Амаллар фақат ниятга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расулигадир. Кимнинг ҳижрати эришмоқчи бўлган дунёси учун ёки уйланмоқчи бўлган аёли учун бўлса, демак, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсаси учундир.
Имом Бухорий ва Муслимнинг Умардан қилган ривоятлари.
Изоҳ: Бу ҳадиси шариф муҳаддислар ва бошқа уламолар ичида «Умму Қайснинг муҳожири ҳадиси» номи билан машҳур. Ҳадиснинг бундоқ ном олиши бежиз эмас. Умму Қайс исмли маккалик муслима аёлга бир киши уйланмоқчи бўлган экан. Умму Қайс: «Мен Мадинага ҳижрат қилиб кетмоқдаман. Сен ҳам мусулмон бўлиб орқамдан Мадинага борсанг, сенга тегаман», дебди.
Ҳалиги одам ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келибди. Умму Қайсни излаб топиб, ўз ниятини яна айтибди. Шартни амалга оширгани учун Умму Қайс ҳам рози бўлиб, оила қурибдилар.
Маълумки, ҳижрат улуғ мақом. Дину диёнат учун ҳижрат қилган одамга улкан мартабалар ваъда қилинган. Аммо бу одам бир аёлга уйланиш учун ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келди. Агар Умму Қайсга уйланиш нияти бўлмаса, келмоқчи эмас эди. Энди бу одамга ҳам муҳожирлик мартабаси бўладими? Мана шу нарсалар саҳобаи киромлар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисни айтганлар.
Энди ҳадиси шарифни батафсил ўрганиб чиқайлик:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».
Яъни, ҳар бир амал ниятга қараб баҳоланади. У тил билан бажараладиган амалми, бадан билан адо этиладиганми, фарзми, вожибми, суннатми, нафлми, ишқилиб, ҳаммасининг тўғри бўлиши ниятга боғлиқ. Шариат ҳукми бўйича ният қилинмай адо этилган амал қабул ҳисобланмайди.
«Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади».
Нимани ният қилса, ўша ниятидаги нарсага эришади. Пешин намози фарзини ўқияпман, деб ният қилса, ўша намознинг савобини олади. Нафл рўза тутаяпман, деб ният қилса, нафл рўзанинг савобини олади.
«Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади».
«Ҳижрат» луғатда бирор нарсадан ажраш, унинг ҳижронида қолишни англатади.
Шариатда эса, Аллоҳ ва Унинг Расули розилигини тилаб, дину диёнат йўлида Маккани тарк этиб, Мадинага боришга айтилган. Кейинчалик дину диёнат йўлида ўз ватанини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетиш «ҳижрат» деб атала бошлади.
Демак, Аллоҳ ва Унинг Расули учун, деган ният билан ҳижрат қилган одам ҳақиқий муҳожир бўлади. Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан муҳожирларга ваъда қилинган мартабаларга эришади.
«Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади».
Молу дунё қасдида, унга эришиш ниятида ҳижрат қилган бўлса, ўшангагина эришади.
«Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади».
Умму Қайсни никоҳлаб олган кишига ўхшаб ниятига етади.
«Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади».
Яъни, молу дунё ва аёлдан бошқа нарсани, мисол учун, дўст орттириш, саёҳат қилиш, давлат қуришга тайёрланиш, касб ўрганиш ва яна бошқа нарсаларни ният қилган бўлса, ўша нарса учун бўлади.
Демак, ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Амал бир хил, аммо ниятга қараб турли натижалар беради. Энди шу ҳадиси шариф айтилган даврда Маккадан Мадинага кўчиб ўтиш амалини олайлик.
Ушбу амал маълум масофани босиб ўтиб, Маккани тарк этиш ва Мадинани ватан тутиш билан бўлади. Шу ишни Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганлари учун менга вожиб бўлди, Маккадан Мадинага ҳижрат қилмасам гуноҳкор бўламан, агар ҳижрат қилсам савоб оламан, деб ҳижрат этган одам муҳожир саналади. Кўриниб турибдики, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг розилигини топаман, деган ният билан ҳижрат қилган одам ҳақиқий муҳожир тариқасида ажру савобга эришади. Шу билан бирга молу дунё топиши ҳам, оила қуриши ҳам мумкин.
Агар бир одам мазкур ишни фақат молу дунё топишни ният қилиб амалга оширса, молу дунё топиши мумкин, лекин муҳожирлик даражасига эриша олмайди. Муҳожирларга бериладиган ажру савобдан баҳраманд бўлмайди.
Учинчи бир киши худди шу амални Умму Қайснинг «муҳожир»ига ўхшаб, бир аёлни никоҳлаб олиш ниятида қилади. У ўша аёлни никоҳлаб олиши мумкин, лекин муҳожир бўла олмайди. Муҳожирга ваъда қилинган ажру савоб ва улуғ мартабага ҳам эришмайди. Чунки у ниятни бошқа нарсага қилган.
Ушбу ҳадиси шариф ниятни тўғрилаш, яхши ният қилиш орқали кўп нарсаларга эришиш йўлини очиб бермоқда. Ниятсиз ҳеч бир ибодат тўғри бўлмаслигини баён қилмоқда. Ният билан одатдаги оддий бир иш ибодатга айланиши мумкин. Аксинча, ниятсиз ибодат ҳам одатдаги оддий ишдан фарқ қилмай қолиши мумкин.
* وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ، فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى دُنْيَا يُصِيبُهَا، أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا، فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ». (رَوَاهُ الشَّيخَانِ عَنْ عُمَرَ)