Дин насиҳатдир
Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Дин бу насиҳатдир.
- Ким учун? - деб сўрадик биз.
- Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озгина сўзлар билан кўп ва хўб маъноларни ифодалаш мўъжизалари – “жавомеул-калим”дан бир намунадир. Исломда асос бўлган масалалар ҳам, улардан келиб чиқадиган масалалар ҳам, мана шу ҳадис остига, аниқроғи ундаги биргина: "Унинг китобига", деган сўз остига дохил бўлади. Чунки, Аллоҳнинг китоби диннинг барча масалаларини ўзида мужассам этгандир. Шундай экан, ким "Аллоҳнинг китобига насиҳат қилиш" деган сўз маъносига мувофиқ тарзда унга иймон келтирса ва амал қилса, шариатнинг ҳаммасини жамлаган бўлади. "Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик". (Анъом сураси, 38-оят).
Шунинг учун уламолар Исломнинг моҳияти шу ҳадисда жамланган, деб айтганлар.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Аллоҳга насиҳат
Аллоҳга насиҳат қилиш Унга иймон келтириш, Ундан ҳар қандай шерикни инкор этиш, Уни барча баркамол ва улуғ сифатлари билан сифатлаш, Уни ҳар қандай нуқсондан поклаш, ибодатни Унга холис қилиш, Унга итоатгўй бандаларни дўст тутиш ва Унга осий бўлганларни душман деб билиш орқали ҳосил бўлади.
Мўмин кишининг юқорида келтириб ўтилган нарсаларга сўзда ва амалда риоя қилиб юриши дунё ва Охиратда фақат унинг ўзига фойда келтиради. Зеро, Аллоҳ таоло насиҳат қилувчиларнинг насиҳатидан ҳамиша беҳожатдир.
2. Аллоҳнинг китобига насиҳат
Бу насиҳат Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган барча самовий китобларга иймон келтириш, Қуръони каримнинг ана шу китоблар сўнггиси экани ва улар устидан гувоҳ қилиб юборилганига иймон келтириш, у Аллоҳ таолонинг мўъжизавий каломи эканига ҳамда қуйидаги оятда кафолат берганидек, уни мўминлар қалбида ва китоблар сатрида ўзгаришсиз сақлашига иймон келтириш билан ҳосил бўлади:
"Албатта, бу эслатмани Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз". (Ҳижр сураси, 9-оят).
Мусулмон киши Қуръони каримга насиҳат қилиши қуйидагилар билан бўлади:
а) Уни кўп ўқимоғи ва ёд олишга интилмоғи керак. Чунки Қуръонни ўқиш мусулмоннинг илму маърифатини оширади, унинг қалбини поклайди, тақвосини зиёда қилади. Қуръон тиловати мусулмон кишининг номаи аъмолида ёзилажак улкан ҳасанотлар, Қиёмат куни уни интизорлик билан кутувчи шафоат ҳамдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қуръон ўқинглар. Зеро, у Қиёмат куни ўқиганлар учун шафоатчи бўлиб келади". (Имом Муслим ривоятлари).
Қуръонни ёд олган қалблар Аллоҳ нури ила обод бўлади, у билан мусулмон киши дунёда ҳурмат ва шарафга эришади. Охиратда эса юксак бир даражага сазовор бўладики, у Аллоҳнинг оятлари ва сураларидан қанчалик кўп ёд олган бўлса, бу даража ҳам шунчалик юксалаверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат куни Қуръон ўқиган кишига: "Ўқи ва юксалавер! Дунёда қандай қилиб дона-дона ўқиган бўлсанг, ана шундай ўқи! Мартабангнинг баландлиги сен ўқиган охирги оят тугаган жойда бўлади!" - дейилади".
(Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).
б) Қуръони каримни чиройли овоз билан, дона-дона қилиб, тартил билан ўқиш. Бу нарса Қуръоннинг қалбларга чуқурроқ таъсир қилиши ва қулоқларга мунглироқ эшитилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қуръонни чиройли овоз билан ўқишга интилмаган киши биздан эмас!"
в) Унинг маънолари устида чуқур фикр юритиш ва мазмунини англашга интилиш даркор:
"Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки уларнинг дилларида қулфлари борми?!" (Муҳаммад сураси, 24-оят).
г) Аллоҳнинг китобини ёд олишлари учун ёшларга Қуръони каримни ўргатиб, дарс бериш керак. Зеро, Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш бизни иззат ва шараф сари бошловчи омиллардан биридир.
Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман:
"Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир".
