ҚУРЪОННИ ЁД ОЛГАНДАН КЕЙИН УНИ ТАКРОРЛАБ, ЭСДА САҚЛАШГА БУЙРУҚ
72 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّمَا مَثَلُ صَاحِبِ الْقُرْآنِ كَمَثَلِ الإِبِلِ المُعَقَّلَةِ، إِنْ عَاهَدَ عَلَيْهَا أَمْسَكَهَا، وَإِنْ أَطْلَقَهَا، ذَهَبَتْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
- Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон соҳиби худди тушовланган туя (соҳибига) ўхшайди. Агар унга ҳушёр бўлса, уни тутиб туради, ташлаб қўйса, кетиб қолади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Қуръони каримнинг лафзи ҳам, услуби ҳам ақлларни ожиз қолдирувчидир. Мусулмон киши Қуръондан ёд олган оятларини унутиб қўймаслик учун такрорлаб, қайта-қайта ўқиб юриши, доимо ёдда тутиб турмоғи лозим. Бу нарса бардавом ўқиб, тинглаб юриш, орқали юзага келади.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Қуръони карим ақлларни лол қолдирувчи Аллоҳнинг каломидир. У Азизу мукаррам китоб бўлиб, доим такрорлаб, қайтариб туришни талаб этади.
- Агар Қуръонни такрорлаб турилмаса, қалбдан кўтарилиб, унутилиб, хотирадан ўчиб кетиши мумкин.
- Аллоҳнинг Китобидан бирор оят ёки сура ёд олган киши унинг қироати ва такрори билан доим машҳул бўлиб туриши даркор.