«Ким Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир, деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади».
Имом Бухорий ва Муслимнинг Убода ибн Сомитдан қилган ривояти.
Изоҳ: Маълумки, Ислом дини янги келган пайтида дунёни ширк босиб ётган эди. Одамлар Аллоҳ таолога ширк келтиришар эдилар. Ҳатто туясини қумга соғиб, лой қилиб ўзига «худо» ясаб оладиганлар бор эди. Ҳазрати Умар мушриклик пайтларида хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб, «худо» ясаб ибодат қилганини, кейин қорни очиб «худо»сини еб қўйганини айтиб, жоҳилият аҳмоқлиги устидан кулиб юрар эдилар.
Ана шундоқ ҳолатда, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тавҳид (якка худолик) дини ила юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн уч йил давомида қилган ишлари кишиларни «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»га чақириш бўлди. Ўша даврда нозил бўлган ояти карималарнинг маъноси ҳам шу эди. Айтилган ҳадиси шарифларнинг маъноси ҳам шу эди. Дарҳақиқат, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтганлар комил мўмин бўлганлар. Чунки, бошда Исломнинг арконлари, ибодатлари ҳам жорий қилинмаган эди. Табиийки, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берганлар вафот этсалар, албатта, жаннатий бўлганлар. Чунки улар ўша даврда жорий бўлиб турган Аллоҳнинг амрини тўлиқ адо этиб туриб, вафот этганлар.
Кейинчалик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг бирин-кетин бошқа рукнлар, дин аҳкомлари жорий қилина бошланди. Энди мусулмонлар шаҳодат калимасини айтиш билан кифояланиб қолмасдан, ана шу рукнларни, аҳкомларни ҳам адо этишлари лозим бўлди. Аллоҳ таоло ояти карималарда мазкур рукн ва аҳкомларни бажармаганлар дўзахга тушишини айта бошлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида ушбу маъноларни баён эта бошладилар. Энди «шаҳодат калимасини айтган одам жаннатга тушади» деган гап билан кифояланмайдиган бўлди. Энди шаҳодат калимасини айтган, намоз ўқиб, рўза тутган, закот бериб, ҳажга борган жаннатга киради», дейиладиган бўлди. «Шаҳодат калимасини тасдиқ қилмаган дўзахга тушади», дейиш билан бирга «намоз ўқимаган, рўза тутмаган, имкони бўлиб туриб закот бермаган, ҳажга бормаган ҳам дўзахга тушади», дейила бошланди.
Демак, Аллоҳ таоло ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берган одамни нима амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади, дейилиши Исломнинг дастлабки, иймондан бошқа рукн ва аҳкомлари жорий қилинмаган даврига хосдир. Кейинги даврда қайси рукн жорий қилинган бўлса, у ҳам қўшилиб кетаверган. Шунинг учун намоз фарз қилинган даврдаги ҳадисларга қарасак, намозни вақтида адо қилган одам жаннатга тушади, дейилади. Рўза фарз қилинган вақтдаги ҳадисларда–рўзани тутган одам, закот фарз бўлган даврдаги ҳадисларда–закот берган одам, ҳаж фарз бўлган даврдаги ҳадисларда–ҳаж қилган одам жаннатга тушади, дейилган. Ҳаммаси мукаммал бўлгандан кейин айтилган ҳадисларда ҳамма рукнларни қўшиб айтилгани ҳам бор.
Ислом дини таълимотлари бир соат, бир кун ёки бир йилда жорий қилингани йўқ. Балки, йигирма уч йил давомида, аста-секин жорий қилинди. Иймон масаласи мураккаб масала бўлганидан, мазкур йигирма уч йилнинг катта қисми–ўн уч йили иймонни мустаҳкамлашга қаратилди. Қолган ўн йилда бошқа рукн ва аҳкомлар аста-секин, бирин-кетин жорий қилинди.
* مَنْ شَهِدَ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ وَأَنَّ عِيسَى عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ وَالْجَنَّةُ حَقٌّ وَالنَّارُ حَقٌّ أَدْخَلَهُ اللهُ الْجَنَّةَ عَلَى مَا كَانَ عَلَيْهِ مِنْ عَمَلٍ.
(رَوَاهُ الشَّيْخَانِ عن عبادة بن الصامت).