Инсоннинг яралиш босқичлари ва унинг хотимаси
Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Бизга барча ишлари ва сўзлари ҳаққу рост бўлган ва Аллоҳ тарафидан ҳақ ваъда олишга мушарраф бўлган зот - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисни айтганлар: "Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув ("нутфа") ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон ("алақа") ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт ("музға") ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани - ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади.
Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув вақти етиб, у дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади. Сизларнинг яна бировингиз дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув ғолиб келиб, у инсон жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Бу улуғ ҳадис инсоннинг яратилиш чоғидан ва дунё ҳаётига қадам қўйишидан бошлаб то саодат олами бўлмиш жаннатга ёки шақоват олами бўлмиш дўзахга абадий кириб кетадиган вақти етиб келгунга қадар бўлган барча ҳолатларини ўз ичига олган. Ҳадисда инсоннинг Охиратда жаннат ёки дўзахга кириши унинг дунё ҳаётида касб қилган амалларига биноан содир бўлиши ва инсоннинг қандай амаллар қилишини эса Аллоҳ таоло азалда билиб, тақдир қилгани ва шунга биноан ҳукм чиқаргани ҳам баён қилинади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Она қорнида боланинг ривожланиш босқичлари
Ушбу ҳадис фарзанднинг она қорнида ҳар бири қирқ кундан иборат уч босқични бошдан ўтказишига далолат қилади. Шундай қилиб, ҳомила биринчи қирқ кунликда "нутфа", иккинчисида "алақа", учинчисида "музға" ҳолида бўлади. Бир юз йигирма кун ўтгач, фаришта унга жон пуфлайди ва ҳадисда зикр қилинган тўрт нарсани ёзиб қўяди. "Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, (у ҳолда ўзингизнинг қандай яралганингизга бир назар солинг) Биз сизни тупроқдан, сўнгра "нутфа"дан, сўнгра "алақа", сўнгра эса "музға"дан яратдик..." (Ҳаж сураси, 5-оят); "Дарҳақиқат, биз инсонни лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда бир томчи сув ҳолида ўрнаштирдик. Сўнг бу сувдан лахта қонни яратдик, лахта қондан парча гўштни яратдик, парча гўштдан суякларни халқ қилиб, бу суякка гўшт қопладик. Сўнгра уни (жонсиз моддадан фарқли) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ баракотли - муқаддасдир".
(Мўминун сураси, 12-13-оятлар).
Ҳадисдаги мазкур тўрт босқичдан ташқари, оятда Аллоҳ таоло яна уч босқични зикр қилди. Шундай қилиб, босқичлар еттига етди. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу "Одам фарзанди етти босқичда яратилди" деб, сўнггидан шу оятни тиловат қилар эдилар.
Аллоҳ таоло инсонни бир лаҳзада комил яратиб қўйишга қодир бўла туриб, айнан шу тартиб билан, бир ҳолдан бошқасига аста-секинлик билан ўтказиб яратди. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таолонинг бепоён коиноти қандай қилиб сабаб-омиллар ва шу омилларни келтириб чиқарувчи кучлар воситасида ва яна ҳар қандай ишдан олдин муҳайё этилиши лозим бўлган муқаддималар ва уларнинг натижалари ўлароқ яратилган бўлса, инсоннинг яратилиш жараёни ҳам шу низомга мос тушиши, тўғри келиши керак эди. Аллоҳ таолонинг қудратини баён қилиш учун ҳам шу услуб гўзалроқ ва ўринлироқдир.
Бундан ташқари, бу тадрижийлик (босқичма-босқичлик) бандаларнинг ўз ишларида оғир-вазмин бўлишлари ва шошқалоқликдан йироқ бўлишлари учун Аллоҳ таоло берган ўзига хос таълим-тарбия ҳамдир. Инсон зоҳирий камолотга етгунга қадар яратилиш чоғида ҳам, ундан кейин ҳам бир қанча босқичларни босиб ўтади. Шундай экан, унинг маънавий камолоти ҳам айни шу тадрижий услуб билан вужудга келади. Мазкур ҳадис шунга ишора қилади. Киши ўзининг юриш-туришида ҳам шу услубни қўллаши лозим. Акс ҳолда у пала-партишлик билан иш тутган бўлади ва мақсадга етиши қийинлашади.
