1491-ҳадис

 * وَعَنْ أبي هُرَيرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ رَآنِي فِي الْمَنَامِ فَسَيَرَانيِ فِي الْيَقَظَةِ - أَوْ كَأَنَّمَا رَآنِي فِي اليَقَظَةِ - لاَ يَتَمَثَّلُ الشَّيْطَانُ بِي». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мени тушида кўрса, тез фурсатларда уйғоқ ҳолатида ҳам кўради. Ёки гўё уйғоқликда мени кўрибди. Чунки Шайтон менинг қиёфамга кира олмайди», дедилар.

Фойда: Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўрса тез кунларда ўнгида яъни Қиёматда кўради. Бу ўша туш кўрган киши учун хушхабардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни фақатгина у зотга нисбатан қалбида муҳаббат ва ҳидоятларига эргашганларгина тушида кўради. Албатта тушда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш ҳақдир. Бу алғов-далғов тушлар сирасига кирмайди. Чунки шайтон инсон кўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаклларида кўрина олмайди. Мана шу у зотнинг хусусиятларидандир.

Улашиш
|
|
Нусха олиш