Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
28-КИТОБ
ЖИҲОД ВА ЮРИШЛАР КИТОБИ
كِتَابُ الْجِهَادِ وَالسِّيَرِ
(28)

«Жиҳод» сўзи луғатда инсон томонидан жамики имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун араб тилида асосан «қитол» сўзи ишлатилади.

Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илмни мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қиляпти, деса бўлади.

Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимлар ҳам мужтаҳид деб аталган. Бундай кишилар шаръий илмларда жиҳод қилишган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўшалар ичида душманга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам «жиҳод» дейилган. Аммо ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, кейинчалик жиҳод деганда фақат қитол тушуниладиган бўлиб қолган.

Аллоҳ таоло Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақийдавий тортишув қилиб турган Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади:

«Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жиҳод қил!»

Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.

Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган.

  1. Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», деганлар.

«Жомеъул Аҳодис» китобида (4-жуз, 741-бет) келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!» деганлар.

Бундан инсоннинг ҳавойи нафси айтганига кирмаслик, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани чиқади.

  1. Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга:

«Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!» дедилар».

Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин экан.

Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  бошлиқ саҳобалар Маккаи мукаррамада юқорида зикр қилинган қитол – уруш маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар.

Ўша вақтда Аллоҳ таоло мушрикларга қарши куч ишлатишни мусулмонларга ман қилган эди. Шу билан бирга, улардан етган азоб-уқубат ва озорларга сабр қилишга амр қилган ҳам эди.

Фақат, ҳижратнинг иккинчи санасида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди».

Ана шундай қилиб, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ўзларини ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишга изн берди.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.

Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа.

Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб элчихоналар очганлар.

Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади.

Баъзи бир ҳолатлар бўладики, унда уруш қилиш билан қилмаслик тенг бўлиб қолади.

Яна бир ҳолатларда тинчлик учун ҳаракат қилиш зарур бўлади. Буларнинг ҳукми нуфузли уламолар томонидан шаръий манбаларда баён қилинади


  1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарга ғазот қилдилар. Унинг яқинида ғира-ширада бомдод намозини ўқидик. Кейин Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга миндилар. Абу Талҳа ҳам уловга минди. Мен эса Абу Талҳага мингашиб олдим. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам уловни Хайбарнинг тор йўлида югуртириб кетдилар. (Йўл торлигидан) тиззам Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб кетар эди. Бир пайт изор сонларидан кўтарилиб кетди. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонлари оппоқлиги ҳамон кўз ўнгимда. Қишлоққа кирганларида: «Аллоҳу акбар! Хайбар хароб бўлди! Биз бир қавмнинг майдонига тушсак, огоҳлантирилганларнинг тонги нақадар ёмон!»[1] дедилар. Буни уч марта айтдилар. Шу пайт қавм (хайбарликлар қалъадан) ўз ишларига чиқишган эди, (бизни кўриб) «Муҳаммад!» деб қолишди.

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 

Изоҳ: Бир гуруҳ уламолар ушбу ҳадисдан келиб чиқиб, «сон аврат эмас», дейишган. Бу ихтилофли масала бўлиб, ҳанафий мазҳаби уламолари сон аврат деб, имом Термизий Ибн Аббосдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сон авратдир», деб очиқ айтганларини ҳужжат қилишган. Юқоридаги ҳадисни эса Бадруддин Айний «Умдатул қорий»да: «Бу одамларнинг тиқилинч бўлгани туфайли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам истамаган ҳолда юз берган», деб изоҳлаган.

* «Бешлик» – араблар қўшинни шундай деб аташган, чунки у вақтда қўшин беш қисмдан таркиб топган: олд қисм, орқа қисм, ўрта қисм, ўнг ва чап қанотлар.

[1] Соффат сураси, 177-оят: «У (азоб) уларнинг ҳовлисига тушганда, огоҳлантирилганларнинг тонги нақадар ёмон!»

347 - عَنْ أَنَسٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم غَزَا خَيْبَرَ، قَالَ: فَصَلَّيْنَا عِنْدَهَا صَلَاةَ الْغَدَاةِ بِغَلَسٍ، فَرَكِبَ نَبِيُّ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَرَكِبَ أَبُو طَلْحَةَ، وَأَنَا رَدِيفُ أَبِي طَلْحَةَ، فَأَجْرَى نَبِيُّ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي زُقَاقِ خَيْبَرَ، وَإِنَّ رُكْبَتِي لَتَمَسُّ فَخِذَ نَبِيِّ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَانْحَسَرَ الْإِزَارُ عَنْ فَخِذِ نَبِيِّ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وَإِنِّي لَأَرَى بَيَاضَ فَخِذَ نَبِيِّ اللهِ صلى الله عليه وسلم، فَلَمَّا دَخَلَ الْقَرْيَةَ قَالَ: «اللهُ أَكْبَرُ، خَرِبَتْ خَيْبَرُ، إِنَّا إِذَا نَزَلْنَا بِسَاحَةِ قَوْمٍ {فَسَاءَ صَبَاحُ الْمُنْذَرِينَ}» قَالَهَا ثَلَاثَ مِرَارٍ، قَالَ: وَقَدْ خَرَجَ الْقَوْمُ إِلَى أَعْمَالِهِمْ، فَقَالُوا: مُحَمَّدٌ.

[خ 371، م 1365، ت 1095، س 547، د 2054، جه 1908].

Улашиш
|
|
Нусха олиш