Ҳалол-покиза юрган кишининг амали мақбулдир!
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди:
"Эй Пайғамбар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар".
"Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз - покиза нарсалардан енглар".
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: "Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Парвардигоро! Парвардигоро!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!"
(Имом Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадис ҳам Исломнинг улкан қоидаларига асос вазифасини ўтаган, ҳалол билан озиқланиб, ҳаромдан четланиш борасида ҳужжат бўлган ва мусулмон жамиятини шакллантиришда энг фойдали ҳамда хайрли қўлланма саналган ҳадислар сирасига киради. Шу асосда бунёд бўлган мусулмон жамиятда яшаётган мўмин ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам тилайди. Ўзидан нари қилган ёмонликни биродарига ҳам раво кўрмайди. Шариат аҳкомларига тўла-тўкис бўйсуниб, фақат ҳалол-покиза неъматларга қаноат қилиб кун кечирадиган яхшилар орасида сиз ҳам, биродарингиз ҳам тинч ва осуда яшайсизлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Аллоҳ таоло ҳузурида фақат ҳалол-покиза нарсаларгина мақбулдир
"Аллоҳ таоло фақат пок нарсанигина қабул қилади" жумласи амаллар, нарсалар, сўзлар ва эътиқодга тааллуқли саналади.
Аллоҳ таоло риё, кибр каби турли чиркин нарсалар аралашмаган гардсиз-покиза амалларнигина қабул қилади.
Пок Парвардигор ҳузурида фақат ҳалол молларгина мақбулдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол касб қилиб топилган моллардан садақа-эҳсон қилишга буюрганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Эй инсонлар! Аллоҳ таоло пок зотдир. У фақат покиза амалларнигина қабул этади".
Ҳақ таоло ҳузурига яхши-пок калималаргина кўтарилади. "Яхши сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Аллоҳ таоло Ўз даргоҳига кўтарур". (Фотир сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло сўзларни “тоййиб”-покиза ва “хабис”-ифлосга ажратади:
"Аллоҳ яхши-покиза сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асл дарахтга ўхшайди..." (Иброҳим сураси, 26-оят).
Пок Парвардигор ҳузурида фақат ҳақиқий маънода покиза-ҳалол мўминларгина нажот топади: "Улар покиза бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: "Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Энди қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз", дерлар". (Наҳл сураси, 32-оят).
Ибн Ражаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Аллоҳ фақат покиза амалларнигина қабул этади", деган сўзлари шарҳида айтадилар: "Мўминнинг қалби ҳам, тили ҳам, танаси ҳам пок бўлади: Унинг қалбида иймон ўрнашган, тили зикр-дуо билан машғул. Аъзолари билан эса иймон самараси саналган ва иймон исмига кирувчи солиҳ амалларни адо этади".
2. Амал қандай қилиб мақбул-покиза бўлади?
Банданинг амали мақбул бўлишида унинг ҳалол-покиза неъматларни еб-ичиши катта ўрин тутади. Ҳаром луқмадан ҳазар қилмайдиган кимсанинг амали мақбул бўлмаслигига юқоридаги ҳадис очиқ далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдан оятлар келтириб, ушбу ҳақиқатни таъкидладилар. Яъни пайғамбарлар ҳам, уларнинг умматлари ҳам ҳалол еб-ичишга ва солиҳ амаллар қилишга буюрилгандир. Луқма ҳалол бўлса, амал дуруст бўлади. Модомики, еб-ичиш ҳаромдан экан, амал қандай қилиб мақбул бўлсин?!
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: "Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар". (Бақара сураси, 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:
- Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.
- Эй Саъд, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, - луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир". (Табароний ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳаром еган кишининг намозини қабул қилмайди!”
3. "Қабул қилмайди" дегани нимани англатади?
Мазкур ибора баъзан амалнинг дуруст бўлмаслигини билдиради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бетаҳорат киши то таҳорат олмагунига қадар Аллоҳ таоло унинг намозини қабул қилмайди", дедилар. Яъни таҳоратсиз кишининг намози дуруст эмас. Зеро, "қабул қилиниш" мазкур амалнинг банда зиммасидан соқит бўлганини билдиради.
Айрим ўринларда эса "қабул қилинмайди" ибораси "ажр-савоб берилмайди", деган маънони англатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Эрини норози қилган аёлнинг, коҳин-фолбинга борган кишининг ва ароқ ичган кимсанинг намози қирқ кун қабул бўлмайди".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиймати ўн дирҳам бўлган ҳаром либосда намоз ўқиган кишининг намози қабул қилинмайди".
Юқорида келтирилган ҳадислардаги "қабул бўлмайди" ибораси "ажр-савоб олмайди" маъносида тушунилади. Яъни эрини норози қилган аёл ва фолбинга борган киши намоз ўқиса уларнинг устидан фарз соқит бўладию, бироқ улар қилган ибодатлари учун ажр-савоб ололмайдилар.
"Қабул этилмайди" ибораси қачон амалнинг дуруст эмаслигини англатадию қачон ажр-савобнинг йўқлигини билдиради - бу нарса қўшимча далилларга қараб аниқланади.
4. Мусулмон киши ҳаромдан қандай қутулади?
