Фақат яхши сўзларни сўзламоқ, меҳмон ва қўшни ҳаққига риоя этмоқ иймоний хислатлардандир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сақласин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ибн Ҳажар ёзадилар: “Мазкур ҳадис ҳам жавомеул калим намунасидир. Учта асосни ўзида жамлаган бу саҳиҳ ривоят сўз ва феъллардаги гўзал ахлоқларни тарғиб қилади”.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Инсон ва унинг жамият билан бўлган алоқаси
Жамиятдаги ҳар бир киши жамият билан узлуксиз алоқада бўлиб туради. Сиз ўзгалар билан алоқа боғлашга муҳтож бўлганингиздек, бошқалар ҳам сиз билан турли муносабатларда бўлишга эҳтиёж сезадилар. Ислом инсонлар ўртасидаги алоқа ва ўзаро муносабатлар соғлом асос устига қурилишини истайди. Одамлар бир-бирларини иззат-икром қилиб, чиройли сўзлар ва гўзал хулқ-атворлар билан ёр-биродарлари, қўни-қўшнилари ҳамда қадрли меҳмонлари кўнглини овласалар, ҳақ дин тарғиб қилаётган покиза жамият юзага келади. Бунинг учун эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги сўзлари ҳар биримиз учун дастуруламал бўлмоғи лозим.
2. Фақат хайрли сўзларни сўзлаб, беҳуда гаплардан ўзини тиймоқ иймон комиллигидандир
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида биз учун ҳар икки дунёда фойдали бўлган ажойиб хислатни баён қилиб бердилар. Мусулмон фарзанди фақат дунёю охиратига манфаати бор сўзларни сўзлайди. Ўзи учун ҳам, биродарлари учун ҳам бефойда бўлган гап-сўзлар қаршисида сукутни афзал кўради. Зеро, беҳуда гап-сўз орқасидан кимгадир зиён етказиб қўйиш ёхуд фисқу фасод урчишига йўл очилиши ҳеч гап эмас. Ана унда киши Парвардигори ғазабига дучор бўлади. Шу боис, фақат хайрли сўзларни сўзлаш комил иймон белгиларидан саналади.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Банданинг иймони то унинг қалби ўнгланмагунига қадар тўғри бўлмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди”. (Аҳмад ривоятлари).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Банда тилини сақламагунга қадар иймон ҳақиқатига етмайди”. (Табароний ривоятлари).
3. Кўп гапириш ҳалокатга олиб боради. Тилни беҳуда гаплардан сақламоқ нажотга бошлайди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломи гўзаллигидандир”.
Беҳуда валақлаш кишининг яхши амалларини ҳавога совуриб, уни жаннатдан маҳрум қилиши мумкин. Мусулмон киши бир гапни гапиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрсин. Агар унинг оғзидан чиқадиган сўз хайрли бўлса, ажру савоб келтирса, гапирсин. Бордию ёмонлик-фасод қўзғайдиган бемаъни гап бўлса ёки яхши-ёмонлиги мубҳам бўлса, тилини тийгани маъқул. Чунки одам ҳар битта гапи учун жавоб беради. Банданинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз унинг фойдасига ёхуд зарарига хизмат қилади.
“У бирон сўзни талаффуз қилса, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи бордир”. (Қоф сураси, 18-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Банда аҳамият бермаган ҳолда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни гапириб қўядида, ана шу сўзи сабабли Парвардигор уни қанча даражага кўтаради. Яна бир банда парво қилмаган ҳолда Аллоҳ таоло ғазабини келтирадиган сўзни айтиб қўйиб, шу сабабли жаҳаннамга қулайди”.
(Имом Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз разияллоҳу анҳунинг: “Биз ҳар битта гапимизга жавоб берамизми?” деган саволига қуйидагича жавоб қилганлар: “Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни бурунлари билан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?!” (Термизий ривоятлари).
4. Сўзлаш одоби
Исломда сўзлаш одоблари мавжуд:
• Мусулмон фарзанди ҳамиша фойдали-хайрли сўзларни сўзламоғи ва ҳар қандай ҳолатда ҳаром гап-сўзлардан ўзини тиймоғи лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни сифатлаб шундай дейди: “Улар лағвдан юз ўгирувчи кишилардир”. (Мўминун сураси, 3-оят). Лағв деб ғийбат, туҳмат, маломат каби ботил гап-сўзларга айтилади.