2. Жон (руҳ) пуфланиши
Уламолар эр-хотин қўшилишидан кейин бир юз йигирма кун ўтгач, яъни тўрт ой ўтиб бешинчи ойга киргач, она қорнидаги болага руҳ пуфланиши, яъни, жон киргизилиши муқаррар эканига иттифоқ қилганлар. Бу кузатув ёрдамида қўлга киритиш мумкин бўлган илмий ҳақиқат бўлиб, фарзанднинг отаси ким эканлигини аниқлаш ҳамда қачон нафақа вожиб бўлиши каби бир қанча аҳкомларда шу муддатга суянилади. Ҳомилага жон пуфлангани она бачадонида унинг қимирлаб ҳаракатланиши билан аниқланади. Эри вафот этган аёлнинг идда сақлаш муддати тўрт ою ўн кун этиб белгиланишидаги ҳикмат ҳам ана шундадир. Чунки айни шунча муддат ўтиши билангина аёл қорнида ҳомила аломатлари бор-йўқлиги аниқ билинади.
Руҳ фақат ўша билангина инсон тирик бўла оладиган, Аллоҳ таолонинг амридан бўлган, моҳияти фақат Унинг ўзигагина маълум бўлган нарсадир.
"(Эй Муҳаммад), Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Руҳ ёлғиз Раббим биладиган ишлардандир. Сизларга жуда оз илм берилгандир". (Исро сураси, 85-оят).
Имом Нававийнинг "Саҳиҳи Муслим"га ёзган шарҳларидан: "Руҳ намликнинг яшил новда билан чамбарчас бирикиб кетгани сингари баданда сизиб юрадиган юмшоқ, латиф жисмдир."
Имом Ғаззолий эса "Иҳёи улумид-дин" китобида ёзадилар: "Руҳ баданда ҳаракат қилиб юрувчи, аразлардан (яъни ранг, ҳид каби ноаслий сифатлардан) холи бўлган жавҳардир".
3. Болани олдириб ташлаш ҳаромдир
Болага жон пуфланганидан сўнг уни олдириб ташлаш, яъни ҳомиланинг она бачадонида ўрнашгани аниқ бўлгач, сунъий йўл билан чиқариб ташлашнинг ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилганлар. Улар бу ишни хилқати тўла-тўкис яратиб бўлинган ва тириклиги кўриниб турган жонзотга қарши қилинган жиноят бўлганлиги учун мусулмон кишига ҳаром деб эътибор қилганлар. Бола олиб ташланаётган вақтда она қорнидан тирик ҳолда тушиб, кейин ўлган бўлса, товон тўланади, агар ўзи ўлик ҳолда тушган бўлса, ундан бироз камроқ молиявий жарима солинади.
Жон киритилмасидан аввал болани олдириб ташлаш ҳам ҳаромдир. Кўпчилик фуқаҳолар шу мазҳабдадирлар. Бунга далил бачадонда нутфа ўрнашиши биланоқ яратилиш жараёни бошланишига ишора қиладиган саҳиҳ ҳадислардир. Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Нутфа (бачадонда ўрнашганидан сўнг) қирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ таоло бир фариштани юборади. Бас, у фаришта унга шакл-сурат беради, унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади".
(Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Ражаб Ҳанбалий "Жомеул-улум вал-ҳикам" китобида айтадилар: "Бир гуруҳ фуқаҳолар аёл кишига қорнидаги болани олиб ташлашга, агар унга ҳали жон пуфланмаган бўлса, рухсат берганлар ва уни азл (эрлик уруғини аёлнинг авратидан ташқарига ташлаш) ҳукмида бўлади деб айтганлар. Лекин бу заиф қавлдир. Чунки бу ҳолда бола яратилиш жараёнига кириб бўлган ва эҳтимол бирон суратга эга бўлишга ҳам улгурган бўлади. Азлда эса, бола ҳали мутлақо вужудга келмаган бўлади. Лекин гоҳида, агар Аллоҳ таоло фарзандни яратишни ирода қилган бўлса, бу азл ҳам унинг вужудга келишини тўса олмайди".
Имом Ғаззолий "Иҳёи улумид-дин" китобида айтадилар: "Азл - фарзандни олиб ташлаш ёки тириклайин кўмиш каби эмас. Чунки ҳомилани олиб ташлаш вужудга келган жонга нисбатан қилинган жиноятдир. Вужудга келишнинг бир неча босқичлари бордир. Унинг биринчи босқичи «нутфа» бачадонга тушиб, аёлнинг суви билан аралашиши ва ҳаётни қабул қилишга тайёр бўлиб туриши бўлиб, бу ҳолатни бузиш жиноятдир. Агар «нутфа» лахта қон ҳолига келиб қолган бўлса, буни бузишнинг жинояти янада хунуклашади. Энди, унга жон пуфланиб, хилқати тўла-тўкис яратилиб бўлган бўлса, жиноят бундан ҳам баттар бўлади. Жиноятнинг энг хунуги эса алоҳида тирик жон бўлиб ажралганидан кейингисидир".
4. Аллоҳ таолонинг илми
Аллоҳ таоло халқларнинг барча аҳволларини уларни яратмасдан аввалданоқ билади. Бандалар тарафидан иймон ёки тоат, куфр ёки маъсият содир бўлса, шуни Аллоҳ таоло аввалдан билган ва шундай бўлишини ирода қилгандир. Аллоҳ таоло тақдирни қадимдаёқ битиб қўйгани ҳақида сўз юритувчи оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Туғилиб дунёга келган қандайин жон бўлмасин, унинг жаннатда ёки дўзахда бўладиган ўрнини Аллоҳ таоло албатта тақдирда битиб қўйган бўлади ва унинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини ҳам албатта ёзиб қўйган бўлади.
Шунда бир киши:
- Ё Расулаллоҳ! Ундай бўлса, амални тарк қилиб, тақдирга таяниб, таслим бўлиб ўтираверсак бўлмайдими? - деб сўради.
- Сизлар амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади, - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қуйидаги оятни тиловат қилдилар:
"Бас, кимки (закот ва садақаларни) берса ва тақво қилса ҳамда гўзал калима-тавҳидни тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Кимки бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал калимани ёлғон деса, Биз уни оғир йўлга "муяссар" қилурмиз!".
(Лайл сураси, 5-10-оятлар).
(Имом Бухорий ривоятлари).
5. Тақдирни ҳужжат қилиш
Аллоҳ таоло бизни Ўзига иймон келтириб, Унга итоат этишга буюрди ҳамда Унга куфр келтириб, маъсият қилишдан қайтарди. Бизнинг зиммамизга юклатилган нарса шундан иборатдир. Аммо бизнинг фойдамиз ёхуд зиёнимизга тақдир этиб, битиб қўйилган нарсаларга келсак, бу биз учун номаълум бўлиб, биз уни суриштиришдан масъул эмасмиз. Бас шундай экан залолат, куфр ёки фисққа гирифтор бўлган киши ўз қилмишларини Аллоҳ таоло "унинг пешонасига ёзиб қўйгани ва шундай бўлишини Унинг ўзи хоҳлаганини" баҳона қилиши нолойиқдир.
"Айтинг: "(Хоҳлаган) амални қилинглар, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турадилар..." (Тавба сураси, 105-оят).
