Риёзус солиҳийн (болалар учун)

Риёзус солиҳийн (болалар учун) (124)

УСОМА ҚУТБИДДИН

Болалар учун

Риёзус солиҳийн шарҳи

(Солиҳлар гулшани)

 

Араб тилиданАнвар Аҳмад таржимаси

Тошкент: 2018

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муқаддима

 

Бутун оламларнинг Яратгувчиси ва Парвардигори Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамд-шукрона бўлсин, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг асҳоби ҳамда аҳли байтига кўпдан-кўп саловоту дурудлар ёғилсин!

«Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби Ислом оламининг мўътабар ва машҳур олимларидан имом, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий қаламларига мансуб бўлиб, ўзининг саҳиҳлиги, ишонарлилиги, дақиқлиги, Суннати набавиййа асосида мўмин-мусулмонларни ҳидоятга чорлаш, иймонини юксалтириш, ахлоқини ўнглашда катта хизмати туфайли исломий ўлкаларда маълум ва машҳур.

Қўлингиздаги ушбу рисола имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳин» (Солиҳлар гулшани) китоби асосида Мисрлик олим Усома Қутбиддин томонидан енгил ва содда услубда, жажжи болажонларнинг ёшига мос келадиган одобахлоқ, фазилатли, ёд олишга осон ва қисқа ҳадислар танлаб олиниб, бироз шарҳи ва ҳадисдан олинадиган фойдалари билан келтирилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин, ҳар бир ишда Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилувчилардан этсин, Солиҳлар боғида сайр этиш, унинг анвойи, муаттар бўйларидан баҳра олишимизни насиб этсин, омин, ё Роббал-оламийн!

 СУЯНИБ ЕЙИШНИНГ КАРОҲИЯТИ

 

54- عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ وَهْبِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لاَ آكُلُ مُتَّكِئًا». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.

  1.  Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен суяниб емайман», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

ТАОМНИ АЙБЛАМАСДАН, УНИ МАҚТАШНИНГ МАҲБУБЛИГИ

 

53 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «مَا عَابَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ طَعَامًا قَطُّ، إِنِ اشْتَهَاهُ أَكَلَهُ، وَإِنْ كَرِهَهُ تَرَكَهُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч вақт таомни айбламасдилар. Агар иштаҳалари бўлса, ундан ердилар. Кўнгиллари тортмаса, уни тарк қилардилар".

Муттафақун алайҳ.

Фойда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган ҳолда мусулмон киши таомни айбламаслиги лозим. Чунки таомни айблаш мутакаббирлик ва ҳаддан ошишлик белгисидир.

 

Шарҳ: Расулуллоҳ с.а.внинг олийжаноб хулқларидан бири, овқат тайёрлаган кишининг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилардилар, айниқса аёл киши бўлса яна ҳам эътибор қиладилар. Агар овқат ёқса ердилар ва тайёрлаган кишига ташаккур айтардилар. Агар ёқтирмасалар овқат тайёрлаган кишини камчилигини айтиб айбламас, унга ёқмайдиган гап айтиб кўнглига тегмас эдилар. Ёқмадими, уни емасдан тарк қилардилар. Бу каби эҳтиром ва шафқат кимда бор?!

Демак, биз мусулмонлар эркакмизми ёки аёл, каттамизми ёки кичик,  Расулуллоҳнинг с.а.в. мана шу олийжаноб хулқларида эргашмоғимиз даркор.

Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Мусулмон киши овқатни айбламайди.
  2. Набавий одатга мувофиқ овқат ёқса ейилади. Агар ёқмаса, тайёрлаган одамни айбламаган ҳолда овқат ейилмайди.
  3. Мусулмон одам ҳар қандай ҳолат учун Аллоҳга ҳамд айтади. Овқат пайтида камбағал, ночор ва муҳтож кишиларни ёдига олади.

