Мусулмон кишининг қони тўкилмайди
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб ва мени Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони фақат уч ҳолатдан бири сабабидангина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон сифатида ва Ислом динидан чиқса, жамоатни тарк қилса”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Мазкур ҳадиси шарифда Исломда инсоннинг нечоғлик қадрланиши яққол кўринади. Жамият учун зарарли хулқ-атворлардан холи, соғлом табиатли мукаррам инсоннинг ҳаёти қаттиқ ҳимоялангандир. Бироқ инсонийлик хислатларидан маҳрум бўлган, қалби маразга тўла кимсалар жамиятга хавф-хатар солувчи заҳарли ва қўланса жуссага айлансалар-чи?! Инсонларнинг дини, ор-номуси ва ахлоқига чанг солсалар-чи?! Бундай кимсалар исломий иззат-икромга номуносибдирлар. Жамият тинч ва осуда ҳаёт кечирмоғи учун уларни таг-томирлари билан юлиб ташламоқ лозим.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий ёзадилар:
“Мазкур ҳадис энг эътиборли нарсалардан бири - жон масаласига тааллуқли бўлгани боис ҳам, муҳим асослар сирасига киради. Инсон қачон ўлимга ҳукм қилинади? Ҳадис ушбу саволга жавоб берар экан, асосан инсон ҳаётининг дахлсиз сақланишига кўпроқ эътибор қаратган ва бу мантиқан тўппа-тўғридир. Чунки Ислом ҳамиша инсониятнинг энг гўзал ва энг мўътадил суратида қолишини истайди”.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмон қонининг ҳурмати
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир”, деб пок Парвардигорнинг ягоналигию, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатлари ҳақлигини тасдиқлаган кишининг ҳаёти омонда бўлади. Зеро, мусулмоннинг жонига қасд қилишга ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаққи йўқ! Фақат қуйидаги уч оғир жиноятдан бири содир этилсагина, шаҳодат келтирган киши мазкур дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ушбу жиноятларнинг бирини содир этган киши ўлимга маҳкумдир:
1. Бир жонни қасддан ноҳақ ўлдириш;
2. Турмуш қурганидан кейин зино қилиш;
3. Муртадлик.
Қасосни ҳоким буйруғига мувофиқ мақтулнинг волийси амалга оширади. Муртад ва оилали зинокорга ҳам ҳоким амрига биноан ҳукм ижро этилади. Агар мақтулнинг волийси ҳокимдан бесўроқ қотилни ўлдириб қўйса ёхуд бирон киши муртад ёки оилали зинокорни ҳоким изнисиз қатл қилса, ҳокимнинг вазифасига берухсат дахл этганлари учун уларга таъзир берилади. Бироқ ҳақиқатан ўлимга лойиқ кимсаларни ўлдирганликлари сабабли қатл қилинмайдилар.
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا يَحِلُّ دَمُ امْرِئٍ مُسْلِمٍ يَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ إِلا بِإِحْدَى ثَلاثٍ: الثَّيِّب الزَّانِي، وّالنَّفْسُ بِالنَّفْسِ، وَالتَّارِكُ لِدِينِهِ الْمُفَارِقُ لِلْجَمَاعَةِ". (رواه البخاري ومسلم).