Ҳадис 113 / ИТ БОҚИШНИНГ ҲАРОМЛИГИ. ЛЕКИН ОВ, ЧОРВАНИ ҚЎРИҚЛАШ ВА ЭКИНЛАРНИ ПОЙЛАШ УЧУН БОҚИШНИНГ ЖОИЗЛИГИ ҲАҚИДА

Rate this item
(0 votes)

 ИТ БОҚИШНИНГ ҲАРОМЛИГИ. ЛЕКИН ОВ, ЧОРВАНИ ҚЎРИҚЛАШ ВА ЭКИНЛАРНИ ПОЙЛАШ УЧУН БОҚИШНИНГ ЖОИЗЛИГИ ҲАҚИДА

 

113- عنِ ابْنِ عُمَر رضي اللَّه عَنْهُما: قَالَ سمِعْتُ رسُولَ اللَّه صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «من اقْتَنى كَلْبا إلا كَلْب صَيْدٍ أوْ مَاشِيةٍ فإنَّهُ يَنْقُصُ مِنْ أجْرِهِ كُلَّ يوْمٍ قِيراطَانِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

وفي روايةٍ: «قِيرَاطٌ».

 

  1.  Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Ким ов ёки чорва ити бўлмаган итни сақласа, амалидан ҳар куни икки қийрот камайиб боради», деб айтганларини эшитдим».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда: «Бир қийрот» бўлиб келган.

Изоҳ: Қийрот – миқдор ўлчови. Унинг миқдори турли ўлкаларда турлича бўлган. Масалан, маккаликларда қийрот динорнинг йигирма тўртдан бир улуши ҳисобланса, аксар юртларда йигирмадан бири бўлган. Аммо «қийрот» калимаси кейинчалик бир нарсанинг ниҳоятда кўплигини, чексизлигини ифодалаш учун қўлланадиган бўлиб кетган. Бу ерда ҳам ўша маъно кўзда тутилган.

Шарҳ: Ислом ит боқишни ман этган. Чунки бунда инсонлар учун озор бериш бордир. Ит вовуллаб, ташланиб одамларга кўп озор етказади. Ҳадисда: "Аллоҳ бир нарсани ҳаром қилса, уни олди‑сотдисини ҳам ҳаром қилган", дейилган. Лекин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ит боқишни баъзи ўринларда жоиз, деб айтганлар. Масалан, қўриқлаш ва ов қилиш мақсадида ит боқиш жоиз. Шунга биноан, ҳеч қандай эҳтиёжсиз ит боққанлар гуноҳкор бўлишади. Ит бор хонадонга фаришталар ҳам кирмайди.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ҳеч бир сабабсиз хонадонда ит боқишни Ислом ман қилган.
  2. Юқоридаги сабабларсиз ит боқадиган бўлса, ҳар куни икки қийрот савоби камаяди. Бу жуда катта миқдордаги савобдан маҳрум бўлади деганидир.
  3. Обод қилинмаган ерларда ёки ўғрилар кўп жойда ит боқишга рухсат этилган.
  4. Фахрланиш ёки йўловчиларга таҳдид қилиш мақсадида ит боқувчилар шариатга хилоф иш қилган бўладилар.

islom.uz © 2003-2024.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Яндекс.Метрика

 

 

Masjid.uz.
Отличные.