9-ҳадис

Енгиллаштирингиз, оғирлаштирмангиз!

Итоат ва ҳалимлик нажотга бошлайди

Абу Ҳурайра Абдурраҳмон ибн Сахр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим:
"Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар. Сизлардан аввал ўтган қавмларни халок қилган нарса уларнинг ўз пайғамбарларига кўп савол бераверишлари ва кўрсатмаларига хилоф иш қилишлари бўлган".
(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Уламолар мазкур ҳадиснинг аҳамияти ва чуқур маънолари ҳақида кўп гапиришган. Бинобарин, ушбу саҳиҳ ривоят ўрганиш ва ёд олишга жуда муносибдир.
Имом Нававий ёзадилар:
"Бу ҳадис Исломнинг муҳим асосларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилмиш “жавомеул калим” - қисқа сўзларда кўп маъноларни ифодалаш мўъжизаси ўз ифодасини топган мазкур ривоят ичига сон-саноқсиз шаръий ҳукмлар кириб кетади".
Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Бу улуғ ҳадис дин асосларидан, Ислом арконларидан саналади. Уни ёд олиб, чуқур ўрганмоқ лозим".
Ушбу ҳадис ҳақида яна бир қанча олимларнинг таърифларини келтириш мумкин. Аллоҳ таолонинг шариатига, Китобу Суннатда баён этилган буйруқ ва қайтариқларга ҳеч қандай қўшимча ва қисқартиришсиз тўла-тўкис амал қилиш лозимлиги биз ўқиётган саҳиҳ ривоятда жуда чиройли суратда ифодаланган.
Ҳадис маънолари устида тафаккур юритиш, уни чуқурроқ ўрганиш давомида уламоларнинг мазкур ривоят хусусида айтган гапларининг нақадар рост эканига яна бир бор амин бўласиз.

Ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб, дедилар:
- Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз этди. Ҳаж қилингиз!
Бир киши сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳар йилими? - Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермадилар. Ҳалиги киши юқоридаги саволини уч маротаба берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
- Агар "Ҳа!" деганимда ҳар йили ҳаж қилиш фарз бўлиб қоларди. Сизларнинг эса бунга кучларингиз етмасди. Модомики, тўхтаган эканман, мени тинч қўйингиз. Сизлардан олдингилар кўп савол беришлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари сабабли ҳалок бўлганлар. Агар бир нарсага буюрсам, имкониятингиз даражасида уни бажаринглар. Нимадан қайтарсам, уни тарк этинглар".
(Имом Муслим ривоятлари).
Бошқа ривоятларда зикр этилишича, савол берувчи Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳу бўлган.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Ақраъ ибн Ҳобис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳаж қилиш ҳар йили фарзми ёки фақат бир марта?
- Бир маротаба, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам - қурби етган киши ихтиёрий равишда яна ҳаж қилиши мумкин".
(Ибн Можа ривоятлари).
Абу Довуд ва Ҳоким ривоятида ҳам иккинчи марта ҳаж қилиш ихтиёрий эканлиги айтилган. Баъзи олимлар баҳсимиз мавзуи бўлган ҳадисни видолашув ҳажида айтилган дейишган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Исломнинг фарз ва рукнларини ўргатиб хутба қилишлари асносида мазкур ҳадисни айтганлар. Валлоҳу аълам.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар"
Наҳий яъни қайтариқ Китобу Суннатда бир неча маъноларни ифодалайди. Ушбу ҳадисда наҳий калимаси ҳаром ёки макруҳ нарсани билдириб келмоқда. Зеро, уламолар наҳий калимасини ана шундай ўринларда қўллаганлар.
а) Бир иш ёки нарсанинг ҳаромлигини билдирадиган наҳий-қайтариқ.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали бандаларини баъзи хатти-ҳаракатлардан қайтарган ва бундай қайтариқлар ўша ишни ҳаром қилиш учун бўлганлигига далиллар мавжуд. Мукаллаф банда ҳаром ишларни қиладиган бўлса, дунё ва Охиратда қилмишига яраша жазо олади.
Зино, ароқ ичиш, рибо-судхўрлик, ўғрилик, бир жонни ноҳақ ўлдириш, аврат жойларни очиб юриш, аёлларнинг номаҳрамларга ўз зийнатларини кўрсатиши, ёлғон, ғийбат, туҳмат, порахўрлик ва одамлар орасида фисқу фасод тарқатиш каби ярамас амаллар Ислом шариатида ҳаром қилинган.
Киши ҳаром амалларга мутлақо яқин йўламаслиги лозим. Айрим ҳолларда шариат маълум қайдлар ва шартлар асосида баъзи ишларга рухсат беради. Зарурат тақозоси туфайли вужудга келадиган бундай истисно ҳолатлари фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган.
б) Бир ишнинг макруҳлигини билдирувчи қайтариқ. (Баъзан "наҳйи танзиҳ" ҳам дейилади)
Шариат қайтарган айрим амаллар ҳаром эмас, макруҳ бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, бундай қайтарилган хатти-ҳаракатларни қилиш ҳаром дейилмайди ва киши унинг учун жавоб бермайди.
Масалан, жума ёки жамоат намозига борувчи кишининг пиёз, саримсоқ каби бадбўй нарсаларни ейиши макруҳ. Бундай макруҳ амалларини ҳеч қандай заруратсиз ҳам қилиш мумкин. Яъни ҳаром эмас. Бироқ тақво эгаси бўлган чин мўминлар макруҳ амаллардан ўзларини йироқ тутганлар.