• Тақволи зотлар мубоҳ гапларни ҳам кўп гапирмайдилар. Чунки тинмасдан гапирадиган киши бехосдан ҳаром ёхуд макруҳ сўзларни айтиб юбориши мумкин.
Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ зикридан бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳ зикридан ташқари гапларни кўп гапириш қалбни қотиради. Аллоҳ таолодан энг узоқ банда қалби қаттиқ кимсадир”. (Термизий ривоятлари).
Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Кўп гапирадиган кимса кўп тойилади. Кўп тойиладиган кишининг гуноҳи ҳам кўпаяди. Гуноҳи кўпайган кимсага дўзах муносиб макон бўлади”.
• Эҳтиёж туғилганда, хусусан ҳақни баён этиш, амру маъруф, наҳий мункар қилиш учун гапирмоқ шарт. Зеро, бу улуғ ҳикматлар сирасига киради. Чунки ҳақни айтмасдан жим турган кимсанинг соқов шайтондан фарқи йўқ.
5. Қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлиш
Қўшнига яхшилик қилиш ва унга озор бермаслик комил иймон ва гўзал Ислом аломатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги сўзлари барчамиз учун етарли мавъиза бўлмоғи керак. Аллоҳ таоло бандаларини ёлғиз Ўзига ибодат қилишга буюрар экан, оят давомида қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлишни ҳам амр этди.
“Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик этманглар. Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшнию бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).
Исломда қўшнига яхшилик қилиш ва унга нисбатан чиройли муносабатда бўлиш шу қадар таъкидланганки, тарих давомида ҳеч қайси тузум қўшничиликка бунчалик эътибор бермаган.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Қўшнига яхшилик қилиш хусусида Жаброил алайҳиссалом менга шунчалик кўп насиҳат этдики, қўшни ҳам мерос олса керак деган ўйга бориб қолдим”.
(Имом Бухорий ривоятлари).
Қўшнига озор бериш иймони чала кимсанинг иши. Мазкур ярамас сифат бандани ҳалокат сари бошлайди.
6. Қўшнига озор бериш Исломда ҳаромдир
Бу иш гуноҳи кабиралардан саналади ва унинг Аллоҳ ҳузуридаги жазоси ҳам даҳшатли бўлади. Ён-атрофдагиларга озорлар етказиб юрувчи кимса комил иймон неъматига етишолмайди.
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
- Энг улкан гуноҳ нима?
- Сени Аллоҳ таоло яратган бўла туриб бировни Унга шерик қилишинг, - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Сўнг қайси гуноҳ?
- Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб ўз болангни ўлдиришинг!
- Сўнг қайси гуноҳ?
- Қўшнингнинг ҳалоли билан зино қилишинг.
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Шурайҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди, - дедилар.
- Ким, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! - сўрашди саҳобалар.
- Озорларидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса! - деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Имом Бухорий ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
- Ё Расулуллоҳ! Фалончи аёл кечалари туриб намоз ўқийди. Кундузлари рўзадор юради. Бироқ унинг тили жуда узун - қўни-қўшниларига озор беради.
- Унда яхшилик йўқ. У аёл дўзахда бўлади! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
- Фалончи аёл эса фарз намозларини ўқийди. Рамазон рўзасини тутади. Бир бўлак пишлоқ бўлса ҳам садақа қилади. Унинг шундан бошқа амали йўқ. Бироқ у тили билан қўшниларига озор бермайди.
- Ўша аёл жаннатий! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари)
7. Қўшнига қилинадиган яхшилик кўринишлари
• Қўшнининг эҳтиёжини қондириш.
Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мўмин киши қўшнисини оч қўйиб, ўзи тўқ юрмайди”. (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ён қўшнисининг оч-наҳорлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунни ўтказган киши менга иймон келтирмабди!” (Ҳоким ривоятлари).
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Халилим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қуйидагича ўгит бердилар: “Агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ солгин. Сўнг қўшниларинг оиласига қара ва уларга ҳам таомингдан улаш”. (Муслим ривоятлари).
Ўз ҳаққидан кечиб бўлса-да, қўшнига фойда етказиш.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз қўшнисини унинг деворига хода қадашдан тўсмасин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
• Қўни-қўшнига ҳадялар бермоқ. Хусусан, бирон муносабат билан қўни-қўшниларга эҳсон қилиш хайрли амалдир.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қўшни аёл қўшни аёлга ҳатто бир бўлак суякли гўштни ҳадя этишини ҳам арзимас санамасин”. (Яъни бу нима бўларди, демасдан, боридан чиқараверсин).
