ТАВБАГА БУЮРИЛГАНИ ҲАҚИДАГИ БОБ
2 - وعَنْ أبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قال: سمِعتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «واللَّهِ إِنِّي لأَسْتَغْفرُ اللهَ وَأَتُوبُ إِليْهِ، فِي اليَوْمِ أَكْثَرَ مِنْ سَبْعِينَ مرَّةً» رَوَاهُ البُخَارِيُّ .
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан кўп Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан” деганларини эшитганман” (Бухорий ривоят қилган).
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар вақтда ва ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга истиғфор айтардилар.
(Истиғфор – Аллоҳдан ўз гуноҳларининг кечиришини сўраш. Бу қуйидагича айтилади: “Астағфируллоҳал-ъазийм ва атуубу илайҳ”).
Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар куни етмишта истиғфор айтганларини санашган. Бошқа ривоятда юзта истиғфор айтганлари келтирилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию охирги гуноҳлари кечирилишига қарамай, у зот бизга истиғфор айтишни ўргатмоқдалар. Истиғфор айтиб юришимизга тарғиб қилишларининг яна бир хикмати, истиғфор- ғам ва ташвишларнинг аришига, Аллоҳ ҳузуридан ризқ кенг бўлишига сабаб ҳамдир.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Мусулмон киши гуноҳлари кечирилиши учун истиғфор айтиб юришга ошиқади.
- Мусулмон киши тавба қилиб юради ва тавбасини ҳамиша янгилайди.
- Тавба ва истиғфор фақат гуноҳкорлар учун эмас, балки солиҳ кишиларга ҳам айтиб юриш буюрилган. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам солиҳ киши борми? У зот тавба ва истиғфорни доимо айтиб юрганлар.
- Мусулмон киши тавба ва истиғфор айтишга буюрилган. Чунки Аллоҳ таоло: "Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар" (Нур сурасининг 31‑ояти) деган.
- “Етмишта мартадан кўп истиғфор айтаман” дейилиши кўпни ифода қилиш назарда тутилган, бу белгинланган маълум сонни англатмайди, чунки бошқа ривоятда юзта ҳам дейилган.