2. Зарурат туғилганда ҳаром амалларни қилишга ҳам рухсат этилиши
Шариатда қатъий ҳаром саналган ишларни қилиш мумкин эмаслигини биз юқорида айтиб ўтдик. Лекин инсон баъзида вазият тақозосига кўра ҳаром амалларни қилишга мажбур бўлиб қолади. Хўш, ана шундай ҳолатларда шариат бизни нимага буюради?
Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари нарсани юкламайди. Имконсиз ҳолатда бирон ҳаром ишни қилишга мажбур бўлган киши ўша иши учун жазога тортилмайди. "Энди кимки зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда ночор вазиятда қолса (ва ҳаром нарсани еса, гуноҳкор бўлмайди). Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир". (Бақара сураси, 173-оят).
Уламолар мазкур ояти қаримага асосланиб қуйидаги фиқҳий фатвони чиқарганлар:
“Заруратлар “маҳзурот”ларга, яъни ҳаром қилинган нарсаларга рухсат беради”.
Мисол учун очликдан қийналаётган киши бирор егулик топа олмаса, ўлимтик гўштини ейиши мумкин. Табиб олдида зарурат бўлса, аврат жойларни очишга ҳам рухсат берилади. ва ҳоказо...
Бироқ шариат берган шаръий рухсатларни ҳеч қандай чекловсиз деб қабул қилмаслик керак. Рухсат берилган ўринлар маълум қайдлар билан чеклаб қўйилган ва уларнинг ўз ҳудуд-чегаралари мавжуд. Кўпчилик рухсат экан деб, дуч келган ўринда ҳаром амалларни қилишга киришмаслиги учун уламолар зарурат чегарасини белгилаб беришган.
Инсон ҳаёти учун ўлим ҳавфи туғилса, тана аъзоларидан бирига аниқ зиён етадиган ёки мавжуд касаллик зўрайиб кетадиган бўлса, шариат шу каби оғир машаққат юклайдиган ўринлардагина енгилликка рухсат берган.
Ноиложлик бартараф бўлиши ёки хатарнинг олди олиниши билан рухсат муддати ҳам тугайди. Фиқҳий қоидага биноан заруратнинг ўз чегараси-миқдори бўлади. Аллоҳ таоло: "Зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда..." деб марҳамат қилди. Демак, инсон диндаги рухсатлардан фойдаланади. Бироқ у атайин шариатга хилоф юрмаслиги, маъсият қилишни кўзламаслиги ва мажбуриятни даф этадиган чегарадан тажовуз қилмаслиги лозим.
Ўлимтик гўштини ейишга мажбур бўлиб қолган киши ундан қорнини тўйдириб олиши ёки кейинроқ ейиш учун ҳам олиб қўйиши мумкин эмас. Табиб ҳузурига борган муслима аёл фақат оғриётган аъзосинигина очиб кўрсатиши мумкин. Аммо даволаш ёки текшириш зарурати бўлмаган жойларни асло очмайди. Бундан ташқари, табиба аёллар бор бўла туриб, номаҳрам эркак шифокорга кўриниш ҳам юқоридаги рухсат доирасига кирмайди.
Маишат, замонавий қулайликлар ва ҳузур-ҳаловат каби "эҳтиёжлар" зарурат саналмайди. Озгина маблағи бор киши тижоратини ривожлантириш учун судхўрлик қилиши мумкин деган фатво йўқ. Ўзига яраша бошпанаси бор одам данғиллама ҳовли қуриш йўлида шаръий заруратлардан фойдалана олмайди. Эри ёки бошқа боқувчиси бўлган аёлнинг номаҳрамлар билан аралашиб турли ишхоналарда ишлаб юриши ҳам зарурат дейилмайди. Боқувчиси йўқ аёлнинг хотин-қизларга тўғри келадиган иш бўла туриб, шариатда аёлларга номаъқул саналган амалга ўтиши зарурат эмас. Номаҳрамлар билан аралашиб, ёхуд бегона эркаклар орасида ёлғиз қолиб ишлаш муслима учун ҳаром. Шариатда зарарнинг олдини олиш фойда келтирадиган ишни қилишдан муқаддам туради. Бинобарин, шаҳару қишлоқларга фасод олиб кирувчи бундай амаллар тарк қилинмоғи лозимдир. Биров билан муомала қилишда, яъни бирон иш қилаётган одам иши янада силлиқ кетиши учун пора бериши ҳам зарурат ҳисобланмайди. Иш юзасидан алоқа юритаётган одамларининг ичкилик базмларида қатнашиши ёки уларнинг турли мункар қилиқларига жим қараб туриши шаръий зарурат эмас.