ТАОМНИНГ АВВАЛИДА «БИСМИЛЛАҲ» ВА ОХИРИДА «АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ» ДЕБ АЙТИШ ХУСУСИДА

 

52 - عَنْ عُمَرَ بْنِ أَبِي سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «سَمِّ اللهَ وَكُلْ بِيَمِيْنِكَ، وَكُلْ مِمَّا يَلِيْكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Умар ибн Абу Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Аллоҳнинг исмини айт, ўнг қўлинг билан егин ва олдингдан егин!» дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Фойда: Имом Нававий фикрларича, овқат хусусида шундоқ. Лекин меваларда эса ҳоҳлаган жойидан танлаб ейиш мумкин.

Шарҳ: Расулуллоҳ с.а.в. каттаю кичик саҳобаларга улар орқали умматларига таълим берган энг гўзал суннатларидан бири- Аллоҳнинг фазли ва неъматини эслаб, Унга шукр қилиш ва овқат олдидан "бисмиллаҳ"ни айтишдир. Овқат тановул қилишда ўнг қўл билан ейиш, тартиб ва тозаликка эътибор бериш, таомланиб бўлгач эса Аллоҳга ҳамд айтишдир.

 

 Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Исломнинг таом хусусидаги кўрсатмаси, ейишни "бисмиллаҳ" билан бошлаб, "алҳамдулиллаҳ", билан тугатиш.
  2. Мусулмон одам овқат ейишни «Аллоҳумма барик лана фийма розақтана вақина ъазабан нари, бисмиллаҳи», деб айтиш билан бошлайди.

(Маъноси: «Аллоҳим, бизга ризқ қилиб берган нарсангни баракали қил, бизларни дўзах азобидан сақла, Аллоҳнинг исми билан бошлайман».)

Овқатни еб бўлиб: «Алҳамдулиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва жаъалана муслимийн», деб айтади.

(Маъноси: «Бизларни овқатлантириб, бизларни суғориб ҳамда бизларни мусулмон қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин».)

  1. Овқатни ўнг қўл билан ейилади.
  2. Овқатни киши олдидан олиб ейди. Идишнинг ҳар томонига қўлини югуртириб, одобсизлик қилмайди.

ЎНГ ТОМОНДАН БОШЛАШНИНГ МАҲБУБЛИГИ

 

51 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يُعْجِبُهُ التَّيمُّنُ فِي شَأْنِهِ كُلِّهِ: فِي طُهُوِرِهِ، وَتَرجُّلِهِ، وَتَنَعُّلِهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратларида ҳам, таранишларида ҳам, пойабзал кийишларида ҳам ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳақиқий мусулмон киши ибодати, иймони ва ахлоқида Пайғамбарга эргашади. Барча гўзал ишлари ва одатларида ҳам эргашади. Расулуллоҳнинг с.а.в. яхши кўриб қиладиган амалларидан бири- овқатланиш, таҳорат олганда ёки бошқа ишларида ўнг қўлда бажариш эди. Аммо истинжо ва эснашда чап қўлни ишлатардилар. Гарчи оддий кўринсада, биз ҳам бу шундай қилишга бурчлимиз. Чунки биз мўъминлар Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатларига эргашиш орқали у зотга бўлган муҳаббатимизни исботлаймиз.

  

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Барча ишларни ўнг томондан бошлаш суннатдир.
  2. Расулуллоҳ с.а.в.нинг сийратларида ишларни ўнг томондан бошлаб бажарганларига мисоллар кўпдир. Масалан, ғусл қилиш, пойафзал кийиш каби.
  3. Мусулмон киши ушбу суннатни ҳаётига татбиқ қилади. У ўнг қўли билан таом ейди, ўнг қўли билан сув ичади.
  4. Истинжо (мустаҳаб) ва эснаш (кафт билан оғизни ёпишда)дан бошқа барча амалларда ўнг қўлни ишлатишга ҳаракат қилади.

МЕҲМОННИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ

 

50 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤمِنُ بِاللهِ وَاليَومِ الآخِرِ فَلْيُكرِمْ ضَيْفَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤمِنُ بِاللهِ وَاليَومِ الآخِرِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани тикласин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсиндедилар.

Муттафақун алайҳ.

Фойда: Қўшнисига зулм қилмасдан яхшилик қилиш, меҳмонини ҳурматлаш ва камгап бўлиш иймон аломатларидандир.

