Ҳадис 115 / АЛЛОҲДАН БОШҚАСИ БИЛАН ҚАСАМ ИЧИШДАН МАН ЭТИЛГАНИ

Rate this item
(0 votes)

 АЛЛОҲДАН БОШҚАСИ БИЛАН ҚАСАМ ИЧИШДАН МАН ЭТИЛГАНИ

115 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضِيَ اللَّه عنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «إِنَّ اللَّه تَعالى ينْهَاكُمْ أَنْ تَحْلِفُوا بابائِكُمْ، فَمَنْ كَانَ حَالِفا، فلْيَحْلِفْ بِاللَّهِ، أَوْ لِيَصْمُتْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта Аллоҳ таоло сизларни оталарингиз билан қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ билан қасам ичсин ёки жим турсин дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Мусулмон киши ҳаётида шундай вазиятларга тушадики, бошқалар сўзини тасдиқлаши ёки сўзларига ишонтириш учун қасам ичишига тўғри келади. Шу пайтда мусулмон киши фақат Аллоҳ номи билан қасам ичади. Агар Аллоҳ номидан бошқа нарса билан қасам ичса, кичик ширкка тушиб қолади. Бу нарсадан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Шунинг учун у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга қуйидаги нарсани ўқишни тавсия қилганлар. "Аллоҳумма инний аъузу бика ан ушрика бика шай`ан аъламуҳу ва астағфирука лимаа лаа аъламуҳу" (Аллоҳим, Сенинг номинг билан билиб туриб ширк келтиришдан паноҳ тилайман. Билмасдан қилиб қўйган нарсамда истиғфор айтаман).

 Инсон махфий (кичик) ширкка тушиб қолиши эҳтимолидан сақлаш учун ушбу дуони  таълим берганлар. Қасам ичишга мажбур бўлиб қолинган ўринда ҳам фақат Аллоҳ номи билан қасам ичиш лозим.

 

Ҳадисдан ўрганганларимиз 

  1. Ислом Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичишни ман этган.
  2. Баъзи одамлар жоҳиллик билан амалга оширадиган “нон ҳурмати”, “сув ҳаққи” каби сўзлар билан қасам ичиш- Исломда йўқ.
  3. Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш кичик ширк бўлиб, унинг каффорати "Лаа илаҳа иллаллоҳ"ни айтишдир.
  4. Агар қасам ичишга мажбур бўлиб қолсанг, фақат Аллоҳнинг номи билан қасам ич.
  5. Мусулмон киши "Каъбанинг роббисига" "Байтуллоҳнинг Роббиси" каби сўзлар билан ҳам қасам ичиши мумкин.

islom.uz © 2003-2024.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.

Яндекс.Метрика

 

 

Masjid.uz.
Отличные.