Ҳадис илмига доир истилоҳий луғатлар
- Мусталаҳул ҳадис илми – бир неча усул ва қоидаларни ўргатадиган илмдир.
- Ҳадис – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), хулқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар.
- Хабар – ҳадиснинг муродифи (синоними). Хабар ҳам, ҳадис ҳам бир хил маънодаги нарса, яъни, уларнинг орасида фарқ йўқ.
Асар – ҳадисга тескари бўлиб, у ҳадис билан бир хил маънони ифода этмайди. «Асар» деганда, саҳоба ва тобеъинларга нисбат берилган сўзлар ва феъллар тушунилади.
Иснод – бир сўзни унинг айтувчисига нисбат бериш, суяб қўйиш, бу гапнинг эгаси фалончи, дейиш.
Санад – матнга олиб борувчи кишиларнинг силсиласи.
Матн – каломнинг санади етиб борган нарса.
Муснад –«санад» маъносида ҳам ишлатилади. Бунда муснад «масдари миймий» («мим»ли масдар) маъносини ифода қилган бўлади.
Муснид – ҳадисни санади билан ривоят қилувчи шахсдир. У ўзи ривоят қилган ҳадисни илм тарзида биладими ёки ёдлаб олиб гапиряптими, фарқи йўқ.
Муҳаддис– ҳадис илмининг ривояти ва дирояти билан машғул бўлган кишидир.
Ҳофиз – бу нарсада яна ҳам кенг кўламга эришиб, шайхлари ва шайхларининг шайхларини табақама–табақа яхши биладиган ва ҳар бир табақада билгани билмаганидан кўп бўлган киши.
Ҳоким – ҳадисга боғлиқ ҳамма илмни иҳота қилиб олган одам. Унинг билмаган нарсаси жуда оз бўлади.
Амирул мўъминийн– ҳадис илмида энг пешқадам олимлардан бўлиб, ўз асрларининг кўзга кўринган шахслари саналганлар.
Мутавотир хабар – муайян адад билан чегараланмаган йўллар билан бизга етиб келган хабар.
Оҳод хабар – бизга етиб келгунча бўлган йўллари муайян адад билан чегараланган хабар.
Машҳур – ҳар бир табақада уч ва ундан ортиқ одам ривоят қилган, аммо тавотур даражасига етмаган ҳадис.
Мустафийз – Мустафийз машҳурдан кўра хосроқдир. Чунки мустафийзда санаднинг икки тарафида (бошидан охиригача) ровийлар сони бир хил бўлиши шарт қилиб қўйилган.
Азиз – ровийлари барча табақаларида иккитадан кам бўлмаган ҳадис.
Ғарийб – битта ровий ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадис.
Сиқа – ишончли ровий.
Мақбул хабар – хабар берувчисининг содиқлиги устун келган хабар.
Мардуд – рад қилинган, қабул қилинмаган хабар. У хабар берувчисининг содиқлиги устун бўлмаган, яъни унинг ростгўй эмаслиги аниқланган хабар.
Саҳиҳ ҳадис – санади бошидан охиригача адолатли ва зобтли киши ўзига ўхшаган адолатли ва зобтли кишидан муттасил (узлуксиз) санад ила нақл қилган ҳамда шозз ва иллатли бўлмаган ҳадис.
Муттафақун алайҳи – имом Бухорий ва имом Муслимнинг бирор бир матнга иттифоқ қилганидир.
Ҳасан ҳадис – санади муттасил бўлиб, зобти енгилроқ одил киши ўз мислидан охиригача ривоят қилган ҳамда шузуз ва иллати бўлмаган ҳадис.
Муҳкам – мақбул ҳадис бўлиб, ўзига ўхшаган бошқа бир ҳадисга тескари бўлишдан саломат.
Мухталифул ҳадис – мақбул ҳадис бўлиб, ўзига ўхшаган ҳадисга зоҳиран қарши маънода келади. Уларнинг иккисининг маъносини қўшиб, жамлаш мумкин.
Насх – шариат соҳибининг аввал содир бўлган ҳукмни ундан кейин келган ҳукм билан кўтариши.
