Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳ таоло қай пайғамбарни юборган бўлса, уни чиройли юзли ва чиройли товушли қилди. Сизнинг пайғамбарингиз чиройли юзли ва гўзал товушли эдилар ва асло куйламасдилар».
Шарҳ: Ҳабибимиз соллоллоҳу алайҳи васаллам башариятнинг энг афзали эдилар. У зот хулқ жиҳатидан ҳам, хилқат жиҳатидан ҳам башариятнинг энг афзали бўлганлар. Анас розияллоҳу анҳу у зотни васфлаганда «Ойдан ҳам чиройли эдилар», деган. Рубайя бинти Муаввиз розияллоҳу анҳодан бир тобеин «Эй онажон, менга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни васфлаб беринг», деганда, Рубайя розияллоҳу анҳо: «Қуёшни нур сочиб чиқаётганини кўрганмисан? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мана шундай эдилар», деган.
Шу ўринда бир савол туғилади: Юсуф алайҳиссалом чиройли бўлганми ёки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламми? Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам чиройли бўлганлар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам меърож кечасини айта туриб «Юсуфни кўрдим, унга чиройнинг ярми берилган экан», деганлар. Олимлар ушбу ҳадиснинг шарҳида: «Юсуф алайҳиссаломга пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга берилган чиройнинг ярми берилган», дейишган. Бу фикрни қуйидаги ҳадис ҳам қўллаб қувватлайди:
«Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳ қайси пайғамбарни юборган бўлса, чиройли юзли ва гўзал товушли қилиб юборди. Набийингиз соллоллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг энг чиройли ва товуши энг гўзали эдилар»[1].
Шунинг учун онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан: «Аёллар Юсуф алайҳиссаломни кўрганда маҳлиё бўлганилан қўллари кесишди. Агар улар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўрганида, маҳлиё бўлганидан юракларини кесган бўларди», деган нақл бор.
Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Мирқотул мафотиҳ» китобида шундай ёзади: «Мутааххир ҳофиз олимлардан баъзилари, шулар жумласидан сўзи эътиборга олинадиган шайларимиз: «Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссаломдан чиройли бўлганлар. Лекин Аллоҳ таоло саҳобалардан бу кўркни яширган. Зеро, Аллоҳ уларга бу гўзалликни кўрсатганида, улар буни кўтаролмасди. Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломнинг чиройини эса одамлар кўзидан яширмади», дейишган».
Яна бир ўринли савол: Агар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссаломдан чиройли бўлсалар, нима учун Юсуф алайҳиссалом аёллар кўрганда, чиройига маҳлиё бўлиб қўлларини кесиб юборишди-ю, пайғамбаримизда бундай ҳолат кузатилмаган.
Бунинг жавоби қуйдагича: Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни башарият ичида энг кўрками ва энг чиройлиси қилди. Бунга шубҳа йўқ. Шу билан бирга, у кишига берган жамолни жалол (ҳайбат, салобат, виқор) сифати билан беркитди. Шунинг учун бирорта саҳобий у зотга узоқ тикилиб қаролмаган. Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ойдан ҳам ёрқинроқ эди. биз у зотнинг юзларига узоқ тикилиб туролмасдик», деган.
[1] Ибн Асокир «Тариху Димашқ» китобида, Ибн Адий «Комил» китобида, Ибн Жавзий «Вафо» китобида келтирган
320- حَدَّثَنَا قُتَيْبَةُ بْنُ سَعِيدٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا نُوحُ بْنُ قَيْسٍ الْحُدَّانِيُّ، عَنْ حُسَامِ بْنِ مِصَكٍّ، عَنْ قَتَادَةَ، قَالَ: مَا بَعَثَ اللَّهُ نَبِيًّا إِلَّا حَسَنَ الْوَجْهِ، حَسَنَ الصَّوْتِ، وَكَانَ نَبِيُّكُمْ صلى الله عليه وسلم حَسَنَ الْوَجْهِ، حَسَنَ الصَّوْتِ، وَكَانَ لا يُرَجِّعُ