 

Шарҳ: Инсон ҳаёти бир хил ўтмайди. Бир кун меҳмон кимгадир бўлса, бир куни кимгадир мезбонлик қилади. Ислом дини мусулмонларни ҳаётнинг барча жабҳасида саодат ва Аллоҳ розилигига эришишга йўллайди. Ислом меҳмоннинг ҳурматини бажо келтириб, унга яхшилик қилишга, қурби етганича эҳтиёжларини қондиришга буюради. Мана шундай қилиши мусулмон шахснинг Аллоҳга яқинлаштирувчи ибодатлардан ҳисобланади. Бундай яхшилиги инсоннинг ўзига манфаатли ҳолда қайтади.

Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Меҳмонни ҳурмат қилиб, унга яхшилик қилиш- Аллоҳга ҳақиқий иймон келтиришнинг аломатидир.
  2. Қариндошлар билан алоқа тиклаш- Аллоҳга иймон келтиришнинг аломатидир.
  3. Ҳақиқий мўмин фақат фойдали, тўғри, жиддий сўзларни гапиради.
  4. Мусулмон киши гапиришидан олдин яхшилаб фикрлайди. Агар яхшилик бўлса, сўзлайди. Агар бундан бошқача бўлса, жим тургани афзал.
  5. Уйимизга меҳмон келса, унга иззат-икром кўрсатишни маромига етказамиз. Чунки бу иш ҳам Ислом буюрган ишлардандир.

АҲДГА ВАФО ҚИЛИШ ҲАМДА ВАЪДА ҚИЛГАН НАРСАНИ БАЖАРИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

49 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَرْبَعٌ مَنْ كُنَّ فِيْهِ كَانَ مُنَافِقًا خَالِصًا. وَمَنْ كَانَتْ فِيْهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنَ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا: إِذَا اؤُتُمِنَ خَانَ، وَإِذَا حَدَّثَ كَذَبَ، وَإِذَا عَاهَدَ غَدَرَ، وَإِذَا خَاصَمَ فَجَرَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўрт (хислат бор), улар кимда бўлса, аниқ мунофиқ бўлибди. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликдан бир хислат бўлади: омонат топширилса, хиёнат қилади; гапирса, ёлғон гапиради; аҳдлашса, аҳдни бузади; жанжаллашса, фожирлик қилади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ислом дини шахс ва жамиятни бузувчи, уларнинг кучини кетказувчи ва бахтли ҳаётга раҳна солувчи ёмон хулқларни ман этиб, зараридан огоҳлантиради. Ўшандай бузғунчи ахлоқларнинг энг кучлиси, ҳаётни издан чиқарувчиси– омонатга хиёнат қилиш, ёлғон сўзлаш, аҳд ва ваъдага вафо қилмаслик, жанжаллашганда ҳаддан ошиш, фожирлик қилишдир. Ислом бу каби разил ахлоқлардан қайтариш баробарида унинг акси бўлган мақтовли ахлоқларга тарғиб қилади. Масалан, рост сўзлаш, омонатни эгасига қайтариш, аҳд ва ваъдага вафо қилиш, тортишиб қолганда ўртача бўлиш, садақа улашиш каби нарсалар.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Расулуллоҳ с.а.в.нинг мунофиқлик ва унинг кўринишларидан огоҳ этишлари.
  2. Инсон батамом мунофиқ бўлиб қолиши ёки унга хос баъзи салбий хислатлар бўлиши мумкин.
  3. Омонатни сақлаб ўз эгаларига қайтариш лозимлиги.
  4. Сўзлашда ростгўй бўлиб, ёлғондан йироқ бўлиш.
  5. Дўсти билан баҳслашиб, жанжаллашиб қолса, ҳаддан ошиш, чидамаслик, шаллақилиқ қилиш каби ҳолатларга олиб келса, мунофиқлик аломатларидан эканидан огоҳлантириш.