д) Қуръонни чуқур фаҳмлаб амал қилиш. Чунки Қуръони каримни ўқиб, фаҳмламасликда ва фаҳмлаб, амал қилмасликда яхшилик йўқ. Биз Қуръон ўрганишнинг улкан самараларини фақат унинг оятларини тушуниш ва уларга тўлиқ амал қилиш билангина қўлга киритишимиз мумкин. Мусулмон кишининг билган нарсасига амал қилмаслиги жуда хунук ҳолатдир.
"Эй мўминлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани қиламиз деб айтурсизлар?! Сизларнинг ўзингиз қилмайдиган ишни гапиришингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Соф сураси, 2-3-оятлар).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга насиҳат:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларини тасдиқлаган, у зот олиб келган Қуръони карим ва саҳиҳ Суннатдаги барча хабарларга иймон келтирган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга насиҳат қилган бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш ҳам, у зотга қилинган насиҳатдир. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш демакдир:
"Айтинг: "Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради..." (Оли-Имрон сураси, 31-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топганларидан сўнг у кишига насиҳат қилиш учун мусулмонлар қуйидагиларни қилишлари лозим:
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиб-ўрганмоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ ва одоблари билан ўзини зийнатламоқ;
• Сўз ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига риоя қилмоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ва турмуш тарзларидан дарсу ибрат, панд-насиҳат олмоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини одамлар орасида ёймоқ;
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини душманлар иғво-туҳматидан, адашган тоифалар даъволаридан ҳамда динда ғулув кетувчилар унга олиб кирган бидъат-хурофотлардан ҳимоя қилмоқ.
4. Мусулмон раҳбарларга насиҳат:
Мусулмон раҳбар деганда мусулмонларнинг ҳоким-бошлиқлари, агар улар мавжуд бўлмаса, уламолар ва Ислом даъватчилари назарда тутилади.
Ҳокимларга итоат этилиши учун аввал уларнинг ўзлари мусулмон бўлишлари вожиб: "Эй мўминлар! Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзларингиздан бўлган бошлиқларга ҳам (итоат этингиз)!" (Нисо сураси, 59-оят).
Бизнинг мусулмон раҳбарларга қиладиган насиҳатимиз уларнинг шахсияти учун ёки бизга улар тарафидан ҳосил бўладиган манфаатлар учун бўлмайди, балки бу насиҳат уларнинг солиҳ бўлишлари, тўғри йўлда туришлари ва адолат билан иш юритишларини яхши кўриш демакдир.
Ҳақ йўлда турган раҳбарларга ёрдам берсак, уларга итоат этсак, кези келганда уларга ҳақни эслатиб, хато қилганларида уларни ҳикмат билан огоҳлантириб турсак, уларга чин насиҳат қилган бўламиз. Зеро, раҳбарига шу тариқа насиҳат қилмаган, золимга унинг зулм қилаётганини айтишга журъат этолмаган уммат яхши уммат эмасдир. Шунингдек, халқини ўз манфаати учун хорликка ботирган, насиҳат қилганларнинг оғзига урган, ҳақ гапни эшитишдан қулоқларини кар қилиб, ҳеч кимга ҳақни гапиртирмаган раҳбарларда ҳам бирон яхшилик йўқ.
Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига насиҳат қилиш борасидаги масъулиятлари ниҳоятда улкандир. Бу масъулият улардан мусулмонларни адаштирувчи турли ҳавои фикрларни Қуръон ва Суннат далиллари билан рад этишларини ҳамда Қуръон ва Суннатнинг барча ҳавои фикрларга мухолиф эканини баён қилишларини тақозо этади. Яна улар Аҳли сунна уламолари янглишиб айтган маржуҳ сўзларни рад этишлари, сунан ва муснад китобларда ворид бўлган ҳадислар ичида саҳиҳи ва заифини ажратиб, баён қилиб беришлари лозим. Бу эса уларнинг ҳадис ровийларини жарҳ ва таъдил қоидалари ҳамда ҳадисларнинг саҳиҳлигига путур етказувчи иллатларга оид қоидалар асосида текшириб чиқишлари орқали амалга ошади.
Биз уламо ва даъватчиларга насиҳат қилишни истасак, улар зиммасига юклатилган мазкур масъулиятларни ўзларига эслатиб турмоғимиз ва мусулмонлар ишончини қозонган аҳли илмлар ривоят қилаётган ҳадисларга ишонишимиз ва шу билан бир қаторда уларнинг камчиликларини излашдан ва уларни ёмонлаб юришдан тилни тийишимиз лозим. Зеро, олимларга бундай муносабатда бўлиш уларнинг обрўларига путур етказади ва турли иғволар остида қолишларига сабаб бўлади.
