ТОНГИ ВА КЕЧКИ ЗИКРЛАР
100 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ قَالَ حِينَ يُصْبِحُ وَحِينَ يُمْسِي: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ مِائَةَ مَرَّةٍ لَمْ يأْتِ أَحَدٌ يَوْمَ القِيَامَةِ بِأَفْضَلَ مِمَّا جَاءَ بِهِ، إِلاَّ أَحَدٌ قَالَ مِثْلَ مَا قَالَ أَوْ زَادَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким тонг отганда ва кеч кирганда «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деб юз марта айтса, қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўла олмайди. Фақатгина у каби айтса ёки ундан зиёда қилса афзал бўлади холос», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган зикрларни айтиш ҳар қандай ёмонликдан муҳофаза қилади. Мусулмон киши кунини зикр-Аллоҳни ёд этиш билан бошлаб, зикр билан ёпади. Ушбу дуо-зикрлари ила мўмин муҳофаза қилинади, Роббисини рози қилади. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган тонгги ва кечки зикрларни ёд олади, ўқиб юради.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Мусулмон киши тонги ва кечки зикрларни ёд олиб, ўқиб юришга эътиборли бўлади, рағбат қилади.
- Зикрларни ҳадиси шарифларда баён қилинганидан зиёда ҳам қилмайди, камайтирмайди ҳам.
- Мусулмон киши зикрлар сабабидан охиратда номаи аъмолида ажрлари кўп бўлишига имон келтиради, ишонади.