УМИД ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА
35 - وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَبْلَ مَوْتِهِ بِثَلاَثَةِ أَيَّامٍ يَقُولُ: «لاَ يَمُوتَنَّ أَحَدُكُمْ إِلاَّ وَهُوَ يُحْسِنُ الظَّنَّ بِاللهِ عَزَّ وَجَلَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан уч кун олдин: «Сизлардан бирингиз Аллоҳ азза ва жаллага гумонини яхши қилиб вафот этсин», деб айтганларини эшитдим», дедилар.
Имом Муслим ривоятлари.
Шарҳ: Яхши гумонда бўлиш кишини ноумид бўлмасликка ва камчилик билан бўлса ҳам солиҳ амалларни бажаришга ундайди. Мусулмон киши Роббиси ҳақида яхши гумонда бўлади. Чунки Аллоҳ: "Мен бандамнинг гумонидадирман", деб айтган. Аммо Роббиси ҳақида яхши гумон қилган киши танбаллик қилиб, амални тарк этмайди. Шулар ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом: "Агар яхши гумонда бўлганларида амалларни гўзал тарзда рўёбга чиқаришарди", деб айтганлар.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Аллоҳнинг раҳмати кенг экани.
- Мусулмон одам ҳеч қачон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмайди.
- Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш шаръан вожибдир.
- Яхши гумонда бўлган киши амални ҳам гўзал суратда адо қилади.
- Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлсаю, амал қилмаган киши беҳуда орзуга берилган шахсдир.