МУСУЛМОН КИШИНИ «ЭЙ КОФИР!» ДЕБ АЙТИШНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА
116- عَنِ ابنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّه عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّه صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذا قَالَ الرَّجُـلُ لأَخِيهِ: يَا كَافِر، فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُما، فَإِنْ كَان كَمَا قَالَ وَإِلاَّ رَجَعَتْ عَلَيْهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
- Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон киши биродарига, эй кофир! деса, бу сўз икковидан бирига қайтади. Агар биродари айтганидек бўлса, шундайдир. Борди-ю ундай бўлмаса, айтувчининг ўзига қайтади», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Мусулмон киши ҳеч қайси қолипга тушмайдиган ножоиз сўзларни гапиришдан қайтарилгандир. Хусусан, бу нарса дин ва ақидаги тегишли бўлса. Бирор мусулмон кишини кофир деб айтиш мумкин эмас. Чунки у одамнинг Аллоҳ наздида қандай мавқеда эканини билмаймиз. Аммо бир киши кофирлигини очиқ эълон қилса ёки динда маълум бўлган хукмни инкор қилса, яъни куфрга очиқ далолат қилувчи нарсада жоиз бўлади.
Ҳадис- амал ўз жинсидан бўлишини баён этгандир. Демак, ким биродарини ботил нарса билан айбласа, туҳмати ўзига қайтади.
Ҳадисдан ўрганганларимиз
- Мусулмон киши биродарини риоя қилади, уни куфрда айбламайди.
- Мусулмон киши ўзи куфрга тушиб қолмаслиги учун бундай туҳматдан сақланади.
- Жазо ўша амалнинг жинсидан бўлади.
- Мусулмон киши оғзидан чиқаётган сўзни ўйлаб, таҳлил қилиб, кейин сўзлайди. Одамларни сабабсиз, асоссиз куфрга чиқариб, айбламайди.
- Ушбу ҳадисдан билимсизлик ила сўзлашнинг хатарли экани ва Исломда сўзнинг аҳамиятини билиб оламиз.