Бироқ, тақдир этилган мусибат амалда содир бўлиб ўтганидан сўнг тасалли учун тақдирни ҳужжат қилишга рухсат этилади. Чунки мўмин киши Аллоҳ таолонинг қазо-қадарига таслим бўлиб, бўйсуниши билан хотиржамлик топади. Зеро, Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар қандай фойда ёки зиён аслида мўминнинг фойдасига ишлайди.
6. Амаллар хотимасига қараб белгиланади
Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Амаллар фақат хотимасига қараб белгиланади".
(Имом Бухорий ривоятлари).
Яъни бир кишининг ҳаёти охирида иймонли ва тоат-ибодатли бўлиши тақдир этилган бўлса, ҳаётида маълум муддат кофир ёки осий бўлиб юрса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда Аллоҳ таолонинг Ўзи унга иймон ва тоат-ибодат учун тавфиқ беради ва ўша аҳволда жон бериб, жаннатга киради.
Яна бир киши эса умрининг охирида кофир ёки фосиқ бўлиб қолиши тақдир этилган бўлса, ҳаётининг маълум қисмини иймонда ва тоат-ибодатда кечирса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда, шу банданинг ўз иродаси ва касб қилган амали туфайли Аллоҳ таол уни ёрдамсиз қўяди-да, банда куфр калимасини айтиб қўяди ёки дўзах аҳли амалларидан бирини қилиб жон беради ва дўзахга киради.
Шунинг учун инсон зоҳирда иймон ва тоат-ибодатда бўлиб кўринаётганидан мағрурланмаслиги керак. Шунингдек, инсоннинг зоҳирда кофир ёки осий-фосиқ бўлиб кўринаётганидан умидсизланиш ҳам яхши эмас. Чунки хулоса ҳамма нарсанинг охирги натижасига қараб чиқарилади.
Демак, Аллоҳ таолодан бизни ҳақ йўлда собит қилишини ва ҳаётимизга гўзал хотима ясашини сўраб дуо қилмоғимиз лозим.
7. "Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, менинг қалбимни ўз динингда собит қилгин!"
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Барча одам фарзандларининг қалблари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртасида худди битта қалб мисоли кабидир, уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр". Кейин эса дуо қилдилар: “Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, қалбларимизни ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!”
(Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Ҳаётнинг ёмон хотима билан якунланиши кишининг ичида одамларга кўринмайдиган, ташқаридан билинмайдиган бир махфий иллат борлиги туфайли бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бундай бўлишидан асрасин! Шунингдек, киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юрса-да, ичида махфий бир яхши хислати бор бўлиши ва ҳаётининг охирида ана шу хислати унга ғолиб келиб, гўзал хотима билан вафот этиши мумкин".
Абдулазиз ибн Довуд айтадилар: “Ўлим тўшагида ётган бир кишининг ҳузурига бордим. Унга калимаи шаҳодатни талқин қилишаётган эди. Шунда ҳалиги киши бу калимага ишонмаслигини айтди. Ўша киши ҳақида сўраб-суриштирсам, ароққа муккасидан кетган экан”. Шунинг учун Абдулазиз ибн Довуд: “Гуноҳлардан сақланинглар, ўша кишини дўзахга қулатган нарса ҳам худди шу нарса бўлди”, - деб айтардилар.
عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَثَّنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ: "إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ خَلْقُهُ في بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا نُطْفَةً، ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يُرْسَلُ إِلَيْهِ الْمَلَكُ، فَيَنْفُخُ فِيهِ الرُّوحَ، وَيُؤْمَرُ بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ: بِكَتْبِ رِزْقِهِ، وَأَجَلِهِ، وَعَمَلِهِ، وَشَقِيٌّ أَوْ سَعِيدٌ، فَوَاللهِ الَّذِي لا إلهَ غَيْرُهُ إِنَّ أَحَدَكُمْ ليَعْمَلُ بِعَمَلِ أهْلِ الْجَنَّةِ حَتَى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُهَا. وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا".
(رواه البخاري ومسلم).