3. Буйруқларга бўйсуниш
"Амр" (буйруқ) маъносини англатувчи калима Китобу Суннатда бир неча маънода ворид бўлган. Уламолар: "Амр-буйруқдаги асл маъно талабдир", дейишади. Амр асосан "ийжоб" (фарз қилиш) ва "надб" (суннат-мустаҳаб қилиш) учун ишлатилади.
а) Ийжоб амри. Аллоҳ таоло бандаларига Пайғамбари орқали баъзи ишларни амр қилган бўлиб, бу ишларнинг бандалар зиммасида фарз эканлигини ва уларни тарк қилган кимса азобга лойиқлиги, адо этган киши эса савобга ҳақли бўлишини билдирадиган далиллар ҳам келган. Шу тарзда буюрилган амални фарз дейилади.
Намоз, закот, рўза, ҳаж, амри маъруф-наҳий мункар, адолат билан ҳукм қилиш ва аҳли оилага ҳалол едириш каби амаллар фарз саналади. Негаки, бу ишларни қилишга буйруқ келган бўлиб, уларни бажаришни бандалардан қатъий равишда талаб этилган.
Бундай услубда буюрилган амалларни бажаришда сусткашлик қилиш ва уларнинг биронтасини ташлаб кетиш мумкин эмас. Фақат баъзи истисно ҳолатлардагина маълум рухсатлар берилади. Яъни вожиботларнинг шарт ёки сабаблари топилмаса ёки уларни амалга ошириш йўлида муайян тўсиқлар пайдо бўлса ёхуд мазкур амалларни тўла-тўкис бажарувчи киши вазият тақозосига кўра маълум қийинчиликларга дуч келса... шариат берган енгилликлардан фойдаланиши лозим.
б) Надб амри. Аллоҳ таоло мусулмон бандага Пайғамбари орқали буюрган шундай ишлар ҳам борки, далиллар бу ишларнинг “мандуб” эканлигига, яъни уларни қилиш бандага фарз эмаслигига ишора қилади. Бундай амалларни тарк этгани учун киши жазога тортилмайди, аммо уларни бажаргани учун ажр-савоб олади. Бундай амалларга “мандуб” (мустаҳаб) амаллар дейилади.
Беш вақт намознинг суннатлари, азон айтиш, аҳли-оилага саховат билан едириб-ичириш, эҳсон қилиш, қарзни ёзиб қўйиш ва ўнг қўл билан овқатланиш каби бир қанча амаллар мандубга мисол бўла олади. Мазкур амаллар шариатда қатъий ва кескин суратда зиммага юклаб қўйилмаган. Мандуб мустаҳаб бўлгани боис, уларни қилиш-қилмаслик ихтиёрийдир.
Мандубларга тўлиқ амал қилиб юриш мусулмонни янада гўзал қилади. Ҳеч қандай қаршилик ёки қийинчилик бўлмаса ҳам уларни бажармаётган кишига нисбатан гуноҳ-жазо ёзилмайди. Аммо маълум суннатларга мутлақо амал қилмайдиган ёки барча мандубларга нисбатан эътиборсиз бўлган кимсалар танқид ва маломатга муносибдирлар.