ҲАЁ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

  

48 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الإيْمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ، أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ، وَأَدْنَاهَا إمَاطَةُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الإيْمَانِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

«البِضْعُ»: بكسر الباء. ويجوز فتحها، وَهُوَ مِن الثلاثةِ إلى الْعَشَرَةِ. «وَالشُّعْبَةُ»: الْقِطْعَةُ والحَضْلَةُ. «وَالإماطَةُ»: الإزَالَةُ، «وَالأَذَى»: مَا يُؤذِي كَحجَرٍ وَشَوْكٍ وَطينٍ وَرَمَادٍ وَقَذَرٍ وَنحوِ ذلكَ.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта ҳам шўъба (бўлак)дир. Уларнинг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзидир. Энг пасти, йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам ўша иймон бўлакларидан биридир», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Кўпинча, мусулмон одам садақа беришни орзу қилади. Лекин камбағаллиги  у ишга тўсқинлик қилади. Кўпинча, инсон мол‑дунёга эга бўлади, лекин садақа қилиш, инфоқ-эҳсон улашиш учун лойиқ инсонлар- йўқсил, муҳтожларни топишга вақти бўлмайди. Ислом садақалар учун турли йўлларни таклиф қилган. Ўша садақалардан бири, йўлдан мусулмонларга зарар берадиган нарсани олиб ташлашдир. Шу амал мусулмоннинг бошқа мусулмон биродарига улашадиган садақасидир. Бу нарса катта садақотлар қилишдан ожиз бўлган, ғамгин бўлган ҳолда улкан ажрлардан умидвор бўлган мўминларга динимиз Исломнинг таклиф қилган ечимларидан бирига мисолдир.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Садақа фақат мол‑мулк билан бўлмайди. Балки унинг бошқа кўринишлари ҳам бор.
  2. Камбағал мусулмон учун ҳам катта садақалар қилиш ўрнини босувчи амаллар бор.
  3. Мусулмон кишига мусулмонлар юрадиган йўлга озор берувчи нарсаларни ташлаши мумкин эмас.
  4. Мусулмон одам ўзи каби бошқа мусулмонлар юрадиган йўллардан тош, тикан ва шиша бўлаклари каби нарсаларни четга, зарар бермайдиган жойга олиб ташлайди.

 АМИРЛИКНИ СЎРАШДАН МАН ЭТИЛГАНИ ҲАҚИДА

 

47 - وَعَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَبَا ذَرٍّ أَرَاكَ ضَعِيفًا، وَإِنِّي أُحِبُّ لَكَ مَا أُحِبُّ لِنَفْسِي، لاَ تَأَمَّرَنَّ عَلَى اثْنَيْنِ وَلاَ تَوَلِّيَنَّ مَالَ يَتِيمٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

  1. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Абу Зарр, мен сени заиф, бечораҳол киши деб биламан. Ўз нафсимга нимани яхши кўрсам, сенга ҳам ўша нарса бўлишини яхши кўраман. Сенга насиҳатим шуки, ҳеч ҳам икки киши устидан бошлиқ бўлма. Ва ҳаргиз етимнинг молига мутасадди бўлма», деб айтдилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Шарҳ: Киши ўзи яхши кўрган инсонга яхшилик қилиш сифатида уни куч ва имкониятига қараб, тўғри маслаҳат беради, йўллайди. Шунинг учун ушбу ҳадисда Набий с.а.в. Абу Заррга қараб: "Мен сени кучсиз киши деб биламан. Сенга тайинланган ишни бажаришга қурбинг етмайди. Мен ўзим учун яхши кўрган нарсамни сенга ҳам раво кўраман. Шу сабаб бошқаларнинг устидан бошлиқ бўлма, гарчи озчиликка бўлса ҳам. Масъулият ва жавобгарлик омонатини бўйнингга олма, у нарса улкан масъулиятдир, сен бу масъулиятни кўтаришга қодир эмассан. Ва яна етимнинг молига ҳам масъул бўлма! Чунки бунинг ҳам масъулияти машаққатлидир. Мен сенга буни меҳрибонлик қилиб, яқин олиб айтмоқдаман” дедилар.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз

  1. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларига нисбатан муҳаббатларининг чексизлиги.
  2. Расулуллоҳ с.а.в.нинг саҳобаларнинг руҳиятларидаги заифлик ёки кучлилик ҳолатидан хабардор эканлари.
  3. Расулуллоҳ с.а.в.ни яхши кўрган кишиларига баъзи-бир нарсаларни очиқ баён қилишлари.
  4. Мусулмонлар ишига мутасадди бўлиш ўта масъулиятли экани.
  5. Етимларнинг ишига мутасадди бўлиш ҳам ўта масъулиятли эканлари.