(Имом Бухорий ривоятлари).
8. Меҳмонни иззат-икром қилиш кишининг иймони ва Исломи гўзаллигидандир
Ислом шариатига тўла-тўкис амал қилиб, яхшилар йўлидан юрган ҳар бир мўмин-мусулмон меҳмонини иззат-икром қилмоғи лозим. Чунки бу мўминнинг Аллоҳ таолога бўлган ҳақиқий иймони ва чин таваккулига далилдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин”.
Меҳмон ҳурматини жойига қўймоқ Исломнинг гўзал одобларидан ва солиҳ инсонлар хулқидан эканлиги шубҳасиз. Хўш, меҳмонни зиёфат қилиш мезбон тарафидан кўрсатиладиган фазлу карамми ёхуд меҳмоннинг вожиб ҳаққими? Мазкур масалада уламолар ихтилоф қилганлар. Аҳмад ва Лайс меҳмонни бир кеча-кундуз имкон қадар зиёфат этмоқ вожиб дейишган. Уларнинг далиллари:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меҳмон учун бир кеча зиёфат ҳар бир мусулмон зиммасида вожибдир”. (Ибн Можа ривоятлари).
Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
- Ё Расулуллоҳ! Сиз бизни чор атрофга жўнатасиз. Биз борган жой аҳли меҳмондўстлик кўрсатмайди. Ўшанда биз нима қилишимиз керак? - деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадик.
- Агар бир қавм орасига келиб тушсангиз ва улар меҳмонга лозим бўлган нарсаларни муҳайё қилсалар, қабул қилиб олингиз. Аммо қавм бундай қилмаса, улар адо этиши лозим бўлган меҳмон ҳаққини улардан ўзларингиз олинглар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
“Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин”.
9. Меҳмондўстлик ва меҳмон одоблари
Меҳмонни очиқ юз ва ширинсуханлик билан кутиб олиш ва имкон қадар таом ҳозирлаш меҳмондўстлик одобларидандир. Мезбон биринчи куни аҳли-оиласи истеъмол қиладигандан зиёдароқ неъматлар билан меҳмонини иззат-икром этади. Қолган икки кунда эса оиласининг кундалик егулиги билан дастурхон тузайди. “Меҳмонни кутиб олиш уч кундир. Қўшимча туҳфаси эса бир кеча-кундуз. Ундан ортгани эса садақадир”. (Муслим ривоятлари).
Меҳмон мезбонни ноқулай аҳволга солиб қўймаслиги керак. Бировникида уч кундан ортиқ туриб уни қийнаб қўймасин. Ҳеч нарсаси йўқлигини била туриб, мезбонникида яшайвериш одобдан эмас.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Бир биродарини гуноҳкор этгунга қадар унинг уйида туриш мусулмон киши учун ҳалол бўлмайди.
- Ё Расулуллоҳ! Қандай қилиб уни гуноҳкор қилади? - сўрашди саҳобалар.
- Биродарининг меҳмон қилишга ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам уникида туравериш! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари).
Мазкур ҳолатда мезбон меҳмонга вазиятни тушунтириб уни кузатиб қўйиши мумкин. Хусусан, уч кундан сўнг бунга мезбоннинг тўла ҳаққи бор. Чунки у мезбонлик бурчини ўтаб бўлган ҳисобланади.
10. Ҳадисга амал қилиш хосияти
Мазкур ҳадис мазмунини тўлиқ англаб, унга тўла-тўкис амал қилмоқ жуда аҳамиятли. Чунки у қалбларни бир-бирига яқинлаштиради, ўртадан кин-адоватни кўтаради. Ҳаммамиз кимгадир қўшнимиз. Кўпчилик одамлар меҳмон ёхуд мезбон бўлишади. Агар ҳар ким ўз қўшнисини иззат-икром қилса, ҳар бир мезбон меҳмоннинг ҳурматини жойига қўядиган бўлса, жамият фаровонлашади, ўзаро муҳаббат, дўстлик қарор топади. Айниқса, ҳар бир инсон сўзлаш одобига риоя қилиб, фақат яхши-хайрли сўзларни сўзласа ёки сукут қилса, яхшиликлар зиёда бўлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَو لِيَصْمُتْ، ومَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ".
(رواه البخاري ومسلم).