Қўлидаги молнинг эгаси кимлигини била олмаган ёхуд кўчада бировнинг нарсасини топиб олган киши ўзи учун ҳаром бўлган бу молни Аллоҳ йўлида садақа қилиб юборади ва ажр-савоб молнинг ҳақиқий эгасига тегади.
Молик ибн Динордан ривоят қилинади:
“Мен Ато ибн Абу Рабоҳдан:
- Бир кишининг қўлида ҳаром мол бор ёки молнинг эгаси ким эканини билмайди. Ўша киши ҳаром молдан қандай қилиб халос бўлади? - деб сўрадим.
- Садақа қилиб юборади, - дедилар Ато. - Бироқ мен бу амал унинг номидан ўтади, деб айтмайман”.
Имом Шофеъий фикрларига кўра, ҳаром мол то ҳақли эгаси чиққунигача сақлаб турилади, садақа қилиб юборилмайди. Фузайл ибн Иёз эса ҳаром молни йўқотиб-чўктириб юбориш лозим, у садақа қилинмайди. Чунки Аллоҳ таолога фақат пок-ҳалол нарсаларни садақа-эҳсон қилиб қурбат-яқинлик ҳосил қилинади, деганлар.
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳаром молни садақа қилиб юбориш энг тўғри йўлдир. Чунки молни зое этиб, йўқ қилиб юборишдан шариатда қайтарилган. Уни золимларга тайёр ўлжа сифатида қолдириш ҳам, чириб-битиб йўқ бўлишга нишон қилиб қўйиш ҳам мутлақо ярамайди. Мол эгасининг номидан садақа бўлади. Яъни, ҳақиқий эгаси уни бу дунёда ишлатишдан маҳрум бўлган. Шу боис, садақа қилиб юборилгач, Охиратда унга фойдаси тегади”.
5. Дуонинг ижобат бўлиш сабаблари:
а) Узоқ сафарларга чиқиш
Сафар дуонинг қабул бўлишини тақозо этади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар
"Уч кишининг дуоси мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси". (Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).
Сафар узайган сари дуонинг ижобат бўлиши ҳам кучаяди. Чунки узоқ сафарда юрган кишида ғариблик ва машаққатлар туфайли синиқлик пайдо бўлади. Синиқлик эса дуонинг ижобат этилишига кучли сабаблардан саналади.
б) Кийиниш ва кўринишда ҳокисорликни лозим тутиш
...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир сўраб чиққанларида ўзларини паст тутиб, хокисор кўринишда дуо қилардилар...
в) Қўлни осмонга чўзиш:
Қўлни кўкка кўтариб сўраш дуо қилиш одобларидандир. Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Аллоҳ таоло ҳаёли, Карийм Зотдир. Агар биров ундан тиланиб қўлини кўтарса, Аллоҳ таоло унинг қўлларини қуруқ ва умидсиз қайтаришдан ҳаё қилади".
(Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир сўраб дуо қилганларида қўлларини кўкка кўтарганлар. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оппоқ қўлтиқлари кўринган эди. Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларни кўтариб Аллоҳдан нусрат сўрадилар. Қўлларини кўкка кўтарганларида ридолари елкаларидан тушиб кетди.
г) Аллоҳ таолодан сабот билан қаттиқ туриб сўрамоқ лозим:
Дуода Аллоҳ таолонинг рубубияти такрор ва такрор зикр этилса, банданинг илтижоси мустажоб бўлиши тезлашади, иншааллоҳ!
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Агар банда "Парвардигоро!" деб тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло: "Лаббай бандам! Сўра, сўраганинг берилади", деб жавоб беради". (Баззор ривоятлари).
6. Дуонинг ижобат бўлишини нима тўсади?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳаромга ботган кимсанинг дуолари мақбул бўлмаслигига ишора бор. "Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаром билан озиқланган. Бундай кимсанинг дуоси қандай қилиб ижобат бўлсин?!"
Мазкур жумла ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмайдиган банданинг дуоси мутлақо қабул қилинмаслигини эмас, балки қабул бўлиш эҳтимолининг жуда йироқлигини англатади.
7. Дуо ибодатнинг мағзидир:
Чунки Аллоҳ таолога ёлвориб илтижо қилаётган банда Ундан бошқа ҳеч кимдан умидвор бўлмайди. Фақат Аллоҳдангина умид қилиш эса тавҳид ва ихлоснинг моҳияти саналади. Аслида бундан улуғроқ ибодат йўқ!
8. Ҳадиси шариф кўрсатмаси:
Биродарларимизни фақат ҳалол молларидан инфоқ-эҳсон қилишга чақирайлик. Уларни ҳаром нарсаларни инфоқ қилишдан қайтарайлик.
Дуоси мақбул бўлишини истаган банда аввало еб-ичиши ва кийинишини ҳалолдан қилсин. Аллоҳ таоло мўминларнинг ҳалол-покиза эҳсонларини қабул қилади. Уларнинг молларига барака беради.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ لا يَقْبَلُ إِلا طَيِّبًا، وَإِنَّ اللهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا] وَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ] ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ، وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ، وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ، وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ، وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ، فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ".
(رواه مسلم).