КЕЧИРИМЛИ БЎЛИБ, ЖОҲИЛЛАРДАН ЮЗ ЎГИРИШ ҲАҚИДА

 

46 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ الشَّدِيدُ بِالصُّرَعَةِ إِنَّمَا الشَّدِيدُ الَّذِي يَمْلِكُ نَفْسَهُ عِنْدَ الْغَضَبِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

«وَالصُّرَعَةُ» بِضَمِّ الصَّادِ وَفَتْحِ الرَّاءِ، وَأَصْلُهُ عِنْدَ الْعَرَبِ مَنْ يَصْرَعُ النَّاسَ كثيرًا.

 

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларни куч билан енгадиган киши кучли эмас, балки жаҳли чиққанида ғазабини боса оладиган киши ҳақиқий кучлидир», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ғазаб шундай бир ҳиссиётки, инсон унинг таъсирида ўзини жиловлай олмай, ғазабланишига сабабчи бўлган кишига нисбатан тўғри қарор чиқаролмайди. Ғазабланган инсон ҳиссиёт остида сўз айтади ёки амал қилади, сўнгра ғазабидан тушиб, совигач, пушаймон бўлиб қолади. Қанчадан қанча оғир жиноятлар борки, ўзини бошқара олмай, ғазаб устида содир қилинган. Шунинг учун Расулуллоҳ с.а.в. бизга ҳақиқий кучли инсон- ғазаби келганида ўзини бошқара олган ва ёмон оқибатга олиб келувчи ишдан ўзини тўхтатиб қолган кишидир, дея таълим бермоқдалар.

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ҳақиқий куч жисмнинг кучлилигида эмас, балки ироданинг кучли эканидадир.
  2. Ғазаби келганида ўзини тўхтата олган киши- одамлар орасидаги энг кучли кимсадир. Чунки у нафс ва шайтон васвасасини енга олди.
  3. Диндаги ўлчов одамлар одатланиб қолган нарсадан фарқли бўлади. Одамлар кураш- беллашуда енгган кишини кучли деб ўйлашади.
  4. Мусулмон киши одамлар томонидан ёмон муносабатга учраганда, ўзини ҳимоя қилади. Бундаги энг яхши нарса жавоб қайтаришга, жазолашга қурби етсада афв қилиб, кечириб юборишидир.

 

ҲАЛИМЛИК, БОСИҚЛИК ВА МУЛОЙИМЛИК ҲАҚИДА

 

45 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَسِّرُوا وَلاَ تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلاَ تُنَفِّرُوا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 

  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, бездирманглар», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Хушхабар бериш, яхши хабар билан кўнгилни кўтариб, хурсанд қилиш иймондандир. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларидан мутасадди бўлган ишларда енгиллик қилишни ва одамларга яхши сўзлар билан хушхабар беришни талаб қилардилар. Одамларга буйруқ беришса, енгилини  буюришни таълим берардилар. Расулуллоҳ с.а.в. ўзларига икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса, агар гуноҳ бўлмаган, енгилини танлардилар.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Расулуллоҳ с.а.в. хушхабар бериб, инсонларни хурсанд қилишга буюрардилар.
  2. Расулуллоҳ с.а.в. қийинлаштирмасликка ва ишларни оғирлаштирмасликка буюрардилар.
  3. Расулуллоҳ с.а.в.нинг одатлари- ишларнинг ўртачасини танлардилар.
  4. Одамларга енгиллик яратиш орқали уларнинг қалбларини дўст-улфат қилинади.

islom.uz © 2003-2022.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.


Яндекс.Метрика
Masjid.uz.
Отличные.