4. Машаққат енгиллик сари бошлайди
Ислом шариати инсонни дунёю Охиратда саодатманд этиш учун жорий бўлгани ҳар бир ақл эгасига яхши маълум. Аллоҳ таоло ҳамиша бандаларига яхшиликни раво кўради.
"Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди". (Бақара сураси, 185-оят);
"Аллоҳ бу динда сизларга бирон танглик пайдо қилмади". (Ҳаж сураси, 78-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Дин енгилликдир. Енгил қилинглар, оғирлаштирманглар".
(Имом Бухорий ривоятлари).
Рамазон ойида мусофир ёки касал кишилар рўза тутмасликлари мумкин. Сафардаги одам намозни қаср қилиб ўқийди. Сув топилмаганда ёки сув ишлатиш саломатлик учун бирор хавф туғдирганда мўминлар таҳорат ўрнига таяммум қилишади. Уламолар диндаги бу каби аҳкомларни рухсатлар деб аташган.
Аллоҳ таолонинг шариати инсонлар учун торлик, танглик эмас, аксинча фақат хайрият ва енгиллик олиб келган. Уламолар енгиллик хусусидаги шаръий асосларга биноан қуйидаги умумий қоидани ишлаб чиқишган:
“Машаққат енгилликни олиб келади”.
Ислом фиқҳининг муҳим асосларидан бўлмиш ушбу қоида шарҳи билан танишинг:
Баъзи ҳолатларда маълум вожиботларни амалга ошириш анча қийинлашиб қолади. Ана шундай оғир вазиятлар енгилликка ўтишни тақозо қилади ва мукаллаф бемалол бажара оладиган, ҳараж-танглиги бўлмаган енгил амалларга ўтилади. Қуйида ушбу масалага доир бир қанча мисолларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Одатда сақланиш қийин бўлган айрим нопокликлар либос ёки баданга албатта тегади. Танадаги яра ва чипқон қони ҳамда катта кўчаларнинг лойи узрли саналади. Яъни улар тегиши билан либос нопок бўлиб қолмайди. Чунки сақланиш имкони бўлмаган бундай нажосатлар эътиборга олинадиган бўлса, инсон қийналиб қолади ва кўп ибодатларни адо этишдан маҳрум бўлади. Шу боис, шариат юқоридагидек ҳолатларда инсонларга енгиллик беради;
Аслида шартнома-битимларда мажҳуллик, яъни ноаниқлик бўлмаслиги керак. Бироқ айрим маиший битимларда бунинг иложи йўқ. Масалан, ҳаммомга кирувчи киши у ерда қанча вақт бўлиши ва қанча сув ишлатишини аниқ билмайди. Кўп ҳолларда берилажак ҳақ миқдори ҳам тайин қилинмаган бўлади. Ҳаммомга кираётган ҳар бир кишини тўхтатиб, у ерда қанча вақт бўлиши, қанча сув ишлатиши ва неча пул бериши каби икир-чикирларни сўраб-суриштириш одамни қийнаб қўяди. Мусулмонлар эса ҳаммомга кирмасдан юра олмайдилар. Шунинг учун юқоридаги ҳолатда битимдаги ноаниқлик узрлидир. Сартарош билан бўладиган битимни ҳам шунга қиёслаш мумкин.
Бир қанча янги-янги масалалар ҳам мазкур қоидага биноан ўз ечимини топади. Масалан, транспорт воситаларига чиқиш. Аслида машинага чиқмасдан туриб, йўл ҳақи ва фойда хусусида келишиб олиш керак. Бундай янги масалалар юқоридаги умумий қоидага асосан ҳал қилинади.