5. Мусулмонларга насиҳат
Мусулмонлар оммасига насиҳат уларга ухровий ҳамда дунёвий ишларда фойдали маслаҳат бериш билан бўлади. Афсуски, мусулмонлар айни бурчларига бепарво бўлиб қолдилар, айниқса ухровий ишларда лоқайдлик қилиб, барча эътиборни фақат дунё ишлари ва унинг зийнатига қаратдилар.
Насиҳат фақат тил учида бўлмаслиги лозим. Мусулмонларга насиҳат мўмин биродарларимиз айбларини беркитиш, хатоларини тузатиш, улардан зарарни тўсадиган ва манфаат келтирадиган ишларни амалга ошириш, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, катталарини ҳурмат қилиб, кичикларига шафқат кўрсатиш, уларга хиёнат ва ҳасад қилишдан йироқ бўлиш каби ишлар тарзида барчамизнинг ҳаётимизда ўзининг амалий ифодасини топиши керак.
Насиҳат қилувчи ўзига ва молига зиён етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам мусулмонларга холис насиҳат қилиши лозим.
6. Насиҳат турларидан бири
Бирон масалада маслаҳат сўраган кишига холис маслаҳат бериш мусулмонларга насиҳат қилишнинг муҳим турларидан биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир мусулмон ўзининг биродаридан маслаҳат сўраса, биродари албатта унга холис маслаҳат берсин".
Мусулмон биродарингизга қилишингиз мумкин бўлган насиҳатдан яна бири ўзи йўқ бўлган ўринда унинг ёнини олиш, обрўсини ҳимоя қилишдир. Чунки бундай насиҳат мусулмоннинг ўз биродарига содиқлигини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир мусулмоннинг бошқа мусулмон устидаги ҳақларидан бири ўзи йўқлигида унга холислик қилишидир".
7. Уламоларнинг насиҳатлари
Ҳасан Басрий айтадилар: "Сиз биродарингизни то у қила олмайдиган ишларга ҳам буюрмагунингизга қадар, зиммангиздаги унга нисбатан бўлган насиҳат ҳаққини адо қилган бўлмайсиз".
Саҳобалардан бири шундай деган эди: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичаман, агар истасангиз сизлар учун яна Аллоҳ таоло номига қасам ичиб айтаманки, Парвардигор учун энг суюкли кишилар Аллоҳни бандаларига, бандаларини эса Аллоҳга муҳаббатли кўрсатиб, ер юзида насиҳат билан кезувчи инсонлардир!"
Абу Бакр Музаний дедилар: "Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан намози ёки рўзаси билан эмас, балки қалбидаги нарсаси ила устун бўлганди. Унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат ва бандаларига насиҳат бор эди".
Фузайл ибн Иёз айтдиларки: "Бизнинг назаримизда юксак мақомга эришганлар кўп намоз ўқиш ёхуд доим рўза тутиш билан бу даражага чиқмаганлар. Улар бизнингча, қалблар саховати, кўнгиллар мусаффолиги ва умматга яхшилик соғиниш билан шу даражага етганлар".
8. Насиҳат қилиш одоблари
Мусулмон киши биродарига панду насиҳат қилмоқчи бўлса, буни бошқалардан пинҳон равишда бажармоғи лозим. Зеро, биродарининг айбини беркитган кишининг гуноҳини Аллоҳ таоло дунё ва Охиратда ўзгалардан беркитади.
Фозиллар дейдиларки: "Бошқаларга эшиттирмасдан биродарининг ёлғиз ўзига мавъиза қилмоқ насиҳатдир. Аммо халоиқ ўртасида бировга ваъз ўқимоқ насиҳат эмас, ҳақоратдир".
Фузайл ибн Иёз айтадилар: "Мўмин киши биродарининг айбини одамлар кўзидан беркитиб, унга насиҳат қилади. Фожир кимса бировнинг айбини овоза қилиб, унга лой чаплайди".
9. Мазкур ҳадисдан Ибн Баттол чиқарган хулосалар
“Дин насиҳатдир. Ислом дини сўзларда воқе бўлгани каби амалларда ҳам акс этади. Насиҳат имконият даражасида амалга оширилади. Сўзи қабул бўлишига кўзи етган ва бирор зарар таҳдид солмаган киши насиҳат ҳаққини адо этишга киришади. Аммо насиҳат ортидан ўзига зиён-заҳмат етадиган бўлса, насиҳат қилувчи ушбу амални тўхтатишга ҳаққи бор”.
عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَمِيمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ".
(رواه مسلم).