ИСТИҚОМАТ – АЛЛОҲНИНГ БУЙРУҚ ВА ҚАЙТАРИҚЛАРИДА МУСТАҲКАМ ТУРИШ БОБИ
7 - وَعَنْ أَبِي عَمرٍو، وَقِيلَ أَبِي عَمْرَةَ سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ قُلْ لِي فِي الإِسْلاَمِ قَولاً لاَ أَسْأَلُ عَنْهُ أَحَدًا غَيْرَكَ. قَالَ: «قُلْ: آمَنْتُ باللهِ ثُمَّ اسْتَقِمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг расули, менга Исломдаги бир сўзни айтингки, мен бу ҳақда сиздан бошқа бирор кишидан сўрамайин», десам, у зот: «Иймон келтирдим, деб айт, сўнгра истиқоматда бўл (яъни, Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларида мустаҳкам тур)», дедилар».
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Мусулмон киши Аллоҳга иймон келтириб, иймонда содиқ бўлиши, Аллоҳнинг буйруқларига сўзсиз амал қилиши, Аллоҳга итоат қилишда азизликни ҳис қилиши, Аллоҳнинг динида мустаҳкам бўлиши, ўзидан‑ўзи бўлмайди. У ушбу туйғуга ёмонликка мойил бўлган нафси билан тинмай курашиши орқали эришади. Аллоҳ таоло бу ҳақда: "Бизнинг (Йўлимиз)да жидду‑жаҳд қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир" (Анкабут сураси, 69‑оят).
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Мусулмон киши яхшиликларини зиёда қилишга интилади.
- Олим ва солиҳлардан Аллоҳни таниш, зикр қилиш хусусида насиҳат, йўлланма сўралади.
- Мусулмон киши оз бўлсада, амалда бардавом бўлишга ошиқади.
- Аллоҳга иймон келтириб, уни буйруқ ва кўрсатмаларига риоя қилиш-Исломдаги энг буюк ишлардандир.
- Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларида мустаҳкам туриш, яъни истиқоматда бўлиш- диннинг асосларидир.