ўзини таништириб. исмини тўлиқ айтади. Чунки "мен" сўзи тўлиқ, аниқ жавобни ифода қилмайди.
  2. Мусулмон киши киришга изн сўраётган пайтда эшикни ёнида туради. Ҳовли ичига қарамайди.
  3. Мусулмонлик одоби шулки, киши киришга уч марта изн сўраганда ҳам жавоб бўлмаса, қайтиб кетиши лозим. Гарчи ичкарида овоз эшитилса ҳам.

 ИЗН СЎРАШ ВА УНИНГ ОДОБЛАРИ

 

63 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الإسْتِئْذَانُ ثَلاَثٌ، فَإِنْ أُذِنَ لَكَ وَإلاَّ فَارْجِعْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Изн сўраш уч мартадир. Агар сенга изн берилса, киргин. Агар берилмаса, қайтиб кетгин», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ислом жамияти фазилатли жамият бўлиб, ҳаёт жабҳасининг барча кўринишларини тартибга солади. Шунинг учун одамларнинг хос, уятли нарсаларини ошкор қилмаслик мақсадида изн сўрашни шариатга киритди.  Зиёрат қилишни мақсад қилиб келган киши уй эгалари аниқ уйдами ёки уйда эмаслигини билиш учун уч мартагача изн сўрашга буйруқ бўлди. Агар жавоб бўлмаса, ортга қайтишга буюрдилар. Мусулмон киши то изн берилмагунча ва ўша хонадон аҳлига салом бермагунча уйга кирмаслиги лозим. Буни бизга Расулуллоҳ с.а.в. таълим берганлар.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон кишига одамларнинг олдига кирганида изн сўраши шарт.
  2. Мусулмон киши уйга кириш учун уч марта изн сўрайди. Биринчисида эшикни тақиллатади ёки хонадон аҳлларини чақиради. Сўнгра кутиб туради. Мана шуни уч марта такрорлайди. Агар хонадон аҳли жавоб қайтариб, таклиф қилса, киради. Бўлмаса қайтиб кетади.
  3. Баъзи одамлар изн сўрайдида, ҳали рухсат берилмасидан олдин тўғридан‑тўғри уйга бостириб киради. Бу иш катта хато ҳисобланади.

МУСУЛМОН ВА ҒАЙРИ МУСУЛМОНЛАР ЎТИРГАН ЙИҒИН АҲЛИГА САЛОМ АЙТИШНИНГ МАҲБУБЛИГИ

62 - وَعَنْ أُسَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى مَجْلِسٍ فِيهِ أَخْلاَطٌ مِنَ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُشْرِكِينَ عَبَدَةِ الأَوْثَانِ وَاليَهُودِ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мажлисдан ўтдилар. У мажлисда мусулмонлар, мушриклар, бутларга ибодат қилувчилар ва яҳудийлар бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга салом бердилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Жаннатга кириш сабабларидан бири саломни ошкора беришдир. Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам бир мажлис олдидан ўтдилар. Улар орасида мусулмон ва яҳудийлар бор эди. Набий с.а.в. уларга салом айтдилар. Бу билан у зот бировларнинг олдидан ўтганда салом йўллаш лозимлигини бизга таълим бемроқдалар. Хоҳ уларни танийлик- танимайлик, салом йўлланаверади. Мақсад қалбларни улфат қилиб, инсонларни бир‑бирига яқинлаштириб, жамиятда тинчлик ва дўстликни оммалаштиришдир.  Лекин, баъзи бир кимсалар борки, уларга саломни аввал беришга буюрилмаган.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Таниган ва танимаганларинг орасида салом беришинг.
  2. Мушрикка ҳам салом бериш, агар у билан бирга мусулмонлар бўлса.
  3.  АсСалом -Аллоҳнинг исмларидан биридир у ва Исломнинг рамзидир. Уни барча ўринда гўзал одоб билан ёйишимиз шарт.
  4. Йўлда учраган одамларга салом беришга ҳаракат қилинг.

ЁШ БОЛАЛАРГА ҲАМ САЛОМ БЕРИШ ҲАҚИДА

 

61 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ مَرَّ عَلَى صِبْيَانٍ فَسَلَّمَ عَلَيْهِمْ وَقَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَفْعَلُهُ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бу киши ёш болалар олдидан ўтиб, уларга салом бердиларда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одати шарифлари мана шу тарзда салом берардилар», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ёш болаларга салом бериш жамиятда уларнинг ўрни, қадри бор эканини, уларга нисбатан меҳрибонлик ва эътибор  кўрсатилаётганини англатиб, катталар ва болалар ўртасидаги алоқани тартибга солади.. Жамиятшунослик фанида бу нарсани ўзаро жипслашиш ва бирлашиш, деб номланади.

