1399-ҳадис

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради», дедилар».

Изоҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг илми нақадар чексиз экани, нақадар шомил экани, нақадар аниқ экани баён қилинмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан қилишлиги, у ўлчов ўзгармаслиги ҳамда ўша нарсаларни Аллоҳ таоло азалдан қиёматгача аниқ ва равшан билиб туриши баён қилинмоқда. Одамни нима бўлишини ким билар эди? Ҳатто ўша одамнинг ўзи ҳам билмайди. Умр бўйи тоат-ибодатда юриб, охирида шайтоннинг иғвосига учиб иши расво бўлиши мумкин. Умр бўйи нима қилиб юрган бўлса-да, охирги пайтда инсонлиги қўзиб, яхши бир амал билан ҳоли батамом ўзгариб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам «Ақоид» уламолари ушбу ҳадиси шарифни ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб: «Аҳли қибладан муайян шахсни жаннатий ёки дўзахий эканига қатъий ҳукм қилиб бўлмайди», дейдилар.

Аммо юқорида зикр қилинган икки ҳолатда ҳам қадарнинг, Аллоҳнинг собиқ илмининг мажбурий таъсири йўқ. Китобнинг ўзиб кетиши эса, унда ёзилган илмнинг ўта аниқ ва пухта эканини билдиради холос. Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳнинг илми шомилу комил, аниғу пухта, ҳамма нарсани қамраб олувчи экани баён қилинди. Бу ҳақиқатни бирма-бир ўрганиб чиқдик. Ҳадиснинг охирида инсон ўз амали асосида ҳукм чиқариб, Аллоҳни унутиб қўймаслиги ёки кўнгли бир оз бўлса ҳам бошқа томонга бурилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Биров «умрим бўйича яхши амал қилдим, энди, албатта, жаннатга кираман», деб хотиржам бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади. Биров «мен умрим бўйи гуноҳ қилиб ўтдим, энди, албатта, дўзахга тушаман», деб ноумид бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.

Ишларнинг хотимасига қараб якун ясалади. Умр­нинг интиҳоси қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун, ҳаётнинг ҳар лаҳзасини умрнинг охири деб билиш керак. Яхшилик қилиб юрганлар, охирги иши ёмонлик бўлиб қолмаслиги учун интилиши керак. Ёмонлик қилганлар, қолган ҳар бир лаҳзани умрнинг охирги лаҳзаси, деб яхшилик қилишга ўтиши керак. Қазо ва қадарга бўлган иймоннинг фойдаси ҳам шунда! Кишини доимо яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб туришида!

* وَقَالَ رَسُول اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ خَلْقُهُ فِي بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا نُطْفَةً ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ ثُمَّ يُنْفَخُ فِيهِ الرُّوحُ وَيُؤْمَرُ بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ بِكَتْبِ رِزْقِهِ وَأَجَلِهِ وَعَمَلِهِ وَشَقِيٌّ أَوْ سَعِيدٌ فَوَاللهِ الَّذِى لاَ إِلَهَ غَيْرُهُ إِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ حَتَّى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُهَا وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونُ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا».

(رواه الشيخان عن ابن مسعود)

Улашиш
|
|
Нусха олиш