Мардуд – хабар берувчининг содиқлиги устун бўлмаган хабардир.
Заиф ҳадис – ҳасан сифатини унинг шартларидан бирининг йўқолиши туфайли ўзида тўлиқ жамламаган нарса.
Муаллақ ҳадис – санадининг аввалида битта ёки ундан кўп ровий кетма–кет тушириб қолдирилган ҳадис.
Мурсал ҳадис – санадининг охиридан тобеъиндан кейин бирорта ровий тушиб қолган ҳадис.
Мўъзал ҳадис – санадидан икки ва ундан ортиқ ровий кетма–кет тушиб қолган ҳадис.
Мунқотеъ ҳадис – санади муттасил бўлмаган, яъни уланиб келмаган, кесилиши бор ҳадис.
Мудаллас – санаддаги айби махфий тутилган ва сиртдан кўринишини яхшилашга уринилган ҳадис.
Махфий мурсал – ровийнинг ўзи мулоқотда бўлган ёки бир асрда яшаган одамдан бевосита ўзи эшитмаган нарсани ривоят қилиши.
Муъанъан хабар – ровий ривоятни «ан фулан ан фулан» деб келтириши.
Муаннан – ровий «Фалончи бизга «албатта (анна – أنَّ) фалончи…» деб ҳадис айтди» деб ривоят қилган ҳадис.
Мавзуъ хабар – тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабар.
Матрук ҳадис – санадида ёлғончиликда айбланган ровийси бор ҳадис.
Мункар – санадида катта хатоси бўлган ёки ғафлати кўпайган ёҳуд фисқи зоҳир бўлган ровий бор ҳадис.
Маъруф ҳадис – заиф ровий қилган ривоятга мухолиф тарзда ишончли ровийнинг қилган ривояти.
Шозз ҳадис – ҳадиси мақбул бўлган одам ўзидан кўра яхшироқ ровийга мухолиф равишда ривоят қилган ҳадис.
Маҳфуз – сиқалиги ўта кучли одам оддий сиқа одамга хилоф равишда ҳадис ривоят қилиши.
Муъаллал – сиртдан қаралганда иллати билинмайдиган, лекин саҳиҳлигига футур етказадиган иллати топилган ҳадис.
Мудраж – иснодининг сиёқи ўзгартирилган ёки матнига ўзидан бўлмаган нарса (ундан эмаслиги кўрсатилмасдан) киритилган ҳадис.
Мақлуб – ҳадис санадида ёки матнида бир лафзнинг ўрнига бошқасини келтириш, аввал ёки охирига суриб қўйиш ва шунга ўхшаш ишлар.
Музториб ҳадис – турли йўллар ила баён қилинган ва қуввати тенг бўлган ривоят.
Мусаҳҳаф – ҳадисдаги сиқа ровийлар ривоят қилган бир сўзнинг лафзини ёки маъносини алмаштириб қўйиш.
Бидъат – дин тугал бўлганидан сўнг унга бир янгилик киритиш. Ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳавойи нафсга берилиб, шариатда бўлмаган баъзи бир амалларни янгидан пайдо қилиш.
Ҳадиси қудсий – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган ва Аллоҳ таолога иснод берилган ҳадис.
Марфуъ ҳадис – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга изофа қилинган сўз, феъл, тақрир ёки сифатдан иборат.
Мавқуф ҳадис – саҳобийга изофа берилган сўз ёки феъл ёки тақрир.
Мақтуъ– тобеъинга ёки ундан паст даражадаги ровийга изофа қилинган гап ёки амал.
Муснад – санади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб етказилган хабар.
Муттасил хабар – марфуъ бўладими, мавқуф бўладими, кимга етказилишидан қатъий назар, санади уланган, кесилмаган хабар.
Эътибор – битта ровий ривоят қилган ҳадисни бошқалар ҳам ривоят қилган ёки қилмаганлигини билиш учун шу ҳадиснинг йўлларини излаш.