Машаққат-қийинчиликни кўпчилик тўғри тасаввур қилмайди. Айрим кишилар арзимас тўсиқларни ҳам машаққат сифатида кўриб, шаръий амалдан ўзларини четга тортишади. Енгилтак ёхуд лоқайд кимсалар учун озгина қийинчилик ҳам шариат аҳкомларини тарк этишга кифоя қилиши мумкин. Шу боис, уламолар узрга ўтадиган машаққат чегарасини фиқҳ китобларида баён қилиб берганлар.
1) Баъзи машаққатлар ҳамиша шаръий буйруқлар билан бирга бўлади. Яъни вожиботларни қилишга киришган ҳар бир киши бундай машаққатларга учрамасдан иложи йўқ. Чунки улар шаръий таклиф табиатидандир. Шу боис, бундай қийинчиликлар вожиботларни тарк қилишга ҳужжат бўлмайди:
Рамазон рўзасини тутаётган мусулмон оч қолганини баҳона қилиб, рўзасини очиб юбормайди;
Ҳаж қилишга ҳар томонлама қодир бўлган киши сафар машаққати ёки аҳли-оиласи ва юртидан йироқлигини рўкач қилиб, ҳажга бормаслиги мумкин эмас;
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишга қодир бўлган одам сўзининг инобатга олинмаслигини баҳона қила олмайди.
Юқоридаги машаққатлар табиий қийинчиликлар бўлиб, ҳаётда бундай оғирликлар ҳар қадамда учрайди. Агар ана шундай қийинчиликларнинг амалга таъсири бўлганида, шариат мутлақо бекор бўларди. Ҳеч қандай вожиботсиз қолган бандаларнинг дунёю Охиратдаги насибаси эса фақат ношудлик бўларди.
2) Бироқ шаръий таклиф табиатидан саналмайдиган машаққатлар ҳам бор. Аксарият ҳолларда вожиботлар бундай қийинчиликлардан холи бўлади. Маълум вазиятлар ва ўткинчи ҳолатлар сабабли шаръий таклиф ёнига машаққат қўшилиб қолиши мумкин. Машаққатларнинг ушбу хили икки турга бўлинади:
Биринчи тур: Мукаллаф яъни шариат буйруқларини бажараётган киши арзимас қийинчиликка рўбарў келади. Яқин масофага қилинган сафар, енгил бетоблик ва моддий манфаатлардан қуруқ қолиш каби кичкина қийинчиликлар вожиботларни бажаришга таъсир қилмайди. Чунки шариат ҳукмларини адо этиш орқали банда қўлга киритаётган дунёвий ва ухровий хайр-оқибатлар чекилган арзимас машаққатлар ўрнини батамом тўлдириб юборади.
Иккинчи тур: Инсоннинг моли, жони ва номуси-обрўйига таҳдид солувчи ҳақиқий машаққат. Мисол учун бир киши ҳаж қилишга қодир. Лекин у йўлда пойлаб турган қароқчилардан ёки ўзи йўқлигида молини ўмармоқчи бўлган, аҳли-оиласига тажовуз қилишни кўзлаб турган душманлардан хавфсирайди. Оқиллар наздида ҳақиқий танглик саналувчи бундай машаққат шариатда эътиборга олинади. Юқоридаги ҳолатга тушган кишига енгилликдан фойдаланиш муносибдир. Чунки мавжуд машаққатларга нисбатан лоқайд бўлиш киши зиммасидаги бир қанча масъулиятларга путур етказиши мумкин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ صَخْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ، وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ".

(رواه البخاري ومسلم).

Улашиш
|
|
Нусха олиш