 

  Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ёш болаларга салом бериш набавий суннатдир.
  2. Ёш болаларга салом бериш, уларни ҳам салом бериш ва алик олишга ўргатади, одатлантиради.
  3. Ёш болаларга салом бериш уларга нисбатан меҳрни, шафқатни англатади.
  4. Қўшнинг ёки мактабингдаги ёш болаларга ҳам салом айт.

САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ОЧИҚЧА ҚИЛИШГА БУЙРУҚ

 

60 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لاَ تَدْخُلُوا الجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَوَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

  1. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Ва бир-бирларингизга муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Бир-бирингиз билан дўст бўладиган амалга сизларни далолат қилайми? Ораларингизда саломни жорий қилинглар», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

 

Шарҳ: Ас‑Салом-  Аллоҳнинг гўзал исмларидан биридир. У исм қаерда зикр қилинса, ўша ерга барака тушиб, тинчлик ва осойишталик тарқалади ҳамда мусулмонлар ўртасида ўзаро муҳаббат ҳисси ортади. Расулуллоҳ с.а.в. саҳобалар орасида саломни кўпайтиришга ундаганлар. Бу нарса ўзаро муҳаббат ва улфатга чорлайди. Расулуллоҳ с.а.в.нинг яна бир суннатлари, таниган ва танимаганлар орасида саломни ёйишдир. Исломда жорий қилинган "Ассалому алайкум" деб айтилувчи саломга бошқа саломни алиштирилмайди. Чунки бу лафз жаннат аҳлининг саломидир.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Аллоҳ йўлидаги муҳаббат соғлом иймонни юзага келтириб, жаннатга кириш учун сабаб бўлади.
  2. Мусулмонлар орасида саломни кўпайтириш ўзаро муҳаббатни юзага келтиради. Баъзилар айтганидек салом бериш қадрни туширмайди.
  3. Расулуллоҳ с.а.в.нинг саҳобалари йўлда бирга кетаётиб, дарахтни айланиб ўтишса ҳам бир‑бирларига салом беришар эди.
  4. Мусулмон киши таниган ва танимаганларга ҳам салом бераверади.

Ҳадис 59

Written by Tuesday, 22 Март 2022 19:13

 Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Солиҳ туш (бошқа ривоятда яхши туш) Аллоҳ томонидандир. Ёмон туш шайтон томонидандир. Кимки тушида ёмон нарса кўрса, чап томонига уч марта туфлаб, шайтондан паноҳ тиласин. Шунда унга зарар қилмайди», дедилар.

Муттафақун алайҳ.                             

Шарҳ: Мусулмон киши кундалик ҳаётида бирор ҳолат юз берса, унга дини ва ақидасидан керакли жавобни топади. Шунингдек, Ислом мусулмоннинг хатто уйқусида содир бўлган, яъни тушида кўрган  ҳолатини ҳам эътибордан қолдирмайди. Балки, тушида кўрган яхши ёки ёмон ҳолат қаршисида нима қилиш лозимлигини баён этади. Хурсанд қиладиган, ёқимли нарсани кўрса, у ҳақда яқинларига, дўстларига сўзлайди. Хафа қиладиган, ёқимсиз нарса кўрса, бошқаларга сўзламайди, Аллоҳга шайтондан паноҳ тилааб дуо қилади.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Мусулмон киши тушида яхшиликни кўрса, бу туш Аллоҳ томонидан эканини билиб, хурсанд бўлади.
  2. Мусулмон киши агар тушида ёқтирмайдиган нарсани кўрса, бу туш шайтон томонидан бўлиб, мўминни маҳзун қилиш учун кўрсатилган бўлади. Буни “алғов‑далғов туш” ҳам деб айтилади.
  3. Бордию ёқимсиз, нохуш туш кўрса, Аллоҳ номи ила шайтондан паноҳ тилайди. Ҳамда тупук чиқармасдан уч марта чап томонига туфлайди. У ҳақда бирор кишига сўзламайди. Шунда у туш зарар бермайди.
  4. Яхши нарсани тушида кўрса, у ҳақда яхши кўрган кишиларига сўзлайди ва Аллоҳга ҳамд айтади.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.