Мутобеъ – ровийнинг якка ўзи ривоят қилган ҳадисининг лафзига ва маъносига ёки фақат маъносига мувофиқ тарзда келган бошқа бир ҳадисдир. Фақат иккала тараф ривоят қилаётган саҳобий бир киши бўлиши керак.
Шоҳид– ёлғиз ровий ривоят қилган ҳадиснинг лафзига ва маъносига ёки фақат маъносига мувофиқ тарзда келган ҳадисдир. Фақат мазкур икки ҳадисни ривоят қилаётган саҳобийлар бошқа–бошқа бўлиши керак.
Таҳаммул – шайхлардан ҳадисни қабул қилиб олиш йўллари.
Ижозат – шайх шогирдининг ҳадисларни оғзаки ёки ёзма равишда ривоят қилишига рухсат бермоғи.
Муновала – шайх китобини толиби илмга тутқазиб: «Бу менинг фалончидан қилган ривоятим, уни мендан ривоят қил», дейди. Шайх уни толиби илмга мулк қилиб ёки вақтинчаликка, кўчириб олиши учун беради.
Эълом – шайхнинг толибга «Бу ҳадис ёки бу китоб эшитган ривоятларимдан» деб билдириб қўйиши – маълумот бериши.
Васият – шайх ўлимидан ёки сафаридан олдин бирор кимсага ўзи ривоят қилиб юрган китобларидан бирини васият қилиши.
Вижода – толиб ўзи эшитмаган, ижозати ҳам бўлмаган бир шайхнинг қўлёзмасини топиб олади ва унинг дастхатини танийди.
Олий иснод – ривоят қилган ровийларнинг сони бошқа иснодга қараганда оз бўлиши.
Нозил иснод– бир ҳадисни ривоят қилган ровийларнинг санаддаги сони худди шу ҳадисни ривоят қилган бошқа санаддан кўпайиб кетган бўлиши.
Мувофақа – мусаннифлардан бирининг шайхига унинг йўлидан бошқа, унинг йўли билан ривоят қилгандагидан камроқ адад билан етиб бориши.
Мусава – ровийни машҳур китобларнинг иснодидан бошқа иснод топиши ва икки иснод куч ва сон жиҳатидан баробар бўлиши.
Мусофаҳа – иснод ададининг (санаддаги ровийлар сонининг) биринчи ровийдан шу санаднинг охиригача бир мусанниф шогирдининг исноди билан бир хил бўлиши.
Мусалсал – ҳадиснинг ровийлари санаддаги ровийларнинг ёҳуд ривоятнинг сифати ёки ҳолатини бирин–кетин такрорлаб келишлари.
Ақрон – ёши тенг, исноди бир хил бўлиб, бир–бирига яқин бўлган одамлар.
Мудаббаж ҳадис– ҳамма тарафдан ўхшаш бўлган икки тенгдош кишиларнинг бир–бирларидан қилган ривоятлари.
Собиқ ва лоҳиқ – вафот тарихларида катта фарқ бўлган, лекин бир шайхдан ривоят қилган икки киши.
Абодила – исми Абдуллоҳ бўлган кишилар.
Муҳазрамун – жоҳилият ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида яшаб, мусулмон бўлган, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган кишилар.
Муттафиқ – ровийларнинг исмлари бир–бирига ўхшаш келиши, уларнинг оталарининг исмлари ҳам мувофиқ бўлиши, бу ҳолат ёзишда ҳам бир хил, талаффузда ҳам бир хил бўлиб, шахслари турлича бўлиши.
Муъталиф – ровийларнинг исмлари, лақаблари, кунялари ва насабларининг ёзувда бир хил бўлиши
Мухталиф – ровийларнинг исмлари, лақаблари, кунялари ва насабларининг ўқишда ҳар хил бўлиши.
Муҳмал – исмлари, оталарининг исмлари ёки исми ҳам, отасининг исми ҳам бир хил бўлган икки кишидан ҳадис ривоят қилиб туриб, уларни бир–биридан ажратиб турадиган хусусиятларини айтмай кетиш.
«Ундан бир кишидан ортиқ одам ривоят қилмаган ровийлар «вуҳдон» дейилади».