17-ҳадис


Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим

Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, яхши бир тарзда қатл этинг. Агар жонлиқ сўйсангиз, яхши бир тарзда сўйинг. Пичоғингизни ўткирлаб олинг ва жониворга роҳат беринг”.
(Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Диннинг муҳим асосларидан саналмиш мазкур ҳадис Исломдаги барча вазифаларни пухта ва чиройли суратда адо этишни ўргатади. Зеро, ҳар бир нарса шариат ҳукмига мувофиқ тушмоғи билан гўзалдир. Инсоннинг ҳаётий ишлари: кундалик турмуш тарзи, аҳли оиласию атрофдагилар билан муомаласи ҳамда ухровий амаллари: қалб амали бўлмиш иймон ва аъзолар амали мукаммал, пухта адо этилса, дунё ва Охират саодатига эришмоқ мумкин бўлади.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Барча машруъ яъни шариат рухсат берган амалларни мукаммал ва чиройли адо этмоқ вожибдир
“Албатта Аллоҳ адолатли ва чиройли амаллар қилишга буюрур”. (Наҳл сураси, 90-оят).
“Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”. (Бақара сураси, 195-оят).
Буюрилган амалларни бажаришда ҳам, қайтарилган ишларни тарк этишда ҳам, ўзаро муомала-муносабатларда ҳам мукаммалликка интилмоқ лозим. Ана шунда банданинг амали қабул бўлиб, олажак ажру савоби ортади.

2. Қатлни пухта ижро этиш
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусла қилишдан қайтарганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Мусла - ўлик ёки тирик инсоннинг тана аъзоларини кесиш.
“Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг”. (Бақара сураси, 194-оят).

3. Оловда ёқиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтда ёқишга аввал рухсат бериб, сўнг бундан қайтарганлар”.
(Имом Бухорий ривоятлари).
Аввал изн берилиб, сўнг ман этилиши мазкур ҳукмни янада таъкидлироқ қилиб кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла азоби билан азобламангиз!” (Бухорий ривоятлари).
Ҳеч бир жонзот ўтда куйдирилмаслиги лозим. Исломдаги бу ҳукм ҳайвонлару ҳашаротларни ҳам ўз ичига олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кетаётиб, ёндириб юборилган чумоли ини олдидан ўтиб қолдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дарғазаб бўлиб, шундай дедилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг азоби билан азоблашга одамзоднинг ҳаққи йўқ!”.
(Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Шу боис, аксар уламолар, ҳатто ҳашоратларни ҳам ўтда ёқишни кариҳ санаганлар. Иброҳим Нахаий айтадилар: “Чаённи ўтда куйдириш мусла ҳисобланади”.
Умму Дардо бургани ўтда куйдиришдан қайтарганлар.
Имом Аҳмад айтадилар: “Тирик балиқ ўтда қовурилмайди. Чигиртканинг ҳукми енгилроқ. Чунки унда қон йўқ”.

4. Ҳайвонларни боғлаб қўйиб, сўнг уларни ўқ ёки бошқа нарса отиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чорва ҳайвонларни бундай усулда ўлдиришдан қайтарганлар”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир тўп кишилар олдидан ўтдилар. Улар товуқни боғлаб қўйиб, ўққа тутаётган эдилар. “Ким бундай қилди? - деб сўрадилар Ибн Умар розияллоҳу анҳу. - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу ишни қилганларни лаънатлаганлар!”.
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

5. Жонли нарсадан нишон сифатида фойдаланиш мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отишдан - ҳайвонни отиб, сўнг ейишдан қайтардилар. Ҳайвон сўйилади. Ундан кейин агар хоҳласалар, отаверишсин”. (Имом Аҳмад ривоятлари).

6. Ҳайвонларни шариатга мувофиқ чиройли тарзда сўймоқ лозим.
Исломда жонлиқ сўйишнинг ўз одоблари мавжуд бўлиб, улар мулойимлик ва мукаммалликнинг ажойиб мажмуидир.
Қассоб ҳайвонни қийнаб қўймаслик учун аввал пичоғини обдон ўткирлаб олмоғи керак.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пичоқни ўткирлашни ва уни ҳайвондан яширишни буюрдилар:
“Агар қай бирингиз жонлиқ сўйса, тайёргарлик кўриб олсин!” - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
Сўйиладиган ҳайвонга юмшоқ муомалада бўлиш ҳам мазкур одоблар сирасига киради. Жонивор сўйиладиган жойга аста етаклаб келинади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши қўйнинг қулоғидан ушлаб тортарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтиб қолдилар: “Қўйнинг қулоғини қўйиб юбориб, бўйнидан ушла!” - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Ибн Можа ривоятлари).
Имом Аҳмад айтадилар: “Сўйилишга олиб кетилаётган ҳайвон аста етакланади. Ҳайвонга пичоқ фақат сўйилаётган пайтда кўрсатилади. Унгача пичоқ яшириб турилади”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни сўйганда терисини кесиб, бўйин томирини узмай қўйишдан ҳам қайтарганлар”. (Ибн Можа ривоятлари).
Шунингдек, ҳайвонни бошқа жониворлар олдида сўймаслик, сўяётганда қиблага қаратиб, Аллоҳ номини тилга олиб, Унинг неъмати-марҳаматини эътироф этиш, сўнг то жони чиқиб кетгунга қадар тегинмай туриш мустаҳабдир. Ҳеч вақт ҳайвон устига ортиқча юк юкланмаслиги лозим. Миниладиган ҳайвонни фақат эҳтиёж бўлганда мининг. Жониворнинг сути соғиб олинаётганда боласига зарар етказмайдиган миқдорга риоя этмоқ керак.

7. Юқоридаги ҳадис Исломнинг улкан асослари қаторига қўшилади. Зеро, у ҳар бир ишни шариат буюрганидек чиройли ва мукаммал адо этишга чақиради.

 عَنْ أَبِي يَعْلَى شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ، فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأَحْسِنُوا الْقِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذِّبْحَةَ، وَلْيُحِدَّ أَحَدُكُمْ شَفْرَتَهُ وَلْيُرِحْ ذَبِيحَتَهُ". (رواه مسلم).

Улашиш
|
|
Нусха олиш